Расулуллоҳ с.а.в

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

Савдолар китоби

503. Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«Ростгўй, омонатли тожир Набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан биргадир».
Термизий ва Ҳоким ривоят қилишган.

504. Қайс ибн Ғазара розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида Мадийнада васақлар ила олар ва сотар эдик ва ўзимизни ўзимиз ҳам, одамлар томонидан ҳам «даллол» деб номланар эдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни олдимиздан ўтдилар ва бизларни ундан яхшироқ исм билан номладилар:
«Эй, тожирлар жамоаси! Албатта, савдода беҳуда нарса ва қасам ҳозир бўлади, бас, уни садақа ила аралаштиринглар», – дедилар».
Абу Довуд, Термизий, Насаий, Ибн Жоруд ва Ҳоким ривоят қилишган.
«Васақ» – ўлчов бирлиги.

505. Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Савдода кўп қасам ичишдан ҳазир бўлинглар. Чунки, у ўтказади ва ўчиради», – дедилар».
Муслим ривоят қилган.

506. Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сотувчи ва олувчи, модомики, айрилиб кетмасалар, ихтиёрлари ўзлари биландир. Агар улар рост гапириб, очиқ-ойдин баён қилсалар, икковларига ҳам савдоларида барака бўлади. Агар ёлғон гапирсалар ва беркитсалар, савдоларининг баракаси ўчирилади», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

507. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон сотса, қачон сотиб олса ва қачон ҳақини талаб қилса карамли бўлган одамни Аллоҳ раҳим қилсин», – дедилар».
Бухорий ривоят қилган.

508. Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«У қуйидагиларни айтди:
«Аллоҳнинг ҳузурига бандаларидан Аллоҳ мол берган бир банда келтирилди. Бас, унга:
«Дунёда нима амал қилгансан?» – деди. «Ва Аллоҳдан гап яширмаслар», – деди.
«Ё Роббим! Менга молингни бердинг. Одамлар билан савдо қилар эдим. Хулқимда ўтиб юбориш бор эди. Камбағалга муҳлат берар, бойга осонлаштирар эдим», – деди.
Аллоҳ таоло:
«Бу ишга Мен сендан ҳаққлиман. Бандамни кечиб юборинглар», – деди».
Бас, Уқба ибн Омир Жуҳаний ва Абу Масъуд Ансорий: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оғизларидан худди шундай эшитганмиз», – дейишди.
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

509. Абу Ясар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким камбағалга муҳлат берса ёки ундан баъзисини ўтиб юборса, уни Аллоҳ Ўзининг соясига олади», – дедилар».
Бухорий ривоят қилган.

510. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким мусулмоннинг (савдодаги) қайтишини кечирса, Аллоҳ унинг қоқилишини кечиради», – дедилар».
Абу Довуд, Ибн Можа, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривоят қилишган.

511. Абдурроҳман ибн Ваъладан ривоят қилинади:
«У Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан узумдан сиқиладиган нарса ҳақида сўради. Бас, Ибн Аббос айтди:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бир киши хамр кўзасини ҳадя қилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
«Аллоҳ уни ҳаром қилганини биласанми?» – дедилар.
«Йўқ», – деди ва бир одамнинг қулоғига пичирлади.
Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
«Унга нимани пичирладинг?» – дедилар.
«Уни сотиб юборишини буюрдим», – деди.
«Уни ичишни ҳаром қилган Зот сотишни ҳам ҳаром қилди», – дедилар.
У, кўзани очиб, ичидаги нарсани кетказди».
Муслим ривоят қилган.

512. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Нажш»дан наҳй қилдилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.
«Нажш» сўзи «шишириб кўрсатиш» маъносини англатади. Савдода эса, бошқаларни алдаб, қизиқтириш учун бир нарсани ортиқча баҳога сотиб олишга айтилади.

513. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ғазотда бўлдим. ҳориб қолган сувчи туямизда кетаётсам, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ёнимга келдилар. Туя зўрға юрарди. Бас, у зот менга:
«Туянгга нима бўлди?» – дедилар.
«Чарчади», – дедим.
Бас, у зот орқага ўтиб, уни қистадилар ва дуо қилдилар. Туя ҳамма туялардан ўзиб, уларнинг олдида юриб кетди. Шунда у зот менга:
«Туянгни қандай кўраяпсан?» – дедилар.
«Яхши. Унга баракангиз тегди», – дедим.
«Уни менга сотасанми?» – дедилар.
Бизнинг бундан бошқа сувчи туямиз бўлмаса ҳам ҳаё қилиб:
«Ҳа», – дедим.
«Уни менга сот», – дедилар.
Мен туяни Мадийнага етиб олгунча миниб боришим шарти ила у зотга сотдим. Кейин: «Ё Расулаллоҳ, мен янги куёвман», – деб изн сўрадим. Ул зот менга изн бердилар. Адийна томон одамлардан илгари юриб кетдим. Тоғам йўлиқиб, туя ҳақида сўради. Унга нима қилганим ҳақида хабар бердим. У мени маломат қилди.
Изн сўраганимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:
«Қизга уйландингми ёки жувонга?» – дедилар.
«Жувонга уйландим», – дедим.
«Қизга уйланганингда сен у билан ўйнар эдинг, у сен билан ўйнар эди», – дедилар.
«Ё Расулаллоҳ, отам вафот қилиб ёки шаҳид бўлиб, кичик сингилларим қолди. Улар тенгига уйлансам, уларга одоб бера олмайди, уларга қарай олмайди, деб жувонга уйландим. Уларга қарасин, одоб берсин, деб ўйладим», – дедим.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадийнага етиб келганларида эрталаб туяни олиб бордим. Ул зот менга қийматини бердилар. Кейин ўзини ҳам қайтариб бердилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

514. Абу Саъйид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Билол барний хурмо келтирди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
«Бу қаердан?» – дедилар.
«Бизда сифатсиз хурмо бор эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам таомлансинлар, деб унинг икки соъига бир соъ алмаштирдим», – деди Билол.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Вой-вой! Бу айни рибо. Бундай қилма! Аммо хурмо сотиб олмоқчи бўлсанг, буни савдо қилиб сотгин-да, унинг пулига бошқасини сотиб ол», – дедилар».
 Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

515. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мажлисда қавмга гапираётган эдилар. Ул зотнинг олдиларига бир аъробий келиб: «Қиёмат соати қачон?» – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гапларида давом этавердилар. Қавмнинг баъзиси: «Унинг гапини эшитдилар, аммо ёқтирмадилар», – деди. Бошқалари эса, эшитмадилар, дейишди. Ул зот гапларини тугатиб бўлиб:
«Қани?» – дедилар. Менимча, қиёмат соати ҳақида сўровчи.
«Мана, менман, Ё Расулаллоҳ,», – деди.
«Қачон омонат зое қилинса, қиёмат соатини кутавер», – дедилар.
«Унинг зое қилиниши қандай бўлади?» – деди.
«Қачон иш ўз аҳлидан бошқага берилса, қиёмат соатини кутавер», – дедилар».
Бухорий ривоят қилган.

516. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сенга ишонган одамга омонатни адо қил ва сенга хиёнат қилганга хиёнат қилма», – дедилар».
Абу Довуд, Термизий ва Ҳоким ривоят қилишган.

517. Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Омонатли мусулмон хазийначи ўзига амр қилинган нарсани сидқидилдан адо этиб турса ёки тўлиқ ва нуқсонсиз берса, икки садақа берувчининг бири бўлади», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

518. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«Бир киши ҳеч яхшилик қилмаган эди. Ул одамларга қарз берар эди ва элчисига: «Муяссар бўлганини ол. Қийин бўлганини тарк қил ва кечиб юбор. Шоядки, Аллоҳ таоло бизни ҳам кечиб юборса», – дер эди.
Ўлганда Аллоҳ азза ва жалла унга:
«Бирор яхшилик амал қилганмисан?» – деди.
«Йўқ. Фақат бир ғуломим бор эди. Одамларга қарз берар эдим. Уни қарзларни талаб қилишга юборсам: «Муяссар бўлганини ол. Қийин бўлганини тарк қил ва кечиб юбор. Шоядки, Аллоҳ таоло бизни ҳам кечиб юборса», дер эдим», – деди.
Аллоҳ таоло унга: «Батаҳқиқ, сени кечирдим», – деди».
Бухорий ва Насаий ривоят қилишган.

519. Сафвон ибн Умайя розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳунайн куни ундан совутлар беришини сўрадилар. Бас, у:
«Ё Муҳаммад, бу ғасбми?» – деди.
«Йўқ! Адо қилинадиган орият», – дедилар».
Абу Довуд ва Ҳоким ривоят қилишган.
«Ғасб» – куч билан тортиб олиш.
«Орият» – вақтинча фойдаланиш.

520. Абу Жуҳайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам итнинг баҳосидан, қоннинг баҳосидан, хол қўйиш баҳосидан ва хол қўйишдан, рибо ейишдан ва беришдан наҳй қилдилар. Ва сувратчини лаънатладилар».
Бухорий ривоят қилган.

521. Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан:
«Ё Расулаллоҳ, бир киши келиб мендан ҳузуримда йўқ нарсани сотишимни сўрайди. Унга уни сотайми? Сўнгра унга бозордан сотиб олиб бераман», – дедим.
«Ўз ҳузурингда бўлмаган нарсани сотма!» – дедилар».
Абу Довуд, Термизий ва Насаий ривоят қилишган.

522. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Кишига ўзи эга бўлмаган нарсани сотишга йўл йўқ», – дедилар».
Абу Довуд, Термизий ва Насаий ривоят қилишган.


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио