Рижолун ҳавлар-расул

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

Абдуллоҳ ибн Маъсуд

“Қуръонни биринчи тиловат қилган инсон”

         Пайғамбаримиз саллаллаҳу алайҳи васаллам Арқамнинг ҳовлисига кирмасларидан аввал, Абдуллоҳ ибн Масъуд  розиаллоҳу анҳу у зотга иймон келтириб улгурган эди. Бунинг натижасида, Росулуллоҳ саллаллаҳу алайҳи васалламга эргашиб, иймон келтирганларнинг олтинчисига айланди.
Демак у, Исломга энг эрта кирганлардан экан.
Абдуллоҳ ўзининг Росулуллоҳ саллаллаҳу алайҳи васаллам билан илк бор учрашувини қуйидагича ҳикоя қилади:
“Мен ўспирин бир йигитча бўлиб, Уқба ибн Муайтнинг қўйларини ўтлатиб юрган вақтимда ёнимга Росулуллоҳ саллаллаҳу алайҳи васаллам ва Абу Бакр Сиддиқ розиаллоҳу анҳу келиб :
“Бизга беришинг учун сенда бироз сут топиладими?” - деб сўрашди.               Мен эса уларга:
“Мен бир омонат қўйилган кишиман, сизларни суғорувчимасман” -дедим. Шунда Набий саллаллаҳу алайҳи васаллам:
“Сенда бир ёшга тўлиб, ҳали қочмаган қўй борми?” - деб сўрадилар.
Мен:
         “Ҳа” - дедим. Сўнгра ўша қўйни келтирдим. Пайғамбар саллаллаҳу алайҳи васаллам ўша қўйни ушлаб, елинини силаган ҳолда роббиларига дуо қила бошладилар. Бирдан қўйнинг елини катталашиб кетди. Сўнгра Абу Бакр ўртаси чуқурчали бир тошни келтирди. Набий саллаллаҳу алайҳи васаллам сутни соғиб, ўзлари ичдилар, сўнгра Абу Бакр ва мен ҳам сутдан ичдик. Кейин эса у зот қўйнинг елинига қарата:
          “Кичрай” -  дейишлари билан, дарҳол кичрайиб ўз ҳолига қайтди. Шундан сўнг мен Набий саллаллаҳу алайҳи васалламнинг ёнларига бориб, у кишига:
           “Шу сўзларингизни менга ўргатинг” - дедим.
Росулуллоҳ саллаллаҳу алайҳи васаллам:
           “Албатта, сен таълим берилган йигит экансан” -  дедилар.

*         *          *

Абдуллоҳ ибн Масъуд Аллоҳнинг солиҳ бандаси ва содиқ элчиси Роббисига дуо қилиб, ҳали сут нималигини билмайдиган қўйнинг елинини силаб, натижада ўша елиндан Аллоҳнинг қудрати билан ичувчилар учун покиза, иштаҳали, тоза сут чиққанлигини кўриб ҳайратга тушиб қолди!
Албатта, Абдуллоҳ ўша соатларда, бу буюк Пайғамбарнинг энг оддий бир мўжизасини кўриб турганлигини ва яқин келажакда бу Аллоҳнинг севимли элчисидан дунёни ларзага солиб, уни нури-ҳидоятга тўлдириб юборадиган буюк мўжизаларни кўришини ҳаёлига ҳам келтирмаган эди. Балки, Абдуллоҳ ўша пайтда фақир, заиф бир йигит бўлиб, Уқба ибн Муайтнинг қўйларини боқиб юрувчи ҳизматкор ўлароқ, яқин кунларда Аллоҳ уни ҳидоят этиб, мўминлар сафига қўшганидан кейин, ушбу буюк мўжизаларнинг бирига айланган ҳолда, ўз иймони билан қурайш мушрикларининг кибр-ҳавоси ва зулм ва ситамлари енгиб, улар устидан ғолиб бўлишини ҳаёлига ҳам келтирмагандир. Исломдан аввал у Қурайш мушриклари ўтирган мажлиснинг ёнидан ўтишга журъат ҳам қила олмасди. Бордию ўтадиган бўлса ҳам, бошини қуйи қилган ҳолда, қадамларини тез-тез ташлаб, ўтиб кетарди. Аммо Ислом динини қабул қилганидан сўнг эса, Каъба атрофида тўпланиб ўтирган барча Қурайш зодагонларининг тепаларига келиб, ўзининг ёқимли ва таъсирчан овози билан, товушини баланд кўтариб, Аллоҳнинг каломини тиловат қила бошлади.
      بسم الله الرحمن الرحيم . الرحمن  علم القرءان  خلق الانسن  علمه البيان  الشمس و القمر بحسبان والنجم و الشجر يسجدان.   
Сўнгра бироз жим тургач, яна қироатини давом эттирди. Қурайш бошлиқлари кўзларига ва қулоқларига ишонмай, эсанкираб қолишди. Наҳотки, мана шу йигитча уларнинг кибр-ҳаволарига ва  қувватларига қарши тураётган бўлса? Ахир, бу ўспирин йигит ўзларининг хизматкорларидан бири бўлиб, қўйларини ўтлатиб юрувчи фақир ва қашшоқ Абдуллоҳ ибн Масъудку…!
Келинг, сўзни бу воқеанинг бевосита гувоҳи бўлган кишига қўйиб берайлик, у бизга воқеаларнинг ривожини ҳикоя қилиб берсин. Бу инсон Зубайр розиаллоҳу анҳудир. У шундай ҳикоя қилади:
“Маккада биринчи бўлиб Қуръони Каримни жаҳрий равишда тиловат қилган киши Абдуллоҳ ибн Масъуд розиаллоҳу анҳу бўлган эди. Бир кун Росулуллоҳ саллаллаҳу алайҳи васаллам асҳоблари йиғилиб:
“Аллоҳга қасам, ҳали ҳечам Қурайш Қуръонни очиқ-ойдин эшитиб кўргани йўқ. Орамизда бирор киши борми, уларга Қуръонни очиқ ойдин тиловат қилиб берса?”-дедилар.
 Абдуллоҳ ибн Масъуд:
        “Мен тиловат қилиб бераман” - деди.
Саҳобийлар:
        “Биз сенга бирор зиён етиб қолишидан қўрқамиз. Шунинг учун мушриклардан  ҳимоя қила оладиган қариндошлари бор киши чиқишини истаймиз” - дейишди. Абдуллоҳ:
         “Қўяверинглар, мени Аллоҳнинг ўзи ҳимоя қилади”  -  деди.   
  Эртаси куни чошгоҳ пайтида ибн Масъуд Қурайш зодагонларининг мажлисига бориб, Мақоми Иброҳим қаршисида тик турган ҳолда, қироат қила бошлади.
   Арроҳман. Алламал Қуръан, сўнгра эса улар томонга юзланиб, баланд овозда яна қироатини давом эттирди.
   Мушриклар ҳайрон бўлиб бир-бирларига:
 “Ибн Умму Абд нима деяпти?  Иэ, ахир у Муҳаммад келтирган сўзларни тиловат қилаяптику…” - деб шовқин-сурон кўтара бошладилар. Сўнгра ўрниларидан туриб, Абдуллоҳни савалай кетдилар. У эса қироатини Аллоҳ истаган жойигача давом эттираверди. Сўнгра юзи ва жасади зарбалардан қаттиқ лат еган ҳолда биродарларининг ҳузурига қайтиб келди. Асҳоблар унга:
“Сенга мана шу нарса етишидан қўрққан эдик” -  дедилар.
Абдуллоҳ:
        “Мен учун Аллоҳнинг душманлари ҳозиргидай эътиборсиз бўлмаган, агар ҳоҳласангиз эртага ҳам бориб уларга Қуръонни тиловат қиламан” - деди.
Асҳоблар:
        “Йўқ шуни ўзи кифоя қилади. Батаҳқиқ , сен мушрикларга улар ёмон кўрадиган нарсани эшиттирдинг” - дедилар.
  Ҳа албатта… Абдуллоҳ ибн Масъуд ҳали сут бермаган қўйнинг елинини муддатидан илгари сут бериб, уни таажжубга солган соатларда, бир қадар муддат ўтиб, ўзи ва ўзи каби камбағал ва фақир биродарлари Росулуллоҳнинг мўжизаларидан бирига айланиб, Аллоҳнинг байроғини кўтарган ҳолда, ушбу мўжизалари билан ой ва қуёш нурини чекинтиришларини ҳаёлига ҳам келтирмаган эди. Аниқки, у ўша кунни шу қадар тез келишини ҳам билмас эди. Аммо ўша кунлар жуда тезлик билан етиб келди. Кечагина мардикорчилик қилиб юрган фақир ва қашшоқ йигит, бугунга келиб Исломнинг мўжизаларидан бирига айланди.
Абдуллоҳни кўпчилик орасида кўз илғаб топиш мушкул иш эди. Нафақат кўпчилик орасида, балки у, якка қолганда ҳам кўзга яққол ташланмас эди. У бадавлат инсонларга бериладиган мол-давлат улушидан ҳам, бақувват инсонларга бериладиган жисмоний куч-қувват улушидан ҳам, ҳамда обрў-эътиборли кишиларга бериладиган ҳурмат ва обрў улушидан ҳам бенасиб эди. У жуда камбағал, жисми ориқ ва кичкина, ҳамда обрў-нуфузга ҳам эга эмасди. Аммо Ислом дини унга фақир ва камбағаллик ўрнига, Кисро ва Қайсарнинг хазинабонлари эга бўлмаган катта бойликни берди.

Тана ва жисмининг заиф ва кичиклигининг ўрнига, тарихнинг тақдирини ўзгартиришга сабаб бўладиган, золимларни чекинтирувчи ирода ҳадя этди. Ҳамда ҳеч қандай ҳурмат ва эътиборсиз яшаётган ҳаётининг ўрнига, абадийлик, илм, шарафни инъом этиб, натижада у тариҳда ўтган буюк пешволарнинг энг улуғларига айланди.
Росулуллоҳ у ҳақда берган:
“Албатта сен таълим берилган йигитсан”  - деган башоратлари ҳақ бўлиб чиқди. Буюк Роббиси унга таълим берди, натижада у Ислом умматининг энг фақиҳ уламоси, ҳамда барча қориларнинг раҳбарига айланди. У ўзи ҳақида дейди:
“Мен Росулуллоҳ саллаллаҳу алайҳи васаллам тилларидан етмишта сурани ёд олдим, бу хусусда ҳеч ким мен билан баҳслаша олмайди”.
  Гўёки, Абдуллоҳ ўз ҳаётини хатарга қўйиб, мусулмонларга қарши таъқиб ва азоб кучайган маҳалда Қуръони Каримни очиқ-ойдин баланд овозда ўқиб, бутун Макка аҳлига эшиттиргани учун, Аллоҳ Таъло унга буюк мукофот тариқасида Қуръон тиловати бобида гўзал истеъдод ва унинг маъноларини идрок этишда юксак фаҳм ато этгандай эди. Росулуллоҳ саллаллаҳу алайҳи васаллам асҳобларини ибн Масъудга иқтидо қилишга амр этиб:
“Ибн Умму Абднинг йўлини тутинг” – деган эдилар. Шу билан бирга Жанобимиз асҳобларига унинг қироатига тақлид қилиб, Қуръон тиловатини айнан ундан ўрганишларини васият қилиб дедилар:
“Кимки Қуръонни янги нозил бўлган ҳолда эшитишни маҳбуб кўрса, бас, ибн Умму Абднинг қироатини тингласин…” ,  “Кимки Қуръонни янги нозил бўлган ҳолда ўқишни маъқул кўрса, бас, ибн Умму Абднинг қироатига кўра ўқисин”
Росулуллоҳ саллаллаҳу алайҳи васаллам кўпинча ибн Масъуднинг тилидан Қуръон тинглашни суяр эдилар. Бир куни ибн Масъудни ҳузурларига чорлаб, дедилар:
“Эй Абдуллоҳ, менга Қуръонни ўқиб бер”.
Абдуллоҳ:
        “Сизга ўқиб берайми, ахир ўзингизга нозил қилинганку, йа Росулаллоҳ” - деди. Росулуллоҳ саллаллаҳу алайҳи васаллам:
        “Мен Қуръонни ўзимдан бошқа кишидан эшитишни суяман” - дедилар. Бас, Абдуллоҳ у зотга Нисо сурасини қироат қила бошлади. Вақтики, у мана бу оятга етгач,
41. (Эй Муҳаммад), биз ҳар бир умматдан (ўша умматнинг пайғамбарини) гувоҳ келтирганимизда ва Сизни ана уларга қарши гувоҳ қилганимизда уларнинг ҳоли нима кечур?! 42. У кунда кофир бўлган ва пайғамбарга итоатсизлик қилган кимсалар ер билан яксон бўлиб кетишни орзу қиладилар ва лекин Аллоҳдан бирон гапни яшира олмайдилар.
       
         Росулуллоҳ саллаллаҳу алайҳи васаллам кўз ёшлари тирқираб оқиб, қўллари билан ибн Масъудга ишора қилиб, дедилар:
        “Кифоя қилади… кифоя қилади, эй ибн Масъуд”.            

Абдуллоҳ ўзига Аллоҳ инъом этган неъмат хусусида гапириб, шундай деди:       
“Аллоҳга қасам, Қуръонда бирор оят йўқки, нима ҳақида нозил бўлганини билмасам. Аллоҳнинг китобини мендан кўра билувчироқ киши йўқдир. Бордию, туя миниб етиш мумкин бўлган жойда бирор кишини мендан Аллоҳнинг китобини билувчироқ эканини билсам, албатта, унинг ҳузурига борган бўлардим. Мен сизларнинг энг яшиларингиздан эмасман”.
Абдуллоҳ ибн Масъуднинг илм бобида юксак улуш эгаси эканлигига Росулуллоҳ саллаллаҳу алайҳи васалламнинг асҳоблари ҳам гувоҳлик берган эдилар. Мўминлар амири Умар розиаллоҳу анҳу Абдуллоҳ ҳақида:
“Батаҳқиқ , у илм билан тўлиб-тоширилгандир” - деган эди. Абу Мусо Ал-Ашъараий:
“Модомики, орангизда Абдуллоҳ ибн Масъуддай олим инсон бор экан, асло бизга бирор нарса ҳусусида савол қилманглар” – деган эди.
Абдуллоҳнинг Қуръон ва фиқҳ бобидаги пешқадамлигини ўзигина мақтовга лойиқ бўлмай, балки ҳудди шу каби унинг тақво ва зуҳд бобидаги пешқадамлиги ҳам таҳсинга лойиқ эди. Ҳузайфа розиаллоҳу анҳу у ҳақида:
        “Мен инсонлар орасида ўз мақсад ва йўлини маҳкам тутишда ибн Масъуддан кўра Росулуллоҳ саллаллаҳу алайҳи васалламга ўхшаш кишини кўрмаганман… Муҳаммад саллаллаҳу алайҳи васаллам асҳобларидан бўлган Қуръон ҳофизлари, албатта, ибн Масъуд уларнинг орасида Аллоҳга энг яқинроқ зот эканлигини жуда яхши билишар эди” – деди.
 Саҳобийларнинг бир нечалари Али ибн Аби толиб розиаллоҳу анҳу ҳузурларига тўпланиб, унга дедилар:
“Эй мўминлар амири, биз аҳлоқ бобида гўзалроқ, таълим бобида мулойимроқ, ҳамроҳлик бобида яшироқ, зуҳд-тақво бобида маҳкамроқ Абдуллоҳ ибн Масъудга ўхшаш кишини кўрмаганмиз”.
Али розиаллоҳу анҳу деди:
        “Аллоҳни ўртага қўйиб сўрайман, чиндан ҳам мана шу сўзлар қалбингиздан чиқаётган рост сўзларми?”.
Улар:
         “Ҳа” - дедилар.
Али розиаллоҳу анҳу дедилар:
         “Аллоҳим, мен сени гувоҳ қиламан….Аллоҳим, мен ҳам у ҳақида улар каби ёки ундан ҳам зиёда сўзларни айтаман… Дарҳақиқат, у Қуръонни ўқиб, у ҳалол қилганини ҳалол, ҳаром қилганини эса, ҳаром билди. Динда фақиҳ ва суннатда олим кишидир” .
  Росули Акрам саллаллаҳу алайҳи васаллам асҳоблари Абдуллоҳ ибн Масъуд ҳақида сўзлаб, шундай дер эдилар:
“Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларидан биз тўсилган пайтда, унга рухсат берилар ва биз йўқ бўлганимизда, у ўша ерда ҳозир бўлар эди”.
Улар ирода қилаётган нарса шу эдики, Абдуллоҳ розиаллоҳу анҳуга Росулуллоҳ саллаллаҳу алайҳи васаллам тарафидан бир имконият берилган эдики, ўша имкониятга ундан ўзга ҳеч ким эга эмасди. Абдуллоҳ Жанобимизнинг уйларига ҳаммадан кўпроқ кириб, у зот билан ҳаммадан кўра кўпроқ бирга ўтириб, хизматларида бўлган инсон эди. Пайғамбар саллаллаҳу алайҳи васаллам у билан бошқа асхобларидан кўра кўпроқ сирлашганлари туфайли, уни асҳоблар орасида “сир соҳиби” деб айтиларди.
 Абу Мусо Ал-Ашъарий родиаллоҳу анҳу айтади:
“Мен Росулуллоҳ саллаллаҳу алайҳи васалламни ёнларида аҳлларидан ибн Масъуддан бўлак ҳеч кимни кўрмадим”.

Росулуллоҳ саллаллаҳу алайҳи васалламнинг Абдуллоҳга нисбатан бўлган муҳаббатлари буюк бўлиб, айнан ундаги тақвони, теран ақлни, олийжанобликни севиб қолган эдиларки, ҳатто у ҳақида шундай деб айтган эдилар:
“Агарда мўминлар шўросисиз бирор кишини амир қилмоқчи бўлганимда, албатта, ибн Умму Абдни амир этиб тайинлар эдим”.
Юқорида биз Росулуллоҳнинг асҳобларига:
“Ибн Умму Абднинг йўлини маҳкам тутинглар”  - деган васиятлари ҳусусида айтиб ўтган эдик. Росулуллоҳнинг унга нисбатан муҳаббатлари ва ишончлари шу қадар кучли эканлигидан, Абдуллоҳ у зотнинг энг яқинларидан бирига айланиб, ҳеч кимга берилмаган улуш унга берилди. Бу улуш шундан иборат эдики, Жанобимиз унга:
“Куну-тун, ҳоҳлаган вақтингда мени ҳузуримга кириш учун сенга рухсат бераман” - дедилар.
Асҳоблар ҳам Абдуллоҳ ҳақида ҳудди шуни айтган эдилар:
“Пайғамбар саллаллаҳу алайҳи васаллам уйларидан биз тўсилган пайтда унга руҳсат берилар ва биз йўқ бўлганимизда, у ўша ерда ҳозир бўлар эди”.
Албатта ибн Масъуд ушбу мукофотга ҳақли эди. Кўпинча бундай дўстлик ғурур ва фаҳрланишни пайдо қилишига қарамай, ибн Масъуднинг бу дўстлик туфайли хушуси, тақвоси ва одоби кўпаяверди. Эҳтимол, Абдуллоҳдаги бу хулқ ва одобни тасаввур қилиш учун унинг Пайғамбар саллаллаҳу алайҳи васаллам вафотларидан сўнг, у зот ҳақида сўзлаётган вақтидаги ҳолатига эътибор қилиш кифоя қилар. Росулуллоҳ саллаллаҳу алайҳи васаллам ҳақларида жуда оз гапиришларига қарамай, қачонки лабларини қимирлатиб:
“Росулуллоҳдан эшитганман…” - дейиши биланоқ, Пайғамбаримизнинг сўзларидаги бирор ҳарф ўрнини ўзгартириб қўйишдан қаттиқ қўрққан ҳолда, қалбида изтироб ва ҳаяжон пайдо бўлар эди.
 Амр ибн Маймун дейди:
“Бир сана ҳусусида Абдуллоҳ ибн Масъуддан сўрадим. Бу ҳусусда у Росулуллоҳдан биргина ҳадис айтиб ўтган эди, холос. Ўшанда у:
“Росулуллоҳ шундай деган эдилар” - деб айтиши билан ғам-ташвиш унга ғолиб келиб, пешонасидан терлари оқа бошлади. Сўнгра сўзини ўнглаб: “Ёки ўшанга яқин сўзни айтган эдилар”  -  деди.
Абдуллоҳ ибн Қайс дейди:
“Абдуллоҳ ибн Масъуд ҳар жума оқшомда бизларга маъруза қилиб берарди. Бир кечада у, бир мартадан зиёда: “Росулуллоҳ саллаллаҳу алайҳи васаллам деган эдилар”  -  деб айтмас эди. Ўша пайтда унга назар ташладим, у ҳассасига суяниб турган эди. Бирдан ҳассаси титраб, қимирлаб кетди…”
Масруқ Абдуллоҳдан ривоят қилади:
“Ибн Масъуд бир куни ҳадис айтиб туриб деди: “Росулуллоҳ саллаллаҳу алайҳи васалламдан эшитганман…” сўнгра қўрқувдан ўзи ҳам, кийимлари ҳам титраб кетди. Кейин эса , деди: “Ёки ўшанга ўхшаш сўзни эшитганман…”
Ундаги Росулуллоҳ саллаллаҳу алайҳи васалламни ҳурматлаш мана шундай улуғ мақомга етганлиги, бу аввало, унинг тақвосидан олдин, теран фикрлилик белгиси эди. Абдуллоҳ ибн Масъуд Росулуллоҳ саллаллаҳу алайҳи васаллам билан бошқа саҳобийларидан кўра кўпроқ ҳамроҳ ва ҳамсуҳбат бўлгани туфайли, у зотни бошқалардан кўра кўпроқ эъзозлаб ҳурматлар эди. Шунинг учун Абдуллоҳнинг Жанобимиз ҳузурларидаги одоби, у зотнинг вафотларидан кейин ҳам хотираларини эслаган пайтда бошқалардан ўзгача бўлган эди.
Абдуллоҳ Пайғамбар саллаллаҳу алайҳи васалламдан на сафар ва на муқим пайтда ажралди. У Жанобимиз иштирок этган барча маросим ва ғазотларда қатнашди. У Бадр жангида буюк жасорат кўрсатган эди.

Мўминлар амири Умар розиаллоҳу анҳу уни Кўфа шаҳрининг байтул молига бошлиқ қилишга юбора туриб, Кўфа аҳлига шундай деди:
“Албатта мен, Аллоҳга қасамки, ўзимга керак бўлсада, уни сизларнинг ҳузурингизга юбормоқдаман, бас уни маҳкам тутиб, ундан таълим олинглар”.
Кўфа аҳли уни шу қадар севиб қолдики, на ундан илгари ва на кейин ҳеч бир инсон бу каби муҳаббатга эриша олмаган эди. Бутун Кўфа аҳлини уни севиб қолиши ҳудди мўжизага ўхшаш бир иш эди. Сабаби, улар саркаш ва бесабр қавм бўлиб, тинч ва хотиржам ўтиришга ҳечам тоқатлари йўқ эди.
Уларнинг муҳаббати айниқса Усмон розиаллоҳу анҳу ҳалифа бўлганларидан сўнг, Абдуллоҳни Кўфа волийлигидан бўшатаётган пайтда яққол кўринди. Улар Абдуллоҳни ўраб олиб, унга дедилар: 
        “Кетма, биз билан қолгин, Усмон тарафидан келадиган ёмонликлардан сени ҳимоя қиламиз”.
Аммо ибн Масъуд ўзининг олижаноб инсон ва буюк тақво эгаси эканлигини намоён этадиган сўзлар билан уларга жавобан деди:
        “Менинг унга итоат қилишим вожибдир, бўлмаса тез орада фитналар бошланиб кетади. Мен шу фитналар эшикларини биринчи бўлиб очувчилардан бўлишни истамайман”.
Юқоридаги сўзлар орқали биз Абдуллоҳ ибн Масъуднинг ҳалифа Усмон розиаллоҳу анҳуга нисбатан бўлган ҳурматини тушуниб олишимиз мумкин. Бироқ , улар ўрталарида кейинчалик бир қизғин тортишув бўлиб, натижада Абдуллоҳ ўзининг байтул молдан келадиган маошидан маҳрум бўлиб қолди. Шунга қарамай у, Усмон розиаллоҳу анҳу ҳақида бирорта ҳам ёмон сўз айтмади. Балки, Усмоннинг давридаги норозиликлар қўзғалонга айланаётганини кўргач, уни доим ҳимоя қилувчилар қаторидан ўрин олганди. Вақтики, фитначилар Усмон розиаллоҳу анҳу сотқинларча ўлдиришга уринаётганлигини хабари Абдуллоҳнинг қулоғига чалингач, у ушбу таъсирчан сўзларни айтди:
“Бордию уни ўлдиришса, ундан кейин унга ўхшашини халифа этиб тайинлаша олмайди”.
Ибн Масъуднинг баъзи биродарлари:
“Биз ҳечам ибн Масъуд Усмон розиаллоҳу анҳуни ҳақорат қилганини эшитмаганмиз” - деб айтишар эди.
Аллоҳ Таъло унга тақвони буюк инъом қилганидек, ҳудди шундай ҳикматни ҳам инъом қилган эди. У ҳар бир масалани туб моҳиятини билиб, уни тўғри ва ажийиб равишда таъбир эта олиш қобилиятига эга эди. Келинг, мисол учун буюк ҳалифа Умар розиаллоҳу анҳунинг ҳаётини у қандай қилиб қисқа ва аниқ сўзлар билан ифода этганига қулоқ тутайлик:
“Унинг Исломи фатҳ, ҳижрати нусрат, амирлиги раҳмат бўлар эди”.
Абдуллоҳ меҳнат ва унинг аҳамияти ҳақида гапириб шундай деди:
“Бекор ўтириб, на дунё иши ва на оҳират иши билан машғул бўлмаётган кишини сира ёқтирмайман”. Яна унинг ҳикматли сўзларидан:
“Бойликнинг яхшиси нафс бойлигидир. Энг яҳши озуқа тақводир. Энг ёмон кўрлик қалб кўрлигидир. Хатоларнинг буюги ёлғондир. Касбларнинг ёмонроғи судҳўрликдир. Ейиладиган емишнинг энг ёмонроғи, етимнинг молидир. Кимки авф қилса, Аллоҳ уни афв қилади. Кимки кечириб юборса, Аллоҳ уни кечириб юборади.
Бу Росулуллоҳ саллаллаҳу алайҳи васаллам соҳиблари Абдуллоҳ ибн Масъуд розиаллоҳу анҳудир. Бу ҳаётини Аллоҳ ва Росули ва ҳамда Ислом йўлига бағишлаб, уни қаҳрамонларга ўтказган буюк инсоннинг ҳаётидан бир парча эди холос.
Бу инсоннинг жисми жуда ҳам кичик, ўзи эса озғин, бўйи паст эди. Унинг икки болдири жуда ингичка бўлиб, бир куни Росулуллоҳ саллаллаҳу алайҳи васалламга бироз мева териш учун дарахтга чиққанида асҳоблар унинг болдирларини кўриб, кулиб юбордилар. Аммо Росулуллоҳ саллаллаҳу алайҳи васаллам уларга:
“Ибн Масъуднинг болдирларидан кулаяпсизларми, шубҳасиз, улар Аллоҳнинг ҳузуридаги мезонда Уҳуд тоғидан ҳам вазминроқдир” -  дедилар.
Ҳа… бу фақир ва нимжон кишини иймони ва ишончи, уни нур ва ҳидоятга бошловчи имомларга пешво қилиб қўйди.
Абдуллоҳ ибн Масъуд Росулуллоҳ саллаллаҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг халифалари билан ҳам буюк жангларга кириб, ғалабаларга эришди. Абдуллоҳ Исломнинг байроғи  учун ўз эшикларини қўрқиб, бўйсунган ҳолда очишга мажбур бўлган ўша замоннинг икки буюк империясини ҳам кўрди. У катта лавозим ва оёқлари остига оқиб келаётган кўпдан-кўп мол давлатни кўрди. Бироқ , бу нарсалар уни Аллоҳ ва Росулига берган аҳдидан тўса олмади. Ҳамда уни ҳаёт йўлидан, тавозу ва камтарлик, шунингдек, тоат-ибодатдан узоқлаштира олмади. Унинг ҳаётда биргина орзуси бор бўлиб, доим уни такрорлаб юрарди. Келинг, сўзни унинг ўзига берайлик:
“Табук ғазотига Росулуллоҳ саллаллаҳу алайҳи васаллам билан бирга чиққан эдим. Кечаси туннинг ярмида уйғониб кетдим, биз жойлашган майдоннинг бир четида оловдан бўлган шула ёниб турганига кўзим тушди. Ўша томонга қараб юрдим. У ерда Росулуллоҳ саллаллаҳу алайҳи васаллам, Абу Бакр ва Умар розиаллоҳу анҳумолар вафот этган саҳобийлардан бири, Абдуллоҳ зул Бижодай Ал Музанийни дафн этишга ҳозирлик кўришаётган экан. Улар қабр қазишган бўлиб, қабрнинг ичида Росулуллоҳ саллаллаҳу алайҳи васаллам, тепасида эса, Абу Бакр ва Умар розиаллоҳу анҳумолар туришган эди. Росулуллоҳ саллаллаҳу алайҳи васаллам қабр ичидан туриб, уларга:
“Қани, биродарингизни менга узатинглар” - дедилар. Улар маййитни Жанобимизга узатдилар. Вақтики, маййитни лаҳадга қўйгач, Росулуллоҳ саллаллаҳу алайҳи васаллам:
“Парвардигорим, мен ундан розиман, сен ҳам рози бўлгин”  - деб, дуо қилдилар. Бу ҳолатни кўриб ўзимга-ўзим;
“Кошкийди, мана шу қабрнинг эгаси мен бўлганимда эди” - деган эдим…
Мана шу унинг дунёдаги ягона орзуси эди. Бу орзу кўриб турганингиздек, инсон лар интиладиган буюклик, бойлик, мансаб ва обрў-эътибор билан боғлиқ эмас экан. Бу қалби кенг, олийжаноб ва иймони пишиқ инсоннинг орзуси бўлиб, у зотни Аллоҳ Таъло уни ҳидоят қилиб, Муҳаммад саллаллаҳу алайҳи васаллам тарбия этиб, Қуръони Карим унинг ҳаётини бошқарган эди.


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио