Расулуллоҳ с.а.в

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

Иймон китоби

222. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ислом беш нарсага бино қилингандир: «Лаа илааҳа Иллаллоҳу Муҳаммадун Расулуллоҳ», деб шаҳодат келтиришлик, намозни тўкис адо этишлик, закот беришлик, ҳаж қилиш ва Рамазон рўзасини тутиш», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

223. Яҳё ибн Яъмурдан ривоят қилинади:
«Басрада биринчи бўлиб қадар ҳақида гапирган Маъбад Жуҳаний эди. Мен Ҳумайд ибн Абдурроҳман Ҳимярий билан ҳаж ёки умрага жўнадик. Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бирортасини учратиб қолсак, анавиларнинг қадар тўғрисидаги гаплари ҳақида сўраймиз, дедик. Абдуллоҳ ибн Умар ибн Хаттоб масжидга кириб келаётганида тўғри келиб қолдик. Мен ва шеригим уни биримиз ўнг, бошқамиз чап томонидан қўлтиқлаб олдик. Мен шеригим сўзлашни менга қўйса керак деган гумон билан:
«Ё Абу Абдурроҳман, биз томонларда бир тоифа одамлар чиқди: Қуръон ўқийдилар, илмни титкилаб талаб қиладилар», – дедим. Ва уларнинг қадар йўқлигини, ишлар ўз вақтида янгитдан бўлишини даъво қилаётганларини зикр қилдим. Шунда у:
«Агар ўшаларни учратиб қолсанг, хабар бериб қўй, Ибн Умар, албатта, улардан безордир. Улар ҳам ундан безордирлар. Абдуллоҳ ибн Умар Унинг билан қасам ичадиган Зотга қасамки, агар улардан бирининг Уҳуд тоғичалик олтини бўлиб, уни нафақа қилса ҳам, то қадарга иймон келтирмагунча, Аллоҳ ундан қабул қилмайди», – деди».
Сўнгра қуйидагиларни айтди:
«Отам Умар ибн Хаттоб менга ушбу ҳадисни айтган:
«Бир куни биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Бирдан устимизда оппоқ кийимли, сочлари қоп-қора одам пайдо бўлди. Унда сафарнинг асари кўринмас эди. Уни бирортамиз танимас ҳам эдик. У келиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўғриларига ўтирди. Икки тиззасини у зотнинг икки тиззаларига тиради. Икки кафтини сонлари устига қўйди ва:
«Эй Муҳаммад, менга Ислом ҳақида хабар бер», – деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ислом – «Лаа илааҳа Иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ», деб шаҳодат келтирмоғинг, намозни тўкис адо қилмоғинг, Закот бермоғинг, Рамазон рўзасини тутмоғинг, агар йўлга қодир бўлсанг, Байтни ҳаж қилмоғинг», – дедилар.
«Тўғри айтдинг», – деди у.
Биз ундан ажабландик. Ўзи сўрайди, ўзи тасдиқлайди.
«Менга Иймон ҳақида хабар бер», – деди.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, Набийларига ва охират кунига иймон келтирмоғинг, яхшию ёмон қадарга иймон келтирмоғинг», – дедилар.
«Тўғри айтдинг»,  деб тасдиқлади ва:
«Менга эҳсон ҳақида хабар бер», – деди.
Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳга худди Уни кўриб тургандек, агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб тургандек ибодат қилмоғинг», – дедилар.
«Менга (қиёмат) соатидан хабар бер», – деди.
Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сўралувчи бу ҳақда сўровчидан билимлироқ эмас», – дедилар.
«Унинг аломатларидан хабар бер», – деди.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Чўри ўз хожасини туғмоқлиги, ялангоёқ, яланғоч, камбағал ва чўпонларнинг бино қуришда бир-бирларидан ўзишга уринишларини кўрмоғинг», – дедилар.
Сўнгра у қайтиб кетди. Бас, мен бир мунча вақт ғойиб бўлдим. Сўнгра у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:
«Эй Умар, сўровчи кимлигини билдингми?» – дедилар.
«Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқ», – дедим.
Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, у Жаброилдир. Сизларга динларингиздан таълим бергани келибди», – дедилар».
Муслим ривоят қилган.

224. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан масжидда ўтирган эдик. Бир киши туяда кириб келди ва уни масжидга чўктирди. Кейин боғлади. Сўнгра:
«Қай бирларинг Муҳаммад?» – деди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг ҳузурларида ёнбошлаган ҳолда эдилар.
«Манави ёнбошлаган оқ одам», – дедик.
«Ибн Абдулмуттолибми?» – деди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
«Мен сенга жавоб бердим», – дедилар.
Бас, ҳалиги одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга:
«Мен сендан сўровчиман. Сенга саволни шиддатли қилувчиман. Яна ўзингга олиб юрмагин!» – деди.
«Истаганингни сўрайвер», – дедилар.
«Сендан Роббинг ила, сендан олдингиларнинг Робби ила сўрайман, Аллоҳ сени барча одамларга юбордими?» – деди.
«Аллоҳумма ҳа!» – дедилар. 
«Аллоҳ ила сендан сўрайман. Аллоҳ сенга бир кеча кундузда беш вақт намоз ўқишимизни амр қилдими?» – деди.
«Аллоҳумма ҳа!» – дедилар.
«Аллоҳ ила сендан сўрайман. Аллоҳ сенга йилига ушбу ойнинг рўзасини тутмоғимизни амр қилдими?» – деди.
«Аллоҳумма ҳа!» – дедилар.
«Аллоҳ ила сендан сўрайман. Аллоҳ сенга ушбу садақани бойларимиздан олиб камбағалларимизга тақсимлашни амр қилдими?» – деди.
«Аллоҳумма ҳа!» – дедилар.
Шунда ҳалиги киши: «Сен келтирган нарсага иймон келтирдим. Мен ўз ортимдаги қавмимнинг элчисиман. Мен Бани Саъд ибн Бакр(қабиласи)лик Зимом ибн Саълабаман», – деди».
Бухорий ривоят қилган.
Бошқа ривоятда:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бирор нарсани сўрашдан наҳй қилинган эдик. Бизни бадавий аҳллардан бир оқил киши келиб у зотдан савол сўрашини эшитиб туришимиз қизиқтирар эди. Бас, бир куни аҳли Бодиядан бир киши келди ва:
«Эй, Муҳаммад! Бизга юборган элчинг бориб, сени, албатта, Аллоҳ юборганини даъво қилаётганингни, даъво қилди», – деди. Ул зот:
«Тўғри айтибди», – дедилар.
«Осмонни ким яратган?» – деди.
«Аллоҳ!» – дедилар.
«Ерни ким яратган?» – деди.
«Аллоҳ!» – дедилар.
«Мана бу тоғларни ким тиклаб қўйди ва уларда пайдо қилган нарсаларни пайдо қилди?» – деди.
«Аллоҳ!» – дедилар.
«Ундоқ бўлса, осмонни яратган, ерни яратган, ушбу тоғларни тиклаган зот билан қасамки, сени Аллоҳ юбордими?!» - деди.
«Ҳа!» - дедилар.
«Сенинг элчинг бизга бир куну кечамизда беш вақт намоз фарз эканлигини даъво қилди», – деди.
«Тўғри айтибди», – дедилар.
«Сени Набий қилиб юборган Зот ила қасамки, буни сенга Аллоҳ буюрдими?» – деди.
«Ҳа!» – дедилар.
«Сенинг элчинг бизга молу дунёмизда закот фарз қилинганини даъво қилди», – деди.
«Тўғри айтибди», – дедилар.
«Сени Набий қилиб юборган Зот ила қасамки, буни Сенга Аллоҳ буюрдими?» – деди.
«Ҳа!» – дедилар.
«Сенинг элчинг бизга йилимизда Рамазон ойи рўзасининг фарз қилинганини даъво қилди», – деди.
«Тўғри айтибди», – дедилар.
«Сени Набий қилиб юборган Зот билан қасамки, буни сенга Аллоҳ буюрдими?» – деди.
«Ҳа!» – дедилар.
«Сенинг элчинг биздан қодир бўлганларга Байтни ҳаж қилиш фарз қилинганини даъво қилди», – деди.
«Тўғри айтибди», – дедилар.
Сўнгра у киши:
«Сени ҳаққ ила юборган Зотга қасамки, мана шуларга зиёда ҳам қилмайман, улардан кам ҳам қилмайман», – деб қайтиб кетди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Агар ростгўй бўлса, албатта жаннатга киради», – дедилар».
Муслим ривоят қилган.

225. Абу Зарр ал-Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳузуримга Жиброил алайҳиссалом келди. У менга:
«Умматингдан ким Аллоҳга бирор нарсани ширк келтирмаган ҳолда ўлса, жаннатга киради», деб башорат берди», – дедилар. 
«Агар зино ва ўғрилик қилса ҳамми?» – дедим.
«Агар зино ва ўғрилик қилса ҳам», – дедилар.
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

226. Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким, Аллоҳдан ўзга илоҳу маъбуд йўқ, У Ўзи ёлғиздир, Унинг шериги йўқ, Муҳаммад Унинг бандаси ва Расулидир, албатта, Ийсо Аллоҳнинг бандаси, Унинг Расули, Марямга ташланган калимаси ва Ундан бўлган руҳдир, жаннат ҳаққдир, дўзах ҳаққдир, деб гувоҳлик берса, Аллоҳ уни нима амал қилган бўлса ҳам жаннатга киритади», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.
Бошқа ривоятда:
«Аллоҳ уни жаннатнинг саккиз эшигидан қайсисини истаса, шундан киритади».
Муслим ривоят қилган.
Бошқа ривоятда:
Сунобиҳийдан, у Убода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким «Лаа илааҳа Иллаллоҳу, Муҳаммадун Расулуллоҳ» деб шаҳодат келтирса, албатта, Аллоҳ уни дўзахга ҳаром қилади», деганларини эшитдим».
Муслим ривоят қилган.
 
227. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким «Лаа илааҳа Иллаллоҳу» деса-ю, қалбида арпа донаси вазнича иймони бўлса, дўзахдан чиқади.
Ким «Лаа илааҳа Иллаллоҳу» деса-ю, қалбида буғдой дони вазнича иймони бўлса, дўзахдан чиқади.
Ким «Лаа илааҳа Иллаллоҳу» деса-ю, қалбида зарра вазнича иймон бўлса, дўзахдан чиқади», – дедилар».
Бухорий ривоят қилган.

228. Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«Қачон банда Исломга кирса ва Исломи гўзал бўлса, Аллоҳ унга ҳар бир касб қилган яхшилигини ёзади ҳамда ҳар бир касб қилган ёмонлигини ўчиради. Ундан кейин қилганига яраша бўлади. Бир яхшилик ўн мислигача токи етти юз мартагача кўпайтирилади. Ёмонлик эса, Аллоҳ азза ва жалла ўтиб юбормаса, ўз мислича бўлади».
Насаий ривоят қилган.

229. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг орқаларига мингашиб борар эдим. Мен билан у зотнинг орамизда эгарнинг орқаси бор эди, холос. Ул зот:
«Ё Муоз ибн Жабал», – дедилар.
«Лаббайка, ё Расулаллоҳ, ва саъдайка!» – дедим.
Кейин бир оз юриб туриб:
«Ё Муоз ибн Жабал», – дедилар.
«Лаббайка, ё Расулаллоҳ, ва саъдайка!» – дедим.
Кейин бир оз юриб туриб:
«Ё Муоз ибн Жабал», – дедилар.
«Лаббайка, ё Расулаллоҳ, ва саъдайка!» – дедим.
«Аллоҳнинг бандаларидаги ҳаққи нималигини биласанми?» – дедилар.
«Аллоҳ ва Унинг Расули билувчилар», – дедим.
«Албатта, Аллоҳнинг бандаларидаги ҳаққи уларнинг Аллоҳга ибодат қилишлари, Унга бирор нарсани ширк келтирмасликларидир», – дедилар.
Кейин бир оз юриб туриб:
«Ё Муоз ибн Жабал», – дедилар.
«Лаббайка, Ё Расулаллоҳ, ва саъдайка!» – дедим.
«Ўшанга амал қилсалар, бандаларнинг Аллоҳдаги ҳаққи нималигини биласанми?» – дедилар. 
«Аллоҳ ва Унинг Расули билувчилар», – дедим.
«Уларни азобламаслигидир», – дедилар».
Муслим ривоят қилган.
  
230. Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Банда тўрт нарсага иймон келтирмагунича мўмин бўла олмайди: Албатта, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва албатта, мен Аллоҳнинг Расулиман-у, У зот мени ҳаққ ила юборганига шаҳодат беради. Ўлимга иймон келтиради. Ўлгандан кейин қайта тирилишга иймон келтиради. Қадарга иймон келтиради», – дедилар».
Термизий, Ибн Можа, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривоят қилишган.

231. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Иймон етмиш нечта – бошқа ривоятда - олтмиш нечта шўъбадан иборатдир. Ҳаё, иймоннинг шўъбасидир», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.
Бошқа ривоятда:
«Унинг энг афзали – «Лаа илааҳа Иллаллоҳ» демоқлик ва энг кичиги – йўлдаги озор берадиган нарсани олиб ташлаш» зиёда қилинган.
Муслим ривоят қилган.

232. Аббос ибн Абдулмуттолиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким Аллоҳни Робб, Исломни дийн, Муҳаммадни Расул, деб рози бўлса, Иймон таъмини тотган бўлади», – дедилар».
Муслим ривоят қилган.

233. Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«Ё Абу Саъийд, ким Аллоҳни Робб, Исломни дийн, Муҳаммадни Расул, деб рози бўлса, унга жаннат вожиб бўлур».
Муслим ривоят қилган.

234. Суфён ибн Абдуллоҳ Сақафий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ё Расулаллоҳ, мен маҳкам тутадиган ишни айтинг», – дедим.
«Роббим Аллоҳдир, де ва сўнг мустақим тур», – дедилар.
«Ё Расулаллоҳ, мен учун энг хавф қилган нарсангиз нима?» – дедим.
Бас у зот ўз тилларини тутдилар ва:
«Мана бу!» – дедилар».
Муслим ва Термизий ривоят қилган.

235. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Уч нарса борки, улар кимда бўлса, Иймон ҳаловатини топади: Аллоҳ ва Унинг Расули унинг учун икковларидан ўзга ҳамма нарсадан маҳбуб бўлмоқлари, бир кишига фақат Аллоҳ учунгина муҳаббат қилмоғи ва куфрга қайтишни худди оловга ташланишни ёмон кўргандек ёмон кўриши», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

236. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сизлардан бирортангиз ўзи учун яхши кўрган нарсани биродари учун ҳам раво кўрмагунча мўмин бўла олмайди», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

237. Абу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«Ким Аллоҳ учун яхши кўрса, Аллоҳ учун ёмон кўрса, Аллоҳ учун берса ва Аллоҳ учун манъ қилса, иймонни комил қилган бўлади».
Абу Довуд, Термизий ва Ҳоким ривоят қилишган.

238. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«Ким бизга қарши қурол кўтарса ва ким бизни алдаса, биздан эмас».
Муслим ривоят қилган.

239. Жундуб ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«Ким мутаассибликка чақирган ёки мутаассибликка ёрдам берган ҳолида залолат байроғи остида қатл қилинса, жоҳилият қатли ила қатл қилинган бўлади».
Муслим ривоят қилган.

240. Аҳнаф ибн Қайсдан ривоят қилинади:
«Мен бу кишини ирода қилиб чиқдим. Абу Бакра учраб қолди ва:
«Ё Аҳнаф, қаёққа?» – деди.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакиларининг ўғлига ёрдам бермоқчиман», – дедим. Яъни, Алига. Бас, у менга:
«Ё Аҳнаф, қайт! Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Қачон икки мусулмон қиличлари ила юзма-юз келсалар, иккиси ҳам аҳли дўзахдан бўлур», деганларини эшитганман», – деди.
«Қотилку майли, мақтулга нима бўлади?» дейилмаганми!» – дедим.
«У ўз соҳибини қатл қилишни ирода қилган эди», – деди».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

241. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«Бирингиз ўз биродарига қурол билан ишора қилмасин. Чунки у, эҳтимол, шайтон қўлини ўйнатиб дўзахнинг чуқурига тушиб қолишига сабаб бўлишини билмай қолади».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.
Бошқа ривоятда:
«Абул Қосим соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким ўз биродарига ўткир темир ила ишора қилса, уни фаришталар лаънатлайди», – деганларини эшитдим».
Муслим ривоят қилган.

242. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мусулмонни сўкиш фосиқликдир ва у билан уруш қилиш кофирликдир», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

243. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мусулмон мусулмонлар унинг тилидан ва қўлидан саломат бўлган одамдир. Мўмин одамлар унга қонлари ва молларини ишонган одамдир», – дедилар».
Термизий, Насаий, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривоят қилишган.

244. Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ё Расулаллоҳ, Исломнинг нимаси афзал?» – дедим.
«Мусулмонлар унинг тилидан ва қўлидан саломат бўлган одам», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

245. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан:
«Исломнинг нимаси яхши?» – деб сўради.
«Таом бермоқлигинг, ҳамда таниган ва танимаган одамингга салом бермоқлигинг», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

246. Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бир мажлисда эдик. Бас, у зот айтдилар:
«Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмаслик, ўғрилик қилмаслик, зино қилмаслик ва Аллоҳ ҳаром қилган жонни ноҳақдан ўлдирмасликка менга байъат қиласизлар».
Муслим ривоят қилган.
Бошқа ривоятда:
«Болаларингизни ўлдирмаслигингиз, қўл ва оёқларингиз орасидан тўқилган бўҳтон келтирмаслигингиз ва маъруф ишда осий бўлмасликларингиз ҳақида менга байъат қилинг.
Бас, сиздан ким бунга вафо қилса, унинг ажри Аллоҳнинг зиммасидадир. Ким ўшалардан баъзи нарсани қилиб қўйиб, дунёда уқубатини олган бўлса, бу унинг учун каффоротдир. Ким ўшалардан баъзи нарсани қилиб қўйса-ю, сўнгра Аллоҳ уни сатр қилган бўлса, у Аллоҳга ҳавола. Хоҳласа, уни афв қилади, хоҳласа, иқобга олади», – дедилар.
Бас, биз у зотга ана шу ҳақида байъат қилдик».
Бухорий ривоят қилган.

247. Убайдуллоҳ ибн Адий ибн Хиёрдан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар орасида ўтирган эдилар. Бир одам келиб сир гап айтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам овоз чиқармагунларича, нимани сирлашгани билинмади. Қаралса, у мунофиқлардан бирини қатл қилишга изн сўраётган экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам овоз чиқарганларида:
«У Лаа илааҳа Иллаллоҳ, Муҳаммадун Расулуллоҳ» деб шаҳодат келтирадими?» – дедилар.
«Ҳа! Аммо унинг шаҳодати ҳақийқий эмас», – деди ҳалиги киши.
«Намоз ўқийдими?» – дедилар.
«Ҳа! Аммо унинг намози ҳақийқий эмас», – деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Уларни қатл қилишдан Аллоҳ мени  қайтарган», – дедилар».
Молик, Аҳмад ва Ибн Ҳиббон ривоят қилишган.

248. Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қийинчилигу осонликда, ғайрат келиб тургандаю малол келиб турганда, ўзимиздан бошқани устин қўйилганда ҳам қулоқ осиб, итоат қилиш, ишни ўз аҳлидан низо қилмаслик, қаерда бўлса ҳам Аллоҳ учун маломатчининг маломатидан қўрқмасдан ҳақни гапириш ҳақида байъат қилдик».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

249. Авф ибн Молик Ашжаъий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида тўққиз, саккиз ёки етти киши эдик. Бас у зот:
«Расулуллоҳга байъат қилмайсизларми?» – дедилар.
«Биз сизга байъат қилганмиз», – дедик.
«Расулуллоҳга байъат қилмайсизларми?» – дедилар.
«Биз сизга байъат қилганмиз», – дедик.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилмайсизларми?» – дедилар.
«Биз қўлларимизни узатдик ва «Биз сизга байъат қилганмиз. Яна нимага байъат қилайлик?», – дедик.
«Аллоҳга ибодат қилишга. Унга ҳеч нарсани ширк келтирмасликка. Беш намозга. Итоат қилишингизга – махфий сўзни сир қилиб айтдилар – одамлардан ҳеч нарса сўрамасликка», – дедилар.
Ўша нафарлардан баъзиларининг қамчиси тушиб кетганда бировдан уни олиб беришни ҳам сўрамаганини кўрдим».
Муслим ривоят қилган.

250. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Қачон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қулоқ осиб, итоат қилишга байъат қилсак, у зот бизга: «Қодир бўлганингизча», – дер эдилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

251. Амр ибн Аҳвас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга видолашув ҳажида ҳозир бўлган. Бас, у зот Аллоҳга ҳамду сано айтдилар, эслатдилар ва ваъз қилдилар. Сўнгра:
«Қайси кун ҳурматлироқ? Қайси кун ҳурматлироқ? Қайси кун ҳурматлироқ?» – дедилар.
«Ҳажжи Акбар куни, Ё Расулаллоҳ,», – дейишди одамлар.
Бас, у зот айтдилар:
«Албатта, қонларингиз, молларингиз, обрўларингиз сиз учун худди шу кунингиз, шу юртингиз, шу ойингиз ҳурмати каби ҳурматлидир. Жиноятчи ўзидан бошқага жиноят қилмас. Ота боласига жиноят қилмас. Бола отасига жиноят қилмас.
Огоҳ бўлинглар! Албатта, мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Мусулмонга ўз биродаридан у ўзига ҳалол билган нарсадан ўзга нарса ҳалол бўлмас.
Огоҳ бўлинглар! Жоҳилият рибосининг барчаси (қиймати) ҳам туширилгандир. Сизларга сармояларингиз бўлур. Зулм ҳам қилмайсизлар, сизларга ҳам зулм қилинмайди. Аббос ибн Абдулмуттолибнинг рибосидан бошқаси. Бас, унинг рибоси ҳаммаси туширилгандир.
Огоҳ бўлинглар! Жоҳилиятдаги қонлар қиймати ҳам тушди. Қонларимиздан биринчи бўлиб (қийматини) туширадиганим Ҳорис ибн Абдулмуттолибнинг қонидир. Бани Саъдга эмизиш учун берилган эди. Уни Ҳузайл (қабиласи) қатл қилди.
Огоҳ бўлинглар! Бас, аёллар ҳақида Аллоҳдан қўрқинглар! Чунки сиз уларни Аллоҳнинг омонати ила олгансизлар. Уларнинг фаржларини Аллоҳнинг калимаси ила ҳалол қилиб олгансизлар. Сизлар учун уларнинг зиммасида сиз ёмон кўрган бирор кишига тўшакларингизни бостирмаслик мажбурияти бор. Агар ўшани қилсалар, уларни ачитмайдиган қилиб уринглар. Улар учун сизнинг зиммангизда маъруф йўл билан ризқлари ва кийимлари мажбурияти бор».
Термизий ва Ибн Можа ривоят қилишган.

252. Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, замон Аллоҳ осмонлару ерни халқ қилган кунидаги ҳайъатига қайтди. Бир йил ўн икки ойдир. Улардан тўрти ҳаром ойлардир. Учтаси бирин-кетин; Зул Қаъда, Зул Ҳижжа ва Муҳаррам. Ва Жумади ва Шаъбон орасидаги Музарнинг Ражаби. Бу қайси ой?» – дедилар».
«Аллоҳ ва Унинг Расули билувчи», – дедик.
Бас, сукут қилдилар. Ҳаттоки, биз уни ўз номидан бошқа ном билан номласалар керак, дедик. Бас, у зот:
«Зул Ҳижжа эмасми?» – дедилар.
«Худди шундай», – дедик.
«Бу қайси юрт?» – дедилар».
«Аллоҳ ва Унинг Расули билувчи», – дедик.
Бас, сукут қилдилар. Ҳаттоки, биз уни ўз номидан бошқа ном билан номласалар керак, дедик. Бас, у зот:
«Балда эмасми?» – дедилар.
«Худди шундай», – дедик.
«Бу қайси кун?» – дедилар».
«Аллоҳ ва Унинг Расули билувчи», – дедик.
Бас, сукут қилдилар. Ҳаттоки, биз уни ўз номидан бошқа ном билан номласалар керак, дедик. Бас, у зот:
«Қурбонлик куни эмасми?» – дедилар.
«Худди шундай», – дедик.
«Албатта, қонларингиз, молларингиз, обрўларингиз сиз учун худди шу кунингиз, шу юртингиз, шу ойингиз ҳурмати каби ҳурматлидир.
Албатта, Роббингизга йўлиқурсиз ва У сиздан амалларингиз ҳақида сўрайдир.
Огоҳ бўлинг! Мендан кейин залолата қайтиб баъзингиз баъзингизнинг бўйнига урманглар!
Огоҳ бўлинг! Бас, ҳозир ғойибга етказсин! Шоядки, буни етказилган баъзи кимсалар эшитганлардан кўра яхшироқ сингдирса», – дедилар. Сўнгра:
«Огоҳ бўлинг! Етказдимми?! Огоҳ бўлинг! Етказдимми?!» – дедилар.
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

253. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«Албатта, иймон хиёнат-ла қатл қилишни боғлаб қўйди. Мўмин хиёнаткорона қатл қилмас».
Абу Довуд ва Ҳоким ривоят қилишган.

254. Миқдод ибн Асвад розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Ё Расулаллоҳ, айтингчи, мен кофирлардан бир кишини учратиб қолсам, у мен билан жанг қилса ва қўлларимдан бирига қилич ила зарба берса, сўнг мендан қочиб дарахт панасига беркиниб туриб, Аллоҳга мусулмон бўлдим, деса, уни қатл қиламанми? Ё Расулаллоҳ ўша гапни айтганидан кейин?» – дедим.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Уни қатл қилма!» – дедилар.
«Ё Расулаллоҳ, у қўлимни кесган бўлса ҳам-а?!» – дедим.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Уни қатл қилма! Агар уни қатл қилсанг, у сен уни қатл қилишингдан олдинги сенинг ўрнигда, сен эса унинг ўзининг айтган калимасини айтишдан олдинги ўрнида бўласан!» – дедилар».
Бошқа ривоятда:
«Уни қатл қилиш учун энгашганимда «Лаа илааҳа Иллааллоҳ...» – деди, дейилган.
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

255. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳар бир туғилган бола фақат фитрат (соф-табиат) ила туғилади. Бас ота-онаси уни яҳудий ва насроний ёки мажусий қилади. Бу худди ҳайвоннинг бут-бутун ҳайвон туғишига ўхшайди. Сиз унда қулоқ-бурни кесилганини ҳис қилганмисиз?» – дедилар.
Сўнгра Абу Ҳурайра «Агар хоҳласангиз, «Аллоҳнинг одамларни яратган фитратидир. Аллоҳнинг яратишини ўзгартириш йўқ. Ана ўша, энг тўғри дийндир» оятини ўқинг», – дер эди».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

256. Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ичимизда беш калима ила турдилар. Бас, у зот дедилар:
«Албатта, Аллоҳ азза ва жалла ухламас. У зот ризқни кўтарар ва туширар. Унга кечанинг амали кундузнинг амалидан аввал кўтарилур ва кундузнинг амали кечанинг амалидан аввал кўтарилур. У зотнинг ҳижоби нурдир – бошқа ривоятда – нордир. Агар уни очса, юзининг нурлари халқидан кўзи етганларини куйдирур».
Муслим ривоят қилган.

257. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидагиларни айтганларини эшитдим:
«Албатта, Бани Одамнинг қалбларининг барчаси худди бир қалбдек Роҳманнинг бармоқларидан икки бармоғи орасидадир. Қандай истаса, шундай тасарруф қилади».
Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳим, қалбларни тасарруф қилувчи зот! Қалбимни тоатингга бургин!» – дедилар».
Муслим ривоят қилган.

258. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўпинча «Эй қалбларни айлантириб турувчи Зот! Қалбимни дийнингда собит қил», – дер эдилар.
«Ё Расулаллоҳ, биз сизга ва сиз келтирган нарсага иймон келтирдик. Бизга бирор нарсадан хавф қиласизми?» – дедим.
«Ҳа. Албатта, қалблар Аллоҳнинг бармоқларидан икки бармоғи орасидадир. Қандай истаса, шундай тасарруф қилади», – дедилар».
Термизий, Ибн Можа ва Ҳоким ривоят қилишган.

259. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир. Албатта, ҳар бир кишига ният қилган нарсаси бўлади. Бас, кимнинг ҳижрати Аллоҳ ва Унинг Расули учун бўлса, унинг ҳижрати Аллоҳга ва Унинг Расулига бўлади. Кимнинг ҳижрати дунё учун бўлса, унга эришади. Ёки аёл учун бўлса, уни никоҳлаб олади. Бас, унинг ҳижрати нима учун қилган бўлса, ўшанга бўлади», – дедилар».
Бухорий, Муслим ва Абу Довуд ривоят қилишган.

260. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидагиларни айтганларини эшитган:
«Қачон Аллоҳ бир қавмга азоб туширса, уларнинг ичида ким бўлса, ўшанга азоб етади. Сўнгра амалларига қараб қайта тирилтириладилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

261. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Тўрт нарса бор. Кимда шу хислатлар бўлса, у тўлиқ мунофиқ бўлади. Кимда ўша хислатлардан биттаси бўлса, ўшани тарк қилгунча унда нифоқнинг битта хислати бўлади: Қачон гапирса, ёлғон гапиради; Қачон аҳдлашса, доғда қолдиради; Қачон ваъда берса, устидан чиқмайди; Қачон хусуматлашса, фожирлик қилади», – дедилар».
Эвазнинг ривоятида: «Қачон омонат ишонилса, хиёнат қилади. Қачон ваъда берса, хилоф қилади», дейилган.
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

262. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мунофиқнинг белгиси учтадир: гапирса, ёлғон гапиради, ваъда берса, устидан чиқмайди ва омонат унга ишонилса, хиёнат қилади», – дедилар».
Бошқа ривоятда: «Агар рўза тутиб, намоз ўқиса ҳам»ни зиёда қилган.
 Муслим ривоят қилган.

263. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ё Расулаллоҳ, қиёмат куни сизнинг шафоатингиздан энг саодатманд бўладиган ким?» – дедим.
«Ё Абу Ҳурайра, сенинг ҳадисга ўта қизиқишингни билганимдан, шу гапни сендан олдин ҳеч ким сўрамаслигини билган эдим. Қиёмат куни менинг шафоатимдан энг саодатманд бўладиган кимса, «Лаа илааҳа Иллаллоҳу»ни чин қалбдан  ихлос билан айтган одамдир», – дедилар».
Бухорий ривоят қилган.

264. Суҳайб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мўминнинг иши ажойиб, унинг ишининг барчаси яхшилик. Бу фақатгина мўминга бўлади. Ундан бошқа ҳеч кимга эмас. Хурсандлик етса, шукр қилади. Унга яхши бўлади. Мусийбат етса, сабр қилади. Унга яхши бўлади», – дедилар».
Муслим ривоят қилган.

265. Абу Туфайл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг олдида эдим. Бир киши унинг ҳузурига келиб:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сенга нимани сир қилган эдилар?» – деди.
Бас, у ғазабланди ва:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлардан яшириб, менга сир айтармидилар! Илло, менга тўрт калимани айтганлар», – деди.
«Ё мўъминларнинг амири, улар  нималар?» – деди.
«Туққанини лаънатлаган кимсани Аллоҳ лаънатласин. Аллоҳдан бошқага атаб сўйиш сўйган кимсани Аллоҳ лаънатласин. Бидъатчига жой берган кимсани Аллоҳ лаънатласин. Ер белгиларини ўзгартирган кимсани Аллоҳ лаънатласин», дедилар», – деди».
Муслим ривоят қилган.

266. Абу Саъд ибн Абу Фазола розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидагиларни айтганларини эшитдим:
«Қиёмат куни Аллоҳ одамларни бўлишида шубҳа йўқ кунга жамлаганда нидо қилувчи: «Ким Аллоҳ учун қилган амалига бирортани шерик қилган бўлса, савобини Аллоҳдан бошқанинг ҳузуридан талаб қилсин! Албатта, Аллоҳ шерикларнинг ширкдан беҳожатидир!» деб нидо қилади».
Термизий, Ибн Можа ва Ибн Ҳиббон ривоят қилишган.

267. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«Аллоҳ таборака ва таоло: «Мен шерикларнинг ширкдан беҳожатиман. Ким қилган амалида Менга Мендан бошқани шерик қилса, уни ҳам, ширкини ҳам тарк қиламан», – деди».
Муслим ривоят қилган.

268. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Аҳли китоб Тавротни ибронийча ўқиб, мусулмонларга тафсирни арабчада қилишарди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«Аҳли китобларни тасдиқ ҳам қилманг, ёлғончи ҳам қилманг ва «Аллоҳга ва бизга нозил қилинган нарсага иймон келтирдик», денглар».
Муслим ривоят қилган.


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио