Расулуллоҳ с.а.в

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

Тоҳарат китоби

282. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан:
«Ё Расулаллоҳ, албатта, биз денгиз (кемаси)га минамиз. Ўзимиз билан озгина сув оламиз. Агар у билан тоҳарат қилсак, чанқаймиз. Денгизнинг сувидан тоҳарат қилаверайликми?» – деб сўради.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Унинг суви пок, ўлимтиги ҳалолдир», – дедилар».
Абу Довуд, Термизий, Насаий, Ибн Можа, Ибн Жоруд, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривоят қилишган.

283. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бирортангиз зинҳор оқмай турадиган сувга сиймасин. Сўнгра унда ғусл қилади», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

284. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бир идишдан ғусл қилар эдим. Ул зот мендан ўзар эдилар. Мен у зотдан ўзар эдим. Ҳатто «Менга ҳам қўй», – дердилар. «Менга ҳам қўйинг», – дер эдим».
Бухорий, Муслим ва Насаий ривоят қилишган.

285. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг аёлларидан бир хотин бир идишдан ғусл қилар эдилар».
Бухорий ривоят қилган.

286. Умму Қайс бинти Миҳсон розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«У ўзининг ҳали таом емаган жажжи ўғлини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни қўйниларига ўтқаздилар. Бола кийимларига сийиб юборди. Бас, у зот сув чақирдилар ва унинг устига септилар, ювмадилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

287. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Икки лаънатловчидан сақланинглар», – дедилар.
«Ё Расулаллоҳ, икки лаънатловчи нима?» – дейишди.
«Одамларнинг йўлига ва соя жойга хало қилган», – дедилар».
Муслим ва Абу Довуд ривоят қилишган.

288. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачонки, бирортангиз қозои ҳожатга ўтирса, қиблага юзланмасин ва унга ортини ҳам ўгирмасин», – дедилар». 
Муслим ривоят қилган.
Бошқа ривоятда:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен сизларга худди отанинг ўрнидаман, сизларга таълим бераман. Қачонки, бирортангиз қазои ҳожатга борса, қиблага юзланмасин ва унга ортини ҳам қилмасин. Ўнг қўли билан тозаланмасин», – дедилар.
Ва учта тошга амр қилар ҳамда тезак ва суякдан қайтарар эдилар».
Абу Довуд, Насаий ва Ибн Можа ривоят қилишган.

289. Хузайма ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳдан тозаланиш ҳақида сўралди. Бас, у зот айтдилар:
«Учта тош билан. Ичида тезак йўқ».
 Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилишган.

290. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўнг қўллари покларига ва таомларига эди. Чап қўллари халоларига ва нопок нарсаларга эди».
Абу Довуд ривоят қилган.

291. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сиздан бирингиз тоҳаратсиз бўлиб қолса, то у тоҳарат қилмагунича, Аллоҳ унинг намозини қабул қилмайди», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

292. Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«У тоҳарат идиш чақирди ва икки қўлига уч марта сув қуйиб ювди. Сўнгра ўнг қўлини идишга киритиб, сув олиб оғзини чайқади ва бурнига сув олиб тозалади. Кейин юзини уч марта ювди. Сўнгра икки қўлини чиғаноғи билан уч марта ювди. Сўнгра бошига масҳ тортди. Кейин икки оёғини тўпиқлари билан уч марта ювди. Сўнгра:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким ушбу тоҳаратимга ўхшатиб тоҳарат қилса ва икки ракъат намоз ўқиса-ю, унда бирор нарсани кўнглидан ўтказмаса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади», – дедилар», – деди».
Бошқа бир ривоятда:
«Ибн Абу Мулайкадан ривоят қилинади: «Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг тоҳарат ҳақида сўралганини кўрдим. Бас, у сув чақирди. Унга идиш келтирилди. Уни ўнг қўлига энгаштирди. Сўнгра уни сувга солиб уч марта оғзини чайқади. Бурнини уч марта чайди. Кейин ўнг қўлини уч марта ва чап қўлини уч марта ювди. Кейин қўлини солиб сув олди. Бас, бошига ва икки қулоғига масҳ тортди. Уларнинг ич ва таш тарафларини бир мартадан ювди. Кейин икки оёғини ювди. Сўнгра: «Тоҳаратдан сўраганлар қани? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай тоҳарат қилганларини кўрдим», – деди».
Абу Довуд ривоят қилган.

293. Уқба ибн Омир Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Биз туя боқар эдик. Навбатим келганда уларни кечаси яйловга олиб бордим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одамларга гапираётганларини кўрдим. Ул зотнинг гапларидан қуйидагиларни идрок қилдим:
«Қайси бир одам жуда яхшилаб тоҳарат қилса-ю, қалби ва юзи ила иқбол қилган ҳолда икки ракъат намоз ўқиса, албатта унга жаннат вожиб бўлади». 
Бу қандай ҳам яхши, дедим. Шунда олдимдан бир кишининг: «Олдингиси ундан ҳам яхши», деганини эшитдим. Қарасам, Умар экан. У менга: «Сенинг энди келганингни кўрдим. У зот:
«Агар сизлардан бирортангиз тоҳарат олса-ю, тоҳаратини яхшилаб қилса, сўнгра тоҳаратидан фориғ бўлишида: «Ашҳаду аллаа илааҳа Иллаллоҳу. Ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва Расулуҳу», деса, албатта, унга жаннатнинг саккиз эшиги очилур ва у хоҳлаганидан кирур», дедилар», – деди.
Муслим ривоят қилган.
Бошқа ривоятда:
«Абу Идрис Хувлоний ва Абу Усмон Наҳдийдан ривоят қилинади:
«Умар ибн Хаттоб айтди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар сизлардан бирортангиз тоҳарат олса-ю, тоҳаратини яхшилаб қилса, сўнгра тоҳаратидан фориғ бўлишида: «Ашҳаду аллаа илааҳа Иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу. Ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва Расулуҳу. Аллоҳумма ижъалний минат таввабийн ва ижъалний минал мутатоҳҳирийн», деб айтса, албатта, унга жаннатнинг саккиз эшиги очилур ва у хоҳлаганидан кирур», – дедилар».  
Термизий ривоят қилган.

294. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Вақтики, мусулмон ёки мўмин банда тоҳарат қилса, бас, у юзини ювганда ўша сув ёки ўша сувнинг охирги қатраси ила унинг икки кўзининг назари орқали қилган хатолари юзидан тўкилади. Вақтики, икки қўлини ювса, ўша сув ёки ўша сувнинг охирги қатраси ила унинг икки қўли билан қилган хатолари тўкилади. Вақтики, икки оёғини ювса, ўша сув ёки ўша сувнинг охирги қатраси ила икки оёғи билан юриб қилган хатолари тўкилади. Шундоқ қилиб, у гуноҳлардан пок бўлиб чиқади», – дедилар».
Муслим ривоят қилган.

295. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мисвок оғизни покловчи ва Роббни рози қилувчидир», – дедилар».
Насаий, Ибн Хузайма ва Ибн Ҳиббон ривоят қилишган.

296. Муғийра ибн Шўъба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга сафарда эдим. Бас, у зот:
«Ҳой, Муғийра мешни ол», – дедилар.
Бас, уни олдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мендан узоқлашгунларича юриб кетдилар. Қазои ҳожат қилдилар. Устиларида шомий чопон бор эди. Унинг енгидан қўлларини чиқармоқчи бўлган эдилар, торлик қилди. Бас, қўлларини унинг остидан чиқардилар. Мен сув қуйиб турдим. Ул зот намозга тоҳарат қилгандек тоҳарат қилдилар. Сўнг махсиларига масҳ тортдилар ва намоз ўқидилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.
Бошқа ривоятда:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сафарда бирга бўлган эдим. Махсиларини ечиб қўйиш учун энгашувдим:
«Тек қўй, уларни икки пок оёғимга кийганман», – дедилар ва уларга масҳ тортдилар».
Бошқасида:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам икки махсиларига, бошларининг олд қисмига ва саллаларига масҳ тортдилар», дейилган.

297. Абу Саламадан ривоят қилинади:
«Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳузурларига кирсам, унинг эмикдош акаси бор экан. Бас, ундан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жанобатдан қиладиган ғусллари ҳақида сўради. Бас, у бир соъ миқдорли идишни чақирди ва ғусл қилди. Биз билан унинг орамизда парда бор эди. Бошидан уч марта сув қуйди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалоллари бошларидан қулоқнинг учигача олар эдилар».
Муслим ривоят қилган.

298. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Бизлардан биримиз ҳайз кўрган бўлса ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни қучоқламоқчи бўлсалар, ҳайзининг аввалида иштон кийишга амр қилар эдилар. Сўнгра қучоқлар эдилар. Қай бирингиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шаҳватларига молик бўлганларидек, шаҳватига молик бўла олар эди?».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

299. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда эътикоф ўтирганларида бошларини мен томон чиқарар эдилар. Мен ҳайзли ҳолимда уни тараб қўяр эдим».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

300. Кабша бинти Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«У Абу Қатоданинг ўғлининг хотини эди.
«Абу Қатода (уйимизга) кирди. Мен унинг тоҳаратига сув қуйиб бердим. Бас, бир мушук келиб, ундан ичди. У эса, унга ичиб олиши учун идишни энгаштириб тутди. Бас, у ўзига назар солаётганимни кўрди ва:
«Эй, биродаримнинг қизи, ажабланаяпсанми?» – деди.
«Ҳа», – дедим.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, у (мушук) нажас эмас, у сизларнинг атрофингизда айланиб юрувчилардандир, – деганлар», – деди».
Абу Довуд, Термизий, Насаий, Ибн Можа, Ибн Хузайма, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривоят қилишган.

301. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бирортангиз тоҳарат қилса, бурнига олган сувни чиқариб ташласин, ким тош ила истинжо қилса, тоқ қилсин. Агар уйқусидан уйғонса, қўлини уч    марта ювмасдан туриб, уни идишга солмасин. Чунки бирортангиз қўли қаерда тунаганини билмайди», – дедилар». 
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

302. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«Қачон бирингиз уйқусидан уйғонса, бурнини уч марта чайсин. Албатта, шайтон унинг бурни ичида тунайди».
Муслим ривоят қилган.

303. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, умматим қиёмат куни тоҳаратнинг асаридан пешоналари оппоқ ва оёқ-қўлларидан нур таралиб турган ҳолларида чақирилурлар. Бас, сиздан ким ўз пешонасидаги қашқасини узайтиришга қодир бўлса, шуни қилсин», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

304. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга у зотнинг сафарларидан бирига чиқдик. Байдаа ёки Зотул Жайшда эканимизда мунчоғим узилиб кетди. Уни ахтариш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туриб қолдилар. У киши билан бирга одамлар ҳам туриб қолишди. Уларнинг сувлари йўқ эди. Одамлар Абу Бакрнинг олдига бориб:
«Оишанинг нима қилганини кўрмайсанми?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ва у киши билан бирга одамларни ҳам тутиб қолди-ку! Одамлар сув бор жойда ҳам эмаслар, ўзлари билан сувлари ҳам йўқ», – дедилар. Абу Бакр келганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сонимга бошларини қўйиб ухлаб қолган эдилар. Бас, у (Абу Бакр) менга:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ва одамларни тутиб қолдинг. Улар сув бор жойда ҳам эмаслар, улар билан сувлари ҳам йўқ», – деди.
Абу Бакр мени итоб қилиб, Аллоҳ нима дейишини хоҳлаган бўлса, ўшани деди ва қўли билан биқинимга турта бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сонимга бошларини қўйиб ётганларигина мени қимирлашдан манъ қилар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ухлаб туриб, сувсиз бўлиб қолдилар.
Бас, шунда Аллоҳ таяммум оятини нозил қилди. «Бас, пок тупроқ ила таяммум қилинглар», – деди.
Усайд ибн Ҳузайр (у нақиблардан бири эди):
«Эй, Оли Абу Бакр, бу сизнинг биринчи баракангиз эмас», – деди.
Оиша айтадики:
«Сўнг мен минган туяни турғизган эдик. Мунчоғимни ўшанинг тагидан топдик».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

305. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон жунуб ҳолларида ухламоқчи бўлсалар, фаржларини ювар ва намознинг тоҳаратини қилар эдилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.
Бошқа ривоятда:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жунуб ҳолда ухламоқчи бўлсалар, тоҳарат қилардилар. Қачон емоқ ёки ичмоқни ирода қилсалар, икки қўлларини ювар, кейин еб-ичар эдилар».


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио