Нурул-яқин

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

ПАЙҒАМБАР АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ЗАЙНАБГА УЙЛАНИШЛАРИ

Расулуллоҳ шу йили Жаҳшнинг қизи Зайнабни никоҳларига олдилар. У илгари пайғамбар алайҳиссаломнинг озодгардаси (озод этилган қули) билан турмуш қурган эди. Расулуллоҳ ўз аммаларининг қизини Зайдга олиб берганларида унинг асилзода ота-онаси қулни куёв қилишни ўзларига ор билишган эди. Араблар қизларини қулларга беришни ҳақорат деб билишар, бунга имкони борича йўл қўйишмас эди. Расулуллоҳ асраб-авайлагани билан Зайднинг насл-насаби ўзгармас, пайғамбар авлодига куёв бўлишга барибир лойиқ саналмасди. Лекин парвардигор Аҳзоб сурасининг 3-оятини нозил этгач, Зайнабиинг ота-онаси расулуллоҳнинг истагига қарши чиқолмай қолишди. "Оллоҳ ва унинг пайғамбари бирор иш (хусусида) ҳукм чиқаргандан кейин эркагу аёл мўминларнинг ихтиёрлари ўзларида бўлмайди. Кимки Оллоҳга ва унинг пайғамбарига осийлик қилса, рўй-рост адашган ҳисобланади".

Турмуш қуришганидан кейин Зайнаб эридан ўзини устун қўйиб, такаббурлик қилди. Бу ҳақоратга чидолмаган Зайд расулуллоҳга дардини айтганда, у киши асранди ўғлини сабр қилишга, турмуш қийинчиликларини оғир-босиқлик билан енгишга ундадилар. Орадан кўп ўтмай ўзига бино қўйган бу хотин билан муроса қилолмаслигини айтиб яна бир неча марта нолиди. Зўрлик билан қурилган оила бузилиб, хотинининг талоғини берди. Шундан кейин Оллоҳ таоло пайғамбар алайҳиссаломга Зайнабни никоҳига олишни буюрди. Шу билан ҳар хил гап-сўзларга сабаб бўлган можароларга чек қўйилди ҳамда Зайнабнинг қулга никоҳланиши билан оиласининг ерга урилган қадр-қиммати тикланди.

Пайғамбар алайҳиссалом одамларнинг Муҳаммад асранди ўғлининг хотинини тортиб олди, дея гап-сўз қилишларидан қўрқиб, Зайдга: "Турмушингни бузишга Худодан қўрққин. Сабр-тоқат билан чидаб яшайвер", дердилар. Расулуллоҳ Оллоҳ таолонинг бўйруғини ошкор этишдан ҳайиқдилар. Аҳзоб сурасининг 37-ояти билан парвардигор бундай ўй-фикрларни бекор этди: "Мўминларга уларнинг асранди ўғиллари талоқ қилган хотинларини никоҳлаб олиш гуноҳ бўлмаслиги учун Зайд хотинини қўйиб юборгач, уни сенга никоҳлаб бердик, Оллоҳнинг амри бажо келтирилиши керак".

Парвардигори олам араблардаги бола асраш одатининг айрим зарарли томонларини эътиборга олиб, бу одатни Аҳзоб сурасининг 40-ояти билан бекор қилди: "Муҳаммад орангиздаги бирон эркакнинг отаси эмас, у Оллоҳнинг пайғамбари ва набийларнинг сўнггисидир. Оллоҳ ҳамма нарсани (кўриб) билиб тургувчидир". Шу дақиқадан эътиборан асранди ўғил Муҳаммаднинг ўғли Зайд деб эмас, Ҳорисанинг ўғли Зайд деб атала бошланди. Шу лаҳзадан эътиборан унинг исми Қуръонда асрлар мобанийда зикр этиладиган бўлди.

Айрим нодон тарихчи-ю, ғаразли кимсалар бу воқеани ўз майлларига мослаб талқин этишади. Уларнинг айтишича, гўё кунларнинг бирида пайғамбар алайҳиссаломасранди ўғли Зайдни кўргани борганда шамол бўлиб, Зайнабнинг юзидаги парда очилиб кетганмиш ва Сарвари оламнинг аммаваччасига ишқи тушиб, субҳоналлоҳ, деб юборганмишлар. Зайнаб бу воқеани айтгач, Зайд ўзини ажралишим керак деб ўйлаб, ниятини расулуллоҳга айтганмиш. Лекин расулуллоҳ уни ниятидан қайтариш учун кўп насиҳат қилганмишлар ва ҳоказо ва ҳоказо...

Бу гапларнинг ёлғонлиги шундан маълумки, у пайтларда араб аёллари юзларини беркитиб юришлари ҳали расм бўлмаган эди; қолаверса аммаларининг қизи Зайнаб расулуллоҳ Маккада пайтларида Исломга кирган эди. Пайғамбар алайҳиссаломуни ўн йил мобайнида бирон марта кўрмай шамол рўмолини кўтариб юбориши билан кўзи тушиб қоладими? Зайнабни Зайдга расулуллоҳнинг ўзлари олиб берганлар. Агар у кишининг кўнглида бошқача ният бўлса, бу ишга ўзгача тус бериб, Зайнабга уйланишларига нима монеълик қиларди? Чиндан ҳам Оллоҳ томонидан юборилиб, Қуръондаги: "Биз кофирлардан бир жамоани манфаатлантирган дунёнинг мол-мулки, зеб-зийнатларига кўз ташламагин", деган буйругъини эртаю кеч такрорлаб, одамларга эзиб-ички қилиб юрадиган пайғамбар ўз яқинининг уйига кириб, хотинига тасодифан кўзи тушиб қолса, дарров уни олиш фикрига боришига ақл бовар қилмайди. Ғайритабиий бу иш одатдаги одам томонидан содир этилса ҳам айбланиши турган гап.

Бундай иш барча тарихчилар томонидан бирдек энг одобли, дунёвий, ҳою ҳаваслардан ҳоли, ҳушёр ва доно деб эътифор этилган, ҳатто парвардигор Қалам сурасининг 4-оятида: "Сен чиндан ҳам улуғ ахлоқ эгасисан", дея мақтаган зот томонидан содир этилиши сира мумкин эмас. Бу гапни худди Ғарониқ афсонасидек Ислом динининг душманлари ўз чиркин мақсадларига етиб, Худонинг элчисини қоралаш ниятида ўйлаб топишган. Худога шукрки, уларнинг ёвуз ниятлари ақлий ва нақлий далиллар билан барбод этилди. Одамларнинг хоҳиши билан пайғамбарни бадном этиб бўлмаслиги яна бир карра исботланди. Аҳзоб сурасининг 37-ояти бу фикрни тўла тасдиқлайди: "Оллоҳ неъмат берган, сен ҳам инъом қилган кишига: хотинингни никоҳингда тут, Оллоҳдан қўрқ, деган пайтингни эслагин. Оллоҳ ошкор этмоқчи бўлган нарсани кўнглингда пинҳон тутдинг, одамларнинг таънаю маломатларидан қўрқдинг. Ваҳоланки, Оллоҳдан қўрқсанг тўғри бўларди. Мўминлар асранди ўғиллари қўйиб юборган хотинларини никоҳига олса гуноҳ ҳисобланмаслиги учун Зайд хотинини талоқ қилгандан кейин сенга никоҳлаб бердик. Оллоҳнинг амри бажо келтирилиши керак". Парвардигори оламнинг ўзи расулуллоҳга Зайнабга уйланиши лозимлигини уқтиряпти. Худонинг амри ҳеч қандай шубҳаю ғийбатларга ўрин қолдирмайди. Бунга фақат имони заиф одамгина эътироз билдириши мумкин.

 


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио