Рижолун ҳавлар-расул

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

Билол ибн Рабоҳ

                                  ҚЎРҚИНЧНИНГ УСТИДАН КУЛУВЧИ ИНСОН

          Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуни эслаганда :
        “Абу Бакр р.а. бизнинг саййидимиз ва саййидимизни озод қилган инсондир”  ---   дерди.
Умар ибн Хаттоб р.а. “саййидимиз” деб атаятган бу инсон ---  ниҳоятда бахтли ва буюк зот эди.
         Аммо танасининг ранги қора, озғин, сочлари жуда қалин ва икки юзи ориққина бўлган бу инсон , ровийлар уни васф қилишларига кўра , қачонки ўзининг шаънига айтилган мақтов сўзларини эшитса, бошини эгиб, кўзларида ёш билан :
       “Мен фақатгина оддий бир ҳабашийман, холос. Кечагина қул бўлган эдим” ---  дер эди.
         Кечагина қул бўлган бу ҳабаший ким ўзи?
         Албатта, у Исломнинг энг аввалги муаззини ва бут-санамларни безовта қилган, Билол ибн Рабоҳдан ўзга киши эмас. Албатта, у иймон, садоқат ва буюк Исломнинг мўъжизалари - дан бири эди.
         Ер юзида Ислом пайдо бўлганидан, то ҳозирги давргача бўлган инсонларнинг ақалли ўндан еттитаси, Билол ибн Рабоҳнинг ким эканлигини жуда яхши билади. Неча асрлар давомида яшаб ўтган кишилар унинг исмини ҳудди икки буюк халифа --- Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумоларнинг исмлари каби ёддан билиб келишган. Бордию биз ҳоҳ Мисрда, ҳоҳ Покистонда, ҳоҳ Малайзияда, ҳоҳ Хитойда, хуллас, ер юзининг барча ҳудудларида яшаб келаётган ўн ёшдан ошмаган ҳар бир мусулмон фарзандидан :
         “Билол ибн Рабоҳ ким? --- деб сўрасак, у бизга :
          Албатта, у Росулуллоҳнинг илк муаззинлари бўлиб, қуллик пайтида ҳожаси унинг кўксига катта қизиган тош бостириб, диндан қайтариш учун азоблаятган вақтда, у :
        “Аллоҳу    аҳад . . . аҳад (Аллоҳ якка . . . якка)”  --- деган зотдир , деб жавоб беради.
          Ислом дини Билол ибн Рабоҳга  мана шу буюклик ва машҳурликни инъом этди. Исломдан аввал Билол бин Рабоҳ ҳаётдан ҳеч қандай умиди йўқ , бир ховуч хурмо эвазига ҳожасининг туяларини боқиб юрувчи, чорасиз бир қул эди. Агар Ислом бўлмаганда эди, у катта аламон ичида йўлдан адашган қул сифатида қолиб, ўлим уни унитилиб, ном- нишонасиз кетган инсонлар денгизига улоқтирган бўлар эди. Лекин иймонининг садоқати ва у иймон келтирган диннинг буюклиги, тарихда ўтган Исломнинг буюк намоёндалари орасидан унга улуғ бир мақом берди. Башариятнинг олий насаб, обрў, нуфуз ва бойлик соҳибларидан кўпчилиги бу ҳабаший қул--- Билол ибн Рабоҳ етган мақомнинг ўндан бирига ҳам етиша олмадилар. Балки, тарихда ўтган қаҳрамонларнинг кўпчилиги Билол эришган шуҳратнинг баъзисига ҳам эга бўла олмадилар.
          Албатта, танасининг қоралиги, насл-насабининг пастлиги, инсонлар орасида ўзини ҳокисор тутишлиги Ислом динини қабул қилганидан сўнг, фидоийлик, поклик, садоқат ва иймон бобида у учун буюк макон пайдо бўлишидан тўса олмади.
          Билол ибн Рабоҳ ва унга ўхшаш саҳобийларнинг ҳаётини ўқиган инсон, ҳайратга тушмасдан бошқа иложи йўқ . Ахир ҳеч қандай қариндош-уруғи, ҳимоячи ва суянчиғига, ҳатто ўз ҳаётига ўзи эгалик қила олмайдиган, уни сотиб олган ҳожасининг мулки бўлиб, эртаю-кеч ҳўжайинининг мол-ҳолини боқиб юрган қул, қандай қилиб бу даражотга етишиши мумкин?
         Аммо Билол мана шу барча тўсиқларни енгиб ўтди. У иймон келтиришга қодир бўлди. Сўнгра Росулуллоҳга эргашган асҳоби киромларнинг ҳар бири ўзи учун орзу қиладиган амал, яъни Ислом ва Росулуллоҳнинг энг аввалги муаззини бўлди.
         У қора танли чўрининг фарзанди эди. Тақдири уни онаси чўрилик қиладиган Маккадаги Бану Жумаҳ қабиласининг қули бўлишлигини ирода этди. У ҳудди бошқа қуллар каби кунлари бир-бирига ўхшаш, ҳеч қандай ҳақ-ҳуқуққа эга бўлмай, эртаси куни учун ҳам ҳеч қанақа умиди бўлмаган ҳолда яшар эди.
          Мана шу даврда Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи вассалом ҳақида Маккада ҳар-хил “миш-мишлар” пайдо бўла бошлади. Шу кунларда бутун Макка аҳлининг ташвиши Муҳаммад АС келтирган дин бўлиб қолди.
Қурайш мушрикларининг бошлиқлари бу нарсадан ташвишланиб, ўзаро тўпланишиб, бу ишни олдини олиш ҳақида муҳокама қилишар эди.
        Билол шундай мажлисларда ўз ҳўжайини ва ҳўжайинининг меҳмонлари суҳбатига кўпинча қулоқ тутар эди. Айниқса , Бану Жумаҳ қабиласининг улуғларидан бири--- Умаййа ибн Халафнинг сўзини кўп эшитди. Кўпинча, Билол Умаййанинг баъзи дўстлари билан ёки якка ўзи аҳён-аҳёнда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи вассалом ҳақида ғам-ташвиш, ғазаб ва нафратга тўлиб тошган ҳолда гапиришини эшитарди.
         Билолнинг қулоқлари ғазаб ва нафратга тўлган бу калималар билан биргаликда , янги дин олиб келган сифатларни йиға бошлади. Бу билан Билол ўзи яшаётган муҳит учун бу сифатлар янги эканини тушуниб етди. Баъзида Билол , бошлиқлари Пайғамбар АС га нафрат ва ғазаб билан биргаликда, у зотнинг омонатдорлик, ростгўйлик ва олий насаблилик каби сифатларини эътироф этаётганликларини эшитар эди.
         Ҳа,   албатта, Билол уларнинг Муҳаммад АС олиб келган дин ҳақида таажжубланиб ва хайрон бўлиб гапиришаётганини эшитди. Ҳатто баъзилари :
         “Муҳаммад шу кунгача бирор марта ёлғон сўзламаган, сеҳргар ва мажнун ҳам бўлмаган бўлса, ахир қандай қилиб шу айблар билан унинг шаънига доғ тушириб, унга эргашаётганларни Ислом динидан қайтара оламиз?” ---  дейишарди.
         Улар Муҳаммад АС нинг омонатдорликлари, вафо ва хулқлари, ақлларининг теранлиги ҳақида кўп суҳбатлашишар эдилар. Мушрикларни Пайғамбар АС га душманликка тарғиб этаётган сабаблар :
         Биринчидан,   ота боболарининг динига қаттиқ  ва кўр-кўрона берилганликлари.
         Иккинчидан, Қурайшнинг обрў-эътибори тушиб кетишидан хавфсирашлари. Қайсики, бу обрў улар учун Маккани араб жазирасидаги бутпарастарнинг марказига айлантириб, натижада  Маккага бутун араб ерларидан мол-давлат оқиб келар эди.
         Учинчидан, Бану Ҳошим қабиласига бошқа қабилаларнинг хусумати. Бу хусуматнинг сабаби, пайғамбар уларнинг қабилаларидан эмас, балки айнан Бану Ҳошим қабиласидан чиққанида эди.
         Кунларнинг бирида Билол ибн Рабоҳ Аллоҳнинг нурини кўриб, қалбининг тубидан яхшилик нидосини жаранглаётганини эшитди. Бас, бир зум ҳам ўтмай Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом ҳузурларига бориб иймон келтирди.
         Билолнинг Ислом динини қабул қилгани тезда ҳамма ерга тарқаб кетди. Кибр ва ғурурга тўлиб тошган Бану Жумаҳ қабиласи тўпланди. Ўз қулларидан бирининг Исломга кириши, бутун қабилани ор-номус ва хорлик билан қоплаган тарсаки деб тушуниб, Бану Жумаҳ қабиласининг бошлиқларидан бири Умаййа ибн Халафга таъна-маломатлар билан ёпирилдилар.
         Ҳабаший қуллари Исломга кириб, Муҳаммадга эргашяпти?!!
Умаййа ўзига ўзи деди :
       “Ҳеч қиси йўқ , қуёш ботиши билан бу исёнкор қулнинг исломи ҳам бирга ботади”.
         Аммо қуёш ботиши билан  Билолнинг Исломи бирга ботмади, балки қуёш бутун Қурайшнинг бут-санамлари ва уларнинг ҳимоячилари билан бирга ботди.
         Билолнинг мақоми фақатгина Исломнинг ўзи учун шараф бўлибгина қолмай, гарчи  Ислом унга ҳақли бўлса ҳам, балки бутун инсоният учун шарафдир.
         Албатта , у турли-туман, шафқатсиз азобларга, буюк инсонларнинг қатъийлигида сабр-бардош берди.Танасининг қоралиги, ўзининг қуллиги ва ҳатто ўз руҳига ўзи эгалик қила олмаслигига қарамай, Роббисини таниб, иймон лаззатини тотган Билол, иймонини маҳкам тутиши билан барчага намуна бўлишга кифоя қиларди.
         Дарҳақиқат, Билол ўз замонаси ва барча замонлардаги Ислом дини ва бошқа дин аҳллари учун дарс берди. Бу дарснинг мазмуни : Инсоннинг виждони ва унинг ҳурлиги ер юзи тўла олтин ва кумуш баробарига алмаштирилмайди. Ёки ер юзи тўла азоб ҳам, инсоннинг иймони ва ҳурлигини енга олмайди.
Диндан қайтаришлик учун Билолни яланғоч ҳолда, қизиган қум ва тошларнинг устига ётқизилди. Албатта, Ислом дини инсон ҳур ва озодлигини ҳимоя қилиш, виждонини ҳурмат ва эҳтиром қилиш бобида, бу заиф ҳабаший қулни бутун башарият учун устоз қилди.
        Саҳро худди жаҳаннамга ўхшаб қизиган туш пайтида, мушриклар Билолни олиб чиқиб, яланғоч ҳолда олов каби қизиган қумга ётқизиб, сўнгра бир неча киши жойидан зўрға қўзғатишга қодир бўлган, қизиб ётган катта тошни олиб, Билолнинг кўксига бостириб қўйдилар. Мана шу ваҳший азобни ҳар куни такрорлар эдилар. Ҳатто бу азобларни кўриб турган баъзи жаллодларнинг қалби юмшаб :
       “Агар олиҳаларимизнинг номларини биргина яхши сўз билан тилга олсанг, сени қўйиб юборамиз, шуни ўзи холос” --- деб ёлборишди. Бир қулнинг қатъияти олдида чорасиз бўлиб, чекинганликлари ҳамма ерда гап-сўз бўлмаслиги учун, биргина шу сўзни Билолга талаффуз қилдирмасдан туриб, қўйиб юборишга уларнинг кибрлари йўл қўймас эди.
         Аммо Билол биргина шу сўзни айтиб, ҳаётини ва жонини сақлаб қолиб, эвазига иймонини йўқотиб, қаноатидан узоқлашишни истамади !  Ҳатто тил учида ҳам айтишдан мутлақо бош тортди ! ! !
         Ҳа, тил учида ҳам айтишдан бош тортиб, унинг ўрнига мана бу сўзларни такрорлади :
        “Аллоҳу  аҳад . . . Аллоҳу  аҳад. . .”
Тепасида жаллодлари унга ҳайқириб, балки ёлбориб :
        “Лот ва Уззони тилга ол “ --- дер эдилар.
Билол эса :
        “Аллоҳу аҳад . . . аҳад. . .”  --- деб жавоб қиларди.
Улар Билолга :
        “Биз айтгандек қилгин”  --- дейишди.
Билол ажойиб ва куйдирувчи бир мазаҳ билан уларга :
        “Тилим бу сўзларни яхши айта олмайди”  --- деб жавоб берди.
Билол қизиган саҳрода куйиб, то қуёш боткунга қадар қолди. Сўнгра қуёш ботгач, мушриклар унинг бўйнига арқон боғлаб, арқонни ёш болаларнинг қўлига бериб, уни Макка кўчаларида айлантириб юришни буюрдилар. Билол эса, ўзининг муборак сўзларини қайта-қайта такрорларди :
         “Аллоҳу аҳад . . . аҳад . . .”.
Кеч тушгач, мушриклар Билолга :
         “Эртага олиҳаларимиз ҳақида яхши сўзларни айтгин. “Роббим Лот ва Уззо” -  дегин, сени қўйиб юборамиз. Шубҳасиз, сени азоблашдан чарчадик, ҳатто ўзимиз азобланиб, қийналиб кетдик”  ---  дейишди.
Билол бошини чайқаб, деди :
         “Аллоҳу аҳад . . .  аҳад . . .”.
Умаййа ибн Халаф ғазаб ва аламдан ёрилгудай ҳолда, Билолнинг юзига бир мушт тушириб, унга  қичқирди :
        “Қайси лаънати сени бизга олиб келди, эй ярамас қул? Лот ва Уззога қасамки, сени барча қулларга ибрат бўлишлиги учун азоблайман”.
Билол эса , мўминнинг ишончи ва юксак қатъийликда :
        “Аллоҳу аҳад . . .аҳад . . .”  ---  деди.
Шу пайт Умаййа тарафидан ёлланган бир одам , муғомбирлик билан, худди Билолга раҳми келгандай деди :
        “Эй Умаййа, Билолни қўйиб юбор. . . Лотга қасамки, бугундан бошлаб у азобланмайди. Албатта , Билол биздандир. Онаси ўзимизнинг жориямизку? Шубҳасиз, Билол исломни қабул қилиб, бизни бутун Қурайш орасида гап-сўзга қолиб, мазаҳ бўлишимизга рози бўлмайди”.
Билол бу ёлғончи ва маккор кўзларга тикилиб,мийиғида жилмайиб, уларни ларзага солувчи хотиржамликда :
        “Аллоҳу аҳад . . .аҳад . . .”  ---  деди.
     
 Эртаси куни келди. Туш киргач, Билолни яна жазирама саҳрога чиқарилиб, азоблана бошланди. У эса, қатъийлик ва сабот билан Аллоҳдан савоб умидида сабр қилар эди. Мушриклар Билолга қаттиқ азоб бераятган пайт , уларнинг олдига Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу келиб деди :
         “Кишини “Роббим Аллоҳ” -  дегани учун қатл қиляпсизларми?”.
Сўнгра Умаййа ибн Халафга қарата :
          “Бу қулни ўзининг нарҳидан кўпроқ қиймат эвазига бўлса ҳам, менга сотгин” ---деди.
Бу сўзларни эшитган Умаййа ибн Халаф ҳудди чўкаётган инсоннинг ёнига қутқариш учун келган нажот кемасини кўргандек хурсанд бўлиб кетди. Билолни азоблаш ниҳоят даражада жонига теккани сабабли, Абу Бакр уни сотиб олмоқчилигини эшитган заҳоти, Умаййа ибн Халаф ўзида йўқ севиниб кетди. У тижоратчи бўлгани  учун , Билолни ўлдиришдан кўра, уни сотиб юбориш афзал деб ҳаёл қилди.
           Билолни Абу Бакрга сотиб юборди. Абу Бакр эса, уни зудлик билан озод этди. Шундай қилиб Билол ҳур ва озод инсонлар орасидан ўрин олди. Азобланиб, қийналиб, эгилган Билолни Абу Бакр қўлтиғидан тутиб, азобдан халос қилиб, олиб кетаётганда Умаййа Абу Бакр р.а. га деди :
           “Манавини ол, Лот ва Уззога қасамки, агар: ” бир уқиядан ортиғига сотиб олмайман”- деганингда ҳам, ўша нарҳга Билолни сенга сотган бўлар эдим”.
Абу Бакр р.а. бу сўзлардан мушрикларнинг эзилиб, ҳафсалалари пир бўлганини тушуниб етди. Абу Бакр аввалига жавоб бермади. Лекин кейинчалик ҳозиргина ўзининг биродари ва диндошига айланган дўстининг ҳурматини улуғлаш учун деди :
           “Аллоҳга касамки, агар юз уқияга сотганингда ҳам , Билолни сотиб олган бўлар эдим”.
Сўнгра биродари Билолни олиб, уни озод бўлгани билан Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассаломни хурсанд қилгани кетди. Мана шу кун буюк байрам куни бўлди.
           Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом ва мусулмонлар Мадинага ҳижрат қилиб келиб, ўрнашиб олганларидан сўнг, Пайғамбар АС намоз учун азон айтишни жорий қилмоқни ирода этдилар.
Бир кунда беш маҳал намозга азон айтувчи ким бўлар экан? Уфқ узра ўзининг такбир ва таҳлилларини куйлайдиган инсон ким бўлиши мумкин?
           Албатта, у Билолдан  ўзга киши эмасди. Қийноқлар уни эгиб куйдириб, синдирмоқчи бўлишига қарамай, ўн уч йил аввал :
          “Аллоҳу  аҳад . . . аҳад . . .”     калималарини айтган зот , яъни Билол ибн Рабоҳ бу шарафга энг ҳақли инсон эди. Мана шу куни Исломнинг энг аввалги муаззини бўлиш учун , Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом Билолни ихтиёр этдилар. Билол барча қалбларни иймон билан тўлдирадиган кучли ва жарангдор товушда нидо қила бошлади :
          “АЛЛОҲУ АКБАР , АЛЛОҲУ АКБАР,
            АЛЛОҲУ АКБАР,  АЛЛОҲУ АКБАР.
            АШҲАДУ АЛЛА ИЛАҲА ИЛЛАЛЛОҲ,
            АШҲАДУ АЛЛА ИЛАҲА ИЛЛАЛЛОҲ.
            АШҲАДУ АННА МУҲАММАДАР РОСУЛУЛЛОҲ,
            АШҲАДУ АННА МУҲАММАДАР РОСУЛУЛЛОҲ.
            ҲАЙЙА  АЛАС  СОЛАҲ,
            ҲАЙЙА  АЛАС  СОЛАҲ.
            ҲАЙЙА  АЛАЛ  ФАЛАҲ,
            ҲАЙЙА  АЛАЛ  ФАЛАҲ.
            АЛЛОҲУ АКБАР , АЛЛОҲУ  АКБАР.
            ЛА  ИЛАҲА  ИЛЛАЛЛОҲ”. 
         
    *   *   *
  Мадинага бостириб келган Қурайш қўшинлари билан мусулмонлар ўртасида уруш аланга олди. Шафқатсиз жанг бошланиб кетди. Ислом бошидан кечирган биринчи жангда Билол мардлик кўрсатди. Бу Бадр ғазоти бўлиб, Пайғамбар АС бу ғазотнинг шиори :
           “Аллоҳу аҳад . . . аҳад . . .”    бўлишига амр бердилар .
      
Мана шу ғазотда Қурайш ўзининг энг улуғларидан айрилди. Кўпгина Қурайш бошлиқлари ўзларининг ўлимгоҳларига чиқдилар. Билолнинг ҳўжайини бўлиб, унга ваҳшийларча азоб берган Умаййа ибн Халаф урушга чиқишдан бош тортган эди. Бу хабарни эшитган Умаййанинг дўсти Уқба ибн Аби Муайт қўлида отшкурак кўтариб, унинг ёнига келди. Сўнгра қўлидаги оташкуракни қовмининг орасида ўтирган Умаййанинг оёғи остига ташлаб :
           “Эй Або Алий, манавини олиб, ўчоқни бир қалаб қўй, чунки сен хотин кишилардан экансан”  ---  деди.
Умаййа жаҳли чиқиб, қичқирди “
            “Сени ҳам, сен келтирган нарсангни ҳам Аллоҳ йўқ қилсин”.
Сўнгра ноилож, ўзга чора тополмай, урушга чиқишга мажбур бўлди.
            Тақдирнинг ажойиблигини қаранг, Уқба ибн Аби Муайт  Билол ва бошқа  заиф мусулмонларга азоб бериш учун Умаййани энг кўп қўллаб-қувватлаган эди. Энди эса, унинг ўзи Умаййани ўлимгоҳи бўладиган жойга чиқиш учун тарғиб қилаяпти. Дарвоқе, Уқбанинг ҳам ажали ўша ерда кутиб турарди.
            Агар юқоридаги услуб билан Уқба Умаййани урушга тарғиб қилмаганида, албатта, Умаййа бу урушдан қолмоқчи эди. Аммо Аллоҳ Таъло жуда чевар зотдир. Ахир Умаййа билан Аллоҳнинг бандаларидан бир банда ўртасида эски ҳисоб-китоб бор эдику? Эски қарзларни тўлайдиган вақт келган эди.
            Икки томон ўртасида уруш бошланди. Мусулмонлар бараварига :
           “Аллоҳу аҳад . . . аҳад . . .”  ---  деб ҳайқира бошлаганини эшитган Умаййанинг юраги жойидан қўзғалиб кетай деб, ўзини эса, кучли ваҳима босди. Кечагина азоб ва қийноқлар остида ётган бир қулнинг сўзлари , бугунги кунда бутун бир диннинг ва янги бир умматнинг шиорига айланибди! ! !
            Қиличлар бир-бирига урилиб, жанг қизиб кетди. Вақтики, жанг ниҳоясига етиб, Қурайшнинг мағлубияти аниқ кўрина бошлагач, Умаййа ибн Халаф Пайғамбар АСнинг саҳобалари Абдураҳмон ибн Авфни кўриб қолди. Ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида Умаййа  Абдураҳмон ибн Авфдан унинг асири бўлиб, ҳимоясига олишни талаб қилди. Абдураҳмон ибн Авф уни ўз ҳимоясига олиб, сўнгра  асирлар турган жойга жанг майдонининг ўртасидан олиб кета бошлади. Йўлда уларни Билол кўриб :
            “Куфрнинг боши --- Умаййа ибн Халаф, агар у омон қолса, мен асло  тинчимайман”.
Билол ғурур ва кибр оғирлаштириб юборган Умаййанинг бошини кесиш учун, қиличини кўтарган эди, Абдураҳмон унга ҳайқирди :
            “Эй Билол , бу менинг асирим!
              Асир? . . . Ахир уруш қизиб, аланга олиб турган вақтдами?
              Асир? . . . Ахир Умаййа ҳозиргина мана шу қўлидаги қиличи билан мусулмонларни ўлдираётган эдику?  Ҳатто қиличидан ҳали ҳам ўша қонлар томиб турибдику?
            Билол қараса, ўзининг диндош биродари Абдураҳмон ибн Авфнинг ҳимоясини ёлғиз ўзи енгиб ўта олмайди. Бас, у баланд овозда мусулмонларга нидо қилди :
           “Эй Аллоҳнинг ёрдамчилари . . . куфрнинг боши Умаййа ибн Халаф, агар у омон қолса, мен  асло тинчимайман”.
Ўша заҳоти бир гуруҳ мусулмонлар етиб келиб, Умаййа билан Қурайш тарафида туриб , мусулмонларга қарши жанг қилаётган унинг ўғлини ўраб олдилар. Абдураҳмон ибн Авфнинг қўлидан ҳеч нарса келмай қолди. Билол ва бошқа мусулмонлар :
           “Аллоҳу аҳад . . . аҳад . . .” --- деб Умаййага ёпирилиб, уни ҳалок қилдилар.
            Мана шу каби ўринда Билолнинг кечиримлилик каби фазилатлари хусусида баҳс қилишлик бизнинг ҳаққимиз эмас деб ўйлайман. Агар Билол билан Умаййанинг тўқнашуви бошқа бир ҳолатда бўлганида эди, унинг авф қилишлик фазилатлари устида баҳс юритсак бўлар эди. Душман билан уруш эмас, балки тинчлик ҳолатида йўлиққанда Билол каби иймонли инсонлар албатта, авф қилган бўлар эдилар. Лекин уларнинг ўрталаридаги учрашув,  икки тоифа бир-бирини ўлдириш учун тўпланган уруш майдонида бўлди.
Қиличлар тўқнашди. Бутун жанг майдони қурбонлар билан тўлиб кетди. Сўнгра шу вазиятда Билол танасининг бирор қаричини соғ қолдирмай, уни азоблаган Умаййага кўзи тушди. Ўша қийноқларнинг изи ҳали ҳам танасини тарк қилмаган эди.
           Хўш, Умаййани қаерда ва қандай ҳолда кўриб қолган экан?
           Албатта уни жанг майдонида, қиличи билан мусулмонларни бошини кесаётган ҳолда кўриб қолганди. Агар ўша пайт Билолнинг боши Умаййанинг қаршисидан чиққанда, шубҳасиз, уни ҳам кесиб ташлаган бўларди. Икки эркак йўлиққан мана шу каби ўринда :
          “Нима учун Билол кечириб юбормади?” --- деб савол қилишимиз мантиқдан эмасдир.
           Орадан кунлар, ойлар, йиллар ўтди. . . Макка фатҳ қилинди. Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом шукр қилиб, такбирлар айтиб ўн минг кишилик мусулмонлар сафларининг бошида Маккага кирди-лар. Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом Қурайш мушриклари йилнинг кунларига мос, яъни уч юз отмишта бут-санамларга тўлдириб ташлаган муқаддас Каъбага юзландилар.
            Батаҳқиқ , ҳақ келди ва ботил йўқ бўлди.
            Мана шу кундан бошлаб,Уззо ҳам, Лот ҳам, Хубал ҳам йўқ бўлди. Энди бу кундан ке-йин инсон  бошини тош ва бутларга эгмайдиган бўлди. Инсонлар ҳеч бир ўхшаши йўқ , яккаю ёлғиз ва улуғ Аллоҳ Таълога ибодат қила бошладилар.
            Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом Каъбага Билол ибн Рабоҳнинг ҳамкорлигида кирдилар. Ҳали Каъбанинг ичига киришга ҳам улгурмай, камон ўқлари билан фол очаётган Иброҳим АС нинг тошдан ўйилган ҳайкалларига кўзлари тушди. Пайғамбар АС ғазабланиб :
           “Уларни Аллоҳ ҳалок қилсин. Бизнинг шайхимиз камон чўплари билан фол очмаган. . . Иброҳим АС яҳудий ҳам, насроний ҳам бўлмаган, балки у тўғри йўлдан адашмай Аллоҳга ибодат қилувчи мусулмонлардан бўлиб, ҳаргиз мушриклардан бўлмаган”  ---  дедилар.    
           Пайғамбар АС Билолга Каъбанинг тепасига чиқиб, азон айтишга амр бердилар. Билол азон айта бошлади. . . Замоннинг, маконнинг ва ҳолатнинг гўзаллигига эътибор беринг. Гўё Маккада ҳаёт ҳаракатдан тўхтагандай. Минглаб мусулмонлар оҳиста ва хушуъ билан Билол-нинг ортидан азон калималарини такрорлаяптилар. Мушриклар эса, уйларида қулоқларига ишонмай :
           “Наҳотки,бу кечагина шу диёрдан ҳайдаб чиқарилган Муҳаммад ва унинг дўстлари бўлса ?”
           “Наҳотки, бу биз уни ҳайдаб чиқарган, унга қарши жанг қилиб, унинг энг яқин одамини(Ҳамза р.а.ни) қатл қилган киши бўлса ?”
           “Наҳотки, бу ҳозиргина бизнинг тақдиримиз унинг қўлида бўлиб, бизларга :
           “Бораверинглар,  сизлар озодсизлар !”  ---  деган  киши бўлса ?”   ---  дейишарди.
            Аммо Кабанинг ҳовлисида ўтирган Қурайшнинг уч нафар катталари икки қадами билан гўё бут-санамларни босиб янчиётган Билолни  кўриб, алам ва изтиробда қолдилар. Бу уч кишининг бири, бир неча соат илгари иймон келтирган Абу Суфён ибн Ҳарб ва қолган иккиси ҳали  иймон келтирмаган Аттоб ибн Усайд ва Хорис ибн Ҳишом эдилар. Аттоб ибн Усайд икки кўзини азон айтаётган Билолдан узмасдан деди :
            “Шубҳасиз  Аллоҳ Усайдга(Аттобнинг отаси) мана бу уни ғазаблантирадиган ҳолатни кўрсатмай, уни мукаррам қилди”.(Аттоб вафот этиб кетган эди.)
Хорис деди :
            “Аллоҳга қасамки, агар Муҳаммадни шу нарсага ҳақли эканини билганимда, албатта унга эргашган бўлар эдим”.
Аййёр Абу Суфён уларнинг суҳбатларига қўшилиб :
            “Мен бирор сўз айтмайман, бордию айтадиган бўлсам, мана бу майда тошлар ҳам мен ҳақимда хабар беради ! ! !”  ---  деди.
             Пайғамбаримиз АС Каъбани тарк этаётган вақтларида бу уччовларини кўриб қолдилар. Бир лаҳзада уларнинг юзларини ўқиб олдилар. Кўзлари Аллоҳнинг нусрати ва нури туфайли ярқираб турган ҳолда уларга дедилар :
             “Мен сизларни нима ҳақида суҳбатлашганингизни билиб олдим”. Сўнгра уларга суҳбатларини бирма –бир айтиб бердилар.  

   Хорис ва Аттоб :
          “Албатта, сен Аллоҳнинг элчиси эканингга гувоҳлик берамиз. Аллоҳга қасамки, бизнинг бу айтган сўзларимизни ҳеч ким эшитмаган эди”  ---  дедилар.
Сўнгра Билолни янги покланган қалб билан қарши олдилар. Қалблари эса, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи вассалом Маккага киришлари билан айтган :
           “Эй Қурайш аҳли , Аллоҳ сизлардан жоҳилият кирб-ҳавосини ва ота-боболар билан фахрланишни кетказди. Инсонлар Одам АС дандирлар. Одам АС эса, тупроқдандир”  --- деган калималарининг садоси билан тўлиб тошган эди.
            Билол ибн Рабоҳ розияллоҳу анҳу Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом билан бирга барча маросим ва сафарларда иштирок этиб яшади. Намоз учун азон айтди. Уни қулликдан озодликка, зулматдан нурга чиқарган буюк диннинг шиорини ҳимоя қилиб ҳаёт кечирди. Ислом дини улуғ бўлди. Ислом билан биргаликда мусулмонлар ҳам азиз ва улуғ бўлдилар. Билолни :
            “Жаннат аҳлидандир”  --- деб васф қилган Жаноб Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи вассаломнинг қалбларида кун сайин унинг яқинлиги зиёда бўлиб бораверди. Лекин Билол илгари қандай камтар ва тавозуъда бўлган бўлса, ўша ҳолича қолди. У ўзини кечагина қул бўлган бир ҳабаший деб биларди.
            Бир куни ўзи ва укаси учун совчиликка бориб, қизларнинг отасига деди :
           “Мен Билолман, бу менинг укам. Ҳабаш ўлкасиданмиз. Иккимиз залолатда эдик, Аллоҳ бизни ҳидоят этди. Қул эдик, бас Аллоҳ бизни озод этди. . . Агар қизларингизни бизга никоҳлаб берсангиз, Аллоҳга ҳамд бўлсин. Агарда рози бўлмасангиз, бас Аллоҳу акбар!!!(яъни, ҳеч қиси йўқ)
            Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом вафот топдилар.Мусулмонларнинг тепасига у зотдан кейин, Абу Бакр Сиддиқ р.а. тайинланди. Бир куни Билол халифанинг ҳузурига бориб, деди :
           “Эй Росулуллоҳнинг халифаси . . . Мен Пайғамбар АС дан эшитганман, у зот :
           “Мўминнинг энг афзал амали --- Аллоҳ йўлида жанг қилиш”   --- деган эдилар.
Абу Бакр деди :
           “Мақсадинг нима ,эй Билол ?”
Билол :
           “То вафот этгунимча , жанг қилмоқчиман”  ---  деди.
Абу Бакр :
           “Ким бизларга азон айтади?”  --- деди.
Билол кўзларидан ёшлари оқиб :
           “Мен Росулуллоҳдан кейин ҳеч кимга азон айтмайман” ---  деди.
Абу Бакр :
          “Балки қолиб, бизлар учун азон айтарсан? --- деди.
Билол эса :
          “Агар сен мени ўзинг учун озод этган бўлсанг, шундай бўла қолсин. Агар Аллоҳ учун озод этган бўлсанг, у ҳолда мени қўйиб юбор”  --- деди.
Абу Бакр :
         “Йўқ , мен сени Аллоҳ учун озод этганман” ---  деди.
           Ровийлар икки хил фикр билдиришади. Баъзилари, Билол шу суҳбатдан кейин ўзининг мақсадини ҳосил қилиш учун Шомга жўнаб кетди десалар, баъзи ровийлар эса, у Абу Бакрни илтимосини қабул қилиб, Мадинада қолди. Вақтики, Абу Бакр вафот топиб, унинг ўрнига Умар р.а. тайинлангач, халифадан рухсат сўраб, Шомга кетди  дейишади. Қайси ҳолатда бўлса ҳам , Билол ўзининг қолган умрини Исломга бағишлади. У қайта ўзининг кучли ва жарангдор овози билан ҳечам азон айтмади. Бунинг сабаби, азондаги АШҲАДУ АННА МУҲАММАДАН РОСУЛУЛЛОҲ  калимасини айта олмасдан, Пайғамбар АС эсига тушиб, ғам ва қайғудан товуши пасайиб кетар эди. Натижада азон калималарини талаффуз қилиш ўрнига, кўз ёш ва йиғи билан машғул бўлиб қоларди.       

 Унинг охириги азони Қуддус шаҳри фатҳ бўлиб, ҳазрати Умар уни зиёрат қилиш учун келган вақтда бўлди. Мусулмонлар Умар ибн Хаттобга ёлвориб, Билолдан фақат биттагина намоз учун азон айтиб беришини илтимос қилишини сўрадилар. Мўминлар амири Билолни ёнига чорлаб, ундан азон айтиб беришни сўради. Билол тепаликка кўтарилиб, азон айта бошлади . . .  Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом ни кўрган асҳоблар, Пайғамбар АС учун азон айтган Билолни овозини эшитиб, илгари ҳеч ҳам йиғламаган қаттиқ бир йиғи билан дод – фарёд чекдилар .
Шу йиғлаганларнинг энг қаттиқроғи Умар ибн Хаттоб р.а. бўлди . Бу йиғининг сабаби, барча асҳобларнинг ёдига Жаноб Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи вассалом тушган эдилар. Кўз ўнгиларидан Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом билан бирга яшаган саодат кунларини ўтказдилар.
            Билол ибн Рабоҳ р.а.  ўзи истагандек ҳаёт кечириб, Шомда вафот топди.
            Бугунги кунда иймон, қаноат ва сабр бобида башариятнинг энг буюк инсонларидан бири бўлган Билол ибн Рабоҳ розияллоҳу анҳунинг жасади Дамашқ тупроғининг остида ором олиб ётибди. 


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио