Расулуллоҳ с.а.в

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

Тавба ва истиғфор китоби

1039. Ҳорис ибн Сувайддан ривоят қилинади:
«Абдуллоҳ ибн Масъуд бизга иккита ҳадис айтиб берди. Бири Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан, иккинчиси ўзидан. У айтди: «Албатта, мўмин гуноҳларини худди тоғнинг тагида ўтиргандек кўради. Унинг устига қулаб тушишидан қўрқади. Фожир эса, гуноҳларини худди бурни устидан ўтган пашшадек кўради. Унга бундай қилади», деб – Абу Шиҳоб айтишича – қўлини бурни устидан ўтказди. Кейин айтди:
«Аллоҳ бандасининг тавбасидан  қуйидаги одамдан кўра хурсандроқдир. У одам ҳалокатли манзилга тушди. Улови устида таоми ва шароби ҳам бор. У бошини қўйиб, ухлаб қолди. Уйғонганда, улови кетиб бўлганди. Унга иссиқ, чанқоқ ва Аллоҳ истаган нарса шиддатлашганда, маконимга қайтай, деди. Қайтди ва ухлаб қолди. Сўнгра бошини кўтариб қараса, улови олдида турибди».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

1040. Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, Аллоҳ азза ва жалла то қуёш мағрибдан чиққунича кундузи гуноҳ қилганлар тавба қилишлари учун кечаси қўлини ёзади ва кечаси гуноҳ қилганлар тавба қилишлари учун кундузи қўлини ёзади», – дедилар».
Муслим ривоят қилган.

1041. Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Сиздан аввал ўтганларнинг ичида тўқсон тўққизта одамни ўлдирган бир киши бор эди. У ер юзидаги энг олим киши ҳақида сўради. Уни бир роҳибга йўлланди. Бас, у анинг олдига бориб, ўзининг тўқсон тўққиз жонни ўлдирганини айтиб, тавба қилса бўладими-йўқлигидан сўради. У бўлмаслиги айтди. Шунда у ани ҳам ўлдириб, юзтага етказди. Кейин ер юзидаги энг олим киши ҳақида сўради. Уни бир олим кишига йўлланди. Бас, у анинг олдига бориб, ўзининг юзта жонни ўлдирганини айтиб, тавба қилса бўладими-йўқлигидан сўради. У (тавба қилса) бўлишини ва у билан тавбанинг орасини ҳеч ким тўсмаслигини айтди. Сўнгра: «Фалон ерга бор. У ерда Аллоҳга ибодат қилаётган одамлар бор. Улар билан бирга Аллоҳга ибодат қил. Ўз ерингга қайтма. Чунки, у ёмон ердир», – деди.
У жўнаб кетди. У ярим йўлга етганида, унга ўлим етди. Раҳмат фаришталари билан азоб фаришталари уни талашиб қолдилар. Раҳмат фаришталари:
«У тавба қилиб, қалби ила Аллоҳ таоло томон келди», – дедилар.
Азоб фаришталари:
«У ҳеч ҳам яхшилик қилган эмас», – дедилар.
Уларнинг олдига бир фаришта одам сувратида келди. Улар уни ораларида (ҳакам) қилдилар. Бас, у:
«Икки ер орасини ўлчаб кўринглар. Қай бирига яқин бўлса, у ўшаники бўлади», – деди.
Ўлчашганда унинг ўзи ирода қилган ерга яқин чиқди. Уни раҳмат фаришталари олдилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

1042. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Барча одам боласи хатокорлардир. Хатокорларнинг яхшиси сертавбалардир», – дедилар».
Термизий, Ибн Можа ва Ҳоким ривоят қилишган.

1043. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Нафсим қўлида бўлган Зот ила қасамки, агар гуноҳ қилмасангиз, Аллоҳ сизларни кетказиб, ўрнингизга гуноҳ қилиб истиғфор айтадиган бир қавмни келтирур ва уларни мағфират қилур», – дедилар».
Муслим ривоят қилган.

1044. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Роббиларидан ҳикоя қилароқ дедилар:
«Банда гуноҳ қилди ва:
«Аллоҳим, гуноҳимни мағфират қилгин», – деди.
Шунда У зот таборака ва таоло:
«Бандам гуноҳ қилди. Сўнгра ўзининг гуноҳини мағфират қиладиган ва гуноҳ туфайли муохаза қиладиган Робби борлигини билди», – дейди.
Сўнгра у яна қайта гуноҳ қилди ва:
«Роббим, гуноҳимни мағфират қилгин», – деди.
Шунда У зот таборака ва таоло:
«Бандам гуноҳ қилди. Сўнгра ўзининг гуноҳни мағфират қиладиган ва гуноҳ туфайли муохаза қиладиган Робби борлигини билди», – дейди.
Сўнгра у яна қайта гуноҳ қилди ва:
«Роббим, гуноҳимни мағфират қилгин», – деди.
Шунда У зот таборака ва таоло:
«Бандам гуноҳ қилди. Сўнгра ўзининг гуноҳини мағфират қиладиган ва гуноҳ туфайли муохаза қиладиган Робби борлигини билди. Хоҳлаганингни қилавер, батаҳқиқ, сени мағфират қилдим», – дейди».
Муслим ривоят қилган.

1045. Жундаб ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бир киши: «Аллоҳга қасамки, Аллоҳ фалончини мағфират қилмайди», деса, Аллоҳ таоло: «Фалончини мағфират қилмаслигим ҳақида қасам ичаётган ким ўзи?! Батаҳқиқ, Мен фалончини мағфират қилдим ва сенинг амалингни беҳуда қилдим», –  дейди», – дедилар».
Муслим ривоят қилган.

1046. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Бир киши ўзига зулм қилди. Ўлими ҳозир бўлганда болаларига: «Қачон ўлсам, мени куйдиринглар. Сўнгра кулимни шамолга, денгизга учириб юборинглар. Аллоҳга қасамки, Роббим менга тақдир қилган бўлса, мени ҳеч кимни азобламаган азоб ила азоблайди», – деди. Уни ана шундай қилишди. Бас, У зот ерга: «Олган нарсангни қайтар!» – деди. Қарабсанки, у тик турибди. Шунда У зот унга:
«Сени бундай қилишга нима ундади?» – деди.
«Сендан қўрқиш, ё Роббим!» – деди.
Шунинг учун уни мағфират қилди».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

1047. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бирортангиз ўзига етган зарар туфайли ўлимни орзу қилмасин. Агар ўлим тилашдан бошқа иложи қолмаса:
«Аллоҳим, модомики, тириклик менга яхши бўлса, мени тирик қолдир. Қачон менга вафот этиш яхши бўлса, мени вафот эттир», десин», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

1048. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Бирортангиз ўлимни орзу қилмасин. Агар яхшилардан бўлса, шояд, (амали) зиёда бўлса. Агар ёмонлардан бўлса, шояд, қайтса».
Бухорий ривоят қилган.
Бошқа ривоятда:
«Бирортангиз ўлимни орзу қилмасин. У унга келмасидан уни чақирмасин. Албатта, бирингиз ўлса, амали кесилади. Албатта, мўминга умри яхшиликдан бошқани зиёда қилмайди», дейилган.


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио