Расулуллоҳ с.а.в

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

Тиб китоби

590. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«Ҳар бир дарднинг давоси бордир. Қачон даво дардни топса, Аллоҳ азза ва жалланинг изни ила тузаладир».
Муслим ривоят қилган.

591. Усома ибн Шарик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келсам, у зотнинг саҳобалари худди бошларида қуш учиб юргандек ўтиришган экан. Салом бериб, ўтирдим. Уёқдан, буёқдан аъробийлар келишди ва:
«Ё Расулаллоҳ, даволанайликми?» – дейишди.  
«Даволанинглар, Аллоҳ қайси бир дардни қўйган бўлса, албатта, унинг давосини ҳам қўйгандир. Фақат биттадан, қариликдан бошқасини», – дедилар».
Абу Довуд, Термизий, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривоят қилишган.

592. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ қайси бир дардни нозил қилган бўлса, албатта, унинг шифосини ҳам туширгандир», – дедилар».
Бухорий ривоят қилган.

593. Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзлари жароҳатланди. Тўртинчи тишлари синдирилди. Бошларида дубулғалари синдирилди. Али қалқонда сув олиб келар, Фотима бўлса, қонни ювар эди. У, қоннинг зиёда бўлаётганини кўриб, бўйрани олди-да, куйдириб жароҳатга босди. Шунда қон тўхтади».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

594. Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ториқ ибн Сувайд Жуъфий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан хамр ҳақида сўради. Ул зот наҳий қилдилар. Ёки уни тайёрлашни ёқтирмадилар. Бас, у:
«Даво учун тайёрлайман, холос», – деди.
«Йўқ! У даво эмасдир. У дарддир!» – дедилар».
Муслим ривоят қилган.

595. Авф ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Жоҳилият даврида дам солар эдик.
«Ё Расулаллоҳ, бунга нима дейсиз?» – дедик.
«Менга дам солишингизни кўрсатингчи? Модомики, ширк бўлмаса, дам солиш ҳеч нарса эмас», – дедилар».
Муслим ривоят қилган.

596. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон биздан бир инсоннинг тоби йўқ бўлса, уни ўнг қўллари билан силаб, «Азҳибил баъса Роббан-нааси. Вашфи. Анташ шаафий. Лаа шифаъа иллаа шиффаъука. Шифаун лаа юғодиру сақман»ни ўқир эдилар. Ул зотнинг ўзлари хаста бўлиб, оғирлашиб қолганларида, ўзлари қиладиганга ўхшатмоқчи бўлиб қўлларидан ушладим. Шунда у зот қўлларини қўлимдан тортиб олдилар. Сўнгра:
«Аллоҳим, мени мағфират қилгин. Мени олий рафиқ ила бирга қилгин», – дедилар. Кейин назар солсам, қазо қилибдилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.
Бошқа ривоятда:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дам солсалар: «Имсаҳил баъса, Роббан-нааси, би ядикаш шифау, лаа кашифа лаҳу илла анта», – дер эдилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

597. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Қачон Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бетоб бўлиб қолсалар, у зотга Жиброил дам солар эди:
«Бисмиллаҳи юбрийка. Ва мин кулли доин юшфийка. Ва мин кули шарри ҳасидин иза ҳасад ва шарри кулли зи айнин», – дер эди».
Муслим ривоят қилган.

598. Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бир гуруҳи сафарга чиқдилар. Араб маҳаллаларидан бирига тушдилар. Унинг аҳлидан ўзларига зиёфат беришни сўрадилар. Улар зиёфат беришдан бош тортдилар. Бирдан, ўша маҳалланинг бошлиғини чаён чақиб олди. Унга ҳар нарса қилиб кўришди. Ҳеч нарса наф бермади. Шунда улардан баъзилари:
«Анави келган қавмнинг олдига борсангиз, эҳтимол улардан баъзисидан бирор нарса чиқар», – деди. Уларнинг олдиларига бориб:
«Эй қавм, бошлиғимизни чаён чақиб олди. Унга ҳар нарса қилиб кўрдик. Ҳеч нарса фойда бермади. Сизларнинг бирортангизда бир нарса борми?» – дедилар.
«Бор. Аллоҳга қасамки, мен дам соламан. Лекин сизлардан бизни зиёфат қилишни сўрасак, зиёфат қилмадингиз. Бизга бир нарса атамагунингизча, дам солмайман», – деди қавмдан бир киши. Бир қанча қўйга келишишди. У «Алҳамду лиллаҳи роббил оламийн»ни ўқиб дам сола кетди. (Бемор) худди боғлови ечилгандек ҳаракатга тушиб кетди. Ҳеч нарса кўрмагандек юриб кетди ва ўз одамларига:
«Уларга келишилган нарсани тўлиқ қилиб беринглар», – деди.
Баъзилар, бўлишиб олинглар, дейишди. Аммо дам солган киши:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб бўлган нарсани айтмагунимизча ҳеч нарса қилмай туринглар. Кўрайлик-чи, бизларни нимага амр қилар эканлар», – деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келганларида ўша нарсани зикр қилдилар. Шунда У зот:
«Унинг дам солиш эканини сенга ким билдирди? Тўғри қилибсизлар. Тақсимлаб олаверинглар. Менга ҳам бир улуш беринглар», – дедилар».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кулдилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

599. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимизга чиқдилар-да:
«Менга умматлар кўрсатилди. Бир Набий бир одам билан, яна бир Набий икки одам билан, яна бошқаси бир гуруҳ билан, баъзиси у билан ҳеч ким йўқ ҳолда ўта бошладилар. Уфқни тўсган катта тўп одамларни кўрдим. Умматим шу бўлишини умид қилдим. «Бу – Мусо ва унинг қавмидир», дейилди. Сўнгра менга: «Назар сол», дейилди. Қарасам, уфқни тўсган катта тўп одамлар. Менга: «Ундоқ қара, бундоқ қара», дейилди. Уфқни тўсган катта тўп одамларни кўрдим. Шунда менга: «Ана ўшалар сенинг умматингдир. Улар билан бирга етмиш минг жаннатга ҳисобсиз кирурлар», – дедилар.
Бас, одамлар тарқалиб кетдилар. Ул зот уларга баён қилиб бермадилар. Кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ўшани эслашди:
«Биз-ку, ширкда туғилдик. Лекин Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтирдик. Аммо анавилар авлодларимиз бўлса керак», – дейишди. Бу гап Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борди. Шунда у зот:
«Улар шумланишмайдиганлар, дам солишни талаб қилмайдиганлар ва тамға қиздириб босмайдиганлар ва Роббиларига таваккал қиладиганлар», – дедилар.
Бас, Укоша ибн Меҳсон ўрнидан туриб:
«Мен ўшаларданми, ё Расулаллоҳ?» – деди.
«Ҳа», – дедилар.
Шунда бошқа бир одам туриб:
«Мен ҳам ўшаларданми?» – деди.
«Укоша уни сендан илгари олволди», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

600. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Умар Шом томон чиқди. Токи у Сарғга етганда унга Ажноднинг аҳли – Абу Убайда ал-Жарроҳ ва унинг асҳоблари учрадилар ва Шомда вабо воқеъ бўлганининг хабарини бердилар. Шунда Умар Ибн Аббосга:
«Менга биринчи муҳожирларни чақириб кел», – деди.
Мен уларни чақириб келдим. У уларга маслаҳат солди. Улар эса ихтилоф қилишди. Баъзилари:
«Сен бир иш учун чиқдинг. Энди ундан қайтишингни маслаҳат бермаймиз», – дедилар. Бошқалари эса:
«Сен билан бирга одамларнинг қолганлари ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари бор. Уларни манави вабога олиб боришингни маслаҳат бермаймиз», – дедилар. Умар:
«Жўнанглар олдимдан!» – деди-да, сўнгра:
«Менга ансорийларни чақириб қўй», – деди.
Мен уларни чақириб келдим. Бас, уларга ҳам маслаҳат солган эди, улар ҳам муҳожирларнинг ихтилофдаги йўлини тутдилар. Уларга ҳам:
«Жўнанглар олдимдан!» – деди-да, сўнгра:
«Менга ҳўв анави ердаги Қурайш шайхларидан фатҳ муҳожирларини чақириб кел», – деди.
Уларни чақириб келдим. Улардан иккитаси ҳам ихтилоф қилмади. Улар:
«Одамлар билан орқага қайтишингни, уларни вабо томон олиб бормаслигингни маслаҳат берамиз», – дедилар.
Умар одамлар орасида жар чақиртириб:
«Албатта, мен тонг чоғида уловимни минурман», – деди.
Шунда Абу Убайда:
«Аллоҳнинг қадаридан қочибми?» – деди. Умар унга:
«Шуни сендан бошқа айтса бўлмасмиди?! (Умар унга хилоф қилишни ёқтирмас эди.) Ҳа, Аллоҳнинг қадаридан, Аллоҳнинг қадарига қочамиз. Айтгин-чи, агар сенинг туяларинг бўлса-ю, улар икки бўлинган бир водийга тушсалар. Бўлакларнинг бири серҳосил бўлса-ю, бошқаси қуруқ бўлса, ҳосилдорида боқсанг ҳам Аллоҳнинг қадари ила боқасан, қуруғида боқсанг ҳам Аллоҳнинг қадари ила боқасан. Шундай эмасми?!» – деди.
Шу пайт Абдурроҳман ибн Авф келиб қолди. У ўзининг баъзи ҳожатлари ила кетган эди. У:
«Бу ҳақида менда илм бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Қачон унинг бирор ерда борлиги ҳақида эшитсангиз, у томон борманг. Қачон сиз турган ерда у воқеъ бўлса, ундан қочиб чиқманг», деганларини эшитганман», – деди.
Шунда Умар Аллоҳга ҳамд айтди ва ортига қайтди».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио