Расулуллоҳ с.а.в

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

Тафсир ва қуръон фазийлатлари китоби

664. Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганганларингиз ва ўргатганларингиздир», – дедилар».
Бухорий ривоят қилган.

665. Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қуръондан хабар олиб туринглар. Менинг жоним қўлида бўлган Зот ила қасамки, албатта, у қочоқликда тушовда турган туядан ҳам ашаддийроқдир», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

666. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:
«Менга қироат қилиб бер», – дедилар.
«Ё Расулаллоҳ, сизга нозил бўлган нарсани сизга қироат қилиб бераманми?!» – дедим.
«Мен уни ўзимдан бошқадан эшитишни хоҳлайман», – дедилар.
Бас, мен «Нисо»ни қироат қилдим. Қачонки «Ҳар бир умматдан бир гувоҳ келтириб, сени уларнинг ҳаммасига гувоҳ этиб келтирган чоғимизда ҳол қандоқ бўлур?!»га етганимда:
«Тўхта», – дедилар.
Қарасам, у зотнинг икки кўзлари ёш тўкаётган экан».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

667. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сиздан бирингиз аҳлига қайтганда уларнинг ичида учта катта, семиз, ҳомиладор туяни топишни ёқтирадими?» – дедилар.
«Ҳа», – дедик.
«Сиздан бирингиз намозида қироат қиладиган уч оят унинг учун учта катта, семиз, ҳомиладор туядан яхшидир», – дедилар».
Муслим ривоят қилган.

668. Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимизга чиқдилар. Биз суффада ўтирган эдик. Бас, у зот:
«Сизлардан қай бирингиз Бутҳон ёки Ақиққа бориб, Аллоҳга гуноҳ қилмасдан ва қариндошлик алоқасини узмасдан иккита катта ўркачли туя олиб кела олади?» – дедилар.
«Ё Расулаллоҳ, бизнинг ҳар биримиз буни жуда ҳам хоҳлаймиз», – дедик.
«Албатта, бирингизнинг ҳар куни масжидга келиб Аллоҳ азза ва жалланинг китобидан икки оят таълим олмоғи иккита туядан яхшироқдир. Учтаси учтадан яхшироқдир. Тўрттаси тўрттадан яхшироқдир. Қанча оят бўлса, шунча туя», – дедилар у зот».
Муслим ривоят қилган.

669. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким Аллоҳнинг китобидан бир ҳарф ўқиса, унга бир савоб бўлур. Ҳар бир савоб эса ўн мислига кўпайтирилур. «Алиф лаам миийм» бир ҳарф демайман. Лекин «алиф» бир ҳарф. «Лаам» бир ҳарф. «Мийм» бир ҳарф», – дедилар».
Термизий ва Ҳоким ривоят қилишган.

670. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ чиройли овозли Набийнинг овоз чиқариб Қуръонни оҳангли қилиб ўқиганига қулоқ солганчалик ҳеч бир нарсага қулоқ солмаган», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

671. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қуръон соҳибига: «Қироат қилиб кўтарилавер. Дунёда қандоқ тартил қилган бўлсанг, худди шундоқ тартил қил. Албатта, сенинг манзилинг охирги қироат қилган оятинг маконидан бўладир», дейилади», – дедилар».
Абу Довуд, Термизий, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривоят қилишган.

672. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қуръонга моҳир бўлган киши мукаррам, ўта яхши фаришталар билан бирга бўлади. Ўқиганда қийналадиганга икки ажр бордир», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

673. Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир киши «Каҳф» сурасини ўқир эди. Олдида иккита арқонга боғланган от бор эди. Уни булут ўраб олди ва айланиб яқинлаша бошлади. Оти ундан чўчиб қочди. Эрталаб бориб, бўлган ҳодисани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтиб берди.
«У, Қуръон тиловати учун тушган сакийнадир», – дедилар У зот».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

674. Омир ибн Восиладан ривоят қилинади:
«Нофеъ ибн Абдулҳорис Усфонда Умар розияллоҳу анҳуга йўлиқди. Умар уни Маккага омил қилган эди. Бас, у:
«Аҳли Қурога кимни омил қилдинг?» – деди.
«Ибн Абзани», – деди.
«Ибн Абза ким ўзи?» – деди.
«Озод қилган қулларимиздан бир қул», – деди.
«Уларга озод қилинган қулни омил қилдингми?» – деди.
«У, Аллоҳ азза ва жалланинг Китоби қориси, Фароиз илми олими. Албатта, Набийингиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ бу Китоб ила бир қавмларни кўтаради ва у билан бошқаларни туширади», деганлар», – деди».
Муслим ривоят қилган.

675. Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қуръон қироат қиладиган мўминнинг мисоли уртужжага ўхшайдир. Унинг ҳиди хушбўй, таъми ширин.
Қуръон ўқимайдиган мўминнинг мисоли хурмога ўхшайдир. Ҳиди йўқ, таъми ширин.
Қуръон ўқийдиган мунофиқнинг мисоли райҳонга ўхшайдир. Ҳиди хушбўй, таъми аччиқ.
Қуръон ўқимайдиган мунофиқнинг мисоли ҳанзала(аччиқўт)га ўхшайдир. Ҳиди йўқ, таъми аччиқ», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.
«Уртужжа» – апелсинга ўхшаш, ўзи чиройли, таъми ширин ва ҳиди хушбўй мева.

676. Абу Саъийд Муъалла розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Намоз ўқиётган эдим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чақириб қолдилар. Мен жавоб бермадим. Кейин бориб:
«Ё Расулаллоҳ, намоз ўқиётган эдим», – дедим.
«Аллоҳ: «Аллоҳга ва Унинг Расулига сизларни даъват қилганда ижобат қилинглар», демаганми?» – дедилар. Сўнг:
«Масжиддан чиқишингдан олдин Қуръондаги энг улуғ сурани ўргатиб қўяйми?» – дедилар.
Ул зот қўлимдан ушлаб олиб кетавердилар. Масжиддан чиқай деб қолганимизда:
«Ё Расулаллоҳ, Қуръондаги энг улуғ сурани ўргатиб қўяман, деган эдингиз?» – дедим.
«Алҳамду лиллаҳи Роббил аламийн. У етти такрорланадигандир. У менга берилган Қуръони азиймдир», – дедилар».
Бухорий ривоят қилган.

677. Абу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қуръонни қироат қилинг. У, Қиёмат куни ўз асҳобларига шафоатчи бўлиб келадир.
Икки нур сочувчини: «Бақара» ва «Оли Имрон» сурасини қироат қилинг. Икковлари Қиёмат куни худди икки булутга ёки икки соябонга ёки икки қуш галасига ўхшаб келадир. Икковлари ўз асҳоблари ҳақида тортишурлар.
«Бақара» сурасини қироат қилинглар. Албатта, уни олмоқлик баракадир. Уни тарк қилмоқлик ҳасратдир. Баттоллар унга қодир бўлмаслар», – дедилар».
Муслим ривоят қилган.

678. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Уйларингни қабрга айлантирманглар. Сураи «Бақара» ўқилган уйга шайтон кирмайди», – дедилар».
Муслим ривоят қилган.

679. Абу Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким «Бақара» сураси охиридаги икки оятни бир кечада ўқиса, кифоя қилади», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

680. Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эй, Абу Мунзир, Аллоҳнинг китобидаги энг улуғ оят қайси эканини биласанми?» – дедилар.
«Аллоҳ ва Унинг Расули билувчи» – дедим.
«Эй, Абу Мунзир, Аллоҳнинг китобидаги энг улуғ оят қайси эканини биласанми?» – дедилар.
«Аллоҳу лаа илааҳа иллаа ҳуу ал-Ҳаййул Қаййум», – дедим.
Шунда у зот кўксимга уриб:
«Аллоҳга қасам, сенга илм муборак бўлсин, эй, Абу Мунзир», – дедилар».
Муслим ривоят қилган.

681. Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким «Каҳф сурасининг аввалидан ўн оятини ёдласа, Дажжолдан сақланади», – дедилар».
Бошқа ривоятда:
«Каҳфнинг охиридан», дейилган.
Муслим ривоят қилган.

682. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳнинг китобида бир сура бор. Унинг оятлари ўттизта. У ўз соҳибига то уни мағфират қилингунча шафоат қилади. «Таборакаллази биядиҳил Мулку», – дедилар».
Абу Довуд, Термизий, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривоят қилишган.

683. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким Қиёмат кунига ўз кўзи билан очиқ-ойдин назар солмоқчи бўлса, «Изаш-шамсу куввирот», «Изас-самааун фаторот» ва «Изас-самааун шаққот»ларни қироат қилсин», – дедилар».
Термизий ва Ҳоким ривоят қилишган.

684. Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сенга бу кеча уларга ўхшаши менга ҳеч нозил бўлмаган оятларни айтиб берайми? «Қул аъуузу бироббил фалақ» ва «Қул аъуузу бироббиннаси», – дедилар».
Муслим ривоят қилган.
Бошқа ривоятда:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туяларини сафарда етаклаб борардим. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:
«Эй Уқба, энг яхши икки сурани сенга ўргатиб қўяйми?» – дедилар ва «Қул аъуузу бироббил фалақи» ва «Қул аъуузу бироббиннаси»ни ўргатдилар».
Бас, у зот бу иккиси ила унча масрур бўлганимни кўрмадилар. Бомдод намозига тушганларида одамларга иккисини қироат қилиб Бомдодни ўқиб бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоздан фориғ бўлганларида менга қайрилиб қарадилар ва: «Эй Уқба! Нима дейсан?!» – дедилар».
Бошқа ривоятда:
«Бир ғазотда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уловларини етаклаб борардим. Ул зот менга:
«Ҳой, Уқба, айт», – дедилар. Англамай, яна қулоқ солдим.
«Ҳой, Уқба, айт», – дедилар. Англамай, яна қулоқ солдим.
Ул зот учинчи марта айтдилар. Бас, мен:
«Нимани айтай?» – дедим.
«Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни», – дедилар. Сўнг сурани қироат қилиб тугатдилар. Кейин «Қул аъуузу бироббил фалақи»ни қироат қилдилар. Мен ҳам у зот билан қироат қилдим. Ул зот тугатдилар. Сўнгра «Қул аъуузу бироббин-наси»ни қироат қилдилар. Мен ҳам у зот билан қироат қилдим. Ул зот тугатдилар. Кейин: «Ҳеч бири иккисичалик нарса ила паноҳ тиламаган», – дедилар».
Абу Довуд ва Насаий ривоят қилишган.

685. Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга ҳар намознинг кетидан «муъаввизатайни»ни ўқишимга амр қилдилар».
Абу Довуд, Термизий, Насаий, Ибн Хузайма, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривоят қилишган.
«Муъаввизатайни» – «Фалақ» ва «Наас» суралари.

686. Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир одам бошқа бир кишининг кечаси «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни қайтариб чиққанини эшитди. У тонг оттирганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, ўшани зикр қилди ва уни писанд қилмагандек бўлди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Нафсим қўлида бўлган Зот ила қасамки, у Қуръоннинг учдан бирига тенгдир», – дедилар».
Бухорий ривоят қилган.

687. Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Сиздан бирингиз бир кечада Қуръоннинг учдан бирини қироат қилишдан ожиз бўладими?» – дедилар.
«Қандоқ қилиб бир кечада Қуръоннинг учдан бирини қироат қилади?» – дейишди.
«Қул ҳуваллоҳу аҳад» Қуръоннинг учдан бирига тенгдир», – дедилар».
Муслим ривоят қилган.

688. Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадийнага дастлаб келганларида ансорлардан боболари ёки тоғалари ҳузурига тушдилар. Ул зот ўн олти ой ёки ўн етти ой Байтул Мақдис томонга намоз ўқидилар. Ул зот Каъба томон юзланишни яхши кўрар эдилар.
У зотнинг биринчи ўқиган намозлари Аср намози бўлди. У зот билан қавм ҳам намоз ўқиди. Ул зот билан намоз ўқиган одам чиқди. Сўнгра ансорлардан бир қавмнинг олдидан ўтди. Улар Аср намозида Байтул Мақдис томонга қараб рукуъ қилиб турган эдилар. У, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан намоз ўқигани ва у зот Каъбага юзланганлари ҳақида гувоҳлик берди. Улар рукуъда турган ҳолларида бурилдилар.
Ул зотнинг Байтул Мақдис томонга намоз ўқишлари яҳудийлар ва аҳли китобга ёқарди. Ул зот юзларини Байтга қайирганларида инкор қилишди.
Баро айтади: «Қибла айлантирилгунча бир қанча одамлар ўлган ёки қатл қилинган эди. Улар ҳақида нима дейишни билмай қолдик. Шунда Аллоҳ таоло: «Аллоҳ иймонингизни зое қилмас»ни нозил қилди».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

689. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Байтул Мақдис томонга намоз ўқир эдилар. Бас, «Гоҳо юзингнинг осмонга тез-тез бурилганини кўрурмиз. Бас, албатта, сени ўзинг рози бўлган қиблага қаратурмиз. Юзингни Масжидул Ҳаром томон бур» нозил бўлди. Бас, Бани Саламадан бири киши ўтиб қолди. Улар Бомдод намозида рукуъда турар эдилар. Бир ракъатни ўқиб бўлган эдилар. Шунда у: «Огоҳ бўлинглар! Қибла бурилди», – деди. Бас, улар турган ҳолларида қиблага бурилдилар».
Муслим ривоят қилган.

690. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Каъбага юзланганларида «Ё Расулаллоҳ! Байтул Мақдисга қараб намоз ўқиб ўлиб кетганларнинг ҳоли нима бўлади?» – дейишди. Бас, Аллоҳ таоло: «Аллоҳ иймонингизни зое қилмас»ни нозил қилди».
Абу Довуд, Термизий, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривоят қилишган.

691. Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Эр аёлини талоқ қилса, иддаси чиқишидан олдин уни қайтариб олиши мумкин эди. Агар уни минг марта талоқ қилса ҳам. Бир киши хотинини талоқ қилди. Аёлнинг иддаси чиқиши яқин қолганда қайтариб олди. Яна талоқ қилди. Сўнгра унга: «Аллоҳга қасамки, сени ўзимга ҳам олмайман, бошқага ҳам ҳалол бўлмайсан», – деди.
Бас, Аллоҳ таоло: «Талоқ икки мартадир. Сўнгра яхшиликча ушлаб қолиш ёки яхшиликча қўйиб юбориш»ни нозил қилди. Ўша кундан бошлаб одамларнинг талоқ қилгани ҳам, қилмагани ҳам талоқни янгитдан қарши олдилар».
Молик ва Термизий ривоят қилишган.

692. Маъқал ибн Ясар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Синглим бор эди. Уни сўраб совчилар менга келишар эди. Амакимнинг ўғли келган эди, унга никоҳлаб бердим. Кейин уни ражъий талоқ қилди. Иддаси чиқиб кетгунча тарк қилди. Бошқа совчилар менга келганда, у ҳам келди.
Шунда: «Аллоҳга қасамки, уни ҳеч ҳам никоҳлаб бермайман», – дедим. Бас, менинг ҳақимда «Хотинларни талоқ қилганингизда, муддатлари охирига етганда, яхшилик билан ўзаро рози бўлишиб, эрларига қайта никоҳланишларини манъ қилиб, қийинлаштирманг» оятини нозил қилди.
Мен қасамимнинг каффоротини бердим ва синглимни унга никоҳлаб бердим».
Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилишган.

693. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Биз шакка Иброҳимдан кўра ҳаққлироқмиз. Чунки у: «Эй Роббим, менга ўликларни қандай тирилтиришингни кўрсат», деганда, У зот: «Ишонмадингми?» – деди. У: Оре, лекин қалбим хотиржам бўлиши учун», – деди».
Аллоҳ Лутни раҳмат қилсин. Батаҳқиқ, у мустаҳкам рукндан жой олар эди.
Агар мен қамоқда Юсуф қолганча қолсам, даъват қилувчига жавоб берар эдим», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.
Бошқа ривоятда:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, Карим ибн Карим ибн Карим ибн Карим Юсуф ибн Яъқуб ибн Исҳоқ ибн Иброҳимдир. Агар мен қамоқда Юсуф қолганча қолсам, менга элчи келганда жавоб берар эдим», – дедилар».
Сўнгра «Унга элчи келган пайтда: «Хўжанг ҳузурига қайтиб бор ва ундан қўлларини кесган хотинларнинг ҳоли нима бўлганини сўра, деди»ни қироат қилдилар.
Аллоҳ Лутни раҳмат қилсин. Батаҳқиқ, у мустаҳкам рукндан жой олганда эди. Чунки у: «Қани энди сизларга қувватим етса эди ёки мустаҳкам рукнга беркинсайдим», – деди. Аллоҳ ундан кейин Набий юборса, фақат қавмининг ҳимояси ила юборди», – дедилар».
Термизий, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривоят қилган.

694. Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Нопокни қасд этиб садақа қилманг» биз, ансорлар ҳақимизда нозил бўлган. Бизнинг хурмозорларимиз бор эди. Ҳар бир киши хурмосининг оз-кўплигига қараб олиб келиб, бир шингил, икки шингилни масжидга осиб қўяр эди.
Супа аҳлининг таоми йўқ эди. Улардан бирорталари оч қолса, шингилга келиб ҳассаси билан қоқиб, ранг тортган ва пишиб етилган хурмоларни олиб ер эди.
Яхшиликка рағбати йўқ баъзи кишилар бўлмағур, ёмон шингилларни ҳам осиб қўйишар эдилар. Шунда Аллоҳ таоло, «Эй, иймон келтирганлар! Касб қилган пок нарсаларингиздан ва Биз сизларга ердан чиқариб берган нарсаларимиздан садақа қилинглар. Нопокни қасд этиб садақа қилманг. Ҳолбуки, уни ўзингиз ҳам олувчимассиз, магар, кўз юмсангизгина оласиз» оятини туширди.
Агар сизлардан бирингизга ўзи берган нарсага ўхшаш нарса ҳадя қилинса, фақатгина кўзини юмиб, уялаб олади, деди. Бундан сўнг биздан ҳар биримиз ўзида бор хурмонинг энг яхшисини келтирадиган бўлди».
Термизий, Ибн Можа ва Ҳоким ривоят қилишган.

695. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, Аллоҳ менинг умматимдан, модомики, гапирмасалар ёки қилмасалар, ўзи-ўзига сўзлаганини кечиб юборди», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

696. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«У, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Бомдоднинг иккинчи рукуъидан бошларини кўтарганларида ва «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ» деганларидан кейин «Аллоҳим, фалончи, фалончи ва фалончиларни лаънатлагин» деганларини эшитди.  Бас, Аллоҳ «Бу сенинг ишинг эмас! У зот ёки уларнинг тавбасини қабул қилар, ёки азоблар. Бас, улар золимлардир»ни нозил қилди.
Бошқа ривоятда:
«Аллоҳ уларнинг тавбасини қабул қилди. Исломга кирдилар ва Исломлари гўзал бўлди» зиёда қилинган.
Бухорий ва Термизий ривоят қилишган.

697. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бизга Аллоҳнинг Ўзи етарли ва У қандай ҳам яхши вакил»ни Иброҳим алайҳиссалом оловга ташланганларида айтганлар. Уни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам «Албатта, одамлар сизга қарши куч тўпладилар, улардан қўрқинглар», деганда, иймонлари зиёда бўлди ва: «Бизга Аллоҳнинг Ўзи етарли ва У қандай ҳам яхши вакил…», деганларида айтганлар».
Бухорий ривоят қилган.

698. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан чиқиб, бозорга ансорлардан бир аёлнинг олдига келдик. Аёл икки қизини олиб келиб:
«Ё Расулаллоҳ, бу иккиси Собит ибн Қайснинг қизлари. У, сиз билан бориб Уҳуд куни қатл бўлди. Икковининг амакиси молларининг ҳаммасини, меросларини олволди. Уларга молдан ҳеч нарса қўймай олди. Ё Расулаллоҳ, нима дейсиз? Аллоҳга қасамки, моллари бўлмаса, улар никоҳлана олмайдилар», – деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бу ҳақда Аллоҳнинг Ўзи ҳукм қилур», – дедилар.
Бас, «Нисо» сурасидаги «Аллоҳ сизларга болаларингиз ҳақида тавсия қилур» ояти нозил бўлди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Менга аёлни ва унинг соҳибини чақиринглар!» – дедилар ва икковининг амакисига: «Иккисига учдан иккини бер ва оналарига саккиздан бирни бер. Қолгани сенга», – дедилар».
Абу Довуд, Ибн Можа ва Ҳоким ривоят қилишган.
 
699. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ким ёмонлик қилса, унинг жазосини тортадир» ояти нозил бўлганда, бу мусулмонларга машаққат бўлди.
Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Яқинлашинглар! Бардам бўлинглар! Мўминга етган ҳар бир мусийбатда каффорот бордир. Ҳатто унга тикон кирса ҳам ёки нохушлик бўлса ҳам», – дедилар».
Муслим ривоят қилган.

700. Ториқ ибн Шиҳобдан ривоят қилинади:
«Яҳудийлардан бир киши Умар розияллоҳу анҳуга:
«Эй, мўминларнинг амири, Китобларингизда бир оят бор. Уни қироат қиласизлар. Агар у биз яҳудийлар жамоасига нозил бўлганда ўша кунни, албатта, ўзимизга байрам қилиб олардик: «Бугунги кунда сизларга дийнингизни мукаммал қилиб бердим» ояти», – деди.
Шунда Умар: «Мен бу оятнинг қайси куни ва қаерда нозил бўлганини биламан. У, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Арафотда, жумъа куни нозил бўлган», – деди».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

701. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан олти нафар эдик. Бас, мушриклар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Анавиларни олдингдан ҳайда! Бизга журъат қилмасинлар», – дейишди. Мен, Ибн Масъуд, ҳузайллик бир киши, Билол ва яна икки киши бор эдик. Иккисининг номини айтмайман.
Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўнгилларига Аллоҳ тушишини истаган нарса тушди. Ул зот ўзларига-ўзлари гапирдилар. Шунда Аллоҳ азза ва жалла: «Эртаю кеч Роббиларига унинг юзини ирода қилиб дуо этаётганларни ҳайдама!» оятини нозил қилди».
Муслим ривоят қилган.

702. Абу Масъуд Бадрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Садақага амр қилинганимизда бу ишни зўрға қилар эдик. Бас, Абу Ақийл ярим соъ келтирди. Бошқа бир инсон ундан кўпроқ келтирди. Шунда мунофиқлар:
«Албатта, Аллоҳ анавунинг садақасидан беҳожатдир. Мана бу бўлса, фақат риё учун қилди», – дейишди.
Бас, «Мўминлардан кўнгилли бўлиб садақа қилувчиларни… айблайдиган» нозил бўлди».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

703. Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, Аллоҳ золимга муҳлат бериб қўяди. Аммо уни бир тутганда, у қочиб қутула олмайди», – дедилар ва «Роббинг золим шаҳарларни ушлаганида, ана шундай ушлайди. Албатта, Унинг ушлаши аламли ва шиддатлидир»ни қироат қилдилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

704. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан:
«Аллоҳнинг наздида қайси гуноҳ катта?» – деб сўради.
«У сени халқ қилган бўлса ҳам, сен Унга тенгдош қилмоғинг», – дедилар.
«Кейин қайсиси?» – деди.
«Сен билан таом ейишидан қўрқиб болангни қатл қилмоғинг», – дедилар.
«Кейин қайсиси?» – деди.
«Қўшнингнинг аёли билан зино қилмоғинг», – дедилар.
Аллоҳ буни тасдиқлаб «Улар Аллоҳ билан бирга бирор илоҳга илтижо қилмаслар. Аллоҳ ҳаром қилган жонни ноҳақдан ўлдирмаслар. Зино қилмаслар. Ким ана шуни қилса, уқубатга дучор бўлур» оятини нозил қилди».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

705. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Яқин қариндошларингни огоҳлантир» ояти нозил бўлганда, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Сафо тепалигига чиқиб, баланд овоз билан:
«Эй, Бани Феҳр! Эй, Бани Адий!» – деб Қурайш уруғларига нидо қилдилар. Улар тўпланишди. Ўзи чиқа олмаган кишилар гап нималигини билиш учун одам юборишди. Абу Лаҳаб ва Қурайш келди. Ул зот уларга қараб:
«Агар сизларга ҳозир водийда отлиқлар устингизга бостириб келишга тайёр турибдилар, десам, ишонасизларми?» – дедилар.
«Ишонамиз, сенинг ёлғон гапирганингни ҳеч кўрмаганмиз», – дейишди.
«Албатта, мен сизларга шиддатли азобдан қўрқитувчи бўлиб келдим», – дедилар.
Шунда Абу Лаҳаб:
«Ҳалок бўлгур, бизни шунга йиғдингми», – деди.
Шунда  «Абу Лаҳабнинг икки қўли ҳалок бўлсин, ҳалок! Унга моли ва касб қилган нарсаси фойда бермади» нозил бўлди».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

706. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ва яқин қариндошларингни огоҳлантир» ояти нозил қилинганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қурайшликларни чақирдилар. Улар жамланишди. Ул зот ҳам умумий, ҳам хусусий даъват қилдилар. Сўнгра:
«Эй, Бани Каъб ибн Луай, ўзингизни дўзах ўтидан қутқазинг! Эй, Бани Мурра ибн Каъб, ўзингизни дўзах ўтидан қутқазинг! Эй, Бани Абдуш-Шамс, ўзингизни дўзах ўтидан қутқазинг! Эй, Бани Абду Маноф, ўзингизни дўзах ўтидан қутқазинг! Эй, Бани Ҳошим, ўзингизни дўзах ўтидан қутқазинг! Эй, Бани Абдулмуттолиб, ўзингизни дўзах ўтидан қутқазинг! Эй Фотима, ўзингни дўзах ўтидан қутқар! Мен сизлардан Аллоҳнинг бирор нарсасини қайтаришга молик эмасман. Фақатгина раҳмингиз, ўшани ҳўллаб туришим бор», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

707. Абдуллоҳ ибн Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳнинг мавлолари Зайд ибн Ҳорисани Қуръоннинг «Уларни ўз оталари номи билан чақиринглар. Ана шу Аллоҳнинг наздида тўғридир» ояти нозил бўлгунча фақат «Зайд ибн Муҳаммад» деб чақирар эдик».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

708. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мен ҳар бир мўмин учун дунё ва охиратда унинг ўзидан кўра авлороқман. Агар истасангиз, «Набий мўминлар учун ўзларидан кўра ҳаққлидир»ни қироат қилинг. Бас, қаси мўмин қарз ёки зое бўлувчисини тарк қилса, менга келсин, мен унинг мавлосиман», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

709. Умму Уммора розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«У, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Ҳамма нарсалар фақат эркакларга эканини кўрмоқдаман. Аёллар бирор нарса ила зикр қилинганларини кўрмаяпман», – деди.
Шунда ушбу оят нозил бўлди: «Албатта, муслимлар ва муслималар, мўминлар ва мўминалар...»
Термизий ривоят қилган.

710. Мусайяб ибн Ҳазн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Абу Толибнинг вафоти яқинлашганда унинг олдига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кирдилар. Унинг ҳузурида Абу Жаҳл ва Абдуллоҳ ибн Абу Умайя ибн Муғийра ҳам бор эди. Бас, у зот:
«Эй амаки, «Лаа илааҳа Иллаллоҳу» десанг, Аллоҳ ҳузурида сен ҳақингда шоҳидлик қиламан», – дедилар.
Абу Жаҳл ва Абдуллоҳ ибн Абу Умайя эса:
«Абдулмуттолибнинг дийнидан юз ўгирасанми?» – дейишди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга ўшани (калимаи тоййибани) арз қилишда, икковлари ўз гапларини қайтаришда давом этдилар. У бўлса, ўзининг охирги каломида Абдулмуттолибнинг дийнидалигини айтди. «Лаа илааҳа Иллаллоҳу»ни айтишдан бош тортди. 
Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳга қасамки, агар манъ қилинмасам, сен учун истиғфор айтаман», – дедилар.
Шунда Аллоҳ таоло: «Набий ва мўминлар учун мушрикларга истиғфор айтиш тўғри келмас» оятини нозил қилди. Аллоҳ Абу Толиб ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қарата «Албатта, сен ўзинг севган кишингни ҳидоят қила олмассан. Лекин Аллоҳ кимни хоҳласа, ўшани ҳидоят қиладир»ни нозил қилди».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

711. Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Дуо ибодатдир», – дедилар. Сўнгра «Роббингиз: «Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман. Албатта, Менинг ибодатимдан кибр қилганлар жаҳаннамга хору зор ҳолларида кирурлар», – деди»ни қироат қилдилар».
Абу Довуд, Термизий, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривоят қилишган.

712. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ичимизда турган эдилар, бир оз жим туриб қолдилар-да, сўнг табассум-ла бошларини кўтардилар. Биз:
«Сизни нима кулдирди, ё Расулаллоҳ?» – дедик.
«Менга ҳозиргина бир сура туширилди», – деб, «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Иннаа аътойнака ал-Кавсар. Фа солли ли Роббика ванҳар»ни қироат қилдилар. Сўнгра:
«Кавсар нималигини биласизларми?» – дедилар.
«Аллоҳ ва Унинг Расули билувчидирлар», – дедик.
«У, Роббим азза ва жалла менга ваъда қилган наҳрдир. Унда кўп яхшилик бордир. У, қиёмат куни умматим келиб ҳузуримда сув ичадиган ҳовуздир. Унинг идишлари юлдузлар ададича. Улар ичидан бир бандани суғуриб олинади. Мен: «У менинг умматимдан», дейман. Шунда: «Бу сендан кейин нима қилганини билмайсан», дейди», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

713. Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Бизга Роббингнинг насабини баён қилиб Бер», деганларида, Аллоҳ «Айт: «У Аллоҳ ягонадир. Аллоҳ–сомаддир. У туғмаган ва туғилмаган»ни нозил қилди. Чунки, ҳар бир туғилган нарса албатта, ўлади. Ҳар бир ўлган нарса, албатта, мерос қолдиради. Албатта, Аллоҳ азза ва жалла ўлмайди ва мерос ҳам қолдирмайди. «Ва Унга ҳеч ким тенг бўлмаган».
Унга ўхшаш ҳам, тенгдош ҳам бўлмаган. Унинг мислига ўхшайдиган ҳам йўқ», – деди.
Термизий ва Ҳоким ривоят қилишган.

714. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«Аллоҳ азза ва жалла: «Одам боласи Мени ёлғончи қилди. У буни қилмаслиги керак эди. Ва Мени сўкди. У буни қилмаслиги керак эди. Аммо Мени ёлғончи қилгани «Ҳеч ҳам мени аввал бошдек ҳолга қайтармайди» деганидир. Ҳолбуки, халқ қилишнинг аввали Мен учун уни қайтаришдан осон эмас. Аммо Мени сўккани «Аллоҳ фарзанд тутди» деганидир. Ҳолбуки, Мен Аҳадман, Сомадман. Туғмадим ва туғилмадим. Ва Менга ҳеч ким тенг бўлмади», – деди».
Бухорий ривоят қилган.


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио