Расулуллоҳ с.а.в

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

Фазийлатлар китоби

Анбиё алайҳимуссаломдан бир жамоаси зикри
Иброҳим алайҳиссалом

934. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Эй, халқларнинг яхшиси!» – деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Иброҳим алайҳиссалом ўшандоқдир», – дедилар».
Муслим ривоят қилган.

Юсуф алайҳиссалом
935. Абдуллоҳ ибн Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Карим ибн Карим ибн Карим ибн Карим Юсуф ибн Яъқуб ибн Исҳоқ ибн Иброҳим алайҳимуссалом».
Бухорий ривоят қилган.

Мусо алайҳиссалом
936. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Бани Исроил яланғоч ҳолда – баъзилари баъзиларининг авратига назар солганча ғусл қилар эдилар. Мусо алайҳиссалом ёлғиз ўзи ғусл қилар эди. Бас, улар: «Аллоҳга қасамки, Мусони биз билан ғусл қилишдан унинг даббалигидан бошқа нарса манъ қилмайди», – дейишди. Бир марта у ғусл қилгани борди. Кийимини тош устига қўйди. Тош унинг кийимини олиб қочди. Бас, Мусо унинг ортидан «Кийимимни, тош! Кийимимни, тош!» – дея уни қувди. Ҳатто Бани Исроил Мусонинг авратига назар солдилар ва «Аллоҳга қасамки, Мусода ҳеч нарса йўқ экан», – дейишди. Тош унга назар солгунча турди. У кийимини олиб, тошни ура кетди».
Абу Ҳурайра айтди: «Аллоҳга қасамки, Мусонинг зарбасидан тошда олти ёки етти жароҳат пайдо бўлди».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

937. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Яҳудийлардан бир киши ва мусулмонлардан бир киши сўкишиб қолди. Шунда мусулмон: «Муҳаммад алайҳиссаломни танлаб олган Зот ила қасам!» – деди.
Яҳудий эса: «Мусо алайҳиссаломни оламлар устидан танлаб олган Зот ила қасам!» – деди.
Ана шу пайтда мусулмон қўлини кўтариб, яҳудийнинг юзига шапалоқ туширди. Яҳудий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, ўзи билан мусулмон орасида бўлиб ўтган иш ҳақида хабар берди.
Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мени Мусодан яхши қилманглар. Одамлар ҳушларидан кетганда, биринчи ўзига келган мен бўламан. Қарасам, Мусо Аршнинг бир томонини ушлаб турган бўлади. Билмайман, у ҳам ҳушидан кетиб, мендан олдин ўзига келганми ёки истисно қилинганлардан бўлганми», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

Сулаймон алайҳиссалом
938. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«У, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қуйидагиларни эшитган:
«Икки аёл ўз ўғиллари билан эдилар. Бўри келиб, улардан бирининг ўғлини олиб кетди. Улар қолган болани талашиб қолдилар. Катта аёл: «Сенинг болангни олиб кетди», – деди. Кичик аёл: «Йўқ, сенинг болангни олиб кетди», – деди. Улар ҳукм чиқаришни сўраб Довудга бордилар. У катта аёл фойдасига ҳукм қилди. Икковлари Сулаймоннинг олдига келдилар. У:
«Менга пичоқ олиб келинглар. Мен уни тенг иккига бўлиб, ҳар бирингизга яримтадан бераман», – деди.
Шунда кичик аёл:
«Ундоқ қилма! Сенга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин! Бу унинг боласи», – деди.
У кичик аёл фойдасига ҳукм қилди».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

Ийсо алайҳиссалом
939. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мен одамлар ичида бу дунёда ҳам, охиратда ҳам Ийсо ибн Марямга энг ҳаққлисиман», – дедилар.
«Қандоқ қилиб? Ё Расулаллоҳ?» – дедилар.
«Анбиёлар кундошлардан бўлган оға-инилардир. Оналари турлича. Дийнлари бир. Бизнинг орамизда Набий йўқ», – дедилар.
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио