Рижолун ҳавлар-расул

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

Cаъд ибн Аби Ваққос

Арслонни чангалида тутган инсон

     Умар ибн Хаттоб р.а.ни форс қўшинлари мусулмонларга қарши қилаётган кетма-кет хужумлари тўғрисидаги хабарлар безовта қила бошлади. Хусусан, Ироқ аҳли ўз зиммаларига олган мажбуриятларини бузуб, натижада тўрт мингдан ортиқ мусулмонлар ҳалок бўлган кўприк (Жиср) уруши хақидаги ҳабар Умар р.а.ни ниҳоятда ларзага солди. Умар р.а. форслар билан бўладиган ҳал қилувчи сўнгги жангда мусулмонлар қўшинига ўзи қўмондонлик қилишга қарор қилди. Аммо Мадина шаҳридан ҳали чиқишига ҳам улгурмай туриб, уни баъзи биродарлари қайтаришиб, бу муҳим иш учун бошқа бировни тайин қилишини  таклиф этишди. Абдурраҳмон ибн Авф мана шу фикрнинг асосчиларидан эди. У Ислом бошидан кечираётган бу муҳим кунларда мўминлар амирининг ҳаётини хатарга қўйиш тўғри йўл  эмаслигини барчага тушунтирди. Мўминлар амири Умар ибн Хаттоб мусулмонларни    шўро (маслаҳат) учун тўплашга амр берди. Бу шўрога Умар р.а. Али ибн Абу Толибни ҳам чорлади. Барча мусулмонлар Абдурраҳмон ибн Авфнинг қўллаб-қувватлаган холда, Умар р.а.ни Мадинага қайтишига келишиб, унинг ўрнига мусулмонлар қўшнига бошқа одамни қўмондон қилишга қарор қилдилар.
Умар р.а. бу фикрга қўшилиб улардан:  
          “Ироққа қўмондон қилиб кимни жўнатишни таклиф этасизлар?” - деб сўради. Мусулмонлар бироз сукут  сақлаб фикр қилдилар, сўнгра Абдурраҳмон ибн Авф бирдан :
          ”Мен топдим”  -  деб қичқириб юборди.
 Умар р.а:
          ”Ким экан у ?”  -  деб сўради.
Абдурраҳмон:
          “Арслонни чангалидан тутган инсон”... Саъд ибн Молик Аз-Зухрий” - деди. Мусулмонлар бу фикрни қўллаб-қувватладилар. Мўминлар амири Саъд ибн Молик Аз-Зухрийни, яъни Саъд ибн аби Ваққосни ўз ҳузурига чорлаб, уни Ироққа амир ва қўшинга қўмондон қилиб  жўнатди.                                                                                                         
           “Арслонни  чангалида тутган инсон” ким ўзи?     
            Асҳоблар орасида ўтирган Пайғамбар АС.нинг хузурларига бориб, салом берган вақтда Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом  ҳазил қилиб асхобларига:
            “Мана бу менинг тоғам . Қани биронтангиз менга ўз тоғасини кўрсатсинчи!”- деб айтадиган инсон ким ўзи ?
          Албатта, у Саъд ибн аби Ваққос р.адир. Унинг бобоси Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом оналари Оминанинг амакиси, Ухайб ибн Манноф эди. Саъд 17 ёшида Ислом динини қабул қилди. Ва у энг аввалги мусулмонлардан бўлиб, ўзи ҳақида шундай дейди:
       “. . .   ўша кунларда мен уч мусулмоннинг бири эдим”.     
Яъни, у Ислом бағрига шошилиб иймон келтирган энг аввалги уч мусулмоннинг бири бўлган эди . Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом яккаю-ёлғиз Аллоҳ Таъло ва ҳамда янги дин хақида сўзлай бошлаган кунларнинг аввалида ва ўзлари билан мусулмонлар учун Арқам ховлисидан панох топиб, аста секин инсонлар у кишига иймон келтирмасларидан илгари, Саъд ибн аби Ваққос мусулмон бўлиб улгурган эди.
         Тарих ва сийрат китобларининг таъкидлашича, Саъд ибн аби Ваққос Абу Бакр мусулмон бўлганидан кейин, хусусан унинг даъвати натижасида Исломни қабул қилганлардан биридир. Балки, у Абу Бакрнинг сўзидан қаноатланиб Исломни қабул қилган, Усмон ибн Аффон, Зубайр ибн Аввом, Абдураҳмон ибн Авф ва Талха ибн Убайдуллоҳлар билан бирга ўз Исломини эълон қилган бўлса ажаб эмас.
          Саъд ибн аби Ваққос хар бир инсон мақтаниб, фахрланса арзигулик хусусиятларнинг кўпчилигидан насибадор эди. Аммо шунга қарамай, у фазилатларининг фақатгина иккитаси билан ниҳоятда фахрланар эди. Биринчиси, Саъд ибн аби Ваққос Аллоҳ йўлида биринчи бўлиб камон отган киши эди. Иккинчиси,  Пайғамбар АС ота-оналарини  у учун фидо қилишга тайёр бўлган ягона инсон бўлган эди.
Уҳуд куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом  унга:
         “Отгин эй Саъд. . . Ота-онам сенга фидо бўлсин” -  деган эдилар.
Ҳа, албатта, у мана шу икки буюк фазилатини доим такрорлаб, бу неъматга эриштирган Аллоҳга шукроналар изҳор қилар эди. У:
          “Аллоҳга қасамки мен араблардан биринчи бўлиб Аллоҳ йўлида камондан ўқ узган кишиман” -  дерди.
Али ибн Абу Толиб р.а. деди:
          “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом ўз ота-оналарини фидо қилишга тайёр бўлган Саъд ибн аби Ваққосдан ўзга кишини билмайман. Мен Уҳуд куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассаломнинг бундай деганларини эшитдим:
           “Отгин эй Саъд. . . Ота-онам сенга фидо бўлсин”.
Саъд ибн аби Ваққос мусулмонларнинг ва арабларнинг энг жасур чавандозларидан бири ҳисобланарди. Унинг икки қуроли мавжуд бўлиб, биринчиси камонининг ўқи бўлса, иккинчиси дуоси эди. Қачонки жангда душманга қараб ўқ узса, ҳато қилмасди. Ва қачонки Аллоҳга дуо қилса, дуоси ижобат бўлар эди. Бундай хусусиятларга эга бўлишининг сабабини ўзи ва биродарлари Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассаломнинг  унинг ҳаққига қилган дуолари билан боғлашарди. Кунларнинг бирида Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом Саъддан кўзларини қувонтириб, у кишини ҳурсанд қиладиган нарсани кўриб, унинг хаққига мана бу дуони қилдилар:
           “Аллоҳим унинг ўқларини тўғрилаб, дуосини ижобат қил.”
Шундай қилиб, у дўсти-биродарларининг орасида дуоси қилич каби ўткир инсон бўлиб танилди. У бирор бир кишининг хаққига унинг ишини Аллоҳга ҳавола этган ҳолда дуо    қилмасин, магарам Аллоҳ дуосини ижобат қилар эди. Бу хусусида Омир ибн Саъд айтади.     
         “Саъд ибн аби Ваққос Али, Талҳа ва Зубайрни ҳақорат қилиб сўкаётган кишини кўриб қолди. Бас , ҳар қанча уни қайтармасин, у киши сўзидан тўхтамади. Шунда Саъд унга:
         “Ундай бўлса сени дуои баъд қиламан “  - деди.
У киши:
         «Нима сен пайғамбармидинг менга таҳдид қилаяпсан?”  -  деди. 
Саъд бориб таҳорат олиб икки ракаат намоз ўқиди , сўнгра қўлларини самога кўтариб:
         “Аллоҳим, албатта, сен мана бу киши, ўзинг тарафингдан яхшилик ва ҳидоятга эришган инсонларни  ҳақорат қилаётганини кўриб турибсан . Албатта, у киши бу зотларни хақорат қилиб, сени ғазаблантирди. Бас , унга ўзингнинг оят-ибратингни кўрсатгин” - деб дуо қилди.
Озгина фурсат ўтмай туриб, бир ҳовлидан катта қутурган, баҳайбат туя чиқиб, инсонлар тўдасининг орасига кириб кетди. Ҳеч ким уни тўхтата олмади. У гўё бир нарсани излаётгандай эди. Сўнгра бояги кишига ташланиб, уни ерга қулатди. Кейин эса , оёқлари билан янчиб, ўша кишини ўлдирди.
         Дуоси ижобат бўлиши каби бу манзарадан биз унинг руҳининг поклиги, иймонининг ростлиги ва ихлосининг чуқурлигини билиб оламиз. Саъд доим тақвосини фақатгина ҳалол луқма ейиш билан қувватлаб турар эди. Бас, у шубҳанинг бирор асари бўлган ҳар бир дирҳамдан ўзини қаттиқ тияр эди. Саъд ҳаётини яшаб, ҳатто мусулмонлар орасида энг бой-бадавлат инсонлардан бирига айланди. У вафот этганда, ортидан жуда катта бойлик қолдирган эди. Шу билан бирга камдан-кам ҳолатда  мол-давлат бир вақтнинг ўзида ҳам кўп, ҳам ҳалол бўлишига қарамай, Аллоҳ Саъдга ҳам ҳалол, ҳам ниҳоятда кўп мол-дунё ато этган эди. Садақа қилиш бобида у барчага устоз бўлди. Аллоҳ йўлида инфоқ-эҳсон қилиш қобиляти ҳудди ҳалол ва пок мол давлат тўплаш қобиляти каби, кўпинча эса, ундан ҳам зиёда бўлар эди.                                                                                                                                   
          Бу воқеъа Ҳажжатул ваъдода бўлган эди. Саъд қаттиқ касал бўлиб қолди. Унинг ҳузурига Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом зиёрат қилиш учун кирганларида, Саъд Жанобимиздан сўради:
        “Йа Расулаллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом мен бадавлат кишиман, биргина қизимдан ўзга меросхўрим йўқ , шунинг учун молимни учдан иккисини садақа қилайми?”  Набий  саллаллоҳу алайҳи вассалом:
        ”Йўқ “-дедилар.
Саъд:
       ”Ярмисиничи?” - деб сўради .                                         .
Расулуллоҳ  саллаллоҳу алайҳи вассалом:  “Йўқ” - дедилар .                                       .
Саъд:
        ”Учдан бириничи?” - деди.                                         
Расулуллоҳ  саллаллоҳу алайҳи вассалом:
        “Ҳа, майли, аслида учдан бири ҳам кўп. Албатта, сен ўз меросхўрларингни қашшоқ ва одамлардан тиланадиган ҳолда қолдиришингдан, уларни бой-бадавлат қилиб қолдиришинг афзалдир. Албатта Аллоҳнинг юзини истаб қилган садақотигнинг ҳар бирига ажр оласан. Ҳатто, ўз аёлингнинг оғзига солган луқмангга ҳам ажрланасан” –дедилар.                                                                                                                                                     
         Саъд Аллоҳдан қўрқиб жуда кўп кўз ёш тўкар эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом уларга ваъз насиҳат қилган пайтларида, унинг кўзларидан шу қадар ёшлари тўкилиб йиғлар эдики, ҳатто кўкси жиққа ҳўл бўлиб кетар эди. Бир куни Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом асҳоблари билан ўтирган эдилар, бирдан кўзларини уфққа қаратиб бироз сукут сақлаб қолдилар. Сўнгра атрофдаги асҳобларига дедилар:          
       “Ҳозир жаннат аҳлидан бўлган инсон сизнинг ҳузурингизга кириб келади”.
Асҳоблар бу сўзни эшитиб, барчалари кўзларини эшик томонга қаратган ҳолда, бу улкан улуш эгаси бўлган бахтли инсон ким эканлигини интизорлик билан кута бошладилар. Бироз фурсат ўтгач, уларнинг ҳузурига Саъд ибн Аби Ваққос р.а. кириб келди. Ҳатто, шу ҳолат уч кун қаторасига такрорланди. Шу ҳодисалардан кейин Абдуллоҳ ибн Амр ибн ал-Ос р.а. Саъд ибн Аби Ваққосга мақсадини билдирмай, уни Аллоҳга яқинлаштириб, бу улкан мукофотга эриштирган қандай амаллари борлигини билишлик учун, Саъддан уйида уч кун тунашга ижозат сўради. Қараса, барча мусулмонлар қилаётган ибодатдан сира ҳам ортиқ эмас экан.   Сўнгра Абдуллоҳ  Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассаломнинг башоратларини Саъдга айтиб, бу юксак мукофотга етиштирган қайси амали борлигини ундан сўради.
Саъд эса:
       “Барча инсонлар қилаётган ибодат ва амаллардан ортиқ ҳеч нарсам йўқ. Аммо, мен ҳеч қачон бирон бир мусулмонга нисбатан хасад ва адоват  қилмайман”  -  деди.
         Бу Абдурраҳмон ибн Авф васф қилганидек,” Арслонни чангалидан тутган инсон”дир.
Бу зот  буюк  Қодисия куни учун Умар р.а.. уни танлаган инсон бўлади. Саъднинг юқоридаги барча гўзал фазилатлари Умар р.а. нинг кўз ўнгида намоён бўлиб, уни мусулмонлар ва Ислом рўбарў бўлган энг оғир ва муҳим вазифа учун ихтиёр этишига сабаб бўлди.
        Албатта у, яъни Саъд, дуоси ижобат бўладиган зотдир. Агар Аллоҳдан нусрат сўраса,  шубҳасиз Аллоҳ унга нусратни беради.
        Албатта у,  покиза тил ва пок қалб эгасидир.
        Албатта у, Бадр, Уҳуд ва бошқа барча иштирок этган ғазотларнинг чавандозидир.
Унинг яна бошқа бир хусусияти бор эдики, Умар уни сира ҳам  унитмаган ва унинг аҳамияти  ва қийматидан ҳечам ғафлатда бўлмаган эди. Бу хусусият Саъднинг иймонини қатъийлигидан иборат эди. Саъд  ибн Аби Ваққос иймон келтириб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассаломга эргашган кундан бошлаб,  у билан онаси ўртасидаги  бўлиб ўтган келишмовчиликлардан  Умар р.а. хабардор эди. Саъднинг онаси ўғлини Исломдан қайтаришга бўлган урунишлари пучга чиққач, шундай чорага қўл урдики,  уни эшитган барча инсонлар Саъднинг руҳи чекиниб, қатъийлиги кетиб , ўзи эса, яна бут-санамларга ибодат қилишга қайтади деб гумон қилиши мумкин эди. Унинг онаси токи Саъд қовмининг ва ота-бобосининг динига қайтмагунича таом ейиш ва сув ичишдан бош тортишини эълон қилди. Онаси шундай қатъийликда ўз ниятида давом этдики, ҳатто бунинг натижасида ҳалок бўлишга ҳам тайёр эди. Лекин шунга қарамай, Саъд бунга эътибор қилмаган холда, ўз иймонини ва динини ҳеч нарса эвазига, ҳатто ўша нарса онасининг ҳаёти бўлса ҳам, сотмаслигини билдирди.    Қачонки, онасининг ҳоли оғирлашгач, Саъднинг қариндошлари уни онаси  билан видолашишига чорлаб, шояд қалби юмшаб, онасининг райини қабул этса, деб умид қилишди.
№4.Саъд етиб келди ва тошни ҳам эритиб юборадиган манзарани кўрди. Аммо унинг Аллоҳ ва росулига бўлган иймони ҳар қандай тошдан ҳам махкамроқ , ва ҳар қандай пўлатдан пишиқроқ эди. Онасига яқинроқ келиб деди:
         “Биласизми, эй онажон, агар сизнинг юзта жонингиз бўлиб, барчаси бирма-бир чиқиб кетаётган бўлса ҳам, мен мана бу динимни хеч нарса эвазига тарк этмайман... бас, ҳоҳласангиз таомланинг, ҳоҳламасангиз таомлангманг!!!”          Она ўз ниятидан қайтиб, яна таомлана бошлади. Шудан  сўнг Саъднинг бу тутган йўлини мақтаб ва қувватлаб Аллоҳ Таоло қуйидаги оятни нозил қилди.    
       14.Биз инсонга ота-онасини(рози қилишни) амр этдик. Онаси уни    заифлик устига заифлик билан (қорнида) кўтариб юрди. Уни (кўкракдан) ажратиш (муддати) икки йилда ( битар).(Биз инсонга  буюрдикки), “Сен менга ва ота-онангга шукр  қилгин!  Қайтишлик менинг ҳузуримгадир!”                                                    
       15.Агар улар(яъни ота-онанг)сени ўзинг билмаган нарсаларни Менга шерик қилишга зўрласалар, у ҳолда уларга итоат этма! Уларга (гарчи кофир бўлсалар-да,) дунёда яхши муомалада бўлгин  ва ўзинг Менга тавба қилган кишиларнинг йўлига эргашгин! Сўнгра (яъни, қиёмат кунида) қайтишлик Менинг ҳузуримгадир, бас, сизларга қилиб ўтган амалларингизнинг хабарини берурман”.                         
    
       Унинг “Арслонни чангалидан тутган инсон” эканлиги ҳақ  эмас  эканми?                    
       Демак, мўминлар амири юз мингдан зиёд тиш-тирноқларигача қурролланган форс қўшинига зарба бериш учун Қодисия жангининг байроғини Cаъд ибн Аби Ваққоснинг қўлига топширди. Ўша пайтда форслар ер юзидаги энг дахшатли ва кучли қурол-яроғларга эга бўлиб, қўшинларини эса  уруш илмини энг яхши билувчи ва энг айёр киши бошқарарди.
Ҳа... Саъд мана шундай дахшатли қўшинга қарши ўттиз мингдан зиёд бўлмаган аскарларига   бош бўлиб чиқди. Мусулмонларнинг қўлларида қилич ва найзаларидан бўлак ҳеч нарсалари йўқ эди. Аммо қалблари  дин шакллантирган иймон, ҳамда ўлим ва шаҳидликка завқ-шавқ бирла тўлиб тошган эди. Ҳали икки томон бир-бирлари билан тўқнашмасдан илгари Саъд мўминлар амири Умар р.а.нинг насиҳат ва маслаҳатларини кутиб интизор бўлиб турарди. Шу аснода Умарнинг хати етиб келди. Унда мўминлар амири Саъдни форсларнинг эшиги бўлган Қодисияга шаҳрига боришини амр қилиб, унинг қалбини нур ва ҳидоятдан иборат бўлган қуйидаги калималар билан руҳлантирди:                                             
  
”Эй Саъд ибн Суҳайб... сени одамлар “Росуллуллоҳнинг тоғаси ва саҳобийси” дейишлари мағрурлантириб, Аллоҳдан алдаб қўймасин. Чунки бир инсон бшқасидан Аллоҳнинг наздида фақат ибодати билан афзал бўлиши мумкин. Инсонларнинг юксак ва паст табақаликлари Аллоҳнинг ҳузурида баробардирлар. Аллоҳ уларнинг роббилари, улар эса унинг бандаларидирлар. Фақат тақволари туфайли бир-бирларидан устун бўлишлари мумкин. Ва тоатлари билан Аллоҳнинг ҳузуридаги неъматларга етиша оладилар. Росуллуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом пайғамбар этиб жўнатилган кунларидан, то бизни тарк этгунларига қадар қандай йўл тутганларини кўрган бўлсанг, ўшани ўзингга лозим  тутгин”. Сўнгра яна хатини давом эттириб деди:                                         
         “Менга тамомий ахволларингиз хусусида ёзиб юбор. Қандай етиб бординглар? Душман сизлардан қанча масофада?  Хатинг орқали худди сизларни кўриб тургандай бўлай” .                                                                                                 
          Саъд мўминлар амирига хат ёзиб, унга ҳар бир мавқифни ва ҳар бир аскарнинг ўрнини аниқ ва равшан кўрсатиб берди.                                  
          Шундай қилиб Саъд Қодисия шаҳрига етиб келди. Форсларнинг қўшинлари уруғ-уруғ, қабила-қабила бўлиб саф тортдилар. Илгари ҳеч ҳам бу каби саф тортмаган эдилар. Уларнинг қўшинларини ораларидаги энг машҳур ва энг кучли бўлган Рустам исмли қўмондон бошқарар эди.                                                  
       Саъд мўминлар амирига хат ёзиб , қуйидаги жавобни олди :                                  
      “Форслардан эшитаётган ва кўраётган ҳамда улар ўзлари билан олиб келаётган куч-қувват ва қурол яроғлар сени сира хафа қилмасин. Аллоҳдан мадад сўраб, Унинг Ўзига суянгин . Рустамнинг ҳузурига обрў-этиборлик кишилардан бир гуруҳини юборгинки, улар Рустамни Аллоҳнинг динига даъват этсинлар.....Ҳар куни менга хат ёзиб тур....”                                                              
        Саъд эса Умарга қуйидаги хатни жўнатди :
       “Рустам қўшинларини тўплаб , ўзи билан бирга отлар ва филларни етаклаб , биз томон бостириб келяпти”.
Умар ибн Хаттоб р.а. Саъдни хотиржам қилган ҳолда унга йўл кўрсатиб,жавоб мактубини йўллади. Албатта, Саъд Росулуллоҳнинг саллаллоҳу алайҳи вассаломнинг  тоғалари ва Исломга дохил бўлганлар-нинг аввалгиларидан, ҳамда барча ғазовот ва жангларнинг қаҳрамони бўлиб келган довюрак ва закий чавандоз эди. Тарихда бўлиб ўтган буюк жангларнинг бири бўлмиш мана бу Қодисия жангида Саъд ҳудди оддий аскарга ўхшаб қўшиннинг олди сафидан жой олиб , ҳеч қандай бошлиқлик ва саркардалик ғурури бўлмаган ҳолда жанг қилишга ҳозирлик кўра бошлади.У ҳар куни ўзидан узундан-узоқ масофа, яъни Мадинада бўлган мўминлар амири билан мактуб алмашиниб турар, ҳамда буюк жанг арафасида Умар р.а.дан қимматли маслаҳат ва насиҳатларни қабул қилиб борарди.
      Сабаби, Саъд аниқ билар эдики, Мадинада турган мўминлар амири бу кўрсатма ва қарорларни бир ўзи қабул этмай, балки Расулуллоҳ   саллаллоҳу алайҳи вассалом нинг энг яхши ва кибор саҳобалари билан маслаҳатлашар эди. Шунинг учун Саъд ибн Аби Ваққос вазият кескин бўлишига қарамай , ўзини ва барча мусулмон жангчиларини “шўро” (мўминларнинг маслаҳат мажлиси) баракоти ва фойдаларидан маҳрум этишни истамади. Айниқса, бу маслаҳатларнинг бошида буюк илҳомлантирувчи Умар р.а. бўлганидан кейин қандай қилиб Саъд ўзини ва қўшинини бу баракотдан маҳрум этсин.
*   *   *
         Саъд Умар р.а. васиятига амал қилган ҳолда форсларнинг қўмондони Рустамнинг ҳузурига уни Исломга чақириш учун мусулмонлардан бир неча нафарини юборди .
Мусулмон элчилари билан форс қўмондони ўртасида суҳбат қизиб кетди. Мусулмонлар охири сўзларини мана бу калималар билан якунладилар :         
       “Албатта Аллоҳ таоло Ўзининг хохлаган бандаларини бутпарастликдан тавҳидга, дунё торлигидан охират кенглигига ва ҳокимларнинг зўровонлигидан    Исломнинг адолатига биз мусулмонлар орқали чиқаришликни ихтиёр этди. Кимки бу нарсаларни биздан қабул этса , биз ҳам ундан рози бўлиб ,  ортимизга қайтамиз. Кимки биз билан жанг қилишни истаса, то Аллоҳ бизга ваъда қилган нарсага етишгунимизча жанг қиламиз”.
Рустам сўради :     “Аллоҳнинг сизларга берган ваъдаси нима экан?
Бир саҳообий жавоб бериб :
         “Шаҳидларимиз учун жаннат,  тирикларимиз учун ғалабадир” – деди.    
Икки томон бир бири билан келиша олмаганидан сўнг, элчилар Саъднинг ҳузурига қайтиб , жанг бўлиши муқаррар эканлигини хабарини бердилар.
Саъднинг кўзлари ёшга тўлди. Сабаби, у жанг бироз кейинроқ ёки бироз аввалроқ бўлишлигини ҳоҳлаган эди.  Ҳозирги кунда у қаттиқ бетоб бўлиб қолиб, касали уни ҳолдан тойдирган эди. Бутун баданини яралар қоплаб, ҳатто ўтиришга ҳам қодир бўлмай қолган эди. Яна шу билан биргаликда бу шафқатсиз жангда отига миниб қатнашишга ҳам қодир эмас эди. Агарда жанг бетоб бўлишидан аввал ёки соғайиб кетганидан сўнгра бошланганда, албатта Саъд бу жангда буюк жасорат кўрсатган бўлар эди. Энди ҳозирчи?... Бироқ , ундай эмас. Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом уларни “агар” дейишликдан қайтарган эдилар. Чунки “агар” сўзи бу ожизлик белгисидир. Кучли мўмин эса ожиз қолмай, албатта бирор чора топади. Шу аснода “Арслонни чангалидан тутган инсон” ётган ўрнидан бир амаллаб кўтарилгач, мусулмонларга хитоб қилиб, сўзларини мана бу ояти карима билан бошлади:
105. Биз Зикрдан сўнг Забурда: “Албатта, ерда фақат Менинг солиҳ бандаларим ворис бўлурлар”,- деб ёзиб қўйгандирмиз.
          Хутбани тугатгач, қўшин билан бирга пешин намозини ўқиди. Сўнгра қўшинга юзланиб тўрт бор “Аллоху акбар” деб такбир айтди. Унинг кетидан мусулмонлар ҳам бараварига такбир айтганларида , осмонлар ларзага келиб кетди. Сўнгра Саъд қўлини чўзиб, душман тарафга ишора қилган ҳолда , аскарларга нидо қилди :
        “Аллохнинг баракотига кетдик!”
          Саъд ўзи жойлашган уйнинг тепа қаватидаги очиқ айвонга чиқиб, шу жойни қўмондонлик маркази қилиб олди. Бу айвонда зўрба-зўр ёстиққа суянган ҳолда ўтирар, деворнинг ҳамма тарафи эса , очиқ-ойдин душманга кўриниб турарди. Форслар томонидан қилинадиган озгина хужум ҳам Саъдни ҳалок қилиши мумкин эди . Лекин у сира ҳам бу холатдан қўрқмай, жангни бошқариб турарди. Яралари бутун танасини қоплаб, оғриқ бераётган бўлсада, у бунга парво қилмай, айвондан туриб такбир айтиб, ўз қўшинларига нидолар қилиб турди. Сафнинг бу томонидаги жангчиларга :“ Ўнг томонга яқинроқ келинглар”  дер” , у     томонда турганларга эса , “чап томонингиздаги очиқ қолган масофани беркитинг” .  “Эй Муғира душман олдиндан келяпти. Эй Жарир ортинга қара. Нўъмон қиличинг билан ур. Эй Мухаммад АС асҳоблари олдинга....!!!” -  деб ҳайқирар эди .    
Ният ва қатъийятнинг қуввати туфайли унинг товуши жаранглаб чиқар , ва бу орқали ҳар бир жангчини катта қўшинга айлантирар эди .
     Форс қўшинлари ҳудуди чайқалган  пашшалардек қуладилар . Улар   билан биргаликда бут-санам ва оловга ибодат қилиш ҳам шу каби қулади...!!! Мағлуб бўлган форс қўшинларининг қолдиқлари, қўмондонлари ва энг жасур жангчилари бўлмиш Рустамнинг ҳалок бўлганини кўриб ҳар қаёққа қочиб, тарқалиб кетишди. Мусулмонлар уларни “Нахованд” шаҳригача таъқиб қилиб келдилар, кейинчалик “Мадоин”га хужум қилиб , Форс подшоҳи бўлган Кисронинг сарой ва олтин тожини ғанимат қилиб олдилар.”
Мадоин” шаҳридаги жангда Саъд юксак қахрамонлигини намоён этди . ” Мадоин” жанги “Қодисия” жангидан кейин тахминан икки йил орасида бўлиб ўтган эди . Бу оралиқда мусулмонлар ва форслар ўртасида кичик-кичик тўқнашувлар, то форс қўшинларининг ҳаммаси Мадоин шаҳрига келиб, ҳал қилувчи жангга тайёрлангунларига қадар давом   этиб турди.
 Саъд қараса вақт душманинг фойдасига ишлаяпти . Шунинг учун фурсатни бой бермай, хужумга ўтишга қарор қилди . Лекин қандай қилиб, ахир у билан душман орасини тўлиб-тошиб оқаётган Дажла дарёси тўсиб турибдику? Мана шу ўринда довюрак Саъд уни Абдурахмон ибн Авф бежиздан  “Арслонни чангалида тутган инсон “ - деб васф қилмаганини исбот этди. Албатта Саъднинг  иймони ва қатъияти хатарни олдида бош эгмай, ниҳоятда иложисиз ва қийин бўлган буюк мардликка интила бошлади.
       Шундай қилиб Саъд аскарларига  Дажла дарёсидан сузиб  ўтишни  амр қилди. Аввалига дарёнинг кечиб ўтиш мумкин  бўлган  бехатар ва саёзроқ  жойини топиб олинди. Кечиб ўтиш амалиёти бошланмасидан илгари  Саъднинг ҳаёлига мусулмонлар  сузиб ўтадиган  нариги  қирғоқ  хавфсизлигини таъминлаш фикри келди. Чунки нариги қирғоқда форс  қўшинлари тиш-тирноқларигача қуролланиб, мусулмонлар билан жанг қилишга ҳозирланиб турган эдилар. Шу аснода у иккита бир-биридан алоҳида бўлган қўшинни жиҳозлади. Биринчи қўшинга  “қўрқинч лашкарлари”  деб ном берилиб, Саъд унга Осим ибн Амрни амр этиб тайинлади. Иккинчи қўшиннинг номи “гунг қўшин” бўлиб, унга Қаъқо ибн Амр бош этиб тайинланди. Бу икки қўшин жангчиларининг вазифалари дахшатни ичига кириб, ортларидан сузиб ўтадиган  жангчилар учун хавфсиз  бўлган макон ҳозир қилиш эди. Бу вазифани улар ҳайратга соларли  равишда моҳирлик билан уддалай олдилар. Мана шу кунда Саъднинг  режаси шу қадар ўнгидан келдики,  бутун тарихчилар унга лол қолдилар. Бу ғалаба Саъднинг ўзини ҳам, жангда иштирок этган биродари Салмон Форсийни ҳам ҳайратга солди. Салмон ҳайратланиб, кафтини-кафтига урган ҳолда, бениҳоя хурсандлик билан деди:
        “Албатта Ислом буюкдир. Аллоҳга қасамки, худди қуруқлик унга бўйсунганидек, денгизлар ҳам бўйсунди. Салмоннинг жони қўлида бўлган зотга қасамки, мусулмонлар дарёга қай ҳолда гуруҳ-гуруҳ бўлиб шўнғиган бўлсалар, худди шу ҳолда гуруҳ-гуруҳ бўлиб ундан сузиб чиқдилар”.
        Ҳа...Худди шундай бўлган эди . Мусулмонлар қандай қилиб Дажла дарёсига тўп-тўп бў-либ ташланган бўлсалар, яна ўшандай тўп-тўп бўлиб бирор-бир аскарни ҳам йўқотмай, балки форсларнинг қалбларига қўрқинч солган ҳолда сувдан чиқдилар. Дарёдан кечиб ўтаётган пайтда аскарларнинг бири ўз камон ўқларини қўлидан  чиқариб юборди. Барча мусулмонлар орасида ўқдонини йўқотган ёлғиз мусулмон бўлиб қолишни оғир санагани туфайли,  зудлик
 билан бошқа мусулмонларни ёрдамга чақириб, ўқдонини сувнинг тубидан тортиб чиқаришга ёрдам беришларини сўради. Шу пайт катта бир тўлқин  келиб унинг ўқдонини баъзи мусулмонлар сузиб ўтаётган томонга оқизиб юборди. Улар эса  уни дарҳол ушлаб олдилар.
       Тарих ривоятларининг бири бизга Дажладан сузиб ўтиш ҳолатини шундай ҳикоя қилади:
      “Саъд мусулмонларга  “Ҳасбуноллоҳу ва неъмал вакил” - дейишликни буюрди. Сўнгра  Дажлага отини минган ҳолда тушди. Унинг кетидан мусулмонлар ҳам сувга отилдилар. Улардан ҳеч бирлари иккиланмай ва ортда қолмай ҳаракат қилдилар. Улар сувда икки томонни тўлдириб, худди ер устида ҳаракат қилаётгандай кета бошладилар. Чавандоз отлиқ ва пиёда аскарларнинг кўплигидан сувнинг бети кўринмас эди. Аскарлар худди ер устида кетаётгандай, сувнинг устида ҳам хотиржам гаплашиб кетардилар .Бунинг сабаби, улар Аллоҳнинг нусрати, кўмаги ва ваъдасига чуқур ишонч ҳис қилиб,хотиржам бўлганликларидан эди.
       Умар р.а. Саъдни Ироққа валий этиб тайинлагач, у ерни мусулмонлар учун обод қилишга жўнаб кетди. Кўфа шахрини бунёд қилди. Ва мана шу кенг ва катта юртда Ислом қоидаларини ўрнатди.
Бир куни  Кўфа аҳли мўминлар амири Умар р.а.га  Саъднинг устидан  шикоят қилди.Уларнинг исёнкор  табиатлари  қўзғаб, нотўғри бўлган кулгили гумонларини  ошкор этдилар. Улар:
       “Саъд яхшилаб намоз ўқишни билмайди” – деб шикоят қилдилар.
Бу шикоятни эшитгач, Саъд кулимсираб,сўнгра деди:                                          
        “Аллоҳга қасамки, мен уларга Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом  ўқиган намозларини ўқиб беряпман. Аввалги икки ракаатни узунроқ , қолган иккисини қисқароқ қиляпман”.
Умар р.а ғазаб қилмаган холда , уни Мадинага чорлади. Вақтики Умар р.а уни Кўфага яна қайтармоқчи бўлганида , Саъд кулиб деди:
       ”Мени, “намоз ўқишни билмайди “ - деб гумон қилган қовмнинг ҳузурига  қайтиб боришга    буюряпсанми  ???!!”                                                                           
Саъд ибн Аби Ваққос Мадинада қолишни ўзига афзал билди .
        Мўминлар амири Умар р.а га суйиқасд уюштирилганидан сўнг , у Расулуллох саллаллоҳу алайҳи вассаломнинг  асҳобларидан олти кишини янги халифа тайин қилиш вазифасини топшириш учун ихтиёр этди . Умар р.а деди :
       ” Мен Росулуллох саллаллоҳу алайҳи вассалом рози бўлган олти кишини танладим “  .
 Улар орасида Саъд ибн Аби Ваққос ҳам  бор эди . Балки ,Умарнинг охирги сўзларидан маълум бўладики , агар у асҳоблардан бирор кишини халифа қилиб танламоқчи бўлганида , албатта Саъдни  ихтиёр этган бўларди  ...Умар р.а асхобларига васият қилиб , улар билан видолашиб деди :
        “Агар Саъд халифа этиб тайинланса, шундай бўла қолсин . Агар ундан бошқаси халифаликка тайин қилинса , Саъдга таянсин “.
         Саъд узоқ умр кўрди . Катта фитналар келганда , ўзини улардан четга олибгина қолмай , балки ахллари ва фарзандларига бу фитналар хусусида унга ҳеч қандай хабар келтирмасликларини буюрди . Бир кун жияни Хишом ибн Утба ибн Аби Ваққос унинг ёнига келиб деди :
         “Эй амаки , мана бу ерда юз минг қилич сизни халифаликка энг лойиқ инсон эканлигингизни кўряпти ”.
Саъд унга :
       “ Мен ўша юз минг қиличдан кўра , ўзимнинг биргина қиличимни афзал кўраман . Агар у билан мўминни урсам ўтмайди , агарда у билан кофирни урсам , бошини кесади ” -  деб жавоб берди .
Амакисининг нияти ва хохишини тушунган жиян , уни тинч қўйди . Қачонки бу фитналар тугаб , ҳукумронлик Муовиянинг қўлига ўтгач , Муовия Саъддан сўради :
       “Сенга нима бўлди , биз билан бирга жанг қилмадинг ?“  
Саъд унга қуйидагича жавоб қилди :
     “ Мен йўлда кетаётган эдим. Бирдан қаттиқ шамол кўтарилди . Мен “аҳ, аҳ”- деб , туямни чўктириб , ундан ерга тушсам , туям ёнимдан кетиб қолди ”.( Яъни,  у фитнани “шамол” деб атаб , “фитна тарафга қараб туям юришни истамай кетиб қолди”- демоқчи.)
 Муовия деди :
“ Аллоҳнинг китобида “аҳ-аҳ” - деган сўз йўқ..... Лекин Аллоҳ Таъоло шундай деган:        9.Агар мўминлардан икки тоифа ўзаро урушиб қолсалар, дарҳол улар ўртасини ислоҳ қилинглар!

Муовия сўзида давом этиб: 
      “Сен адашган қавм билан адолатли қавмга қарши ҳам жанг қилмадинг , ва на адолатли қавм билан биргаликда адашганларга қарши урушмадинг” – деди.
Саъд унга:
       “Мен Али ибн Абу Толибга қарши жанг қилмайман . Чунки Росулуллох саллаллоҳу алайҳи вассалом унга :
       “Сен менга Мусо  ёниидаги Хорун АС мақомидасан  , илло мендан кейин пайғамбар келмайди”  -  деган эдилар”  -  деб жавоб қилди .
         Хижратнинг 54 йили 80 ёшдан ошган Саъд ибн Аби Ваққос Атиқдаги ховлисида Аллох Субҳанаху ва Таъло билан учрашишлик учун тайёрланиб турган эди. Бизга унинг ўғли отасининг охирги  лаҳзаларини қуйдагича хикоя қилиб беради :
      “Отамнинг бошлари менинг кўксимнинг устида бўлиб, у киши жон бераётган эдилар . Бу холатни кўриб йиғлаб юбордим . Отам менга дедилар:
      “Нима учун йиғлаяпсан, ўғлим? Албатта, Аллох Таъло мени хечам азобламайди . Чунки мен жаннат аҳлидандурман “... !!!
        Иймонининг салобатини хеч нарса, хатто ўлимнинг даҳшати ҳам сусайтира олмасди. Батаҳқиқ ,Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом унга жаннатни башоратини берган эдилар . У эса Расулуллоҳнинг сўзлари ростлигини билиб, унга шак-шубхасиз иймон келтирган эди.  Демак, нима учун қўрқиши керак ?
      “Албатта, Аллох Таъло мени ҳечам азобламайди. Чунки мен жаннат аҳлидандирман”.
        Аммо у Роббисига дини орқали ҳаётида тўплаган ажойиб ва гўзал таассуротлар асарини кўтарган ҳолда йўлиқишни истаган эди. Шу сабабли ҳужрасига ишора қилиб, у ердан эски ридосини олиб чиқишни сўради. Ҳужрадан ниҳоятда эскириб кетган ридони олиб чиқдилар. Сўнгра Саъд  аҳлларига ўзини мана шу кийимга кафанлашларини буюриб  деди:
       “Мен Бадр куни мушрикларга айнан мана шу ридоим билан йўлиқиб, уни мана шу кунимга сақлаб қўйган эдим”.
         Ҳа, албатта, бу эски кийим оддий кийим бўлибгина қолмай, балки у мўъмин, ростгўй ва шижоат эгасининг улуғ ва узун ҳаёти устида ҳилпираб турган бир байроқ ҳам эди.( Чунки бу кийимда Саъд ибн Аби Ваққос р.а.нинг ибодат асарлари мавжуд эди.)
        Вафот этган муҳожирлардан охирги бўлмиш Саъднинг покиза жасадини инсонлар Мадина томонга кўтариб, Аллоҳнинг динига энг аввал эришган инсонлар гуруҳи қаторидан жой олишлиги учун олиб кетдилар.Унинг жасади Бақеъ қабристонининг тупроғидан ўзига макон топди.
        АЛВИДО ЭЙ САЪД...!!!
        Алвидо, эй Қодисиянинг қарамони. Мадоиннинг фотиҳи ва форс ерларидаги ибодат қилинадиган оловларни то абад ўчирган  инсон.


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио