Нурул-яқин

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

БАНИ ҚУРАЙЗА ҒАЗОТИ

Пайғамбар алайҳиссалом Хандақ жангидан қайтиб, ҳали жанговар либосларини ечиб улгурмасларидан Оллоҳ таоло мусулмонлар танг аҳволда қолганда уларга қарши хиёнаткорона бош кўтарган яҳудийлар билан орани очди қилиб, бу заминдан қувиб чиқаришини амр этди. Расулуллоҳ саҳобаларга аср намозини бани Қурайза ерида ўқишни буюриб, ўзлари уларнинг орқасидан йўлга тушдилар. У кишининг ўрнига Мадинада Абдуллоҳ ибн Умму Мактум қолди. Али ибн Абу Толиб байроқдор бўлиб, саҳобаларни жадал бошлаб кетди.

Жангга отланганларнинг сони уч минг нафар эди. Саҳобаларнинг бир қисми расулуллоҳнинг буйруғини манзилга тезроқ етиш маъносида тушуниб намоздигарни йўлда ўқиди, иккинчи гуруҳ эса бу фармонни айни маъносида англаб, ибодатни бани Қурайзада бир оз кечикиб адо этди. Расулуллоҳ уларнинг ҳеч қайсисини айбламадилар. Бани Қурайза яҳудийлари қуюндек шиддат билан бостириб келаётган мусулмонларни кўргач, ўтакалари ёрилгудек бўлиб, шоша-пиша қўрғонларига яшириниб олишди. Улар ўз қилмишларини — ваъдага вафо қилмай мусулмонларни танг аҳволда қолдириб, ғаним билан тил бириктиришганини, бу мунофиқликлари учун кечирилмасликларини яхши билишарди.

Мусулмонлар уларни йигирма беш кун муҳосара қилдилар. Яҳудийлар тўқнашув муқаррарлигини, агар муҳосара шу зайлда давом этаверса очликдан қирилиб битажакларини, яхшиси мусулмонларни инсофга келтириб, худди бани Назир қабиласидек фақат мол-мулкини олиб юртидан чиқиб кетишга ижозат сўраш кераклигини англаб етишди. Бироқ расулуллоҳ уларнинг талабига рози бўлмадилар. Яҳудийлар ҳеч нарсасини олмай, чопонини елкасига ташлаб чиқиб кетажакларини айтишди. Сарвари олам бунга ҳам кўнмадилар, нимага ҳукм эцалар шунга рози бўлмагунларича қамалда сақлаяжакларини билдирдилар.

Яҳудийлар: "Бизга Абу Лубобани юборгин. У билан кенгашиб бир қарорга келайлик", дейишди. Абу Лубоба яҳудийларнинг иттифоқчиси Авс қабиласидан бўлиб, бола-чақаси, мол-мулки яҳудийларнинг қўлида эди. Улар Абу Лубобадан нима қилиш кераклиги ҳақида маслаҳат сўрашди. "Агар пайғамбар алайҳис-саломнинг ҳукмига рози бўлсанглар, қих, — у кафтининг қирраси билан томоғини кесиб кўрсатди. — Калланглар кетади, ҳаммангиз ўлимга ҳукм этиласиз". Абу Лубоба бу гапни айтишга айтди-ю, бироқ шу заҳоти Худога, пайғамбарга хиёнат қилганини тушунди.

Яҳудийларнинг қароргоҳидан қайтгач расулуллоҳга рўпара келишдан уялиб Мадинага йўл олди, ўзини устунга боғлатиб, пайғамбар алайҳис-саломга хабар юборди ва қилмишига яраша жазо кута бошлади. Расулуллоҳ: "Агар Абу Лубоба тўғри келиб менга учрашганда афв этардим, ўз билгича иш тутган экан, Оллоҳдан ҳукм тушгунча қимир этмай турсин", дедилар. Чорасиз қолган бани Қурайза яҳудийлари расулуллоҳнинг амрига бўйсунишди.

Пайғамбар алайҳиссаломбани Қурайзанинг барча эркакларини қўлини боғлаган ҳолда олиб келишни буюрдилар. Авс қабиласининг одамлари ўртага тушиб, уларга ҳам бани Қайнуқо яҳудийларига қилинганидек илтифот кўрсатилишини ўтинишди. "Агар орангиздан бирон киши ҳукм чиқарса, унинг айтганига рози бўласизларми?" деб сўрадилар расулуллоҳ. Одамлар рози бўлажакларини айтиб, ҳукм чиқариш ҳуқуқини ўз оқсоқоллари Саъд ибн Маозга муносиб кўришди. Саъд ибн Муоз Хандақ жангида яраланиб, ярадорлар учун ажратилган махсус чодирда ётарди. Пайғамбар алайҳиссаломюборган одамлар уни эшакка миндириб олиб келишди. Авс қабиласининг оқсоқоллари Саъднинг атрофини ўраб, яҳудийларга қаттиққўллик қилмасликни ўтинишди. "Одамларнинг айблашларидан қўрқмай Оллоҳнинг ҳукмини ижро этадиган пайт келди," деди Саъд. У етиб келганда расулуллоҳ саҳобалар билан гаплашиб ўтирган эдилар. "Бошлиғингларни эшакдан тушириб қўйннглар", дедилар пайғамбар алайҳиссаломунинг атрофида турганларга. Одамлар буйруқни бажо келтиришгач, расулуллоҳ сенга иттифоқчиларнинг устидан ҳукм
чиқаришни топширмоқчилар, дейишди.   

Пайғамбар алайҳиссаломбу фикрии тасдиқлаб: "Эй Саъд, бани Қурайза яҳудийлари устидан ҳукм чиқар, дедилар. Саъд саҳобаларга юзланиб: "Мен чиқарган ҳукмни ижро этишга Худони ўртага қўйиб қасам ичасизларми?" деб сўради. Саҳобалар қасам ичиб, расулуллоҳ уларнинг фикрини тасдиқлагач, Саъд қарорини айтди: "Эркакларни ўлимга, аёллар билан болаларни асир олишга ҳукм этаман". "Сен Оллоҳнинг ҳукми каби ҳукм чиқардинг", дедилар расулуллоҳ. Суиқасдчи хоинларнинг жазоси шундай болиши керак. Пайғамбар алайҳис-саломнинг амрига биноан ҳукм шу заҳоти ижро этилди.

Бир ярим минг қилич, уч юз совут, икки минг найза, беш юз қалқон, жуда кўп рўзгъор буюмлари, идиш-товоқ, туя, қўй ганимат олинди. Буларга хурмо ва асирларни ҳам қўшиб, бешга бўлинди. Суворийларга уч ҳисса, пийодаларга бир ҳисса, ҳатто ярадорларга қарайдиган аёлларга ҳам маълум улуш берилди. Ичкилик солинган идишларнинг ичидаги ароқ-шароблар тўкиб ташланди. Бу ишлар ниҳоясига етмай туриб Саъд ибн Муоз ҳам вафот этди. У жуда кўп қон йўқотган, жароҳати тузалиш ўрнига баттар зўрайиб кетган эди. Унинг ансорлар орасидаги обрў-эътибори Абу Бакрнинг муҳожирлар ўртасидаги мартабаси билан танг эди. Саъд ибн Муоз ҳамма ғазотларда қатнашиб беқиёс қаҳрамонликлар кўрсатган, шу боис расулуллоҳ уни жуда яхши кўрардилар. Дафн маросимида жаннату ризвонга ноил бўлажагини башорат қилдилар.

Мусулмонлар Мадинага қайтиб келгач, Оллоҳ таоло Қуръондаги Тавба сурасининг 102-оятини нозил қилиб, Абу Лубобанинг тавбасини қабул этди: "Яхши ишга ёмонликни аралаштирилиб бажарган бир гуруҳ одам ўзларининг гуноҳини тан олишди, Оллоҳ уларнинг тавбасини қабул қилиши мумкин, Оллоҳ мағфират этгувчидир, бениҳоя меҳрибондур. "Абу Лубоба хиёнат қилган жойи — бани Қурайза диёрини бутунлай тарк этишга қасам ичди. Бу гъазот туфайли парвардигор мусулмонларни иккиюзламачилик ва хоинликка одатланган яҳудийларнинг хавф-хатаридаи холос этди. Аслида Хандақ урушига келганларни васвасга солганлар яҳудийларнинг Ҳайбарда қолган бир гуруҳ бузғунчи катталари эди. Уларнинг қандай таъзирини еганлиги ҳақида кейинги бобларда тўхталиб ўтамиз.

 


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио