Расулуллоҳ с.а.в

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

Жанозалар китоби

381. Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Жон таслим қилаётганларингизга «Лаа илааҳа Иллаллоҳу»ни талқин қилинглар», – дедилар».
Муслим ривоят қилган.

382. Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Саламанинг устига кирганларида унинг кўзи очилиб қолган эди. Бас, у зот қовоқларини ёпиб қўйдилар. Сўнгра:
«Қачон руҳ қабз қилинса, кўз унга эргашиб қолади», – дедилар.
У(Абу Салама)нинг аҳлидан баъзи одамлар шовқин кўтардилар. Шунда у зот:
«Ўзингизга фақат яхшилик тилаб дуо қилинглар. Чунки, фаришталар сиз айтаётган нарсага «омийн» деб турадилар», – дедилар. Кейин эса:
«Аллоҳим! Абу Саламани мағфират қил. Унинг даражасини ҳидоятда бўлганлар ичида кўтар. Ундан кейин ортидан қолганларга Ўзинг ўринбосар бўл. Бизни ҳам, уни ҳам мағфират қил. Эй Оламларнинг Робби, Унга қабрини кенг қил ва унга қабрини мунаввар қил», – дедилар».
Муслим ривоят қилган.
Бошқа ривоятда:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон бемор ёки ўлаётган киши ҳузурида ҳозир бўлсангиз, яхши гап айтинг. Чунки, фаришталар сиз айтаётган нарсага «Омийн!» деб турадилар», – дедилар.
Абу Салама ўлганда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келдим ва:
«Ё Расулаллоҳ, Абу Салама ўлди», – дедим.
«Аллоҳим, мени ҳам, уни ҳам мағфират қилгин ва менга ундан яхши орқадан қолувчи бергин, деб айт», – дедилар.
Мен уни айтдим ва Аллоҳ менга ундан яхши ортдан қолувчини, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни берди».
Муслим ривоят қилган.

383. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«Қачон мўминнинг руҳи чиқса, икки фаришта қабул қилиб юқорига кўтаришади. Ҳаммод айтди: «Унинг хушбўйини ва мискни зикр қилди».
«Ва осмон аҳли: «Ер тарафдан покиза руҳ келди. Аллоҳ сенга ва сен обод қилган жасадга саловот юборсин», – дейишади.
Бас, Уни Робби азза ва жаллага олиб боришади. Сўнгра: «Уни ажалнинг охирига олиб боринглар», – дейди.
«Кофирнинг руҳи чиқса». Ҳаммод айтди: «Унинг бадбўйини ва лаънатни зикр қилди».
«Ва осмон аҳли: «Ер тарафдан нопок руҳ келди», – дейишади. Бас, «Уни ажалнинг охирига олиб боринглар», – дейилади».
Муслим ривоят қилган.

384. Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Абу Салама ўлганида: «Ғарийб ғурбатда ўлди. Унга бир йиғлайки, гап бўлиб юрсин», – дедим. Мен унга йиғлашга тайёрланиб турган эдим, тепа тарафдан бир аёл йиғлашда менга ёрдамлашиш мақсадида келиб қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг олдидан чиқдилар ва икки марта:
«Аллоҳ шайтонни чиқарган уйга сен уни киритмоқчимисан?!» – дедилар.
Бас, йиғлашдан тийилдим ва йиғламадим».
Муслим ривоят қилган.

385. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Саъд ибн Убода бемор бўлиб қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдурроҳман ибн Авф, Саъд ибн Абу Ваққос ва Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳум билан уни кўргани келдилар. Бас, унинг олдига кириб ҳушсиз ётганини кўрдилар. Ул зот:
«Қазо қилдими?» – дедилар.
«Йўқ. ё Расулаллоҳ», – дейишди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йиғладилар. Ул зотнинг йиғиларини кўриб бошқалар ҳам йиғлашди. Кейин у зот:
«Эшитмайсизларми? Албатта, Аллоҳ кўз ёши ва қалб маҳзунлиги ила азобламайди. Лекин, мана бу билан азоблайди ёки раҳим қилади», – дедилар ва тилларига ишора қилдилар. «Албатта маййит унга ўз аҳлининг йиғиси ила азобланади», – дедилар.
Умар розияллоҳу анҳу ўшандай қилганларни асо билан урар, тош отар ва тупроқ сочар эди».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

386. Абу Бурда ибн Абу Мусо Ашъарийдан ривоят қилинади:
«Абу Мусо розияллоҳу анҳу бемор бўлди. Бас, ҳушидан кетди. Унинг боши аҳлидан бир аёлнинг қучоғида эди. Бас, аҳлидан бир аёл дод солди. У аёлни рад қилишга қодир бўлмади. Бас, ҳушига келганда:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам безор бўлган нарсадан мен ҳам безорман. Албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дод солувчи аёлдан, соч қирдирувчи аёлдан ва ёқа йиртувчи аёлдан безор бўлганлар», – деди».
Муслим ривоят қилган.

387. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким юзларга урса, ёқаларни йиртса ва жоҳилият даъвати ила чақирса, биздан эмас», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

388. Умму Атийя розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилдик. Ул зот бизга «Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмаслик...»ни қироат қилдилар ва ўлганга йиғлашдан қайтардилар. Бас, биздан бир аёл қўлини йиғиштириб олди ва «Фалончи йиғлашда менга ёрдам берган. Мен ҳам унга қайтармоқчиман», – деди. Ул зот ҳеч нарса демадилар. Бас, аёл бориб, қайтиб келди. Умму Сулайм, Умму Алаа, Муознинг аёли Бинти Абу Сабра ёки Бинти Абу Сабра ва Муознинг аёлидан бошқа аёл вафо қилмади».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

389. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким жанозага намоз ўқилгунча ҳозир бўлса, унга бир қийрот савоб, ким дафн қилунгунча ҳозир бўлса, унга икки қийрот савоб», – дедилар».
«Икки қийрот нимадир?» – дейилди.
«Икки улкан тоққа ўхшаш нарса», – дедилар».
Ибн Шиҳоб айтди: «Солим ибн Абдуллоҳ ибн Умар айтди: «Ибн Умар жанозага намоз ўқиб, қайтиб кетар эди. Унга Абу Ҳурайранинг ҳадиси етганда:
«Батаҳқиқ, кўплаб қийротларни зое қилибмиз», – деди».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

390. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Жанозани тезлатинглар. Агар аҳли солиҳ бўлса, яхши. Уни (яхшиликка) тақдим қиласизлар. Агар ундан бошқача бўлса, ёмон. Уни елкангиздан (тезроқ) қўясиз», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

391. Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Жаноза (тобутга) қўйилиб, уни эркаклар елкаларига кўтарганларида, агар у аҳли солиҳ бўлса, «Мени тезроқ олиб боринглар», дейди. Агар у аҳли солиҳ бўлмаса, «Вой, шўрим қурсин, қаёққа олиб кетмоқдасизлар?» дейди. Унинг овозини инсондан бошқа ҳамма нарса эшитади. Агар у эшитганида, албатта, ҳушидан кетар  эди», – дедилар».
Бухорий ривоят қилган.

392. Омир ибн Робийъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон бирингиз жанозани кўрса, агар у билан бирга юрмаётган бўлса, у жанозадан ўтиб кетгунча ёки жаноза олдидан ўтиб кетунча ёхуд жаноза қўйилмагунча ўрнидан турсин», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

393. Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон жанозани кўрсангиз, ўрнингиздан туринг. Ким унга эргашиб борса, ерга қўйилмагунча ўтирмасин», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

394. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир жаноза ўтган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга ўринларидан турдилар ва биз ҳам турдик. Бас, биз:
«Ё Расулаллоҳ, бу яҳудий-ку!» – дедик.
«Албатта, ўлим даҳшатли нарсадир. Қачон жанозани кўрсангиз, ўрнингиздан туринг», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

395. Ҳишом ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Уҳуд куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга шикоят қилиб:
«Ё Расулаллоҳ, Бизга ҳар инсонга (гўр) қазиш қийин» – дедик.
«Қазинглар, чуқур қилинглар, кенг қилинглар, икки, уч кишини бир қабрга қўйинглар», – дедилар.
«Қайсиларини олдин қўйямиз, Ё Расулаллоҳ», – дедик.
«Қуръонни кўп биладиганни», – дедилар».
Отам бир қабрга қўйилган уч кишининг учинчиси эди».
Абу Довуд, Термизий ва Насаий ривоят қилишган.

396. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Уҳудда қатл бўлганлардан икки кишини бир кийимга жамлар эдилар. Сўнгра:
«Икковларидан қайси бири Қуръонни кўп билади?» – дер эдилар. Қачонки улардан бирига ишора қилинса, ўшани лаҳадга олдин қўяр эдилар. Ул зот:
«Буларга қиёмат куни мен гувоҳман», – дедилар.
Уларни қонлари билан дафн қилишга амр қилдилар. Ювилмадилар ҳам, уларга намоз ҳам ўқилмади».
Бухорий ривоят қилган.

397. Абдуллоҳ ибн Саълаба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Уларни қонлари ила ўранглар. Чунки, Аллоҳ йўлида етган жароҳат Қиёмат куни қон оққан ҳолда келади. Ранги қон рангида. Ҳиди миск ҳидида», – дедилар».
Насаий ривоят қилган.
 
398. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни хутба қилиб, саҳобаларидан бир кишининг қабз қилинганини зикр қилдилар. У нолойиқ кафан ила кафанлаганнди ва кечаси қабрга қўйилганди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кишини кечаси қабрга кўйишдан қайтардилар. Илло, инсон ноилож қолса, истисно қилдилар. Яна, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон бирингиз биродарини кафанласа, кафанини яхши қилсин», – дедилар».
Муслим ривоят қилган.

399. Абул Ҳайяж Асадий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Али ибн Абу Толиб менга: «Сени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени юборган нарса билан юборайми?! Бирорта тимсолни қўймай йўқ қиласан. Бирорта кўтарилган қабрни қўймай текислайсан», – деди».
Муслим ривоят қилган.

400. Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сизни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим. Батаҳқиқ, Муҳаммадга онасини зиёрат қилишга изн бўлди. Бас, у(қабр)ларни зиёрат қилинг. Албатта, улар охиратни эслатади», – дедилар».
Муслим ва Термизий ривоят қилишган.

401. Муҳаммад ибн Қайс ибн Махрамадан ривоят қилинади:
«У бир куни: «Сизларга ўзим ва онам ҳақида гапириб берайми?» – деди. Биз туққан онасини айтаяпти деб ўйладик. У эса, қуйидагини айтди:
«Оиша: «Сизларга ўзим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида гапириб берайми?» – деди.
«Худди шундай!» – дедик.
«Навбатим бўлган ва Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузуримда бўлган кечада у зот ридоларини қўйдилар. Кавушларини ечиб, оёқ тарафларига қўйдилар. Изорларининг бир тарафини тўшакларига ёздилар ва ёнбошладилар. Кўп ўтмасдан, мени ухлаб қолди деб ўйлаганларидан, аста ридоларини олдилар. Аста кавушларини кийдилар. Эшикни очиб, ташқарига чиқдилар. Кейин уни аста ёптилар. Кўйлагимни кийдим. Рўмолимни ўрадим. Изоримни кийдим. Кейин у зотнинг изларидан борсам, Бақийъга келдилар. У ерда узоқ турдилар. Сўнг қўлларини уч марта кўтардилар. Кейин қайтдилар. Мен ҳам қайтдим. Тезладилар. Мен ҳам тезладим. Лўккиллаб юрдилар. Мен ҳам лўккиллаб юрдим. Югурдилар. Мен ҳам югурдим. Бас, у зотдан ўзиб кетдим ва ичкарига кириб олдим. Энди жойимга ётган эдим, у зот кирдилар ва:
«Сенга нима бўлди, Оиша, ҳансирамоқдасан?» – дедилар.
«Ҳеч нарса», – дедим.
«Албатта, менга хабарни айтасан. Бўлмаса, Хобийр ва Латийф Ўзи хабар беради», – дедилар.
«Ё Расулаллоҳ, сизга отам ва онам фидо бўлсин», – дедим ва хабарни айтдим.  
«Олдимда кўринган қора сенмидинг?» – дедилар.
«Ҳа», – дедим.
Шунда у зот кўкрагимга бир туртган эдилар, оғриқ сездим. Сўнгра у зот:
«Аллоҳ ва Унинг Расули сенга жавр қилади днб ўйладингми?» – дедилар.
«Одамлар ҳар қанча яширсалар ҳам, Аллоҳ билади. Ҳа», – дедим.
«Сен кўрганингда олдимга Жаброл келди. У мени сендан махфий қилиб чақирди. Мен ҳам сендан яшириб жавоб бердим. У сенинг устингга кирмасди. Чунки, сен кийимларингни ечган эдинг. Мен сени ухлаб қолдинг деб ўйладим. Сени уйғотишни истамадим. Қўрқиб кетишингдан хавфсирадим. Албатта, Роббинг Бақийъ аҳли ҳузурига бориб уларга истиғфор айтишингни буюради», – дедилар.
«Уларга нима дейман, ё Расулаллоҳ,?» – дедим.
«Ассалому ала аҳлид дияри минал мўъминийна вал муслимийн. Ярҳамуллоҳу ал-мустақдимийна миннаа вал мустаъхирийн. Ва иннаа иншаааллоҳу бикум лааҳиқуун», дегин», – дедилар».
 Муслим ривоят қилган.

402. Абу Марсад Ғанавий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қабрларнинг устига ўтирманглар. Уларга қараб намоз ўқиманглар», – дедилар.
Муслим ривоят қилган.

403. Абдуллоҳ ибн Жаъфар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Жаъфарнинг ўлими хабари келганда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Жаъфарнинг аҳлига таом қилиб беринглар. Уларни машғул қиладиган нарса келиб қолди», – дедилар».
Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа ва Ҳоким ривоят қилишган.

404. Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларидан бир жаноза олиб ўтилди, шунда у зот:
«Истироҳат олувчи ва ундан истироҳат олинган», – дедилар».
«Ё Расулаллоҳ, истироҳат олувчи ва ундан истироҳат олинган нима?» – дейишди. Ул зот:
«Мўмин банда (ўлса) дунёнинг қийинчиликларидан истироҳат олади. Фожир банда (ўлса) ундан бандалар,  элу юртлар, дов-дарахтлар ва жонзотлар қутуладилар», – дедилар». 
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

405. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон бирингиз ўлса, эртаю кеч унга ўрни кўрсатиб турилади. Агар аҳли жаннатдан бўлса, аҳли жаннатдан. Агар аҳли дўзахдан бўлса, аҳли дўзахдан. Ва унга:
«Аллоҳ, сени қиёмат куни қайта тирилтиргунча манна бу сенинг ўрнинг бўлади», дейилади», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

406. Асмаа бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туриб одам қабрида дучор бўладиган фитна ҳақида гапирдилар. Ул зот ўшани зикр қилганларида мусулмонлар шовқин кўтаришди. Бу нарса менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг каломларини фаҳмлашимга халақит берди. Уларнинг шовқини тинчиганда яқинимдаги кишидан:
«Ҳой, Аллоҳ баракангни бергур. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гапларининг охирида нима дедилар?» – дедим.
«Батаҳқиқ, сизлар қабрларингизда Дажжолнинг фитнасига яқин фитнага учрашингиз хабари берилди», дедилар», – деди».
Бухорий ва Насаий ривоят қилган.

407. Умму Холид бинти Саъийд ибн Осс розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабр азобидан паноҳ сўраётганларини эшитдим».
Бухорий ривоят қилган.

408. Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Аллоҳ иймон келтирганларни бу дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам собит сўз ила собитқадам қилур» қабр азоби ҳақида нозил бўлган. Бас, унга:
«Роббинг ким?!» – дейилур.
«Роббим – Аллоҳ, Набийим – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам» – дейди.
Мана шу, Аллоҳ азза ва жалланинг «Аллоҳ иймон келтирганларни бу дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам собит сўз ила собитқадам қилур» деган қавлидир».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

409. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Маййитга уч нарса эргашади. Иккитаси қайтиб, биттаси у билан қолади. Унга аҳли, моли ва амали эргашади. Аҳли ва моли қайтади. Амали қолади», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

410. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Одам боласи ўлса, унинг уч нарсадан бошқа амали кесилади: Садақаи жория, унга дуо қиладиган солиҳ фарзанд ва ундан кейин манфаат олиниб туриладиган илм!» – дедилар».
Муслим ривоят қилган.
 
 411. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир қабр олдида йиғлаб ўтирган аёлнинг ёнидан ўтаётиб унга:
«Аллоҳдан қўрқ ва сабр қил», – дедилар.
«Нари тур! Менга етган мусийбат сенга етгани йўқ!» – деди. Аёл у зотни танимаган эди. Унга: «Ҳалиги одам, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эдилар», – дейилди. Бас, у эшикларига келди, у ерда эшик оғаларини кўрмади ва у зотга:
«Сизни танимабман», – деди.
Шунда у зот:
«Албатта, сабр биринчи зарбададир», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

412. Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Қайси бир бандага мусийбат етганда Аллоҳ унга амр қилган нарсани – «Иннаа лиллаҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун» деса ва сўнгра «Аллоҳумма ажирни фи мусийбати вахлуф ли хойром-минҳа» деса, албатта, Аллоҳ унга ажр беради ва унга бунинг ўрнига яхшироғини беради», деганларини эшитдим.
Абу Салама вафот этганида, ўзимча, мусулмонларнинг қай бири Абу Саламадан яхши? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳижрат қилган биринчи оила, дедим. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга амр қилганларидек айтдим. Аллоҳ менга унинг ўрнига ундан яхши зотни – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни берди».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга Ҳотиб ибн Абу Балтаъани ўзларидан совчи қилиб юбордилар. Бас, мен:
«Қизим бор ва рашкчиман», – дедим.
«Аллоҳга уни қиздан беҳожат қилишини ва рашкни кетказишини сўраб дуо қилурмиз», – дедилар. 
Муслим ривоят қилган.

413. Зайнаб бинти Абу Саламадан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалоллари Умму Ҳабийбанинг олдига кирдим. Ўша пайт унинг отаси Абу Суфён вафот этган кунлар эди. У сариқ рангли аралаш ёки бошқа хушбўй нарса келтиришларини сўради. Ундан бир қизчага суртиб кўрди-да, кейин ўзининг икки юзига суртди. Сўнгра «Аллоҳга қасамки, ҳозир хушбўй нарса суртадиган ҳолим йўқ, аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган аёлнинг бирор маййит учун уч кундан ортиқ аза тутиши ҳалол эмас. Фақат эрига тўрт ойу ўн кун тутади», деганларини эшитганман», - деди».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.
Бошқа ривоятда:
«Зайнаб айтди: «Зайнаб бинти Жаҳшнинг олдига акаси вафот қилганда кирдим. У хушбўй чақирди, сўнг ундан суртди. Сўнгра «Аллоҳга қасамки, ҳозир хушбўй нарса суртадиган ҳолим йўқ, аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг минбардан туриб:
«Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган аёлнинг бирор маййит учун уч кундан ортиқ аза тутиши ҳалол эмас. Фақат эрига тўрт ойу ўн кун тутади», деганларини эшитганман», – деди».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио