Расулуллоҳ с.а.в

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

Нубувват аломатлари китоби

188. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мен қиёмат куни одам боласининг улуғидирман. Устидан қабр биринчи ёриладиган шахс менман. Аввалги шафоатчи менман. Аввалги шафоат қилинувчи менман», – дедилар.
Муслим ривоят қилган.

189. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Менга мендан олдин ҳеч кимга берилмаган беш нарса берилди. Ҳар бир Набий ўз қавмига хос қилиб юборилар эди, мен барча қизил ва қораларга юборилдим.  Менга ўлжалар ҳалол қилинди, мендан олдин ҳеч кимга ҳалол қилинмаган эди. Менга ер масжид ва покловчи нарса қилинди. Бас, менинг умматимдан кимга қаерда намоз ўқиш етса, ўша ерда ўқисин. Менга бир ойлик масофадаги кучли қўрқинч ила нусрат берилди. Менга шафоат берилди», – дедилар» .
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

190. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Жамловчи калималар ила юбрилдим. Менга қўрқинч ила нусрат берилди. Ухлаб ётганимда менга ер хазийналарининг калитлари келтирилди  ва қўлимга солинди», – дедилар.
Абу Ҳурайра айтди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кетдилар. Сизлар эса уларни чиқариб олмоқдасизлар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.
Бошқа ривоятда:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«Бошқа Анбиёлардан олти нарса ила афзал қилиндим: Менга жамловчи калом берилди. Менга душманимга қўрқинч солиш ила нусрат берилди. Менга ўлжалар ҳалол қилинди. Менга ер покловчи ва масжид қилинди. Мен ҳамма халойиққа юборилдим. Мен билан Набийлар тугатилди».
Муслим ривоят қилган.

Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«Уч нарса ила одамлардан афзал қилиндик: Сафларимиз худди фаришталарнинг сафларидек қилинди. Ернинг ҳаммаси биз учун масжид қилинди. Унинг тупроғи, сув топмасак, биз учун покловчи қилинди».
Муслим ривоят қилган.

192. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«Қай бир Набий борки, албатта, унга оятлардан иймон келтирилганича ёки одамлар иймон келтирганича берилган. Менга берилган нарса эса, Аллоҳ менга қилган ваҳий бўлди. Бас, қиёмат куни уларнинг эргашувчиси кўпи бўлишимни умид қиламан».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

193. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«Бани одамнинг асрларининг яхшисидан асрма аср юборилдим. Токи ўзим бўлган асргача».
Бухорий ривоят қилган.

194. Восила ибн Асқаъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, Аллоҳ Валади Исмоилдан Кинонани танлаб олди. Кинонадан Қурайшни танлаб олди. Қурайшдан Бани Ҳошимни танлаб олди. Бани Ҳошимдан мени танлаб олди», – дедилар».
Муслим ривоят қилган.
 
195. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, менинг ва мендан олдинги Анбиёларнинг мисоли, худди бир уйни яхшилаб, чиройли қилиб қуриб, бир бурчагидан бир ғиштнинг ўрнини қолдириб қўйган кишига ўхшайди. Одамлар уни айланиб кўриб қойил қолишади ва:
«Мана шу ғишт ҳам ўрнига қўйилганда эди!» – дейишади. Мен ўша ғиштман. Мен набийларнинг хотимиман», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

196. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«Қиёмат куни жаннатнинг эшигига келиб очишни сўрайман.
«Сен кимсан?» – дейилади.
«Муҳаммадман», – дейман.
«Сенга амр қилинганман. Сендан олдин ҳеч кимга очмайман», – дейилади».
Муслим ривоят қилган.

197. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадийнага кирган кунлари ундаги ҳамма нарса ёришиб кетди. Вафот этган кунлари бўлганда ундаги ҳамма нарса зулматда қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни дафн қилиб бўлиб қўлларимизни қоққанимиздан кейин қалбларимизни инкор қилдик».
Термизий, Ибн Можа ва Ибн Ҳиббон ривоят қилишган.

198. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ азза ва жалланинг Иброҳим ҳақидаги: «Роббим, албатта, у(санам)лар одамлардан кўпини адаштирдилар. Бас, ким менга эргашса, у мендандир. Ким менга осий бўлса, албатта, Ўзинг мағфират қилгувчи ва раҳимлисан», деган қавлини тиловат қилдилар.
Ийсо алайҳиссалом: «Агар уларни азоблайдиган бўлсанг, бас, албатта, улар  Сенинг бандаларинг. Агар уларни мағфират қиладиган бўлсанг, бас, албатта, Сенинг Ўзинг азийз(ғолиб) ва ҳикматли зотсан», деган эдилар.
Бас, у зот икки қўлларини кўтариб туриб:
«Аллоҳим! Умматим! Умматим!» – дедилар ва йиғладилар. Шунда Аллоҳ азза ва жалла:
«Ё Жаброил, Муҳаммаднинг ҳузурига бор. Роббинг билади-ку, ундан «Сени не йиғлатур?» деб сўра», – деди.
Жаброил алайҳиссалом келиб у ҳақда сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига айтган нарсаларининг хабарини бердилар. Ҳолбуки, унинг ўзи ҳам билар эди. Шунда Аллоҳ:
«Ё Жаброил, Муҳаммаднинг ҳузурига бор ва:
«Албатта, Биз сени умматинг ҳақида рози қилурмиз, сенга ёмонлик қилмасмиз», деб айт», – деди».
 Муслим ривоят қилган.

199. Убайдуллоҳ ибн Абдуллоҳ ибн Утбадан ривоят қилинади:
«Оишанинг олдига кириб «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг беморликлари ҳақида гапириб бермайсизми?» – дедим. У киши айтди:
«Майли. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам оғирлашиб қолдилар ва:
«Одамлар намоз ўқишдими?» – дедилар.
«Йўқ. Улар сизга интизор бўлиб туришибди, ё Расулаллоҳ», – дедик.
«Менга тоғорага сув қуйиб беринглар», – дедилар.
Биз айтганларини қилдик. Ул зот ғусл қилдилар. Кейин турмоқчи бўлиб уриндилар ва ҳушларидан кетдилар. Сўнгра ўзларига келиб:
«Одамлар намоз ўқишдими?» – дедилар.
«Йўқ. Улар сизга интизор бўлиб туришибди, ё Расулаллоҳ», – дедик.
«Менга тоғорага сув қуйиб беринглар», – дедилар.
Биз айтганларини қилдик. Ул зот ғусл қилдилар. Кейин турмоқчи бўлиб уриндилар ва хушларидан кетдилар. Сўнгра ўзларига келиб:
«Одамлар намоз ўқишдими?» – дедилар.
«Йўқ. Улар сизга интизор бўлиб туришибди, ё Расулаллоҳ», – дедик.
«Менга тоғорага сув қуйиб беринглар», – дедилар.
Биз айтганларини қилдик. Ул зот ғусл қилдилар. Кейин турмоқчи бўлиб уриндилар ва ҳушларидан кетдилар. Сўнгра ўзларига келиб:
«Одамлар намоз ўқишдими?» – дедилар.
«Йўқ. Улар сизга интизор бўлиб туришибди, ё Расулаллоҳ», – дедик.
Одамлар масжидда тўпланиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Хуфтон намозига кутиб туришарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакрга одамларга намозга ўтиши ҳақида хабарчи юбордилар. Хабарчи келиб унга:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга намоз ўқиб беришингни амр қилурлар», – деди. Абу Бакр юмшоқ одам эди. Бас, у:
«Ё Умар, одамларга намозга ўт», – деди.
«Бунга сен ҳаққлисан», – деди Умар.
Бас, ўша кунлари Абу Бакр одамларга намозга ўтди.
Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларида енгиллик сезиб, икки кишининг суёвида, уларнинг бири Аббос Пешин намозига чиқдилар. Ул зот чиққанларида Абу Бакр имомлик қилаётган эди. Абу Бакр у зотни кўриб, орқага тисарила бошлади. Ул зот унга ортга қайтмаслик ҳақида ишора қилдилар ва иккиларига:
«Мени унинг ёнига ўтқазинглар», – дедилар.
Иккови у зотни Абу Бакрнинг ёнига ўтқазишди. Абу Бакр тик турган ҳолида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозларига, одамлар Абу Бакрнинг намозига эргашиб намоз ўқидилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эса, ўтирган ҳолларида эди.
Убайдуллоҳ айтади:
«Абдуллоҳ ибн Аббоснинг олдига кириб унга:
«Оишанинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг беморликлари ҳақида менга айтиб берганларини сенга арз қилайми?», – дедим.
«Олиб кел», – деди.
Бас, мен арз қилдим. У бирор нарсани инкор қилмади. Фақатгина:
«У сенга Аббос билан бирга бўлган кишининг номини айтдими?» – деди.
«Йўқ», – дедим.
«У Али», – деди».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

200. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам соғлик чоғларида:
«Ҳеч бир Набий жаннатдаги ўз ўрнини кўрмай туриб, ихтиёрига қўйилмай туриб зинҳор қабз қилинмаган», – дер эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига (ўша ҳолат) келганда, бошлари сонимда турганда у зот бир муддат ҳушларидан кетдилар. Сўнгра кўзларини очиб шифтга тикилдилар ва:
«Аллоҳим! Рафиқи Аълога», – дедилар. Шунда «Ул зот бизни ихтиёр қилмаётирлар» – дедим ва соғлик вақтларида зикр қилган гапларининг нималигини билдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўзлаган охирги сўз:
«Аллоҳим! Рафиқи Аълога», дейишлари бўлди».
Муслим ривоят қилган.

201. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан шиддатлироқ бемор бўладиган бирор кишини кўрмадим».
Муслим ривоят қилган.

202. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қирқ ёшларида юборилдилар. Маккада у зот ўн уч йил турдилар. Сўнгра ҳижратга амр қилиндилар. Мадийнага ҳижрат қилдилар ва у ерда ўн йил турдилар. Сўнгра у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот қилдилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

203. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бу кеча менинг ўғлим туғилди. Уни отам Иброҳимнинг исми билан номладим», – дедилар.
Сўнгра уни Абу Сайф деб аталадиган темирчининг аёли Умму Сайфга бердилар. Ул зот унинг олдига жўнадилар. Мен эргашдим. Ул зот билан Абу Сайфнинг олдига кирдик. У босқонини босаётган ва уй тутунга тўлиб кетган экан. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига тушиб тезлаб бордим-да:
«Ҳой, Абу Сайф! Тўхта!» – дедим.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келдилар. У тўхтади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам болани келтиришни сўрадилар. Уни бағриларига босдилар ва Аллоҳ хоҳлаган нарсаларни айтдилар. 
Анас айтади:
Сўнгра яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўлларида уни жон бераётганида кўрдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг икки кўзларидан ёш оқди ва у зот:
«Албатта, кўз ёш тўкади, қалб маҳзун бўлади, аммо Роббимизни рози қиладиган нарсадан бошқани айтмаймиз. Албатта, Аллоҳга қасамки, биз сенинг фироқингдан жуда маҳзунмиз, эй, Иброҳим», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

204. Муҳаммад ибн Сийрийндан ривоят қилинади:
«Абийдага: «Бизда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Анасдан ёки Анас розияллоҳунинг аҳлидан олганимиз сочлари бор», – дедим.
«Ундан бир толаси менда бўлгани мен учун дунё ва ундаги барча нарсалардан маҳбуброқдир», – деди».
Бухорий ривоят қилган.

205. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Батаҳқиқ, сартарош Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сочларини олаётганини кўрдим. Саҳобалари у зотни ўраб олишган эди. Бирор соч донаси тушса ҳам бирор кишининг қўлига тушишини хоҳлар эдилар».
Муслим ривоят қилган.

206. Абдуллоҳ ибн Саржис розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдим ва у зот билан бирга нон ва гўшт ёки сарийд едим». Осим айтади:
«Мен унга, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сенга истиғфор айтдиларми?» – дедим.
«Ҳа. Сенга ҳам», – деди ва «Гуноҳинг учун ва мўминлару мўминалар учун истиғфор айт» оятини тиловат қилди-да: «Сўнгра айланиб ортларига ўтдим. Кейин чап кураклари юқорисидаги муштдек муҳри нубувватларига назар солдим. Унинг устида қизил тошмалар бор эди», – деди».
Муслим ривоят қилган.

 207. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«Ҳавзимнинг икки тарафи худди Санъо билан Мадийна орасичалик».
Бошқа ривоятда:
«Унда осмондаги юлдузлар ададичалик  тилло ва кумуш кўзалар кўринади».
Муслим ривоят қилган.

208. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳавзим бир ойлик йўлдир. Унинг суви сутдан оқ, ҳиди мискдан хушбўй, кўзалари осмондаги юлдузлар каби. Ундан ким ичса, абадул-абад чанқамас», – дедилар».
Бухорий ривоят қилган.
Бошқа ривоятда:
«...бир ойлик йўл. Атрофлари баробар. Суви кумушдан оқ», дейилган.

209. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳар бир Набий сўраганини сўраган ёки ҳар бир Набий ўз дуосини қилди ва ижобат бўлди. Мен ўз дуоимни Қиёмат куни умматимга шафоат қилдим», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

210. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Ҳорис ибн Ҳишом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан:
«Сизга ваҳий қандай келади?» – деб сўради.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аҳёнда худди қўнғироқдек жаранглаб келади, шуниси менга қийин. У кетгандан кейин ҳамма нарсани мен ўзимда сингдириб олган бўламан. Гоҳида эса фаришта менга одам шаклида келиб, сўзлаб кетади ва унинг айтганларини англаб оламан», – дедилар. Оиша:
«Батаҳқиқ, совуғи шиддатли кунда у зотга ваҳий тушганини, у кишидан ажралганда эса пешоналаридан тер оқаётганини кўрганман», – деди».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

211. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«Албатта, Аллоҳ ушбу умматга ҳар юз йилда унинг дийнини янгилайдиган шахсни юборади».
Абу Довуд ривоят қилган.

212. Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг ичимизда бир мақомда турдилар. Ул зот ўша мақомларида қиёмат қоим бўлгунча бўладиган нарсалардан бирор нарсани қўймай зикр қилдилар. Уни ёдлаган ёдлаб олди, унутган унутиб юборди. Уни анави асҳобларим яхши билдилар. Албатта, ундан эсимдан чиқариб қўйган нарсам ҳам бўлиши мумкин. Уни худди бир киши бошқа киши ундан ғойиб бўлганда юзини унутиб қўйиб яна кўрганда эслагандек эслайман».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

213. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир яҳудий аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга заҳарланган қўй(гўшти)ни келтирди. Ул зот ундан едилар. Кейин у(аёл)ни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб келинди. Ул зот ундан бу ҳақида сўрадилар.
«Сени ўлдирмоқчи бўлдим», – деди у.
«Аллоҳ сени ул ишга ёки менга эга қилмас», – дедилар.
Одамлар:
«Уни қатл қилайликми?» – дедилар.
«Йўқ», – дедилар.
Мен ўшани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жағлари остидаги осилган гўштлардан билиб юрдим».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

214. Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бир юришда бирга эдик. Кечаси билан юриб бориб, унинг охирида бир ухладикки, мусофир одам учун бундан ширин уйқу бўлмаса керак. Офтобнинг иссиғидагина уйғондик. Аввал фалончи, фалончи ва фалончилар уйғонди. Сўнг Умар ибн Хаттоб тўртинчи бўлиб уйғонди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ухласалар, ўзлари уйғонмасалар, биров у зотни уйғотмас эди. Чунки, биз у зотга уйқуларида нима бўлишини билмас эдик.
Умар уйғониб, одамларга нима етганини кўргандан кейин, у бақувват одам эди, баланд овоз билан такбир айта бошлади. У овозидан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уйғонгунларича такбир айтди. У зот уйғонганларида ўзларига етган нарса ҳақида шикоят қилишди. Шунда У зот:
«Зарари йўқ ёки зарар қилмайди. Жўнанглар!» – дедилар.
Бас, жўнадилар. Узоқ юрмай тушдилар. Сўнгра тоҳарат суви чақириб, тоҳарат қилдилар. Намозга нидо қилинди. Одамлар билан намоз ўқидилар. Намозни тугатганларидан кейин одамлар билан намоз ўқимай, ажраб четда турган бир одамни кўриб қолдилар ва:
«Эй, Фалончи, одамлар билан намоз ўқишингдан сени нима манъ қилди?» – дедилар. 
«Менга жунублик етган эди. Сув йўқ», – деди.
«Сен учун пок тупроқ бор. У кифоя қилур», – дедилар».
Кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам юрдилар. Одамлар у зотга чанқоқдан шикоят қилдилар. Бас, тушдилар ва Фалончини – Абу Ражони деб исмини айтарди, буни Авф унутган – ва Алини чақириб:
«Бориб, сув ахтаринглар», – дедилар.
Икковлари юриб бориб икки кўзанинг орасида туясида ўтирган аёлга йўлиқишди ва унга:
«Сув қаерда?» – дейишди.
«Сувнинг олдидан кеча шу соатда чиқдим. Эркакларимиз ортда», – деди.
«Биз билан юр!» – дейишди.
«Қаёққа?» – деди у.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига», – дейишди.
«Дийндан чиққан дейилганми?» – деди.
«Ўша айтганинг. Юр!» – дейишди.
Уни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига олиб боришди ва бўлган гапларни у зотга ҳам айтишди. Бас, у зот:
«Уни туясидан туширинглар», – дедилар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир идиш олиб келишга амр қилдилар ва унинг икки кўзасидаги сувни унга бўшатдилар. Кейин иккисининг оғзини боғлаб, пастки тарафдаги боғичини ечдилар. Сўнг одамларга «Ичинглар ва ичиринглар» дея нидо қилинди. Истаган ичди. Истаган ичирди. Охири ҳалиги жанобат етган одамга бир идиш сув бердилар ва:
«Бор, уни устингдан қуй», – дедилар.
Аёл тик турган ҳолида суви ила нималар бўлаётганига назар солар эди. Аллоҳга қасамки, у зот уларнинг олдидан турганларида улар аввал бошдагидан кўра тўлароққа ўхшайди деб хаёл қилардик.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Унга бир нарса жамланглар», – дедилар. Аёлга нон, толқон ва хурмолар жамланди. Бир кийимга солиб, туясига ортилди. Кийимни эса, унинг олдига қўйдилар. Бас, у зот унга:
«Билиб қўй, биз сувингдан ҳеч нарсани камайтирганимиз йўқ. Аммо Аллоҳ бизни сероб қилди», – дедилар.
У ўз аҳлига борди. Улардан анча ушланиб қолган эди. Улар унга:
«Фалончи, сени нима ушлаб қолди?» – дейишди.
«Ажаб. Бухорий Менга икки киши йўлиқди. Мени анави дийндан чиққан дейилаётган одамнинг олдига олиб боришди. Бас, у ундай қилди, бундай қилди. Аллоҳга қасамки, у манави билан манави орасидаги энг сеҳргар одам», дея ўрта ва кўрсаткич бармоқларини кўтариб осмон билан ерга ишора қилди. «Ёки, у ҳақийқатан ҳам Аллоҳнинг Расули», – деди у.
Шундан кейин мусулмонлар уларнинг атрофидаги мушрикларга ғорат қилиб туришар, аммо аёлнинг тўпига тегмас эдилар. Бас, аёл бир куни ўз қавмига:
«Анавилар сизга қасдан тегмаётганга ўхшашади. Исломга кирсангиз бўлмайдими?» – деди.
Бас, унга итоат қилдилар ва мусулмон бўлдилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

215. Абу Қатода Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга хутба қилиб «Сизлар кечқурунингизни ва кечасингизни юриб бориб, иншааллоҳ, эртага сувга етасиз», – дедилар. Одамлар бир-бирларига қарамасдан юриб кетдилар.
Абу Қатода айтди:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ярим кеча бўлгунча юрдилар. Мен ёнларида эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни мудроқ босиб, уловларида қийшайиб қолдилар. Мен яқинларига бориб, уйғотмасдан тўғрилаб қўйдим. Ул зот уловлари устида адл турдилар. Кейин кечанинг кўпи ўтганча юрдилар. Бас, уловларида қийшайиб қолдилар. Уйғотмасдан тўғрилаб қўйдим. Ул зот уловлари устида адл турдилар. Сўнгра юриб бориб саҳарнинг охирига етганларида аввалги икки қийшайишдан ҳам кўпроқ қийшайдилар. Ҳатто йиқилай деб қолдилар. Мен бориб у зотни тўғрилаб қўйдим. Бас, у зот бошларини кўтардилар ва:
«Ким бу?» – дедилар.
«Абу Қатода», – дедим.
«Мен билан қачондан бери бу юришингдасан?» – дедилар.
«Ушбу кеча юришим шу», – дедим.
«Набийини муҳофаза қилганинг учун сени муҳофаза қилсин», – дедилар. Кейин: «Сенингча одамлардан махфий қоламизми?» – дедилар. Сўнгра: «Бирортани кўряпсанми?» – дедилар.
«Манави отлиқ», – дедим. Кейин: «Манави бошқа отлиқ», – дедим. Ҳаттоки ҳаммамиз жамъ бўлдик. Етти отлиқ эдик.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йўлдан бурилдилар ва бошларини қўя туриб:
«Намозимизни муҳофаза қилинглар», – дедилар.
Биринчи уйғонган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлдилар. Қуёш елкаларида эди. Шошилиб турдик. Сўнгра у зот:
«Мининглар!» – дедилар.
Уловларни миниб жўнаб кетдик. Қуёш кўтарилиб бўлганда у зот тушдилар. Кейин обдастани келтиришни сўрадилар. У бир оз суви билан менда эди. Бас, ундан енгил тоҳарат қилдилар. Унда бир оз сув қолди. Сўнгра у зот Абу Қатодага:
«Биз учун обдастангни муҳофаза қил, ҳали унга бир гап бўлади», – дедилар.
Сўнгра Билол намозга азон айтди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ракъат намоз ўқидилар. Сўнгра Бомдодни ўқидилар. Ҳар куни қиладиган ишларини қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам миндилар. Биз ҳам миндик. Баъзимиз баъзимизга: «Намозимизни ўтказиб юборганимизнинг каффорати нима?» – деб шивирлаша бошладик. Сўнгра у зот:
«Менда сизларга намуна бор эмасми? Аммо ухлаб қолишда камчилик йўқ. Камчилик бошқа намозининг вақти келгунча намозини ўқимай юрган кишида. Ким ўшани қилса, уни эслаганда ўқиб олсин. Эртасига ўз вақтида ўқисин!» – дедилар. Кейин яна:
«Одамлар нима қилдилар деб ўйлайсизлар?» – дедилар. Сўнгра: «Эрталаб одамлар Набийларини йўқотиб қўйишди. Абу Бакр ва Умар «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ортингизда, сизни қолдириб кетмайдилар», – дейишди. Одамлар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдингизда», дейишди. Агар Абу Бакр ва Умарга итоат қилсалар, – тўғри қилган бўладилар», – дедилар.
Наҳор чўзилганда одамларга етиб бордик. Ҳамма нарса қизиб кетди. Улар «Ё Расулаллоҳ, ҳалок бўлдик, чанқадик, дейишарди. Бас, у зот:
«Сизга ҳалокат етмас. Менга кичик қадаҳни беринглар», – дедилар.
У зот обдастани келтиришни сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуярдилар, Абу Қатода уларга сув тутарди.  Одамлар обдастани кўришлари билан унга ўзларини уришди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ўзингизни яхши тутинг. Ҳаммангиз сероб бўласиз», – дедилар. Бас, улар шундай қилишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйиб турдилар, мен сув бериб турдим. Мен билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошқа қолмади. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйдилар ва менга:
«Ич», – дедилар.
«Сиз ичмагунингизча мен ичмайман, Ё Расулаллоҳ,», – дедим.
«Қавмнинг соқийи охири ичади», – дедилар.
Бас, мен ичдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ичдилар. Одамлар сувга роҳатланиб келишди».
Муслим ривоят қилган.

216. Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ғазотга чиқдик. Бас, бизга очлик етди. Ҳатто баъзи уловимизни сўймоқчи ҳам бўлдик. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам амр қилдилар. Егуликларимизни жамладик. Ул зотга пўстакларни тўшадик. Қавмнинг егулиги пўстаклар устига жамланди. Унинг қанчалигини чамалаб кўрмоқчи бўлдим. Чамалаб кўрсам, оёқларини йиғиштириб ётган эчкича келарди. Биз эса, бир минг тўрт юзта эдик. Ҳаммамиз тўйгунимизча едик. Сўнг халталаримизни тўлғазиб олдик. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Тоҳарат суви борми?» – дедилар.
Бир киши озгина суви бор идишни келтирди. Бас, уни қадаҳга қуйди. Ундан бир минг тўрт юз киши қуйиб-қуйиб тоҳарат қилдик. Кейин саккиз киши келиб:
«Тоҳарат суви борми?» – дейишди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Тоҳарат суви тугади», – дедилар».    
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

217. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Абу Жаҳл:
«Муҳаммад сизнинг олдингизда юзини тупроққа теккизадими (сажда қиладими)?» – деди.
«Ҳа», – дейилди.
«Лот ва Уззо ила қасамки, агар ўшандай қилганини кўрсам, албатта, бўйнини оёғим билан босаман ёки юзини тупроққа ишқайман», – деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб, намоз ўқий бошладилар. Бўйинларига оёғи билан босади, деб ўйладилар. Аммо, бирдан, у ортига қараб қўли билан юзини тўсиб қоча бошлади. Бас, унга:
«Сенга нима бўлди?» – дейилди.
«Мен билан унинг орасида оловли хандақ бор. Анавилар, қанотлар бор», – деди.
Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Агар у менга яқинлашганда, уни фаришталар парча-парча қилиб олиб кетар эди», – дедилар.
Бас, Аллоҳ азза ва жалла – билмадим Абу Ҳурайранинг ҳадисидами ёки унга етган нарсадами – «Йўқ! Албатта, инсон туғёнга кетадир»ни «Йўқ! Унга итоат этма»гача нозил қилди ва у зотга амр қилган нарсасини амр қилди».
Муслим ривоят қилган.

218. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Абдуллоҳ ибн Саломга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мадийнага келганлари етди. Бас, у деди:
«Мен сендан уч нарса ҳақида сўрайман. Уларни Набийдан бошқа билмас. Қиёматнинг аввалги белгиси нима? Жаннат аҳли аввал ейдиган таом нима? Нимадан бола отасига ўхшайди? Нимадан бола тоғаларига ўхшайди?»
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳозиргина Жаброил менга уларнинг хабарини берди», – дедилар.
«Ўша, фаришталардан яҳудийларнинг душмани», – деди Абдуллоҳ.
Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аммо Қиёматнинг аввалги белгиси олов одамларни машриқдан мағрибга тўплаши. Жаннат аҳли ейдиган аввалги таом балиқ жигарининг учи. Боланинг отасига ўхшаши, эркак аёлга яқинлик қилганда унинг суви ўзиб кетса, бола унга ўхшаш бўлади. Қачон аёлнинг суви ўзиб кетса, унга ўхшаш бўлади», – дедилар.
«Албатта, сиз Аллоҳнинг Расулисиз, деб гувоҳлик бераман!» – деди. Кейин у:
«Ё Расулаллоҳ, яҳудийлар бўҳтончи қавм. Агар улардан сўрашингиздан олдин менинг исломим ҳақида билсалар, ҳузурингизда менга бўҳтон қилурлар», – деди.
Яҳудийлар келишди. Абдуллоҳ уйга кирди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Абдуллоҳ ибн Салом ичингизда қандай одам?» – дедилар.
«У энг илмлигимиздир! У энг илмлигимизнинг ўғлидир! У энг яхшимиздир. У энг яхшимизнинг ўғлидир!» – дейишди.
«Айтинглар-чи, агар Абдуллоҳ мусулмон бўлсачи?» – дедилар.
«Аллоҳ уни бундан сақласин!» – дейишди.
Абдуллоҳ уларнинг олдига чиқди ва:
«Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан Расулуллоҳ!» – деди.
Бас, улар: «Ёмонимиз! Ёмонимизнинг Ўғли!» дейишди ва унинг ҳақида ёмон сўзлар айтишди».
Бухорий ривоят қилган.

219. Убода ибн Валид ибн Убода ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Отам билан ансорий саҳобалар яшайдиган жойга, улар ўлмасларидан олдин,  илм олиш ниятида бордик.
Биринчи  учратган кишимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари Абул Ясар бўлди. Унинг ёнида ғуломи ҳам бор эди. Ғулом бир боғлам саҳифаларни кўтариб олган, Абул Ясарнинг эгнида бурда ва маъофирий, ғуломида ҳам бурда ва маъофирий бор эди. Бас, отам унга:
«Амаки, юзингизда ғазаб аломатини кўрмоқдаман?» – деди. 
«Тўғри! Фалон ибн Фалон Ҳаромийда молим бор эди. Унинг аҳлига бориб салом бердим ва сўнгра:
«Қани у?» – дедим.
«Йўқ», – дейишди.
Олдимга ўспирин ўғли чиқди ва мен унга:
«Отанг қани?» – дедим.
«Овозингизни эшитиб онамнинг пашшахонасига кириб олди», – деди.
«Олдимга чиқ! Қаердалигингни билдим!» – дедим.
У чиқди. Мен унга:
«Нима учун мендан беркиндинг?» – дедим.
«Мен, Аллоҳга қасамки, сенга гапираман ва ёлғон гапирмайман. Аллоҳга қасамки, гапирсам, сенга ёлғон гапириб қўймай деб, сенга ваъда берсам хилоф қилиб қўймай деб қўрқдим. Сен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобасисан. Аллоҳга қасамки, мен камбағалман», – деди.
«Аллоҳга қасамми?» – дедим.
«Аллоҳга қасам!» – деди.
«Аллоҳга қасамми?» – дедим.
«Аллоҳга қасам!» – деди.
«Аллоҳга қасамми?» – дедим.
«Аллоҳга қасам!» – деди.
Бас, саҳийфасини келтириб уни қўли билан ўчирди ва:
«Агар қозилик иши топсанг, мени қозига чақиртир. Бўлмаса, сен ҳалолдасан. Ушбу икки кўзимнинг кўрганини гувоҳ қиламан, деб икки кўзига икки панжасини қўйди. Ушбу икки қулоғим эшитди. Ушбу қалбим сингдирди, деб қалб томирига ишора қилди. Сўнгра: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ким камбағалга муҳлат берса ёки ундан ўтиб юборса, Аллоҳ уни Ўз соясига олади», деганлар», – деди.
Мен унга:
«Амаки, агар ғуломдаги бурдани олиб, унга Маъофирийингизни берсангиз ёки унинг маъофирийини олиб бурдангизни унга берсангиз, сизда ҳам, унда ҳам бир бош сарпо бўларди», – дедим.
Шунда у бошимни силаб туриб:
«Аллоҳим, буни баракалик қилгин! Эй биродаримнинг ўғли! Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Уларга ўзингиз еган таомдан едиринг, ўзингиз кийган нарсадан кийдиринг» деганларини мана шу икки кўзим кўрган, шу икки қулоғим эшитган, мана шу қалбим ўзига жо қилиб олган», дея қалб томирига ишора қилди. Бу дунёда унга кийим кийдиришим, таом едиришим мен учун унинг қиёматда савобимдан олишидан осонроқ», – деди».
Муслим ривоят қилган.
«Бурда» –елкадан ёпиниб юриладиган чизиқли тўрт бурчакли кийим.
«Маъофирий» – Ямандаги Маъофир қабиласига мансуб кийим.        

220. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Каъба бино қилинганда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Аббос тош таший бошладилар. Аббос Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Изорингни бўйнингга солиб ол. Тошдан сақлайди», – деди. Бас, у зот ерга йиқилдилар ва кўзлари осмонга қараб қолди. Сўнгра ҳушларига келиб: «Изорим! Изорим!» – дедилар ва изорларини ўзларига ўраб олдилар».
Бошқа ривоятда:
«Ҳушдан кетиб йиқилдилар. Кейин у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч яланғоч ҳолда кўринмадилар», дейилган.
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

221. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга гўшт келтирилди. Бас, у зотга қўл гўшти тутилди. У зот уни хуш кўрар эдилар. Ундан бир тишладилар-да:
«Мен қиёмат куни одамларнинг саййидиман.  Биласизларми, нима учун қиёмат куни Аллоҳ аввалгилару охиргиларни бир жойга жамлайди? Уларга чақирувчини эшиттиради, уларни кўз кўради, қуёш яқинлашади ва одамларга улар тоқат қила олмайдиган ҳамда кўтара олмайдиган ғам-ғуссалар етади. Бас, одамлар бир-бирларига «Одамга боринглар» – дейишади.
Шунда улар Одамнинг олдига бориб:
«Эй Одам! Сен башариятнинг отасисан. Аллоҳ сени Ўзи қўли билан яратган ва ичингга Ўзи руҳидан пуфлаган ҳамда фаришталарга амр қилганда, улар сенга сажда қилганлар. Роббинг ҳузурида бизга шафоатчилик қил. Бизнинг нима бўлаётганимизни кўрмаяпсанми? Бизга етган нарсани кўрмаяпсанми?» – дейишади.
«Шубҳасиз, Роббим бугун бир ғазабга келдики, ундан олдин ҳеч бунга ўхшаш ғазабга келмаган эди. Бундан кейин ҳам зинҳор бунга ўхшаш ғазабга келмайди. Албатта, У зот мени дарахтдан наҳй қилган эди. Бас, мен Унга осий бўлдим. Ўзимни биламан. Ўзимни биламан. Сизлар мендан бошқага боринглар. Сизлар Нуҳга боринглар», – дейди Одам уларга.
Улар Нуҳга бориб:
«Эй Нуҳ! Сен ерга юборилган биринчи Расулсан. Аллоҳ сени шокир банда деб номлаган. Роббинг ҳузурида бизга шафоатчилик қил. Бизнинг нима бўлаётганимизни кўрмаяпсанми? Бизга етган нарсани кўрмаяпсанми?» – дейишади.
«Шубҳасиз, Роббим бугун бир ғазабга келдики, ундан олдин ҳеч бунга ўхшаш ғазабга келмаган эди. Бундан кейин ҳам зинҳор бунга ўхшаш ғазабга келмайди. Албатта, менинг қавмимга қилган бир дуоибадим бор. Ўзимни биламан. Ўзимни биламан. Сизлар Иброҳим алайҳиссаломга боринглар», – дейди Нуҳ уларга.
Улар Иброҳимга бориб:
«Сен ер аҳли ичидан Аллоҳнинг Набийи ва халилисан. Роббинг ҳузурида бизга шафоатчилик қил. Бизнинг нима бўлаётганимизни кўрмаяпсанми? Бизга етган нарсани кўрмаяпсанми?» – дейишади.
«Шубҳасиз, Роббим бугун бир ғазабга келдики, ундан олдин ҳеч бунга ўхшаш ғазабга келмаган эди. Бундан кейин ҳам зинҳор бунга ўхшаш ғазабга келмайди. Кейин ёлғонларини зикр қилади ва «Ўзимни биламан. Ўзимни биламан. Сизлар мендан бошқага боринглар. Сизлар Мусо алайҳиссаломга боринглар», – дейди Иброҳим уларга.
Улар Мусо алайҳиссаломга бориб:
«Эй Мусо! Сен Аллоҳнинг Расулисан. Аллоҳ сени Ўз Набийилиги ва гаплашиши ила одамлардан фазийлатли қилди. Роббинг ҳузурида бизга шафоатчилик қил. Бизнинг нима бўлаётганимизни кўрмаяпсанми? Бизга етган нарсани кўрмаяпсанми?» – дейишади.
«Шубҳасиз, Роббим бугун бир ғазабга келдики, ундан олдин ҳеч бунга ўхшаш ғазабга келмаган эди. Бундан кейин ҳам зинҳор бунга ўхшаш ғазабга келмайди. Албатта, мен ўзимга қатл қилиш амр қилинмаган бир жонни қатл қилганман. Ўзимни биламан. Сизлар Ийсо алайҳиссаломга боринглар», – дейди.
Улар Ийсо алайҳиссаломга бориб:
«Эй Ийсо! Сен Аллоҳнинг Расулисан. Одамларга бешикда гапиргансан. Сен У зотнинг Марямга илқо қилган калимаси ва У зотдан бўлган руҳсан. Роббинг ҳузурида бизга шафоатчилик қил. Бизнинг нима бўлаётганимизни кўрмаяпсанми? Бизга етган нарсани кўрмаяпсанми?» – дейишади.
«Шубҳасиз, Роббим бугун бир ғазабга келдики, ундан олдин ҳеч бунга ўхшаш ғазабга келмаган эди. Бундан кейин ҳам зинҳор бунга ўхшаш ғазабга келмайди», – дейди. У ўз гуноҳини гапирмайди ва «Ўзимни биламан. Ўзимни биламан. Сизлар мендан бошқага боринглар. Сизлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга боринглар», – дейди.
Улар менинг ҳузуримга келиб:
«Эй, Муҳаммад! Сен Аллоҳнинг Расулисан. Анбиёларнинг хотамисан. Аллоҳ сенинг аввалги ва охирги гуноҳларингни мағфират қилган. Роббинг ҳузурида бизга шафоатчилик қил. Бизнинг нима бўлаётганимизни кўрмаяпсанми? Бизга етган нарсани кўрмаяпсанми?» – дейишади.
Шунда мен жўнаб Аршнинг остига етиб бораман. Роббимга сажда қилган ҳолимда йиқиламан. Сўнгра Аллоҳ менга фатҳ қилади ва Ўзининг ҳамдларини ва Унга айтиладиган гўзал саноларни илҳом қилади. Буни мендан олдин бировга фатҳ қилмаган бўлади. Кейин:
 «Эй, Муҳаммад! Гапир, гапингга қулоқ осилади. Сўра, бериласан. Шафоат қил, шафоатинг қабул бўлади», – дейди.
Шунда мен бошимни кўтараман ва:
«Эй, Роббим! Умматим! Умматим!» – дейман.
«Эй, Муҳаммад! Умматингдан зиммасида ҳисоб бўлмаганларини жаннат эшикларининг ўнг эшигидан кирит. Улар бунда бошқа эшикларда одамларга шерикдирлар», – дейилади.
Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зот ила қасамки, жаннат эшикларининг кесакилари ораси худди Макка ва Ҳажар ёки худди Макка ва Бусрочаликдир», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.
Ҳажар – Мадийна яқинидаги юртнинг номи.
Бусро – Шомдаги шаҳарнинг номи.


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио