Расулуллоҳ с.а.в

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

Закот китоби

414. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Муозни Яманга юбораётиб қуйидагиларни айтдилар:
«Албатта, сен аҳли китоб қавмнинг ҳузурига борасан. Бас, уларни аввалги чақирадиган нарсанг Аллоҳ азза ва жалланинг ибодати бўлсин.
Қачон Аллоҳни танисалар, Аллоҳ уларга бир кеча-кундузда беш вақт намозни фарз қилганининг хабарини бер.
Агар, буни қилсалар, Аллоҳ уларга бойларидан олиниб, фақийрларга қайтариладиган закотни фарз қилганини хабар қил. Агар улар сенга бунда итоат этсалар, яхши молларини олишдан ҳазир бўл».
Бошқа ривоятда:
«Мазлумнинг дуосидан қўрқ. Чунки у(дуо) билан Аллоҳнинг орасида парда йўқдир», дейилган.
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

415. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қайси бир тилла ёки кумуш соҳиби унинг ҳаққини адо этмас экан, албатта, қачон қиёмат куни бўлганда, унинг учун оловдан бўлган тахтачалар тайёрланади. Улар жаҳаннам оловида қиздирилади. Сўнгра уларни пешонасига, икки ёнбошига ва орқасига босилади. Совуб қолиши билан яна қайтадан қиздирилади. Миқдори эллик минг йил бўлган кунда одамлар орасида ҳукм чиқарилгунча шундоқ қилинади. Кейин йўлини билади. Ёки  жаннатга, ёки дўзахга бўлади», – дедилар.
«Ё Расулаллоҳ, туя-чи?» – дейилди. Ул зот:
«Қайси бир туя соҳиби ҳам ундан ҳаққини бермаса, сувга борган куни уни соғиш ҳам ҳаққидандир, албатта, қачон қиёмат куни бўлса, уни у(туя)ларнинг олдига теп-текис, сип-силлиқ ерга ташлаб берилади. Уларнинг ҳаммаси битта бўталоғи ҳам қолмай тўлиқ бўлади. Уни туёқлари билан босадилар, оғизлари билан тишлайдилар. Унинг олдидан бири ўтса, бошқаси қайтиб келаверади. Миқдори эллик минг йил бўлган кунда одамлар орасида ҳукм чиқарилгунча шундоқ қилинади. Кейин йўлини билади. Ёки жаннатга, ёки  дўзахга бўлади», – дедилар.
«Ё Расулаллоҳ, қорамол ва қўй-чи?» – дейилди.
«Қайси бир қорамол ва қўй соҳиби ҳам ундан ҳаққини бермаса, албатта, қачон қиёмат куни бўлса, у аларнинг олдига теп-текис, сип-силлиқ ерга ташлаб берилади. Улардан бирортаси ҳам қолмайди. Уларни ичида шохи буралгани, шохсизи, шохи сингани бўлмайди. Уларнинг ҳаммаси шоҳи билан уни сузади ва туёғи билан тепкилайди. Унинг олдидан бири ўтса, бошқаси қайтиб келаверади. Миқдори эллик минг йил бўлган кунда одамлар орасида ҳукм чиқарилгунча шундоқ қилинади. Кейин йўлини кўради. Ёки жаннатга, ёки  дўзахга», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

416. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр закотини хурмодан бир соъ ёки арпадан бир соъ – қулга ҳам, ҳурга ҳам, кичикка ҳам, каттага ҳам – фарз қилдилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

417. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр закотини рўзадор учун беҳуда гап-сўз ва ҳаракатлардан покланиши ва мискинлар учун таомланиш бўлсин учун фарз қилдилар. Ким уни намоздан олдин адо қилса, у мақбул закот бўлур. Ким уни намоздан кейин адо қилса, садақалардан бир садақа бўлур».
Абу Довуд, Ибн Можа ва Ҳоким ривоят қилишган.

418. Убайдуллоҳ ибн Адий ибн Хиёрдан ривоят қилинади:
«Икки киши менга видолашув ҳажида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига борганлари хабарини беришди. У зот садақа тақсимлаётган эканлар. Бас, икковлари ундан сўрашди. Ул зот бизга бошдан-оёқ назар солиб чиқдилар. Бизнинг тетик эканимизни кўрдилар. Сўнгра:
«Агар истасангиз, икковингизга бераман. Унда бойнинг ва касб қила оладиган кучлининг насийбаси йўқ», – дедилар».
Абу Довуд ва Насаий ривоят қилишган.

419. Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Каъбанинг соясида ўтирганларида олдиларига етиб бордим. У зот мени кўришлари билан:
«Улар ютқазувчилардир. Каъбанинг Роббиси ила қасам!» – дедилар.
Етиб бориб, ўтирдим ва яна ўрнимдан туриб:
«Ё Расулаллоҳ, отам, онам сизга фидо бўлсин, улар кимлар?» – дедим.
«Улар моллари кўплар. Илло, мана бундай, мана бундай, мана бундай деганлар, – дея олдилари, орқалари, ўнглари ва чапларига ишора қилдилар. – Улар оздирлар. Кимнинг туяси, қорамоли ва қўйи бўла-туриб ҳаққини адо қилмаса, албатта, қиёмат куни ўшалар энг катта ва семиз ҳолида келтирилади. Уни туёқлари билан тепадилар, шохлари билан сузадилар. Қачон унинг олдидан охиргиси ўтса, олдингиси қайтиб келади. Одамлар орасида ҳукм чиқарилгунча шундоқ давом этади», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

420. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хутба қилдилар: «Зиқналикдан сақланинг! Албатта, сиздан аввал ўтганлар зиқналик туфайли ҳалок бўлганлар. Уларни бахилликка амр қилди. Бахиллик қилдилар. Уларни алоқаларни узишга амр қилди. Алоқаларни уздилар. Уларни фожирликка амр қилди. Фожирлик қилдилар».
Абу Довуд, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривоят қилишган.

421. Ҳориса ибн Ваҳб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидагиларни айтганларини эшитдим:
«Садақа қилинглар. Бир киши садақасини олиб борса, уни берилган одам: «Агар кеча келганингда қабул қилар эдим. Энди эса, менинг унга ҳожатим йўқ», – дейди. Уни қабул қиладиган кимсани топмайди».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

422. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарда туриб садақани, иффатни ва тиланчиликни зикр қилдилар: «Устки қўл пасти қўлдан яхшидир. Устки қўл нафақа қилувчи, пастки қўл сўровчи», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

423. Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дўзахни зикр қилдилар ва ундан паноҳ сўрадилар. Сўнг юзларини уч марта орқага бурдилар ва:
«Дўзахдан бир дона хурмонинг ярми билан бўлса ҳам сақланинглар. Уни ҳам топасангиз, ширин сўз билан», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

424. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ё Расулаллоҳ, қайси садақа афзал?» – дедим.
«Моли ознинг жон-жаҳди ила бергани ва аҳлу аёлингдан бошла», – дедилар».
Абу Довуд, Ибн Хузайма, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривоят қилишган.

425. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Садақа молни ноқис қилмас. Аллоҳ афв ила бандага иззатдан бошқани зиёда қилмас. Ким Аллоҳ учун тавозуъ қилса, албатта, Аллоҳ уни юқорилатмай қўймас», – дедилар».
Муслим ривоят қилган.
       
426. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«Бир киши садақа қиламан деди ва садақасини олиб чиқиб ўғрининг қўлига берди. Тонг отганда «Ўғрига садақа қилинибди» деган гап тарқалди. Бас, у: «Аллоҳим, Ўзингга ҳамд бўлсин!» – деди.
У садақа қиламан деди ва садақасини олиб чиқиб зониянинг қўлига берди. Тонг отганда «Зонияга садақа қилинибди» деган гап тарқалди. Бас, у: «Аллоҳим, Ўзингга зония учун ҳамд бўлсин!» – деди.
У садақа қиламан деди ва садақасини олиб чиқиб бойнинг қўлига берди. Тонг отганда «Бойга садақа қилинибди» деган гап тарқалди. Бас, у: «Аллоҳим, Ўзингга ўғри, зония ва бой учун ҳамд бўлсин!» – деди.
Кечаси тушида унга «Ўғрига қилган садақанг туфайли у ўғриликдан иффат қилса, ажаб эмас. Зонияга қилган садақанг туфайли у зинодан иффат қилса, ажаб эмас. Бойга қилган садақанг туфайли у ибрат олиб, Аллоҳ берган нарсалардан нафақа қилса, ажаб эмас», дейилди».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.
427. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Садақанинг яхшиси беҳожатлик ила бўлганидир ва уни ўзингга аҳлу аёл бўлганлардан бошла», – дедилар».
Бухорий ривоят қилган.

428. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам садақа беришга буюрдилар. Шунда бир одам:
«Менинг бир дийнорим бор», – деди.
«Уни ўзингга садақа қил», – дедилар.
«Менда яна бир дийнор бор», – деди.
«Уни болангга сарф қил», – дедилар.
«Менда яна бир дийнор бор», – деди.
«Уни аёлингга ёки жуфтингга сарф қил», – дедилар.
«Яна бошқаси бор», – деди.
«Уни ходимингга сарф қил», – дедилар.
«Яна бошқаси бор», – деди.
«Ўзинг биласан», – дедилар».
 Абу Довуд, Насаий, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривоят қилишган.

429. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Абу Толҳа Мадийнада ансорийлар ичида энг бой одам эди. Молу мулкининг ичида «Байруҳо» номли қудуқ энг маҳбуби эди. Бу қудуқ масжиднинг тўғрисида эди. Расулуллоҳ алайҳиссолату вассалом у қудуққа бориб, ширин сувидан ичардилар. «Ўзингиз суйган нарсадан нафақа қилмагунингизча, ҳаргиз яхшиликка эриша олмайсиз» ояти нозил бўлганда, Абу Толҳа:
«Ё Расулаллоҳ, Аллоҳ: «Ўзингиз суйган нарсадан анфақа қилмагунингизча, ҳаргиз яхшиликка эриша олмайсиз», демоқда, молу мулким ичида мен учун энг маҳбуби «Байруҳо» қудуғидир. Уни Аллоҳнинг йўлида садақа қилдим. Унинг яхшилигидан ва Аллоҳнинг ҳузуридаги савобидан умидворман. Ё Расулаллоҳ, шуни сизга бердим, Аллоҳ кўрсатган жойга ишлатинг», – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Яхши, яхши, бу фойда берувчи мулк, бу фойда берувчи мулк. Мен уни қариндошларинг фойдасига ишлатсанг дейман», – дедилар. Абу Толҳа:
«Худди шундай қиламан, ё Расулаллоҳ», – деди. Сўнгра Абу Толҳа уни қариндошлари ва амакисининг ўғиллари фойдасига тайин қилди».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

430. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон бир аёл уйидаги таомдан исроф қилмай инфоқ қилса, унга инфоқ қилган нарсаси туфайли ажр бўлур. Унинг эрига касб қилгани туфайли ажр бўлур. Хазийначига ҳам ўшанинг мислича (ажр) бўлур. Баъзилари баъзиларининг ажридан ҳеч нарсани ноқис қилмаслар», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

431. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Саъд ибн Убоданинг онаси у ғойиблигида вафот этди. Бас, у:
«Ё Расулаллоҳ, онам менинг ғойиблигимда вафот этди. Агар унинг номидан бирор нарса садақа қилсам, унга манфаати бўладими?» – деди.
«Ҳа», – дедилар у зот.
«Сизни гувоҳ қилиб айтаманки, мевали боғим унга садақа бўлсин», – деди».
Бухорий ривоят қилган.


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио