Расулуллоҳ с.а.в

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одамлар, ҳайвонлар ва бошқаларга раҳматлари

91. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ё Расулаллоҳ! Мушрикларнинг зиддига дуо қилинг», – дедим.
«Албатта, мен лаънатловчи этиб юборилганим йўқ. Албатта, мен раҳмат этиб юборилганман», – дедилар».
Муслим ривоят қилган.

92. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Раҳимлиларга Роҳман раҳим қилади. Ердагиларга раҳм қилинг. Сизга осмондаги Зот раҳим қилади», – дедилар».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

93. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Абул Қосим соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Раҳимдиллик фақатгина бадбахтдан суғуриб олинади», деганларини эшитдим».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.

94. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Аллоҳ раҳматни юз қисмга бўлди. Ўз ҳузурида тўқсон тўққиз қисмини тутиб қолди. Ерга бир қисмини нозил қилди. Ўша қисмдан махлуқотлар бир-бирларига раҳим қиладилар. Ҳаттоки от ўз боласига мусийбат етказмаслик учун туёғини ундан кўтаради», деганларини эшитдим».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

95. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга асирлар келди. Асирлар ичида бир аёлнинг сийнаси сутга тўлган эди. Қачон асирлар ичида бир гўдакни кўрса, қорнига босиб, эмиза бошлар эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга:
«Ушбу аёл боласини ўтга ташлайди деб ўйлайсизми?» – дедилар.
«Йўқ. У уни ташламасликка қодир», – дедик.
«Бу аёл боласига раҳимли бўлганидан кўра, Аллоҳ бандаларига раҳимлироқдир», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

96. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бир одам йўлда кетаётиб қаттиқ чанқади. Бир қудуқни топиб, унга тушиб сув ичди. Кейин қайтиб чиқиб, чанқоқлигидан тупроқни ялаётган итни кўрди. Ҳалиги одам «Бу ит ҳам менга ўхшаб чанқабди», – деди. Қудуққа тушиб, маҳсисини сувга тўлдирди ва оғзига тишлаб қайтиб чиқди. Итга сув берди. Аллоҳ таоло уни тақдирлаб мағфират қилди», – дедилар.
«Ё Расулаллоҳ! Бизга ҳайвонларда ҳам ажр борми?» – дейишди.
«Ҳа! Ҳар бир ҳўл жигари борда ажр бор», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.
 
97. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидагиларни айтганларини эшитдим:
«Бир чумоли Набийларидан бир Набийни чақди. Бас, у амр қилиб, чумолининг уяси куйдирилди. Шунда Аллоҳ унга ваҳий юбориб:
«Бир чумоли сени чаққани учун, тасбиҳ айтиб турган умматлардан бир умматни куйдирдингми?!», деган», – дедилар.
Бухорий ривоят қилган.
Бошқа ривоятда:
«Набийларидан бир Набий дарахт остига жойлашди. Чумоли уни чақди. Амр қилиб юкини унинг остидан бошқа тарафга олдирди. Сўнгра унинг уяси ҳақида амр қилди. Бас, у олов ила куйдирилди. Бас, Аллоҳ унга: «Битта чумолини дебми?!» дея ваҳий қилди».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

98. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эй Оиша, албатта, Аллоҳ мулойимдир. У зот мулойимликни яхши кўрадир ва мулойимлик учун қўполликка ҳамда ундан бошқага бермаган нарсани берадир», – дедилар».
Муслим ривоят қилган.

99. Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидагиларни айтганларини эшитдим:
«Ким мулойимликдан маҳрум бўлса, яхшиликдан маҳрум бўлади».
Муслим ривоят қилган.

100. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«Жонли нарсани мўлжал қилманглар».
Муслим ривоят қилган.

101. Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Хушхабарлар беринглар, нафрат қилдирманглар, осонлаштиринглар қийинлаштирманглар», – дедилар».
Муслим ривоят қилган.

102. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Кимни ризқининг кенгайтирилиши ва ажалининг ортга сурилиши масрур қилса, қариндошларига силаи раҳм қилсин», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.
Бошқа ривоятда:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Насабларингиздан силаи раҳм қиладиган нарсангизни таълим олинг. Чунки силаи раҳм аҳлнинг муҳаббатидир, молу мулкнинг кўплигидир ва умрнинг зиёдалигидир», – дедилар».
Термизий ва Ҳоким ривоят қилгишан.

103. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг атрофларида бир неча киши ўтирган эдик. Биз билан Абу Бакр ва Умар ҳам бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам орамиздан туриб кетдилар. Ҳаяллаб қолдилар. Биздан ажраганларида бир нарса бўлдими, деб қўрқдик. Ташвишланиб ўрнимиздан турдик. Биринчи ташвишланган мен бўлдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ахтариб чиқдим. Ансорийлардан Бани Нажжорнинг бирининг боғига келдим. Унинг эшигини топармиканман деб айланиб чиқдим. Топа олмадим. Қарасам, Хорижа қудуғидан чиқиб боғ ичига кириб кетадиган ариқ бор экан. Бас, худди тулки қимтингандек, қимтиниб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига кирдим.
«Абу Ҳурайра?» – дедилар.
«Ҳа, ё Расулаллоҳ!» – дедим.
«Сенга нима бўлди?» – дедилар.
«Ичимизда эдингиз. Турдингиз. Кеч қолдингиз. Биздан йироқда бир нарса бўлдими деб қўрқдик. Ташвишландик. Биринчи ташвишланган мен бўлдим. Бас, ушбу боғга келдим. Худди тулки қимтингандек, қимтиниб кирдим. Анави одамлар ортимда», – дедим.
«Абу Ҳурайра!» – дедилар ва менга кавушларини бера туриб:
«Ушбу икки кавушимни олиб бор. Бу боғнинг ортида қалбидан ишонч ила «лаа илаҳа иллаллоҳ» деб шаҳодат берадиган кимни кўрсанг, унга жаннатнинг башоратини бер», – дедилар.
Биринчи учратган кимсам Умар бўлди. Бас, у:
«Ҳой, Абу Ҳурайра! Бу икки кавуш нима?» – деди.
«Бу иккиси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кавушлари. Ул зот иккиси билан мени «қалбидан ишонч ила «лаа илаҳа иллаллоҳ» деб шаҳодат берадиган кимни кўрсанг, унга жаннатнинг башоратини бер» деб юбордилар», – дедим.
У қўли билан кўксимга урган эди, думбам билан ерга ўтириб қолдим. Бас, у:
«Ортингга қайт! Ё Абу Ҳурайра!» – деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига қайтиб бориб, хўнграб йиғлаб юбордим. Ортимдан Умар етиб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:
«Сенга нима бўлди, ё Абу Ҳурайра?» – дедилар.
«Умарни учратдим. Унга мени юборган нарсангизнинг хабарини бердим. У кўксимга бир урган эди, думбам билан ерга ўтириб қолдим. У «қайт!» – деди», – дедим.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
«Ё Умар! Бу нима қилганинг?» – дедилар.
«Ё Расулаллоҳ! Сизга отам ва онам фидо бўлсин. Абу Ҳурайрани икки кавушингиз ила «қалбидан ишонч ила «лаа илаҳа иллаллоҳ» деб шаҳодат берадиган кимни кўрсанг, унга жаннатнинг башоратини бер» деб юбордингизми?» – деди.
«Ҳа!» – дедилар.
«Ундай қилманг. Мен одамлар унга суяниб қолишларидан қўрқаман», – деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бас, уларни тек қўй», – дедилар».
Муслим ривоят қилган.

104. Усома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари у зотга, тезроқ келинг, ўғлим қабзи руҳ бўлмоқда, деб одам юборди. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам салом айтиб:
«Албатта, олгани ҳам Аллоҳникидир, бергани ҳам Уникидир. Унинг наздида ҳар бир нарсанинг ажали белгилангандир. Сабр қилсин ва талаби савобда бўлсин», деб одам юбордилар. У(қиз) қасам ичиб, албатта, келсинлар, деб одам юборди. Бас, у зот турдилар. Ул зот билан бирга Саъд ибн Убода, Муоз ибн Жабал, Убай ибн Каъб, Зайд ибн Собит ва бир қанча кишилар ҳам турдилар. Болани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўтариб олиб келинганда унинг жони мешга ўхшаб пўкиллаб қолган эди. Бас, у зотнинг икки кўзларидан ёш оқди. Шунда Саъд:
«Ё, Расулаллоҳ, бу нима?» – деди.
«Бу, Аллоҳ бандаларининг қалбига солган раҳматидур. Аллоҳ фақат раҳимлик бандаларигагина раҳим қиладир», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

105. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида қуёш тутилди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқидилар. Қиёмда узоқ турдилар. Сўнг рукуъ қилиб, рукуъда узоқ турдилар. Кейин тикланиб, узоқ турдилар.
Шўъба айтади: менимча, саждада ҳам шунга ўхшаш. Ва саждаларида йиғлай ва пуфлай бошладилар ва:
«Роббим, мен Сенга истиғфор айтиб турсам ҳам нима учун буни ваъда қилмоқдасан? Мен уларнинг ичида турсам ҳам нима учун буни ваъда қилмоқдасан?» – дедилар.
Намозни тугатганларидан сўнг:
«Менга жаннат кўрсатилди. Ҳаттоки қўлимни ўзатсам мевасидан узиб олардим. Менга дўзах кўрсатилди. Унинг олови сизларни ўраб олмасин деб пуфлай бошладим», – дедилар».
Абу Довуд, Насаий ва Ибн Хузайма ривоят қилишган.

106. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кичикина қизчалари жон таслим қилаётган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни бағирларига босдилар. Сўнг унинг устига қўлларини қўйдилар. Бас, қизча Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўлларида жон таслим қилди. Умму Айман йиғлади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
«Ё Умму Айман! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдингда турса ҳам йиғлайсанми?» – дедилар.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йиғлаганларида мен нимага йиғламас эканман!» – деди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мен йиғлаётганим йўқ. Аммо бу раҳматдир», – дедилар.
Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мўмин барча ҳолатда ҳам яхшиликдадир. Унинг жони танасидан суғурилаётганда ҳам Аллоҳ азза ва жаллага ҳамд айтади», – дедилар».
 Насаий ривоят қилган.

107. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам маййит ҳолда ётган Усмон ибн Мазъунни ўпдилар. Ул зот йиғлар эдилар ёки икки кўзлари ёш тўкар эди».
Термизий ва Ҳоким ривоят қилишган.

108. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бир аёл мушукни боғлаб қўйиб, унга овқат ҳам бермагани ва ердаги жонзотлардан ейиши учун қўйиб ҳам юбормагани учун дўзахга кирди», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

109. Саъийд ибн Жубайрдан ривоят қилинади:
«Ибн Умар розияллоҳу анҳу қушни нишон қилиб олиб,  ўқ отиб ўйнаётган бир гуруҳ қурайшлик ёшлар олдидан ўтди. Улар тегмаган ўқ қуш эгасиники бўлишига шартлашган эдилар. Ибн Умарни кўришлари билан тарқаб кетишди. Шунда Ибн Умар: «Буни ким қилди?! Ким буни қилса, унга Аллоҳнинг лаънати бўлсин! Чунки, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам жони бор нарсани мўлжал қилиб олганни лаънатлаганлар», – деди».
Муслим ривоят қилган.
Бошқа ривоятда:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ҳайвонни қиймалаганни Аллоҳ лаънатласин!» деганларини эшитганман», – деди».
Насаий ва Ибн Ҳиббон ривоят қилишган.

110. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бир киши йўлда кетаётиб жуда қаттиқ чанқади. Кейин бир қудуққа тушиб, сув ичиб, чиқди. Қараса, бир ит ниҳоятда қаттиқ чанқаганидан тупроқларни ялаб юрибди.
Ҳалиги киши «Бу ит менга ўхшаб роса чанқабди. Менга етган чанқоқ бунга ҳам етибди» деб, қайтиб қудуққа тушиб, махсисини сувга тўлдирди. Сўнг уни тишига тишлаб чиқиб, сувни итга тутди. Аллоҳ унинг гуноҳини мағфират қилди», – дедилар.
«Ё, Расулаллоҳ! Бизга ҳайвонларда ҳам ажр борми?» – дейишди.
«Ҳар бир жигарда савоб бор», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

111. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бир бузуқ аёл иссиқ кунда қудуқни айланиб юрган итни кўрди. Чанқаганидан унинг тили осилиб қолган эди. Аёл унга махиси ила сув чиқарди. Бас, унинг гуноҳи мағфират қилинди», – дедилар».
Муслим ривоят қилган.

112. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга сафарда эдик. Ул зот ҳожатга кетдилар. Биз Ҳумаррани иккита жўжаси ила кўрдик ва жўжаларини олдик. Ҳумарра пириллаб уча бошлади. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб:
«Қай бирингиз буни боласида фожеъага учратди?! Унинг боласини қайтаринглар!» – дедилар.
Ва у зот чумолининг уясини куйдириб юборганимизни кўриб қолдилар ва:
«Буни ким куйдирди?!» – дедилар.
«Биз», – дедик.
«Албатта, оловнинг Роббидан бошқанинг олов билан азоблаши дуруст эмас», – дедилар».
Абу Довуд ривоят қилган.

113. Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарларидан бирида кетаётган эдилар. Ансорийлардан бир аёл туя миниб олган эди. У туяни сўкиб, лаънатлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буни эшитиб қолдилар ва:
«Унинг устидаги нарсани олиб, ўзини қўйиб юбринглар. У лаънатлангандир», – дедилар.
Имрон айтади: «Ҳозир ҳам унинг одамлар ичида юрганини ва унга ҳеч ким тегмаётганини кўриб тургандекман». 
Муслим ривоят қилган.

114. Шаддод ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
«Икки нарсани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ёдлаб олдим, у зот:
«Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага яхшиликни ёзгандир. Агар қатл қилсангиз, қатлни яхшилаб қилинг! Агар сўйсангиз, сўйишни яхшилаб адо этинг! Ҳар бирингиз пичоғини ўткир қилсин ва сўйиладиганни роҳатлантирсин!» – дедилар».
Муслим ривоят қилган.

115. Абдуллоҳ ибн Муғаффал  розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«У тош отаётган бир кишини кўриб унга:
«Тош отма! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тош отишдан қайтардилар ёки тош отишни ёқтирмас эдилар ва «Бу овни ўлдирмайди ва душманга  озор бера олмайди. У фақат кўзни чиқаради ва тишни синдиради, холос», деганлар», – деди.
Кейин унинг яна тош отаётганини кўриб: «Сенга: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тош отишдан қайтарганлар ёки тош отишни ёқтирмас эдилар», десам ҳам тош отасанми?! Энди сенга гапирмайман! Ундай-бундай», – деди».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио