Расулуллоҳ с.а.в

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

Илм китоби

269. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«Илм талаб қилиш ҳар бир муслим учун фарздир».
Ибн Можа, Байҳақий ва Ибн Абдулбарр ривоят қилишган.

270. Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни дийнда фақиҳ қилиб қўяди. Албатта, мен тақсимловчиман, холос, Аллоҳ беради. Албатта, бу умматнинг иши қиёмат қоим бўлгунча мустақиймликда бардавом бўлади ёки токи Аллоҳнинг иши келгунича», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

271. Касир ибн Қайсдан ривоят қилинади:
«Дамашқ масжидида Абу Дардо розияллоҳу анҳу билан ўтирган эдим. Унинг олдига бир одам келди ва:
«Ё Абу Дардо, ҳузурингга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шаҳарларидан, менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилишинг ҳақида хабари етган ҳадис учун келдим. Ҳожат учун келмадим», – деди.
«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидагиларни айтганларини эшитдим:
«Ким илм талаб қилиш йўлига юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Албатта, фаришталар толиби илмни рози қилиш учун қанотларини қўяди. Албатта, олимга осмондаги зотлар, ердаги зотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтади. Олимнинг обиддан фазли худди ойнинг бошқа юлдузлардан фазлига ўхшайди. Албатта, олимлар Набийларнинг меросхўрларидир. Албатта, Набийлар дийнорни ҳам, дирҳамни ҳам мерос қолдирмаганлар. Албатта, улар илмни мерос қолдирганлар. Ким ўшани олса улуғ насийбани олибди».
Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа ва Ибн Ҳиббон ривоят қилишган.

272. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким бир илмдан сўралса-ю, бас, у ўшани яширса, қиёмат куни Аллоҳ уни оловдан бўлган юган билан юганлайди», – дедилар».
Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа ва Ҳоким ривоят қилишган.

273. Шақиқ ибн Саламадан ривоят қилинади:
«Абдуллоҳ, яъни Ибн Масъуд одамларни ҳар пайшанба куни эслатар эди. Бир киши унга:
«Эй Абу Абдурроҳман, бизни ҳар куни эслатишингни истар эдим», – деди.
«Ўшандоқ қилишдан мени манъ қилган нарса сизларга малол келтириб қўйишимни ёқтирмаслигимдир. Мен сизларга мавъизани вақти-вақти билан қиламан. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бизларга худди шундай қилиб, безиб қолмаслигимиз учун вақти-вақти билан мавъиза қилар эдилар», – деди».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

274. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мендан бир оят бўлса ҳам етказинглар. Бани Исроил ҳақида гапиринглар, танглик йўқ. Ким менга қасдан ёлғон тўқиса, дўзахдаги ўриндиғига жойлашаверсин», – дедилар».
Бухорий ривоят қилган.

275. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, Аллоҳ илмни одамлардан бир суғуриш ила суғуриб олмайди. Лекин илмни уламоларнинг (жонини) қабз қилиш ила чангаллаб олади. Токи олим қолмаганда, одамлар жоҳил бошлиқларни тутадилар. Бас, ўшалардан сўралади. Улар эса, илмсиз равишда фатво берадилар. Шу билан ўзлари ҳам залолатга кетадилар, ўзгаларни ҳам залолатга кетказадилар», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

276. Абу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга икки киши зикр қилинди: бири обид, бошқаси олим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Олимнинг обиддан афзаллиги худди менинг сизнинг энг кичигингиздан афзаллигимга ўхшайди», – дедилар.
Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, Аллоҳ, Унинг фаришталари, осмонлару ернинг аҳли, ҳаттоки уясидаги чумоли ва балиқ ҳам одамларга яхшиликни ўргатувчига саловот айтадилар», – дедилар».
Термизий ривоят қилган.

277. Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга амр қилдилар ва мен у киши учун яҳудларнинг ёзувини – бошқа ривоятда: Сурёнчани – ўргандим. Бас, у зот:
«Мен яҳудларга мактубимни ишонмайман», – дедилар.
Мен ярим ой ўтмасдан у тилни яхшилаб ўрганиб олдим. Ул зот уларга мактуб ёзсалар, мен ёзар эдим. Улар у зотга ёзсалар, мен ўқиб берар эдим».
Абу Довуд, Термизий ва Ҳоким ривоят қилишган.

278. Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«Менга нисбатан ёлғон тўқиманглар. Албатта, ким менга нисбатан ёлғон тўқиса, дўзахга киради».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

279. Самура ибн Жунда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«Ким мендан ёлғонлиги кўриниб турган ҳадисни айтса, у ёлғончиларнинг биридир».
 Муслим ривоят қилган.

280. Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Одамларга биладиган нарсаларини гапиринглар. Ёки Аллоҳ ва Унинг Расули ёлғончига чиқарилишини истайсизларми?»
Бухорий ривоят қилган.

281. Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу  алайҳи васаллам:
«Қачон ҳоким ҳукм қилган чоғида ижтиҳод қилиб, тўғри топса, унга икки ажр бўлур. Қачон у ҳукм қилган чоғида ижтиҳод қилса-ю, хато қилса, унга бир ажр бўлур», – дедилар.
 Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио