Расулуллоҳ с.а.в

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

Никоҳ китоби

536. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга никоҳда ва бошқа нарсаларда ҳожат хутбасини таълим бердилар:
«Аллоҳга ҳамд бўлсин! Биз ундан ёрдам сўраймиз ва мағфират сўраймиз. Аллоҳдан ўз нафсимиз ёмонликларидан паноҳ сўраймиз. Кимни Аллоҳ ҳидоят қилса, уни залолатга кетказувчи йўқ ва кимни залолатга кетказса, уни ҳидоят қилувчи йўқ. Шаҳодат берурманки, Аллоҳдан ўзга маъбуд йўқ. Ва шаҳодат берурманки, албатта, Муҳаммад Унинг бандаси ва Расулидир.
«Эй, иймон келтирганлар, Аллоҳга ҳаққини бажо этиб тақво қилинг, фақатгина мусулмон ҳолингизда ўлурсиз». «Ва ўзингиз У ила сўраладиганингиз Аллоҳга ва раҳмлар ҳақида тақво қилингиз. Албатта, Аллоҳ сизларни кузатиб турувчидир».
«Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар ва тўғри гап гапиринглар, сизнинг амалларингизни солиҳ қилур ва гуноҳларингизни мағфират қилур.
Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилса, батаҳқиқ, катта ютуққа эришибди».
Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа, Насаий, Ибн Жоруд ва Ҳоким ривоят қилишган.

537. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга:
«Эй, ёшлар жамоаси, сиздан ким никоҳга қодир бўлса, уйлансин. Албатта, у кўзни тўсувчи ва фаржни сақловчидир. Ким қодир бўлмаса, рўзани лозим тутсин, бу–унинг учун бичилишдир», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

538. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Дунёнинг ҳаммаси матоъ(ҳузурланиш)дир ва дунёнинг энг яхши матоъи солиҳа аёлдир», – дедилар».
Муслим ривоят қилган.

539. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аёлни тўрт нарса учун никоҳланур: моли учун, ҳасаби учун, жамоли учун ва дийни учун. Бас, дийндорини танла, қўлинг тупроққа қорилгур», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

540. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон сизга ўзингиз дийнидан ва хулқидан рози бўлган киши совчилик қилиб келса, унга (сўраганини) никоҳлаб беринг. Агар шундоқ қилмасангиз, ер юзида фитна ва кенг фасод бўлур», – дедилар».
Термизий, Ибн Можа ва Ҳоким ривоят қилишган.

541. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Абдуллоҳ вафот этиб тўққиз ёки етти қиз қолдирди. Жувон аёлга уйландим. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:
«Ё Жобир, уйландингми?» – дедилар.
«Ҳа», – дедим.
«Қизга ёки жувонга?» – дедилар.
«Жувонга, ё Расулаллоҳ», – дедим.
«Қизга уйланганингда, сен у билан ўйнар эдинг, у сен билан ўйнар эди. Ёки «У билан кулишардинг, у сен билан кулишарди», – дедилар.
«Абдуллоҳ вафот этиб тўққиз ёки етти қиз қолдирди. Уларга тенгларини олиб келишни истамадим. Уларга қарайдиган, одоб берадиган аёл келтиришни истадим», – дедим.
«Аллоҳ сенга барака берсин!» – дедилар. Ёки менга яхши гап айтдилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

542. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Абдурроҳман ибн Авф Мадийнага келганда, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни Саъд ибн Робийъ Ансорий билан биродар қилиб қўйдилар. Ансорийнинг иккита хотини бор эди. Бас, у Абдурроҳманга моли ва аҳлининг ярмини бермоқчи бўлди. У эса:
«Аллоҳ сенинг аҳлингга ҳам, молингга ҳам барака берсин. Менга бозорни кўрсатиб қўйинглар», – деди.
У бозордан қурт ва сариёғ орттириб келди. Бир оздан кейин уни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам устида сариқ бўёқли кийим билан кўриб, унга:
«Ё Абдурроҳман?!» – дедилар.
«Ансорийлардан бир аёлга уйландим», – деди.
«Унга нима тақдим қилдинг?» – дедилар.
«Бир данак вазнича тилло», – деди.
«Битта қўй сўйиб бўлса ҳам, тўй қил», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

543. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир киши келиб: «Ансорийлардан бир аёлга уйландим», – деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
«Унга назар солдингми? Ансорийларнинг кўзларида бир нарсаси бўлади», – дедилар.
«Унга назар солдим», – деди.
«Унга қанчага уйландинг?» – дедилар.
«Тўрт увқияга», – деди.
Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
«Тўрт увқияга?! Худди кумушни мана бу тоғнинг ёнбағридан қўпориб олаётганга ўхшайсизлар-а! Бизда сенга берадиган нарсамиз йўқ. Лекин бирор гуруҳ билан юборишимиз мумкин. Шояд, бирор нарса топсанг!» – дедилар.
Бас, Бани Абасга гуруҳ юбордилар ва ҳалиги одамни улар билан жўнатдилар».
Муслим ривоят қилган. 
«Увқия» кумуш пулнинг ўлчовидир. Бир увқия қирқ дирҳамга тенгдир. Тўрт увқия 160 дирҳамга тенг.

544. Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, вафо қилиниши энг ҳаққли шарт фаржларни ҳалол қилиб олганингиздаги (никоҳдаги) шартдир», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

545. Абу Салама ибн Абдурроҳмандан ривоят қилинади:
«Оиша розияллоҳу анҳо унга қуйидагининг хабарини берган:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ у зотга жуфти ҳалолларини ихтиёрларига қўйишни амр қилганда, унинг олдига келдилар. У айтади:
«Ё Расулаллоҳ, сиз олдимизга бир ой қирмаслик ҳақида қасам ичган эдингиз. Йигирма тўққиз кунда кирдингиз. Санаб турибман», – дедим.
«Ой йигирма тўққиз кунлик. Мен сенга бир ишни айтаман. Шошилмасдан, ота-онанг билан маслаҳат қил», – дедилар. Сўнгра менга «Эй Набий, жуфти ҳалолларингга айт…» оятини  «ажран азийман»гача ўқиб бердилар.
Оиша айтди: «Аллоҳга қасамки, у зот ота-онам мени фироқларига амр қилмасликларини билар эдилар. Бас, мен:
«Сиз ҳақингизда ота-онам билан маслаҳат қиламанми?! Йўқ! Мен Аллоҳни, Унинг Расулини ва охират диёрини ихтиёр қиламан», – дедим.
Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам барча жуфти ҳалоллари мен қилган нарсани қилдилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

546. Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Иддаси чиққанда, Абу Бакр унга совчилик қилиб одам юборди. Унга тегмади. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга ўзлари учун совчи қилиб Умар ибн Хаттобни юбордилар. Бас, у: «Мен рашкчи аёлман. Мен серфарзанд аёлман. Қариндошларимдан бирорта ҳозир ҳам йўқ», – деди.
Бас, у келиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган нарсани зикр қилди. Шунда У зот:
«Унинг олдига қайт ва унга айт: «Мен рашкчи аёлман» деганингга келсак, Аллоҳга дуо қиламан, рашкингни кетказади. «Мен серфарзанд аёлман» деганингга келсак, фарзандларинг кифоясини топасан. «Қариндошларимдан бирорта ҳозир ҳам йўқ» деганингга келсак, ҳозир бўлсин, ғойиб бўлсин, бирорта қариндошинг буни ёмон кўрмайди».
Шунда у ўзига: «Ҳой Умар! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни уйлантир!» – деди».
Насаий, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривоят қилишган.

547. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон бирингиз бирор аёлга совчи қўймоқчи бўлса, агар унинг никоҳига чорловчи нарсага назар солишга қодир бўлса, шуни қилсин», – дедилар».
Абу Довуд ва Ҳоким ривоят қилишган.

548. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«У киши ансорийлардан бир аёлни куёвникига тушириб олиб борди. Шунда Набийюллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳой Оиша, сизда кўнгилхуши бўлдими? Чунки, ансорийларга кўнгилхуши ёқади», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

549. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон бирингиз бирор аёлга уйланса ёки ходим сотиб олса, «Аллоҳим, Сендан унинг яхшилигини ва Сен унга берган жибиллият(ахлоқ)нинг яхшисини сўрайман. Ҳамда Сендан унинг шарридан ва Сен унга берган жибиллият(ахлоқ)нинг ёмонидан паноҳ сўрайман», десин», – дедилар».
Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилишган.

550. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон инсонни уйланган пайтида табрикласалар: «Аллоҳ сенга муборак қилсин, барака берсин ва иккингизнинг орангизни хайр ила жамъ қилсин», – дер эдилар».
Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа ва Ҳоким ривоят қилишган.

551. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Агар бирингиз ўз аҳлига яқинлик қилишни ирода қилган пайтида, «Бисмиллаҳи. Аллоҳим, биздан шайтонни четда қилгин, шайтонни бизни ризқлантирган нарсангдан четда қилгин», деса, албатта, агар ўшандан уларга фарзанд бериладиган бўлса, унга шайтон абадий зарар етказа олмайди», – дедилар.
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

552. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шиғордан наҳй қилганлар. Шиғор – ўз қизини бошқа бир кишига у ҳам бунга қизини бериши шарти ила беришдир. Икковлари орасида маҳр бўлмайди».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

553. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга Ҳамзанинг қизини ирода қилинди. Шунда у зот:
«У менга ҳалол бўлмайди. Чунки, у эмикдош акамнинг қизидир. Қариндошлик туфайли ҳаром бўлганлар эмикдошлик туфайли ҳам ҳаром бўлурлар», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

554. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бир сўриш ёки икки сўриш ҳаром қилмайди», – дедилар».
Муслим ривоят қилган.

555. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«Киши ўз биродари совчилиги устига совчилик қилмайди ва ўз биродарининг савдоси устига савдо қилмайди. Бир аёл аммасининг устига ва  холасининг устига никоҳланмайди. Ҳеч бир аёл ўз синглисининг товоғини бўш қолдириб ўзи никоҳланиб олиш учун унинг талоғини сўрамасин. Албатта, унга ҳам тақдир қилингани бўлур». 
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

556. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарни ирода қилсалар, хотинлари орасида қуръа ташлар эдилар. Қайси бирларининг қуръаси чиқса, ўшани ўзлари билан бирга олиб чиқар эдилар. Улардан ҳар бири учун хос кунини ва кечасини тақсим қилар эдилар. Фақатгина Савда бинти Замъа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг розиликларини тилаб ўз кунини Оиша розияллоҳу анҳога ҳадя қилган эди».
Бухорий ривоят қилган.

557. Амр ибн Аҳвас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга видолашув ҳажида ҳозир бўлган. Бас, у зот Аллоҳга ҳамду сано айтдилар, эслатдилар ва ваъз қилдилар. Сўнгра:
«Қайси кун ҳурматлироқ? Қайси кун ҳурматлироқ? Қайси кун ҳурматлироқ?» – дедилар.
«Ҳажжи Акбар куни, Ё Расулаллоҳ», – дейишди одамлар.
Бас, у зот айтдилар:
«Албатта, қонларингиз, молларингиз, обрўларингиз сиз учун худди шу кунингиз, шу юртингиз, шу ойингиз ҳурмати каби ҳурматлидир. Жиноятчи ўзидан бошқага жиноят қилмас. Ота боласига жиноят қилмас. Бола отасига жиноят қилмас.
Огоҳ бўлинглар! Албатта, мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Мусулмонга ўз биродаридан у ўзига ҳалол билган нарсадан ўзга нарса ҳалол бўлмас.
Огоҳ бўлинглар! Жоҳилият рибосининг барчаси (қиймати) ҳам туширилгандир. Сизларга сармояларингиз бўлур. Зулм ҳам қилмайсизлар, сизларга ҳам зулм қилинмайди. Аббос ибн Абдулмуттолибнинг рибосидан бошқаси. Бас, унинг рибоси ҳаммаси туширилгандир.
Огоҳ бўлинглар! Жоҳилиятдаги қонлар қиймати ҳам тушди. Қонларимиздан биринчи бўлиб (қийматини) туширадиганим Ҳорис ибн Абдулмуттолибнинг қонидир. Бани Саъдга эмизиш учун берилган эди. Уни Ҳузайл (қабиласи) қатл қилди.
Огоҳ бўлинглар! Бас, аёллар ҳақида Аллоҳдан қўрқинглар! Чунки, сиз уларни Аллоҳнинг омонати ила олгансизлар. Уларнинг фаржларини Аллоҳнинг калимаси ила ҳалол қилиб олгансизлар. Сизлар учун уларнинг зиммасида сиз ёмон кўрган бирор кишига тўшакларингизни бостирмаслик мажбурияти бор. Агар ўшани қилсалар, уларни ачитмайдиган қилиб уринглар. Улар учун сизнинг зиммангизда маъруф йўл билан ризқлари ва кийимлари мажбурияти бор».
Термизий ва Ибн Можа ривоят қилишган.

559. Муовия Қурайший розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ё Расулаллоҳ, бизнинг биримизда хотинининг нима ҳаққи бор?» – дедим.
«Қачон таомлансанг, уни ҳам таомлантирасан. Қачон кийим кийсанг, уни ҳам кийинтирасан. Юзга урмайсан. Қаттиқ сўкмайсан ва уйдан бошқа жойда ҳижрон қилмайсан», – дедилар».
Абу Довуд, Ибн Можа ва Ҳоким ривоят қилишган.

560. Абдуллоҳ ибн Замъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бирортангиз ўз аёлини қулни калтаклагандек калтакламасин. Кейин, куннинг охирида яқинлик қилгиси ҳам келиб қолиши бор», – дедилар».
 Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

561. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Яхшиларингиз аҳлига яхшиларингиздир. Мен аҳлига яхшингизман. Қачон соҳибингиз вафо этса, уни тек қўйинглар», – дедилар».
Термизий ва Ибн Можа ривоят қилишган.


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио