Расулуллоҳ с.а.в

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

Намоз китоби

306. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Айтинглар-чи, агар бирингизнинг эшиги олдида анҳор бўлса, у ўшанда ҳар куни беш марта ювиниб турса, унинг киридан бирор нарса қоладими?» – дедилар.
«Унинг киридан бир нарса қолмайди», – дейишди.
«Ана шунга ўхшаб, Аллоҳ беш вақт намоз ила хатоларни ювади», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

307. Усмоннинг мавлоси Ҳумрондан ривоят қилинади:
«Усмонга тоҳарат суви берар эдим. Ҳар куни унга бироз сув қўшар эди. Бас, Усмон айтди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу намозимиздан – Мисъар: менимча Асрдан, деди – қайтганимизда:
«Нима қилсам экан, сизларга бир нарсани айтайми ёки сукут сақлайми?» – дедилар.
«Ё Расулаллоҳ, агар яхшилик бўлса, айтинг. Агар бошқача бўлса, Аллоҳ ва Унинг Расули билади», – дедик.
«Қай бир мусулмон Аллоҳ унга ёзган тоҳаратни тугал қилса ва ушбу беш вақт намозни ўқиса, албатта, улар ўзлари орасидаги нарсага каффорот бўлади», – дедилар».
Муслим ривоят қилган.
Бошқа ривоятда:
«Усмон тоҳарат қилди. Гўзал равишда қилди. Сўнгра: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мана шу жойда яхшилиб тоҳарат қилганларини кўрдим. Кейин у зот:
«Ким ушбу тоҳаратга ўхшатиб тоҳарат қилса, кейин масжидга кириб икки ракъат намоз ўқиса, сўнг ўтирса, аввалги гуноҳлари кечирилади», дедилар, – деди».
Бухорий ривоят қилган.

308. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдим. Бир одам келиб:
«Ё Расулаллоҳ, мен ҳаддга (зино жазосига) лойиқ иш қилдим. Уни менга жорий қилинг», – деди.
Ул зот ундан у нима эканини сўрамадилар. Намоз вақти бўлди. Ҳалиги одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга намоз ўқиди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозни ўқиб бўлганларидан сўнг, у ўрнидан туриб:
«Ё Расулаллоҳ, мен ҳаддга лойиқ иш қилдим, менга Аллоҳнинг ҳукмини жорий этинг», – деди.
«Биз билан намоз ўқидингми?» – дедилар.
«Ҳа», – деди.
«Батаҳқиқ, Аллоҳ сенинг гуноҳингни мағфират қилди ёки ҳаддингни», – дедилар.
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

309. Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтганларини эшитдим:
«Роббингни тоғ чўққисидаги қўйчивон ажаблантиради. Азон айтиб намоз ўқийди. Бас, Аллоҳ азза ва жалла: «Бу бандамга назар солинглар. Азон айтади ва намоз ўқийди. Мендан қўрқади. Батаҳқиқ, бандамни мағфират қилдим ва жаннатга киритдим», – дейди». 
Абу Довуд, Насаий ва Ибн Ҳиббон ривоят қилишган.

310. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«Менга аёллар ва хушбўй маҳбуб қилинди ва намоз кўз қувончимга айлантирилди».
Насаий ва Ҳоким ривоят қилишган.

311. Робийъа ибн Каъб Асламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга тунаган эдим. Ул зотга тоҳарат сувлари ва бошқа ҳожатлари тушадиган нарсаларини келтирдим. Ул зот:
«Сўра», – дедилар.
«Жаннатда сизга рафиқ бўлишни сўрайман», – дедим.
«Бундан бошқани эмасми?» – дедилар.
«Шунинг ўзини», – дедим.
«Ундоқ бўлса, менга ўзинг учун кўп сажда ила ёрдам бер», – дедилар».
Муслим ривоят қилган.

312. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Беш вақт намоз ва Жумъадан Жумъагача ва Рамазондан Рамазонгача ўз ораларидаги (гуноҳ)ларга каффоротдирлар. Мадомики, катта гуноҳлар қилинмаган бўлса?!» – дедилар.
Муслим ривоят қилган.

313. Жундаб ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«Ким Бомдод намозини ўқиса, у Аллоҳнинг зиммасидадир. Бас, Аллоҳ сиздан зинҳор ўз зиммасидаги нарсадан бирор нарсани талаб қилиб қолмасин, яна уни идрок қилиб, жаҳаннам оловига юзтубан отмасин».
Муслим ривоят қилган.
Бошқа ривоятда:
«Бас, Аллоҳнинг зиммасини бузманг», дейилган.
Термизий ривоят қилган.

314. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ичингизда кечаси бир хил фаришталар, кундузи бир хил фаришталар алмашиб турадилар. Улар Бомдод намозида ва Аср намозида жамланиб турадилар. Сўнгра, ичингизда тунаганлар кўтариладилар. Бас, Роббилари улардан Ўзи билиб турса ҳам:
«Бандаларимни қай ҳолда тарк қилдингиз?» – деб сўрайди. Улар:
«Уларни намоз ўқиётган ҳолларида тарк қилдик. Улар ҳузурига борганимизда ҳам намоз ўқиётган эканлар», дейишади», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

315. Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«Ким икки совуқ (намоз)ни ўқиса, жаннатга кирур».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

316. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким намозни унутса, бас, уни эслаган пайтида ўқиб олсин. Унинг бундан бошқа каффороти йўқдир», – дедилар».
Қатода: «Намозни Менинг зикрим учун қоим қил» оятини ўқиди.
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.
Бошқа ривоятда:
«Вақтики, бирортангиз намоздан ухлаб ёки ғофил қолса, бас, уни эслаганда ўқиб олсин. Чунки, Аллоҳ: «Намозни Менинг зикрим учун қоим қил», дейдир», дейилган.
Муслим ривоят қилган.

317. Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон, азонни эшитсангиз, муаззин айтаётган нарсани айтинглар», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

318. Абдуллоҳ ибн Абдурроҳман ибн Абу Соъсоъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Унга Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳу айтди:
«Мен сенинг қўйни ва чўлни яхши кўришингни билмоқдаман. Қачонки, қўйинг ичида, чўлингда бўлсанг-у, намозга азон айтадиган бўлсанг, овозингни баланд кўтар.
«Чунки, қайси бир жин, инс ёки бирор нарса муаззиннинг овозини эшитса, албатта, қиёмат куни унга гувоҳлик беради».
Абу Саъийд айтди: «Буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганман».
Бухорий ривоят қилган.

319. Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Муаззинлар қиёмат куни бўйни энг узун одамлар бўлурлар», – дедилар».
Муслим ривоят қилган.

320. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Аллоҳ намозни Набийингиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тили ила ҳазарда тўрт, сақарда икки ва хавф бир ракъат фарз қилди».
Муслим ривоят қилган.

321. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Агар умматимга машақат бўлишини ўйламаганимда, албатта, уларни ҳар намоздан олдин мисвок қилишга амр қилган бўлур эдим», – дедилар».

322. Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон кечаси таҳажжуд намози учун турсалар, оғизларини мисвок билан ишқар эдилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

323. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозга турсалар, икки қўлларини елкалари баробар кўтариб такбир айтар эдилар.  Қачон рукуъ қилсалар ҳам худди шундоқ қилардилар. Қачон рукуъдан турсалар ҳам худди шундоқ қилардилар. Саждадан бош кўтарганларида буни қилмасдилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

324. Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Менинг бавосирим бор эди. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан намоз ҳақида сўрадим. Ул зот:
«Тик туриб ўқи. Агар қодир бўлмасанг, ўтириб ўқи. Агар қодир бўлмасанг, ёнбошлаб ўқи», – дедилар».
Бухорий ривоят қилган.

325. Абу Ҳозимдан, у Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Одамларга намозда киши ўнг қўлини чап билаги устига қўйиши амр қилинар эди.
Абу Ҳозим: «Буни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга етказганидан бошқани билмайман», – деди.
Бухорий ривоят қилган.

326. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам такбир билан қироат орасида бир оз сукут сақлаб турар эдилар. Бас, мен:
«Ота-онам сизга фидо бўлсин, ё Расулаллоҳ такбир билан қироатнинг орасида сукут сақлаганингизда нима дейсиз?» – дедим. Ул зот:
«Аллоҳумма боиъд байни ва байна хатоёя камо баъадта байнал машриқи вал мағриби. Аллоҳумма наққиний мин хатоёя камо юнаққо ас-савбул абязу минад-данаси. Аллоҳумма иғсил хатоёя бил маи вас-салжи вал баради», дейман», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

327. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон намоз бошласалар:
«Субҳанакаллаҳумма ва биҳамдика ва таборакасмука ва таъоло жаддука валла илааҳа ғойрука», – дер эдилар».
Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа ва Ибн Хузайма ривоят қилишган.

328. Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким Китобнинг «Фотиҳа»сини қироат қилмаса, унинг намози бўлмас», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

329. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон имом «омийн» деса, сизлар ҳам «омийн» денглар. Чунки, кимнинг омийни фаришталарнинг омийнига мувофиқ келса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

330. Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Пешинда «Вал Лайли иза яғша»ни қироат қилар эдилар. Асрда ҳам шунга ўхшаш қироат қилар эдилар. Бамдодда эса, ундан узун қироат қилар эдилар».
Муслим ривоят қилган.

331. Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хуфтон намозида «Ваш-Шамси ваз Зуҳаҳаа»ни ва шунга ўхшаш сураларни қироат қилар эдилар».
Термизий ва Насаий ривоят қилишган.

332. Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саждалари, икки сажда орасида (ўтиришлари) ва рукуъдан (бош) кўтарганлари – тик туриш ва ўтиришдан бошқаси – деярли бир-бирига яқин эди».
Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насаий ривоят қилишган.

333. Аббос ибн Саҳлдан ривоят қилинади:
«Абу Ҳумайд, Абу Усайд, Саҳл ибн Саъд ва Муҳаммад ибн Маслама жамланишиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозларини эслашди. Шунда Абу Ҳумайд айтди:
«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозларини энг яхши билувчингизман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рукуъ қилсалар, икки тиззаларини икки қўллари билан яхшилаб ушлар эдилар. Икки қўлларини камонга ўхшатиб эгар ва икки биқинларидан қочирар эдилар».
Термизий ривоят қилган.

334. Абу Ҳумайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ерга йиқилиб сажда қилсалар, билакларини  биқинларидан узоқ қилар ва оёқ панжаларини очар эдилар».
Насаий ривоят қилган.

335. Абу Ҳумайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сажда қилганларида бурун ва пешоналарини ерга теккизар эдилар. Қўлларини биқинларидан узоқлаштирар эдилар. Кафтларини елкаларига тўғрилар эдилар».
Термизий ривоят қилган.

336. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам етти аъзо ила сажда қилишга амр қилиндилар – кийим ва сочни йиғиштирмасликдан – «Пешона, икки қўл, икки тизза ва икки оёқнинг учлари»»
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.
Бошқа ривоятда:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Қуйидагилар ила сажда қилишга амр қилиндик....»
Бухорий ривоят қилган.
Ва бошқасида:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Етти аъзо ила сажда қилишга амр қилиндим; «Пешона ила, – деб қўллари билан бурунларига ишора қилдилар, – икки қўл, икки тизза ва икки оёқнинг учлари ила ва кийим ва сочни йиғиштирмаслигимга», – дедилар».
Бухорий ривоят қилган.

337. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рукуъ ва сужудларида: «Суббуҳун, қуддусун Роббул малаикати вар Руҳ», – дер эдилар».
Муслим ривоят қилган.
«Суббуҳун» Аллоҳ таолонинг исмларидан бўлиб, «нуқсонлардан пок» маъносини билдиради.
«Қуддус» исми эса, «покланган» маъносини билдиради.
«ар-Руҳ»дан мурод Жиброил алайҳиссаломдир.
 
338. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам рукуъ ва сужудларида:
«Субҳанакаллоҳумма Роббинаа ва биҳамдика. Аллоҳумма иғфир лий», – дер эдилар». Қуръонни таъвийл қилардилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

339. Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рукуъдан бош кўтарсалар, айтардилар: «Роббана лакал ҳамду милъас-самавати вал арзи. Ва милъа маа шеъта мин шайъин баъду. Аҳлас санааи вал мажди. Аҳаққу маа қолал абду. Ва куллунаа лака абду. Аллоҳумма лаа монеъа лимаа аътойта ва лаа муътия лимаа манаъта ва лаа янфаъу зал жадди минкал жадду».
Муслим ривоят қилган.

340. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саждаларида: «Аллоҳумма иғфир лий занби куллаҳу, диққаҳу ва жиллаҳу ва аввалаҳу ва охираҳу ва аланиятаҳу ва сирраҳу», – дер эдилар».
Муслим ривоят қилган.

341. Рифоъа ибн Рофеъ Зурақий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга намоз ўқир эдик. Қачонки бошларини рукуъдан кўтарганларида:
«Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ» – дедилар. Бас, ортларидан бир киши:
«Роббанаа ва лакал ҳамду ҳамдан касийрон муборакан фийҳи», – деди. Ўгирилганларидан кейин у зот:
«Гапирган ким?» – дедилар. Ҳалиги одам:
«Мен», – деди. Ул зот:
«Ўттиздан ортиқ фаришта уни қайси бирлари олдин ёзиш учун шошилаётганларини кўрдим», – дедилар».
Бухорий ривоят қилган.

342. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон имом: «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ», деса, бас, сизлар: «Аллоҳумма Роббанаа лакалҳамду», денглар. Чунки, кимнинг айтгани фаришталарнинг айтганига мувофиқ келиб қолса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

343. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ташаҳҳудни худди Қуръонни таълим бергандек ўргатар эдилар. Ул зот:
«ат-Таҳийяту ал-Мубаракоту ас-Саловоту ат-Тоййибату лиллаҳи. ас-Салому алайка айюҳан Набийю ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳу. Ас-Салому алайнаа ва ала ибадиллоҳис солиҳийн. Ашҳаду аллаа илааҳа Иллаллоҳу. Ва ашҳаду анна Муҳаммадан Расулуллоҳ», дер эдилар».
Муслим ривоят қилган.

344. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга ташаҳҳудни кафтларим кафтлари орасида турганда худди Қуръонни таълим бергандек ўргатдилар:
«Ат-таҳиййаату лиллааҳи вас-солаваату ват-тоййибаату, ас-салааму алайка аййуҳан-набиййу ва роҳматуллоҳи ва баракаатуҳу, ас-салааму алайна ва алаа ибаадиллааҳис-солиҳийн. Ашҳаду аллаа илааҳа Иллалоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва Расулуҳу».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.
Бошқа ривоятда:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Бас, қачон бирингиз намозда ўтирса: «ат-Таҳийяту лиллаҳи...» деб зикр қилди. Сўнг «ибодиллоҳис-солиҳийн»ни зикр қилганда «Агар шуни айтса, Аллоҳнинг осмону ердаги ҳар бир бандасига айтган бўлади»ни ва охирида: «Сўнгра нимани хоҳласа, шуни сўрашни ихтиёр қилсин»ни зиёда қилди.
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

345. Али ибн Абдурроҳман Муовиййидан ривоят қилинади:
«Абдуллоҳ ибн Умар мен намозда майда тошларни ўйнаётганимни кўрди. Намозни тугатганда мени бундан қайтарди ва:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нима қилган бўлсалар, шуни қил», – деди.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай қилар эдилар?» – дедим.
«Ул зот намозда ўтирсалар, ўнг кафтларини ўнг сонлари устига қўяр эдилар. Бармоқларини тугар эдилар ва бош бармоқдан кейин келадигани ила ишора қилар эдилар. Чап кафтларини чап сонлари устига қўяр эдилар», – деди».
Муслим ривоят қилган.

346. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўнг тарафларига ва чап тарафларига салом беришларини кўрар эдим, ҳатто ёноқларининг оқи кўринар эди».
Муслим ривоят қилган.

347. Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўнгларига ва чапларига салом берар ва:
«ас-салому алайкум ва раҳматуллоҳ, ас-салому алайкум ва раҳматуллоҳ», – дер эдилар».
Термизий, Насаий, Ибн Можа, Ибн Хузайма ва Ибн Ҳиббон ривоят қилишган.

348. Муҳаммад ибн Амр ибн Атодан ривоят қилинади:
«Абу Ҳумайд Соъидийнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан ўн кишининг, жумладан, Абу Қатоданинг олдида:
«Мен ичингизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозларини энг яхши ёдлаб қолганингизман», – деди.
«Қандоқ қилиб?! Сен ичимизда у зотга кўп эргашганимиз ҳам эмассан, суҳбатинг қадимимиз ҳам эмассан», – дейишди.
«Шундай», – деди.
«Кўрсат-чи?!» – дейишди.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозга турсалар, қўлларини елкалари баробарида кўтарар эдилар. Сўнгра такбир айтиб, ҳар бир суяк ўз жойида қарор топгунча мўътадил турар, кейин қироат қилардилар. Сўнгра такбир айтиб қўлларини елкалари баробар кўтарар ва рукуъ қилиб кафтларини тиззаларига қўяр эдилар. Кейин тўғриланар ва бошларини паст ҳам, баланд ҳам қилмас эдилар. Сўнгра бошларини кўтарар ва: «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ», дердилар. Кейин мўътадил туриб, қўлларини елкалари боробарига кўтарардилар. Сўнг: «Аллоҳу Акбар!» деб ерга йиқилардилар. Икки қўлларини ёнбошларидан узоқлаштирардилар. Кейин бошларини кўтариб, чап оёқларини ёзар ҳамда унинг устига ўтирардилар. Сажда қилганларида оёқ панжаларини ёзар ва сажда қилардилар. Кейин: «Аллоҳу Акбар!» дердилар. Бошларини кўтариб чап оёқларини ёзар ҳамда унинг устига ҳар бир суяк ўз жойига қайтгунча ўтирардилар. Иккинчи ракъатда ҳам худди шундай қилардилар. Сўнгра иккинчи ракъатдан турсалар такбир айтар ва худди намозни бошлашдаги каби қўлларини елкалари баробарида кўтарар эдилар. Кейин намозларининг қолганида шундай қилар эдилар. Қачон салом беришдаги сажда бўлганида, чап оёқларини ортга сурар ва чап ёнларига қийшайиб ўтирардилар», – деди.
«Рост айтдинг! Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай намоз ўқирдилар», – дейишди».
Бухорий, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

349. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидга кирдилар. Бир одам ҳам масжидга кирди ва намоз ўқиди. Сўнгра келиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салом берди. Бас, у зот алик олдилар ва:
«Қайт, бориб, намоз ўқи, сен намоз ўқиганинг йўқ», – дедилар.
У бориб, худди аввал ўқиганидек намоз ўқиди. Сўнгра келиб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салом берди.
Бас, у зот:
«Қайт, бориб, намоз ўқи. Сен намоз ўқиганинг йўқ», – дедилар.
 Уч марта шундоқ бўлди. Бас, шунда ҳалиги одам:
«Сизни ҳаққ ила юборган Зот ила қасамки, бундан яхши ўқий олмайман, менга ўргатинг», – деди.
«Қачон намозга турсанг, такбир айт. Сўнгра ўзингга муяссар бўлганича Қуръондан қироат қил. Кейин, хотиржам бўлгунингча рукуъ қил, сўнгра ғоз туриб тиклан, сўнгра хотиржам бўлиб сажда қил, кейин бошингни кўтариб хотиржам бўлиб ўтир. Кейин намозингнинг ҳаммасида шундоқ қил», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.
Бошқа ривоятда:
«Ва алайкассалому, қайт... «Қачон намозга турсанг, яхшилаб тоҳарат қил. Сўнг қиблага юзланиб такбир айт. Кейин муяссар бўлганича Қуръондан қироат қил...» ва шунга ўхшашни зикр қилди. Ва охирида «Токи хотиржам ўтиргунингча»-дан кейин «сўнгра хотиржам бўлиб сажда қил, кейин бошингни кўтариб хотиржам бўлиб ўтир. Кейин намозингнинг ҳаммасида шундоқ қил»ни зиёда қилди.
Бухорий ривоят қилган.

350. Абу Масъуд Бадрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Токи рукуъда ва сужудда белини тўғри тутмагунча кишининг намози қониқарли бўлмас», – дедилар».
Абу Довуд, Термизий, Насаий, Ибн Можа, Ибн Жоруд, Ибн Хузайма ва Ибн Ҳиббон ривоят қилишган.

351. Нуъмон ибн Муррадан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ароқхўр, ўғри ва зинокор ҳақида нима дейсизлар?» – дедилар. Бу улар ҳақида ҳукм нозил бўлишидан аввал эди.
«Аллоҳ ва Унинг Расули билувчи», – дейишди.
«Улар фоҳиша ишлардир. Уларда уқубат бордир. Ўғриликнинг энг ёмони намозини ўғирлагандир», – дедилар.
«Қандай қилиб намозни ўғирлайди, Ё Расулаллоҳ,!» – дейишди.
«Сажда ва рукуъини тугал қилмайди», – дедилар».
Молик, Байҳақий, Аҳмад, Ибн Хузайма, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривоят қилишган.

352. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан тунги намоз ҳақида сўради. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Тунги намоз икки ракъат, икки ракъатдир. Агар бирингиз тонг отиб қолишидан қўрқса, бир ракъат ўқиса, у намозини Витр қилиб беради», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

353. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ ҳайз кўрувчининг намозини фақат химор ила қабул қилади», – дедилар».
Абу Довуд,  Термизий ва Ибн Можа ривоят қилишган.
«Химор» – аёл кишининг боши ва кўксини тўсиб турадиган рўмолга ўхшаш нарса.

354. Авс ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, жумъа энг афзал кунларингиздандир. Унда Одам халқ қилинган. Унда қабз ҳам қилинган. Унда нафх (пуфлаш) бор. Унда соъқа (қичқириқ) бор. Бас, унда менга саловотни кўпайтиринг. Албатта, саловотларингиз менга кўрсатилур», – дедилар.
«Ё Расулаллоҳ, сизга саловотларимиз қандай кўрсатилади, сиз чириган бўлсангиз?» – дейишди.
«Аллоҳ азза ва жалла Анбиёларнинг жасадларини ерга ҳаром қилгандир», – дедилар».
Абу Довуд,  Насаий, Ибн Можа, Ибн Хузаймп ва Ибн Ҳиббон ривоят қилишган.
 
355. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий солаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қуёш чиққан куннинг энг яхшиси жумъа кунидир. Унда Одам халқ қилинди. Унда у жаннатга киритилди. Унда у андан чиқарилди», – дедилар».
Бошқа ривоятда:
«Қиёмат куни ҳам фақатгина жумъа куни қоим бўлур», зиёда қилинган.
Муслим ривоят қилган.

356. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жумъа кунини зикр қилдилар ва:
«Унда бир соат бор, қайси бир мусулмон банда ўша соатда туриб намоз ўқиб, Аллоҳдан бирор нарса сўраган ҳолида тўғри келса, албатта, У зот унга ўшани бергай», – дедилар ва қўллари билан ўша(соат)нинг озлигини кўрсатдилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

357. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадийнага келганларида, улар икки кунда ўйнашар эдилар.
«Бу иккови қандоқ кун?» – деб сўрадилар.
«Жоҳилиятда ўйнайдиган кунимиз эди», – дедилар.
Шунда Расулуллоҳ соллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, Аллоҳ сизларга у иккиси ўрнига улардан кўра яхши Азҳо куни ва Фитр кунини берди», – дедилар».
Абу Довуд, Насаий ва Ҳоким ривоят қилишган.

358. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким жумъа куни жунубликнинг ғуслини қилса, сўнгра биринчи соатда борса, худди туя қурбонлик қилгандек бўлади. Ким иккинчи соатда борса, худди қорамол қурбонлик қилгандек бўлади. Ким учинчи соатда борса, худди шохли қўчқор қурбонлик қилгандек бўлади. Ким тўртинчи соатда борса, худди товуқ қурбонлик қилгандек бўлади. Ким бешинчи соатда борса, худди тухум қурбонлик қилгандек бўлади. Қачонки, имом (хутбага) чиқса, фаришталар зикр тинглашга ҳозир бўлурлар», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

359. Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким жумъа куни ғусл қилиб, иложининг борича покланиб, ўз мойидан мой суртиб, уйидаги хушбўй нарсалардан суртиб, сўнгра чиқиб, икки кишининг орасини ёрмай (жой топиб) ўзига битилган  намозни ўқиса ва имом гапирганда жим туриб қулоқ солса, албатта, унинг ўтган жумъадан бунисига бўлган нарсалари мағфират қилинади», – дедилар».
Бухорий ривоят қилган.

360. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким яхшилаб тоҳарат қилса-ю, сўнгра жумъага бориб тингласа, жим ўтирса, унинг бу билан ўтган жумъа орасидаги ва яна зиёда уч кунлик (гуноҳлари) мағфират қилинади. Ким майда тошларни тўғрилаб олса, ортиқча иш қилибди», – дедилар».
Муслим ривоят қилган.

361. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтганларини эшитдим:
«Кечасида бир соат бордир. Мусулмон одам Аллоҳдан дунё ва охират ишидан яхшилик сўраган ҳолида мувофиқ келиб қолса, албатта, мазкур нарсани унга беради. Ҳар кеча шундоқ».
Муслим ривоят қилган.

362. Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ким бир кеча-кундузда ўн икки ракъат намоз ўқиса, улар туфайли унга жаннатда уй бино қилинур» – деганларини эшитдим.
Умму Ҳабиба: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганимдан буён уларни тарк қилмадим», – деди.
Анбаса: «Умму Ҳабибадан эшитганимдан буён уларни тарк қилмадим», – деди.
Амр ибн Авс: «Анбасадан эшитганимдан буйн уларни тарк қилмадим», – деди.
Нуъмон ибн Солим: «Амр ибн Авсдан эшитганимдан буён уларни тарк қилмадим», – деди».
Муслим ривоят қилган.

363. Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Кишининг ўз уйидаги фарз намозидан бошқа намози менинг ушбу масжидимдаги намозидан афзалдир», – дедилар».
Абу Довуд ва Ибн Хузайма ривоят қилишган.

364. Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда бўйрадан капа тутдилар. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унда бир қанча кеча намоз ўқидилар. Одамлар у зотнинг ортларида жамланишди. Сўнгра бир кеча овозлари чиқмай қолди. Бас, улар ухлаб қолдилар деган гумон қилишди. Ва, баъзилари чиқсинлар, дея томоқ қира бошлашди. Бас, у зот:
«Сизларнинг қилмишингизни кўриб, зиммангизга ёзилиб қолмасин деб қўрқдим. Агар у зиммангизга ёзилиб қолса, уни бажара оласдингиз. Ҳой одамлар, уйингизда намоз ўқинглар. Фарз намоздан бошқа намозни киши уйида ўқигани афзал», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

365. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон бирингиз масжиддаги намозни битирса, уйи учун ҳам ўз намозидан насийба қилсин. Чунки, Аллоҳ унинг уйида намози сабабли яхшилик қиладир», – дедилар».
Муслим ривоят қилган.

366. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Жамоат намози ёлғизнинг намозидан йигирма етти даража афзалдир», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

367. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким Хуфтон намозини жамоат ила ўқиса, худди кечасининг ярмини ибодат-ла бедор ўтказгандек бўлади. Ким Бомдод намозини жамоат билан ўқиса, худди кечанинг ҳаммасини намоз ўқиб ўтказгандек бўлади», – дедилар».
Муслим ривоят қилган.

368. Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни Бомдод намозини ўқидилар ва:
«Фалончи ҳозирми?» – дедилар.
«Йўқ», дейишди.
«Фалончи ҳозирми?» – дедилар.
«Йўқ», дейишди.
«Албатта, мунофиқларга энг оғир намоз ушбу икки намоздир. Агар у иккисидаги нарсани билганларингизда, тиззаларда эмаклаб бўлса ҳам келар эдингиз. Батаҳқиқ, биринчи саф худди фаришталарнинг сафи кабидир. Агар унинг фазийлатини билганингизда, унга шошилар эдингиз. Албатта, кишининг бошқа киши билан бирга ўқиган намози ёлғиз ўқигандан афзалдир. Унинг икки киши билан ўқиган намози бир киши билан ўқиган намозидан афзалдир. Қанча кўпайса, Аллоҳ таолога шунча маҳбубдир», – дедилар».
Абу Довуд, Насаий, Ибн Хузайма, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривоят қилишган.

369. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Агар одамлар азонда ва биринчи сафда нима борлигини билганларида, сўнгра қуръа ташлашдан бошқа илож топа олмаганларида, албатта, қуръа ташлаган бўлур эдилар. Агар иссиқ вақтда намозга боришда нима борлигини билганларида, ким ўзарга боришар эдилар. Агар, Хуфтон ва Бомдод намозларида нима борлигини билганларида, уларга эмаклаб бўлса ҳам келар эдилар», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

370. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Имом зомин, муаззин омонатдордир. Аллоҳим, имомларни иршод қил ва муаззинларни мағфират қил», – дедилар».
Абу Довуд, Термизий, Ибн Хузайма ва Ибн Ҳиббон ривоят қилишган.

371. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Кишиниинг жамоат ила ўқиган намози унинг уйидаги ва бозоридаги намозидан йигирма беш баробар кўп бўлади. Бундоқ бўлишининг сабаби, қачон у яхшилаб тоҳарат қилса, сўнгра масжидга чиқса. Уни масжидга намоздан бошқа нарса чиқармаган бўлса, босган ҳар бир қадамида, албатта, бир даража кўтарилиб, бир гуноҳ ўчирилади. Бас, қачон намоз ўқиса, мадомики, намозгоҳида турар экан, агар тоҳарати кетмаган бўлса, фаришталар унга саловот айтиб туради.
«Аллоҳим, унга саловот юборгин. Аллоҳим, унга раҳим қилгин», – дейдилар. Сизлардан бирингиз модомики, намозга интизор бўлар экан, намозда турган ҳисобланади», – дедилар».
Бухорий ривоят қилган.
Шунга ўхшаш бошқа ривоятда:
«Қачон масжидга кирса, модомики, уни намоз тутиб турар экан, намозда бўлади», дейилган.
Ва фаришталарнинг дуосида «Аллоҳим, уни мағфират қил, Аллоҳим тавбасини қабул қил, модомики, унда озор бермаса ва бетоҳарат бўлмаса»ни зиёда қилган.
Муслим ривоят қилган.

372. Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Мен ундан кўра масжиддан узоқроқ кишини билмайдиган бир киши бор эди. У намозга бехато келарди. Бас, унга:
«Агар эшак сотиб олсанг, кечаси ва иссиқда минардинг», –деб айтилди ёки айтдим.
«Мени уйим масжиднинг ёнида бўлиши ҳам хурсанд қилмайди. Мен масжидга юришим ва аҳлимга қайтиб борсам, қайтишим ёзилишини истайман», – деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Батаҳқиқ, Аллоҳ сенга унинг ҳаммасини жамлади», – дедилар».
Муслим ривоят қилган.

374. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Кимни эртага Аллоҳга мусулмон ҳолида рўбарў бўлиш хурсанд қилса, намозларни уларга нидо қилинадиган жойда муҳофаза қилсин. Албатта, Аллоҳ таоло Набийингизга ҳидоят суннатларини шариат қилгандир. Албатта, улар ҳидоят суннатларидандир. Агар сизлар, манави уйида қолган каби, уйингизда намоз ўқисангиз, Набийингизнинг суннатини тарк қилган бўласиз. Агар Набийингизнинг суннатини тарк қилсангиз, залолатга кетган бўласиз.
Қай бир киши яхшилаб тоҳарат қилса, сўнгра масжидлардан бирини қасд қилса, албатта, Аллоҳ таоло ҳар босган қадами учун унга бир яхшилик ёзади, бир даражасини кўтаради ва бир хатосини ўчиради. Бизнинг билишимизча, улардан мунофиқлиги очиқ-ойдин мунофиқгина орқада қолади. Бир кишини икки киши суяб олиб келиб сафга турғазган ҳоллари ҳам бўлган».
Муслим ривоят қилган.

375. Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Масжидларга зулматларда юриб борувчиларга қиёмат куни тўлиқ нур бўлишининг башоратини бер», – дедилар».
Абу Довуд, Термизий ва Ибн Хузайма ривоят қилишган.

376. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сизларни Аллоҳ хатоларни ўчирадиган, даражаларни кўтарадиган нарсага далолат қилайми?» – дедилар. 
«Албатта, ё Расулаллоҳ», – дейишди.
«Қийинчиликларга қарамай тоҳаратни яхшилаб қилиш, масжидларга қадамни кўпайтириш ва намоздан сўнг намозни интизор бўлиб кутиш. Ана ўша, сиз учун «муробит»ликдир», – дедилар».
Муслим ривоят қилган.
Чегара қўриқлаб турган одам «муробит» дейилади.

377. Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сизнинг ҳар бирингиздан ҳар бўғинига садақа лозим бўлади. Бас, ҳар бир тасбиҳ садақадир, ҳар бир ҳамд садақадир, ҳар бир таҳлийл, (лаа илааҳа Иллаллоҳ) садақадир ва ҳар бир такбир садақадир. Амру маъруф садақадир. Наҳйу мункар садақадир. Ўшаларнинг ўрнига чоштгоҳда икки ракъат намоз ўқиш кифоя қиладир», – дедилар».
Муслим ривоят қилган.

378. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«Бирингиз ташаҳҳудни ўқиганидан кейин Аллоҳдан тўрт нарсанинг ёмонлигидан паноҳ сўрасин. «Аллоҳим, Сенинг ила жаҳаннам азобидан, қабр азобидан, тириклик ва ўликлик фитнасидан ва Масийҳи Дажжолнинг фитнасидан паноҳ сўрайман», десин».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

379. Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«Ким кечаси уйғонганда: «Лаа илааҳа Иллаллоҳу, ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу. Лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ала кулли шайъин қодийр. Алҳамдулиллаҳи ва субҳаналлоҳи ва лаа илааҳа Иллаллоҳу ва Аллоҳу Акбар. Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳи» деса ва «Аллоҳумма иғфир лий» деса ёки дуо қилса, ижобат қилинади. Агар тоҳарат қилиб, намоз ўқиса, намози қабул бўлади». 
Бухорий ривоят қилган.

380. Каъб ибн Ужра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«Ортдан келувчилар бор. Уларни айтувчи ёки қилувчи ноумид бўлмайди. Ҳар фарз намоздан кейин. Ўттиз уч марта тасбиҳ, ўттиз уч марта ҳамд ва ўттиз тўрт марта такбир».
Муслим ривоят қилган. 


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио