Расулуллоҳ с.а.в

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

Таъбир китоби

715. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Нубувватдан башорат берувчилардан бошқа нарса қолмади» – деганларини эшитдим.
«Башорат берувчилар нима?» – дейишди.
«Солиҳ туш», – дедилар».
Бухорий ривоят қилган.

716. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, рисолат ва нубувват кесилди. Мендан кейин Расул ҳам Набий ҳам бўлмайди», – дедилар.
Бу гап одамларга оғир келди. Шунда у зот:
«Лекин мубашширотлар бордир», – дедилар.
«Ё Расулаллоҳ, мубашширотлар недир?» – дейишди.
«Мусулмоннинг тушидир. У, нубувватнинг жузларидан бир жуздир», – дедилар».
Термизий ва Ҳоким ривоят қилишган.

717. Абдуллоҳ ибн Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Тўқима ёлғоннинг энг каттаси кўрмаган нарсани кўрдим дейишдир», – дедилар».
Бухорий ривоят қилган.

718. Самура ибн Жундаб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Бомдодни ўқиб бўлганларидан кейин уларга юзларини ўгириб қараб туриб:
«Сизлардан биров кечаси туш кўрдими?» – дер эдилар.
Биров кўрган бўлса, айтиб берар эди. Ул зот Аллоҳ хоҳлаган нарсани айтар эдилар. Ул зот бир куни биздан:
«Сизлардан биров кечаси туш кўрдими?» – деб сўрадилар.
«Йўқ», – дедик биз.
Шунда у зот:
«Лекин мен бу кечаси туш кўрдим. Икки киши олдимга келди. Қўлимдан ушлаб муқаддас ерга чиқардилар. Қарасам, бир киши ўтирибди. Бир киши тик турибди. Унинг қўлида темир илмоқ бор ва уни ҳалигининг лунжидан тиқиб бўйнининг ортидан чиқармоқда. Кейин бошқа лунжини ҳам шундоқ қилмоқда. Бу лунжи битиб қолса, яна қайтадан ўшандоқ қилади. Бас, мен:
«Бу нима?» – дедим.
«Қани, юр», – деди икковлари.
Биз юриб кетдик. Охири, чалқанча тушиб ётган одамга етиб бордик. Унинг бош тарафида бир киши тик турибди. Унинг қўлида тош ёки харсанг бор. У билан ҳалигининг бошига урмоқда. Қачон уни урса, тош думалаб кетади. У уни олгани боради. У ҳалигининг олдига қайтиб келганда, боши битиб аввалги ҳолига қайтиб қолган бўлади. У ҳам қайтадан уради. Бас, мен:
«Бу нима?» – дедим.
«Қани, юр», – деди икковлари.
Биз юриб кетдик. Охири таннур(тандир)га ўхшаган тешикнинг олдига етиб бордик. Унинг юқори тарафи тор, пастки тарафи кенг. Остидан олов ёқилиб турибди. Қачон у қизиса, улар кўтарилиб ундан чиқай деб қоладилар. У совуса, улар ичига тушиб кетадилар. Унинг ичида яланғоч эркаклар, аёллар бор. Бас, мен:
«Булар ким?» – дедим.
«Қани, юр», – деди икковлари.
Биз юриб кетдик. Охири қондан бўлган дарёга бордик. Анҳорнинг ўртасида бир киши тик турибди. Анҳорнинг четида бир киши бор. Унинг қўлларида тош бор. Анҳор ичидаги киши сузиб келиб чиқмоқчи бўлса, ҳалиги одам уни тош билан уриб, турган ерига қайтаради. У қачон чиқмоқчи бўлиб келса, уни уриб, жойига қайтаради. Бас, мен:
«Бу нима?» – дедим.
«Қани, юр», – деди икковлари.
Биз юриб кетдик. Охири яшил боққа етиб бордик. Унда улкан дарахт бор. Унинг остида бир чол ва кичкина болалар. Дарахтнинг яқинида бир киши. У ўз олдидаги оловни ёқмоқда.
Икковлари мени дарахт устига олиб чиқишди. Бир ҳовлига олиб киришди. Ҳеч ҳам ундан гўзалини кўрмаган эдим. Унда эркаклар, чоллар, ёшлар, аёллар ва кичкина болалар бор эди.
Кейин икковлари мени у ердан олиб чиқиб, дарахтдан яна юқори юрдилар ва яна ҳам гўзалроқ ва афзалроқ ҳовлига олиб кирдилар. Унда чоллар ва ёшлар бор эди. Мен икковларига:
«Мени бу кеча роса айлантирдингиз, энди кўрган нарсаларим ҳақида хабар беринглар», – дедим.
«Хўп! Лунжини ёраётганини кўрганинг каззоб одам. У ёлғонни гапиради. Сўнгра ундан олиб бошқа тарафга тарқатилади ва уфқларгача етиб боради. Унга қиёмат кунигача ўшандоқ қилиб турилади.
Сен кўрган боши чақилаётган эса, Аллоҳ унга Қуръонни таълим берган бир кишидир. Бас, у кечаси уни ўқимай ухлади. Кундузи унга амал қилмади. Унга қиёмат кунигача ўшандоқ қилиб турилади.
Сен кўрган тешикдаги одамлар эса, зинокорлардир.
Сен кўрган анҳордаги одам рибохўрдир.
Сен кўрган дарахт остидаги одам эса, Иброҳим алайҳиссаломдир. Унинг атрофидаги кичкина болалар эса, одамларнинг (кичкиналигида ўлган) болаларидир.
Олов ёқиб турган эса, дўзахнинг хозин фариштасидир.
Сен кирган биринчи ҳовли жаннатдаги мўминлар оммасининг ҳовлисидир. Мана бу ҳовли эса, шаҳидларнинг ҳовлисидир. Мен Жиброилман. Бу Микоил. Бошингни кўтар», – деди.
Бошимни кўтардим. Қарасам, тепамда булутга ўхшаган нарса турибди.
«Мана бу сенинг манзилинг», – деди икковлари.
«Менга рухсат беринглар, манзилимга кирай», – дедим.
«Сенинг ҳали тугалламаган умринг бор. Агар ўшани тугалласанг, манзилингга келасан», – дейишди».
Бухорий ривоят қилган.
 
719. Абдуллоҳ ибн Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик даврларида бир киши туш кўрса, уни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга айтиб берар эди. Мен ҳам, бир туш кўриб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга айтиб берсам эдим, деб орзу қилиб юрдим. Ўша вақтда бўйдоқ йигит бўлиб, масжидда ётиб юрар эдим. Тушимда мени иккита фаришта тутиб олиб, дўзахга келтирганларини кўрдим. Қарасам, у қудуққа ўхшаб атрофи урилган экан. Унинг қудуқнинг шохига ўхшаш икки шохи ҳам бор экан. Унинг ичида мен танийдиган одамлар бор экан. Бас, мен: «Аллоҳдан дўзахдан сақлашини сўрайман! Аллоҳдан дўзахдан сақлашини сўрайман!» дея бошладим. Иккисига бошқа бир фаришта йўлиқди ва менга:
«Ҳеч ҳам қўрқма!» – деди.
Бас, мен уни Ҳафсага айтиб бердим. У Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга айтган экан:
«Агар кечаси намоз ўқиса, Абдуллоҳ қандоқ ҳам яхши одам!» – дебдилар.
Солим айтди:
«Абдуллоҳ кечаси озгина ухларди, холос».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

720. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир аъробий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Ё Расулаллоҳ, тушимда бошим зарба еб думалаб турганини кўрдим. Бунинг таъсирида шиддатга тушдим», – деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аъробийга:
«Тушингда сени шайтон ўйин қилганини одамларга айтма!» – дедилар».
Ўшандан кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хутба қилиб: «Бирингиз ҳеч ҳам тушида уни шайтон ўйин қилганини одамларга айтмасин», деганларини эшитдим.
Муслим ривоят қилган.


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио