Расулуллоҳ с.а.в

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари фазийлатлари

940. Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Менинг саҳобаларимни сўкманглар! Сизлардан бирингиз Уҳуд мислича олтин нафақа қилса ҳам, уларнинг бирининг муддига ёки ярим муддига ета олмас», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

941. Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Шом намозини ўқидик. Сўнгра: «Хуфтонни ўқигунча ўтириб турайлик», дедик. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимизга чиқдилар ва:
«Ҳали ҳам шу ердамисизлар?» – дедилар.
«Ҳа, ё Расулаллоҳ, Хуфтонни ўқигунча ўтириб турайлик, дедик», – деб жавоб бердик.
«Яхши қилибсизлар ёки тўғри қилибсизлар», – дедилар у зот. Сўнгра бошларини осмонга кўтардилар. Кўпинча шундоқ қилар эдилар. Кейин у зот:
«Юлдузлар осмоннинг ишончларидир. Қачон юлдузлар кетса, осмонга унга таҳдид қилинган нарса келадир. Мен саҳобаларимнинг ишончлариман. Қачон мен кетсам, саҳобаларимга уларга таҳдид қилинган нарса келадир. Саҳобаларим умматимнинг ишончларидир. Қачон саҳобаларим кетсалар, умматимга уларга таҳдид қилинган нарса келадир», – дедилар».
Муслим ривоят қилган.

943. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Абу Бакр, Умар, Усмон, Али, Толҳа, Зубайр Ҳиро тоғи устида эдилар. Бас, харсанг қимирлаб кетди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳиро, собит бўл, устингда Набий, сидиқ ва шаҳиддан бошқа ҳеч ким йўқ», – дедилар».
Муслим ривоят қилган.

944. Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ўтирган эдим. Бирдан, Абу Бакр кийимининг бир тарафини кўтариб олган ҳолда келиб қолди. Ҳатто тиззасини ҳам очиб олган эди.
Бас, Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аммо, соҳибингиз шиддатга тушибди», – дедилар.
У келиб салом берди ва:
«Мен билан Ибн Хаттобнинг орасида бир гап ўтган эди. Сал тезлик қилиб қўйдим. Сўнгра надомат қилиб мени кечиришини сўрадим. У бош тортди. Энди сизга келдим», – деди.
Ул зот уч марта:
«Аллоҳ сени мағфират қилур, эй Абу Бакр», – дедилар.
Кейин Умар ҳам надомат қилди ва Абу Бакрнинг уйига бориб:
«Абу Бакр борми?» – деди.
«Йўқ», – дейишди.
Бас, у Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб салом берди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзлари (ғазабдан) бошқача бўла бошлади. Ҳаттоки, Абу Бакр қўрқиб кетди ва чўккалаб олиб:
«Ё Расулаллоҳ, Аллоҳга қасамки, мен икки карра золимроқ бўлган эдим», – деди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам икки марта:
«Аллоҳ мени сизларга юборганда, сизлар менга: ёлғон айтдинг, дедингиз. Абу Бакр, рост айтдингиз, деди. Ўзи сизлар менга ўз соҳибимни тарк қиласизларми, йўқми?!» – дедилар.
Шундан сўнг унга ҳеч озор берилмади».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

945. Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга хутба қилиб:
«Албатта, Аллоҳ бир бандага  ё дунёни, ё Ўзининг ҳузуридаги нарсани танлаш ихтиёрини берди. Ҳалиги банда Аллоҳнинг ҳузуридаги нарсани ихтиёр қилди», – дедилар.
Шунда Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу йиғлади. Ўзимча, Аллоҳ бир бандага  ё дунёни, ё Ўзининг ҳузуридаги нарсани танлаш ихтиёрини берганда, банда Аллоҳнинг ҳузуридаги нарсани ихтиёр қилса, бу чол нимага йиғлайди, дедим.  Кейин билсак, ихтиёр берилган зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эканлар. Абу Бакр ичимизда буни энг яхши биладиганимиз экан.
Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳой, Абу Бакр, йиғлама! Одамлар ичида мен учун суҳбатида ва молида энг ишончлиси Абу Бакрдир. Агар мен ўзим учун умматимдан халийл тутадиган бўлсам, албатта, Абу Бакрни тутар эдим. Лекин Ислом биродарлиги ва муҳаббатидир. Масжидда ҳеч бир эшик қолмасдан ҳаммаси беркитилсин. Илло, Абу Бакрнинг эшиги бундан мустасно», – дедилар».
Муслим ривоят қилган.

946. Жундаб ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлимларидан беш кун олдин:
«Мен Аллоҳ ҳузурида сизлардан халийлим борлигидан ўзимни поклайман. Чунки, Аллоҳ таоло Ўзига худди Иброҳимни халийл қилганидек, мени ҳам халийл қилиб олди. Агар умматимдан халийл оладиган бўлсам, Абу Бакрни халийл қилиб олган бўлар эдим. Огоҳ бўлинглар, сиздан олдин ўтганлар Анбиёлари ва солиҳларининг қабрларини масжидлар қилиб олар эдилар. Огоҳ бўлинглар, қабрларни масжидлар қилиб олманглар. Албатта, мен сизларни бундан қайтараман», – дедилар».
Муслим ривоят қилган.

947. Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бемор бўлиб, оғирлашиб қолдилар. Бас, у зот:
«Абу Бакрга амр қилинглар, одамларга намозга ўтсин», – дедилар. Оиша:
«У юмшоқ одам, агар сизнинг мақомингизга турса, одамларга намоз ўқиб бера олмайди», – деди. Ул зот:
«Абу Бакрга амр қилинглар, одамларга намозга ўтсин», – дедилар. (Оиша) яна гапини қайтарди. Бас, у зот (унга):
«Абу Бакрга айт. Одамларга намоз ўқиб берсин. Албатта сиз(аёл)лар Юсуфнинг соҳибаларисиз», – дедилар.
Бас, унга хабарчи келди ва у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётликларида одамларга намозга ўтди».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

948. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Уйқумда ўзимни жаннатда кўрдим. Қарасам, бир аёл қасрнинг ёнида тоҳарат қилмоқда. Мен:
«Бу қаср кимники?» – дедим.
«Умарники», – дедилар. Унинг рашкини эслаб орқамга қайтдим», – дедилар.
Абу Ҳурайра айтди: «Умар йиғлади, биз – ўша мажлисдагилар ҳам йиғладик. Сўнгра Умар:
«Сиздан рашк қилармидим, ё Расулаллоҳ?» – деди».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

949. Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Зоти Салосил аскарига бошлиқ қилдилар. Қайтиб келганда:
«Ё Расулаллоҳ, одамларнинг қайсиси сиз учун энг маҳбубдир?» – дедим.
«Оиша», – дедилар.
«Эркаклардан-чи?» – дедим.
«Унинг отаси», – дедилар.
«Сўнгра ким?» – дедим.
«Сўнгра Умар ибн Хаттоб», – дедилар ва бир неча одамларни санадилар».
Бухорий ривоят қилган.

950. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сиздан олдин ўтган умматларда илҳомланганлар бўлар эди. Агар менинг умматимда бирорта ўшандоқ одам бўлса, Умар бўларди», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

951. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Умар мусулмон бўлган кундан бошлаб азиз бўлдик».

952. Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Уйқумда одамларнинг менга намойиш қилинганини кўрдим. Устиларида кўйлаклари бор. Улардан кўкраккачаси ҳам бор. Баъзилари ундан узунроқ. Умар ибн Хаттоб ўтиб қолди. Унинг эгнида судраб кетаётган кўйлаги бор эди», – дедилар.
«Ё Расулаллоҳ, уни нимага таъвийл қилдингиз?» – дедилар.
«Дийнга», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

953. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Уйқумда менга қадаҳ берилганини кўрдим. Унда сут бор эди. Ундан ичдим. Ҳаттоки, ичилган нарсанинг тирноқларимда оқиб кетаётганини кўрдим. Сўнгра ўзимдан ортиб қолганини Умар ибн Хаттобга бердим», – дедилар.
«Ё Расулаллоҳ, уни нимага таъвийл қилдингиз?» – дедилар.
«Илмга», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

954. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Умар айтди:
«Роббимга уч нарсада мувофиқ келдим: «Ё Расулаллоҳ, мақоми Иброҳимдан намозгоҳ қилиб олсак яхши бўларди», – дедим. Бас, «Ва мақоми Иброҳимдан намозгоҳ олинглар» ояти нозил бўлди. «Ё Расулаллоҳ, аёлларингизни ҳижобга амр қилсангиз, яхши бўлар эди. Чунки, уларнинг ҳузурларига яхши ҳам, ёмон ҳам киради», деган эдим, ҳижоб ояти нозил бўлди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари у зотга рашк қилиб жамландилар. Мен уларга: «Шоядки, агар у зот сизларни талоқ қилсалар, Робби сиздан яхшироқ жуфтларни алмаштириб берса», – дедим. Бу ҳақда оят нозил бўлди».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

955. Мисвар ибн Махрама розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Умар чавақланганда, алам чека бошлади. Бас, Ибн Аббос унга худди уни куйинмасликка қилмасликка чақиргандек, «Ё мўминларнинг амири, бундай бўлса ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саҳоба бўлдингиз, бўлганда ҳам яхши саҳоба бўлдингиз. Сўнгра у зот сиздан рози бўлган ҳолингизда фироқларига учрадингиз. Сўнгра Абу Бакрнинг суҳбатида бўлдингиз. Унинг суҳбатини ҳам яхши қилдингиз. У сиздан рози бўлган ҳолда фироққа учрадингиз. Ундан кейин уларнинг суҳбатдошларининг соҳиби бўлдингиз ва суҳбатларини яхши қилдингиз. Агар улардан ажрайдиган бўлсангиз, улар сиздан рози бўлган ҳолда ажрайсиз», – деди.
«Аммо, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сен зикр қилган суҳбатлари ва розиликлари Аллоҳ таоло менга берган неъматдир. Сен зикр қилган Абу Бакрнинг суҳбати ва розилиги Аллоҳ жалла зикруҳу менга берган неъматдир. Аммо сен кўраётган алам чекиш эса, сен ва сенинг соҳибларинг учундир. Аллоҳга қасамки, агар ердан чиққан нарсанинг ҳаммаси олтин бўлса ҳам, уларни Аллоҳ азза ва жалланинг азобини кўрмасдан туриб фидо қилган бўлар эдим», – деди Умар». 

956. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Умар ибн Хаттобни анбарига қўйилди. Одамлар уни ўраб олишди. Улар дуо қилишар, мақтов айтишар ва кўтарилишидан олдин намоз ўқишар эдилар. Мен уларнинг ичида эдим. Бир одам елкамдан тутган эди, сесканиб кетдим. Ўгирилиб қарасам, Али экан. У Умарга раҳмат тилаб дуо қилди ва:
«Аллоҳ сени раҳмат қилсин. Мен сени Аллоҳ икки соҳибинг ила бирга қилишини умид қиламан. Чунки мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўп марта: «Мен Абу Бакр ва Умар билан бўлган эдим», «Мен Абу Бакр ва Умар билан қилган эдим», «мен Абу Бакр ва Умар билан кетган эдим», деганларини эшитганман. Мен сени Аллоҳ икки соҳибинг ила бирга қилишини умид қиламан», – деди».
Муслим ривоят қилган.

957. Саъийд ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Усмон ва Оиша розияллоҳу анҳумо унга қуйидагиларни айтиб беришган экан:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тўшакларида ёнбошлаб, Оишанинг миртини кийиб ётганларида, Абу Бакр изн сўради. Абу Бакрга изн берилди. Ул зот эса, ҳалиги ҳолатдалар. Унинг ҳожатини чиқардилар. У қайтиб кетди. Сўнгра Умар изн сўради. Унга ҳам изн берилди. Ул зот яна ҳалиги ҳолдалар.  Унинг ҳожатини чиқардилар. У қайтиб кетди.
Усмон айтди: «Кейин мен изн сўрадим. Ул зот ўтирдилар ва Оишага: «Кийимларингни тўғрила», – дедилар. Бас, у зотдан ҳожатимни чиқардим. Сўнгра чиқиб кетганимда Оиша:
«Ё Расулаллоҳ, Абу Бакр ва Умарга Усмонга қилган муомалангизни қилганингизни кўрмадим?» – деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, Усмон ўта ҳаёли одам. Агар мен ўша ҳолатда унга изн берсам, менга ҳожатини етказа олмасмикан деб қўрқдим», – дедилар.
Муслим ривоят қилган.
«Мирт» – жун, қил ёки канопдан тайёрланадиган ва тананинг киндикдан пастига тутиб олинадиган кийим.

958. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг уйимда икки сонлари ёки болдирлари очиқ ҳолда ёнбошлаб ётган эдилар. Бас, Абу Бакр изн сўради. Унга изн берилди. Ул зот эса, ҳалиги ҳолатда у билан гаплашдилар. Сўнгра Умар изн сўради. Унга ҳам изн берилди. Ул зот яна ҳалиги ҳолда у билан ҳам гаплашдилар. Сўнгра Усмон изн сўради. Ул зот ўтирдилар ва кийимларини тўғриладилар. У кириб,  гаплашди. Сўнгра чиқиб кетганида, Оиша:
«Ё Расулаллоҳ, Абу Бакр кирган эди, унча ёзилмадингиз ҳам, эҳтимом бермадингиз ҳам. Сўнгра Умар кирган эди, унча ёзилмадингиз ҳам, эҳтимом бермадингиз ҳам. Усмон кирганда эса, ўтириб, кийимларингизни тўғриладингиз?» – деди.
«Фаришталар ҳаё қиладиган одамдан мен ҳаё қилмас эканманми?!» – дедилар».
Термизий, Насаий ва Ибн Ҳиббон ривоят қилишган.

959. Абу Абдурроҳман Суламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Усмон қамал қилинганда уйининг томига чиқди ва ўзини қамал қилганларга:
«Аллоҳни эсингизга соламан! Айтинг-чи, Ҳиро қимирлаганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Ҳиро, собит бўл, устингда Набий, сиддиқ ва шаҳиддан бошқа ҳеч ким йўқ», деганларини биласизларми?!» – деди.
«Ҳа», – дейишди.
«Аллоҳни эсингизга соламан! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қийинчилик лашкари ҳақида: «Ким қабул бўладиган нафақа қилади?» деганларида, ўша лашкарни таъминлаганимни биласизларми?!» – деди.
«Ҳа», – дейишди.
«Аллоҳни эсингизга соламан! Рума қудуғидан баҳосини бермасдан ҳеч ким ича олмаслигини, мен уни сотиб олиб бой, камбағал ва ибн сабийл учун атаганимни биласизларми?!» – деди.
«Аллоҳ ҳаққи  ҳа», – дейишди.
У бошқа нарсаларни санади».
Термизий ривоят қилган.

960. Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбар куни:
«Албатта, ушбу байроқни Аллоҳ унинг қўли ила Фатҳ қиладиган, Аллоҳни ва Унинг Расулини яхши кўрадиган ва Аллоҳ ҳамда Унинг Расули уни яхши кўрадиган кишига берурман», – дедилар.
Одамлар кечаси билан уни кимларига берилиши ҳақида гаплашиб чиқдилар. Тонг оттирганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бордилар. Ҳаммалари унинг ўзига берилишини орзу қилар эди. Бас, у зот:
«Али ибн Абу Толиб қани?» – дедилар.
«Ё Расулаллоҳ, унинг икки кўзидан шикояти бор», – дейишди.
Унга одам юборилди. Уни келтирилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг икки кўзига туфладилар ва ҳаққига дуо қилдилар. Худди хаста бўлмагандек бўлиб тузалди. Бас, у зот унга байроқни бердилар. Шунда Али:
«Ё Расулаллоҳ, уларга қарши то биз каби бўлгунларича уруш қиламанми?!» – деди.
«Сен уларнинг қаршисига шошилмай бор. Сўнгра уларни Исломга даъват қил. Уларга вожиб бўлмиш Аллоҳнинг ҳаққлари тўғрисида хабар бер. Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сенинг сабабингдан бир кишини ҳидоятга солмоғи, сен учун энг афзал неъматлардан кўра яхшироқдир», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

961. Зирр ибн Ҳубайшдан ривоят қилинади:
«Али розияллоҳу анҳу айтди: «Данакни ёрган ва халқни яратган Зот ила қасамки, албатта, уммий Набийнинг менга берган аҳдлари шулки, мени мўминдан бошқа яхши кўрмайди ва мунофиқдан бошқа ёмон кўрмайди».
Муслим ривоят қилган.

962. Яъла ибн Мурра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳусайн мендандир, мен Ҳусайндандирман. Ким Ҳусайнга муҳаббат қилса, Аллоҳ унга муҳаббат қилсин. Ҳусайн асботлардан бир сибтдир», – дедилар».
Термизий, Ибн Можа, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривоят қилишган.
«Сибт» – набира ва қабила.

963. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Умар Усома ибн Зайдга уч минг беш юз тайин қилди. Абдуллоҳ ибн Умарга уч минг тайин қилди. Шунда  Абдуллоҳ ибн Умар отасига:
«Нима учун Усомани мендан афзал кўрдингиз? Аллоҳга қасамки, у бирор машҳад(аҳамиятли иш)га мендан олдин борган эмас», – деди.
«Чунки Зайд Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга сенинг отангдан маҳбуброқ бўлган! Усоманинг ўзи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга сендан кўра маҳбуброқ бўлган! Бас, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳаббатларини ўз муҳаббатимдан устин қўйдим», – деди Умар».
Термизий ва Ҳоким ривоят қилишган.

964. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени кўксиларига босдилар ва:
«Аллоҳим, унга Китобни таълим бергин», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.
Бошқа ривоятда:
«Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам халога кирдилар. Мен у зотга тоҳарат суви қўйиб қўйдим. Ул зот чиққанларида:
«Буни ким қўйди?» – деб сўрадилар.
Хабар берилди.
«Аллоҳим! Уни дийнда фақиҳ қилгин!» – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

965. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Исломда биринчи туғилган бола Абдуллоҳ ибн Зубайрдир. Уни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келтиришди. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хурмо олиб чайнадилар ва унинг оғзига солдилар. Унинг қорнига биринчи кирган нарса Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўлаклари бўлди».
Бошқа ривоятда:
«Урва ва Фотима бинти Мунзирнинг ривоятида: «Асмаа бинти Абу Бакр Абдуллоҳ ибн Зубайрга ҳомиладор бўлган ҳолида ҳижратга чиқди. Қубога келди. Қубода Абдуллоҳни туғди. Сўнг чиқиб, танглайини кўтартиш учун, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб келди. Бас, у зот уни қучоқларига солдилар ва хурмо келтиришни сўрадилар.
Оиша айтди: «Биз бир муддат уни топа олмасдан қидирдик. Бас, у зот уни чайнадилар. Сўнгра унинг оғзига киритдилар. Унинг қорнига биринчи кирган нарса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўлаклари бўлди.
Асмаа айтди: «Сўнгра уни силадилар ва ҳаққига дуо қилдилар ҳамда Абдуллоҳ деб номладилар.
Кейин у етти ёки саккиз ёшлигида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилиш учун келди. Уни Зубайр буюрган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ўзлари томон келаётганини кўрганларида табассум қилдилар. Бас, у байъат қилди».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

966. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бомдод намозидан сўнг Билолга:
«Эй Билол, менга ўзингнинг Исломда қилган манфаатли ишларингдан энг умидлисини айтиб бер. Бу кеча жаннатда, олдимда сенинг кавушингнинг дупурини эшитдим», – дедилар. Шунда Билол:
«Исломда қилган манфаатли ишларимдан энг умидлиси кечасими, кундузими, қай соатда тоҳарат қилсам, албатта, ўша тоҳаратим билан Аллоҳ менга фарз қилган намозни ўқиганимдан бошқа нарса эмас», – деди.
Муслим ва Бухорий ривоят қилишган. 

967. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Унинг ҳақида Қуръондан оятлар нозил бўлган экан. Саъднинг онаси ҳаттоки у ўз дийнига куфр келтирмагунича ҳеч ҳам унга гапирмасликка, еб-ичмасликка қасам ичди ва Аллоҳ сенга ота-онангга итоат қилишга амр қилган, мен онангман, мен сени шунга амр қилмоқдаман!» – деди. Бас, уч кун туриб, қийналганидан ҳушидан кетиб йиқилди. Унинг Умора деган ўғли туриб, унга (бир нарса) ичирди. У Саъдни дуоибад қила бошлади. Бас, Аллоҳ таоло:
«Ва инсонга ота-онасига яхшилик қилишни тавсия қилдик. Агар улар сени ўзинг билмаган нарсани Менга ширк келтиришинг учун жиҳод қилсалар, бас, уларга итоат қилма. Ва уларга бу дунёда яхши суҳбат қил»ни нозил қилди».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўп ўлжани қўлга олдилар. Уларнинг ичида бир қилич бор эди. Мен уни олдим. Уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келтирдим ва:
«Шу қилични менга ўлжа қилиб беринг. Менинг кимлигимни ўзингиз биласиз», – дедим.
«Уни олган жойингга қайтар!» – дедилар.
Мен бориб уни ташламоқчи бўлганимда нафсим мени маломат қилди. Ул зотга қайтдим ва:
«Уни менга беринг», – дедим. У зот менга овозларини шиддатли қилиб:
«Уни олган жойингга қайтар!» – дедилар.
Сўнгра Аллоҳ азза ва жалла: «Сендан ўлжалар ҳақида сўрарлар»ни нозил қилди».
Бир гуруҳ ансорийлар ва муҳожирлар олдига бордим. Улар: «Кел, сени таомлантирамиз ва хамр ичирамиз», – дейишди. Бу хамр ҳаром қилинишидан олдин эди. Мен уларнинг боғига бордим. Қарасам, олдиларида пиширилган туя калласи ва мешда хамр турибди. Улар билан еб-ичдим. Ансорий ва муҳожирларни зикр қилдим. «Муҳожирлар ансорийлардан яхши», – дедим. Бир киши жағ суяги билан мени урди. Бурнимни жароҳатлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, хабарни етказдим. Бас, Аллоҳ азза ва жалла мен ҳақимда ва хамр ҳақида «Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир»ни нозил қилди». 
Муслим ривоят қилган.

968. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Сизлар: «Абу Ҳурайра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадис ривоятини кўпайтириб юборди», – дейсизлар. «Нимага муҳожирлар ва ансорлар Абу Ҳурайранинг ҳадисларига ўхшаш ҳадис айтмайдилар», – дейсизлар.
Албатта, биродарларим ансорларни ўз ерларидаги ишлари машғул қилиб қолар эди. Муҳожир биродарларимни бозорларда юриш машғул қилиб қўяр эди. Мен эса, қорним тўйса бўлди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни лозим тутар эдим. Улар ғойиб бўлганда, мен ҳозир бўлар эдим. Улар унутганда, мен ёдлаб олар эдим.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни:
«Сиздан ким кийимини ёзиб менинг ушбу ҳадисимдан олади? Сўнгра уни ўз кўксига жамъ қилади? Ўшанда у эшитган нарсасини унутмайдиган бўлади», – дедилар.
Мен устимдаги чопонимни у зот ҳадисларини тамом қилгунларича ёзиб турдим. Сўнгра уни кўксимга босдим. Ўша кундан кейин у зотдан эшитган ҳадисни унутмайдиган бўлдим».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

969. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир киши келди ва:
«Ё Расулаллоҳ, менга қийинчилик етди», – деди.
Ул зот аёлларига одам юбордилар. Уларнинг ҳузурларида ҳеч нарса топмадилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Буни ушбу кеча меҳмон қиладиган киши борми?» – дедилар. Ансорийлардан бир киши: 
«Мен, Ё Расулаллоҳ», – деди ва уни олиб бориб аёлига: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меҳмонларига бир икром кўрсат», – деди.
«Ҳузуримизда болаларнинг егулигидан бошқа ҳеч нарса йўқ», – деди у.
«Таомингни тайёрла, чироғингни тўғрила, кечки таом хоҳлашганда, болаларингни ухлат. Бу кеча қорнимизни боғлаймиз», – деди.
У айтганини қилди. Тонг отганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига боришди. Бас, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Батаҳқиқ, Аллоҳ Фалончи ва Фалонанинг қилмишидан ажабланди», – дедилар.
Ва Аллоҳ азза ва жалла «Ва гар ўзларининг ҳожатлари бўлса ҳам, уларни ўзларидан устин қўярлар. Ким ўз нафсининг бахиллигидан сақланса, ундоқ кишилар, ҳа, ўшалар ютувчилардир»ни нозил қилди».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.
 
970. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «...Ва агар сиз юз ўгириб кетсангиз, сиздан бошқа қавмни ўрнингизга келтиради, улар сизларга ўхшаган бўлмаслар» оятини ўқидилар. 
«Ё Расулаллоҳ, ўрнимизга келадиганлар кимлар?» – дейишди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Салмоннинг елкасига урдилар ва:
«Мана бу ва унинг қавми», – дедилар».
Термизий, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривоят қилишган.
Бошқа ривоятда:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан баъзи одамлар:
«Ё Расулаллоҳ, Аллоҳ зикр қилган, агар биз юз ўгирсак, ўрнимизга келадиган, бизга ўхшамайдиганлар кимлар?» – дейишди.
Салмон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида эди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Салмоннинг сонига урдилар ва:
«Мана бу ва унинг асҳоблари. Жоним қўлида бўлган Зот ила қасамки, агар иймон сурайё(юлдузи)да бўлса ҳам, форсдан бўлган кишилар унга етадилар», – дедилар».
Термизий ривоят қилган.

971. Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Мусога:
«Кеча сенинг қироатингни эшитаётганимни кўрганингда эди. Батаҳқиқ, Оли Довуднинг мизмор(най)ларидан бир мизмор(най) сенга берилган-да!» – дедилар».
Термизий ривоят қилган.

972. Қайс ибн Убоддан ривоят қилинади:
«Мадийнада ораларида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари бор қавм ичида эдим. Бас, юзида хушуъ асари бор киши келди. Қавмдан баъзиси: «Бу – жаннат аҳлидан бўлган кишидир. Бу – жаннат аҳлидан бўлган кишидир», – деди. У икки ракъат енгил намоз ўқиди. Сўнг чиқди. Мен унга эргашдим. У манзилига кирди. Мен ҳам кирдим. Бир оз сўзлашдик. У унс топганида:
«Сен ҳали кирганингда бир киши бундай, бандай, деди», – дедим.
«Субҳаналлоҳи! Билмаган нарсасини гапириш яхши эмас. У қандай бўлганини сенга айтиб бераман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида туш кўрдим. Ул зотга тушни айтиб бердим.
Мен (тушимда) боғни, – унинг кенглиги, ўсимликлари ва яшиллигини зикр қилди – боғнинг ўртасида устунни, унинг бошида ҳалқани кўрдим. Менга: «Кўтарил», – дейилди. Мен: «Қодир эмасман», – дедим. Бир ходим келиб кийимимни кўтариб турди. Мен устуннинг энг юқорисига кўтарилиб, ҳалқани олдим. Менга: «Маҳкам тут», – дейилди. Уйғонганимда худди уни қўлимда тутиб тургандек эдим. Сўнгра буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтиб бердим. Бас, у зот:
«Ўша боғ Исломдир. Ҳалиги устун Ислом устунидир. Ҳалқа бўлса, ишонч ҳалқасидир. Сен вафот этгунингча уни маҳкам тутасан», – дедилар».
Ўша киши Абдуллоҳ ибн Салом эди».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

973. Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон бўлганимдан кейин мендан ҳеч ўзларини тўсмадилар ва қачон кўрсалар табассум қилар эдилар».
Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилган.

974. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени учратиб қолиб:
«Ҳой, Жобир! Нега сени синиқ ҳолда кўраяпман?» – дедилар.
«Ё Расулаллоҳ, отам шаҳид бўлди. Уҳуд куни қатл қилинди. Менга аҳлу аёл ва қарз тарк қилди», – дедим.
«Аллоҳ отангни нима билан кутиб олгани башоратини берайми?» – дедилар.
«Ҳа, Ё Расулаллоҳ», – дедим.
«Аллоҳ ҳеч қачон биров билан гаплашмаган. Илло, ҳижоб ортидан гаплашган. Отангни тирилтириб, у билан юзма-юз гаплашди. Бас, унга:
«Эй бандам! Мендан орзу қил, сенга бераман», – деди.
«Роббим! Мени тирилтир, йўлингда иккинчи марта қатл қилинай», – деди.
Робб азза ва жалла:
«Албатта, Мендан «Улар унга қайтарилмаслар» деган гап ўтган», – деди.
Ва ушбу оят нозил бўлди: «Аллоҳнинг йўлида қатл бўлганларни ўликлар деб ҳисобламанглар».
Термизий, Ибн Можа, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривоят қилишган.

975. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Сулаймнинг олдига кирдилар. У хурмо ва ёғ келтирди. Ул зот: «Ёғингизни мешига ва хурмонгизни идишига қайтаринг. Мен рўзадорман», – дедилар. Сўнг уйнинг бир тарафига бориб, фарздан бошқа намоз ўқидилар. Умму Сулайм ва унинг аҳли байтига дуо қилдилар. Умму Сулайм:
«Ё Расулаллоҳ, сизга кичик ҳожатим бор», – деди.
«Нима?» – дедилар.
«Ходимингиз Анас», – деди.
Бас, у зот менга дунё ва охиратнинг барча хайрини сўраб дуо қилдилар. «Аллоҳим! Унинг молини ва боласини кўп қилгин ва унга бунда барака бергин!» – дедилар».
Бас, мен ансорларнинг энг моли кўплариданман».
Менга қизим Амийна айтди: «Ҳажжож Басрага келгунча менинг пушти камаримдан бўлган бир юз йигирма нечта дафн қилинди».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

976. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Эй, иймон келтирганлар! Овозингизни Набий овозидан юқори кўтарманг» ояти нозил бўлганда Собит ибн Қайс уйида ўтирди ва: «Мен дўзах аҳлиданман», – деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан тутилиб қолди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд ибн Муоздан:
«Ҳой, Абу Амр! Собитга нима бўлди? Беморми?» – деб сўрадилар. Шунда Саъд:
«У қўшним. Аммо бемор бўлганини билмадим», – деди.
Саъд унинг олдига келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гапларини зикр қилди. Шунда Собит:
«Ушбу оят нозил бўлди. Сизлар менинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ичингизда овози баландингиз эканимни биласизлар. Мен дўзах аҳлиданман», – деди.
Саъд буни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга зикр қилди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Йўқ! У аҳли жаннатдандир!» – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.
Бошқа ривоятда:
«Биз уни орамизда юрган аҳли жаннат киши деб билар эдик», дейилган.
Муслим ривоят қилган.

977. Абдурроҳман ибн Шумоса Маҳрийдан ривоят қилинади:
«Ўлим сиёқида ётган Амр ибн Осснинг ҳузурида ҳозир бўлдик. У узоқ йиғлади ва юзини девор томонга ўгириб олди. Шунда ўғли:
«Ҳой отажон, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сизга манави башоратни берган эдилар-ку, анави башоратни берган эдилар-ку», – дея бошлади. У юзини ҳаммага қаратиб туриб:
«Албатта, биз ҳисоблайдиган нарсалар ичида энг афзали «Лаа илааҳа Иллаллоҳу, Муҳаммадун Расулуллоҳ» деб шаҳодат келтиришликдир. Мен уч хил ҳолда  бўлдим.
Мен ўзимни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни мендан кўра ёмон кўрадиган одам йўқ ҳолда кўрдим. Агар ўша ҳолимда ўлганимда, албатта, дўзах аҳлидан бўлар эдим.
Аллоҳ таоло қалбимга Исломни солиб қўйганида, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бориб:
«Қўлингизни беринг, бир байъат қилай», – дедим.
Ул зот қўлларини узатдилар. Мен қўлимни тортиб олдим.
«Сенга нима бўлди, эй Амр?!» – дедилар.
«Шарт қўймоқчи бўлдим», – дедим.
«Нимани шарт қўясан?» – дедилар.
«Мени мағфират қилинишини», – дедим.
«Ислом ўзидан олдинги нарсани ювиб юборишини, ҳижрат ўзидан олдинги нарсани ювиб юборишини ва ҳаж ўзидан олдинги нарсани ювиб юборишини билмасмидинг?» – дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўра мен учун маҳбуброқ одам бўлмай қолди. Менинг кўзимда у зотдан улуғроқ бирор одам йўқ эди. Мен у зотни шунчалар улуғлаганимдан у кишига тик қараб, кўзим тўлиб назар сола олмас эдим. Агар мендан у кишини васф қилиб бериш сўралса, қилиб бера олмасдим. Чунки, у зотга кўзимни тўлдириб боқа олмас эдим. Агар ўша ҳолимда ўлганимда, албатта, аҳли жаннатдан бўлишимни орзу қилар эдим.
Сўнгра турли нарсаларни қилдик. Энди ҳолимиз нима бўлишини билмайман. Қачон мен ўлсам, менга йиғичи ҳам, олов ҳам эргашмасин.
Қачон мени дафн қилсангиз, устимга тупроқни яхшилаб тортинг. Сўнгра қабрим атрофида туялар сўйилиб, гўштлари тақсимлангунча миқдор туринглар. Сизлардан унс олиб турай ва Роббимнинг элчиларига қандоқ жавоб қайтаришимга назар солай», – деди».
Муслим ривоят қилган.
 
978. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Зимод Маккага келди. У Азди Шануъадан эди. У, жин текканга дам солар эди. У, Макканинг эси пастлари «Муҳаммад мажнун» деганини эшитди. У: «ўша одамни кўрсам эди. Шояд, Аллоҳ менинг қўлимда шифосини берса», – деди. Бас, у зотга йўлиқди ва:
«Ё Муҳаммад! Мен жин текканга дам соламан. Аллоҳ менинг қўлим ила шифо беради. Сен ҳам истайсанми?» – деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, ҳамд Аллоҳгадир. Унга ҳамд айтамиз. Ва Ундан ёрдам сўраймиз. Кимни Аллоҳ ҳидоятга солса, уни залолатга кетказувчи йўқ. Кимни залолатга кетказса, уни ҳидоят қилувчи йўқ. Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳу, ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу. Ва анна Муҳаммадан абдуҳу ва расулуҳу. Аммо баъду;» – дедилар.
«Мана шу калималарингни менга яна қайтар», – деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга уларни уч марта қайтардилар. Шунда у:
«Коҳинларнинг гапини эшитдим. Сеҳргарларнинг гапини эшитдим. Шоирларнинг гапини эшитдим. Аммо сенинг ушбу калималарингга ўхшашини эшитмадим. Батаҳқиқ, улар денгизнинг тубига етди. Қўлингни бер, сенга Ислом учун байъат қиламан», – деди.
Бас, у зотга байъат қилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қавминг учун ҳам», – дедилар.
«Қавмим учун ҳам», – деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жангчи гуруҳ юбордилар. Улар унинг қавми олдидан ўтдилар. Шунда гуруҳ бошлиғи жангчиларга:
«Анавилардан бирор нарса олдингиз?», – деди.
«Обдаста олдим», – деди қавмдан бир киши.
«Уни қайтариб беринглар! Улар Зимоднинг қавмидир», – деди».
Муслим ривоят қилган.
   
979. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Нажд тарафга отлиқларни юбордилар.  Улар Бани Ҳанийфадан бир кишини келтиришди. Уни Сумома ибн Усол дейиларди. Ямома аҳлининг улуғи эди. Уни масжид устунларидан бирига боғлашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг олдига чиқдилар ва:
«Сенда нима бор, ё Сумома?» – дедилар.
«Менда, ё Муҳаммад, яхшилик бор. Агар қатл қилсанг, қони борни қатл қиласан. Агар яхшилик қилсанг, шукр қилувчига яхшилик қиласан. Агар мол истасанг, сўра, ундан қанча истасанг, шунча бериласан», – деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни индингача тарк қилдилар. Сўнгра:
«Сенда нима бор, ё Сумома?» – дедилар.
«Менда, ё Муҳаммад, яхшилик бор. Агар қатл қилсанг, қони борни қатл қиласан. Агар яхшилик қилсанг, шукр қилувчига яхшилик қиласан. Агар мол истасанг, сўра, ундан қанча истасанг, шунча бериласан», – деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни эртагача тарк қилдилар. Сўнгра:
«Сенда нима бор, ё Сумома?» – дедилар.
«Менда, ё Муҳаммад, яхшилик бор. Агар қатл қилсанг, қони борни қатл қиласан. Агар яхшилик қилсанг, шукр қилувчига яхшилик қиласан. Агар мол истасанг, сўра, ундан қанча истасанг, шунча бериласан», – деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сумомани қўйиб юборинглар», – дедилар.
У масжидга яқин жойдаги хурмо боғи томон кетди. Ғусл қилиб, масжидга кирди ва:
«Ашҳаду аллаа илааҳа Иллаллоҳу. Ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва Расулуҳу. Ё Муҳаммад! Аллоҳга қасамки, мен учун ер юзида сенинг юзингдан кўра ёмонроқ юз йўқ эди. Батаҳқиқ, сенинг юзинг барча юзлардан кўра маҳбуброқ юзга айланди. Аллоҳга қасамки, мен учун сенинг юртингдан кўра ёмонроқ юрт йўқ эди. Батаҳқиқ, сенинг юртинг мен учун барча юртлардан кўра маҳбуброқ бўлди. Мен умрани ирода қилиб турганимда отлиқларинг тутиб олишди. Нима дейсан?» – деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга башорат бердилар ва умра қилишга амр қилдилар. У Маккага борганда, биров:
«Дийндан чиқдингми?» – деди.
«Йўқ! Лекин мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан  мусулмон бўлдим. Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам изн бермагунларича сизларга Ямомадан бир дона буғдой ҳам келмайди», – деди».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.
 
980. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга у зотнинг аёлларидан бир аёл ҳақида Хадийжага рашк қилганимдек рашк қилмадим.  Мен уни кўрмадим ҳам. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни кўп зикр қилар эдилар ва қачон қўй сўйсалар, Хадийжанинг дугоналарига юборар эдилар. Баъзида у зотга:
«Гўё дунёда Хадийжадан бошқа аёл йўқдек», – дердим.
«У ундоқ эди, бундоқ эди. Менинг болаларим ундан бўлган, – дер эдилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.
Бошқа ривоятда:
«Ундан уч йил кейин менга уйландилар. Робби азза ва жалла – ёки Жаброил алайҳиссалом – унга жаннатдаги луълуъдан бўлган уйнинг башоратини беришга амр қилди», – деди».
Яна бошқа ривоятда:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон қўй сўйсалар, Хадийжанинг дугоналарига юборинглар, дер эдилар. Бир куни у зотнинг ғазабларини чиқариб:
«Хадийжа!» – дедим.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, менга унинг муҳаббати берилган», – дедилар».
Яна бошқа ривоятда:
«Хадийжанинг синглиси Ҳола бинти Хувайлид Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кириш учун изн сўради. Ул зот бундан Хадийжанинг изн сўрашини эслаб ҳузурландилар ва:
«Аллоҳим, Ҳола бинти Хувайлид бўлсайди», – дедилар.
Мен рашк қилиб:
«Қурайшнинг икки яноғи қизил кампирларидан бир кампирни эсламоқдамисиз?! Унинг ўлганига анча бўлди. Аллоҳ сизга унинг ўрнига ундан яхшисини берган!» – дедим».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Хадийжа вафот этгунча бошқага уйланмаганлар», – деди.
Муслим ривоят қилган.

981. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча аёллари у зотнинг хасталикларида ҳузурларида жамъ бўлдилар. Бас, Фотима ўзининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юришларига ўхшаш юриши билан юриб келди. Ул зот уни кўришлари билан саломлашдилар:
«Марҳабо қизим!» – дедилар ва уни ўнг ёки чап тарафларига ўтқаздилар. Сўнгра унга бир сир гап айтдилар. Фотима қаттиқ йиғлади. Сўнгра у зот унга бир сир гап айтдилар. У кулди. Мен унга:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сенга хотинлари ичида хос сирни айтсалар ҳам нимага йиғлайсан?» – дедим. 
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам турганларидан кейин унга савол бериб:
«Сени нима йиғлатмоқда?» – дедим.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сирларини фош қилмайман», – деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қабз қилинганларидан кейин ундан бу ҳақда сўрадим:
«Сенда бўлган ҳаққим ила азм қилдим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сенга нима деган эдилар?» – дедим. Бас, у:
«Энди бўлаверади. Ўшанда у зот менга одатда Жиброил ўзларига Қуръонни ҳар йили бир марта арз қилганлигини, бу йил эса икки марта арз қилганини айтдилар ва: «Буни ажалим яқинлашиб қолгани деб биламан. Албатта, сен аҳлимдан биринчи бўлиб менга етишувчисан. Мен сен учун қандоқ ҳам яхши салафман», – дедилар. Мен шунинг учун йиғладим.
Сўнгра у зот сир гап ила:
«Ҳой Фотима! Мўминларнинг аёлларининг саййидаси ёки ушбу уммат аёлларининг саййидаси бўлишдан рози бўлмайсанми?» – дедилар. Мен бунинг учун сен кўрган кулгуни кулдим», – деди».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

982. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида қўғирчоқ ўйнар эдим. Дугоналарим келар эдилар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан тортиниб қолар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни мен томон йўллаб қўяр эдилар. Сўнг улар мен билан ўйнашар эди».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.
Бошқа ривоятда:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Табук ёки Хайбар урушидан қайтиб келдилар. Уйнинг токчасида парда бор эди. Шамол турди ва парданинг бир тарафини кўтариб, Оишанинг ўйинчоқ қизларини очди. Шунда у зот:
«Бу нима, ё Оиша?» – дедилар.
«Қизларим», – деди.
Уларнинг орасида қуроқдан қилинган икки қанотли отни кўрдилар ва:
«Уларнинг орасида кўраётганим мана бу нарса нима?» – дедилар.
«От» – деди.
«Унинг устидаги мана бу нарса нима?» – дедилар.
«Иккита қанот», – деди.
«Отнинг иккита қаноти бўладими?» – дедилар.
«Сулаймоннинг қанотли отлари бўлгани ҳақида эшитмаганмисиз?» – деди.
Бас, у зот кулдилар ва ҳаттоки, мен озиқ тишларини кўрдим».
Абу Довуд ривоят қилган.

983. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мени ридолари билан тўсиб турар эдилар. Мен масжидда ўйнаётган ҳабашларни ўзим малол кўргунимча томоша қилар эдим. Ёш ва ўйинга ўч қизчаларнинг қадрини билинглар».
Бухорий ривоят қилган.
  
984. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ҳафса бинти Умар Хунайс ибн Ҳузайфа ас-Саҳмийдан бева қолди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бўлиб, Мадийнада вафот этган эди.
Бас, Умар ибн Хаттоб айтди:
«Усмон ибн Аффоннинг олдига бориб, Ҳафсани унга тақдим қилдим. У: «Бу ишга бир назар солай», – деди. Бир неча кеча кутдим. Сўнг у менга учрашиб: «Ҳозирги кунда уйланмай турганим маъқулга ўхшайди», – деди.
Абу Бакр Сиддиққа учрадим ва: «Агар хоҳласанг, сенга Ҳафсани никоҳлаб бераман», дедим. Абу Бакр индамади. Ўшанда ундан Усмондан аччиғим чиққанидан кўра кўпроқ аччиғим чиқди.
Бир неча кун турганимдан сўнг унга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам совчи бўлдилар ва мен уни у зотга никоҳлаб бердим. Сўнгра Абу Бакр менга учраб:
«Эҳтимол, Ҳафсани менга тақдим қилганингда ва мен сенга жавоб бермаганимда аччиғинг чиққан бўлса керак?» – деди.
«Ҳа», – дедим.
«Мени сенга жавоб беришимдан фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уни зикр қилганларини эшитганим манъ қилди, холос. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сирларини фош қилишим мумкин эмас, эди. Агар у зот тарк қилсалар, қабул қилишим мумкин эди», – деди Абу Бакр».  
Бухорий ривоят қилган.

985. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Софияга Ҳафса уни «Яҳудийнинг қизи» дегани етди. Бас, у йиғлади. Сўнг у йиғлаб турганда олдига Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кирдилар ва:
«Сени нима йиғлатди?» – дедилар,
«Ҳафса менга: яҳудийнинг қизисан, деб айтди!» – деди.
Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сен Набийнинг қизисан. Сенинг амакинг ҳам Набий ва сенинг эринг ҳам Набий. У сенга нимада фахр қилар экан?!» – дедилар.
Кейин у зот:
«Аллоҳдан қўрқ! Эй Ҳафса!» – дедилар».
Термизий ва Ибн Ҳиббон ривоят қилишган.

986. Асмаа бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадийнага ҳижрат қилмоқчи бўлганларида Абу Бакрнинг уйида у зотнинг дастурхонларини тайёрладим. Дастурхонлари ва мешларини боғлашга нарса топмадик. Бас, Абу Бакрга:
«Аллоҳга қасам, боғлагани белбоғимдан бошқа бирор нарса топа олмаяпман», – дедим.
«Уни иккига бўлиб, бири ила мешни, бошқаси ила дастурхонни боғла», – деди.
Шундай қилдим. Шунинг учун «Зотуннитоқайни» – «икки белбоғ эгаси» деб номландим».
Бухорий ривоят қилган.

987. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам  Қубога борсалар, Умму Ҳаром бинти Милҳонникига кириб турар эдилар. У ул зотга таом тайёрлаб берар эди. Умму Ҳаром Убода ибн Сомитнинг хотини эди. Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг олдига кирдилар. У ул зотга таом берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ухлаб қолдилар. Сўнгра кулган ҳолларида уйғондилар.
«Сизни нима кулдирмоқда, ё Расулаллоҳ?» – деди.
«Умматимдан баъзи одамлар Аллоҳнинг йўлида ушбу денгизнинг сувига сўриларга минган подшолар бўлиб ёки сўрилар устидаги подшоларга ўхшаб ғазотга чиққанлари кўрсатилди», – дедилар.
«Ё Расулаллоҳ, Аллоҳга дуо қилинг, мени ҳам ўшалардан қилсин!» – деди.
Ул зот дуо қилдилар. Сўнгра бошларини қўйиб ухладилар. Сўнгра кулган ҳолларида уйғондилар.
«Сизни нима кулдирмоқда, ё Расулаллоҳ?» – деди.
«Умматимдан баъзи одамлар Аллоҳнинг йўлида ушбу дунёгизнинг сувига сўриларга минган подшолар бўлиб ёки сўрилар устидаги подшоларга ўхшаб ғазотга чиққанлари кўрсатилди», – дедилар.
«Ё Расулаллоҳ, Аллоҳга дуо қилинг, мени ҳам ўшалардан қилсин!» – деди.
«Сен уларнинг биринчисисан», – дедилар».
Муовиянинг замонида кемага минди. Сўнгра уловга минаётганида ҳайвон олиб қочиб, йиқилиб жон берди».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

988. Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ансорларни фақатгина мўмин яхши кўрадир ва уларни фақатгина мунофиқ ёмон кўрадир. Бас, уларни яхши кўрган шахсни Аллоҳ яхши кўрадир ва уларни ёмон кўрган шахсни Аллоҳ ёмон кўрадир», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

989. Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ансорийлар:
«Ё Расулаллоҳ, ҳар бир Набийнинг атбоъи бордир. Биз, албатта, сизга атбоъ бўлдик. Аллоҳга дуо қилинг, бизнинг атбоъимизни ўзимиздан қилсин», – дедилар.
Бас, у зот бу ҳақда дуо қилдилар».
Бухорий ривоят қилган.

990. Қатодадан ривоят қилинади:
«Араб маҳаллалари ичида ансорлардек шаҳиди кўп, Қиёмат куни иззатли маҳаллани билмаймиз.
Қатода айтди: «Бизга Анас ибн Молик розияллоҳунинг айтишича, улардан Уҳуд куни етмиш, Беъри Маъуна куни етмиш ва Ямома куни етмиш киши қатл қилинган.
Беъри Маъуна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида, Ямома Абу Бакрнинг даврида бўлган. У Мусайлима каззоб кунидир».
Бухорий ривоят қилган.

991. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Айт: Келинглар, болаларимизни ва болаларингизни....чақирайлик» ояти нозил бўлганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Али, Фотима, Ҳасан ва Ҳусайнларни чақириб: «Аллоҳим, булар менинг аҳлимдир», – дедилар».
Бухорий ривоят қилган.

992. Язийд ибн Ҳайён розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Биз: мен, Ҳусойн ибн Сабара ва Умар ибн Муслим Зайд ибн Арқамнинг ҳузурига бордик. Унинг олдига ўтирганимизда Ҳусойн:
«Эй Зайд, сен жуда кўп яхшиликни кўргансан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўргансан, ҳадисларини эшитгансан, у зот билан ғазот қилгансан ва ортларида намоз ўқигансан. Эй Зайд, сен жуда кўп яхшиликни кўргансан. Эй Зайд, бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган нарсангни гапириб бер», – деди.
«Эй, биродаримнинг ўғли, ёшим катта бўлди. Замоним эскирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сингдириб олган баъзи нарсаларни унутдим. Мен сизларга нимани гапириб берсам, ўшани қабул қилинглар. Бошқасини таклиф қилманглар.
Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка билан Мадийна орасидаги Ғумман деган сувхонада ичимизда туриб хутба қилдилар. Бас, Аллоҳга ҳамду сано айтдилар. Ваъз қилдилар. Эслатдилар. Сўнгра:
«Аммо баъду: Эй одамлар! Огоҳ бўлинглар! Мен ҳам башарман. Тезда Роббимнинг элчиси келиб қолса, ижобат қиламан. Мен ичингизда икки салмоқли нарсани тарк қилувчиман. Улардан бири Аллоҳнинг китоби. Унда ҳидоят ва нур бор. Бас, Аллоҳнинг китобини олинг ва уни маҳкам тутинг», – дедилар.
Бас, у зот Аллоҳнинг китобига қизиқтирдилар ва тарғиб қилдилар. Сўнгра: «Ва аҳли байтимни. Аҳли байтим ҳақида Аллоҳни эсингизга солурман. Аҳли байтим ҳақида Аллоҳни эсингизга солурман. Аҳли байтим ҳақида Аллоҳни эсингизга солурман», – дедилар», – деди у.
«Аҳли байтлари Ким, эй Зайд? Аёллари аҳли байтларидан эмасми?» – деди Ҳусойн.
«Аёллари аҳли байтларидир. Лекин аҳли байтлари у зотдан кейин садақа ҳаром бўлган шахслардир», – деди у.
«Улар кимлар, эй Зайд?» – деди.
«Улар Оли Али, Оли Ақийл, Оли Жаъфар ва Оли Аббосдир», – деди у.
«Ўшаларнинг ҳаммасига садақа ҳаром қилинганми?» – деди Ҳусойн.
«Ҳа», – деди у.
Муслим ривоят қилган.


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио