Расулуллоҳ с.а.в

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

Қайта тирилиш китоби

1102. Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мен Қиёмат ила мана бундоқ ҳолда юборилдим», – дедилар ва икки бармоқларини чўзиб ишора қилдилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

1103. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мажлисда қавмга гапираётган эдилар. Ул зотнинг олдиларига бир аъробий келиб: «Қиёмат соати қачон?» – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гапларида давом этавердилар. Қавмнинг баъзиси: «Унинг гапини эшитдилар, аммо ёқтирмадилар», – деди. Бошқалари эса, эшитмадилар, дейишди. Ул зот гапларини тугатиб бўлиб:
«Қани?» (менимча) қиёмат соати ҳақида сўровчи?»  дедилар.
«Мана, менман, Ё Расулаллоҳ,», – деди.
«Қачон омонат зое қилинса, қиёмат соатини кутавер», – дедилар.
«Унинг зое қилиниши қандай бўлади?» – деди.
«Қачон иш ўз аҳлидан бошқага берилса, қиёмат соатини кутавер», – дедилар».
Бухорий ривоят қилган.

1104. Ҳузайфа ибн Асийд Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимизга чиқиб келдилар. Биз гаплашиб ўтирган эдик. Бас, у зот:
«Нимани гаплашмоқдасизлар?» – дедилар.
«Қиёматни гаплашмоқдамиз», – дейишди.
«Албатта, у ундан олдинги ўнта аломатни кўрмагунингизча қоим бўлмас», – дедилар ва Тутунни, Дажжолни, Доббани, қуёшнинг мағрибидан чиқишини, Ийсо ибн Марям соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нозил бўлишларини, Яъжуж-Маъжужни, учта ер ютишни: машриқдаги ер ютишни, мағрибдаги ер ютишни ва араб жазирасидаги ер ютишни ва охири Ямандан чиқиб одамларни маҳшарга қувлайдиган ўтни зикр қилдилар».
Муслим ривоят қилган.

1105. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган ҳадисни сизларга айтиб берайми? Мендан кейин у зотдан эшитган сизга гапириб бермайди:
«Албатта, қиёматнинг аломатларидан: илмнинг кўтарилмоғи, жаҳлнинг зоҳир бўлмоғи, зинонинг тарқалмоғи, хамрнинг ичилмоғи. Аёллар кўпайиб, эркаклар озайиб, элликта аёлга битта бошлиқ бўлмоғи», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

1106. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Токи илм қабз қилинмагунча, зилзилалар кўпаймагунча, замон тез ўтадиган бўлмагунча, фитналар зоҳир бўлмагунча, ҳараж кўпаймагунча – у қатл ва қатлдир – ва ичингизда мол кўпайиб, тўлиб тошмагунича Қиёмат қоим бўлмас», – дедилар».
Бухорий ривоят қилган.

1107. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Одамлар Қиёмат куни яланг оёқ, яланғоч ва хатна қилинмаган ҳолда ҳашр қилинадилар», – дедилар.
«Ё Расулаллоҳ! Аёллар ва эркаклар ҳаммалари бир-бирларига назар солурларми?» – дедим.
«Ҳой Оиша! Иш улар бир-бирларига назар солишларидан кўра шиддатли!» – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

1108. Миқдод ибн Асвад розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қиёмат куни қуёш ҳалққа яқинлашади. Ҳаттоки улардан бир мил миқдорга келади. – Сулайм ибн Омир: «Аллоҳга қасамки, «мил»дан ернинг масофасини ирода қилдиларми ёки кўзга сурма суртадиган милними, билмадим», деди. – Бас, одамлар амалларига қараб терда бўладилар. Улардан кимдир икки тўпиғигача, кимдир икки тиззасигача, кимдир икки биқинигача терга ботади. Кимнидир тер юганлаб олади» – дедилар ва Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қўллари билан оғизларига ишора қилдилар».
Муслим ривоят қилган.

1109. Саъийд ибн Мусайяб ва Ато ибн Язийд Лайсийдан ривоят қилинади:
«Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу иккисига хабар берди. Одамлар:
«Ё Расулаллоҳ! Қиёмат куни Роббимизни кўрамизми?» – дейишди.
«Тўлиной кечасида ойни кўришда шак қиласизларми?» – дедилар.
«Йўқ! Ё Расулаллоҳ!» – дейишди.
«Булут йўқ бўлганда қуёшни кўришда шак қиласизларми?» – дедилар.
«Йўқ! Ё Расулаллоҳ!» – дейишди.
«Албатта, сизлар У зотни ана шундоқ кўрасизлар. Аллоҳ қиёмат куни одамларни жамлаб туриб: «Ким нимага ибодат қилган бўлса, ўшанга эргашсин», – дейди. Қуёшга ибодат қилиб юрган қуёшга эргашади. Ойга ибодат қилиб юрган ойга эргашади. Тоғутларга ибодат қилиб юрган тоғутларга эргашади. Ва ушбу уммат қолади. Унинг ичида мунофиқлари ҳам бўлади. Аллоҳ таборака ва таоло уларнинг олдига улар танийдиган сувратдан бошқа сувратда келиб:
«Мен Роббингизман!» – дейди.
«Сенинг шаррингдан Аллоҳдан паноҳ сўраймиз. Роббимиз ҳузуримизга келгунча мана шу жойимизда тураверамиз. Қачон Роббимиз келса, уни таниймиз», – дейишади.
Шунда Аллоҳ таоло уларнинг олдига ўзлари танийдиган сувратда келади ва:
«Мен Роббингизман!» – дейди.
«Сен Роббимизсан!» – дейишади ва У зотга эргашишади. Жаҳаннам устига сирот қурилади. Мен ўз умматим ила ундан биринчи бўлиб ўтаман. У кунда Расуллардан бошқа ҳеч гапирмайди. У кунда Расулларнинг дуоси «Аллоҳим! Саломат қил! Саломат қил!» бўлур. Жаҳаннамда саъдоннинг тиконига ўхшаш омбирлар бўлур. Саъдонни кўрганмисизлар?» – дедилар.
«Ҳа! Ё Расулаллоҳ!» – дейишди.
«Албатта, улар саъдоннинг тиконига ўхшаш бўлади. Фақатгина, унинг катталиги қадарини Аллоҳдан бошқа билмайди. Одамларни амаллари сабабли илиб олади. Улардан баъзилари амали туфайли ҳалокатга учрайди. Баъзилари ўтиб кетиб, нажот топади. Аллоҳ бандалар ўртасида ҳукм чиқаришдан фориғ бўлиб, Ўз раҳмати ила Ўзи ирода қилганларни чиқаришни истаганда, Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмаган, Аллоҳ таоло уни раҳмат қилишни ирода қилган, «Лаа илааҳа Иллаллоҳуни айтгандан баъзиларини дўзахдан чиқаришни фаришталарга амр қилади. Бас, (фаришталар) уларни дўзах ичида сажданинг асаридан танийдилар ва дўзахдан чиқарадилар. Улар куйиб кўмирга айланган бўладилар. Уларнинг устидан ҳаёт суви қуйилади. Шунда улар селхонадан униб чиққан дондек ўсиб чиқадилар. Сўнгра Аллоҳ бандалар орасида ҳукм чиқаришдан фориғ бўлади. Шунда дўзахга қараб турган бир киши қолади. Ўша аҳли дўзахдан жаннатга охирги кирган одам бўлади. У юзини дўзах томон буриб туради. Бас, у:
«Роббим! Юзимни дўзахдан бур. Унинг шамоли мени ҳалок қилди. Унинг олови мени куйдирди», – дейди ва Аллоҳга хоҳлаганича дуо қилади.
Шунда Аллоҳ таборака ва таоло:
«Сенга ўшани қилсам, ундан бошқани сўрашни ҳам истайсанми?» – дейди.
«Сендан бундан бошқани сўрамайман», – дейди  ва Роббига Аллоҳ хоҳлаганича аҳдлар ва мийсоқлар беради. Шунда Аллоҳ унинг юзини дўзахдан ўгиради. Қачонки у жаннатга юзланиб уни кўрганида, Аллоҳ истаганича сукут сақлайди ва сўнгра:
«Роббим! Мени жаннатнинг эшигига олиб бор», – дейди.
Шунда Аллоҳ унга:
«Шўринг қурисин! Менга берган нарсамдан бош-қани сўрамаслик ҳақида аҳдлар ва мийсоқлар бермаган эдингми?! Эй, Одам боласи! Қанчалар ҳам бевафосан-а!» – дейди.
У: «Роббим!» – дея Аллоҳга дуолар қилади. Охири У зот унга:
«Сенга ўшани берсам, эҳтимол, ундан бошқани сўрарсан?» – дейди.
«Иззатинг ила қасамки, йўқ!» – дейди ва Роббига Аллоҳ хоҳлаганича аҳдлар ва мийсоқлар беради. Кейин У, зот уни жаннат эшиги олдига олиб боради. У жаннат эшиги олдида турганида жаннат унга кенгаяди. Бас, ундаги яхшилик ва сурурни кўради. Сўнг Аллоҳ хоҳлаганича сукут сақлаб туради-да:
«Роббим! Мени жаннатга кирит!» – дейди.   
Шунда Аллоҳ таборака ва таоло унга:
«Шўринг қурисин! Менга берган нарсамдан бош-қани сўрамаслик ҳақида аҳдлар ва мийсоқлар бермаган эдингми?! Эй, Одам боласи! Қанчалар ҳам бевафосан-а!» – дейди.
«Роббим! Халқингнинг энг бадбахти бўлмайин», – дейди-да, Аллоҳга дуо қилишда бардавом бўлади. Охири Аллоҳ таборака ва таоло ундан кулиб юборади. Аллоҳ ундан кула туриб: «Жаннатга кир», – дейди. У, жаннатга кирганда, Аллоҳ унга: «орзу қил», – дейди. У, Роббидан сўрайди ва орзу қилади. Ҳаттоки, Аллоҳ унга уларни, буларни эслатади. Токи унинг орзулари тугаганда Аллоҳ таоло «Ўшанинг ҳаммаси ва у билан бирга яна шунча нарса сенга бўлсин», – дейди.
Абу Ҳурайра бу ҳадисни айтганда Абу Саъийд ўтирган эди. Бас, у: «Шаҳодат бераманки, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ўшанинг ҳаммаси ва у билан бирга унинг ўн баробари сенга бўлсин» деганларини ёдлаб олганман», – деди.
Шунда Абу Ҳурайра:
«Мен фақатгина «Ўшанинг ҳаммаси ва у билан бирга яна шунча нарса сенга бўлсин»ни ёд олганман», – деди».
Муслим ва Бухорий ривоят қилишган.

1110. Сафвон ибн Муҳриз Мозанийдан ривоят қилинади:
«Ибн Умар розияллоҳу анҳу тавоф қилаётган эди. Бир киши унинг йўлини тўсди ва:
«Ё Абу Абдурроҳман ёки Ибн Умар! Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нажва(сирли гап) ҳақида айтганларини қандоқ эшитгансан?» – деди.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтганларини эшитдим:
«Мўмин Роббига яқинлашур. Ҳаттоки, У зот унга Ўз сатрини қўяди ва: «Манави, манавиларни қилганмисан?» – дейди. У «ҳа», – дейди. У зот: «манави, манавиларни қилганмисан?» – дейди. У: «ҳа», – дейди. Бас, У зот уни иқрор қилдиради ва сўнгра:
«Албатта, Мен сени дунёда сатр қилган эдим. Бугун эса сени мағфират қилурман», – дейди.
Кейин У зот унга ҳасанотлари саҳифасини беради.
Аммо кофирлар ҳақида бўлса, гувоҳлар олдида нидо қилиниб:
«Анавилар ўз Роббиларига қарши ёлғон гапирган эдилар. Огоҳ бўлинглар! Аллоҳнинг лаънати золимларгадир!» дейилади», – деди».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

1111. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Ул зот кулдилар ва:
«Нимага кулаётганимни биласизларми?» – дедилар.
«Аллоҳ ва Унинг Расули билувчидир», – дедик.
«Банданинг Роббига қилган хитобидан. У «Роббим! Сен мени зулмдан сақламаганмисан?» – дейди.
«Шундоқ», – дейди.
«Бас, мен ўзимга фақатгина ўзимдан бошқани гувоҳ бўлишини истамайман», – дейди у.
«Бугунги кунда сенга қарши ўзинг гувоҳликка ва кироман котибинлар шоҳидликка кифоя қилур», – дейди.
Бас, унинг оғзига муҳр урилади ва аъзоларига «Гапир», – дейилади. Улар унинг амаллари ҳақида гапирадилар. Сўнгра унинг гапиришига қўйиб берилади.
Шунда у:
«Йўқолинглар! Ўлиб кетинглар! Мен сизларни деб курашиб юрган эдим», дейди», – дедилар».
Муслим ривоят қилган.

1112. Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Албатта, мен аҳли жаннатнинг жаннатга охири кирадиганини ва аҳли дўзахнинг ундан охири чиқадиганини биламан. Қиёмат куни бир кишини келтирилади ва:
«Унга ўзининг кичик гуноҳларини кўрсатинг ва ундан уларнинг катталарини кўтариб юборинг», – дейилади.
Бас, унга ўзининг кичик гуноҳлари кўрсатилади ва:
«Бу ва бу, бу ва бу кунни биласанми?! Бу ва бу, бу ва бу кунни биласанми?!» – дейилади.
«Ҳа», – дейди у.
Инкор қилишга қодир бўлмайди. Ҳолбуки, у катта гуноҳларининг ўзига кўрсатилишидан қўрқиб турган бўлади. Бас, унга:
«Албатта, сенга ҳар бир ёмонлигинг ўрнига яхшилик», – дейилади.
«Роббим! Батаҳқиқ, мен бир қанча нарсаларни билардим. Бу ерда ўшаларни кўрмаяпман», – дейди».
 Батаҳқиқ, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кулиб олд тишлари кўриниб кетганини кўрдим».
Муслим ривоят қилган.


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио