Расулуллоҳ с.а.в

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг болаларга муомалалари

116. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳасан ибн Алини ўпдилар. У зотнинг ҳузурларида Ақръа ибн Ҳобис Тамимий ўтирган эди. Бас, Ақръа:
«Менинг ўнта болам бор. Улардан бирортасини ҳам ўпганим йўқ», – деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга назар солдилар ва:
«Ким раҳим қилмаса, унга раҳим қилинмайди», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

117. Шаддод ибн Ҳод розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Шом ва Хуфтон намозларидан бирида олдимизга чиқдилар. У зот Ҳасан ёки Ҳусайнни кўтариб олган эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдинга ўтдилар ва уни ерга қўйдилар. Сўнг намозга такбир айтдилар. Намоздаги саждалардан бирида саждани чўзиб юбордилар. Мен бошимни кўтардим. Қарасам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сажда қилган ҳолларида бола эса, у зотнинг орқаларига чиқиб олибди. Саждамга қайтдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозни тугатганларида одамлар:
«Ё Расулаллоҳ! Сиз намоздаги саждалардан бирида саждани чўзиб юбордингиз, ҳаттоки, биз бирор иш бўлдими ёки сизга ваҳий қилиняптими, деб ўйладик», – дейишди.
«Уларнинг ҳеч бири бўлгани йўқ. Лекин ўғлим мени улов қилиб олди. То у ҳожатни қондиргунича шошилтиришни ёқтирмадим», – дедилар».
Насаий ва Ҳоким ривоят қилишган.
 
118. Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга хутба қилаётган эдилар. Бирдан Ҳасан ва Ҳусайн алайҳимассалом устларида қизил кўйлак ила қоқилиб-йиқилиб кела бошладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам минбардан тушиб, икковларини кўтариб олдилар, олдиларга қўйдилар ва:
«Аллоҳ тўғри айтадир: «Албатта, молларингиз ва болаларингиз фитнадир». Бу икки гўдакка назар солсам, қоқилиб-йиқилиб келишмоқда сабр қилолмай, гапимни бўлиб икковини кўтариб олдим», – дедилар».
Термизий, Ибн Хузайма ва Ибн Ҳиббон ривоят қилишган.

119. Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Шаҳбаа» хачирларини у зот, Ҳасан ва Ҳусайн миниб олган ҳолда етакладим. Уларни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳужраларига киритдим. Буниси олдиларида, униси ортларида эди».
Муслим ривоят қилган.

120. Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни ва Ҳасан ибн Алини олиб икки сонлари устига ўтқазар ва:
«Аллоҳим, иккисини яхши кўраман. Албатта, иккисини яхши кўраман», – дер эдилар».
Бухорий ривоят қилган.
Бошқа ривоятда:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени олиб сонларига ўтқазар эдилар ва Ҳасанни бошқа сонларига ўтқазар эдилар. Сўнг иккимизни қучоқлаб туриб:
«Аллоҳим, иккисига раҳим қиламан. Албатта, иккисига раҳим қиламан», – дер эдилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

121. Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қизлари Зайнаб ва куёвлари Абу Осснинг қизи Умомани қизини елкаларида кўтариб намоз ўқир эдилар. Бас, қачон турсалар, уни кўтарар ва сажда қилсалар, қўяр эдилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

122. Умму Холид бинти Холид ибн Саъийд ибн Осс розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига отам билан бирга бордим. Устимда сариқ кўйлак бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Санаҳ, санаҳ», – дедилар.
Абдуллоҳ: «Бу ҳабашчасига «яхши» дегани», – деди.
«Мен муҳри нубувватни ўйнай бошладим. Отам мени жеркиб ташлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Уни тек қўй!» – дедилар.
Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Кийиб чиритгин! Кийиб эскиртгин Кийиб чиритгин! Кийиб эскиртгин! Кийиб чиритгин! Кийиб эскиртгин!» – дедилар».
Бухорий ривоят қилган.

123. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида қўғирчоқ ўйнар эдим. Дугоналарим келар эдилар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан тортиниб қолар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни мен томон йўллаб қўяр эдилар. Сўнг улар мен билан ўйнашар эди».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.
Бошқа ривоятда:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Табук ёки Хайбар урушидан қайтиб келдилар. Унинг токчасида парда бор эди. Шамол турди ва парданинг бир тарафини кўтариб, Оишанинг ўйинчоқ қизларини очди. Шунда у зот:
«Бу нима, ё Оиша?» – дедилар.
«Қизларим», – дедим.
Уларнинг орасида қуроқдан қилинган икки қанотли отни кўрдилар ва:
«Уларнинг орасида кўраётганим мана бу нарса нима?» – дедилар.
«От» – дедим.
«Унинг устидаги мана бу нарса нима?» – дедилар.
«Иккита қанот», – деди.
«Отнинг иккита қаноти бўладими?» – дедилар.
«Сулаймоннинг қанотли отлари бўлгани ҳақида эшитмаганмисиз?» – деди.
Бас, у зот кулдилар ва ҳаттоки мен озиқ тишларини кўрдим».
Абу Довуд ривоят қилган.

124. Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳу айтадилар:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Пешин намозини ўқидим. Сўнгра у зот ўз аҳлларига чиқдилар. Мен ҳам бирга чиқдим. Ул зотни болачалар қаршилаб чиқдилар. Бас, у зот бирма-бир уларнинг юзларини силай бошладилар. Менинг ҳам юзимни силадилар. Қўлларида совуқликни ва атторнинг халтасидан чиқарган қўлида бўладиган хушбўйликни топдим».
Муслим ривоят қилган.

125. Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Мунзир ибн Абу Усайд туғилганида уни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб борилди. Бас, у зот уни сонларига қўйдилар. Абу Усайд ўша ерда ўтирган эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларидаги бир нарса билан машғул бўлиб қолдилар. Абу Усайд буюрган эди, ўғлини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сонларидан олиб кетишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам машғулотдан фориғ бўлиб:
«Бола қани?» – дедилар.
Абу Усайд:
«Ё Расулаллоҳ! Уни қайтариб юбордик», – деди.
«Исми нима?» – дедилар.
«Фалончи», – деди.
«Йўқ! Унинг исми Мунзир», – дедилар. Ўша куни уни Мунзир деб номлади».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

126. Умар ибн Абу Салама розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қарамоғларидаги бола эдим. Қўлим лаганда бориб-келар эди. Бас, у зот менга:
«Эй, ғулом! Аллоҳнинг исми ила, ўнг қўлинг ила, ўзингга яқиндан егин!» – дедилар. Шундан сўнг менинг емоғим худди ўшандоқ бўлиб қолди».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

127. Маърур ибн Сувайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Абу Заррни кўрсам, ўзи ҳам, қули ҳам бир хил либос кийиб олишибди.
Абу Заррдан бу ҳақда сўрадим. У, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бир одам билан сўкишиб қолгани ва уни онаси билан айблагани, у одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга шикоят қилгани, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
«Сен ичида жоҳилият бор одам экансан! Албатта, ходимларингиз биродарларингиздир. Аллоҳ уларни сизнинг қўл остингизга қўйибди. Қайси бир инсоннинг қўл остида биродари бўлса, унга ўзи еган нарсадан едирсин, ўзи кийган нарсадан кийдирсин. Уларга оғир келадиган ишни буюрманглар. Агар оғир ишга буюрсангиз, ўзингиз ёрдамлашинг», деганлари ҳақида гапириб берди».  
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

128. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ўн йил хизмат қилдим. Менга ҳеч ҳам «уф» демадилар. Бир ишни қилмаган бўлсам, «Нега қилмадинг?» демадилар. Бир ишни қилган бўлсам, «Нега қилдинг?» демадилар».
Муслим ривоят қилган.
Бошқа ривоятда:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадийнага келганларида хизматчилари йўқ эди. Абу Толҳа қўлимдан тутиб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб кирди ва:
«Ё Набийюллоҳ! Албатта, Анас ҳушёр ва оқил бола. Сизга хизмат қилсин», – деди.
Мен у зотга Мадийнага келганларидан бошлаб сафарда ҳам, ҳазарда ҳам то вафот қилгунларича хизмат қилдим. Бирор қилган нарсам учун менга «Нима учун уни бундай қилдинг?» демадилар. Шунингдек, қилмаган нарсам учун «Нима учун буни қилмадинг?» демадилар».
Бухорий ривоят қилган.
Бошқасида:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг яхши хулқлиси эдилар. Бир куни мени бир ҳожат учун юбордилар. Мен:
«Аллоҳга қасамки, бормайман», – дедим. Ичимда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амр қилган нарса учун бораман, дедим-да, чиқдим. Бозорда ўйнаётган болалар олдидан ўтаётиб туриб қолибман. Бир вақт, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам орқамдан бўйнимни тутиб турибдилар. Мен у зотга назар солдим. Ул зот:
«Эй, Унайс, мен амр қилган жойга бордингми?» – дедилар. Мен:
«Ҳа! Мен бораман, ё Расулаллоҳ», – дедим.
Аллоҳга қасамки, мен у зотга тўққиз йил хизмат қилдим. Бирор қилган нарсам учун менга «Нима учун уни бундай қилдинг?» деганларини ва қилмаган нарсам учун «Бундай қилсанг бўлмасмиди?» деганларини билмадим».
Муслим ривоят қилган.

129. Абу Масъуд Бадрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ғуломимни қамчи билан ураётган эдим. Ортимдан кимнингдир: «Билгин, эй Абу Масъуд!» деган овозини эшитдим. Ғазабдан овозни англамадим. Яқинлашганда қарасам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эканлар. Ул зот:
«Билгин, эй Абу Масъуд! Билгин, эй Абу Масъуд!» –  дер эдилар. Қамчини қўлимдан ташладим. Бас, у зот:
«Билгин, эй Абу Масъуд! Албатта, сенинг бу ғуломга бўлган қудратингдан Аллоҳ таоло сенга қудратлироқдир», – дедилар.
«Бундан кейин ҳеч қачон қулни урмайман», – дедим.
Бошқа ривоятда:
«Ё Расулаллоҳ! Аллоҳ розилиги учун уни озод қилдим», – дедим.
«Агар шундай қилмаганингда, сени дўзах тутар эди» ёки «сени дўзах ютар эди», – дедилар». 
Муслим ривоят қилган.

130. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бирингизнинг ходими таомини олдингизга олиб келса, унга бир-икки луқма ёки бир-икки ошам едириб қўйсин. Чунки, таомнинг хизматини қилган», – дедилар».
Муслим ривоят қилган.

131. Хайсама ибн Абдурроҳман ибн Абу Сабрадан ривоят қилинади:
«Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу билан ўтирган эдик. Унинг иш бошқарувчиси кириб келди. Бас, унга:
«Қулларнинг емишини бердингми?» – деди.
«Йўқ», – деди.
«Тез бориб, уларга бер. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Киши гуноҳкор бўлиши учун у емишига эга бўлган одамларга бермай туриши етарлидир», деганлар», – деди».
Муслим ривоят қилган.

132. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«Киши гуноҳкор бўлиши учун у емишига эга бўлганни зое қилиши етарлидир».
Абу Довуд ривоят қилган.


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио