Расулуллоҳ с.а.в

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

Таомлар ва шароблар китоби

562. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳой одамлар! Албатта, Аллоҳ покизадир ва покизадан бошқани қабул қилмас. Албатта, Аллоҳ мўминларни Расулларни амр қилган нарсага амр қилди: «Эй Набийлар! Пок нарсалардан енглар ва солиҳ амаллар қилинглар. Албатта, Мен нима амал қилаётганингизни ўта билгувчиман», – деди. Ва: «Эй мўминлар! Биз ризқ қилиб берган пок нарсалардан енглар», – деди.
Сўнг бир кишини зикр қилдилар: Узоқ сафар қилади. Ҳориб-чарчайди. Чангу ғуборга бурканади. Икки қўлини чўзиб: «Эй Роббим, эй Роббим», – дейди. Ҳолбуки, таоми ҳаромдир, шароби ҳаромдир, либоси ҳаромдир, ҳаромдан ғизолангандир. Бас, қандоқ ҳам унга ижобат қилинсин», – дедилар».
Муслим ривоят қилган.

563. Хавла Ансория розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Албатта, кишилар Аллоҳнинг молида ноҳақдан ботил тасарруф қилурлар. Уларга Қиёмат куни олов бўлур», – деганларини эшитдим».
Бухорий ривоят қилган.
Бошқа ривоятда:
«Албатта, бу мол яхшидир, шириндир. Ким уни ҳаққи ила олса, унга барака берилади. Аллоҳнинг молини ва Унинг Расулининг молини ботил тасарруф қилувчи кўпгина нафсининг истагига юрганлар борки, уларга Қиёмат куни дўзахдан бошқа бўлмас».
Термизий ривоят қилган.

564. Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, ҳалол очиқ-ойдиндир. Албатта, ҳаром очиқ-ойдиндир. Ва икковлари орасида шубҳали нарсалар бордир. У (шубҳали) нарсаларни одамларнинг кўплари билмаслар. Бас, ким шубҳалардан сақланса, дийни ва обрўси учун покланган бўлади. Ким шубҳаларга тушса, ҳаромга тушади. Бу худди қўриқхона атрофида (ҳайвон) боққан чўпонга ўхшайди. Ундан ўтлаб қўйиши осон.
Огоҳ бўлингким! Албатта, ҳар бир подшоҳнинг ўз қўриқхонаси бордир.
Огоҳ бўлингким! Албатта, Аллоҳнинг қўриқхонаси Унинг ҳаром қилган нарсаларидир.
Огоҳ бўлингким! Албатта, жасадда бир парча гўшт бордир. Қачон у солиҳ бўлса, жасаднинг ҳаммаси солиҳ бўлур. Қачон у бузуқ бўлса, жасаднинг ҳаммаси бузуқ бўлур.
Огоҳ бўлингким! Ўша нарса қалбдир», – дедилар».
Муслим ривоят қилган.

565. Миқдом ибн Маъдийкараб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳеч ким, ҳеч қачон ўз қўли билан топган таомдан яхшироқ таом еган эмас. Аллоҳнинг Набийи Довуд алайҳиссалом ўз қўли билан топганидан ер эди», – дедилар».
Бухорий ривоят қилган.

566. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Одамларга бир замон келурки, унда киши олган нарсасига парво қилмас: ҳалолданми ёки ҳаромдан», – дедилар».
Бухорий ривоят қилган.

567. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, еган нарсангизнинг энг покизаси касбингиздандир. Авлодларингиз ҳам касбингиздандир», – дедилар».
Абу Довуд, Термизий, Насаий, Ибн Можа, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривоят қилишган.

568. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Ҳинд бинти Утба:
«Ё Расулаллоҳ, Абу Суфён ўта бахил одам, менга ва боламга кифоя қиладиган нарсани бермайди. Магар, унга билдирмай олсамгина бўлур», – деди.
«Ўзингга ва болангга етарлисини тўғриликча ол», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

569. Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга таомда ҳозир бўлсак, токи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошламасларидан олдин қўл чўзмас эдик. Биз бир марта у зот билан бирга таомга ҳозир бўлдик. Бас, бир жория, худди уни биров қуваётгандек, шошилиб келди ва таомга қўлини узата бошлади. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни қўлидан тутдилар. Сўнгра бир аъробий, худди уни биров қуваёгандек, шошилиб келди. Шунда у зот уни ҳам қўлидан тутдилар ва:
«Албатта, шайтон Аллоҳнинг исми зикр қилинмаган таомни ўзига ҳалол ҳисоблайди. У мана бу жорияни у ила ўзига ҳалол қилиб олиш учун келтирди. Бас, мен унинг қўлидан тутдим. Сўнг мана бу аъробийни у ила ўзига ҳалол қилиб олиш учун келтирди. Бас, мен унинг ҳам қўлидан тутдим. Менинг жоним қўлида бўлган Зот билан қасамки, албатта, унинг қўли жориянинг қўли ила менинг қўлимга тушди», – дедилар».
Муслим ривоят қилган.

570. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон бирингиз таом еса, Аллоҳнинг исмини зикр қилсин. Агар аввалида Аллоҳнинг исмини зикр қилишни унутиб қўйса, «Бисмиллаҳи аввалаҳу ва охираҳу» десин», – дедилар».
Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривоят қилишган.
 
571. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ўз уйига кираётган киши кириш пайтида ва таоми пайтида Аллоҳни зикр қилса, шайтон: «Сизларга ётоқ ҳам йўқ, кечки таом ҳам йўқ», дейди. У уйига кирса-ю, кириш пайтида Аллоҳни зикр қилмаса, шайтон: «Ётоққа эга бўлдингиз», дейди. Агар таоми пайтида Аллоҳни зикр қилмаса, «Ҳам ётоққа, ҳам кечки таомга эга бўлдингиз», дейди», – дедилар».
Муслим ривоят қилган.

572. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бирингиз чап қўли билан емасин ва чап қўли билан ичмасин. Чунки, шайтон чап қўли билан еб, чап қўли билан ичади», – дедилар».
Муслим ривоят қилган.

573. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Барака таомнинг ўртасидан нозил бўладир. Бас, уни атрофидан енг. Ўртасидан еманг», – дедилар».
Термизий, Ибн Можа, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривоят қилишган.

574. Абдуллоҳ ибн Буср розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам отамга меҳмон бўлдилар. Биз у зотга таом ва ҳайс қўйдик. Бас, ундан едилар. Сўнг хурмо келтирилди. Ул зот ер ва данакни икки бармоқлари билан ташлар, кўрсаткич ва ўрта бармоқларини жамлар эдилар. Кейин ичимлик келтирилди. Уни ичдилар. Кейин уни ўнг тарафларидагига узатдилар.
Отам у зотнинг уловларининг юганидан ушлаб туриб: «Бизга дуо қилинг» – деди. Бас, у зот:
«Аллоҳим, уларга берган ризқингни баракали қилгин ва уларни мағфират қилгин, раҳим қилгин», – дедилар».
Муслим ривоят қилган.

575. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сут ичдилар ва ундан оғизларини чайқадилар ҳамда:
«Унинг мойи бор», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

576. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Икки кишининг таоми уч кишига кифоя. Уч кишининг таоми тўрт кишига кифоя», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

577. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон, ҳеч қандай таомни айбламадилар. Агар иштаҳалари тортса, ердилар. Кўнгиллари тусамаса, тарк қилар эдилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

578. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга аввалги мевани келтирилар эди. Бас, у зот:
«Аллоҳим! Бизга Мадийнамизни, меваларимизни, соъимизни, муддимизни баракали қилгин. Барака ила барака қилгин», – дер эдилар.
Кейин уни ҳозир бўлган болалардан энг кичигига берар эдилар».
Муслим ривоят қилган.

579. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳеч ким бировнинг ҳайвонини унинг изнисиз соғмасин. Сиздан бирортангиз ўзининг ичимлик идишининг синдирилиб, озуқаси зое бўлишини хоҳлармиди? Албатта, ҳайвонларнинг елинларида уларнинг озуқалари сақланур. Ҳеч ким бировнинг ҳайвонини изнисиз соғмасин», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

580. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам барча озиқ тишли йиртқичлардан ва тирноқли қушлардан наҳй қилдилар».
Муслим ривоят қилган.

581. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Агар таклиф қилинсангиз, қабул қилинг», – дедилар.
Ибн Умар никоҳ тўйига ҳам, бошқа маросимга ҳам рўзадор ҳолида келар эди.
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

582. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Туёққа ёки қўлга чақирилсам ҳам, албатта ижобат қилурман. Агар менга туёқ ёки қўл ҳадя қилинса ҳам, албатта қабул қилурман», – дедилар».
Бухорий ривоят қилган.

583. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг форс қўшнилари бор эди. Шўрваси мазали бўларди. У, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга атаб пиширди ва чақириб келди. Бас, у зот:
«Буни ҳамми?» – деб Оишани кўрсатдилар.
«Йўқ», – деди. 
Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Йўқ», – дедилар. 
У қайтиб яна чақирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Буни ҳамми?» – дедилар.
«Йўқ», – деди. 
«Йўқ», – дедилар. 
У қайтиб яна чақирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Буни ҳамми?» – дедилар.
«Ҳа», – деди.
Учинчисида. Икковлари туриб, бир-бирларидан ўзишга ҳаракат қилиб унинг манзилига келдилар».
Муслим ривоят қилган.

584. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Таомнинг энг ёмони келган одам манъ қилиниб, бош тортган одам даъват қилинадиган валийманинг таомидир. Ким даъватга ижобат қилмаса, батаҳқиқ, Аллоҳга ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламга осий бўлур», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

585. Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон бирингиз ичса, идиш ичига нафас олмасин», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

586. Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ичимлик келтирилди. Ул зот ундан ичдилар. Ўнг тарафларида ғулом бор эди. Бошқа ривоятда: қавмнинг энг кичиги. Чап тарафларида шайхлар бор эди. Бас, у зот ғуломга:
«Анавиларга беришимга изн берасанми?» – дедилар.
«Аллоҳга қасамки, ё Расулаллоҳ, Сиздан бўлган насийбамга бировни раво кўрмайман», – деди ғулом.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг қўлига қўйдилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

587. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Кўпи маст қилган нарсанинг ози ҳам ҳаромдир», – дедилар».
Насаий, Ибн Можа, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

588. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ хамрни, унинг ичувчисини, қуйиб берувчисини, сотувчисини, сотиб олувчисини, сиқувчисини, сиқтирувчисини, кўтарувчисини ва кўтартирувчисини лаънатлади», – дедилар».
Абу Довуд ва Ибн ривоят қилишган.

589. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳар бир маст қилувчи хамрдир. Ҳар бир маст қилувчи ҳаромдир. Ким бу дунёда хамрни ичиб, уни тарк қилмай ўлиб кетса, тавба қилмаса, охиратда уни ичмас», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио