Расулуллоҳ с.а.в

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

Дуолар ва зикрлар китоби

993. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳнинг бир тоифа фаришталари бор. Улар йўлларда айланиб аҳли зикрларни излаб юрадилар. Қачон улар Аллоҳни зикр қилаётган қавмни топсалар: «Ўзингиз истаган нарсага келинглар», – деб нидо қиладилар. Бас, уларни қанотлари билан ўраб олиб дунё осмони баробар бўлиб турадилар.
Шунда Роббилари Ўзи билиб турса ҳам:
«Бандаларим нима демоқдалар?» – дейди.
«Сенга тасбиҳ, такбир, ҳамд айтмоқдалар ва Сени улуғламоқдалар», – дейдилар.
«Улар мени кўрганларми?» – дейди.
«Йўқ. Аллоҳга қасамки, Сени кўрганлари йўқ», – дейдилар.
«Агар Мени кўрганларида, қандоқ бўларди?» – дейди.
«Агар улар Сени кўрганларида, яна ҳам қаттиқроқ ибодат қилардилар, Сени яна ҳам қаттироқ улуғлардилар ва Сенга яна ҳам қаттиқроқ тасбиҳ айтардилар», – дейдилар.
«Мендан нимани сўрамоқдалар?» – дейди.
«Сендан жаннатни сўрамоқдалар», – дейдилар.
«Улар уни кўрганмилар?» – дейди.
«Йўқ. Аллоҳга қасамки, ё Робб, улар уни кўрмаганлар», – дейдилар.
«Агар улар уни кўрганларида қандоқ бўларди?» – дейди.
«Агар улар уни кўрганларида, унга яна ҳам қаттиқроқ ҳирс қўярдилар, уни яна ҳам қаттироқ талаб қилардилар ва унга яна ҳам қаттиқроқ рағбат қилардилар», – дейдилар.
«Улар нимадан паноҳ тиламоқдалар?» дейди.
«Дўзахдан», – дейдилар.
«Улар уни кўрганмилар?» – дейди.
«Йўқ. Аллоҳга қасамки, улар уни кўрмаганлар», – дейдилар.
«Агар улар уни кўрганларида қандоқ бўларди?» – дейди.
«Агар улар уни кўрганларида, ундан яна ҳам қаттиқроқ қочардилар, ундан яна ҳам қаттироқ қўрқардилар», – дейдилар.
«Мен сизларни гувоҳ қилиб айтаманки, албатта, уларни мағфират қилдим», – дейди.
Шунда фаришталардан бир фаришта:
«Уларнинг ичида фалончи бор. У улардан эмас. У ўзининг ҳожати учун келган, холос», – дейди.
«Улар ҳаммажлислар. Уларнинг ҳаммажлислари ҳам бадбахт бўлмас», – дейди», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

994. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Уч нафар киши йўлда кетаётган эканлар, ёмғирда қолибдилар. Тоғдаги ғорга кириб олибдилар. Бас, уларнинг ғорига тоғдан бир харсанг тушиб, чиқар йўлларини тўсиб қолибди. Улар бир-бирларига:
«Аллоҳ учун қилган солиҳ амалларингизга бир назар солиб, уларни васийла қилиб, Аллоҳга дуо қилинглар, шоядки, сизларга кушойиш берса», дебдилар.
Улардан бири:
«Аллоҳим! Албатта, менинг қари ота-онам бор эдилар. Менинг кичик ёшдаги болаларим ҳам бор эди. Уларнинг барчасининг риоясини қилардим. Уларнинг олдига қайтиб келсам, сут соғиб, болаларимдан олдин ота-онамга ичирар эдим. Бир куни кеч қолиб, кечасигача кела олмадим. Келиб, икковларининг ухлаб қолганларини кўрдим. Одатдагидек сут соғдим ва ота-онам икковларининг бош тарафларида уйғотиб юбормай деб кутиб турдим. Болаларга ичиришни ҳам эп кўрмадим. Болалар очликдан оёғим остида қичқиришар эди. Тонг отгунча шу ҳолда турдим. Агар сен шу ишда Сенинг розилигингни тилаб қилганимни билсанг, бизга бир тирқиш очгин, осмонни кўрайлик», – деди.
Бас, Аллоҳ тирқиш очди. Ундан осмонни кўрдилар.
Бошқаси эса: «Аллоҳим! Мен амакимнинг қизига эркаклар аёлларга энг ашаддий муҳаббат қўйишларидек муҳаббат қўйган эдим. Бас, ундан талаб қилдим. У (қиз) бош тортди. У ўзига юз дийнор беришимни сўради. Мен пулни жамлаб келиб, уни ушлаб икки оёғи орасига тушдим. Шунда қиз:
«Эй, Аллоҳнинг бандаси! Аллоҳдан қўрқ! Узукни ҳаққини бермасдан очма!» – деди.
Мен ўрнимдан турдим. Агар шу ишни Сенинг розилигингни тилаб қилганимни билсанг, бизга яна ҳам каттароқ тирқиш оч», – деди.
Бас, яна тирқиш очди.
Учинчи шахс: «Аллоҳим! Мен бир фарақ гуручга мардикор ёллаган эдим. У ишни бажариб бўлганидан сўнг:
«Ҳақимни бер», – деди.
Мен унга ҳақини кўрсатдим. У олишга рағбат қилмади. Мен ўша гуручни экишда давом этавердим. Ундан бир қанча сигир ва молбоқарлар орттирдим. У қайтиб келиб:
«Аллоҳдан қўрқ!» – деди.
Мен унга:
«Анави сигирлар молбоқарлари билан сеники, олавер», – дедим.
«Аллоҳдан қўрқ! Мени истеҳзо қилма!» – деди.
«Сени истеҳзо қилаётганим йўқ, олавер», – дедим.
У олди. Агар мен шу ишни Сенинг розилингни тилаб қилганимни билсанг, қолган қисмини ҳам очиб юбор», – деди.
Бас, харсанг очилди ва чиқиб, юриб кетдилар».
Бухорий ривоят қилган.

995. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Дуо азон билан иқома орасида рад қилинмас», – дедилар».
Абу Довуд, Термизий, Ибн Хузайма ва Ибн Ҳиббон ривоят қилишган.

996. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Банда Роббига энг яқин бўладиган пайт у саждада турганидадир. Бас, дуони кўпайтиринглар», – дедилар».
Муслим ривоят қилган.

997. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Уч тоифанинг дуолари рад қилинмас: рўзадорники, то оғзини очгунча; одил имомники; мазлумнинг дуосини Аллоҳ булут устига кўтаради ва унга осмон эшикларини очади. Сўнгра Робб: «Иззатим ила қасамки, сенга кейинроқ бўлса ҳам нусрат берурман» дейди», – дедилар».
Термизий, Ибн Можа, Ибн Ҳиббон ривоят қилишган.
Бошқа ривоятда:
«Уч дуо мустажобдир. Уларда шак йўқ: ота-онанинг дуоси; мусофирнинг дуоси ва мазлумнинг дуоси», дейилган.
Абу Довуд, Термизий ва Ибн Ҳиббон ривоят қилишган.

998. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муъозни Яманга юбордилар ва: «Мазлумнинг дуосидан қўрқ. Чунки, у билан Аллоҳнинг орасида парда йўқдир», – дедилар».
Бухорий ривоят қилган.

999. Фазола ибн Убайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишининг намозда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтмасдан дуо қилаётганини эшитдилар. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Манави шошилди», – дедилар ва уни чақириб унга ва бошқаларга:
«Қачон бирингиз намоз ўқиса, Аллоҳга ҳамду сано айтиш ила бошласин, кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтсин. Сўнгра истаган дуосини қилсин», – дедилар».
Абу Довуд, Термизий, Насаий, Ибн Хузайма, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривоят қилишган.

1000. Абу Масъуд Бадрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд ибн Убоданинг мажлисида ўтирганимизда олдимизга келдилар. Шунда Башийр ибн Саъд у зотга:
«Аллоҳ таоло бизни сизга саловот айтишга амр қилди, ё Расулаллоҳ. Сизга саловотни қандай айтамиз», – деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сукут сақладилар. Биз, сўрамаса бўлар экан, дедик. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳумма солли алаа Муҳаммадин ва ала Оли Муҳаммадин. Камо соллайта алаа Оли Иброҳима. Ва баарик алаа Муҳаммадин ва алаа Оли Муҳаммадин камаа баракта алаа Оли Иброҳима. Фил оламийна. Иннака ҳамийдун мажийд. Саломни биласизлар», – дедилар».
Муслим ривоят қилган.

1001. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бирингиз дуо қилса, азму қарор ила сўрасин. «Аллоҳим, истасанг бергин» демасин. Чунки, У зотни мажбур қилувчи йўқ», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

1002. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳунинг ўғилларидан биридан ривоят қилинади:
«Менинг «Аллоҳим, Сендан жаннатни, унинг неъматларини, унинг шодонлигини ва унисини ва бунисини сўрайман. Сендан дўзахдан, унинг занжирларидан, кишанларидан, унисидан, бунисидан паноҳ сўрайман» деяётганимини эшитиб қолиб, отам:
«Эй, ўғлим, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Тезда дуода санайдиган қавм бўладир», деганларини эшитганман. Ўшалардан бўлиб қолишдан сақлан. Агар сенга жаннат берилса, албатта, сенга уни ҳам, унинг ичидаги яхши нарсаларни ҳам берилган бўлади. Агар сен дўзахдан сақланган бўлсанг, ундан ҳам, унинг ичидаги ёмон нарсалардан ҳам сақланган бўласан», – деди».
Абу Довуд, Ибн Можа, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривоят қилишган.

1003. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳой одамлар! Албатта, Аллоҳ покизадир ва покизадан бошқани қабул қилмас. Албатта, Аллоҳ мўминларни Расулларни амр қилган нарсага амр қилди: «Эй Набийлар! Пок нарсалардан енглар ва солиҳ амаллар қилинглар. Албатта, Мен нима амал қилаётганингизни ўта билгувчиман», – деди. Ва: «Эй мўминлар! Биз ризқ қилиб берган пок нарсалардан енглар», – деди.
Сўнг бир кишини зикр қилдилар: Узоқ сафар қилади. Ҳориб-чарчайди. Чангу ғуборга бурканади. Икки қўлини чўзиб: «Эй Роббим, эй Роббим», – дейди. Ҳолбуки, таоми ҳаромдир, шароби ҳаромдир, либоси ҳаромдир, ҳаромдан ғизолангандир. Бас, қандоқ ҳам унга ижобат қилинсин», – дедилар».
Муслим ривоят қилган.

1004. Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга сафарда эдик. Одамлар овоз чиқариб такбир айта бошладилар. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳой одамлар! Ўзингизни авайланг. Сизлар кар ёки ғойибга дуо қилаётганингиз йўқ. Ўта эшитувчи ва яқин Зотга дуо қилмоқдасиз. У сиз билан», – дедилар.
Мен у зотнинг орқаларида эдим ва «Лаа ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳи» дер эдим. Бас, у зот:
«Ҳой, Абдуллоҳ ибн Қайс! Сени жаннат хазийналаридан бир хазийна бўлган калимага далолат қилайми?!» – дедилар
«Ҳа, ё Расулаллоҳ», – дедим.
«Лаа ҳавла ва лаа қуввата илаа биллаҳи», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

1005. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сизнинг бирингиз, модомики, шошилиб «Дуо қилдим, ижобат бўлмади» демасагина, унга ижобат қилинади», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

1006. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ўзингизни дуоибад қилманг. Авлодларингизни дуоибад қилманг. Ходимларингизни дуоибад қилманг. Молу дунёнгизни дуоибад қилманг. Яна Аллоҳдан беришга ноил бўлган соатга тўғри келиб қолиб, сизга ижобат бўлиб қолмасин», – дедилар».
Муслим ва Абу Довуд ривоят қилишган.

1007. Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мусулмон ўз биродарига ғойибдан дуо қилса, фаришталар: «Омийн! Сенга ҳам ўшандоқ бўлсин!» – дейди», – дедилар».
Муслим ва Абу Довуд ривоят қилишган.

1008. Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишининг: «Эй, Аллоҳим! Мен сендан сўрайман. Мен, албатта, Сенинг Аллоҳ эканлигингга, Сендан ўзга илоҳу маъбуд йўқлигига, Сен Аҳаду Сомадлигингга, туғмаган ва туғилмаган ҳамда тенги йўқ зот эканлигингга шаҳодат келтираман», деганини эшитиб:
«Батаҳқиқ, Аллоҳдан у билан сўралса, берадиган ва дуо қилинса, ижобат қиладиган исм ила сўрадинг», – дедилар».
Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривоят қилишган.

1009. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳим! Менга ишимнинг боши бўлган дийнимни ислоҳ қилгин. Менга унда маошим бўлган дунёмни ислоҳ қилгин. Менга унда қайтар жойим бўлган охиратимни ислоҳ қилгин. Менга ҳаётни ҳар бир яхшиликда зиёда қилгин. Менга ўлимни ҳар бир ёмонликдан роҳат қилгин», – дер эдилар».
Муслим ривоят қилган.

1010. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аксари дуолари: «Роббанаа аатинаа фиддуня ҳасанатан ва фил охирати ҳасанатан ва қинаа азабан наари», эди».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

1011. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Абу Бакр розияллоҳу анҳу: «Ё Расулаллоҳ! Менга эрталаб, кечқурун айтиб юрадиган сўзларимни амр қилинг», – деди.
Шунда у зот:
«Аллоҳумма, фотирос самааваати вал арзи, олимал ғайби ваш-шаҳаадати, робба кулли шайъин ва малийкаҳу. Ашҳаду ан лаа илааҳа иллаа анта. Аъуузу бика мин шарри нафсий ва шарриш-шайтони ва ширкиҳи», деб айт. Уларни эрталаб бўлганда ҳам, кечқурун ҳам ва ётар жойингни олганингда ҳам айт», – дедилар».
Абу Довуд, Термизий, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривоят қилишган.

1012. Абу Аййаш Зурақий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«Ким тонг отганда ўн марта «Лаа илааҳа Иллаллоҳу, ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду, юҳъйи ва юмийту ва ҳува алаа кулли шайъин қодийр» деса, валади Исмоилдан бир жонни озод қилгандек бўлади. Унга ўнта ҳасана битилади ва ундан ўнта ёмонлик ўчирилади. Бу унга ўша куни шайтондан сақлаш бўлади. Ўша ҳол кеч киргунча давом этади. Агар кеч киритганда уни айтса, унга ўшанча нарса тонг отгунча бўлади».   
Абу Довуд, Ибн Можа ва Ибн Ҳиббон ривоят қилишган.

1013. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон кечқурун бўлса: «Амсайна ва амсал мулку лиллааҳи, вал ҳамду лиллааҳи, лаа илааҳа Иллаллоҳу, ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува алаа кулли шайъин қодийр. Робби асъалука хойра маа фий ҳазиҳил лайлати ва хойра маа баъдаҳаа ва аъузу бика мин шарри маа фий ҳазиҳил лайлати ва шарри маа баъдаҳаа. Роббий аъуузу бика минал касали ва суъил кибари. Роббий аъуузу бика мин азабин финнари ва азабин фил қабри», – дер эдилар.
Қачон субҳ бўлганда «Асбаҳна ва асбаҳал мулку лиллааҳи», – деб худди шуни айтар эдилар».
Муслим ривоят қилган.

1014. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Қай бир банда ҳар куннинг тонгида ва ҳар кечанинг аввалида уч марта «Бисмиллаҳиллазий лаа язурру маъа исмиҳи шайъун фил арзи ва лаа Фис-самааи ва ҳувас-самийъул алийм»ни айтса, унга ҳеч нарса зарар қилмайди».
Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривоят қилишган.

1015. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким эрталаб ва кечқурун бўлганда «Розийнаа биллааҳи Роббан ва бил Ислами дийнан ва би Муҳаммадин Расулан» деса, албатта, Аллоҳ учун Қиёмат куни уни рози қилиш ҳаққ бўлур», – дедилар».
Абу Довуд ва Ҳоким ривоят қилишган.

1016. Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким тонг оттирганда ва кеч киритганда «Аллоҳим! Сен Роббимсан! Сендан ўзга илоҳу маъбуд йўқ. Сен мени халқ қилдинг. Мен Сенинг бандангман. Мен қодир бўлганимча Сенинг аҳдинг ва ваъдангдаман. Сендан ўзим қилган нарсаларнинг шарридан паноҳ тилайман. Сенинг менга берган неъматингни эътироф қиламан. Сенга гуноҳларимни ҳам эътироф қиламан. Мени мағфират қил. Сендан бошқа ҳеч бир зот гуноҳларни мағфират қилмас» деса, ўша куни ёки кечаси ўлса, жаннатга киради», – дедилар».
Абу Довуд, Ибн Можа ва Ибн Ҳиббон ривоят қилишган.

1017. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кечқурун бўлганда ҳам, субҳ кирганда ҳам ушбу дуоларни қўймас эдилар: «Аллоҳумма, инний асъалукал афва вал офията фиддийни вад-дуня вал охира. Аллоҳумма, инний асъалукал афва вал офията фий дийний ва дуняя ва аҳлии ва молий. Аллоҳумма устур авротии ва омин равъотии. Аллоҳумма иҳфазний мин байни ядайя ва мин холфий ва ан ямийний ва ан шимаалий ва мин фовқий. Ва аъуузу би азаматика ан уғтаала мин таҳтий».
Абу Довуд, Ибн Можа, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривоят қилишган.

1018. Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон кечаси жойларига ётсалар, қўлларини юзлари остига қўяр ва:
«Аллоҳумма, бисмика аҳъя ва амуту», – дер эдилар.
Қачон уйғонсалар:
«Алҳамду лиллаҳиллазий аҳъянаа баъда маа аматанаа ва илайҳин-нушуур», – дер эдилар».
Бухорий ривоят қилган.

1019. Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:
«Қачон ётоғингдан жой олмоқчи бўлсанг, намозга қиладиганингдек тоҳарат қил. Сўнг ўнг томонинг ила ёнбошла ва: «Аллоҳим, Сенга нафсимни таслим қилдим. Сенга ишимни топширдим. Сенга рағбат қилиб, Ўзингдан қўрқиб ўзимни паноҳингга олдим. Сенинг Ўзингдан ўзга паноҳ ҳам, нажот ҳам йўқ. Нозил қилган китобингга ва юборган Набийингга иймон келтирдим», дегин. Агар ўша тунингда ўлсанг, фитратда ўласан. Бас, уларни охири айтган нарсанг қилгин», – дедилар.
«Эслаб олай, юборган Расулинггамиди?» – дедим.
«Йўқ. Юборган Набийингга», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

1020. Ҳузайфа ибн Ямон ва Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ухламоқчи бўлсалар, қўлларини бошлари остига қўяр ва:
«Аллоҳим, бандаларингни жамлайдиган ёки қайта тирилтирадиган кунингда мени азобингдан сақлагин», – дер эдилар».
Термизий ва Ибн Ҳиббон ривоят қилишган.

1021. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Киши уйидан чиқаётганда: «Бисмиллаҳи, таваккалту алаллоҳи, ва лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳи», деса, ўша пайтда унга: «Сенга етади, ҳидоят қилиндинг, кифоя қилиндинг ва сақландинг», дейилади. Шайтон ундан четланади. Бошқа бир шайтон ўша шайтонга: «Ҳидоят қилинган, кифоя қилинган ва сақланган одам билан ҳолинг қандай?» – дейди».
Абу Довуд, Термизий ва Ибн Ҳиббон ривоят қилишган.

1022. Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон уйларидан чиқсалар, албатта, кўзларини осмонга кўтариб: «Аллоҳумма, инний аъуузу бика ан азилла ав узалла ав азилла ав узалла ав азлима ав узлама ав ажҳала ав южҳала алайя», – дер эдилар».
Абу Довуд, Насаий, Ибн Можа ва Ҳоким ривоят қилишган.

1023. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким бир мажлисда ўтириб, унинг беҳуда гапи кўпайиб кетса ва мажлисидан туришдан олдин «Субҳанакаллоҳумма ва биҳамдика ашҳаду аллаа илааҳа илла анта астағфирука ва атубу илайка», деса, унинг ўша мажлисдаги гуноҳлари кечирилади», – дедилар».
Термизий ва Ибн Ҳиббон ривоят қилишган.

1024. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам урушдан, ёки ҳаж ва умрадан қайтсалар ҳар тепаликка етганларида уч марта такбир айтар ва сўнгра «Лаа илааҳа Иллаллоҳу, ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува алаа кулли шайъин қодийр. Ойибуна, таибуна, аабидуна, саажидуна ва лироббинаа ҳаамидун. Содақаллоҳу ваъдаҳу ва насаро абдаҳу ва ҳазамал аҳзаба ваҳдаҳу», – дер эдилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

1025. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарга чиқиб туяларига минганларида уч марта такбир айтар ва:
«Субҳаналлазий саххара ланаа ҳаза. Ва маа куннаа лаҳу муқринийн ва иннаа ила роббинаа ламунқолибун. Аллоҳумма иннаа насъалука фий сафаринаа ҳаза ал-бирра ват-тақва ва минал амали маа тарзаа. Аллоҳумма, ҳаввин алайнаа сафарана ҳаза ва итвиъ аннаа буъдаҳу. Аллоҳумма, анта соҳибу фис-сафар вал халийфату фил аҳл. Аллоҳумма, иннии аъуузу бика мин ваъсаис-ссафари ва каобатил манзари ва суъул мунқолаби фил мали вал аҳли», – дер эдилар.
Қачон қайтсалар ҳам шуларни айтардилар ва «Ойибуна, таибуна, аабидуна ва лироббинаа ҳаамидун»ни зиёда қилар эдилар».
Муслим ривоят қилган.

1026. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«У киши сафарни ирода қилган одамга: «Менга яқин кел. Сен билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биз ила видолашганларидек видолашиб қўяй. Ул зот: «Аставдиъуллоҳа дийнака ва амонатака ва хавотийма аъмолика», деб айтардилар», – дерди».
Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа, Ибн Хузайма ва Ҳоким ривоят қилишган.

1027. Хавла бинти Ҳаким розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким бир манзилга тушгандан кейин «Аъуузу бикалиматиллаҳит-тааммаати мин шарри маа холақа» деса, унга ўша манзилдан жўнаб кетгунича бирор нарса зарар қилмайди», – дедилар».
Муслим ривоят қилган.

1028. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мушкил вақтда:
«Лаа илааҳа Иллаллоҳул Азиймул Ҳалийм. Лаа илааҳа Иллаллоҳу Роббул аршил азийм. Лаа илаҳа иллаллоҳу Роббус-самавати ва Роббул арзи ва Роббул аршил карийм», – дер эдилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

1029. Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам есалар ёки ичсалар:
«Бизни таомлантирган, сероблантирган ва мусулмонлардан қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин», – дер эдилар».
Абу Довуд, Термизий ва Ибн Можа ривоят қилишган.

1030. Абу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон дастурхонлари йиғиштирилса:
«Аллоҳга кўп, пок, муборак ҳамд бўлсин. Ундан ўзга кифоячи йўқ. У тарк қилинган ҳам эмас. Ундан беҳожат ҳам бўлинмас. Роббимиз», – дер эдилар»
Бухорий ривоят қилган.

1031. Муъоз Ибн Анас розияллоҳу анҳудан ривоят:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким таом еса-ю,  кейин: «Шуни менга, менинг куч-қувватимсиз, таом қилиб ва ризқ қилиб берган Аллоҳга ҳамд бўлсин», деса, ўзининг олдинги гуноҳларидан мағфират бўлгай», – дедилар».
Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа ва Ҳоким ривоят қилишган.

1032. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Албатта, Аллоҳ банда таомни еб унинг учун У зотга ҳамд айтмоғидан ёки шаробни ичиб унинг учун У зотга ҳамд айтмоғидан рози бўлур».
Муслим ривоят қилган.

1033. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачонки халога кирсалар:
«Аллоҳумма аъуузу бика минал хубуси вал хабаиси» – («Аллоҳим, сендан эркак ва урғочи ифлослар (шайтонлар)дан паноҳ тилайман)», – дер эдилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

1034. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам халодан чиққанларида, «Ғуфронака», – дер эдилар».
Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа, Ибн Хузайма, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривоят қилишган.

1035. Абу Ҳумайд ёки Абу Усайд розияллоҳу анҳудан ривоят  қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон бирингиз масжидга кирса: «Аллоҳумма, ифтаҳ лий абваба роҳматика», десин. Бас, агар чиқадиган бўлса: «Аллоҳумма, инний асъалука мин фазлика», десин», – дедилар».
Муслим ривоят қилган.
Бошқа ривоятда:
«Киришда «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салом берсин. Сўнгра...» зиёда қилинган.

1036. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шамол турса: «Аллоҳим! Мен Сендан унинг хайрини, ундаги нарсанинг хайрини ва у ила юборилган нарсанинг хайрини сўрайман. Мен Сендан унинг шарридан, ундаги нарсанинг шарридан ва у ила юборилган нарса шарридан паноҳ сўрайман», – дер эдилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

1037. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Дуоларнинг яхшиси, Арафот куни дуосидир. Мен ва мендан олдинги Набийлар айтган  нарсанинг яхшиси «Лаа илааҳа Иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува алаа куллий шайъин қодийр»дир», – дедилар».
Термизий ривоят қилган.

1038. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бир киши акса урса, «Алҳамдулиллаҳ» десин.
Буни эшитган биродари ёки соҳиби унга «Ярҳамукаллоҳ» десин. Унга «Ярҳамукаллоҳ» деса, у «Яҳдийкумуллоҳ ва йуслиҳу баалакум» десин», – дедилар».
Бухорий ривоят қилган.


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио