Расулуллоҳ с.а.в

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларга муомалалари

133. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Ё Расулуллоҳ, ким яхши суҳбатимга ҳаққлироқ?» – деди.
«Онанг», – дедилар.
«Сўнгра ким?» – деди.
«Онанг», – дедилар.
«Сўнгра ким?» – деди.
«Онанг», – дедилар.
«Сўнгра ким?» – деди.
«Отанг», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

134. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мўъмин мўъминага ғазаб қилмасин, агар унинг бир хулқини ёқтирмаса, бошқасини ёқтирур», – дедилар».
Муслим ривоят қилган.

135. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Эй, иймон келтирганлар! Сизларга аёлларни зулм-ла меросга олиш ҳалол эмас» ояти ҳақида айтди:
«Эркак киши вафот этса, унинг қариндошлари хотинига ҳаққлироқ бўлар эди. Хоҳласа, биронтаси унга уйланар ёки бошқа бировга эрга берар ёки эрга беришмас эди. Улар унга унинг аҳлидан кўра ҳаққлироқ эдилар. Бу ҳақда ушбу оят нозил бўлди».
Бухорий ривоят қилган.

136. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи вассалам:
«Ким икки қизни балоғатга етгунча боқиб катта қилса, мен билан бирга», – дедилар ва бармоқларини бирлаштириб кўрсатдилар».
Муслим ривоят қилган.

137. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Яҳудийлар, уларнинг аёллари ҳайз кўрса, уйларида бирга овқатланмай ва бирга ётмай қўяр эдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу ҳақда сўрадилар. Бас, Аллоҳ «Сендан ҳайз ҳақида сўрарлар. Сен: «У кўнгилсиз нарсадир. Ҳайз чоғида аёллардан четда бўлинг» оятини туширди. Шундан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жинсий алоқадан бошқа ҳамма нарсани қилаверинг», – дедилар.
Бу яҳудийларга етди. Улар: «Бу одам бизнинг бирор ишимизни қўймай барига хилоф қилиш истайди», – дейишди. Усайд ибн Ҳузайр ва Аббод ибн Бишр келиб:
«Ё Расулуллоҳ! Яҳудийлар бундай, бундай дейишмоқда, биз у(аёл)ларга яқинлик қилаверайликми?» – дейишди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзлари ўзгариб кетди. Биз, у зот иккисидан ғазабландилар, деб ўйладик. Иккиси чиқиб кетишди. Уларнинг қаршисидан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга совға қилинган сут чиқди. Бас, у зот иккисининг изидан одам юбориб, уни аларга ичирдилар. Шунда иккиси ўзларидан у зотнинг ғазабланмаганларини билишди».
Муслим ривоят қилган.

138. Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан хаймалада ётган эдим. Ҳайз кўриб қолдим. Аста суғурилиб чиқиб, ҳайз кийимларимни олдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:
«Ҳайз кўрдингми?» – дедилар.
«Ҳа», – дедим.
Ул зот мени чақирдилар. Яна хаймалада бирга ётдим».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.
Хаймала – қўпол кийим.

139. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Мен ҳайзли ҳолимда суякни ғажиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга берар эдим. У киши менинг оғзим теккан жойга оғизларини қўяр эдилар. Шаробни ичиб, кейин у зотга берар эдим. У киши мен ичган жойга оғизларини қўйиб ичар эдилар».
Муслим ва Абу Довуд ривоят қилишган.

140. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Абу Бакр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кириш учун изн сўраб келганида, одамлар у зотнинг эшиклари олдида туришган эди. Улардан бирортасига изн берилмаган эди. Абу Бакр розияллоҳу анҳуга изн берилди. У ичкарига кирди.
Сўнгра Умар келди. Изн сўради. Унга ҳам изн берилди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг атрофларида хотинлари жим ўтирардилар.
Умар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни кулдириш учун бир гап қилай деб:
«Ё Расулаллоҳ, Хорижанинг қизини кўрганингизда эди! Нафақа сўраган эди, бўйнига боплаб туширдим!» – деди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кулдилар ва:
«Манавилар ҳам атрофимни ўраб олиб, нафақа сўрашмоқда», – дедилар.
Абу Бакр Оишанинг бўйнини эгиш учун ўрнидан турди. Умар Ҳафсанинг бўйнини эгиш учун ўрнидан турди. Икковлари ҳам:
«Расулуллоҳдан у кишининг ҳузурларида йўқ нарсани талаб қиласизларми?» – дейишди.
«Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан у зотнинг ҳузурларида йўқ нарсани ҳеч талаб қилмаймиз», – дейишди.
Сўнгра у зот улардан бир ой ёки йигирма тўққиз кун четда бўлдилар. Кейин қуйидаги оят нозил бўлди: «Эй Набий, жуфти ҳалолларингга айт...» ҳатто «Сизлардан яхшилик қилганларга улуғ ажр бордир»гача.
Ул зот Оишадан бошладилар: «Эй Оиша! Мен сенга бир ишни айтаман. Шошилмасдан, ота-онанг билан маслаҳат қилиб жавоб бергин», – дедилар.
Оиша:
«У қандай нарса, ё Расулаллоҳ?» – дедилар.
Ул зот унга оятни ўқиб бердилар.
«Сиз ҳақингизда ота-онам билан маслаҳат қиламанми?! Йўқ! Мен Аллоҳни, Унинг Расулини ва Охиратни ихтиёр қиламан. Сиздан илтимос, нимани айтганимни бошқа хотинларингизга айтмасангиз», – деди.
«Улардан қай бир аёл сўраса, албатта, хабарини бераман. Аллоҳ таоло мени қўпол қилиб эмас, муаллим ва енгиллатувчи қилиб юборган», – дедилар у зот.
Муслим ривоят қилган.

141. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг баъзи аёллари ҳузурида эдилар. Мўминларнинг оналаридан бирлари ўз ходимларидан бир идишга таом солиб юбордилар. Бас Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уйида турган (аёл) ходимнинг қўлига урди. Идиш тушиб иккига бўлинди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам идишнинг икки бўлагини бир-бирига қўшиб жамлаб, унга таомни йиға бошладилар ва: «Онангиз рашк қилди», – дедилар.
Сўнгра у зот хизматчини ҳам, идишни ҳам токи у зот уйида турганнинг ҳузуридан идиш келтирилгунча тутиб турдилар. Бас, бутун идишни идиши синганга ва синган идишни уни синдирганга бердилар».
Бухорий ривоят қилган.

142. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Умар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига киришга изн сўради. Ул зотнинг ҳузурларида қурайшлик аёллар бор эди. Улар у зот билан гаплашиб, гапни кўпайтириб, овозларини у зотнинг овозларидан баланд кўтараётган эдилар. Умар изн сўраганда шошиб туриб, ҳижобларига ёпишишди. Ул зот унга изн бердилар. У кирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кулаётган эдилар. Бас, Умар:
«Аллоҳ сизни кулдирсин, ё Расулаллоҳ», – деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Анави менинг ҳузуримда бўлганлардан ажабландим. Сенинг овозингни эшитишлари билан ҳижобларига ёпишишди», – дедилар. Умар:
«Уларнинг ҳайиқишига сиз ҳақлироқсиз, ё Расулаллоҳ», – деди ва сўзида давом этиб уларга:
«Эй, ўзига ўзи душманлар! Мендан ҳайиқасизлар-у, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳайиқмайсизларми?!» – деди. Улар:
«Сен қўрс ва қўполсан», – дедилар.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Етар, эй Ибн Хаттоб! Жоним қўлида бўлган Зот ила қасамки, шайтон сени бир йўлда кетаётганингда учратиб қолса, албатта, сенинг йўлингдан бошқа йўлга ўтиб олади», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

143. Усома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Мен хотинимдан азл қиламан», – деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
«Нима учун?» – дедилар.
«Боласига ёки болаларига шафқат қилганимдан», – деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Агар бу нарса зарар бўлса, Форс ва Румга зарар қилар эди», – дедилар».
Муслим ривоят қилган.

144. Умайма бинти Руқайқа розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига Исломга байъат қиладиган аёллар ичида келдим. Шунда биз у зотга:
«Ё Расулаллоҳ! Сизга Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмаслик, ўғрилик қилмаслик, зино қилмаслик, болаларимизни ўлдирмаслик, қўл ва оёқларимиз орасидан тўқилган бўҳтон келтирмаслик ва маъруф ишда сизга осий бўлмаслик ҳақида байъат қиламиз», – дедик.
Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қудратингиз етганича ва тоқат қилганингизча», – дедилар. Биз эса, у зотга:
«Аллоҳ ва Унинг Расули бизга ўзимиздан кўра раҳимлироқ. Келинг, ё Расулаллоҳ, сизга байъат қилайлик», – дедик.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, мен аёллар билан қўл олишмайман. Албатта, менинг юзига аёлга айтган гапим, битта аёлга айтган гапим кабидир», – дедилар».
Термизий, Ибн Можа, Насаий,  Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривоят қилишган.

145. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Кўринишда, ҳайъатда, ўзини тутишда, ўтиришда ва туришда Расулуллоҳга Фотима бинти Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламчалик ўхшаш одамни кўрмадим.
Агар у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирса, у зот ўринларидан туриб, ўпиб кутиб олар ва ўз ўринларига ўтқазар эдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг олдига кириб қолсалар, у туриб ул зотни ўпиб кутиб олар ва ўз ўрнига ўтқазар эди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бемор бўлганларида Фотима кирди ва у зотнинг устиларига энгашиб ўпди. Сўнг бошини кўтариб йиғлади. Кейин яна у зотнинг устиларига энгашди ва бошини кўтариб кулди. Мен ўзимча, агар у аёллардан бўлганида, албатта, бу аёлларимизнинг энг ақллиси деб гумон қилар эдим....» – дедим».
Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

146. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эрталаб чиқдилар. Устиларида қора жундан миртлари бор эди. Бас, Ҳасан ибн Али келди. Ул зот уни (мирт ичига) киритдилар. Сўнгра Ҳусайн келиб, у ҳам кирди. Кейин Фотима келувди, уни ҳам киритдилар. Сўнгра Али келувди, уни ҳам киритдилар ва:
«Албатта, Аллоҳ сизлардан кирни кетказишни ва сизларни яхшилаб поклашни ирода қиладир, эй аҳли байт», – дедилар».
Муслим ривоят қилишган.
«Мирт», одатда, тикилмаган мато бўлиб, кийим ўрнида ишлатилади. Кўпроқ миртни эркак кишилар кийимнинг устида тананинг белдан пастки қисмига тутиб оладилар.


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио