Расулуллоҳ с.а.в

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

Рўза китоби

432. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Рамазондан кейинги энг афзал рўза Аллоҳнинг Муҳаррам ойи рўзасидир. Фарз намоздан кейинги энг афзал намоз тунги намоздир», – дедилар».
Муслим ривоят қилган.

433. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон кечаларини ибодат ила бедор ўтказишга тарғиб қилар, аммо қатъий буйруқ бермас эдилар. Бас, у зот:
«Ким Рамазонда иймон ва ихлос билан қоим бўлса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинур», – дер эдилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

434. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким Лайлатул қадрни иймон ва ихлос ила қоим бўлиб ўтказса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинур», – дедилар». 
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

435. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«Одам боласининг ҳамма амали (савоби) кўпайтириб берилур. Бир яхшиликка унинг ўн мислидан то етти юз баробаригача. Аллоҳ азза ва жалла:
«Магар рўза Мен учундир. Унинг мукофотини Мен берурман. У (Одам боласи) шаҳвати ва таомини Мен учун тарк қилур», – дейдир.
Рўзадорга икки хурсандлик бордир. У иккисини ҳам яшагай. Қачон ифтор қилса, хурсанд бўлгай ва Роббига мулоқот бўлганда, рўзаси ила хурсанд бўлгай.
Албатта, рўзадорнинг оғзининг ҳиди Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан хушбўйроқдир».
Муслим ривоят қилган.
Бошқа ривоятда:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«Аллоҳ таоло: «Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен Ўзим берурман», – деди.
Рўза сақловчидир. Қачон бирингизнинг рўза куни бўлса, фаҳш гап гапирмасин ва бақир-чақир қилмасин. Агар бирортаси у билан сўкишмоқчи ёки уришмоқчи бўлса, мен рўзадор одамман, десин.
Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зот ила қасамки, албатта, рўзадорнинг оғзининг ҳиди Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан хушбўйроқдир. Рўзадорга икки хурсандлик бордир. У иккисини ҳам яшагай. Қачон ифтор қилса, хурсанд бўлгай ва Роббига мулоқот бўлганда, рўзаси ила хурсанд бўлгай».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

436. Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ё Расулаллоҳ, менга Аллоҳ манфаат берадиган ишни амр қилинг», – дедим.
«Рўзани лозим тут, унинг ўхшаши йўқдир», – дедилар.
Насаий ва Ибн Ҳиббон ривоят қилишган.

437. Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким Аллоҳ учун бир кун рўза тутса, Аллоҳ унинг юзини дўзахдан етмиш куз узоқ қилади», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

438. Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Жаннатнинг бир эшиги бўлиб, «Райён» деб номланур. Қиёмат куни рўзадорлар ундан кирурлар, улардан бошқа бирортаси кирмас.
«Рўзадор қаерда?» – дерлар. Улар ундан кирурлар. Қачон уларнинг охиргиси кирса, у беркитилур. Ундан бошқа ҳеч ким кирмас», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

439. Зайд ибн Холид Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким рўзадорни ифтор қилдирса, Унга унинг ажрича ажр бўлур. Шу билан бирга, рўзадорнинг ажридин ҳеч бир нарса кам бўлмас», – дедилар».
Термизий, Ибн Можа, Ибн Хузайма ва Ибн Ҳиббон ривоят қилишган.

440. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«Қачон ойни кўрсангиз, рўза тутинглар. Қачон ойни кўрсангиз, рўзани очинглар. Агар сизлардан булут-ла тўсилиб қолса, ўттиз кун рўза тутинглар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

441. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир аъробий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Мен ҳилолни кўрдим», – деди.
«Лаа илааҳа Иллаллоҳ, деб шаҳодат берасанми?» – дедилар.
«Ҳа», – деди.
«Муҳаммад Расулуллоҳ, деб шаҳодат берасанми?» – дедилар.
«Ҳа», – деди.
«Эй Билол, одамларга эълон қил, эртага рўза тутсинлар», – дедилар.
Абу Довуд, Термизий, Насаий, Ибн Жоруд, Ибн Хузайма ва Ибн Ҳиббон ривоят қилишган.

442. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«Одамлар оғиз очган куни Фитр ийдидир. Одамлар қурбонлик қилган куни Қурбон ийдидир».
Термизий ривоят қилган.

443. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон Рамазон ойи кирса, жаннат эшиклари очилур, дўзах эшиклари ёпилур ва шайтонлар кишанланур», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.
Бошқа ривоятда:
«Қачон Рамазон келса, жаннат эшиклари очилур», дейилган.
Бухорий ривоят қилган.
Бошқа ривоятда:
«Қачон Рамазон ойининг аввалги кечаси бўлса, шайтонлар ва ўзбошимча жинлар кишанланур. Дўзахнинг эшиклари ёпилур. Улардан бирор эшик очилмас. Жаннатнинг эшиклари очилур. Улардан бирор эшик ёпилмас. Бир нидо қилувчи:
«Эй, яхшилик истовчи, келиб қол! Эй, ёмонлик истовчи, бас қил!» – деб нидо қилур. Аллоҳнинг дўзахдан озод қилинган(банда)лари бўлур. Ҳар кеча шундоқ бўлур», дейилган.
Термизий, Насаий, Ибн Можа, Ибн Хузайма, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривоят қилишган.

444. Ҳафса розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким фажрдан олдин рўзани қасд қилмаса, унинг рўзаси йўқдир», – дедилар».
Абу Довуд, Термизий, Насаий, Ибн Можа ва Ибн Хузайма ривоят қилишган.

445. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни менга:
«Ҳой Оиша, ҳузурингизда бирор нарса борми?» – дедилар. 
«Ё Расулаллоҳ, ҳузуримизда ҳеч нарса йўқ», – дедик.
«Ундоқ бўлса, мен рўзадорман», – дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқиб кетдилар. Бас, бизга ҳадя берилди ёки бизга зиёратчилар келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтиб келганларида:
«Ё Расулаллоҳ, бизга ҳадя қилинди ёки бизга зиёратчилар келди. Сизга бир нарса беркитиб қўйдим», – дедим.
«У нима?» – дедилар.
«Ҳайс», – дедим.
«Олиб кел», – дедилар.
Мен олиб келдим ва ундан едилар. Сўнгра, «Эрталаб рўза тутган эдим», – дедилар».
Муслим ривоят қилган.
«Ҳайс» – арабларнинг хурмо, сариёғ, қурут ёки унни аралаштириб тайёрлайдиган таоми.

446. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким рўзадор бўлса-ю, унга қайъ ғолиб келса, қазо қилмоқ вожиб эмас. Агар ўзи хоҳлаб қайъ қилган бўлса, қазо тутсин», – дедилар.
Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа ва Ибн Ҳиббон ривоят қилишган.

447. Умар ибн Абу Саламадан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўгай ўғилларидан ривоят қилинади:
«У, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Рўзадор ўпадими?» – деб сўради. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Мана бундан сўра», деб Умму Саламани кўрсатдилар. Бас, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буни қилишлари хабарини берди. Шунда у:
«Ё Расулаллоҳ, Аллоҳ сизнинг олдинги ва кейинги гуноҳларингизни мағфират қилган», – деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
«Аммо, Аллоҳга қасамки, мен Аллоҳга энг кўп тақво қиладиганингизман ва У зотдан энг кўп қўрқадиганингизман», – дедилар».
Муслим ривоят қилган.

448. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким рўзадорлигини унутиб қўйиб еса ёки ичса, рўзасини батамом қилсин. Уни Аллоҳ таомлантирибди ва сероб қилибди, холос», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

449. Абу Қатода Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳдан умид қиламанки, Арафа кунининг рўзаси ундан олдинги сананинг ва ундан кейинги сананинг каффороти бўлур. Аллоҳдан умид қиламанки, Ошуро кунининг рўзаси ўзидан олдинги сана(гуноҳлари)нинг каффороти бўлур», – дедилар».
Муслим ривоят қилган.

450. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Агар келаси йили боқий бўлсам, албатта, тўққизинчини ҳам тутаман», – дедилар». Яъни, Ошуро куни.
Муслим ривоят қилган.
Бошқа ривоятда:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ошуро куни рўзасини тутдилар ва у куннинг рўзасини тутишга амр қилдилар. Одамлар:
«Ё, Аллоҳниниг Расули, бу кунни яҳудий ва насоролар улуғлайдилар», – дейишди.
Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон келаси йил бўлса, иншоаллоҳ, тўққизинчи куннинг ҳам рўзасини тутамиз», – дедилар.
Бас, келаси йил бўлмасдан туриб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этдилар».
Муслим ривоят қилган.

451. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким абадий рўза тутса, рўза ҳам тутмади, оғзи очиқ ҳам юрмади», – дедилар».
Насаий ва Ибн Ҳиббон ривоят қилган.

452. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:
«Ё Абдуллоҳ ибн Амр! Сен кечани бедор ўтказиб, доимо кундузнинг рўзасини тутар эмишсан? Агар сен шундоқ қиладиган бўлсанг, кўзинг заифлашади. Ким абадий рўза тутса, рўза тутмаган бўлади. Ойдан уч кун рўза тутиш ойнинг рўзасини тутиш кабидир», – дедилар.
«Мен ундан ҳам кўпга тоқат қиламан», – дедим.
«Унда Довуднинг рўзасини тут. Бир кун тутиб бир кун очар ва тўқнашганда қочмас эди», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

453. Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким Рамазон рўзасини тутиб, кетидан Шавволдан олти кун рўза тутса, йил бўйи рўза тутгандек бўлади», – дедилар».
Муслим ривоят қилган.

454. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам душанба ва пайшанбанинг  рўзасини тутар эдилар».
Термизий, Насаий ва Ибн Ҳиббон ривоят қилишган.

455. Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«Ҳой Абу Зарр! Қачонки бир ойдан уч кун рўза тутадиган бўлсанг, ўн уч, ўн тўрт ва ўн бешни тут».
Термизий, Насаий ва Ибн Хузайма ривоят қилишган.

456. Нубайша Ҳузалий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ташриқ кунлари еб-ичиш ва Аллоҳнинг зикри кунларидир», – дедилар».
Муслим ривоят қилган.

457. Умму Ҳонеънинг мавлоси Абу Муррадан ривоят қилинади:
«У Абдуллоҳ ибн Амр билан унинг отаси Амр ибн Осснинг олдига кирди. Бас, у иккисига таом тақдим қилди ва:
«Е», – деди.
«Мен рўзадорман», – деди у.
Шунда Амр:
«Е! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга бу кунларда оғзимиз очиқ юришга амр қилар ва уларда рўза тутишдан қайтарар эдилар», – деди».
Абу Довуд ва Ибн Хузайма ривоят қилишган.

458. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бирингиз Рамазон олдидан бир-икки кун олдин рўза тутмасин. Магар, бир кишининг одатидаги рўза бўлса, ўшани тутсин», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

459. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бирортангиз жумъа куни рўза тутмасин. Магар, ундан олдин ёки кейин тутсангиз, майли», – дедилар».
 Бухорий ривоят қилган.
Бошқа ривоятда:
«Кечалар ичида жумъа кечасини бедорликка хосламанглар. Кунлардан жумъа кунини рўза тутишга хос қилманг. Магар, бирингизнинг рўза тутадиган кунингиз бўлса, майли», дедилар», – дейилган.
Муслим ривоят қилган.

460. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Саҳарлик қилинглар. Албатта, саҳарликда барака бордир», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

461. Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«Қачон кечаси мана бу тарафдан келиб, кундузи мана бу тарафдан кетса, қуёш ботса, рўзадорнинг ифтори бўлади».
 Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

462. Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Модомики, ифторни тез қилар эканлар, кишилар яхшиликда бўлурлар», – дедилар».
 Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

463. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам улаб тутишдан наҳй қилдилар. Бас одамлар:
«Сиз улаб тутасиз-ку?» – дейишди.
«Мен сизга ўхшаш эмасман. Мен таомлантириламан ва сероблантириламан», – дедилар».
Муслим ривоят қилган.

464. Оиша ва Умму Салама розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазонда жинсий яқинликдан эҳтиломдан эмас, жунуб бўлган ҳолларида тонг оттирар эдилар. Сўнгра рўза тутар эдилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

465. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон сиздан бирингиз таомга даъват қилинса, у рўзадор бўлса, мен рўзадорман, деб айтсин», – дедилар.
Муслим ривоят қилган.
Бошқа ривоятда:
«Қачонки бирингиз даъват қилинса, ижобат қилсин. Бас, агар оғзи очиқ бўлса, таомлансин. Агар рўзадор бўлса, намоз ўқисин».
Муслим ривоят қилган.

466. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«Эри ҳозир бўлган аёл унинг изнисиз рўза тутмас».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

467. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Ҳамза ибн Амр Асламий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга:
«Сафарда рўза тутайми?» – деди. У кўп рўза тутарди.
«Истасанг, рўза тут. Истасанг, оғзинг очиқ юр», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

468. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Ё Расулаллоҳ, онам вафот қилди ва унинг зиммасида назр рўза бор. Унинг номидан рўза тутсам бўладими?» – деди.
«Айт-чи, агар онанинг қарзи бўлса ва сен унинг номидан адо этсанг бўлармиди?» – дедилар.
«Ҳа», – деди.
«Бас, онангнинг номидан рўза тут», – дедилар».
  Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

469. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам, то Аллоҳ у кишини вафот этдиргунича, Рамазоннинг охирги ўн кунлигида эътикоф ўтирар эдилар. Сўнгра, у зотдан кейин завжалари ўтиришди».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

470. Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Рамазоннинг ўрта ўн кунлигида эътикоф ўтирдик. Йигирманчи куни тонг отганда матоҳларимизни олиб чиқдик. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузуримизга келиб:
«Ким эътикоф ўтирган бўлса, жойига қайтсин. Ушбу кечаси туш кўрдим. Кўрсам, сув ва лойга сажда қилмоқдаман», – дедилар.
Ул зот эътикоф ўтирган жойларига қайтганларида осмон безовта бўлди. Устимизда ёмғир ёғди. У зотни ҳаққ ила юборганга қасамки, ўша куннинг охирида осмон безовта бўлди. Масжиднинг томи хурмо шохи билан ёпилган эди. Бас, у зотнинг бурунлари учида лой ва сув асарини кўрдим.
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.
Бошқа бир ривоятда:
«Абу Салама айтди: «Абу Саъийд Худрийнинг олдига бориб: «Бизни хурмо боғига олиб чиқмайсанми, гаплашиб ўтирар эдик», – дедим. Бас, у чиқди. Сўнгра унга:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан лайлатул қадр ҳақида эшитган нарсангни менга гапириб бер», – дедим. У гап бошлади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазоннинг аввалги ўн кунлигида эътикоф ўтирдилар. Ул зот билан бирга биз ҳам эътикоф ўтирдик.
Бас, Жаброил келиб у зотга: «Сен истаган нарса олдингда», – деди. Ул зот ўрта ўн кунликда эътикоф ўтирдилар. Ул зот билан бирга биз ҳам эътикоф ўтирдик.
Бас, Жаброил келиб у зотга: «Сен истаган нарса олдингда», – деди. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазоннинг йигирманчи куни тонгда хутба қилиб:
«Ким Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эътикоф ўтирган бўлса, қайтсин. Менга Лайлатул қадр кўрсатилди. Сўнгра эсимдан чиқарилди. Албатта, у охирги ўн кунликнинг тоқ кечасидадир. Мен лой ва сувга сажда қилганимни кўрдим», – дедилар.
Масжиднинг томи хурмо шохи билан ёпилган эди. Осмонда бирор нарсани кўрмас эдик. Бир бўлак булут келиб, ёмғир ёғди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам биз билан намоз ўқидилар. Бас, у зотнинг бурунлари учида лой ва сув асарини, тушларининг тасдиғини кўрдим».
Бухорий ривоят қилган.

471. Али ибн Ҳусайндан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалоллари София розияллоҳу анҳо айтди:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда эътикоф ўтирган эдилар. Мен кечаси у кишининг зиёратларига келдим, бироз гаплашдим, сўнг, уйим томон турдим. У киши мени кузатгани мен билан турдилар. (Унинг уйи Усома ибн Зайднинг масканида эди.) Бас, ансорийлардан икки киши ўтиб қолди. Улар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни кўришлари билан тезлаб қолдилар. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Икковингиз шошилманг, бу (аёл) София бинти Ҳуяййдир», – дедилар.
«Субҳаналлоҳ! Ё Расулаллоҳ!» – дейишди.
«Албатта, шайтон инсоннинг қон юрар жойида юради. Мен у сизнинг қалбингизга бирор нарсани отишидан қўрқдим», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

472. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан баъзи одамлар тушларида Лайлатул қадрнинг охирги етти (кеча)да эканини кўрдилар. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сизларнинг тушунгиз охирги етти кечага мувофиқ келаётганини кўрмоқдаман. Ким, у(кеча)ни излайдиган бўлса охирги етти (кеча)да изласин», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.
Бошқа ривоятда:
«Бир киши Лайлатул қадрнинг йигирма еттинчи кеча эканини туш кўрди. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сизларнинг тушингиз охирги ўн кечада эканини кўрмоқдаман. Бас, уни тоқ (кеча)да излангиз», – дедилар».
Муслим ривоят қилган.
Бошқасида:
«Уни – яъни Лайлатул қадрни – охирги ўнликда изланг. Агар бирингиз заифлашса ёки ожиз бўлса, қолган еттидан мағлуб бўлмасин», – дедилар».
Муслим ривоят қилган.
 
473. Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга Лайлатул қадр ҳақида хабар бериш учун чиқдилар. Бас, мусулмонлардан икки киши низолашиб қолди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«Сизларга хабар бергани чиққан эдим. Бас, фалончи ва фистончи низолашиб қолишди. Бас, уни тўққизинчи, еттинчи ва бешинчида изланглар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио