Рижолун ҳавлар-расул

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

Салмон Форсий

                                       “ҲАҚИҚАТНИ ИЗЛОВЧИ”

        Бизнинг бу қаҳрамонимиз  Форс мамлакатидан келган.
Форс юртидан келишига қарамай , Ислом тарихида ўтган  кўпгина буюк шахсларидан аввалроқ  иймонга  келди. Ислом дини мусулмонлар орасидан шундай бир тоифа инсонларни чиқардики, улар илм, иймон ва дин соҳасида барчага ибрат бўлгувчи эдилар. Исломнинг буюк мўъжизаларидан бири шундаки, у бирор юрт ёки ўлкага кирмасин , магарам ўша юрт аҳлининг энг яширин бўлган қоблиятларини юзага чиқарар эди. Натижада мусулмонларнинг олимлари, фалакиётчилари , кашфиётчилари кўпая боради.  Бу олимлар ўзларининг илм ва кашфиётлари билан бутун дунёни хайратга сола бошладилар. Уларнинг ватанлари ҳар-хил бўлсада , динлари бир эди.
         Жаноб Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи вассалом бу ҳақида башорат бердилар. Йўқ , балки Буюк Роббилари томонидан у кишига ваъда қилинган эди. Ҳали  Ислом заиф ва ожиз бўлган пайтда , Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом   Ислом байроғи ер юзидаги шаҳарлар ва шу шаҳарларнинг қасрлари устида  ҳилпираб туришини аниқ  кўз билан кўрар эдилар.
          Албатта , Салмон Форсий бу воқеаларга гувоҳ  бўлди. Гувоҳ бўлибгина қолмай , балки бу воқеаларнинг бевосита иштирокчисига айланди.
         Бу воқеа ҳижратнинг бешинчи йилида содир бўлиб ўтган эди.
         Мадина яҳудийларининг бошлиқлари  Макка томон йўл олиб , мушрикларни  ўзлари
билан бирлашиб, Росулуллоҳ ва мусулмонларга қарши уриш бошлашга  гиж-гижладилар.
Улар мушриклар билан бу ҳал қилувчи жангда  бир-бирларига кўмаклашиб, янги пайдо
бўлган диннинг илдизини қўпориб ташлашга аҳдлашиб олдилар. Урушнинг режаси тузиб олинди. Бу режага кўра, Қурайш қўшинлари билан “Ғатафон” қабиласи  Мадина
ташқарисидан, бану Қурайза яҳудлари эса, Мадина ичкарисидан, яъни мусулмонлар
сафларининг ортидан ҳужум қилиши лозим эди. Бунинг натижасида мусулмонлар қуршовда қолиб, мағлуб бўлар эдилар.
         Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом ва мусулмонлар катта фалокат ёқасида қолдилар. Чунки , Мадинага
яқинлашиб келаётган душман қўшин сони ва тайёргарлик жиҳатидан мусулмонлардан
бир неча баробар ортиқ эди. Мусулмонларнинг тарвузлари қўлларидан тушиб, бутун ҳаёлларини даҳшат қамраб олди.
          Қуръони карим бу ҳолатни  қуйидагича тасвирлайди : 
 
         Ўшанда улар сизларнинг устингиздан ҳам , сизлардан қуйи(томон)дан ҳам (бостириб) келган эдилар. Ўшанда кўзлар тиниб, юраклар бўғизга тиқилиб қолган ва сизлар Аллоҳ ҳақида (турли) гумонлар қила бошлаган эдингизлар .

         Муҳаммад АС , у кишининг асҳоблари ва Ислом динини тугатиш мақсадида  йигирма тўрт минг жангчи Абу Суфён ибн Ҳарб ва Уйайна ибн Хисон бошчилигида Мадинани қуршаб олиб, ҳал қилувчи жангда ғолиб чиқиш учун яқинлашиб кела бошлади.
Бу катта қўшин фақатгина қурайш мушрикларидан иборат эмасди , балки унинг таркибида Ислом динига нисбатан нафрат ва адоватда бўлган бошқа қабилалар ҳам мавжуд эди.
        Бу Росулуллоҳга душманлик қилганларнинг биргаликдаги охириги уриниши эди.
Мусулмонлар оғир вазиятда қолдилар.    
 
        Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом маслаҳат учун асҳобларини тўпладилар. Албатта, Мадинани мудофаа қилишга келишдилар...   Аммо қандай қилиб ?. . .
         Мана шу пайт Жаноб Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи вассалом ёнларига баланд бўйли, сочлари қалин бир йигит келди. Бу йигитни Росулуллоҳ қаттиқ севар ва ҳурмат қилар эдилар. Бу йигит Салмон Форсий розияллоҳу анҳу эди. Салмон бир тепаликнинг устига чиқиб , Мадина томонга синчиклаб назар ташлади. Қараса, Мадина ҳамма тарафдан қоя ва тоғлар билан ўралган ва фақатгина бир тарафи очиқ экан .Душманнинг ҳудди шу тарафдан ҳужум қилиши мумкин ва қулай эди.
         Салмон Форсий ўз юрти, яъни Форсда жанг сирлари ва ҳийлаларини пухта ўзлаштирганди. Шу сабабли у Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассаломга ҳали араб халқи ўз урушларида билмаган ва кўрмаган бир фикрни ташлади. Бу фикрга кўра , Мадинанинг қоялардан ҳоли бўлиб, очиқ турган тарафига хандақ қазиш лозим эди.
          Аллоҳ Таълонинг ўзи билгувчироқдир, агар мана шу ғазотда мусулмонлар ҳандақ қазиб, мушрикларнинг йўлини тўсмаганларида, мусулмонларнинг тақдири нима билан якун топар эди. Мушриклар бу хандақни кўриб ҳайратга тушдилар . Хандақдан ошиб ўтиб, Мадинага ҳужум қилишдан ожиз бўлиб, ўз чодирларида бир ой қолиб кетдилар. Натижада қувват ва журъатлари пасайиб, анча заифлашиб қолдилар. Ҳатто бир кеча Аллоҳ Таъло уларнинг устига қаттиқ ва совуқ шамолни  жўнатиб, чодирларини қўпориб, ўзларини эса , ҳар тарафга тарқатиб юборди.
          Абу Суфён ўз қўшнига ортга қайтишга буйруқ берди. Хориб-толиб чарчаган қўшин, умидлари пучга чиқиб, ортга қайтишга мажбур бўлди.
          Хандақ қазиш вақтида қаттиқ меҳнат қилаятган асҳоблар орасидан Салмон ўз ўрнини эгаллади. Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом ҳам ўз чўкмолларини(кирка) тутиб, мусулмонлар билан биргаликда хандақ қазишда давом этардилар. Салмон биродарлари билан қазиятган ердан катта бир тош чиқиб қолди. Салмоннинг ўзи кучли ва бақувват бўлиб, қўлидаги чўкмоли билан бир урганда катта бир тошни парчалаб юборишига қарамай, бу тошнинг қаршисида ожиз қолди. Атрофидаги барча биродарларини чақириб, биргаликда тошни парчалаб жойидан олиб қўймоқчи бўлди. Аммо бу уриниши наф бермади. Салмон Росулуллоҳнинг ҳузурларига бориб, хандақни бу катта тош турган томондан йўналишини ўзгартириб қазишга изн сўради. Пайғамбар АС Салмон билан ўша жойни яхшилаб кўриш учун бордилар. Бу тошни кўргач , Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом чўкмолларини қўлларига олиб, тошнинг парчалари тегиб кетмаслиги учун, асҳобларидан четроқ туришларини сўрадилар. Аллоҳнинг исмини айтиб, муборак икки қўллари билан чўкмолни тутган ҳолда, жидду-жаҳд билан тошга урдилар. Шу пайт тош ёрилди. Тошнинг ёриқлари орасидан нур чиқиб кетди.
Салмон айтади :
           “Батаҳқиқ , бу нурни кўрдим. Икки тарафни ёритиб юборди”.
Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом такбир айтиб :
            “Аллоҳу акбар . . . Менга Форс давлатининг калитлари берилди. Кисронинг шаҳарлари ва Ҳайранинг қасрлари менга қараб нур сочяпти. Албатта, умматим уларнинг устидан ғолиб бўлади”— дедилар.
Сўнгра чўкмолни кўтариб иккинчи бор зарба бердилар . Яна ёриқлар орасидан нур чиқиб , ҳамма ерни ёритиб юборди. Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом такбир айтиб :
            “Аллоҳу акбар . . . Менга Рум давлатининг калитлари берилди. Унинг қизил қасрлари мен томон нур сочяпти. Албатта, умматим ўша қасрларнинг тепасида бўлади”.
Сўнгра учинчи бор зарба зарба бердилар. Тош парча-парча бўлиб кетди.
             Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом ва муслмонлар такбир ва таҳлил айтдилар. Кейин эса , Жаноб Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи вассалом асҳобларига Сурия , Санъо ва бошқа шаҳарларнинг қасрлари тепасида тез кунда Аллоҳ Таълонинг байроғи ҳилпираб туришини кўраётганликларини айтиб, башорат бердилар.
Мусулмонлар буюк иймон билан ҳайқирдилар : 
 
            “Бу Аллоҳ ва Пайғамбари бизларга  ваъда қилган нарсадир. Аллоҳ ва
Пайғамбарининг сўзи ростдир”. 
                 
             Салмон Форсий хандақ қазиш маслаҳатининг эгаси эди. Бу билан бирга баъзи ғайб сирларини очишга кўмаклашган катта тош ҳам унга йўлиқди. Салмон Росулуллоҳнинг зарбаларидан кейин чиқаётган нурни кўриб, Жаноб Пайғамбаримизнинг башоратларини бирма-бир эшитиб турди. Бу башоратларни кейинчалик рўёбга чиқиб, ҳақиқат бўлганини ўзининг ҳаёти давомида гувоҳи ҳам бўлди.
             У Рум ва Форс шаҳарларини кўрди. Санъо , Сурия , Миср ва Ироқ  қасрларини кўрди. Ер юзининг барча тарафларини кезиб , баланд миноралардан яхшилик ва ҳидоят нурларини тарқатаётган муборак азон овози таралаётганини ўз қулоғи билан эшитди.    
             Мана бу Салмон Форсий розияллоҳу анҳудир. Мадинадаги ҳовлиси олдида гуллаб яшнаган дарахт соясида биродарлари билан суҳбатлашиб ўтирибди. Ёнидаги биродарларига ҳақиқатни излаш йўлида бошидан кечирган саргузаштларини ҳикоя қилиб бермоқда. Яъни, ҳақиқатни излаб, ўз қавмининг динини насронийликка , насронийликни эса , Исломга алмаштиргани ҳақида сўзлаяпти. Қандай қилиб ақл ва руҳини халос қилиш учун бадавлат отасининг ҳузуридаги фаровон ҳаётини тарк этиб , ўзини муҳтожлик ва фақирлик қучоғига ташлаганини айтиб беряпти. Ҳақиқат излаш йўлида қандай қилиб у қул бозорда сотилди? Қандай қилиб Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом га йўлиқиб, у зотга иймон келтирди?
             Келинг , унинг гўзал мажлисига яқинлашиб , ўзидан бу қизиқ воқеаларни эшитайлик.
            “Мен Исфаҳоннинг “Жий” деган қишлоғида яшовчи форслардан эдим. Отам қишлоқнинг раиси эдилар . Отам мени ниҳоятда севиб , еру-кўкка ишонмас эдилар. Мен мажусийликка қаттиқ берилиб , ҳатто ўз қўлим билан ёндирган оловга сиғинар эдим. Отам нинг далалари бор эди. Ўзлари банд бўлганликлари сабабли, бир куни мени далага ишлашга юбордилар. Мен далага кетаётган эдим, йўлда насронийлар черкови ёнидан ўтаётиб, уларнинг ибодат қилаётганлари қулоғимга чалинди. Қандай ибодат қилаётганларини кўришлик мақсадида черковнинг ичкарисига кирдим. Қилаётган ибодатлари менга жуда ёқиб қолди. Ўзимга ўзим айтдим :
             “Албатта , уларнинг дини бизникидан яхшироқдир”. Қуёш ботгунча черковдан кетмадим. Далага ҳам бормадим. Отам ортимдан одам жўнатмагунча уйга қайтмадим. Кетар чоғимда насронийлардан :
             “Динингизнинг асли қаерда?” -   деб сўрадим. Улар : “Шомда”  - деб жавоб беришди.                           
              Отамнинг ҳузурига қайгач , уларга дедим :
             “Мен бугун насронийлар черкови ёнидан ўтиб, уларнинг ибодатларини кузатдим. Қилаётган ибодатлари менга жуда ёқди. Бас , мен  билдимки , уларнинг дини бизникидан афзал экан”. Отам бу сўзларни эшитгач даҳшатга тушиб, мен билан анча тортишдилар.Мен ўз сўзимда қаттиқ туриб олдим. Отам буни кўриб, мени оёғимга темир солиб кишанлаб қўйдилар. Насоролар ҳузурига одам юбориб, ўзимни уларнинг динини қабул қилганимни билдирдим. Шомдан карвон келса, ортига қайтмасдан туриб , улар билан бирга кетишим учун хабар беришларини илтимос қилдим. Кўп ўтмай шундай хабар етиб келди. Мен бир амаллаб кишанлардан бўшаб, уйдагиларга билдирмай , улар билан бирга Шомга жўнаб кетдим. Манзилга етгач, улардан :
              “Энг катта олимингиз ким ?  -  деб  суриштирдим.
Улар :”Канисанинг усқуфи (епископи) “--   деб жавоб қилишди. 
           Мен унинг ҳузурига бориб, ўзим ҳақимда гапириб бердим. Сўнгра дин таълимини ўрганишлик учун, у билан бирга қолиб, хизматини қилишга ундан изн сўрадим. У рози бўлди. Тез кунда менга бу усқуф динидаги энг ёмон кишилардан эканлиги маълум бўлди.
У инсонлардан фақир ва муҳтожларга тарқатишлик учун садақотлар йиғиб, ҳеч кимга бермай, яшириб қўяр эди. Сўнгра у вафот этди. Унинг ўрнига бошқа усқуфни тайин этилди. Мен ундан кўра ўз динига кучли амал қиладиган, ўта зоҳид ва ибодатга қаттиқ берилган яхшироқ инсонни кўрмадим. Уни мен жуда севиб қолдим. Ундан илгари ҳеч кимни шу қадар яхши кўрмаган эдим. Вақтики унга ўлим соати яқинлашгач,  дедим :
           “Менга нимани буюрасиз, кимдан таълим олишимни тавсия этасиз”.
У деди :
           “Эй ўғлим, мен инсонлар ичида бизнинг динимизга амал қилувчилардан Мавсил шаҳридаги инсонга ўхшашини билмайман. Унинг ҳузурига бор”.
Усқуф вафот этгач, Мавсил шаҳридаги зоҳиднинг ҳузурига бориб, ўзим ҳақимда унга гапириб бердим. Сўнгра у билан Аллоҳ ирода этганича бирга бўлдим. Унга ўлим соати яқинлашган пайтда, ундан мени бошқа бир инсонга йўллаб қўйишини илтимос қилдим.
У менга Нисбийин шаҳрида яшовчи обиднинг ёнига боришимни таклиф этди.
           У обиднинг ёнида ҳам Аллоҳ ирода қилганича бўлдим. Унга вафоти яқинлашгач,
мега Рум шаҳарларидан бири бўлган Амуриядаги солиҳ кишининг ҳузурига боришимни тавсия этди. Ўша солиҳ инсоннинг ёнига бориб, унинг хизматини қила бошладим. У ерда ишлаб, меҳнат қилиб, бир қанча қўй ва эчкиларга эга бўлдим. У зотга ҳам ўлим соати яқин бўлгач, ундан :
          “Мени кимнинг ҳузурига боришимни васият қиласиз”  -   деб сўрадим. У деди :
          “Эй ўғлим, динимизга амал қилувчи бирор бир солиҳ кишини билмайман. Билсам, албатта, уни ёнига боришингни тавсия этган бўлар эдим. Аммо Иброҳим АС дини билан юбориладиган пайғамбарнинг замони етиб келди. У ўз юртини ташлаб, хурмозорлари кўп бўлган юртга ҳижрат қилишга мажбур бўлади. Агар имкон топсанг, унга етишгин. Уни ҳеч кимдан махфий    бўлмаган аломатлари бор. У садақани емайди, ҳадяни қабул қилади. Икки елкасининг ўртасида пайғамбарлик муҳри бордир. Мана шу аломатлари орқали уни таниб оласан. 
            Кунлардан бир куни мени ёнимдан бир карвон ўтиб қолди. Уларнинг қайси юртдан эканликларини сўрасам, улар араб жазирасидан эканликларини айтишди. Мен :
           “Манави қўй эчкиларимни эвазига мени ўзларинг билан юртингизга олиб кетасизми?”-    деб сўрадим. Улар рози бўлишди. Улар мени “Водул қуро” деган жойгача бирга олиб келиб, менга зулм қилган ҳолда, қул қилиб бир яҳудийга сотиб юборишди. Ўша яҳудий мени ўзи билан олиб кетди. Қарасам унинг юрти хурмозорларга бой экан. Мен мана шу менга васф қилинган юрт бўлса керак деб ҳаёл қилдим. Аммо ундай бўлиб чиқмади. Ўша яҳудий билан, то унинг Бану Қурайзалик яҳудий таниши келиб , мени ундан сотиб олмагунича бирга бўлдим. Бану Қурайзалик яҳудий мени ўзи билан Мадина шаҳрига олиб кетди. Аллоҳга қасамки, бу шаҳарни кўришим билан, менга васф қилинган шаҳар айнан мана шу эканлигига ишонч ҳосил қилдим. Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом Мадинага ҳижрат қилаётиб, Қубо қишлоғидаги Бану Амр ибн Авф қабиласининг ҳузурига тушгунларига қадар, мен Бану Қурайза яҳудларининг хурмозорларида меҳнат қилдим. Бир куни мен хурмо дарахтининг тепасида ишлаётган эдим. Дарахт остида эса, ҳўжайиним дам олиб ўтирар эди. Яҳудийлардан бир киши келиб :
             “Бану Қайлани (арабларнинг Авс ва Ҳазраж қабиласи) Аллоҳ ҳалок қилсин . Маккадан келаётган кишини пайғамбар деб ўйлаб, уни қаршилаш учун кетяптилар” - деди.
              Аллоҳга қасамки, бу сўзни эшитибоқ , мени титроқ босди, ҳатто сал қолса дарахтдан қулаб тушай дедим. Сўнгра тезда дарахтдан тушиб :
              “Нима дединг, яна бир қайтар!” -   дедим. Ҳўжайинимнинг жаҳли чиқиб, юзимга бир тарсаки тушириб, деди :
              “Сени нима ишинг бор? Жўна, ишингни қилавер”.
              Кеч тушгач, ўзим тўплаб қўйган хурмоларни олиб, Қубога Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом ҳузурларига бордим. У зотнинг ҳузурларига кирдим. Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом ни бир неча асҳоблари ўраб ўтиришар эди. Мен Набий саллаллоҳу алайҳи вассалом га :
             “Албатта, сизлар мусофир ва ҳожатманд экансизлар, Менинг ҳузуримда садақа учун йиғиб қўйган бир қанча таомим бор. Сизлар шу таомга энг кўпроқ ҳақли эканингиз учун, уни сизларга келтирдим” - дедим. Сўнгра хурмоларни уларга бердим. Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом асҳобларига :
              “Аллоҳни исмини айтиб енглар” -   деб, ўзлари емадилар. Мен ўзимга ўзим :
              “Аллоҳга қасамки, бу биринчи аломат, у зот садақа емайдилар!”  -  дедим. Сўнгра
эртаси куни яна Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом ёнларига келдим. Қўлимда бироз таом бор эди. Мен Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом га :
               “Мен сизни садақа емаслигингизни кўрдим. Мана бу таомни Сизга ҳадя этиб, икром қилмоқчиман”  -  деб, қўлимдаги таомни узатдим. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи вассалом асҳобларига :
               “Аллоҳнинг исмини айтиб енглар”  -    деб, ўзлари ҳам улар билан бирга едилар.
Мен ўзимга ўзим дедим :
                “Аллоҳга қасам , бу иккинчи аломат. Албатта у зот ҳадяни қабул қиладилар!”.
Сўнгра ортимга қайтиб, бир неча кундан кейин яна Росулуллоҳнинг ҳузурларига ташриф буюрдим. Қарасам у зот жанозада асҳоблари билан иштирок этаётган эканлар. Жаноб     Пайғамбаримиз елкаларига бир матони ташлаб олган эдилар. Мен у кишига салом бериб, пайғамбарлик муҳрларини кўришлик учун ортларига ўтиб, бироз тикилдим. Жанобимиз мен нимани истаётганимни билиб, муборак елкаларидаги матони бироз туширдилар. Бирдан кўзим менга соҳибим васф қилган пайғамбарлик муҳрига тушди. Мен эгилиб, Жанобимизнинг муҳри нубувватларини ўпиб, қаттиқ йиғлаб юбордим.  Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом бу холатни кўргач, мени ўз ёнларига ўтказиб, мен ҳақимда сўрадилар. Мен сизларга сўзлаб берган кечинмаларимни у зотга ҳам сўзма-сўз ҳикоя қилиб бердим. Сўнгра иймон келтирдим. Қуллигим туфайли Бадр ва Уҳуд жангларида иштирок эта олмадим.              
                Бир куни Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом менга  дедилар :
                “Ҳўжайининг билан “мукотаба” (муайян ҳақ эвазига ўзини озод қилиш учун, қул ҳўжайини билан тузадиган шартнома) қилгин, токи сени озод этсин”. 
Мен ҳўжайиним билан “мукотаба” қилиб , келишдим. Жаноб Пайғамбаримиз асҳобларини менга ёрдам беришга амр этдилар. Бас, мени Аллоҳ Таъло қулликдан озод этди. Сўнгра ҳур мусулмон бўлиб яшадим. Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом билан Хандақ ва бошқа жангларда иштирок этдим.
                 Мана шу ажойиб  ва мазмунли сўзлар орқали, Салмон Форсий розияллоҳу анҳу  уни Аллоҳга етиштириб, ҳаётининг шакл ва услубини тузиб берган диний ҳақиқатни топиш йўлидаги саргузаштларини баён этиб берди.
                 Бу зот қандай буюк инсон бўлган эди? Қизиқувчан руҳини қандай буюк қобилият эгаллаб, енгилмас иродасини кўп қийинчиликларга солиб, охир оқибат ҳақни топишга сабаб бўлди? Қайси бир дўстлик отасининг бойлик ва мол давлатини тарк этиб, юки ва машаққати оғир, юртдан-юртга кўчувчи мажҳул ҳаётга ўтишга мажбур этди? Юртдан-юртга , шаҳардан- шаҳарга кўчиб, ўзининг ўткир ақли билан инсонларни , динларни, мазҳабларни ва ҳаётни ўрганди. Ҳақиқатни топиш йўлида қул бўлиб сотилиши ҳам уни мақсадидан қайтара олмади. Сўнгра Аллоҳ Таъло унга буюк мукофот тарзида, ҳақни кўрсатди. Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом билан учрашиб, у зотга иймон келтиргач, бутун умри давомида Жанобимизнинг суннатлари ва амрларини ўз ҳаётига татбиқ қилиб яшади.            
             Салмон Форсий розияллоҳу анҳунинг иймони муттақийн зотларнинг иймони каби эди. Унинг зуҳди-тақвоси, ақл-фаросати ҳудди Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуникига ўхшаш эди.  

Салмон Форсий Абу Дардо билан бир неча кун бирга бир ҳовлида истиқомат қилди. Абу Дардо р.а. доимий равишда кечалари намоз ўқиб, кундузлари рўза тутиб юрар эди. Салмон биродарининг ибодатга ҳаддан зиёд кўп берилганини кўриб, у кишига бироз насиҳат қилмоқчи бўлди. Бир куни Салмон нафл рўзасини тутмоқчи бўлган дўсти Абу Дардони ниятидан қайтаришга ҳаракат қилди. Буни кўриб Абу Дардо деди :
               “Мени Роббим учун намоз ўқиб, рўза тутишликдан қайтаряпсанми?”. Салмон  Форсий унга жавобан :
               “Албатта, икки кўзингнинг ҳам ва аҳлингнинг ҳам сенда ҳаққи бор. Баъзан рўзадор , баъзан оғзинг очиқ юргин. Туннинг баъзи қисмида намоз ўқи, баъзисида эса ором олгин” -     деди. Бу хабар Росулуллоҳ  саллаллоҳу алайҳи вассаломга етиб боргач, дедилар :
               “Батаҳқиқ , Салмон илм билан тўйдирилибди”.
                Жаноб Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи вассалом Салмоннинг хулқи ва динини мақтаганлари каби, унинг илм ва фаросатини ҳам кўп мақтаган эдилар. Хандақ куни ансорийлар :
                “Салмон биздандир” -  десалар, муҳожирлар :”Салмон биздандир” -   деб айтдилар. Пайғамбар АС уларга қарата :
                “Салмон биздан, байт(хонадон) аҳлидандир”  -    дедилар.
 Албатта Салмон Форсий розияллоҳу анҳу бу шарафга ҳақли эди. Али ибн Абу Толиб р.а.  Салмон Форсий р.а.га “Луқмону Ҳакийм”  деб ном берган эди. Ҳатто Салмон Форсий вафот этганда :
                “Бу зот биздан, байт аҳлидандир. . .  Сизларнинг ичингизда “Луқмону Ҳакиймга тенг келадигани борми? . . .Унга аввалги ва кейинги илмни берилди, у аввалги ва кейинги китобларни ўқиди. У тубсиз денгиз эди”  -  деган эди.
                 Салмон р.а. юксак илм соҳиби эди. У асҳоби киромлар орасида буюк мақом эгасига айланди. Салмон Умар ибн Хаттоб р.а. нинг халифалик даврида Мадинага  зиёрат учун келган пайтда, халифа Умар р.а. ҳеч кимга кўрсатмаган илтифотни унга кўрсатди. Мадина аҳлини барчасини тўплаб, уларга :
                 “Биз билан юринглар, Салмонни истиқболига чиқамиз” - деди. Шу тариқа барчалари Мадинанинг ташқарисига Салмонни кутиб олиш учун чиқдилар.
                 Салмон р.а. Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом га иймон келтирганидан, то халифа Усмон р.а. даврида вафот этгунича , зуҳди тақвода яшади. Шу давр ичида уфқ аро Ислом байроғи ҳилпираб, Мадинага катта-катта бойликлар оқиб келиб, тартибли равишда мусулмонлар ўртасида тақсим қилинар эди. Қизиқ , мана шу роҳат ва бойлик даврида Салмон қаерда бўлган экан?
                 Биродар кўзингизни каттароқ очинг, мана бу дарахт соясида ўтириб, хурмо пўстлоқларидан сават тўқиятган қарияни кўряпсизларми?
                 Албатта . . . Бу Салмон Форсий р.а. Унга яхшилаб қаранг , кийимининг қисқалигидан, то тиззасига қадар оёғи очилиб қолган. Унга байтул молдан тайин қилингани маош жуда кўп эди. Бир йилда тўрт мингдан, олти минггача етарди. Бироқ , у барча маблағларни фақир ва мискинларга тақсим қилиб, бир дирҳамини ҳам ўзига олиб қолмас эди. У ўзининг тирикчилиги ҳақида  деди :
                 “Бир дирҳамга хурмо пўстларини сотиб оламан. Ундан сават ясаб, уч дирҳамга сотаман. Шу уч дирҳамдан бир дирҳамини жойига қўйиб қўяман. Бир дирҳамини эса , оиламга сарф қиламан. Қолган бир дирҳамини эса, садақа қиламан. . . Гарчи  Умар ибн Хаттоб мени бу ишдан қайтарган бўлсада, мен асло бу ишимни ташламайман”  -   деди.
                 Эй Муҳаммад АС га эргашувчилар, яна нима ҳам дейиш мумкин! ! !
                 Кўпчилигимиз баъзи саҳобаларнинг зуҳди тақвоси ҳақида эшитган пайтимизда,  худди Абу Бакр, Умар, Абу Зар ва бошқалар каби, бунинг сабаби қилиб араб жазирасидаги ҳаётнинг ўзи у қадар фаровон бўлмагани ва араблар оддий ҳаётга кўникиб қолган-       ликларини кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Аммо бизнинг қаҳрамонимиз фаровон ва неъматларга тўкис бўлган форс мамлакатидандир. Яна шу билан биргаликда, у фақир кишилардан эмас, балки бадавлат инсонлардан бўлган эди. Нима сабабдан у мол-давлат ва неъматларни инкор этиб, ўз қўл меҳнати билан топган бир дирҳами билан кифояланяпти?
            Ёки нима сабабдан амирлик ва бошлиқликни тарк этиб, ундан қочяпти? У деди :
           “Агар қодир бўлсанг , тупроқни ейишга мажбур бўлиб қолганингда ҳам икки кишига амир бўлмагин”.
            У нима сабабдан мансабдор ва амир бўлишликдан қочар эди? Фақатгина шароит тақазо этиб, амирликка лойиқ бошқа одам топилмай қолгандагина, ноилож, сиқилиб ва кўз- ёш тўкиб қабул қиларди. Буни қарангки, мана шу бошлиқликни қабул этгач, ўзига тайин этилган ҳалол маошни ҳам олишдан бош тортар эди. Ҳишом ибн Ҳассон Ҳасандан ривоят қилади :
           “Салмоннинг маоши беш минг дирҳамга етарди. Ўзи эса, ўттиз минг кишига бошчилик қиларди. Инсонларга хитоб қилаятганда, устида икки бўлак дағал бир матоси бўлиб, ярмисини кийиб, ярмисини тўшак ўрнида ишлатарди. Қачонки унга маоши келти  рилса, тарқатиб юбориб, қўл меҳнати билан кун кўрар эди. Нима сабабдан бундай қиларди? Ахир у, неъматларга тўла бўлган форс юртининг фарзанди эдику?
Келинг бу юқоридаги саволларга унинг ўзидан жавоб эшитайлик. У ўлим тўшагида ётиб, раҳимли ва меҳрибон Роббисига йўлиқиш учун руҳини тайёрлаб турган пайт, унинг ёнига Саъд ибн Аби Ваққос р.а. кириб келди. Салмон эса йиғлаб ётарди. Шунда Саъд ундан :
             “Эй Або Абдуллоҳ , сени нима йиғлатяпти? Ахир Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом сендан рози бўлиб вафот этдиларку?” -   деб сўради. Салмон :
             “Аллоҳга қасамки, ўлимдан қўрқиб йиғлаятганим йўқ , дунёга ҳам хирсимдан эмас, балки, Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом бизларга : “Ҳар бирингизнинг дунёдаги юки, йўловчининг анжоми каби бўлсин” - деб айтган эдилар. Мен эса, атрофимдаги шунча нарсанинг эгасиман”  -  деб жавоб берди. Саъд деди :
              “Мен унинг ҳужрасига назар солсам, бир лаган билан битта обдастадан бўлак ҳеч нарса топмадим, сўнгра : “Эй Або Абдуллоҳ бизга васият қил, сендан уни қабул этайлик!”   дедим. Салмон :
              “Эй Саъд, бир хохишни қасд қилганингда ҳам, ҳукм қилаётганингда ҳам, бирор нарсани тақсим қилганингда ҳам Аллоҳни эсла” - деди. Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом Салмон ва унинг саҳоба  биродарларига :
              “Дунёни устингиздан ҳукмрон қилиб қўйманг. Ҳар бирингизнинг ундан мусофирнинг анжомичалик олинг” -  деб васият қилган эдилар. Салмон эса, бу васиятни доим ёдида сақлаб, ҳатто ўз руҳини Роббиси билан йўлиқишга тайёрлаятган вақтда, васият чегарасидан ўтиб кетдим деб хавфсираб, кўзларидан ёш тўкди. Ахир унинг ҳузурида таом ейдиган лагани билан, сув ичиб, таҳорат олдиган идишидан бўлак ҳеч нарсаси йўқ эдику? У шуни ҳам кўп ҳисоблаб кўз ёш тўкдия? . . .Мен сизларга у Умар р.а.га ўхшаш инсон  демаганмидим?
               Салмон Мадоин шаҳарининг ҳокими бўлган вақтида ҳам , ҳеч ўзгармади. Ўз қўли билан сават тўқиб, уни сотиб тирикчилик қиларди. Ҳоким бўлишига қарамай, устида эски ва дағал кийими билан юрар эди.
               Кунлардан бир куни Салмон шаҳар четида елкасига анжир ва хурмоларни ортиб , Шом вилоятидан келаятган бир мусофирга йўлиқди. Бояги мусофир юкнинг оғирлигидан чарчаб, толиққан эди. Эски ва дағал кийимларни кийиб келаятган Салмонни кўриб, бу оддий инсон бўлса керак деб ўйлаб, юкларини унинг елкасига ортиб , гўё, юкни манзилга етказгач, ҳаққини бераман деб ҳаёл қилди. Шомий Салмонга :
              “Манавини кўтар”  - деб юкларини унинг елкасига ортиб қўйди. Салмон эса, ҳеч нарса демай юкни кўтариб олди. Йўл-йўлакай бир тоифа инсонлар буларга йўлиқдилар.  Салмон уларга салом бергач, улар : “Амиримизга ҳам салом” - деб алик олишди. “Амиримизга салом!?” , қайси амирни  назарда тутяптилар??? Шу тариқа Шомий ўзига ўзи савол қила бошлади. Қачонки баъзи инсонлар Салмоннинг ёнига югуриб келиб унга:
             “Юкни менга беринг , эй амир “ -   дейишганини эшитгач, шомийнинг даҳшати янада зиёда бўлиб кетди. Бас, шомий билдики, қаршисидаги инсон Мадоин шаҳарнинг ҳокими Салмон Форсий экан.  
Бу ҳолатдан эсанкираб қолган шомий узр айтишга сўз тополмай, ҳижолат чекиб юкни қайтиб елкасига олишга ҳаракат қилди. Аммо Салмон бош силтаб :
     “Йўқ, то манзилингга етмагунингча юкни бермайман”     деди.   

*   *   *

       Бир куни ундан :
      “Сенга амирликни нима шу қадар ёмон кўрсатиб қўйган?”  - деб сўралди. У жавоб бериб :
      “Эмишликнинг ширинлиги  ва ажралишликнинг аччиқлиги “  - деди.
       Унинг ҳузурига бир куни дўсти кирса, у хамр қораятган экан. Дўсти Салмондан :
      “Ходиминг қаерда?” -     деб сўради. Салмон :
       “Биз уни ҳожатимизга керакли бир ишга жўнатган эдик . Шунинг учун иккита ишни унга буюришни лозим топмадик”  -   деб жавоб берди.

                                                            *   *   *

         Қачонки, биз уни “уйи” деганимизда, нимани назарда тутяпмиз? Қурувчилар унга уй қуриб беришаятган пайтда, агар шуни уй деса бўлса, Салмон улардан :
        “Қандай қурасиз?” -  деб сўради. Салмон Форсий розияллоҳу анҳунинг зуҳди-тақвосини жуда яхши билган қурувчилар :
         “Қўрқма, бу уйда иссиқ ва совуқдан сақланасан. Агар тик турсанг шифтга бошинг тегади, чалқанча ётганингда эса, деворга оёғинг тегади”  -   деб жавоб қилишди. Салмон  хурсанд бўлиб :
          “Ундай бўлса яхши , қураверинглар”  -   деди. Бу уйда дунё лаззатларидан ҳеч нарса йўқ эди. Фақатгина бир нарса бор эдики, Салмон уни ниҳоятда авайлаб асраб, ҳатто аёлидан уни ишончли жойга яшириб қўйишни талаб қилди. Ўлим касаллиги етиб келгач, жони узиладиган куннинг тонгида, у аёлига :
          “Яшириб қўйган нарсангни менга келтириб бергин”  -  деди. Аҳли аёли ўша нарсани келтирди. У Жалвало шаҳри фатҳ қилинган куни қўлга киритган мушк анбари эди. Салмон ўша атрни ўлим кунига сақлаб қўйганди. Сўнгра бир идишда сув келтиришни буюрди. Кейин сувга мушк анбарни қуйиб, қўли билан аралаштиргач, аёлига деди :
           “Буни мени ён-атрофимга сепгин. Албатта, ҳозир менинг ҳузуримга таом емайдиган, хушбўйликни севадиган  Аллоҳнинг бандалари келади”.
Аҳли аёли шу ишни қилгач, Салмон аёлига деди :
              “Эшикни ёпиб ,бироз ташқарида тургин”.
 Аҳли Салмон айтганидек қилди. Бироздан сўнг , унинг ёнига кирса, Салмоннинг муборак руҳи жасадини ва дунёни тарк қилган экан . . .          
              Унинг руҳи “шавқ”  қанотларига минган ҳолда улуғ зотларга етишди. Зеро у ерда Салмон Муҳаммад АС ва у зотнинг икки биродари – Абу Бакр ва Умар р.а. ҳамда шаҳдилар ва яхшилардан иборат буюк жамоат билан учрашишликка аҳдлашган эди.
               
Мана шу “ташна соғинч” Салмонни орзиқтириб юборган эди.
Ана энди бугун чанқоқни қондириш вақти етиб келди.


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио