Рижолун ҳавлар-расул

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

Ҳамза ибн Абдул Мутталиб

“Аллоҳнинг арслони ва мужоҳидлар саййиди”

       Макка аҳли саъйи ҳаракат, меҳнат, ибодат ва лағв-беҳудага тўлиб тошган кундан кейин, кечаси чуқур уйқуга тушган. Қурайшликлар тўшаклари устида у ёқ- буёқларига ағдарилиб ухлаб ётибдилар… Фақатгина улардан бир инсон ён бошини тўшагидан узоқда тутиб, бедор бўлмоқда. У кечаси уйқуга барвақт ётиб, бир-икки соат ором олгач, буюк завқ ва шавқ билан ўрнидан сакраб турарди. Чунки у Аллоҳ таоло билан аҳдлашган эди. Бас у ҳужрасидаги ибодат қиладиган жойига бориб, Роббисига муножот ва дуо қиларди. Ҳар қачон астойдил дуо билан тавба-тазарру қилиб йиғлаётган шовқинини эшитиб, уйғонган аҳли унга раҳми келиб, нафсини бу қадар қийнамасдан , уйқу орқали ором олишга чақирганда, кўзларида ёш билан унга:
“Эй Ҳадича, ухлайдиган давр ўтди!!!”  -  деб жавоб берарди.
Бу инсон даъватини эндигина бошлаб, сўзларни бошқаларга маҳфий равишда, пичирлаб гапиришига қарамай, қурайш аҳлига уйқу бермай, уларни безовта қила бошлаган эди.
У зотга иймон келтирганлар ҳали жуда озчиликни ташкил қиларди. Иймон келтирган мўминлардан ташқари, унга нисбатан ҳурмат ва муҳаббатни қалбида кўтариб ҳали иймон келтиришга улгурмаган инсонлар ҳам бор эди. Бу инсонларнинг қалблари у зотга иймон келтириб, унинг муборак карвонида сайр қилишга завқ-шавқ билан тўлиб тошган эди. Жамият ва урф-одатларнинг услуби, ота-боболаридан мерос қолган динларига тақлид қилиш босими, ғарб ва шарқ орасидан чиқаётган нидолар туфайли иккиланишдан ўзга нарса уларни иймон келтиришдан тўсмасди. Шундай инсонлардан бири Росулуллоҳ саллаллаҳу алайҳи васалламнинг амакилари ва эмикдош биродарлари бўлмиш Ҳамза ибн Абдул Мутталиб эди.
                               *                                                  *                                           *
Ҳамза жиянининг улуғ ва комил инсон эканлигини ҳамда унинг ишини ҳақиқатини ва ундаги гўзал хислатларни жуда яхши билар эди. У жиянини фақатгина амаки сифатида эмас, балки биродари ва дўсти сифатида танир эди. Чуни у Расулуллоҳ саллаллаҳу алайҳи васаллам билан бир уруғдан бўлиб ёшлари ҳам бир- бирига яқин, бирга ўсиб, бирга ўйнаб, бирга биродар тутиниб, энг аввалдан қадамма- қадам юриб улғайган эди. Гарчи ёшликда бир хил йўлда бўлган бўлсаларда, улғайгач Ҳамза ўз тенгқурлари билан дунёнинг яҳшиликларидан фойдаланиш рақобатлашиб, Макка ва Қурайш зодагонлари орасидаги ўз обрў-эътиборини ошириш йўлини танлади. Аммо Муҳаммад саллаллаҳу алайҳи вассаллам эса руҳидан чиқиб, Аллоҳнинг йўлини унга ёритиб бераётган нурини ибодат билан зиёда қилиш ва ҳамда уни чуқур тафаккурга чўмдириб, ҳаётнинг ғавғоларидан йироқ қилаётган қалбининг тубидан чиқаётган нидо ҳақида ўйлаб, ҳақиқат билан кўришишга тайёргарлик кўрар эди. Улар иккисининг танлаган йўллари ҳар хил бўлишига қарамай, Ҳамза ўзининг жияни ва тенгқури бўлган Росулуллоҳнинг барча комил фазилатларини бир зум ҳам унутмаган эди. Албатта, бу каби комил фазилатлар ва гўзал ахлоқлар, эгасини барча инсонларнинг қалбларида юксак мақомга эга  бўлиб, унинг буюк истиқболи учун ойдин ва равшан сурат чизиб берди.
Бир куни эрта тонгда Ҳамза одатдагидек кўчага чиқди. Каъбанинг ёнига келиб, у ерда Қурайш бошлиқлари ва саййидларидан бир гуруҳини кўриб қолди. Улар билан бирга ўтириб, нима ҳақида суҳбатлашаётганларига қулоқ тутди. Улар Муҳаммад саллаллаҳу алайҳи васаллам ҳақида гаплашаётган эдилар. Ҳамза қараса, улар биринчи бор жиянинг даъвати ҳақида хавотирга тушиб гапиришар ҳамда сўзларида Муҳаммад саллаллаҳу алайҳи васалламга нисбатан аччиқланиш, ғазаб ва ҳасадга урғу беришаётганини билдиришар эди. Илгари Муҳаммаднинг даъватига у қадар эътиборлари йўқлигини ва бефарқ эканликларини изҳор қилгандай бўлар эдилар. Аммо бугунчи? Юзларида хавотир мавж уриб, ғазаб билан гўё у зотни ғажигудай сўзламоқдалар!!!

Ҳамза уларнинг сўзларини эшитиб узоқ кулди, сўнгра уларни ҳаддан зиёд ошириб, ёмон гумон қилишда айблади. Абу Жаҳл ўрнидан туриб ўтирганларга деди:
 “Албатта, Ҳамза Муҳаммад даъват қилаётган нарсани хатарини ҳаммадан кўра яхшироқ билади, лекин у, буни енгил санаб, ҳатто Қурайш уйқуга кетиб, сўнгра тонгда уйғонганида ҳамма ер расво бўлиб, жиянининг иши ғолиб бўлишини истайди”.
Мушриклар бир бирларига ҳайқириб ва дўқ-пўписа қилиб суҳбатларини давом эттиришарди… Ҳамза эса бир табассум қилиб, бир жаҳли чиқар эди. Ҳамма тарқаб, уй-уйига жўнаб кетгач, Ҳамза бошини янги фикрлар ва хавотирлар билан оғирлаштириб ўзи билан ўзи баҳслашиб, жиянинг даъвати ҳусусида ўйлай бошлади.

*          *           *

Кунлар кетидан кунлар ўтиб, Қурайшнинг Росулуллоҳ саллаллаҳу алайҳи васаллам келтирган даъватлари атрофидаги ҳайқириқ ва хавотирлари янада зиёда бўлди. Сўнгра бу хавотирлар жанжалга айланди. Ҳамза эса бу воқеаларни узоқдан кузатиб турди. Жиянининг сабот билан туриши Ҳамзани ҳайратга сола бошлади. Чунки, у зотнинг ўз иймони ва даъвати йўлидаги фидоийлиги барча Қурайш учун илгари кўрилмаган янгилик эди.
Агарда ўша кунларда бирор-бир шак Пайғамбар саллаллаҳу алайҳи васалламнинг ростгўйликлари ва буюк фазилатлари хусусида бирон инсонни шубҳага сола олса, бу шак Ҳамзанинг қалби ва ҳаёлига сира йўл топа олмас эди. Ҳамза Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламни гўдаклигидан то улғайгунча инсонлар орасида энг яхши билувчи зот эди. У жиянини ҳудди ўзини танигандек, балки унданда зиёда танир эди. Икковлари бирга ҳаётга келганларидан бошлаб, то бирга ўсиб-улғайгунларигача Муҳаммад саллаллаҳу алайҳи васалламнинг ҳаёти қуёшнинг нури каби покиза эди!!! Ҳамза мана шу покиза ҳаётга етган бирор шубҳани эслай олмасди. У бирор марта Росулуллоҳ саллаллаҳу алайҳи васалламнинг ғазаб қилганини ёки ноумид бўлганини ёки бировдан таъма қилганини ёки бепарво ва қўрқоқ бўлганини кўрмаган. Ҳамза фақатгина бақувват жисмга эга бўлмай, балки теран ақл ва кучли ирода соҳиби ҳам бўлган эди. Шунинг учун табиийки, ростгўйлиги ва омонатдорлигини жуда яхши билган зот, яъни Росулуллоҳ саллаллаҳу алайҳи васалламга эргашишдан ўзини четга олиши мумкин эмас эди. Бас Ҳамза тез кунда Росулуллоҳ саллаллаҳу алайҳи васалламга иймон келтиришни қалбига тугиб қўйди.

*        *         *

Ўша кун етиб келди….
Ҳамза камонини елкасига осган ҳолда, севимли машғулоти бўлмиш овчилик қилиши учун, юзини саҳрога томон қаратиб уйидан чиқди. У овчилик бобида ниҳоятда моҳир эди. Севимли машғулотини тугатиб. Ўлжаси билан уйига қайтаётганида, одатига кўра тавоф қилиш учун Каъба томон йўл олди. Каъбага бир оз қолганда Абдуллоҳ ибн Шудъоннинг ходимаси унга йўлиқди. Ходима Ҳамзани кўрибоқ деди:
 “Эй Або Умора, агарда жиянинг Муҳаммадга хозиргина Абу Ҳакам ибн Ҳишомдан етган озорни кўрганингда эди. . . Уни Каъба ёнида кўриб қолиб, сўкиб, ҳақоратлаб, қаттиқ озор берди.”  Сўнгра Абу Жаҳл Росулуллоҳ саллаллаҳу алайҳи васалламга қандай озор берганини бирма-бир тушунтира кетди. Ҳамза унинг сўзини диққат билан тинглади, бироз сукут сақлаб, сўнгра камонини олиб, елкасига осди. Кейин тез ва шаҳдам қадамлар ташлаб, Абу Жаҳлни топиш мақсадида, Каъба томон юриб кетди. Агар Каъба ёнида уни учрата олмаса, албатта бошқа ерларни қидириб уни топишга аҳд қилди. Бироқ Каъбага етгач, Абу Жаҳл унинг ҳовлисида бир гуруҳ Қурайш зодагонлари орасида ўтирганига кўзи тушди.
Ҳамза ўзини босган ҳолда Абу Жаҳлнинг ёнига келиб, бирдан камони билан уни бошига бир туширди. Абу Жаҳлнинг боши яраланиб, қонаб кетди. Ўтирганлар даҳшатдан ўзларига келмасларидан илгари Ҳамза Абу Жаҳлга қарата қичқирди:
“Муҳаммадни ҳақорат қилдингми? Билгингки, мен ҳам уни динидаман. У айтган сўзни мен ҳам айтаман. Агар қодир бўлсанг менга жавоб қайтаргинчи”.
Ўтирганлар барчалари бошлиқлари устига тушган хорликни ва унинг бошидан оқаётган қонни бир лаҳзага унутиб қўйишди. Устиларига яшиндек тушган Ҳамзанинг сўзлари уларни машғул қилиб қўйган эди. Бу шундай сўзлар эдики, улар орқали Ҳамза Муҳаммад саллаллаҳу алайҳи васалламнинг динига кириб, у киши айтаётган сўзни айтишини билдиряпти.
Ҳамза исломни қабул қилдими??
Қурайшнинг энг бақувват ва улуғ йигития??
Бу Қурайш устига тушган катта бир ҳалокат эдики, уни қайтаришга қодир эмасдилар. Ҳамзанинг исломни қабул қилиши, сара инсонларнинг кўпчилигини тез кунда ислом томонга бошлаши мумкин. Бу билан Муҳаммад ўз атрофига тез орада кучига-куч қўшадиган, даъватини қувватлайдиган куч ва қувватни топиши мумкин. Натижада Қурайшликлар кунлардан бир куни ўз бут-санамларини парчалаб ташланаётганлик шовқинини эшитиб уйғонади!!!
Ҳа, албатта, Ҳамза иймон келтирди. Ва Қурайш бошлиқларига ҳафсаласини пир қилган мушрик жамоатни тарк қилиб, қалбини Исломга бағишлаганини эълон қилди. Абу Жаҳл ёрилган бошидан оқаётган қонни артиш билан машғул бўлиб турган пайтда, Ҳамза камонини елкасига осиб, шаҳдам қадамлар ташлаб уйи томон равона бўлди.
Ҳамза теран ақл ва юксак қалб соҳиби ҳам эди. Уйига қайтгач, куннинг ғавғоларидан фориғ бўлиб, фикр қилиш учун ўтирди. Ҳозиргина бўлиб ўтган ҳодиса ҳеч ҳам кўз ўнгидан кетмасди.
Ўз Исломини қандай қилиб ва қачон эълон қилди …???
Дарҳақиқат, у ўз Исломини ғазаб ва нафратга тўлиб, қизишган лаҳзаларда эълон қилди. Жияни бирор ёрдамчи тополмай ҳақорат қилиниб, зулмланганлигига ғазаб қилиб, Бани Ҳошимнинг шарафини ҳимоя қилган ҳолда, Абу Жаҳлнинг бошини ёриб унинг юзига Исломни қабул қилганини очиқ-ойдин эълон қилди. Лекин инсон учун асрлар давомида амал қилиниб келган ота-боболарининг динини тарк қилиб, ҳақиқатини оз билган ва таълимотини ўрганиб чиқмаган динни қабул қилишнинг энг тўғри йўли шу бўла оладими?
Ҳақиқат шуки, Ҳамза Муҳаммад саллаллҳу алайҳи васалламнинг ростгўйликлари ва ниятларининг поклигига заррача ҳам шубҳа қилмас эди. Бироқ, киши бутун фарзлари ва масъулиятлари билан янги динни ғазабга  тўлган ҳолда қабул қилиши мумкинми?
Бас, Ҳамза тафаккур қила бошлади…. Орадан бир неча кунлар ўтди. Аммо Ҳамза на кундузи ва на кечаси тинч ором олар эди. Шундай қилиб Ҳамза Ислом ҳақиқатига етишиш учун ота-боболаридан қолган эски дин билан янги динни таққослаб тарозуга солиб, ақлини бир оз ишлатиб кўрган эди, ҳатто нафсида ота-боболаридан мерос қолган динга фитрий ҳоҳиш ва ҳар бир янги синалмаган нарсадан фитрий қўрқув ҳосил бўлди. Унинг ҳаёлидан Каъба олийҳалари ва бут санамлар ва ота-боболаридан қолган дин ва унинг натижасида қурайш аҳли ва бутун Маккага келган обрў-эътибор ўта бошлади.
Дарҳақиқат, унинг қалбида жияни байроғини кўтарган бу янги даъватга нисбатан ҳурмат ва эҳтиром чексиз эди. Аммо агар унга мана шу даъватга иймон келтириб, унга эргашиб ва уни ҳимоя қилиш тақдир қилинган бўлса, бу динга киришнинг энг муносиб вақти қачон бўлиши мумкин?
Ғазаб ва нафратга тўлиб тошган лаҳзалардами, ёки ақлини ишлатиб чуқур фикр юргизган вақтдами? Шундай қилиб, қалбининг тўғрилиги ва фикрининг поклиги, уни бу иш хусусида янгитдан, чуқур ва нозик равишда фикр қилишга чорлади. Ҳамза таажжуб қилдики, қандай қилиб, инсон бу қадар оснонлик ва тезлик билан ота-бобосининг динини тарк қилиши мумкин. Ва қилиб қўйган ишига надомат чекди. Лекин яна ўзига келиб ақлига мурожаат қила бошлади. Қараса, ҳаққа етишишга ақлнинг ўзи кифоя қилмас экан. Сўнгра у Каъбанинг ёнига бориб, кўзларини самога қаратган ҳолда, унга ҳидоят йўлини кўрсатишлиги учун Аллоҳ таолога ёлвориб, тазарру билан дуо қила бошлади. Келинг, унинг ўзига қулоқ тута қолайлик, у бизга қолган воқеаларни ҳикоя қилиб бера қолсин:
    
“Сўнгра қавмим ва ота-бобомнинг динини тарк қилганимга мени надомат тутди, пушаймон бўлганлигимдан кечаси билан уйқум келмади, кейин Каъбага бориб Аллоҳнинг қалбимдаги шак-шубҳани кетказиб, уни ҳақ томонга буришини ёлбориб сўрадим. Бас, Аллоҳ менинг дуоларимни ижобат қилиб, қалбимни иймон ва яқин билан тўлдирди. Эртаси куни Росулуллоҳ саллаллаҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бориб, барча бўлиб ўтган ишларни у зотга сўзлаб бердим. Бас,  Жаноб Пайғамбаримиз саллаллаҳу алайҳи васаллам Аллоҳ қалбимни динида собит қилишини сўраб дуо қилдилар.” Ҳудди шундай равишда Ҳамза розиаллоҳу анҳу Ислом динини қабул қилди.

*         *          *

        Аллоҳ Таъло Ҳамза розиаллоҳу анҳу билан Исломни азиз қилди. У кучли ғурур билан Росулуллоҳ саллаллҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг заиф асҳобларини ҳимоя қила бошлади. Абу Жаҳл Ҳамзани муслмонлар сафида кўргач урушдан қочишнинг ҳеч ҳам чораси йўқлигини тушуниб етди. Сўнгра Қурайш мушрикларини Росулуллоҳ билан у кишининг асҳобларига азиятлар етказишга гиж-гижлай бошлади. Албатта табиийки, Ҳамза мусулмонларга етадиган барча азиятларни қайтара олмасди, лекин шунга қарамай унинг Исломи мусулмонлар учун ҳимоя ва қалқон бўлди. Шунингдек Ҳамза розиаллоҳу анҳу сўнгра Умар ибн Ҳаттоб розиаллоҳу анҳуларнинг Ислом динини қабул қилишлари туфайли кўпгина қабилалар гуруҳ-гуруҳ бўлиб Исломни қабул қилишлари учун туртки бўлди. Ҳамза розиаллоҳу анҳу иймон келтирганидан кейин бутун куч-қуватини ва ҳаётини Аллоҳ ва унинг динига хизмат қилишга бағишлади. Ҳатто Набий саллаллаҳу алайҳи васаллам уни  “Аллоҳ ва Росулининг арслони”  деган буюк лақаб билан мукофотладилар. Мусулмонлар душман билан тўқнашган биринчи жангда Ҳамза қўшиннинг амири вазифасини бажарган. Росулуллоҳ саллаллаҳу алайҳи васаллам мусулмонларга тутқазган байроқнинг илк соҳиби ҳам Ҳамза розиаллоҳу анҳу эди. Икки қўшин тўқнашган Бадр жангида Аллоҳ ва Росулининг арслони буюк жасоратларни кўрсатди.

*        *         *

Мағлубиятдан аламда бўлган Қурайш қўшинининг қолдиқлари Бадрдан Маккага қайтди. Абу Суфён ҳам бошини эгиб, қалбида қўрқув билан Маккага кириб келди. Чунки у жанг майдонида Қурайш бошлиқларининг энг улуғларидан бўлмиш Абу Жаҳл, Утба ибн Робиа, Шайба ибн Робиа, Умайя ибн Ҳалаф, Уқба ибн аби Муайт, Асвад ибн Абдул Асад Ал Маҳзумий, Валид ибн Утба, Назр ибн Ҳорис, Ос ибн Сайид, Тама ибн Ади ва ўнлаб қурайшнинг довюрак йигитларини қолдириб келаётган эди. Қурайш бу мағлубиятни осонлик билан қабул қила олмай, қайтадан ўч олиш учун бутун куч-қуввати ва мол-мулкини тўплаб, мусулмонларга қарши уруш қилишга тайёргарлик кўрди.

*         *         *

Қурайш Абу Суфён бошчилигида бутун уруғ аймоғлари ва араб қабилалари орасидаги дўстларини йиғиб, Уҳудга етиб келди. Қурайшнинг бошлиқлари бу жангда икки кишини нишон қилиб олишган эди. Улар Росули акрам саллаллаҳу алайҳи васаллам ва Ҳамза розаиаллоҳу анҳу эди. Ҳа албатта! Уларнинг урушга чиқишдан илгари маҳфий суҳбатларини эшитган киши, Ҳамза Росулуллоҳ саллаллаҳу алайҳи васалламдан кейин бу жангдаги асосий мўлжал эканлигини осонгина билиб олиш мумкин эди. Мушриклар урушга чиқишларидан аввал Ҳамзани ўлдириш учун бир кишини танладилар. У ҳабаший қул бўлиб, найза отиш бобида юксак маҳорат эгаси эди. Улар бу ҳабаший қулнинг жандаги вазифаси фақатгина Ҳамзани “овлаб” найзаси билан уни қатл қилишидан иборатлигини уқтириб , урушнинг тақдирининг қандай ривож олишига қарамай ўз вазифасидан сира оғишмаслигини буюрдилар. Унга бунинг эвазига жуда улуғ мукофот, яъни озоздликни ваъда қилдилар. Бу кишининг исми Ваҳший бўлиб, Жубайр ибн Мутъамнинг қули эди. Жубайрнинг амакиси Бадр куни ҳалок бўлганди. Жубайр қулига деди:
 “Одамлар билан жангга чиқ , агар Ҳамзани қатл қилсанг, озод бўласан!”
Сўнгра мушриклар Ваҳшийни ўзларининг асосий нишонларидан бири бўлган Ҳамзани даф қилишга кўпроқ гиж-гижлаш учун, уни Абу Суфённинг хотини Ҳинд бинту Утбага топширдилар. Ҳинд Бадр жангида отаси, акаси ва ўғлини йўқотган эди. Унга:
“Ҳамза шуларнинг баъзиларини ўлдириб, баъзиларини эса ўлдиришга кўмаклашган” -   деб  хабар беришганди. 
Шунинг учун Қурайш эркак ва аёлларини кўпчилги бу урушга чиқишга ҳарис бўлдилар. Уларнинг асосий мақсадлари, гарчи бу хатарли ишнинг қиймати ҳар қанча бўлмасин, Ҳамзани қатл қилиш эди.
Ҳинд жангга чиқишдан бир неча кун илгари бутун юмушларини йиғиштириб, фақатгина Ваҳшийнинг қалбини Ҳамзага нисбатан адоват ва ғазабга тўлдириш билан машғул бўлди. У Ваҳшийнинг қўлига ўзи эга бўлган барча зеб-зийнат, дуру- гавҳарларини тутган ҳолда :
“Агар Ҳамзани қатл қилсанг, мана буларнинг ҳаммаси сеники” - деб ваъда қилди. Ваҳший бу зеб-зийнатларни кўриб сўлаклари оққан ҳолда, озодлигини қўлга киритиб, қайтиб қул бўлмай ва Қурайш бошлиғи аёлининг бўйнини безатиб турган зеб-зийнат ва дуру гавҳарларга эга бўлган ҳолда чиқадиган бу жангни ҳаёлидан ўтқазиб, уни муштоқлик билан кута бошлади.
Демак мушрикларнинг маҳфий келишувлари ва бутун жангнинг асосий мақсади очиқ-ойдин шаклда Ҳамзани ўлдиришдан иборат экан.
         
*          *           *

Уҳуд ғазоти ҳам етиб келди.
Икки қўшин бир бири билан тўқнашди. Ҳамза розиаллоҳу анҳу жанг майдонининг ўртасида турарди. У уруш либосларини кийиб, кўксига ҳар доимгидек туяқуш патини тақиб олган эди. У мардлик билан жанг қилиб, рўпарасидан чиққан мушрикларни бирин-кетин ер тишлатарди. Мусулмонлар ҳам барчалари ҳужумга ўтиб, мушриклар эса мағлуб бўлиб, ортларига қочиб, чекина бошлаганларидан гўё ғалаба-нусрат жуда яқиндай бўлиб кўрина бошлади. Агарда тоғнинг тепасида турган камончилар ғаниматлар илинжида жойларини тарк этиб, пастга тушиб, бунинг оқибатида пистирмада турган мушриклар қўшнига тоғнинг ортидан ҳужумга ўтишга имконият пайдо қилиб бермаганларида, шубҳасиз Уҳуд ғазоти фақатгина Қурайшнинг эркагу аёллари учун эмас, балки унинг отларию туяларининг ҳам қабристонига айланган бўлар эди. Ғафлатда қолган мусулмонларнинг  ортларидан мушриклар отлиқлари ҳужумга ўтиб бирин-кетин уларни қиличдан ўтказа бошладилар. Бу ҳолатдан мусулмонлар эсанкираб қолдилар, чунки кўпчиликлари қилич ва найзаларини ерга улоқтириб, ҳамма нарсаларини ташлаб қочиб кетаётган мушриклардан қолган ғаниматларни тўплаш билан овора бўлиб қолишган эди. Мусулмонлар яна қайта ўзларига келиб, улоқтириб юборган қурол-аслаҳаларини қайтиб қўлларига олиб, жанг қила кетдилар. Лекин фожиа юз бериб, бутун жангдаги ташаббус мушрикларнинг қўлларига ўтиб бўлган эди.
Бу воқеаларни кўриб турган Ҳамза ўзини йўқотмай, қувватига-қувват, кучига- куч қўшилиб, янада қаттиқ жанг қила бошлади. Бирин-кетин мушрикларни қиличи билан савалаб, ер тишлатаётган вақтда Ваҳший уни кузатиб, найзаси билан зарб бериш учун вақт пойлаб турарди.
Келинг, бу воқеаларни баён қилиб беришни Ваҳшийнинг ўзига қўйиб бера қолайлик:
“Мен ҳабаший бир одам эдим. Ҳудди ҳабашиларга ҳос бўлганидек, найзам билан бирон нарсани мўлжалга олиб улоқтирсам, камдан-кам ҳолда хато қилар эдим. Икки томон Уҳуд ғазотида тўқнашган вақтда мен ҳам бирга чиқдим. Ҳамзани қидириб охири одамлар орасида ҳудди кул ранг туядек ажралиб туриб, жанг қилаётганига кўзим тушди. Қаршисидан чиққан кишини қиличи билан уриб, ер тишлатарди. Аллоҳга қасамки, мен уни ўлдириш учун тайёргарлик кўрган эдим. У менга яқинроқ келиши учун бир дарахтнинг орқасига яшириниб, пайт пойлаб турдим. Шу пайт мендан илгари Сибоғ ибн Абдул Уззо унга ташланди. Ҳамза уни кўриши биланоқ унга:
“Қани бери келчи, эй одамларнинг аъзоларини кесувчи” - деб, қиличи билан шартта унинг бошини кесиб ташлади. Шу пайт найзамни силкитиб, пайт пойлаб нишонга тегишига аниқ ишонч ҳосил қилгач, уни улоқтирган эдим, Ҳамзанинг киндиги остига кириб, икки оёқлари ўртасидан тешиб чиқди. Сўнг у менга ташланмоқчи бўлди, лекин ҳолдан тойиб йиқилиб жони узилди…
Унинг олдига бориб, найзамни суғуриб олдим. Сўнг жанг майдонини тарк этиб, аскарларнинг қароргоҳида ўтириб турдим. Сабаби, мен жанг қилиш учун келмаган эдим.  Фақатгина озод бўлиш учунгина Ҳамзани қатл қилгандим.”
Ваҳший ўз сўзини ниҳоясига етқазиб қўйиш учун унга яна бир оз қулоқ тутсак зарари йўқ деб ўйлайман:
“ Маккага қайтганимдан сўнг озод қилиндим. Росулуллоҳ Маккани фатҳ қилиб, унга кирмагунларича, мен Маккада яшадим. Сўнг Тоифга қараб қочдим. Қачонки Тоиф аҳли Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтириш учун Мадинага бир гуруҳ элчиларини жўнатгач, мен учун барча борадиган йўллар беркилди. Мен ўзимча:
“ Шомга ёки Яманга ёки бошқа бирор ерга бораман” - деб ўйладим. Аллоҳга қасам мен шуни ҳаракатида турганимда бир киши келиб менга деди:
“ Эй бечора, албатта Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўз динларига кирган бирор кишини қатл қилмайдилар”.
Сўнгра мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига, Мадинага бордим. У зотнинг кўзлари менга тушиши биланоқ , шаҳодат калимасини айтиб иймон келтирдим. Сўнгра менга дедилар:
“Сен Ваҳшиймисан?”
Мен:
“Ҳа ё Росулуллоҳ” дедим.
У зот:
“Қандай қилиб Ҳамзани ўлдирганингни менга айтиб бер” - дедилар. Бас, мен бўлган воқеани сўзлаб бердим. Сўзим ниҳоясига етказгач, менга дедилар:
“Эй бечора, юзингни мендан яширгин”.
 Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам то вафот этгунларига қадар, мени кўриб қолмасликлари учун у зотдан ўзимни олиб қочиб юрдим. Вақтики мусулмонлар Ямома соҳиби бўлган Мусайламатул Каззобга қарши жангга отланганларида мен ҳам Ҳамзани ўлдирган найзамни олиб, улар билан бирга чиқдим. Жанг бошлангач кўзим қўлида қиличини тутиб, тик турган Мусайламага тушди. Найзамни олиб унга улоқтирдим. Бас, найзам унга тегиб йиқилди.
Гарчи мен мана шу найзам билан инсонларнинг энг яхшисини қатл қилган бўлсамда, ҳудди шу найзам орқали инсонларнинг энг ёмонини ўлдирганим туфайли Аллоҳ мени мағфират қилади деб умид қиламан”.

*          *           *

“Аллоҳ ва Росулининг арслони” мана шундай шаҳидларнинг улуғи бўлган ҳолда вафот топди. Ҳаёти ҳам шовқин-суронли бўлгани каби, ўлими ҳам ҳудди шундай шовқин-суронли бўлди. Душманлари уни ўлдириш билан кифояланмадилар. Қандай қилиб кифояланиш ёки қаноатланиш ҳосил қилсинлар, ахир улар бу жанг учун бутун мол-давлатлари ва ҳамда эркагу аёлларини тўплаб, мақсадлари фақатгина Росулуллоҳ ва Ҳамзани қатл қилишдан ўзга нарса бўлмаса?
Абу Суфённинг хотини Ҳинд бинту Утба Ваҳшийга Ҳамза розиаллоҳу анҳунинг кўксини ёриб, жигарини келтиришни буюрди. Бас, Ваҳший бу қутурган аёлнинг рағбатини қондириб, унга ўнг қўли билан Ҳамзанинг жигарини узатиб, чап қўли билан Ҳинднинг зеб-зийнатларини олди. Ҳинд Ҳамзага нисбатан ғайри инсоний бу нафрат ва ғазабини қондириш учун, унинг жигарини чайнай бошлади. Аммо бу покиза инсоннинг жигари, унинг тишларига бўйсунмади. Натижада Ҳинд уни ютишга ожиз қолиб, оғзидан чиқариб ташлашга мажбур бўлди.
Шундай қилиб жанг ниҳоясига етди. Мушриклар туя ва отларига миниб шаҳид мусулмонларни кўмиш учун Маккага қайтиб келдилар. Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобийлар тепаликдан жанг майдонига тушдилар. Росулуллоҳ водийдаги Аллоҳ Таълога ўз жонларини сотиб,  эвазига Буюк Роббиларига қурбат(яқинлик) ҳосил қилиб, қурбон бўлиб ётган саҳобийларнинг юзларига бирма-бир тикилдилар.

Бирдан муборак юзларида қайғу ва алам аломатлари пайдо бўлиб кўзларидан ёш оқа бошлади. Қандай қилиб араб ҳалқи бу қадар жирканч ваҳшийликка қўл уриб, “Шуҳадоларнинг саййиди ва Аллоҳнинг арслони”  бўлган амакилар Ҳамза ибн Абул Мутталибнинг ўлик жасадини манна бу суратда тилка-пора қилганларига ақллари бовар қилмай қолди. Сўнгра муборак ёшлари билан жиққа ҳўл бўлиб кетган кўзларини Ҳамза разиаллоҳу анҳунинг жасадига тиккан ҳолда дедилар:
 “Ҳеч ким сиз каби ҳолатга тушмаган, ҳеч ҳачон мана бу каби, мен учун ёмон бўлган жойда турмаганман”.
Кейин эса асҳобларга қарата дедилар:
“Агар Ҳамзанинг синглиси София ҳафа бўламаганида ва ҳамда мендан кейин келадиганларга суннат бўлиб қолмаганида, унинг жасадини шундай ҳолда дафн қилмай, ҳатто йиртқич ҳайвон ва қушлар учун қолдирган бўлардим. . . Бордию бирор-бир жангда Аллоҳ мени Қурайш устидан ғолиб қилса, улардан ўттиз кишини мусла (жасадни тилка пора қилиш) қиламан”. 
Асҳоблар ҳам:
“Аллоҳга қасам, агар Аллоҳ кунларнинг бирида бизни уларнинг устидан ғолиб қилса, уларни шу қадар мусла қиламизки ҳали бирор араб уни кўрмаган” - деб ҳайқирдилар.
Аллоҳ таоло Ҳамза разиаллоҳу анҳуга шаҳидликни инъом этиб уни биринчи бор мукаррам этган бўлса, унинг ўлимини ҳам мукаррам этиб, адолатни ҳимоя қиладиган, ҳатто уқубат ва қасос вақтида ҳам раҳм-шавқатни вожиб ва фарз қилувчи буюк дарс учун фурсат қилди. Шундай қилиб Расуллуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтаётган таҳдид ва қасамларини тугатмай туриб, Аллоҳ таоло мана бу ояти карималарини нозил қилди:

 126.(Эй мўминлар), агар сизлар (ўзингизга етган бирон зиён-заҳмат учун) инти-қом олмоқчи бўлсангизлар, у ҳолда фақат сизларга етказилган зиён баробарида инти-қом олингиз. (Аммо) агар (интиқом олмай ) сабр-тоқат қилсангизлар, албатта сабр қилувчи кишилар учун (бу интиқом олмоқдан) яхшироқдир. 127. (Эй Муҳаммад, бу даъват йўлида сизга етган озор-азиятларга) сабр-тоқат қилинг. Ёлғиз Аллоҳ ёрдами билангина сабр қилишга қодир бўлурсиз. Уларнинг (яъни, мушрикларнинг динга кирмасликлари) устида маҳзун бўлманг. Уларнинг макру ҳийлаларидан сиқилманг ҳам! 128. Зотан, Аллоҳ тақводор бшлган ва чиройли амал қилгувчи зотлар билан биргадир.
Мана шу оятнинг, ҳудди шу маконда нозил бўлиши, ажр мукофоти Аллоҳнинг зиммасида бўлган Ҳамза розиаллоҳу анҳу ҳурматини янада зиёда бўлиши учун ёрқин далилдир.                                                                        

Жаноб Пайғамбаримиз саллаллҳу алайҳи васаллам Ҳамза розиаллоҳу анҳуни жуда қаттиқ севар эдилар. Юқорида зикр қилганимиздек, Ҳамза розиаллоҳу анҳу Пайғамбаримизга фақат амаки бўлибгина қолмай, балки эмикдош биродари, болаликдаги тенгқури ва ҳамда бутун умрлари давомидаги дўстлари ҳам эди.
Ҳамза розиаллоҳу анҳу билан видолашиш учун бирор сўз топа олмай, Жаноб Росулуллоҳ саллаллаҳу алайҳи васаллам  унга жангда шаҳид кетган мусулмонларнинг сони миқдорида, яъни етмиш марта жаноза намози ўқидилар.
Шундай қилиб жаноза ўқиладиган жойга Ҳамза розиаллоҳу анҳунинг жасади келтирилиб, Росулуллоҳ саллаллаҳу алайҳи васаллам ва барча саҳобийлар унга жаноза ўқидилар. У кишининг жасади жойида қолган ҳолда, ёнига иккинчи шаҳиднинг жасади келтирилди. Росулуллоҳ ва мусулмонлар у икковларига жаноза ўқидилар. Сўнгра  Ҳамза родиаллоҳу анҳунинг жасади жойида қолган ҳолда, ҳалиги иккинчи шаҳиднинг жасадини олиб кетиб, ўрнига учичи шаҳиднинг жасади қўйилди. Шундай қилиб, Росулуллоҳ саллаллаҳу алайҳи васаллам шаҳид кетидан шаҳид келиб Ҳамза родиаллоҳу анҳуга улар билан қайта-қайта жаноза ўқидилар. Мана шу куни Жаноб Росули Акрам саллаллаҳу алайҳи васаллам амакилари Ҳамза розиаллоҳу анҳу учун жами етмиш марта жаноза ўқидилар!

*          *         *

Росулуллоҳ саллаллаҳу алайҳи васаллам жангдан уйларига қайтиб кетаётиб йўлда Бану Абдил Ашҳал қабиласининг аёллари, шаҳид кетган эрлари учун йиғлаётганларини эшитдилар. Жанобимиз амакиларига бўлган муҳаббатлари чексизлигидан дедилар:
“Аммо Ҳамзанинг ортидан йиғлагувчиси йўқ…”
Бу сўзларни эшитган Саъд ибн Муоз Росулуллоҳ саллаллаҳу алайҳи васаллам аёлларнинг амакилари Ҳамза розиаллоҳу анҳу учун йиғлашларидан ҳушнуд бўладилар деб гумон қилиб, тезлик билан Бану Абдил Ашҳал қавмининг аёллари ёнига бориб, Ҳамза розиаллоҳу анҳу учун йиғлашларини буюрди. Бас, улар ҳудди шундай қилдилар. Росулуллоҳ саллаллаҳу алайҳи васаллам уларнинг йиғиларини эшитишлари биланоқ , ёнларига бориб дедилар:
“Мен буни қасд қилмаган эдим. Аллоҳ сизларни раҳм қилсин, уйларингизга қайтинг, бугунги кундан кейин йиғи бўлмайди.”
Қаттиқ изтиробда болган Пайғамбаримиз саллаллаҳу алайҳи васалламни кўнгилларини олиш учун асҳоблар Ҳамза розиаллоҳунинг анҳу буюк маноқибларини улуғлаб, у кишини мақтаб марсиялар ёза бошладилар.
Ҳамза розиаллоҳу анҳу муборак хотираларига янада ҳушбўйлик келтирган нарса, Росулуллоҳ саллаллаҳу алайҳи васаллам у кишининг жасади тепасида туриб айтган мана бу сўзлари эди:
“Аллоҳ сени раҳматига олсин. Албатта сен мен билгандай, силаи раҳм ва яҳшилик қилувчи инсон эдинг.”

*           *           *

Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Ҳамза розиаллоҳу анҳу вафоти туфайли кечираётган мусибатлари ниҳоятда оғир эди. Шу сабабли бу мусибатга сабр қилиб, тинчланиш ҳам ўта қийин кечди. Аммо тақдир Жаноб Росулуллоҳ саллаллаҳу алайҳи васаллам учун жуда гўзал бўлган сабр ва тасаллини заҳира қилиб қўйган эди.
Пайғамбаримиз Уҳуддан уйларига қайтиб кетаётиб, йўлда жангда отасидан, эридан ва акасидан ажралган Бану Дийнор қабиласига мансуб бир аёлнинг ёнидан ўтиб қолдилар. Ўша аёл жангдан қайтаётган мусулмонларга кўзи тушиши биланоқ , улар томонга югуриб келиб, жанг натижаси хусусида сўради. Мусулмонлар унга бу жангда отасидан, акасидан ва эридан ажралганини билдирдилар.
У аёл эса ҳис-ҳаяжон ва хавотир билан:
“Росулуллоҳ саллаллаҳу алайҳи васалламга ҳеч нарса қилмадими?” - деб сўради. Мусулмонлар:
“Алҳамдулиллаҳ, сен яхши кўрганингдек, у киши соғ-омонлар” - дедилар.      Ўша аёл:
“Менга Росулуллоҳ саллаллаҳу алайҳи васалламни кўрсатинглар” - деди. Мусулмонлар Росулуллоҳ саллаллаҳу алайҳи васаллам етиб келгунларича, аёлнинг ёнида бироз тўхтаб турдилар. Аёл вақтики, Росулуллоҳ саллаллаҳу алайҳи васалламни кўргач, у зотнинг ёнларига келиб деди:
“Сизга етадиган мусибатдан бошқаси биз учун у қадар оғир эмас”.

*           *            *

Ҳа, албатта…
Дарҳақиқат, бу Росулуллоҳ саллаллаҳу алайҳи васаллам учун энг гўзал таъзия билдириш ва у кишини ҳотиржам қилиш эди. Эҳтимол, бу сўзларни эшитган Жанобимиз ҳушнуд бўлиб, табассум қилгандирлар. Негаки бу ёруғ дунёда, бу қадар дўстлик ва фидойиликнинг тенги йўқ эди.
Бир заиф, мискин аёл, бир лаҳзада ҳам отаси, ҳам эри, ҳам акасини йўқотган. Сўнгра тоғларни ларзага келтирадиган бу хабарни эшитгач:
“Росулуллоҳ саллаллаҳу алайҳи васалламга ҳеч нарса қилмадими?” - деб ташвиш хавотир чекяпти!!!
Тақдир мана бу кўринишнинг суратини ва вақтини ниҳоятда гўзал қилдики, унда Жаноб Пайғамбаримиз саллаллаҳу алайҳи васаллам “Аллоҳнинг арслони ва шуҳадоларнинг саййиди” бўлган амакилари Ҳамза ибн Абдул Мутталиб учун айтилган таъзияларнинг ичида, ўзларини тинчлантирадиган энг чиройли тасалли сўзларини эшитдилар.


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио