Расулуллоҳ с.а.в

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

Яхшилик ва силаи раҳм китоби

897. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Ё Расулаллоҳ! Одамларнинг ичида ким менинг ҳусни суҳбатимга ҳаққлироқ?» – деди.
«Онанг», – дедилар.
«Кейин ким?» – деди.
«Кейин онанг», – дедилар.
«Кейин ким?» – деди.
«Кейин онанг», – дедилар. Уч марта.
«Кейин ким?» – деди.
«Кейин отанг», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

898. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бурни ерга ишқалсин, бурни ерга ишқалсин, бурни ерга ишқалсин», – дедилар.
«Ё Расулаллоҳ, кимнинг?» – дейилди.
«Ота-онасини ёки улардан биттасини катта ёшлигида топа туриб, жаннатга кирмаганнинг», – дедилар». 
  Муслим ривоят қилган.

899. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди ва жиҳодга изн сўради.
«Ота-онанг тирикми?» – дедилар.
«Ҳа», – деди.
«Бўлмаса, жиҳодни ўшаларда қил», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.
Бошқа ривоятда:
«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди ва:
«Сизга ҳижрат ва жиҳод ҳақида байъат қиламан ва ажрни Аллоҳдан сўрайман», – деди.
«Ота-онангдан биронтаси тирикми?» – дедилар.
«Ҳа! Икковлари ҳам», – деди.
«Ажрни Аллоҳдан сўрайсанми?» – дедилар.
«Ҳа», – деди.
«Ота-онангнинг олдига қайт ва икковларининг суҳбатини гўзал қил», – дедилар».
Муслим ривоят қилган.
Бошқа ривоятда:
«Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Ё Расулаллоҳ! Ҳузурингизга ҳижратга байъат қилгани келдим. Ота-онамни йиғлаган ҳолларида ташлаб келдим», – деди.
«Икковларига қайт! Уларни қандай йиғлатган бўлсанг, шундай қилиб кулдир», – дедилар».
Абу Довуд, Насаий, Ибн Можа ва Ҳоким ривоят қилишган.

900. Муовия ибн Жоҳима розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Жоҳима Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Ё Расулаллоҳ, ғазотни ирода қилдим ва сизга машварат қилгани келдим», – деди.
«Сенинг онанг борми?» – дедилар.
«Ҳа», – деди.
«Уни лозим тут. Жаннат унинг оёқлари остидадир», – дедилар».
Насаий ва Ҳоким ривоят қилишган.

901. Асмаа бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Онам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида рағбат қилган ҳолида ҳузуримга келди.
Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан:
«У рағбат қилмоқда. Онамга силаи раҳм қилайми?» деб сўрадим.
«Ҳа, онангга силаи раҳм қил», – дедилар».
Бухорий ривоят қилган.

902. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Ё Расулаллоҳ, мен катта гуноҳ қилдим. Энди мен учун тавба борми?» – деди.
«Сенинг онанг борми?» – дедилар.
«Йўқ», – деди.
«Сенинг холанг борми?» – дедилар.
«Ҳа», – деди.
«Унга яхшилик қил», – дедилар».
Термизий, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривоят қилишган.

903. Абу Усайд Молик ибн Робийъа Соъидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ўтирган эдик. Бани Саламадан бир киши келиб:
«Ё Расулаллоҳ! Ота-онамнинг вафотларидан кейин уларга қилишим керак бўлган яхшиликлардан бирор яхшилик қолдими?» – деди.
«Ҳа. Уларнинг ҳаққига дуо қилиш, уларга истиғфор айтиш, улардан кейин аҳдларига вафо қилиш, улар воситаси ила қилинадиган сила раҳмни боғлаш ва уларнинг дўстларини икром қилиш», – дедилар».
Абу Довуд, Ибн Можа ва Ибн Ҳиббон ривоят қилишган.

904. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«У, Маккага йўлга чиқса, ўзи билан туя минишни малол олганда миниб дам олиш учун эшак оларди. Бошига ўраб оладиган салласи ҳам бор эди. Бир куни у ўша эшакни миниб кетаётган эди, олдидан бир аъробий ўтиб қолди. Бас, унга:
«Фалончи ибн Фистончи эамсмисан?» – деди.
«Худди шундай», – деди у.
Унга эшакни бериб, буни мин, деди. Саллани бериб, буни бошингга ўраб ол, деди. Баъзи шериклари унга:
«Аллоҳ сени мағфират қилсин. Бу аъробийга ўзинг миниб юрган эшакни бердинг. Бошингга ўраб юрадиган саллани бердинг», – деди.
«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Албатта, яхшиликларнинг яхшилиги бола отасининг оғайнисига у ўтганидан кейин сила қилишидир» деганларини эшитганман. Унинг отаси Умарнинг дўсти эди», – деди».
Муслим ривоят қилган.

905. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Олдимга икки етим қизини олиб бир аёл кириб келди. Бир нарса беринг, деб сўради. Лекин олдимда битта хурмодан бошқа ҳеч нарса йўқ эди. Мен ўша хурмони аёлга бердим. Аёл хурмони иккига бўлиб, қизларига биттадан берди. Сўнг ўрнидан туриб, чиқиб кетди.
Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келдилар. Бўлиб ўтган воқеъани айтиб бердим. Шунда у зот:
«Ким мана шундай қизларда бирор синовга учраса, улар унинг учун дўзахдан парда (тўсиқ) бўлади», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.
Бошқа ривоятда:
«Ҳузуримга бир мискина аёл икки қизини кўтариб келди. Бас, унга учта хурмо бердим. У ҳар бир қизга биттадан хурмо берди. Бир дона хурмони емоқчи бўлиб оғзига тутди. Икки қиз уни беришини сўрашди. У ўзи емоқчи бўлган хурмони иккига бўлиб, иккисига берди. Унинг ҳоли мени ажаблантирди. Унинг қилганини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга зикр қилдим.
«Бунинг учун Аллоҳ унга жаннатни вожиб қилди ёки уни дўзахдан озод қилди», – дедилар».
Муслим ривоят қилган.

906. Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мен ва етимнинг кафили жаннатда мана бундаймиз», – дедилар ҳамда кўрсаткич ва ўрта бармоқлари ила ишора қилдилар. Ораларини очиб кўрсатдилар».
Бухорий ривоят қилган.

907. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бир киши йўлда эди. Йўлда тикон шохини кўрди ва уни олиб қўйди. Аллоҳ уни тақдирлади ва мағфират қилди», – дедилар».   
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

908. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Тул хотиннинг, мискин ва мискинанинг ҳожатини чиқариш учун ҳаракат қилиб юрган киши Аллоҳнинг йўлида юрган, кундузлари рўза тутиб, кечалари намоз ўқиган кишидекдир», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

909. Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳар бир мусулмоннинг зиммасида садақа бор», – дедилар.
«Айтинг-чи, агар топмаса-чи?» – дейилди.
«Икки қўли билан ишлаб топади, ўзига фойда беради, садақа ҳам қилади», – дедилар. 
«Айтинг-чи, унга ҳам қодир бўлмаса-чи?» – дейилди.
«Ҳожатманд бўлиб, ноилож бўлиб қолган кишига ёрдам беради», – дедилар.
«Айтинг-чи, уни ҳам қила олмаса-чи?» – дейишди.
«Яхшиликка ёки маъруфга буюради», – дедилар.
«Буни ҳам қила олмаса-чи?» – дейишди.
«Ёмонликдан тийилади. Мана шунинг ўзи ҳам садақадир», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

910. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Одамларнинг ҳар бўғинига ҳар қуёш чиққан кунда садақа лозим бўлади. Икки киши орасида адолат қилишинг садақадир. Кишининг уловига миниши учун ёрдам беришинг садақадир. Унинг матоҳини кўрсатиб қўйишинг садақадир. Ширин сўз ҳам садақадир. Намоз учун босган ҳар қадаминг ҳам садақадир. Йўлдан озор берувчи нарсани олиб ташлаш садақадир», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

911. Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«У, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга:
«Жоҳилиятда баъзи ишлар ила ўзимча ибодат қилар эдим: садақа, қул озод қилиш, силаи раҳм. Айтинг-чм, уларда ажр борми?» – дедим.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сен қилган яхшиликларинг туфайли мусулмон бўлгансан», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

912. Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«Яхшиликдан ҳеч бир нарсани арзимас санама. Ҳаттоки, биродарингга очиқ юз билан йўлиқишни ҳам».
Муслим ривоят қилган.

913. Ҳузайфа ва Жобир розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳар бир маъруф садақадир», – дедилар.
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

914. Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«Сизлардан ҳар бирингиз ила, албатта, Аллоҳ орада таржимонсиз гаплашади. Бас, у ўнг томонига назар солади ва ўзи қилган нарсадан бошқани кўрмайди. Чап томонига назар солади ва ўзи қилган нарсадан бошқани кўрмайди. Олдига назар солади ва юзининг рўбарўсида фақат оловни кўради. Бас, агар яримта хурмо билан бўлса ҳам, дўзахдан сақланинг».
Бошқа ривоятда:
«Ким топмаса, бир оғиз ширин сўз билан бўлса ҳам», дейилган.
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

915. Умму Кулсум бинти Уқба розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«У, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Одамлар орасини ислоҳ қилган каззоб эмас. Хайрни етказади ёки хайрни айтади», деганларини эшитган.
Бухорий ривоят қилган.

916. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Кимга бир ато берилса, топса, унга яраша қайтарсин, топмаса, мақтов айтсин. Ким мақтов айтса, батаҳқиқ, шукр қилибди. Ким беркитса, батаҳқиқ, куфрони неъмат қилибди. Ким ўзига берилмаган нарсани «берилди» деса, худди иккита ёлғон кийим кийгандек бўлур», – дедилар».
Абу Довуд, Термизий ва Ибн Ҳиббон ривоят қилишган.

917. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Одамларга ташаккур қилмаган Аллоҳга шукр қилмайди», – дедилар».
Абу Довуд, Термизий ва Ибн Ҳиббон ривоят қилишган.

918. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадийнага келганларида муҳожирлар у зотнинг ҳузурларига келиб:
«Ё Расулаллоҳ, биз ичларига келганимиз қавм каби кўп бўлса, сероб қиладиган ва оз бўлса, гўзал муомала қиладиган қавмни кўрмаганмиз. Етарли маийшатнинг кифоясини қилишяпти, фароғатга бизни шерик қилишяпти. Ажрнинг ҳаммасини булар эгаллаб олмасалар эди», – дедилар.
Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Йўғ-э, уларга ташаккур айтиб, ҳаққларига дуо қилиб турсангиз, ундай бўлмайди», – дедилар».
Абу Довуд, Термизий ва Ҳоким ривоят қилишган.

919. Абу Ҳурайра  розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мўмин бўлмагунингизча, жаннатга кирмассиз. Ўзаро муҳаббат қилмагунингизча, мўмин бўлмассиз. Ўзаро муҳаббат қилишингизга сабаб бўладиган нарсага далолат қилайми? Орангизда саломни кенг таратинг», – дедилар».
Муслим ривоят қилган.

920. Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мўминларнинг ўзаро дўстликлари, раҳим қилишлари ва меҳр кўрсатишлари худди бир жасадга ўхшайди. Ундан бир аъзо хаста бўлса, жасаднинг қолгани унга қўшилиб бедор бўлади ва иситмалайди», – дедилар».
Муслим ривоят қилган.

921. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ таоло қиёмат куни:
«Менинг жалолим ила муҳаббат қилишганлар қани? Мен уларни бугун – Ўзимнинг соямдан ўзга соя бўлмаган кунда Ўз соямга олурман», дейди», – дедилар».
Муслим ривоят қилган.

922. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Бир киши ўзининг бошқа қишлоқдаги биродарини зиёрат қилди. Аллоҳ унинг йўлига кутиб турадиган фариштани қўйди. Унинг олдига келган пайтда:
«Қаёққа бормоқчисан?» – деди.
«Ушбу қишлоқдаги биродаримни хоҳлайман», – деди.
«Унда сен кўзлаган неъмат борми?» – деди.
«Йўқ. Мен унга фақат Аллоҳ азза ва жалла учун муҳаббат қилганман», – деди.
«Мен сенга Аллоҳнинг элчисиман. Батаҳқиқ, сен унга муҳаббат қилганингдек, Аллоҳ сенга муҳаббат қилди», – деди».
Муслим ривоят қилган.

923. Миқдом ибн Маъдийкараб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон бир киши биродарига муҳаббат қилса, унга ўзининг муҳаббати хабарини берсин», – дедилар».
Абу Довуд, Термизий, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривоят қилишган.

924. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Қачон Аллоҳ бандани яхши кўрса, Жаброилни чақириб:
«Мен фалончини яхши кўраман. Сен ҳам уни яхши кўр», – дейди.
Бас, Жаброил уни яхши кўради. Сўнгра осмонда нидо қилиб: «Аллоҳ фалончини яхши кўради. Бас, яхши кўринглар!» – дейди. Осмон аҳли уни яхши кўради. Сўнгра унинг учун ер юзида қабул қўйилади.
Қачон Аллоҳ бандани ёмон кўрса, Жаброилни чақириб:
«Мен фалончини ёмон кўраман. Сен ҳам уни ёмон кўр», – дейди.
Бас, Жаброил уни ёмон кўради. Сўнгра осмонда нидо қилиб: «Аллоҳ фалончини ёмон кўради. Бас, ёмон кўринглар!» – дейди. Осмон аҳли уни ёмон кўради. Сўнгра унинг учун ер юзида ёмон кўриш қўйилади».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

925. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан:
«Қиёмат қачон, ё Расулаллоҳ?» – деб сўради.
«Сен унга нима тайёрладинг?» – дедилар.
«Ҳеч нарса. Лекин Аллоҳга ва Унинг Расулига муҳаббат қиламан», – деди.
«Сен ўзинг муҳаббат қилганлар билан биргасан», – дедилар».
Анас айтди: «Бирор нарсадан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг  «Сен, ўзинг муҳаббат қилганлар билан биргасан» деганларидан хурсанд бўлганимизча қаттиқ хурсанд бўлмаган эдик».
Анас айтди: «Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни, Абу Бакрни ва Умарни яхши кўраман. Уларга бўлган муҳаббатим туфайли, улар қилган амалга ўхшаш амал қилмаган бўлсам ҳам, улар билан бирга бўлишимдан умид қиламан».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

926. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Ё Расулаллоҳ, Бир қавмга муҳаббат қилган ва уларга етиша олмаган одам ҳақида нима дейсиз?» – деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Киши ўзи муҳаббат қилганлари билан биргадир», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

927. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Одамлар кумуш ва тилла маъданлари каби маъдандирлар. Жоҳилиятда яхши бўлганлари, агар фақиҳ бўлсалар, Исломда ҳам яхшилари бўлади. Руҳлар тайёрланган лашкар кабидир. Танишганлари улфат бўладир. Ёқтирмаганлари ихтилоф қиладир», – дедилар».
Муслим ривоят қилган.

928. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. У унга зулм ҳам қилмайди ва ташлаб ҳам қўймайди. Ким ўз биродарининг ҳожатини чиқарса, Аллоҳ унинг ҳожатини чиқаради. Ким бир мусулмонни ғамдан фориғ қилса, Аллоҳ ундан қиёмат кунининг ғамларидан бир ғамни фориғ қилади. Ким мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ Қиёмат куни унинг айбини беркитади», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

929. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Дийн насийҳатдир», – дедилар. 
«Ким учун, Ё Расулаллоҳ?» – дейишди.
«Аллоҳ учун, У зотнинг китоби учун, У зотнинг Расули учун ва мусулмонларнинг имомлари ҳамда оммалари учун. Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Уни ташлаб қўймайди ва ёлғончи қилмайди. Унга зулм қилмайди. Албатта, сизнинг бирингиз ўз биродарининг ойнасидир. Агар унда кирни кўрса, артиб қўйсин», – дедилар».
Бошқа ривоятда:
«Мўмин мўминнинг ойнасидир. Мўмин мўминнинг биродаридир. Унинг зое бўлган нарсасини топиб беради ва уни ортидан беркитиб туради», дейилган.
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

930. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Биродарингга, агар золим бўлса ҳам, мазлум бўлса ҳам, ёрдам бер», – дедилар.
Шунда бир киши:
«Ё Расулаллоҳ, агар мазлум бўлса, ёрдам бераман. Айтинг-чи, золим бўлса, қандай қилиб ёрдам бераман?» – деди.
«Уни зулмдан тўсасан ёки манъ қиласан. Ана шу унга ёрдамингдир», – дедилар».
Бухорий ривоят қилган.

931. Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтирган эдилар. Бир одам савол сўраб келди ёки ҳожатини сўраб келди. У биз томон юриб келди. Шунда у зот:
«Шафоатчилик қилинглар, савоб оласизлар. Аллоҳ Ўз Набийи тили ила нимани истаса ўшани ҳукм қилсин», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

932. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Кичкинамизга раҳим қилмаган, каттамизни улуғламаган, амру маъруф ва наҳйу мункар қилмаган  биздан эмас», – дедилар».
Термизий ва Ибн Ҳиббон ривоят қилишган.

933. Абу Шурайҳ Хузоъий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидагиларни айтаётганларини икки қулоғим эшитган ва икки кўзим кўрган:
«Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, меҳмонини икром қилсин, мукофотини берсин», – дедилар.
«Мукофоти нима, Ё Расулаллоҳ?» – дейишди.
«Бир кечаю бир кундуз. Зиёфат уч кун. Ундан кейин садақадир. Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхши гап айтсин ёки жим турсин», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.
Бошқа ривоятда:
«Мусулмон киши учун биродари ҳузурида уни гуноҳкор қилгунча туриши ҳалол бўлмайди», – дедилар.
«Ё Расулаллоҳ, қандай қилиб уни гуноҳкор қилади?» дейишди.
«Уни меҳмон қиладиган нарсаси бўлмаса ҳам туравериши», – дедилар».
Муслим ривоят қилган.


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио