Расулуллоҳ с.а.в

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

Ҳаж китоби

474. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ушбу кунлардан кўра солиҳ амали Аллоҳга маҳбуброқ кунлар йўқ», – дедилар. Яъни, Зулҳижжанинг биринчи ўн куни.
«Ё Расулаллоҳ, Аллоҳнинг йўлидаги жиҳод ҳамми?», – дейишди.
«Аллоҳнинг йўлидаги жиҳод ҳам. Илло, жони ва моли билан чиқиб, улардан бир нарса ила қайтмаган киши», – дедилар».
Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилишган.

475. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Арафа куничалик Аллоҳ бандани дўзахдан кўпроқ озод қиладиган кун йўқдир. Албатта, У зот яқинлашиб келади ва улар билан фаришталар олдида фахрланиб: «Анавилар нимани ирода қилдилар?» дейди», – дедилар».
Муслим ва Насаий ривоят қилишган.

476. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Meнинг мacжидимдaги биp нaмоз yндaн бoшқacидaги мингтa нaмoздaн яxшидиp. Фақaт Macжидyл Ҳapомгинa yндaн мycтаcнo», – дeдилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

477. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка фатҳи куни:
«Ҳижрат йўқдир. Лекин жиҳод ва ният бордир. Қачон сиздан қўзғалиш талаб қилинса, қўзғалинг. Албатта, бу юртни Аллоҳ осмонлару ерни халқ қилган куни ҳаром қилган. У қиёмат кунигача Аллоҳнинг ҳурмати ила ҳаромдир. Мендан олдин ҳеч кимга унда уруш қилиш ҳалол бўлмаган. Менга ҳам кундуз куни, бироз муддат ҳалол қилинди, холос. У, Аллоҳнинг ҳурмати ила қиёмат кунигача ҳаромдир. Тикони юлинмайди. Ов ҳайвонлари ҳуркитилмайди. Тушиб қолган нарсани таниган одамдан бошқа олмайди. Унинг ўт-ўлани юлинмас», – дедилар.
Шунда Аббос:
«Ё Расулаллоҳ, изхир бундан мустасно. Чунки у темирчилари ва уйлари учун», – деди.
 «Изхир бундан мутасно», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

478. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сизлардан бирортангизга Маккада силоҳ кўтариш ҳалол эмас», – дедилар.
Муслим ривоят қилган.

479. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадийнага яқинлашганларида:
«Аллоҳим, мен унинг икки тоғи орасини худди Иброҳим Маккани ҳарам қилганидек, ҳарам қиламан. Аллоҳим, улар учун муддлари ва соъларини баракотли қилгин!» – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

480. Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ким бизда Китоб ва ушуб саҳифадан бошқа нарса бор-у, ўни ўқишимизни гумон қилса, батаҳқиқ, ёлғон айтибди. Унда туя тишлари ва жароҳот етганда тўланадиган нарсалар ҳақида гап бор. Унда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар:
«Мадийнанинг ҳарами Айр билан Савр орасидадир. Бас, ким унда бир бидъат пайдо қилса ёки бидъатчига жой берса, унга Аллоҳнинг, фаришталарнинг ва барча одамларнинг лаънати бўлсин. Қиёмат куни Аллоҳ ундан нафлни ҳам, фарзни ҳам қабул қилмайди.
Мусулмонларнинг зиммаси бирдир. Уни уларнинг энг пасти ҳам бериши мумкин. Ким мусулмонга берган аҳдини бузса, унга Аллоҳнинг, фаришталарнинг ва барча одамларнинг лаънати бўлсин. Қиёмат куни ундан нафл ҳам, фарз ҳам қабул қилинмас».
Бухорий, Муслим ва Абу Довуд ривоят қилишган.

481. Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«Аллоҳим! Албатта, Иброҳим Маккани ҳаром қилди ва уни ҳарамга айлантирди. Албатта, мен Мадийнани ҳаром қилиб, уни ҳарамга айлантирдим. Унинг икки тоғи орасида қон тўкилмайди. Унда қитол учун силоҳ кўтарилмайди. Унда дарахт алафдан бошқа нарса учун кесилмайди.
Аллоҳим! Бизга Мадийнамизни баракали қилгин.
Аллоҳим! Бизга соъимизни баракали қилгин.
Аллоҳим! Бизга муддимизни баракали қилгин.
Аллоҳим! Бизга соъимизни баракали қилгин.
Аллоҳим! Бизга муддимизни баракали қилгин.
Аллоҳим! Бизга Мадийнамизни баракали қилгин.
Аллоҳим! Бир барака ила икки барака қилгин».
Муслим ривоят қилган.

482. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«Мадийнанинг икки ҳарраси орасини ҳарам қилдим. Унинг тиконли катта дарахтлари кесилмайди ёки ови ўлдирилмайди. Агар билсалар, Мадийна улар учун яхшидир. Бирорта ундан безиб чиққан бўлса, албатта, Аллоҳ унинг ўрнига унга ундан яхшини киритади. Ким унинг тангчилик ва қийинчиликларига собит турса, албатта, мен унга Қиёмат куни шафоатчи ва гувоҳ бўламан. Ким аҳли Мадийнага ёмонликни ирода қилса, Аллоҳ уни дўзахда худди қўрғошинни эритгандек ёки тузни сувда эритгандек эритиб юборади». 
Муслим ривоят қилган.

483. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Шаҳарларни ейдиган шаҳарда туришга амр қилиндим. Уни Ясриб дейдилар. У Мадийнадир. У (ёмон) одамларни худди босқон темирнинг кирини сургун қилгандек сургун қилади», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

484. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳим! Бизга худди Маккага бўлган муҳаббатимиз каби ёки ундан ҳам шиддатлироқ қилиб Мадийнани маҳбуб қилгин.
Аллоҳим! Бизнинг соъимизни ва муддимизни баракали қилгин. У(Мадийна)ни биз учун сиҳҳат маскани қилгин. Унинг иситмасини Жуҳфага кўчиргин», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

485. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Макка ва Мадийнадан бошқа ҳар бир юртни, албатта, Дажжол оёғости қилади. Иккисининг ҳар бир йўлини фаришталар саф бўлган ҳолларида қўриқлайдилар. Кейин Мадийна уч марта титрайди ва ундан барча кофир ва мунофиқ у(Дажжол) томон чиқади», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

486. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Уйим билaн минбapим ўpтacидa жaннaт бoғлapидaн биp бoғ бop. Минбарим ҳавзим устидадир», дeдилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

487. Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига аёлларидан баъзисининг уйига кириб:
«Ё Расулаллоҳ, тақво асосларига қурилган масжид қайси?» – дедим.
Ул зот бир сиқим майда тошларни олиб ерга урдилар-да:
«У ушбу масжидингиздир», – дедилар. Мадийнанинг масжиди.
Муслим ривоят қилган.

488. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, иймон Мадийнага худди илон инига киргандек киради», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

489. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон сафардан келиб, Мадийнага назарлари тушса, уловларини тезлатар ва агар бирор ҳайвон минган бўлсалар, унга бўлган муҳаббатларидан ҳайвонни қистар эдилар».
Бухорий ривоят қилган.

490. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Қубога унда икки ракъат намоз ўқиш учун пиёда ва уловда келар эдилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

491. Саҳл ибн Ҳунайф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким ушбу масжидга, Қубо масжидига келиб унда намоз ўқиса, худди умра кабидир», – дедилар».
Насаий, Ибн Можа ва Ҳоким ривоят қилишган.

492. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Уҳудга назар солдилар ва:
«Албатта, Уҳуд бизга муҳаббат қилган ва биз унга муҳаббат қилган тоғдир. Аллоҳим! Албатта, Иброҳим Маккани ҳарам қилди ва мен ҳам унинг икки ҳарраси орасини ҳарам қилдим», – дедилар».
Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилишган.
«Ҳарра» Мадийнанинг икки тарафидаги қора тошли минтақа.

493. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ислом ғарийблик-ла бошланди ва яна бошлангандаги каби ғарийбликка қайтади. У икки масжид орасидан худди илон инига киргандек киради», – дедилар».
Муслим ривоят қилган.

494. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтганларини эшитдим:
«Албатта, шайтон намозхонлар унга Арабистон ярим оролида унга ибодат қилишларидан ноумид бўлди. Лекин уларни фитна ва урушларга гиж-гижлаши қолди».
Муслим ривоят қилган.

495. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Ё Расулаллоҳ! Сизлар билан ғазот ёки жиҳод қилайликми?» – дедим.
«Лекин жиҳоднинг яхшиси ва гўзали ҳажжи мабрурдир», – дедилар».
Оиша айтди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан буни эшитганимдан буён ҳажни тарк қилмайман».
Бухорий ривоят қилган.

496. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳаж билан умрани кетма-кет қилинг. Албатта, иккиси худди босқон темир, тилла ва кумушнинг кирини кетказганидек фақийрлик ва гуноҳларни кетказади. Ҳажжи мабрурнинг жаннатдан бошқа савоби йўқ», – дедилар».
Термизий, Насаий, Ибн Хузайма ва Ибн Ҳиббон ривоят қилишган.

497. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Умрадан кейинги умра иккисининг орасидаги нарсаларга каффоротдир. Ҳажжи мабрурнинг мукофоти жаннатдан бошқа нарса эмас», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.
Бошқа ривоятда:
«Ким Аллоҳ учун ҳаж қилса, фаҳш сўз айтмаса ва фисқу фасод қилмаса, худди онаси туққан кунидек қайтади», дейилган.
Бухорий ривоят қилган.

498. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ансорлардан бўлган, Умму Синан деб номланадиган бир аёлга:
«Биз билан ҳаж қилишингдан сени нима манъ қилди?» – дедилар.
«Абу Фулоннинг иккита туяси бор эди. Бирида у билан ўғли ҳаж қилдилар. Бошқасида эса ғуломимиз суғориш ишларини олиб борарди», – деди.
«Рамазондаги умра ҳажнинг ёки мен билан бўлган ҳажнинг қазосидир», – дедилар».
Муслим ривоят қилган.

499. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳажнинг нимаси афзал?» – деб сўралди.
«Баланд овози ва қон оқизгани», – дедилар».
Термизий, Ибн Можа, Ибн Хузайма ва Ҳоким ривоят қилишган.

500. Абдурроҳман ибн Яъмар Дийлий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бордим. Одамлар у зотдан ҳаж ҳақида сўрашди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳаж Арафадир. Ким жамъ қилиш кечасининг фажридан олдин келса, ҳажи тугал бўладир», – дедилар».
Абу Довуд, Термизий, Насаий, Ибн Хузайма ва Ҳоким ривоят қилишган.

501. Урва ибн Музаррис Тоий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига Муздалифада келдим ва:
«Ё Расулаллоҳ! Той тоғидан келдим. Уловимни тугатдим. Ўзимни чарчатдим. Аллоҳга қасамки, бирорта ҳам қум тепани қўймай устида турдим. Менинг ҳажим ҳаж бўладими?» – дедим.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким биз билан ушбу намозимига етишган бўлса ва ундан олдин тундами, наҳордами Арафотга келган бўлса, батаҳқиқ, ҳажи тугал ва фарзи адо бўлади», – дедилар».
Абу Довуд, Термизий, Насаий, Ибн Можа, Ибн Хузайма ва Ибн Ҳиббон ривоят қилишган.

502. Жаъфар ибн Муҳаммад розияллоҳу анҳудан, у отасидан ривоят қилинади:
«Жобир ибн Абдуллоҳнинг олдига кирдик. У қавм ҳақида сўради. Менга етиб келганда: «Мен Муҳаммад ибн Али бин Ҳусайнман» – дедим. У қўли билан бошимни силади. Тепа тугмамни ечди. Кейин пастки тугмамни ечиб кафтини икки кўкрагим орасига қўйди. Ўша кунлари ёш бола эдим. Бас, у: «Хуш келибсан! Эй, биродаримнинг ўғли. Нимани хоҳласанг, шуни сўра», – деди.
Мен ундан сўрадим. У аъмо эди. Намоз вақти бўлиб қолди. Бас, у кийимига ўралган ҳолда турди. Қачон у кийимини елкасига тортса, торлигидан, у яна қайтиб тушиб кетар эди. Ридоси эса ёнидаги кийим қўйгичда эди. У бизга намозга ўтди. Кейин мен унга:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳажлари ҳақида гапириб беринг», – дедим.
У қўлини кўтариб тўққиз бармоғини кўрсатиб: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тўққиз йил ҳаж қилмай турдилар. Сўнгра ўнинчи йили одамлар ичида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаж қилмоқчилар, деган эълон бўлди. Мадийнага жуда кўп башар келди. Уларнинг барчалари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга иқтидо жтишни ва у зот қилган амални қилишни истар эди. Бас, биз у зот билан бирга чиқиб Зул Ҳулайфага етиб келдик. Шунда Асмаа бинти Умайс Муҳаммад ибн Абу Бакрни туғди. У Расулуллоҳга одам юбориб: «Қандоқ қилай?» – деди. Ул зот «Ғусл қил, бирор кийим ила қонни тўс ва эҳромга кир» – дедилар.
Расулуллоҳ намозни масжидда ўқидилар. Кейин Қасвога миндилар. Туялари у зотни кўтариб Байдаада тик турганда назар солсам, кўзим етган жойгача у зотнинг олдиларида уловли ва пиёда кишилар бор эди. Ўнг томонларида ҳам шунга ўхшаш. Чап томонларида ҳам шунга ўхшаш. Ортларида ҳам шунга ўхшаш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўртамизда эдилар. Ул зотга Қуръон нозил бўлиб турарди. Ул зот унинг таъвийлини билар эдилар. Ул зот нима амални қилсалар, биз ҳам ўша амални қилар эдик. Бас, тавҳид лаббайкасини айтдилар; «Лаббайкаллоҳумма лаббайк. Лаббайка лаа шарийка лака лаббайк. Иннал ҳамда, ваннеъмата лака вал мулк. Лаа шарийка лак!»
Одамлар ҳам ана шуни айтдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга бундан бирор нарсани рад қилмадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз талбияларини лозим тутдилар.
Жобир розияллоҳу анҳу ўз сўзида давом этди:
«Ҳаждан бошқа нарсани ният қилмадик. Умрани билмасдик. Токи у зот билан Байтга етиб келганимизда, рукнни истилом қилдилар, уч марта рамл қилдилар, тўрт марта юрдилар ва сўнг мақоми Иброҳим алайҳиссаломга ўтдилар. Ул зот «Ва мақоми Ииброҳимдан намозгоҳ тутинглар»ни қироат қилдилар. Кейин мақомни ўзлари билан Байтнинг орасида қолдирдилар. У зот икки ракъатда «Қул ҳуваллоҳу аҳад» ва «Қул айюҳал каафирун»ни қироат қилар эдилар. Сўнг рукнга қайтиб бориб, истилом қилдилар.
Кейин эшикдан Сафога чиқдилар. Сафога яқинлашганларида «Иннас Сафо вал Марвата мин шаъаириллаҳи»ни қироат қилиб: «Аллоҳ бошлаган нарсадан бошланглар», – дедилар. Бас, у зот Сафодан бошладилар. Унинг устига чиқдилар. Токи Байтни кўрганларида, қиблага қараб туриб Аллоҳга тавҳид ва такбир айтдилар ва: «Лаа илааҳа Иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳулмулку, ва лаҳул ҳамду ва ҳува алаа кулли шайъин қодийр. Лаа илааҳа Иллаллоҳу ваҳдаҳу, анжаза ваъдаҳу ва насара абдаҳу ва ҳазамал аҳзаба ваҳдаҳу», – дедилар.
Бу орада дуо ҳам қилдилар ва ўшаларни уч марта айтдилар. Сўнгра Марва томон тушдилар. Токи қадамлари водийнинг пастлик ерларини босганда, тезлаб юрдилар. Тепаликка кўтаришганда оддий юрдилар. Токи Марвага етиб келганларида, унинг устида туриб худди Сафо устида қилганларини қилдилар. Шундоқ қилиб у зотнинг тавофларининг охири Марвада бўлди ва: «Агар ишни аввалдан бошлайдиган бўлсам, яна ортга қайтмасдим, қурбонлик ҳайдамасдим ва умра ният қилардим. Сиздан ким ўзи билан қурбонлик олмаган бўлса, эҳромдан чиқсин, ибодатини умра қилсин», – дедилар.
Шунда Суроқа ибн Молик:
«Ё Расулаллоҳ! Ушбу йилимиз учунми ёки абадийликками?» – деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам панжаларини бир-бирининг ичига киритиб туриб икки марта:
«Умра ҳажнинг ичига кирди. Йўқ! Балки абадийликка, абадийликка», – дедилар.
Али Ямандан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туяларини олиб келди. У, Фотима розияллоҳу анҳонинг эҳромдан чиқиб, бўёқ суртилган кийим кийиб, сурма қўйиб олганини кўриб, инкор қилди. Шунда у:
«Отам менга шуни амр қилдилар», – деди.
Али Ироқда юрганида:
«Ўшанда Фотиманинг қилган ишидан аччиқланиб, у берган хабар ҳақида сўрагани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бордим. Мен унинг ишини инкор қилганим ҳақида хабар бердим. Бас, Ул зот:
«Рост айтибди. Рост айтибди. Ҳажни ният қилганингда нима деган эдинг?» – дедилар.
«Аллоҳим! Расулинг нимани ният қилган бўлса, ўшани ният қилдим, деб айтдим», – дедим.
«Менинг атаган қурбонликларим бор. Эҳромдан чиқма», – дедилар у зот.
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Ямандан олиб келган қурбонликлар билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари ила олиб келган қурбонликлар жамъ бўлиб юзта эди. Одамлар ҳаммалари эҳромдан чиқиб сочларини қисқартирдилар. Фақат Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва қурбонлиги борлар бундоқ қилмадилар.
Тарвия куни бўлганда Минога юзландилар. Улар ҳажни ният қилиб талбия айтдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уловга миндилар. У ер(Мино)да Пешин, Аср, Шом, Хуфтон ва Бомдодни ўқидилар.  Сўнг бирпас туриб, қуёш чиққандан кейин ўзлари учун Намирага жун капани тикишга амр қилдилар. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юриб кетдилар. Қурайшликлар у зотнинг худди Қурайш жоҳилиятда қилганидек Машъарул Ҳаромда вуқуф қилишларидан ҳеч шубҳа қилмас эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у ердан ўтиб кетдилар ва Арафотга етиб бордилар. У зот ўзлари учун Намирада қурилган капани топдилар ва унга тушдилар. Қачон қуёш оғганда амр қилдилар ва Қасво у зот учун эгарланди. Бас, водийнинг ўртасига бордилар ва одамларга хутба қилиб:
«Албатта, қонларингиз, молларингиз, обрўларингиз сиз учун худди шу кунингиз, шу юртингиз, шу ойингиз ҳурмати каби ҳурматлидир. Огоҳ бўлинглар! Жоҳилиятнинг ишларидаги ҳар бир нарса менинг оёғим остига тўшалгандир. Жоҳилиятдаги қонлар қиймати ҳам тушди. Қонларимиздан биринчи бўлиб (қийматини) туширадиганим қон Ибн Робийъа ибн ал-Ҳориснинг қонидир. Бани Саъдга эмизиш учун берилган эди. Уни Ҳузайл (қабиласи) қатл қилди.
Жоҳилият рибосининг (қиймати) ҳам туширилгандир. Риболаримиздан биринчи бўлиб қийматини туширадиганим рибо Аббос ибн Абдулмуттолибнинг рибосидир. Бас, унинг ҳаммаси туширилгандир.
Бас, аёллар ҳақида Аллоҳдан қўрқинглар! Чунки, сиз уларни Аллоҳнинг омонати ила олгансизлар. Уларнинг фаржларини Аллоҳнинг калимаси ила ҳалол қилиб олгансизлар. Сизлар учун уларнинг зиммасида сиз ёмон кўрган бирор кишига тўшакларингизни бостирмаслик мажбурияти бор. Агар ўшани қилсалар, уларни ачитмайдиган қилиб уринглар. Улар учун сизнинг зиммангизда маъруф йўл билан ризқлари ва кийимлари мажбурияти бор.
Батаҳқиқ, мен сизларга маҳкам ушласангиз ундан сўнг ҳеч ҳам залолатга кетмайдиган нарсани қолдирдим. Аллоҳнинг китобини.
Сизлар мен ҳақимда сўралурсизлар. Хўш, нима дейсизлар?» – дедилар.
«Албатта, етказганингизга, адо этганингизга ва насийҳат қилганингизга гувоҳлик берамиз», – дейишди.
Шунда у зот кўрсатгич бармоқларини осмонга кўтариб, кейин одамларга қаратиб тушириб туриб:
«Аллоҳим! Ўзинг гувоҳ бўл!» – деб уч марта айтдилар.
Сўнгра азон ва иқома айттириб, Пешинни ўқидилар. Кейин яна иқома айттириб, Асрни ўқидилар. Иккисининг орасида ҳеч нарса ўқимадилар.
Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (улов) миниб мавқифга бордилар. Туялари Қасвонинг қорнини тошларга қилдилар. Пиёдалар қаршиларида бўлиб қолди. Ул зот қиблага қараб турдилар. Шу туришларида қуёш ботгунча турдилар.
Кейин Усомани орқаларига мингаштириб, қайтишни бошладилар. Ул зот Қасвонинг жиловини қаттиқ тортганларидан, унинг боши эгарнинг қошига тегай деб қолди. Ул зот ўнг қўллари билан ишорат қилиб:
«Эй одамлар! Сокин бўлинглар! Сокин бўлинглар!» – дер эдилар. Қачон қум тепачалардан бирига келганда, туя унга чиқиб олиши учун жиловни бироз бўшатар эдилар.
Муздалифага етиб келганларидан кейин Шом ва Хуфтонни бир азон икки иқома билан ўқидилар. Икковлари орасида ҳеч нарса ўқимадилар.
Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тонг отгунча ёнбошладилар. Ўзларига субҳ аён бўлганида азон ва иқома билан Бомдодни ўқидилар.
Кейин Қасвога миниб Машъарул Ҳаромга келдилар. Қиблага қараб дуо қилдилар, такбир, таҳлил ва тавҳид сўзлари айтдилар. Тонг жуда ҳам ёришгунча шу ҳолда турдилар.
Бас, қуёш чиқмасдан олдин жўнадилар. Ул зот Фазл ибн Аббосни мингаштириб олдилар. У гўзал сочли, оппоқ ва чиройли одам эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жўнаганларида аёллар (ҳавдажда) тезлаб ўтиб қолдилар. Фазл уларга назар сола бошлади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларини Фазлнинг юзига қўйдилар ва унинг назар солиб турган юзини бошқа томонга бурдилар. Ул зот Ботни Муҳассарга келганларида бир оз тезладилар.
Сўнгра Жамратул Куброга чиқадиган ўрта йўлга тушдилар. Дарахт олдидаги Жамрага келиб, еттита тошни ҳар бирини отганда такбир айтиб отдилар.
Кейин бурилиб, қурбонлик сўядиган жойга бордилар. Бас, олтмиш учта(қурбонлик)ни қўллари билан сўйдилар. Қолганларини Али сўйди. Ул зот уни қурбонликларига шерик қилдилар.
Сўнгра амр қилиб, ҳар бир туядан оз-оздан гўшт олдириб, қозонга солдириб пиширтирдилар. Икковлари ундан еб, шўрвасидан ичдилар.
Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (уловга) миниб ифоза (тавоф) қилдилар. Маккада Пешинни ўқидилар. Замзам тарқатаётган Бани Абдулмуттолиблар олдига келиб:
«Тортинглар! Эй Бани Абдулмуттолиблар! Агар одамлар сизнинг сувчилигингизга ғолиб келиб кетиши бўлмаганида, мен ҳам сиз билан сув тортар эдим», – дедилар. Улар бир пақирда сув узатишди. Ул зот ундан ичдилар».
Муслим ривоят қилган.


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио