Расулуллоҳ с.а.в

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларига муомалалари

147. Абу Журай Жобир ибн Сулаймдан ривоят қилинади:
«Одамлар гапини қабул қилаётган бир кишини кўрдим. У нима деса, одамлар қабул қилар эдилар.
«Бу ким?» – дедим.
«Бу – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам», – дейишди. Икки марта:
«Алайкассалому ё Расулаллоҳ!» – дедим.
«Алайкассалому дема! Алайкассалому ўликнинг сўрашиши. Ассалому алайка» дегин», – дедилар.
«Сен Аллоҳнинг Расулимисан?» – дедим.
«Сенга зарар етганда дуо қилсанг, сендан уни кетказадиган, қаҳатчилик йили бўлганда дуо қилсанг, сенга уни ўстирадиган йил қиладиган, яйдоқ чўлда ёки саҳрода уловингни йўқотиб қўйиб дуо қилсанг, сенга уни қайтарадиган Аллоҳнинг Расулиман», – дедилар.
«Менга насийҳат қилинг!» – дедим.
«Бировни сўкма», – дедилар.
Бас, ўшандан кейин ҳурни ҳам, қулни ҳам, туяни ҳам, қўйни ҳам сўкмадим.
«Яхшиликдан бирор нарсани арзимас санама. Биродарингга очиқ юз билан гапиришинг яхшиликдандир. Иштонни болдирнинг ярмигача кўтар. Жуда бўлмаса, тўпиқларгача. Иштонни судраб юрма. Чунки бу такаббурликдандир. Албатта, Аллоҳ такаббурликни хуш кўрмас. Агар бир киши сени сўкса ёки сенда ўзи биладиган айб ила сени айблайдиган бўлса, сен уни ўзинг унда борлигини биладиганинг айб ила айблама. Албатта, ўшанинг ёмонлиги унинг ўзига бўлади», – дедилар».
Абу Довуд ва Ибн Ҳиббон ривоят қилишган.

148. Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир аёл Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга тўқилган бурда олиб келди. Унинг ҳошияси бор эди. Бурда нималигини биласизларми? «Шамла», – дейишди. «Ҳа», – деди. Ҳалиги аёл:
«Ўз қўлим билан тўқидим. Сизга кийгазгани олиб келдим», – деди.
Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни муҳтож ҳолда олдилар. Сўнг олдимизга чиқдилар. Уни ўзларига изор қилиб олган эдилар. Фалончи уни яхши кўриб қолди ва:
«Қандай ҳам чиройли экан! Менга кийгазинг», – деди.
«Яхши қилмадинг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни муҳтож бўлиб кийган эдилар. Сен у зотнинг рад қилмасликларини билиб туриб сўрадинг», – деди қавм.
«Аллоҳга қасамки, мен уни кийиш учун сўраганим йўқ. Мен уни кафаним бўлиши учун сўрадим», – деди.
Саҳл айтди: «Ва кафани бўлди ҳам».
Бухорий ривоят қилган.
«Бурда» қўл билан ҳошияси алоҳида бошқача қилиб тўқиладиган, чойшабга ўхшаш нарса. Уни тананинг юқори қисмига ўралса, ридо бўлади, пастки қисмига ўралса, изор бўлади.

149. Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ансорийлардан бир қанча одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан (мол) сўрадилар. Бас, у зот уларга бердилар. Сўнгра яна сўрадилар, яна бердилар. Сўнгра яна сўрадилар, яна бердилар. Ҳатто, ҳузурларидаги нарса қолмади. Шунда у зот:
«Ҳузуримда нима яхшилик бўлса, сизларга бермай олиб қолмасман. Ким иффат талаб бўлса, Аллоҳ уни иффатли қилур. Ким беҳожатлик талаб қилса, Аллоҳ уни беҳожат қилур. Ким сабр талаб қилса, Аллоҳ уни сабрли қилур. Ҳеч кимга сабрдан кўра яхшироқ ва кенгроқ ато берилмаган», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

150. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Ҳалок бўлдим, ё Расулаллоҳ!» – деди.
«Сени нима ҳалок қилди?» – дедилар.
«Рўзадор ҳолимда хотинимнинг устига чиқдим», – деди.
«Қул озод қилишга нарса топа оласанми?» – дедилар.
«Йўқ», – деди.
«Икки ой кетма-кет рўза тута оласанми?» – дедилар.
«Йўқ», – деди.
«Олтмиш мискинга таом беришга нарса топа оласанми?» – дедилар.
«Йўқ», – деди.
Сўнгра Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кутиб турдилар. Биз шу ҳолда турганимизда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бир занбил хурмо келтирилди. Ул зот:
«Сўровчи қани?» – дедилар.
«Менман», – деди.
«Мана буни садақа қилиб юбор», – дедилар.
«Ё Расулаллоҳ, биздан кўра фақийрроққами? Аллоҳга қасамки, у(Мадийна)нинг икки четининг орасида биздан кўра муҳтожроқ аҳли байт йўқ», – деди.
Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кулдилар, ҳатто тишларининг оқи кўриниб кетди. Сўнгра:
«Уни аҳлингга таом қилиб бер», – дедилар». 
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

151. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан масжидда ўтирган эдик. Бир аъробий кириб келди. У масжидга сия бошлади. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари: «Ҳай! Ҳай!» – дейишди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга:
«Уни безовта қилманглар, ўз ҳолига қўйинглар», – дедилар.
Уни сийиб бўлгунича тарк қилдилар. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни чақириб:
«Албатта, масжидларда манави сийдик ва ифлос нарсалар дуруст эмас. Улар фақат Аллоҳ азза ва жалланинг зикри, намоз ва Қуръон қироати учун», – дедилар.
Бас, у зот бир кишига амр қилдилар. У бир пақир сув олиб келиб, у(сийдик)нинг устидан қуйди».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

152. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида Абдуллоҳ деб номланган бир киши бор эди. Унинг лақаби эшак эди. У, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни кулдириб юрар эди. Ул зот уни шароб ичганида дарралаган эдилар. Бир куни уни яна олиб келишди. Ул зот амр қилдилар. Унга яна дарра урилди. Сўнг одамлардан баъзиси:
«Аллоҳим! Уни лаънатлагин! Уни кўп марта келтирилди-я!» – деди.
Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Уни лаънатламанглар! Аллоҳга қасамки, мен уни фақат Аллоҳга ва Унинг Расулига муҳаббат қиладиган деб биламан», – дедилар».
Бухорий ривоят қилди.

153. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига ичиб олган бир кишини келтирилди. Бас, у зот:
«Уни уринглар !» – дедилар.
Биздан кимдир қўли билан, кимдир кавши билан, яна кимдир кийими билан урди. У қайтиб кетган пайтда, баъзи одамлар:
«Аллоҳ сени шарманда қилсин!» – деди.
У зот алайҳиссолату вассалом:
«Ундоқ деманглар! Унинг зиддига шайтонга ёрдам берманглар! Аммо «Аллоҳ сенга раҳим қилсин» денглар», – дедилар».
Бухорий ва Аҳмад ривоят қилишган.

154. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадийнадаги уйлардан Умму Сулаймникидан бошқасига эркаклари бўлмаса кирмас эдилар. Ул зотга бу ҳақда айтилганда: «Мен унга раҳим қиламан. Акаси мен билан юриб қатл бўлган», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

155. Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир гуруҳ ашъарийлар билан келдим. Биз у зотдан улов беришларини сўрадик. Бас, у зот:
«Аллоҳга қасамки, сизга улов бермайман. Менда сизга берадиган улов йўқ», – дедилар.
Кейин Аллоҳ хоҳлаганича кутдик. Сўнгра у зотга туялар келтирилди. Бизга ўркачли учта оқ туя беришга амр қилдилар. Жўнаб кетаётиб бир-биримизга: «Аллоҳ бизга барака бермасин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига улов беришларини сўраб келдик. Ул зот  бизга улов бермасликка қасам ичдилар. Сўнгра бизга улов бердилар», – дедик. Бас, у зотнинг ҳузурларига бориб, хабар бердилар. Сўнг у зот:
«Мен сизларга улов берганим йўқ. Аллоҳ сизларга улов берди. Мен, Аллоҳга қасамки, иншоаллоҳ, бир нарсага қасам ичмайман, мабодо, ичсам ҳам, ундан яхшисини кўриб қолсам, қасамимнинг каффоратини бераман ва ўша яхши ишни қилман», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

156. Абу Масъуд Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ансорийлардан Абу Шуъайб деган одам бор эди. Унинг гўшт сотадиган ғуломи бор эди. Бас, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрди ва юзларидан очликни билди.
У ғуломига:
«Шўринг қурғур, бизга беш кишилик таом тайёрла, мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни беш киши ичида чақирмоқчиман», – деди.
Бас, у тайёрлади. Сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бориб беш кишини чақирди. Уларга бир киши эргашиб келди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эшик олдига етганларида:
«Мана бу, бизга эргашиб келди. Истасанг, изн бер. Истасанг, қайтиб кетади», – дедилар».
«Аммо мен изн бераман, ё Расулаллоҳ», – деди.
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

157. Абдурроҳман ибн Абу Лайлодан ривоят қилинади:
«Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари бизга айтиб беришди. Улар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан юрганларида бир киши ухлаб қолибди. Баъзилари унинг арқонини олиб қўйибди. У чўчиб кетибди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мусулмон мусулмонни чўчитиш ҳалол эмас», – дебдилар».
Абу Довуд ривоят қилган.

158. Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уникига тушдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам паст қаватга тушдилар. Абу Айюб тепада эди. Бир кеча Абу Айюб эслаб қолди. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошлари устида юрибмиз», – деди. Улар бир тарафга ўтиб, четда тунашди. Сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга айтди. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Паст осонроқ», – дедилар.
«Сиз остида бўлган шифтнинг устига чиқмайман», – деди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам юқорига кўчдилар. Абу Айюб пастга тушди.
У, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга таом тайёрлар эди. Унинг олдига ўша таом келтирилса, у зотнинг бармоқлари ўрнини сўрар ва у зотнинг бармоқлари изини излар эди. Бир куни саримсоқли таом тайёрлади. Унинг ҳузурига (таом) қайтариб келтирилганида у зотнинг бармоқлари ўрнини сўради. Унга «емадилар» дейилди. У чўчиб кетди ва у зотнинг ҳузурларига кўтарилди ва:
«У ҳаромми?» – деди.
Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Йўқ. Лекин мен уни ёқтирмайман», – дедилар.
«Албатта, мен ҳам сиз ёқтирмаган нарсани ёқтирмайман ёки ёқтирмадим», – деди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий келиб турарди».
Муслим ривоят қилган.

159. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга юриб кетаётган эдим. Ул зотнинг устларида ҳошияси йўғон нажроний бурд бор эди. Бир аъробий у зотнинг йўлларини тўсиб, ридоларидан ушлаб, қаттиқ силтади. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бўйинларининг орт томонида кийимнинг изи чиқиб қолди. Сўнгра у:
«Ё Муҳаммад! Менга ҳам сенинг ҳузурингдаги Аллоҳнинг молидан берилишига амр қил!» – деди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бурилиб, унга қарадилар, кулдилар ва унга ато беришга амр қилдилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

160. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Зоҳир исмли саҳролик киши бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саҳродан ҳадя келтирар эди. У қайтишни ирода қилганда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам керакли нарсаларни берар эдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Зоҳир бизнинг саҳроимиз. Биз унинг ҳозиримиз», – дедилар.
Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам уни яхши кўрар эдилар. У кўримсиз одам эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни унинг олдига бордилар. У ўз матоҳларини сотаётган эди. Ул зот уни орқасидан қучоқлаб олдилар. У эса, у зотни кўра олмас эди. У: «Ким бу? Қўйиб юбор мени», – деди ва ўгирилиб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни таниди. Ул зотни таниганидан кейин елкаси Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўкракларига ёпишганидан қувониб кетди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бу бандани мендан ким сотиб олади?» – дедилар.
«Ё Расулаллоҳ» ундай бўлса, Аллоҳга қасамки, менинг касодга учраганимни кўрасиз», – деди.
Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аммо Аллоҳнинг ҳузурида касодга учрамагансан» ёки «Сен Аллоҳнинг ҳузурида қимматлисан», – дедилар».
Аҳмад, Термизий ва Ибн Можа ривоят қилишган.

161. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир аёл келди ва:
«Ё Расулуллоҳ, менинг сизда ҳожатим бор», – деди. Бас, у зот унга:
«Ё Умму Фалон, кўчаларнинг қаерини истасанг, ўша ерга бориб ўтир. Мен сен билан ўтирай», – дедилар.
Бас, у ўтирди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у билан ўтирдилар ва у ҳожатини айтди».
Абу Довуд ривоят қилган.

162. Муъовия ибн Ҳакам Силмий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан намоз ўқиётган эдим. Қавмдан бир киши акса уриб қолди. «Ярҳамукаллоҳ» – Аллоҳ сени раҳим қилсин», – дедим. Қавм менга ўқрайиб қаради. «Онам оқимни кийсин, нега менга бундай қараяпсизлар?» – дедим. Улар қўлларини сонларига ура бошладилар. Улар мени жим туришга ишора қилганлари учун сукут сақладим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозни ўқиб бўлдилар. Ота-онам у зотга фидо бўлсин. Ул зотдан олдин ҳам, кейин ҳам у кишига ўхшаш муаллимни ва яхшироқ таълимни кўрмадим. Мени жеркимадилар, урмадилар, сўкмадилар. Ул зот менга:
«Албатта, бу намозда одамларнинг каломидан ҳеч нарса мумкин эмас. У фақат тасбиҳ, такбир ва Қуръон қироатидан иборатдир», – дедилар. Ёки шунга ўхшаш гапни айтдилар.
«Ё Расулаллоҳ, мен жоҳилиятга яқин одамман. Аллоҳ Исломни келтирди. Биздан коҳинларга борадиган одамлар ҳам бор», – дедим.
«Сен унга борма!» – дедилар.
«Бизда шумланадиганлар бор», – дедим.
«У кўксиларида топадиган нарсадир. У сизларни тўсмасин», – дедилар.
«Биздан хат чизадиганлар бор», – дедим.
«Анбиёлардан бир Набий хат чизар эди. Кимнинг чизиши унинг чизишига тўғри келса, бўлади», – дедилар.
Менинг бир жориям бор эди. У Уҳуд ва Жавония тарафда қўй боқар эди. Бир куни қарасам, унинг қўрасидан бир қўйни олибди. Мен ҳам одам боласиман. Улар афсусланганлари каби афсусланаман. Бас, унга шапалоқ тортиб юбордим. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бордим. Ул зот буни катта гуноҳ санадилар.
«Ё Расулаллоҳ, уни озод қилайми?» – дедим.
«Уни ҳузуримга келтир», – дедилар.
Ул зотнинг ҳузурларига уни олиб келдим. Бас, уУ зот унга:
«Аллоҳ қаерда?» – дедилар.
«Осмонда», – деди.
«Мен кимман?» – дедилар.
«Сен Аллоҳнинг Расулисан», – деди.
«Уни озод қил. У мўъминадир», – дедилар».
Муслим ривоят қилган. 

163. Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Али ибн Абу Толиб Ямандан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга тупроғидан тозаланмаган ёмби тиллони қарз(ўсимлиги) ила ошланган терига солиб юборди. Бас, у зот уни тўрт киши: Уяйна ибн Бадр, Ақраъ ибн Ҳобис, Зайд ал-Хойл ва тўртинчи Алқама ёки Омир ибн Туфайл орасида тақсимладилар. Шунда у зотнинг саҳобаларидан бир киши «Улардан кўра бунга биз ҳаққли эдик», – деди.
Бас, бу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга етди ва:
«Менга ишонмайсизларми?! Ҳолбуки, мен осмондаги Зотнинг ишончлисиман. Менга эртаю кеч осмоннинг хабари келиб туради», – дедилар.
Шунда кўзлари ичига кирган, икки яноғи бўртиб чиққан, дўнгпешона, серсоқол, тақирбош ва иштонини шимариб олган бир киши ўрнидан туриб:
«Ё Расулаллоҳ. Аллоҳдан қўрқинг!» – деди.
«Шўринг қурсин! Мен ер аҳлининг Аллоҳдан қўрқишга энг ҳаққлиси эмасманми?!» – дедилар.
Сўнгра ҳалиги киши ортига қайтиб кетди. Шунда Холид ибн Валид:
«Ё Расулаллоҳ. Унинг бўйнига зарба берайми?» – деди.
«Йўқ. Эҳтимол, у намоз ўқир», – дедилар.
«Қанчадан-қанча намозхон тили билан дилида йўқ нарсани айтади», – деди Холид.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, мен одамларнинг қалбини тешиб кўришга ҳам, қоринларини ёриб кўришга ҳам амр қилинмаганман», – дедилар.
Сўнгра у зот кетиб бораётган ҳалиги кишининг ортидан назар солиб туриб:
«Мана шунинг жинсидан  бўлган бир қавмлар чиқади. Улар Аллоҳнинг китобини кўп тиловат қиладилар. Аммо у уларнинг бўғизларидан нарига ўтмайди. Улар дийндан худди ўқ камондан чиққандек чиқадилар. Агар уларни топсам, албатта, Самуд қавмидек қатл қилардим», – дедилар».
   Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

164. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ҳунайн куни бўлганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тақсимлашда баъзи одамларни устин қўйдилар. Ул зот Ақраъ ибн Ҳобисга юзта туя бердилар. Уяйнага ҳам шунча бердилар. Арабларнинг ашрофларидан баъзиларига ҳам бердилар ва уларни ўша куни тақсимлашда устин қўйдилар. Шунда бир киши:
«Аллоҳга қасамки, бу тақсимлашда адолат қилинмади. Бунда Аллоҳнинг розилиги ирода қилинмади», – деди.
Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ Мусони раҳмат қилсин! У бундан ҳам кўпроқ озор еб сабр қилган эди», – дедилар».
Бухорий ривоят қилган.

165. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Абу Толҳанинг Умму Сулаймдан бўлган ўғли ўлди. У аҳлига: «Абу Толҳага ўғли ҳақида мен унга гапирмагунимча сизлар гапирманглар», – деди. У келганда кечки таомни тақдим қилди. У еб ичди. Сўнг аёл унга авваллари ясанганидан кўра яхшироқ ясаниб кўринди. Бас, унга яқин бўлди. Унинг тўйгани ва ундан ҳузурланганини кўриб:
«Эй, Абу Толҳа, бир қавм бошқасидан вақтинчаликкка бир нарсани олиб турса, у уларда Аллоҳ хоҳлаганича қолса-да, кейин эгалари қайтариб олса, вақтинчалик олиб турганлар хафа бўлиши керакми?» – деди Умму Сулайм .
«Йўқ», – деди Абу Толҳа.
«Ўғлинг дунёни тарк этди», – деди.
Унинг аччиғи чиқди ва «Мени ифлослантириб бўлиб кейин ўғлимнинг хабарини берасанми», – деди.
Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, хабарни етказди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ ўткан кечангизда иккингизга барака берган бўлсин», – дедилар.
Бас, аёл ҳомиладор бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарда эдилар. У (аёл) ҳам у зот билан бирга эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарда Мадийнага келсалар, кечаси кирмас эдилар. Бас, улар Мадийнага яқинлашдилар. Аёлни тўлғоқ тутди. Абу Толҳа унга қараб ушланиб қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юриб кетдилар.
Абу Толҳа: «Роббим, Ўзинг биласан, Расулинг чиқсалар, бирга чиққим келади, кирсалар, бирга киргим келади. Ўзинг кўриб турган нарса ила ушланиб қолдим», – дерди.
Умму Сулайм: «Ё Абу Толҳа, сезаётган нарсани сезмай қолдим, юравер», – деди. Бас, юриб кетдик.
Иккилари етиб келганларида яна тўлғоқ тутди ва ўғил туғди. Шунда онам менга:
«Ё Анас! Эрталаб уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб бормагунингча биров эмизмайди», – деди.
Эрталаб уни кўтариб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб бордим. Ул зот мийсамни ушлаб турган эканлар. Мени кўришлари билан:
«Эҳтимол, Умму Сулайм туққандир?» – дедилар.
«Ҳа», – дедим.
Ул зот мийсамни қўйдилар. Мен  болани у зотнинг қучоқларига қўйдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадийнанинг «Ажва» хурмосидан келтиришни сўрадилар. Уни оғизларига солиб, майдалаб чайнадилар. Сўнгра боланинг оғзига солдилар. Бола тамшана бошлади.
Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ансорийларнинг хурмони яхши кўришига назар солинглар!» – дедилар. Сўнгра унинг юзини силадилар ва Абдуллоҳ деб номладилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.
«Мийсам» – ҳайвонга тамға босадиган темир асбоб.


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио