Расулуллоҳ с.а.в

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

Зуҳд китоби

1049. Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Солиҳ одамда бўлган солиҳ мол қандай ҳам яхши!»
Бухорий, Аҳмад ва Ибн Ҳиббон ривоят қилишган.

1050. Абдуллоҳ ибн Буср розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир аъробий:
«Ё Расулаллоҳ, одамларнинг яхшиси ким?» – деди.
«Умри узун ва амали гўзал бўлгани», – дедилар».
Аҳмад ва Термизий ривоят қилишган.

1051. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан «одамларнинг қай бири ҳурматлироқ?» – деб сўралди.
«Аллоҳнинг ҳузурида ҳурматлироқлари тақводорроқлари», – дедилар.
«Сиздан бу ҳақда сўраётганимиз йўқ», – дейишди.
«Одамларнинг ҳурматлироғи Юсуф Набийюллоҳ ибн Набийюллоҳ ибн Набийюллоҳ ибн Халийлуллоҳ», – дедилар.
«Сиздан бу ҳақда сўраётганимиз йўқ», дейишди.
«Арабларнинг маъданлари ҳақида сўраяпсизларми?» – дедилар.
«Ҳа!» – дейишди.
«Жоҳилиятда яхши бўлганларингиз, агар фақиҳ бўлсалар, Исломда ҳам яхшиларингиздир», – дедилар».
Бошқа ривоятда:
«Одамларни маъданлар каби топасиз. Жоҳилиятда яхши бўлганлари, агар фақиҳ бўлсалар, Исломда ҳам яхшиларидир. Бу иш борасида энг яхши одамни, токи унга воқеъ бўлгунича, уни энг ашаддий ёмон кўрадиган эканини топасиз. Албатта, одамларнинг ёмони иккиюзламачи киши эканини топасиз. Ана уларга бир юз билан келади ва мана буларга бир юз билан келади».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

1052. Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларидан ўтди. Бас, у зот ўз ҳузурларида ўтирган бир кишига:
«Мана бу ҳақида нима дейсан?» – дедилар.
«Бу – одамларнинг шарафлиларидан бир киши. Аллоҳга қасамки. Агар совчи қўйса, қиз беришга, шафоатчилик сўраса, шафоат беришга ва сўзласа, тинглашга арзийдиган одам», – деди.
Ул зот жим қолдилар. Кейин бошқа бир киши ўтди.  Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мана бу ҳақида нима дейсан?» – дедилар.
«Ё Расулаллоҳ, бу фақийр мусулмонлардан бир киши. Агар совчи қўйса, қиз бермасликка, шафоатчилик сўраса, шафоат бермасликка ва гапирса, тингламасликка арзийди», – деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бу, ҳалигига ўхшаганларнинг ер юзи тўласидан ҳам яхшироқдир», – дедилар».
Бухорий ривоят қилган.

1053. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бойлик матоҳнинг кўплигида эмас, балки назарнинг тўқлигидадир», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

1054. Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни чиқиб, аҳли Уҳудга худди маййитга намоз ўқигандек намоз ўқидилар. Сўнг минбарга қайтиб келдилар ва:
«Мен сизларга фаратман. Мен сизларга гувоҳман. Албатта, мен, Аллоҳга қасамки, ҳозир ҳавзимга назар солиб турибман. Менга ер хазийналари калитлари ёки ер калитлари берилгандир. Албатта, мен, Аллоҳга қасамки, сизларнинг мендан кейин ширк келтиришингиздан қўрқмайман. Лекин мен сизларнинг у(дунё)ни талашишингиздан қўрқаман», – дедилар».
Бухорий ривоят қилган.
Бошқа ривоятда:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саккиз йилдан сўнг Уҳудда қатл қилинганларга худди тириклар ва ўликлар ила видолашувчидек намоз ўқидилар. Сўнг минбарга чиқиб:
«Мен сизнинг фаратингизман. Мен сизларга гувоҳман. Албатта, учрашув жойингиз ҳавздир. Мен унга ушбу мақомимдан назар солиб турибман. Албатта, мен сизларнинг ширк келтиришингиздан қўрқмайман. Лекин мен сизларнинг дунёни талашишингиздан қўрқаман», – дедилар».
«Мана шу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга охирги назар солишим эди», – деди».
Бухорий ривоят қилган.
Бошқасида:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Уҳудда қатл қилинганларга намоз ўқидилар. Сўнг минбарга чиқиб, худди тириклар ва ўликлар ила видолашувчидек дедилар:
«Мен сизнинг ҳавзга фаратингизман. Албатта, унинг кенглиги Ийлаа билан Жуҳфа орасича. Албатта, мен сизларнинг ширк келтиришингиздан қўрқмайман. Лекин мен сизларнинг дунёни талашишингиздан, урушиб ўзингиздан олдин ўтганларга ўхшаб ҳалок бўлишингиздан қўрқаман», – дедилар».
Уқба: «Мана шу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни минбарда охирги марта кўришим эди», – деди».
Муслим ривоят қилган.
«Фарат» – бир гуруҳ отлиқлардан олдин бориб, уларнинг келишларига  дам оладиган жойни тайёрлаб турувчи.

1055. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Дўзах шаҳватлар ила тўсилгандир. Жаннат ёқимсиз нарсалар ила тўсилгандир», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

1056. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бўйра устида ухладилар. Бас, у зот турганларида, у ёнбошларига ўтиб кетган эди. Шунда биз:
«Ё Расулаллоҳ, агар сизга (юмшоқ тўшак) олганимизда эди», – дедик.
«Менинг дунё билан нима ишим бор. Мен билан дунё худди дарахт соясида дам олган, сўнгра тарк қилиб кетган кишига ўхшайди», – дедилар».
Термизий, Ибн Можа ва Ибн Ҳиббон ривоят қилишган.

1057. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ўзингиздан пастга назар солинг. Ўзингиздан баландга назар солманг. Бундоқ бўлиши Аллоҳнинг сизга берган неъматига ношукр бўлишингизга олиб келиши мумкин», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

1058. Абу Кабша Анморий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Уч нарсага қасам ичаман: Банданинг моли садақа ила нуқсонга учрамас. Банда бир зулмга учраса-ю, унга сабр қилса, албатта, Аллоҳ унинг иззатини зиёда қилур. Банда тиланчилик эшигини очса, албатта, Аллоҳ унга фақийрлик эшигини очар (ёки шунга ўхшаш бир калима).
Мен сизга бир ҳадис айтаман, ёдлаб олинглар: «Албатта, дунё тўрт нафарникидир:
Бир бандага Аллоҳ молини ҳам, илмини ҳам ризқ қилиб берган. У бу билан Роббига тақво қилур. Силаи раҳм қилур. Ундаги Аллоҳнинг ҳаққини билур. Бу – энг афзал даражадир.
Бир бандага Аллоҳ илмни ризқ қилиб берибди-ю, молни ризқ қилиб бермабди. У содиқ ниятли бўлиб, агар молим бўлганида фалончининг амалини қилар эдим, дейди. У ниятига яраша олади. Икковларининг ажри баробардир.
Бир бандага Аллоҳ молни ризқ қилиб берибди, аммо илмни бермабди. У илмсиз равишда молини тўғри келган томонга сочади. У билан Роббига тақво қилмайди, силаи раҳм қилмайди. Ундаги Аллоҳнинг ҳаққини билмайди. Бу – энг ёмон даражадир.
Бир бандага Аллоҳ молни ҳам, илмни ҳам ризқ қилиб бермабди. У эса, агар молим бўлганида, фалончининг амалини қилар эдим, дейди. У ниятига яраша олади. Икковларининг гуноҳи баробардир».
Термизий ва Ибн Можа ривоят қилишган.

1059. Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Дунё ям-яшил, шириндир. Албатта, Аллоҳ сизларни унга халийфа қилиб қўядир. Қандоқ амал қилишингизга назар соладир. Бас, дунёдан қўрқинглар ва аёллардан қўрқинглар. Шубҳа йўқки, Бани Исроилнинг аввалги фитнаси аёлларда бўлган».
Муслим ривоят қилган.

1060. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Одамлар атрофида айланиб, бир луқма, икки луқма ёки бир хурмо, икки хурмо олиб қайтадиган мискин эмас. Лекин, мискин – ўзини беҳожат қиладиган бойликни топа олмаган, унга эътибор берилиб садақа қилинмайдиган, ўзи туриб одамлардан сўрамайдиган шахсдир», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

1061. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Киши одамлардан сўрайверишда давом этаверса, қиёмат куни юзида бир парча ҳам гўшти қолмай келади», – дедилар». 
Муслим ривоят қилган.

1062. Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, сизлардан бирингиз арқонини олиб, ўтин териб, орқасига кўтариб келгани, уни сотиб, Аллоҳ у ила унинг юзини тўсгани бировнинг олдига бориб, берса-бермаса, сўрашидан яхшидир», – дедилар».
Бухорий ривоят қилган.

1063. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким ўзини беҳожат қиладиган нарсаси бўлатуриб одамлардан тиланса, Қиёмат куни сўраган нарсаси юзида тирнаш бўлиб келади», – дедилар.
«Ё Расулаллоҳ, уни нима беҳожат қилади», дейилди.
«Эллик дирҳам ёки унинг тилладан бўлган қиймати», – дедилар».
Абу Довуд, Термизий, Насаий, Ибн Можа ва Ҳоким ривоят қилишган.

1064. Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтганларини эшитдим:
«Албатта, мен бир хазийначиман, холос. Кимга кўнглимдан чиқариб берсам, унда барака бўлади. Кимга тиланчилиги ва очкўзлиги учун берсам, худди еб тўймайдиган каби бўлади».
Муслим ривоят қилган.

1065. Хавла Ансория розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтганларини эшитдим:
«Албатта, баъзи одамлар Аллоҳнинг молини ноҳақ тасарруф қиладилар. Уларга Қиёмат куни дўзах бўлур».
 Бухорий ривоят қилган.

1066. Умора ибн Умайрдан, у аммасидан ривоят қилинади:
«У Оиша розияллоҳу анҳодан:
«Қарамоғимда етим бор. Унинг молидан ейманми?» – деб сўради. 
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кишининг еган нарсасининг энг поки касбидандир. Фарзанди унинг касбидандир», деганлар», – деди».
Абу Довуд, ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривоят қилишган.

1067. Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уч марта:
«Сизларга гуноҳларнинг каттасининг хабарини берайми?» – дедилар.
«Ҳа, ё Расулаллоҳ!» – дейишди.
«Аллоҳга ширк келтириш. Ота-онага оққ бўлиш», – дедилар-да, ёнбошлаб турган эдилар, тик туриб ўтириб:
«Огоҳ бўлинглар ёлғон гап!» – дедилар.
Ана шу гапни қайта-қайта такрорладилар, ҳаттоки, «сукут сақласайдилар», дедик».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

1068. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳалок этувчи етти нарсадан четда бўлинглар», – дедилар.
«Улар нималар, ё Расулаллоҳ?» – дейилди.
«Аллоҳга ширк келтириш, сеҳргарлик, Аллоҳ манъ қилган жонни ўлдириш, рибохўрлик, етимнинг молини ейиш, уруш куни қочиш, мўмина, покиза ва ғофила(содда) аёлларни зинода туҳмат қилиш», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

1069. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан
«Қай бир гуноҳ Аллоҳнинг наздида катта?» – деб сўрадим.
«Аллоҳ сени яратган бўлса ҳам, Унга тенгдош қилмоғинг», – дедилар.
«Албатта, бундай қилиш жуда ҳам катта. Сўнгра қайси?» – дедим.
«Сен билан бирга таомланишидан қўрқиб болангни қатл қилишинг», – дедилар.
«Сўнгра қайси?» – дедим.
«Қўшнингнинг хотини билан зино қилмоғинг», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

1070. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Кабиралар: Аллоҳга ширк келтириш; ота-онага оққ бўлиш; одам ўлдириш; ёлғон қасам», – дедилар».
Бошқа ривоятда:
«Ёлғон қасам нима?» – дедим.
«Уни ёлғондан ичиб мусулмон одамнинг молини қирқиб олиш», – дедилар».
Бухорий ривоят қилган.

1071. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Агар менинг Уҳуд тоғидек олтиним бўлганида ҳам, уч кеча ўтмай туриб ундан ҳузуримда бирор нарса қолмаслиги мени масрур қиларди. Илло, қарз учун сақлаганим қоларди», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

1072. Каъб ибн Иёз розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳар бир умматнинг ўз фитнаси бордир. Умматимнинг фитнаси молдир», – дедилар».
Термизий, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривоят қилишган.

1073. Абдуллоҳ ибн Шиххийр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига борсам, у зот: «Сизларни «кимники кўп» демоқлик машғул қилди»ни қироат қилаётган ва «Одам боласи «молим, молим» дейди. Сенинг молингдан фақатгина садақа қилиб ўтказганинг, еб битирганинг ва кийиб чиритганинг ўзингники, холос», демоқда эканлар».
Муслим ривоят қилган.

1074. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пора берувчини ва пора олувчини лаънатладилар».
Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа ва Ибн Ҳиббон ривоят қилишган.

1075. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Кимингизга меросхўрининг моли унинг ўзининг молидан кўра маҳбуброқ?» – дедилар.
«Ё Расулаллоҳ, ҳар биримизга ўзининг моли меросхўрининг молидан кўра маҳбубдир», – дейишди.
«Албатта, унинг моли тақдим қилганидир. Меросхўрининг моли тўплаб қўйганидир», – дедилар».
Бухорий ривоят қилган.

1076. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тўртбурчак чизиқ чиздилар. Кейин ўртасидан ундан чиққан бир чизиқ чиздилар. Ўша ўртадаги чизиққа қаратиб унинг четидан кичкина чизиқлар чиздилар. Сўнгра «Мана бу – инсон. Бу эса, унинг ажали, уни ўраб турибди ёки уни ўраб олган. Мана бу чиқиб турган – унинг умиди. Мана бу кичик чизиқлар – офатлар. Агар унисидан ўтиб кетса, буниси чақади. Агар бунисидан ўтиб кетса, униси чақади», – дедилар».
Бухорий ривоят қилган.

1077. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам елкамдан тутиб туриб:
«Бу дунёда худди ғарийбдек ёки ўткинчи йўловчидек бўл. Ўзингни аҳли қабрлардан сана», – дедилар».
Ибн Умар: «Қачон кечкиртсанг, сабоҳга интизор бўлмагин. Қачон тонг оттирсанг, кечқурунга интизор бўлмагин. Сиҳҳатингдан беморлигингга олгин. Ҳаётингдан ўлимингга олгин. Албатта, сен, ҳой, Аллоҳнинг бандаси эртага исминг нима эканини билмай қоласан», дер эди».
Бухорий ва Термизий ривоят қилишган.

1078. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ ажалини олтмиш ёшга етгунича ортга суриб қўйган кишининг узри қолмайди», – дедилар».
Бухорий ривоят қилган.

1079. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Одамларга аралашиб, уларнинг озорларига сабр қилган мусулмон уларга аралашмайдиган ва озорларига сабр қилмайдиган мусулмондан яхшидир», – дедилар».
Термизий ва Ибн Можа ривоят қилишган.

1080. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бир киши ўзининг соч шокиласига ва кийимига маҳлиё бўлиб юриб бораётганда, бирдан, уни ер ютиб юборди. Энди у қиёмат қоим бўлгунча пастга тушиб бораверади», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

1081. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Кабиралар: Аллоҳга ширк келтириш; ота-онага оққ бўлиш; одам ўлдириш; ёлғон қасам», – дедилар».
Бухорий ривоят қилган.

1082. Абдуллоҳ ибн Утба ибн Масъуд Ҳузалийдан ривоят қилинади:
«Умар ибн Хаттобнинг қуйидагиларни айтганини эшитдим: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида одамлар ваҳий ила сўроққа тутилар эдилар. Энди ваҳий узилди. Биз сизларни амалларингиздан бизга кўрингани асосида сўроққа тутамиз. Ким бизга яхшиликни зоҳир қилса, унга омонлик берамиз ва яқинлаштирамиз. Унинг ичидаги нарсадан бирортасини билмаймиз. Ичидагининг ҳисобини Аллоҳ қилади. Ким бизга ёмонликни ошкор қилса, унга омонлик бермаймиз ва уни тасдиқламаймиз. Агар ичи яхшилигини айтса ҳам».
Бухорий ривоят қилган.

1083. Ато ибн Абу Рабоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Абдуллоҳ ибн Аббос менга:
«Сенга жаннат аҳлидан бўлган аёлни кўрсатайми?» – деди.
«Ҳа», – дедим.
«Манави қора хотин. У Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Мен шайтонлаб қоламан ва кийимларим очилиб кетади. Менинг ҳаққимга Аллоҳга дуо қилинг», – деди.
«Хоҳласанг, сабр қиласан ва сенга жаннат бўлади. Хоҳласанг, дуо қиламан,  тузалиб кетасан», – дедилар.
«Сабр қиламан. Мен очилиб кетаман. Аллоҳдан очилмаслигим ҳақида дуо қилинг», – деди.
Бас, унинг ҳақига дуо қилдилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

1084. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Қиёмат куни дўзах аҳлидан дунёда энг кўп неъматга эга бўлгани келтирилади ва дўзахга бир чўмиб олинади. Сўнгра унга:
«Ҳой, одам боласи, ҳеч яхшилик кўрдингми? Олдингдан ҳеч неъмат ўтдими?» – дейилади.
«Йўқ! Аллоҳга қасам, ё Роббим!» – дейди.
Жаннат аҳлидан дунёда энг кўп ночор бўлгани келтирилади ва жаннатга бир чўмиб олинади. Сўнгра унга:
«Ҳой, одам боласи, ҳеч ночорлик кўрдингми? Олдингдан ҳеч шиддат ўтдими?» – дейилади.
«Йўқ! Аллоҳга қасам, ё Роббим! Олдимдан ҳеч ночорлик ўтгани йўқ, ҳеч бир шиддатни кўрмадим», дейди».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

1085. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Аллоҳ таборака ва таоло дўзах аҳлининг энг азоби енгилига:
«Агар дунё ва ундаги нарсалар сеники бўлса, фидо қилармидинг?» – дейди.
«Ҳа», – дейди у.
«Одамнинг сулбида эканингда Мен сендан ундан осон нарсани ширк келтирмаслигингни сўрасам ва сени дўзахга киритмаслигимни ирода қилсам, ширкдан бошқа нарсадан бош тортдинг», – дейди».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

1086. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедиларки:
«Аллоҳ азза ва жала: «Солиҳ бандаларимга кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ва башарнинг хотирасига ҳам келмаган (нарсаларни) тайёрлаб қўйдим», – деди. Бунинг тасдиғи Аллоҳнинг Китобида: «Бас, ҳеч бир жон ўзлари учун қилиб ўтган амаллари мукофотига беркитиб қўйилган кўз қувончларини билмас».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

1087. Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ўзи ҳам, идишлари ҳам ва ичидаги нарсалари ҳам кумушдан бўлган икки жаннат бор. Ўзи ҳам, идишлари ҳам ва ичидаги нарсалари ҳам тиллодан бўлган икки жаннат бор. Адн жаннатида қавм билан Роббиларига назар солиш орасида фақатгина У зотнинг юзидаги кибриё ридоси бор, холос», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

1088. Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, мўмин учун жаннатда битта ичи ковак луълуъдан бўлган бир чодир бордир. Унинг узуни олтмиш милдир. Унда мўминнинг аҳллари бордир. Мўмин уларнинг орасида бориб-келиб айланиб юради. улар бир-бирларини кўрмайди», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

1089. Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, жаннатда бир дарахт бор. Унинг соясида отлиқ юз йил юрса ҳам кесиб ўта олмайди», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

1090. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, биринчи гуруҳда жаннатга кирадиган одамлар тўлиной кечасидаги бадр сувратида кирурлар. Улардан кейингилар осмонда энг кучли нур сочиб турган сайёра сувратида кирурлар. Улар сиймаслар, қазои ҳожат қилмаслар, мишиқ қоқмаслар ва туфурмаслар. Уларнинг тароқлари тиллодан, сепадиганлари миск, исириқдонлари увддан, жуфти ҳалоллари ҳури ийндан ва ахлоқлари бир кишининг хулқидек ва оталари Одамнинг сувратида осмонга олтмиш аршин чўзилган», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

1091. «Муғийра ибн Шўъба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«Мусо Роббидан:
«Аҳли жаннатнинг энг мартабаси пасти недир?» деб сўради.
«У аҳли жаннат жаннатга киритилгандан кейин келадиган кишидир. Бас, унга:
«Жаннатга кир!» – дейилади.
«Роббим! Қандоқ қилиб?! Ахир одамлар жойларини эгалладилар ва оладиганларини олиб бўлдилар-ку?!» – дейди.
«Сенга дунё подшоҳларидан бир подшоҳнинг мулки мислича бўлса, рози бўласанми?» – дейилади.
«Розиман! Роббим!» – дейди.
«Ўша сенга ва унинг ўн мислича ҳам. Нафсинг иштаҳа қилган ва кўзингга ёққан нарса ҳам сеники», – дейди.
«Розиман! Роббим!» – дейди.
«Роббим! Уларнинг энг мартабаси юқориси-чи?» – деди Мусо.
«Уларни Ўзим танладим. Кароматларини қўлим билан экдим ва Ўз муҳримни босдим. Уни кўз ҳам кўрмаган, қулоқ ҳам эшитмаган ва башарнинг қалбига хотира ҳам бўлмаган», – дейди У зот.
Бунинг тасдиғи Аллоҳ азза ва жалланинг Китобида: «Бас, ҳеч бир жон ўзлари учун қилиб ўтган амаллари мукофотига беркитиб қўйилган кўз қувончларини билмас».
Муслим ривоят қилган.

1092. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сизнинг ушбу одам боласи ёқадиган оловингиз жаҳаннам ҳароратининг етмиш жузидан бир жуздир», – дедилар.
«Аллоҳга қасамки, агар ўшанинг ўзи бўлса ҳам, албатта, кифоя қилар экан», – дейишди.
«Албатта, у(жаҳаннам олови) бундан олтмиш тўққиз жуз устин қилинган. Ҳар бири бунинг ҳарорати мисличадир», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

1093. Самура ибн Жундаб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«У, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни эшитди:
«Улардан кимнидир олов икки тўпиғигача олади. Улардан кимнидир олов икки тиззасигача олади. Улардан кимнидир олов иштонбоғигача олади. Улардан кимнидир олов бўғизигача олади».
Муслим ривоят қилган.

1094. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Қиёмат куни энг аввал чақириладиган кимса Одамдир. Бас, унинг зурриёти бош кўтариб қулоқ осарлар. Шунда:
«Мана бу, отангиз Одамдир», – дейилур.
«Лаббайка ва саъдайка», – дейди у.
«Зурриётингдан жаҳаннам тўпини чиқар! Ҳар юзтадан тўқсон тўққизини чиқар!» – дейди.
«Ё Расулаллоҳ! Агар бизнинг ҳар юзтамиздан тўқсон тўққизи олинса, биздан нима қолади?» – дейишди.
«Албатта, менинг умматим бошқа умматлар ичида қора ҳўкиздаги оқ қилга ўхшашдир», – дедилар». 
Бухорий ривоят қилган.

1095. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Жаннат ва дўзах ҳужжат талашиб қолди. Бас, дўзах:
«Мен мутакаббирлар ва жабрчилар ила устун бўлдим», – деди.
«Менга не бўлди? Фақатгина одамларнинг заифлари ва пастлари ва эътиборсизлари менга кирадилар?» – деди жаннат.
Аллоҳ жаннатга:
«Албатта, сен Менинг раҳматимдирсан. Сен ила истаган бандаларимга раҳим қиламан», – деди ва дўзахга:
«Албатта, сен Менинг азобимдирсан. Сен ила истаган бандаларимни азоблайман. Иккингиздан ҳар бирингизга тўлгунича бўлади», – деди.
Дўзах токи Аллоҳ таборака ва таоло оёғини қўймагунча тўлмайди. Ўшандоқ бўлганда эса: «Етар. Етар», – дейди. Ана ўшанда у тўлади ва унинг баъзиси баъзисига ўралади. Аллоҳ Ўз халқидан бирортасига зулм қилмас. Аммо жаннат бўлса, албатта, Аллоҳ унинг учун халқ пайдо қилади».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

1096. Ҳориса ибн Ваҳб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сизларга аҳли жаннатнинг хабарини берайми? Ҳар бир заифҳол ва заифҳол саналгандир. Аммо Аллоҳга қасам ичса, У зот унинг қасамини юзага чиқаради.
Сизларга аҳли дўзахнинг хабарини берайми? Ҳар бир қўпол, саркаш ва мутакаббирдир», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

1097. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Жаннатга охири кирадиган одам гоҳ йиқилиб, гоҳ туриб, гоҳида унга олов пуркалиб келади. Қачон унинг олдидан ўтиб бўлганидан кейин, унга бурилиб қараб: «Менга сендан нажот берган Аллоҳга ҳамд бўлсин! Батаҳқиқ, Аллоҳ менга аввалгилардан ҳам, охиргилардан ҳам бирортага бермаган нарсани берди», – дейди. Бас, у томонга бир дарахт кўтарилади. Шунда у:
«Роббим! Мени ушбу дарахтга яқинлаштир. Унинг соясида салқинланай ва унинг сувидан ичай», – дейди.
Шунда Аллоҳ азза ва жалла:
«Эй, Одам боласи! Агар Мен сенга уни берсам, ундан бошқани сўрасанг керак?» – дейди.
«Йўқ! Роббим!» – дейди ва У зотга ундан бошқани сўрамаслик ҳақида аҳду паймон беради. Робби унинг узрини қабул қилади. Чунки, У зот ҳалиги нарса сабр қилиб бўлмас эканлигини билади. Бас, уни ўшанга яқинлаштиради. Унинг соясида салқинлайди ва унинг сувидан ичади.
Сўнгра у томонга биринчисидан кўра гўзалроқ дарахт кўтарилади. Шунда у:
«Роббим! Мени ушбу дарахтга яқинлаштир. Унинг сувидан ичай ва соясида салқинланай. Сендан бундан бошқани сўрамайман», – дейди.
«Эй, Одам боласи! Сен Менга ундан бошқасини сўрамаслик ҳақида аҳду паймон бермаган эдингми? Агар сени унга яқинлаштирсам, Мендан ундан бош-қасини сўрасанг керак?» – дейди.
У зотга ундан бошқани сўрамаслик ҳақида аҳду паймон беради. Робби унинг узрини қабул қилади. Чунки, У зот ҳалиги нарса сабр қилиб бўлмаслигини билади. Бас, уни ўшанга яқинлаштиради. Унинг соясида салқинлайди ва унинг сувидан ичади.
Сўнгра у томонга жаннат эшиги олдидаги аввалги иккисидан кўра гўзалроқ дарахт кўтарилади. Шунда у:
«Роббим! Мени ушбуга яқинлаштир. Унинг сувидан ичай ва соясида салқинланай. Сендан бундан бошқани сўрамайман», – дейди.
«Эй, Одам боласи! Сен Менга ундан бошқасини сўрамаслик ҳақида аҳду паймон бермаган эдинг-ми?» – дейди.
«Худди шундоқ! Роббим! Шундан кейин Сендан ундан бошқасини сўрамайман», дейди.
Робби унинг узрини қабул қилади. Чунки, У зот ҳалиги нарса сабр қилиб бўлмаслигини билади. Бас, уни ўшанга яқинлаштиради. Қачон уни ўша дарахтга яқинлаштирганда, аҳли жаннатнинг овозларини эшитиб:
«Роббим! Мени унга кирит!» – дейди.
«Эй, Одам боласи! Мени сендан нима кесади? Сенга дунёни ва у билан бирга унинг мислини берсам, рози бўласинми?!» – дейди.
«Роббим! Ўзинг Роббул оламийн бўла туриб мендан истеҳзо қиласанми?» дейди», – дедилар.
Бас, Ибн Масъуд кулди ва:
«Нимадан кулаётганимни сўрамайсизларми?» – деди.
Ундан сўрадилар. Бас, у:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам худди шундоқ кулган эдилар», – деди.
«Нимадан кулаяпсиз, ё Расулаллоҳ!?» – дейишди.
«У «Ўзинг Роббул оламийн бўла туриб мендан истеҳзо қиласанми?» деганида Роббул оламийннинг кулганидан ва «Албатта, Мен сендан истеҳзо қилмайман. Лекин Мен нимани истасам, ўшанга қодирман», деганидан», – дедилар».
Муслим ривоят қилган.

1098. Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ўтирган эдик. Ул зот тўлиной кечасида ойга назар солдилар-да:
«Албатта, сизлар Роббингизни мана шу ойни кўргандек кўрурсизлар. Уни кўришда қийинчиликка учрамассиз. Бас, агар қуёш чиқиши ва ботишидан олдин намоз ўқишдан қолмасликка қодир бўлсангиз, шуни қилинг, – дедилар-да, «Қуёш чиқишидан олдин ва ботишидан олдин Роббингга ҳамд ила тасбиҳ айт»ни ўқидилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

1099. Суҳайб Румий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Жаннат аҳллари жаннатга кирганларида, Аллоҳ таборака ва таоло:
«Сизга бирор нарсани зиёда қилишимни истайсизларми?» – дейди.
«Юзларимизни оқ қилиб қўймадингми?! Бизни жаннатга киритиб қўймадингми?! Бизни дўзахдан сақламадингми?!» – дейишади.
Шунда уларга парда очилади. Бас, Роббилари азза ва жаллага назар солишдан кўра маҳбуброқ нарсани уларга берилмаган», – дедилар».
Бошқа ривоятда қуйидагилар зиёда қилинган:
Сўнгра «Гўзал амал қилганлар учун гўзал савоб ва зиёдалик бордир» оятини тиловат қилдилар».
Муслим ривоят қилган.

1100. Холид ибн Умайр Адавийдан ривоят қилинади:
«Утба ибн Ғазвон бизга хутба қилди.  Аллоҳга ҳамду сано айтди. Сўнгра деди: «Аммо баъду: Албатта, дунё узилиш илан келиб, енгиллик ила кетди. Ундан фақатгина идишнинг эгаси унинг остида кўрадиган сал-қитча нарса қолди, холос. Албатта, сизлар ундан заволга учрамас ҳовлига кўчиб ўтарсизлар. Бас, ўзингизда бор нарса билан яхшилик ила кўчинглар. Бизга зикр қилинишича, жаҳаннамнинг қирғоғидан тош ташланса, унинг ичига етмиш йил қулар экан. Унинг қаърини идрок этиб бўлмас экан. Ва Аллоҳга қасамки, албатта, тўлар экан. Ажабландингизми?! Яна бизга зикр қилинишича, жаннатнинг кесакиларидан икки кесакининг ораси қирқ йиллик йўл экан. Бир куни келиб издиҳомдан у тўлар экан. Ўзимни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан етти кишининг ичида кўрдим. Бизнинг дарахт баргидан бошқа таомимиз йўқ эди. Ҳаттоки, лабларимиз яра бўлди. Бир чопонни олдим. Уни ўзим билан Саъд ибн Молик орамизда иккига бўлдим. Ярмини ўзимга изор қилиб олдим. Ярмини Саъд изор қилди. Бугун эса ҳар биримиз бир юртга амир бўлдик.  Мен ўз наздимда улуғ ва Аллоҳнинг наз-дида кичик бўлишимдан паноҳ сўрайман. Ҳар бир нубувват охир-оқибат бориб мулкка айланиши бор. Биздан кейин ишнинг ҳақийқатини биласизлар ва амирларни тажриба қиласизлар».
Муслим ривоят қилган.

1101. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Албатта, Қиёмат куни энг аввал сўраладиган нарса – яъни, бандадан неъмат ҳақида – «Биз сенга жисмингни соғлом қилмадикми ва совуқ сув ила суғормадикми?!»
 Термизий, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривоят қилишган.


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио