Рижолун ҳавлар-расул

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

Абдуллоҳ ибн Умар

                      НИҲОЯТДА ТИРИШҚОҚ ВА КЎП ТАВБА ҚИЛУВЧИ ИНСОН
       
    Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу узоқ умрининг интиҳосида ўзи ҳақида шундай деган эди :
     “Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом га байъат бердим. Бас, шу байъатимга содиқ бўлиб, то ҳозирги кунимга қадар уни бузмадим ва ўзгартирмадим. Фитна эгаларига байъат бермадим. Бирор бир мўминни ухлаётган ўрнидан уйғотмадим (яъни, унга озор етказмадим)”.
      Мана шу сўзларда саксон йилдан зиёд умр кўрган солиҳ кишининг ҳаёти қисқа ва аниқ кўз олдимизда намоён бўлади.
      Абдуллоҳ ибн Умарнинг Ислом ва Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом билан алоқаси , у 13 ёшда бўлганда отаси Умар ибн Хаттоб р.а. уни Бадр ғазотига олиб чиққандан бошланади. Шу куни Умар ибн Хаттоб р.а. ўз ўғлини жангчилар орасида бўлишини қаттиқ ҳоҳлаган эди. Лекин Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом Абдуллоҳнинг ёши кичиклигини эътиборга олиб, унга рухсат бермадилар.
      Мана шу кундан бошлаб, балки отаси Умар р.а. уни ўз ҳижратига шерик қилган кундан бошлаб, Абдуллоҳнинг Ислом ва Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом билан алоқаси бошланган эди. Шу кундан то 85 йиллик умрининг охириги дамларигача, у зотни қаерда учратмайлик, барча ҳолатларда тиришқоқ ,Аллоҳни кўп зикр қилувчи, ўзи танлаган йўлидан қилча ҳам ортга қайтмайдиган, берган аҳдига  вафо қилувчи ва ҳақиқий тавба қилувчилардан бўлганлигини топамиз. Абдуллоҳ ибн Умарнинг ўзига жалб қилувчи сифатлари ва хусусиятлари ниҳоятда кўпдир. Қайси жабҳада бўлмасин, масалан илмда , камтарликда , тақвода, саҳийликда ва ибодатда барчага ибрат ва намуна бўлганлигини кўрамиз. Шу барча гўзал фазилатлар билан Абдуллоҳ ўз шахсияти ва ҳаётини шакллантирди. Отаси Умар ибн Хаттобдан кўп яхшиликларни ўрганди. Отаси билан биргаликда эса, Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом дан таълим олди. Унинг иймони отасиники каби жуда гўзал эди. Шу сабабли унинг Пайғамбар АС га эргашиб, у зотга тақлид қилиши ҳаммани ҳайратга соларди. У Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом ҳар бир жойда қайси амал билан шуғулланишларини кузатиб, шу амалларни барчасини ҳудди Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи вассалом қилганларидек ўз ҳаётига нозик равишда татбиқ қиларди.
      Масалан, қайси жойда Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом намоз ўқиган бўлсалар , ибн Умар ҳам ўша ерда намоз ўқар эди. Қайси жойда  Жанобимиз туриб дуо қилган бўлсалар, у ҳам ўша ерда туриб дуо қиларди. Қайси ерда ўтириб дуо қилган бўлсалар , ибн Умар ҳам ўша ерда ўтириб дуо қилар эди. Қайси йўлда кетаётиб, туяларидан тушиб, икки ракаат намоз ўқиган бўлсалар, ибн Умар ҳам ўша жойда туясидан тушиб, икки ракаат намоз ўқиб, сўнгра йўлида давом этарди.
Қай бир маконда Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом туяларини икки марта айлантириб , чўккалатсалар, ибн Умар ҳам туясини ўша маконда икки марта айлантириб , чўккалатар эди. Ҳатто ҳар сафар бу одат такрорланганидан, ибн Умарнинг туяси ўша жойга келса, беихтиёр ўша ишни такрорларди. Абдуллоҳ ибн Умарнинг Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом га қилаётган тақлидларини кўрган онамиз Ойша розияоллоҳу анҳо , бу ҳолатдан ниҳоятда таъсирланиб, ибн Умар ҳақида :
     “Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом нинг ҳар бир маконда қилган амалларига тақлид қилишда , Абдуллоҳ ибн Умарга етадиган киши ҳечам топилмайди”  --- деб айтган эдилар.
       Абдуллоҳ ибн Умар  муборак, узун ҳаётини мана шу йўлга бағишлаган эди. Ҳатто мусулмонлар тепасига шундай кунлар келдики, солиҳ кишилар бу тариқа дуо қилар эдилар :
       “Аллоҳим , ибн Умарга иқтидо қилиб яшашлигим учун, мен ҳаёт эканман , уни ҳам ҳаёт қилгин. Чунки ҳозирги кунда эргашишликка ундан кўра лойиқроқ киши йўқдир”.
        Пайғамбар АС га шу қадар тақлид қилишлигига қарамай, ибн Умар у зотдан ҳадис ривоят қилишдан ниҳоятда эҳтиёт бўлар эди. Фақатгина эшитган ҳадисининг ҳар бир ҳарфини аниқ билсагина, ўша ҳадисни ривоят қиларди. Баъзи замондошлари :
       “Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи вассалом асҳобларидан Росулуллоҳнинг ҳадисларига зиёда ёки нуқсон қилишдан эҳтиёт бўладиган ибн Умарчалик инсон йўқдир”  --- деб айтишарди.
       Абдуллоҳ ибн Умар шу билан биргаликда фатво беришдан ҳам тийиларди. Бир киши Абдуллоҳнинг ҳузурига келиб, ундан фатво сўради. Абдуллоҳ эса унга :
        “Сен сўраган нарсангни билмайман”  ---  деб жавоб берди.
Саволига  жавоб ололмаган ҳалиги киши ортига бир неча қадам ташлашига ҳам улгурмай туриб, Абдуллоҳ ибн Умарнинг ниҳоятда қувонч билан, икки кафтини бир-бирига ишқалаб, ўзига-ўзи бундай деганини эшитди :       
        “Ибн Умар ўзи билмайдиган нарса хусусида сўралиб, “билмайман” деб жавоб қилди”.
Фатво бераётганда ижтиҳод қилиб, хато қилиб қўйишдан қўрқар эди. Ибн Умар мужтаҳид олим ижтиҳод қилиб хато қилса, бир ажр, агарда хато қилмасдан тўғри фатво берса, икки ажрга эга бўлишини билишлигига қарамай, унинг тақвоси фатво беришга бўлган журъатини ундан тортиб олган эди.
         Худди шу каби у, қози бўлишдан ҳам ўзини олиб қочар эди. Албатта, қозилик давлат ва жамиятнинг энг катта ва обрўли вазифаларидандир. Ҳамда шу машғулотнинг ортидан катта-катта бойлик, обрў-эътибор келиши турган гапдир. Аммо буюк тақво соҳиби бўлган ибн Умар учун бойлик ва обрў-эътиборнинг ҳечам ҳожати йўқ эди.
         Бир куни халифа Усмон ибн Аффон р.а. уни ўз ҳузурига чорлаб, қозилик мансабини таклиф қилди. Аммо Абдуллоҳ ўз узрини билдирди. Усмон р.а. ундан ҳар қанча талаб қилмасин, у рози бўлмади. Шунда Усмон ибн Аффон р.а. унга :
        “Менга осийлик қилмоқчимисан?”  ---  деди.
Абдуллоҳ ибн Умар :
        “Ҳеч ҳам ундай эмас, фақатгина менга қозилар уч турга бўлинишини маълум. Бир қозики, илмга эга бўлмай туриб, жоҳиллик билан ҳукм чиқаради. Бас, у дўзахда бўлади. Яна бир қозики, ўз ҳавои нафсига эргашиб ҳукм чиқаради. Бас, у ҳам дўзахда бўлади. Ва яна бир қозики, яхшилаб ҳаракат қилиб, тўғри ҳукм чиқаради. Аммо унинг учун савоб ҳам, гуноҳ ҳам йўқ . Мен Аллоҳни ўртамизга қўйиб, сендан узр сўрайман”  ---  деди.
         Усмон ибн Аффон р.а. ибн Умардан бу хабарни ҳеч кимга айтмасликка аҳд олганидан кейин, унинг узрини қабул қилди. Чунки Усмон ибн Аффон ибн Умарнинг инсонлар орасидаги нуфузини жуда яхши билар эди.Шунинг учун аҳли тақволардан бўлган зотлар ибн Умарнинг қозилар ҳақидаги бу сўзларини эшитгач, барчалари қозиликдан бош тортиб, ҳатто халифа қозиликка муносиб биронта ҳам солиҳ кишини топа олмай қолиши мумкин эди.
         Абдуллоҳ ибн Умар халифанинг буйруғини рад этиши, бу  у зотнинг салбий ҳолати эмас эди. Негаки, ўша пайтда ҳали асҳобларнинг кўплари ҳаёт эдилар. Баъзилари қозилик ва фатво ишлари билан шуғулланар эди. Агар қозиликка лойиқ бирон солиҳ киши топилмай, натижада қозилик нолойиқ кишилар қўлига ўтиб кетиш хавфи  бўлганда , ибн Умар бош тортмаган бўлар эди. Шундай қилиб ибн Умар ўз нафси билан қолишни ирода этди. У тоат-ибодат, зуҳди-тақво билан нафсини поклади.
        Абдуллоҳ доим кечалари таҳажжуд намозини ўқар, кундузлари эса, кўпинча рўзадор юрар, жуда кўп кўз ёш тўкиб, истиғфор айтиб йиғларди. Ёшлигида кўрган туши ҳаётини юқоридаги асосда ўтказишига жуда катта таъсир этди.
        Келинг, у зот ўзи ҳақида гапирган сўзларига қулоқ тутайлик :
       “Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом замонларида  бир туш кўрдим. Қўлимда бир парча шойи мато турган эмиш . Гўё жаннатдан бирор бир маконни ирода этсам, у мато мен билан бирга учиб юрган эмиш. Шу пайт икки киши келиб,мени дўзахга олиб кетмоқчи бўлди . Менинг ёнимга бир фаришта келиб, менга “қўрқма”  деб, улардан мен халос этди. Бу тушимни опам Ҳафсага айтиб бердим. У эса, Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом га сўзлаб берди. Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом :
        “Абдуллоҳ қандай ҳам яхши йигит. Агарда кечалари намоз ўқиганда, яхшилигини янада зиёда қилган бўлар эди”  ---  дедилар.
          Абдуллоҳ ибн Умар мана шу кундан бошлаб,то Роббисига йўлиққунча, на муқим ҳолида ва на сафарда тунги намозларини тарк қилмади. У жуда кўп намоз ўқар ва Қуръони Каримни тиловат қилар эди. Ҳудди отаси ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу каби, дўзах ҳақидаги оятларни эшитган пайтда кўз ёшларини тўкиб, узоқ йиғларди.

Убайд ибн Умайр деди: “Адуллоҳ ибн Умар р.а. га ушбу оятларни тиловат қилиб бердим :                                                                          
       
        41.(Эй Муҳаммад), биз ҳар бир умматдан (ўша умматнинг пайғамбарини) гувоҳ келтирганимизда ва Сизни ана уларга қарши гувоҳ қилганимизда уларнинг ҳоли нима кечур?! 42. У кунда кофир бўлган ва пайғамбарига итоатсизлиқ қилганлар ер билан яксон бўлиб кетишни орзу қиладилар ва лекин Аллоҳдан бирон гапни яшира олмайдилар.
Бу оятларни эшитган ибн Умар шундай қаттиқ  кўз ёш тўкиб йиғладики, ҳатто унинг соқоллари жиққа ҳўл бўлиб кетди”.

Бир куни ибн Умар биродарлари билан ўтириб, қуйидаги оятларни ўқиди :  
 
          1. (Ўлчов ва тароздан) уриб қолувчи кимсаларга ҳалокат бўлғай! 2-3. Улар одамлардан (бирон нарсани) ўлчаб олган вақтларида тўла қилиб оладиган, уларга ўлчаб берган вақтларида эса, кам қилиб берадиган кимсалардир. 4-5-6. Улар ўзларининг улуғ бир Кунда ---Барча одамлар бутун оламлар Парвардигори ҳузурида тик туриб (ҳисоб-китоб берадиган Қиёмат) Кунида қайта тирилгувчи эканликларини ўйламайдиларми?!

Унинг кўз ёшлари худди ёмғирдай оқиб, йиғи ва ҳаяжоннинг зиёдалигидан ерга йиқилиб тушди.
          Абдуллоҳ ибн Умарнинг саҳийлиги, зуҳди-тақвоси ҳечам уни тарк этмасди. У ниҳоятда кўп эҳсон қилар эди. Бу саҳийлик уни фақир кишилар қаторига қўшиб қўйиши мумкинлигидан сира қўрқмас эди. Бунинг сабаби, у ўта зоҳидлардан бўлганлигидир. Ибн Умар тижорат билан шуғулланадиган, тижорати доим фойда келтирадиган, ўзига тўқ саҳобийлардан бўлганди. Унга байтул молдан тайин қилинган маош ҳам жуда кўп эди. Аммо ибн Умар бу маошнинг бир дирҳамини ҳам ўзига олиб қолмай, мискин, фақир ва муҳтожларга тақсим қиларди.
          Абдуллоҳ ибн Умарнинг буюк хислатларидан бирини бизга Аййуб ибн Воил Ар-Расабий ҳикоя қилиб беради :
         “Бир куни байтул молдан ибн Умарга 4 минг дирҳам маош билан бир қанча духоба мато келтирилди. Эртаси куни мен уни бозордан оти учун сомонни қарзга олаятганини кўрдим. Дарҳол унинг уйига бориб, аҳлидан :
“Ахир кеча ибн Умарга 4 минг дирҳам билан бир қанча духоба мато келмаган эдими?”-    деб  сўрадим.
Улар менга :
           “Ҳа, шундай бўлган эди”  --- деб жавоб қилишди.
Мен эса, таажжубланиб :
           “Бугун уни бозордан отига емни қарзга олаятганини кўрдим!”  --- дедим.
Улар дедилар :
           “У зот барча пулларни тарқатиб юбормагунча уйқуга ётмадилар. Сўнгра духоба матони елкаларига ортиб кўчага чиқиб кетдилар. Қайтиб келганларида, мато йўқ эди. Биз у кишидан мато ҳақида сўрасак, фақир ва мискинларга тарқатиб юборганликларини айтдилар”.
Шу пайт мен ҳайратга тушиб, кафтларимни бир-бирига уриб, бозор томонга югуриб кетдим. Бозорга боргач, бир тепаликка чиқиб :
           “Эй тижоратчилар, кўзингиз қаёқда , мана ибн Умарга байтул молдан 4минг дирҳам пул келган эди, У эса пулларни барчасини мискинларга тарқатиб юбориб, оти учун пичанни қарзга сотиб олаяпти!”  ---  деб қичқирдим”. . .
            Ҳа . . . У зотнинг устози Мухаммад саллаллоҳу алайҳи вассалом , отаси эса Умар ибн Хаттоб р.а. эдилар. Шунинг учун унга бундан ўзгаси муносиб ҳам эмасди.
            Ахир Пайғамбар АС га тақлид қилишда ниҳоятда пешқадам бўлган, ҳатто Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом муборак қадамларини қўйган жойлардан ўтиб :
           “Кошки, ҳар –бир босган қадамим жанобимиз босган қадамларининг изига тушса !”  -- деб айтадиган инсон бундан бошқача бўлиши мумкин эмасди. Ўзини Пайғамбар АС га хос қилган ва Умар р.а. га ўғил бўлган бу зот учун , мол-давлатга асир бўлиш ярамас эди. Мол-давлат унинг эшигига оқиб келарди. Лекин у, бу мол-давлатни муҳтожларга тарқатиб юборарди. Кўпинча бой-бадавлат кишиларга зиёфат бераётган фарзандларини итоб қилиб :
           “Тўқларни чақириб, очларни ташлаб қўясизлар”  ---  дерди.
             Фақир мискинлар унинг саҳий ва уларга хамдард эканини билиб, доим эшигини остонасида, ёки юрадиган йўлларида уни кутиб ўтирар эдилар. Бундай саҳийликка уни зуҳди-тақвоси тарғиб қилиб турар эди.
                                                           *   *   *
            Кунлардан бир куни унинг ҳузурига Хуросондан бир дўсти жуда гўзал ва қимматбаҳо кийимни ҳадя қилиш учун олиб келиб :
           “Мана бу кийимни Хуросондан сизга олиб келдим. Устингиздаги бу дағал кийимни ечиб, мана шу мен келтирган кийимни кийиб, мени кўзимни қувонтирасиз деган умиддаман”-   деди.
Ибн Умар унга :
           “Қани бир кўрсатчи?” ---  деди.  Сўнгра кийимни ушлаб кўриб :
           “Бу ипакми?”  --- деб сўради.
У киши :
            “Йўқ , бу пахта” ---  деди.
Ибн Умар кийимни бироз томоша қилиб, қайтариб берди. Сўнгра :
             “Мен бу кийимни кийиб, мутакаббир ва мақтанчоқ киши бўлиб қолишдан қўрқаман. Аллоҳ мутакаббир ва мақтанчоқ кишиларни севмайди” ---  деди.
                                                            *    *    *
              Кунларнинг бирида унга Ироқлик дўсти ичи тўла бир халтани ҳадя қилди.Ибн Умар:
             “Бу нима ?”  ---  деб сўради.
У киши :
             “Бу жуда яхши дори, уни Ироқдан олиб келдим”  ---  деди.
Ибн Умар :
             “Бу нимадан даволайди?” ---  деб савол қилди. 
У киши :
             “Таомни ҳазм қилдиради”  ---  деди.
 
Абдуллоҳ ибн Умар табассум қилиб, унга :
            “Таомни ҳазм қилади??.. Мен мана қирқ йилдан бери тўйиб таом  емайман”  --- деб халтани қайтиб берди.
              Эътибор қилинг, қирқ йилдан бери тўйиб таом емаган! Тўйиб таомланмаслигининг сабаби, муҳтожлик эмас, балки зуҳди-тақводан, Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом ва Умар р.а. га тақлид қилганидан эди. Ибн Умар қиёмат куни унга: “Сизлар ўз ҳузур-халоватларингизни ҳаёти дунёларингиздаёқ  кетказдингиз ва улардан фойдаланиб бўлдингиз”.
дейилишидан ниҳоятда қўрқар эди. У дунёда мусофир ва меҳмон эканини жуда яхши англарди.
У ўзи ҳақида сўзлаб , бундай деганди :
           “Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом вафотларидан кейин, бир ғиштнинг устига бошқасини қўймадим , бирон бир дарахт экмадим”.
Маймун ибн Меҳрон айтади :
           “Ибн Умарнинг уйига кирдим. Унинг уйидаги кўрпа – тўшакларни, шолча ва жиҳозларни барчасини қанча туришини қиёслаб кўриб, юз дирҳамдан ошмаслигига ишонч ҳосил қилдим”.
             Бу ҳол унинг фақирлигидан эмас эди. Балки у бой инсон бўлганди.
             Бу ҳол унинг бахиллигидан эмасди. Балки у жуда саҳий эди.
Фақатгина бу ҳол, унинг дунёга беэътиборлигидан, ҳойю ҳавасни суймаслигидан, ўзини танлаган йўлида маҳкам туришидан эди. Ибн Умардан дунё матоларидан ўзини олиб қочиш сабабларини сўралганда, у :
            “Мен ва биродарларим бир улуғ иш устида жам бўлганмизки, мен улар қилган ишга хилоф қилиб, уларга етиша олмасликдан қўрқаман”  ---  деди.
Сўнгра бошқаларга бу дунё неъматларини ожизликдан тарк қилмаганини билдириб, қўлларини самога кўтариб, деди :
             “Аллоҳим, албатта, сен биласанки, сендан қўрқмаганимизда Қурайш қовми билан дунё топишда мусобақалашган бўлар эдик”.
              Ҳа , албатта, Роббисидан қўрқмаганида, дунё топишда мусобақалашиб, ғолиб ҳам чиққан бўлар эди.  Аммо унга дунё йўлида мусобақалашишнинг ҳожати йўқ , чунки дунё унинг оёқлари остига оқиб келаётганди. У эса, дунёни муҳтож ва мискинларга хослар эди.
Ибн Умар халифалик мансабидан ҳам бош тортди. Унга бир неча бор халифа бўлишни таклиф этилди. Аммо у сира қабул қилмади. Ҳатто уни ўлдиришлик билан қўрқитилганда ҳам, ҳечам рози бўлмади. Ҳасан р.а. айтади :
             “Усмон ибн Аффон ўлдирилганидан кейин, Абдуллоҳ ибн Умарга дедик :
             “Албатта, сен инсонларнинг саййидисан ва  саййидини ўғлисан, кел биз сенга байъат берайлик”.
Ибн Умар :
             “Агар қодир бўлсам эди, менинг сабабимдан мусулмоннинг бир томчи ҳам қони оқмас эди” --- деди.
Улар :
             “Ёки халифаликни қабул этасан, ёки биз сени тўшагигда қатл қиламиз”  ---  дейишди.
Абдуллоҳ ўз сўзида қатъий туриб олди. Ҳар қанча таҳдид қилишмасин , уни рози қила олмадилар. Шундан кейин кўп замонлар ўтди. Фитналар кўпайди. Ибн Умар эса, доим кўпчиликнинг орзусига айланган, яъни ҳамма ундан халифа мансабини қабул қилишини истар эди. Доим байъат бериш учун унинг ҳузурига келишар, у эса доим халифа бўлишдан бош тортар эди. Аммо ибн Умарнинг бу рад этишида мантиқи ва ҳужжати бор эди.

Усмон р.а. ўлдирилганидан кейин вазият кескинлашди. Ибн Умар гарчи халифаликнинг обрў-эътиборидан беҳожат бўлса ҳам, унинг маъсулиятини ва хатарини тўлалигича қабул этиши мумкин эди. Лекин халифаликнинг шартларидан бири , барча мусулмонлар уни рози бўлиб қабул қилишлари керак эди. Баъзилар ўз ихтиёрлари билан рози бўлиб, баъзилари эса, қилич билан қўрқитилиб халифа танлашлари мумкин эмас эди. Ўша пайтда ҳамма рози бўлиб халифа тайин қилиши мумкин бўлмаган иш эди. Ибн Умарнинг гўзал фазилатлари кўплигига ва мусулмонлар уни яхши кўриб, ҳурматлашларига қарамай, барча ихтиёрий равишда Ибн Умарга байъат бериши мумкин эмасди. Сабаби, Ислом ерлари кенгайди. Мусулмонлар ўртасида ихтилофлар кўпайди, бунинг натижасида мусулмонлар гуруҳ-гуруҳга бўлиниб кетдилар . Ҳар бир гуруҳ бошқасини суймас, бир-бирини қилич ва уруш билан қўрқитар эди. Шунинг учун вазият Абдуллоҳ ибн Умар истаган ҳолатда, барча ўз хохиши билан халифа тайин қилишга тайёр эмасди.
            Бир киши ибн Умарга йўлиқиб, деди :
           “Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи вассалом уммати орасида сендан ёмонроқ одам йўқ экан”.
Абдуллоҳ :
           “Нега, ахир Аллоҳга қасамки, мен уларнинг қонини тўкмадим, жамоатларини ажратмадим, бирликларини бузмадим? “  --- деди.
У киши :
           “Агар сен хохлаганингда сен ҳақингда икки киши ихтилоф қилмас эди (яъни, агар сен халифаликни қабул қилганингда, ҳамма иш дуруст бўлар эди)”  ---  деди.
Ибн Умар деди :
           “Менга халифалик келиб, бир киши розиман , иккинчи киши эса, норозиман дейишини сира маҳбуб кўрмайман”.   
            Орадан бир қанча йиллар ўтди. Аввалига халифаликни Муовия, сўнгра эса, ундан кейин ўғли Язид эгаллади. Язиддан кейин унинг ўғли Муовия ибн Язид халифа бўлишдан бош тортди. Мана шу пайт ибн Умар улуғ ёшга борган инсон бўлишига қарамай, Марвон унинг ҳузурига келиб, деди :
            “Кел қўлингни бер, сенга байъат қиламиз.Албатта, сен арабларнинг саййиди ва саййидининг ўғлисан” .
Ибн Умар унга деди :
            “Машриқ аҳли рози бўлмайдику?”
Марвон деди :
            “То байъат бермагунларича уларни савалаймиз”.
Ибн Умар р.а. деди :
            “Аллоҳга қасамки, мен етмиш йил халифа бўлсам ҳам, менинг сабабимдан биргина мусулмоннинг ҳам қони тўкилишини истамайман”.
Абдуллоҳ ибн Умар томонидан халифаликни инкор этишликнинг асосий сабаби, мусулмонларга қарши куч ва қурол ишлатилиш хатари бўлганидан эди. Абдуллоҳ  Муовия ва Али тарафдорлари ўртасидаги қуролли фитналардан ўзини олиб қочиб, ўша кунларда қуйидаги сўзларни ўзига шиор қилиб олди :
             “Кимки “намозга шошилинглар”   деса,  жавоб бераман .
             “Кимки “нажотга шошилинглар”  деса, жавоб бераман.
             “Кимки “мусулмон биродарингизни қатл қилиб, уни молини олишга шошилинглар” деса, мен “йўқ”  деб жавоб қиламан.
              У сира ҳам қўрқоқ эмасди, балки у жуда жасур инсон бўлган эди. Муовия халифаликни эгаллаганидан кейин, кўпинча у билан юзма-юз тўқнашиб, унинг нуқсону камчиликларини очиқ-ойдин баён қиларди.
              Кунларнинг бирида золим Ҳажжож  Зубайр ибн Аввомнинг ўғлига туҳмат қилган ҳолда хитоб қилиб, деди :
             “Албатта Зубайрнинг ўғли Аллоҳнинг китобини ўзгартирди”.
Ибн Умар ўрнидан сакраб туриб :
             “Ёлғон, ёлғон, ёлғон сўзладинг”   --- деди.
Ўзига бу каби муомалани қилинишига ўрганмаган Ҳажжожнинг тарвузи қўлидан тушиб, кўпчиликнинг олдида ниҳоятда қийин аҳволга тушиб қолди. Сўнгра ибн Умарга :
           “Сени қаттиқ жазолайман”  ---  деб таҳдид солди.
Ибн Умар эса Ҳажжожнинг юзига қараб, қўлини силтаб деди :
           “Сен пўписа қилаятган ишингни қилишинг сира ажабланарли эмас, чунки сен аҳмоқ султонсан”.
Бу суҳбатни эшитиб турган инсонлар ибн Умарнинг жасоратига қойил қолдилар.
            Мана шу журъати ва жасоратига қарамай, то умрининг охиригача қуролли фитналар-га аралашмади. Абу Олия Ал Баро дейди :
           “Бир куни ибн Умарнинг ортидан секин юриб кетаётган эдим. У мени сезмасдан ўзига-ўзи шундай деганини эшитиб қолдим :
           “Қиличларини елкаларига қўйиб, баъзилари-баъзиларини қатл қилиб, менга :
           “Эй Абдуллоҳ қўлингни бер, сенга байъат берайлик”   --- дейишяпти”.
            Сўзимизнинг аввалида у ўзи ҳақида : “Бирор бир мўминни уйқусидан уйғотмадим (яъни , унга озор етказмадим) “деганини эслайлик. Албатта , у тоқати етганда мусулмонлар ўртасидаги уруш ва жанжалларни олдини олган бўлар эди. Аммо ҳодисалар ундан кўра кучлироқ чиқди. Бас, шунинг учун у ўзини четга олди. Лекин шунга қарамай, унинг қалби Али р.а. томонида эди. Бир куни шу воқеалардан кейин деди :
            “Мен дунёда йўқотган нарсаларим ичида энг кўп афсусда бўлганим, Али р.а. билан бирга адашган гуруҳга қарши курашмаганимдир”.
У имом Али р.а. билан бирга курашмаганлигининг сабаби, гарчи ҳақ Али тарафда бўлса ҳам, ўз жонини сақлаш учун эмас эди. Балки мусулмон мушрикка қарши эмас, мусулмон мусулмонга қарши уришиб, қонини тўкаётганлиги эди. Нофеъ бу хусусда ундан сўраганда , у бунинг сабабини жуда аниқ изоҳлаб берди. Нофеъ деди :
            “Эй Абдуллоҳ, сен Умарнинг ўғли ва Росулуллоҳнинг саҳобасисан. Сени Алига ёрдам беришдан нима тўсди?”
Ибн Умар деди :
            “Мени Аллоҳ Таъло менга мусулмоннинг қонини харом қилгани тўсди. Аллоҳ Таъло
деди: “То фитна тугаб, бутун дин Аллоҳники бўлгунча улар билан урушинглар”.
Батаҳқиқ биз бу ишни қилдик . Дин тўлалигича Аллоҳники бўлгунча урушдик. Аммо ҳозирги кунда нима сабабдан урушамиз? Мен жуда кўп жанг қилдим. Ўша вақтда бут-санамлар Каъбани у бошидан бу бошигача эгаллаган эдилар. Аллоҳ араб ерларини бу бут-санамлардан поклади. Энди бугунги кунда “ЛА ИЛАҲА ИЛЛАЛЛОҲ”  деяётган инсонларга қарши жанг қиламизми?”
           Уни узун ҳаёти давомида мол-давлат, мансаб, обрў-эътибор, ҳою-ҳавасларнинг ҳеч бири танлаган йўлидан адаштира олмади. Шу сабабдан унинг замондошлари у вафот этганидан сўнг :
           “Ибн Умар вафот этди. У фазилат бобида отаси Умар р.а. га ўхшар эди” --- деб васф  қилишди.
            Ибн Умарнинг юксак фазилатлари уларга маҳбуб бўлганидан, уни Умар р.а.га таққослашиб дейишарди :
           “Умарнинг замонида унга ўхшаш инсонлар бор эди. Аммо ибн Умарнинг замонасида эса, унга ўхшаши йўқдир”
            Ҳижратнинг саксон учинчи йили қуёш ботиш томонга мойил бўлди , абадиятнинг кемаларидан бири ўз елканларини кўтариб, охират оламига сафар қила бошлади.  Бу кема ўзининг  бағрида ваҳий келишига гувоҳ бўлган инсоннинг жасадини олиб кетмоқда . Бу улуғ инсон Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу эди.


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио