Шамоили Муҳаммадиййя

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ ВАФОТЛАРИ ҲАҚИДА

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотлари тамоми тарих иттифоқлари билан душанба куни бўлган. Тарих ўнинчи сана хижрийнинг рабиъул аввали эди. Аксари муаррихлар ўн иккинчи рабиъул аввал дедилар. Лекин мухаддислар тахқиқларида иккинчи рабиъул аввалда эканлиги саҳиҳ кўрилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотининг аввали бош оғриқдан бошланди. Ўша куни волидамиз Оиша розияллоҳу анҳонинг уйларида эдилар. Кейин Маймуна розияллоҳу анҳо навбатлари бўлган кунда дардлари яна зиёда бўлди. Шу ҳолларда ҳам волидаларимизнинг навбатларини баробар бериб турдилар. Хасталиклари тобора зиёда бўла бошлаган эди, Жанобнинг ишоралари билан ҳамма волидаларимиз то беморликдан тузалгунларича Оишанинг уйларида турсинлар деб рози бўлдилар. Аввали ва охири ўн икки кун ё ўн тўрт кунда дунёдан охират диёрига риҳлат қилдилар. Ва душанба куни чошт вақтда бу воқеа вужудга келди.

302. Анас розияллоҳу анҳу дедилар: Менинг Жаноби Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак дийдорларига охири мушарраф бўлишим душанба куни эди. Бомдод номозини саҳобаи киром Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг орқаларида ўқиб туриб эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирдан хонаи саодат пардасини кўтардилар. Умматларининг намозларини кўздан кечирдилар. У вақт Жанобнинг чехраи мубораклари сафода, нурда гуё мусҳаф шарифнинг соф бир варағига ўхшар эди. Бу ҳолни кўриб, саҳобалар орқага сурилдилар – шояд намозга келсалар, деган умидда бетоқат бўлдилар. Жаноб соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаммаларингиз ўз-ўз жойларингизда туринглар деб ишора қилдилар, ва пардани туширдилар. Ва шу куннинг охирида жон таслим қилдилар.

303. Оиша розияллоҳу анҳо дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафот қилган кунларида мен Жанобни ўз сийнамга суяб ўтирдим. Жон берилишдан аввал бир идиш талаб қилдилар. Унга пешоб қилиб бўлганларидан кейин жон бердилар.

304. Оиша розияллоҳу анҳо дедилар: Мен Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдим, жон бериб турган соатлари эди. Қошларида бир идишда сув бор эди. Муборак қўлларини у идишга солиб, чехраи анворларига суркар эдилар, ва дер эдилар: “Ё, Аллоҳ, ўлим аччиқликлари устида менга мададкор бўл”.

305. Оиша розияллоҳу анҳо дедилар: Мен Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайхи васалламнинг вафот соатида қийналганликларини кўрганимдан кейин бирон кишининг осон ўлишини кўриб, уни орзу қилмадим. (Яъни, осон жон бермоқ ўша жон бергувчининг фазилати бўла олмас экан. Агар шундай бўлса эди, Сарвари коинот соллаллоҳу алайҳи васаллам осон жон берар эди).

306. Оиша розияллоҳу анҳо дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этган вақтларида, саҳобаи киром у зотнинг муборак жасадларини қайси ерга дафн этиш хусусида ихтилоф қилдилар. Баъзилари масжидга, баъзилари Бақиъга (Мадинадаги қабристон), баъзилари боболари кўмилган жойлари Қуддус шарифга, баъзилари асли ватанлари Маккаи мукаррамага дафн қилайлик дедилар. Шу ҳолда Абу Бакр розияллоҳу анҳу дедилар: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир ҳадис эшитганман. Уни хеч фаромуш қилмадим: Аллоҳ таоло ҳар набиийнинг жонини набий у ерга дафн қилинишини дўст тутадиган бир ерда қабз қилади. Мана бу ҳадис мафхумича жон таслим қилган ерларига дафн қилинсин. Кейин саҳобаи киром жасад муборакни Оиша розияллоҳу анхонинг ҳужраларига дафн этдилар.

307. Ибн Аббос ва Оиша розияллоҳу анҳумо дедилар: Абу Бакр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейин келдилар ва муборак юзларидан бўса қилдилар.

И з о ҳ. Бу бўса агарчи баракат хосил қилмоқ учун бўлса ҳам аслида, маҳбубдан доимий жудолик соатида видоъ бўсасидир.

308. Оиша розияллоҳу анҳо дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот қилганларидан кейин Абу Бакр розияллоҳу анҳу хужраи саодатга кирдилар, ва Жанобнинг пешоналаридан бўса қилдилар. Ва икки билакларига қўлларини қўйиб туриб “ва анбиё ва асфиёҳ ва аҳлилоҳ” дедилар.

309. Анас розияллоҳу анҳу дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ташриф қилган кунларида, Мадинанинг ҳар бир нарсаси нурлик, дурахшон бўлган эди. Жаноб вафот этган куни Мадинанинг ҳар бир нарсаси қоронғу бўлди. Бизларнинг қўлларимиз тупроғи ковидан ва дафнларидан бўшаган ҳам эмас эдикки, дилларимизнинг ўзгарганлигини сездик.

И з о ҳ. Бу ўзгариш амалларда ва ақидаларда эмас эди, балки сухбатларнинг файзсиз бўлиши ва зоти баланд сифатларидан ажралиш натижаси бўлган бир ҳол эди.

310. Имом Муҳаммад Бокир рахимаҳуллоҳ дедилар: Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам душанба куни вафот этдилар. Ўша кун ва сешанба кечаси ва сешанба кундузи турдилар, ва чоршанба кечаси кечқурун ерга қўйилдилар.

311. Абу Салама ибн Абдурахмон Авф розияллоҳу анхумо дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам душанба куни вафот қилдилар, ва сешанба куни дафн қилиндилар.

312. Солим бин Убайд розияллоҳу анҳу дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлим беморликларида беҳуш бўлдилар. Кейин хушларига келиб, “Намоз вақти бўлдими?” деб сўрадилар. Хизматларида ҳозир зотлар «Ҳа. Намоз вақти бўлди» дедилар. Билолга айтинглар, азон айтсин. Абу Бакрга айтинглар, имом бўлиб, одамларга намозларини ўқиб берсин”, дедилар. Бу сўзни деб, яна бехуш бўлдилар. Яна хушларига келиб, “Намоз вақти бўлдими?” деб сўрадилар. Ҳозирлар: “Ҳа”, дедилар. Жаноб дедилар: “Билолга айтинглар, азон айтсин. Абу Бакрга айтинглар имом бўлиб, одамларга намоз ўқиб берсин”. Оиша розиёллоҳу анҳо дедилар: “Ё, Расулуллоҳ, менинг отам ғамга мағлуб бир зотдирлар. Жанобларини мақомларида ҳоли кўрсалар йиғлаб бетоқат бўладилар ва намоз ўқий олмаслар. Бошқа бир кишига амр берсалар”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна бехуш бўлдилар. Ҳушларига келганларидан кейин яна дедилар: “Билолга айтинглар, азон айтсин ва Абу Бакрга айтинглар имом бўлиб одамларга намоз ўқиб берсин”. Кейин Оиша розияллоҳу анхога боқиб дедилар: “Сизлар Юсуф алайҳис-саломнинг саҳобалари кабисизлар”. Кейин Билол розияллоҳу анҳуга азон учун амр қилинди. Азон айтдилар, ва Абу Бакр розияллоҳу анхуга айтилди. Одамларга имом бўлиб, намоз ўқиб бериб турдилар, яъни жума кечасининг хуфтон намозидан бошлаб, душанба кунининг бомдод намозига қадар, жами ўн етти намозни имомат билан адо қилдилар. Беморлик вақтларида Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам беморлик вақтларида бироз тузалгандек бўлдилар, дедилар: “Қаранглар, мени суяб масжидгача олиб борадиган одам бормикан?” Шу ҳолда Оишанинг озод қилган чўрилари Барийра билан яна бир киши келиб эди, уларга суяниб, Жаноб масжидга бордилар. Намоз жамоатда имом бўлиб турган Абу Бакр розияллоҳу анҳу Жанобни кўриб, кейинларига қайтиб, мехробни бўшатмоқчи бўлдилар. Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Жойингиздан қўзғалманг» деб ишора қилдилар. Кейин Абу Бакр розияллоҳу анҳу намозларини тамом қилдилар. Кейин Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша кун фоний дунёдан вафот этдилар. Тамоми саҳобалар мудҳуш бўлдилар. Ҳар қайсилари ҳар хил ҳолатларга дучор бўлдилар. Умар розиёллоҳу анҳуга ажиб бир кайфият зоҳир бўлди. Эълон этдиларки, бирор кишидан “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни вафот қилдилар” деган сўзни эшитсам, мен бу қилич билан бошини оламан. Саҳобаи киром ҳаммалари бундан аввал бирор пайғамбар замонини кўрмаган ва набий вафотларида нималар қилинади, тажриба қилмаган, аввалги пайғамбарлар китобларини ўқимаган ва эшитмаган эдилар. Шунинг учун Умар эълонлари билан ҳаммалари хомуш тўхтадилар. Соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этдилар деган сўзни қила олмадилар. Солим дейдилар: Ҳаммалари менга дедилар: Эй, Солим, сен Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламиинг соҳиблари Абу Бакрнинг қошларига бориб, у зотни чақириб кел. Мен у зотни чақиргани Аволига бордим. Абу Бакр маҳаллаларининг масжидида эканлар. Мен йиғлаган ва ҳушим кетган ҳолда ҳузурларига етдим. Мени кўрган замонлари Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этдиларми? дедилар. Мен дедим: Умар ҳар кимдан «Расулуллоҳ вафот қилдилар» деган сўзни эшитсам, бу қиличим билан буйнини узиб ташлайман, дедилар. Абу Бакр Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бироз тузалганликларини кўргач, ўзларидан ижозат олиб, аҳлларини кўргани Аволига кетган эдилар. Вафотларининг хабарини эшитиб, мен билан масжидга келдилар. Одамларнинг ораларини «қоч-қоч» деб ёриб, хужраи саодатга дохил бўлдилар, тўғри бориб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг устларига ўзларини ташладилар ва бўса қилдилар ва бу оят шарифани тиловат қилдилар (Таржимаси): Сиз ҳам вафот қилурсиз, ва улар ҳам вафот қилурлар.

Саҳобалар дедилар: Эй Саҳоби Расул, Расулуллоҳ вафот қилдиларми? Абу Бакр дедилар: Ҳа. Жаноб Дорул-бақога рихлат қилдилар. Бу сўздан тамоми саҳобалар билдиларки, Жаноб вафот қилибдилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг оят билан қилган истидлоллари ростдир. Кейин яна савол қилдилар: Эй Саҳоби Расул, Расулуллоҳга жаноза намози ўқиладими? Абу Бакр дедилар: Ҳа. Жаноза ўқилади. Улар дедилар: Қандай ўқилади? Абу Бакр дедилар: Бир жамоа киради, тўрт такбир айтадилар ва Жанобга саловот ўқийдилар ва дуо қиладилар. Кейин чиқадилар. Кейин бошқа жамоа кирадилар: Такбир айтадилар ва саловот ўқийдилар ва дуо қиладилар ва чиқадирлар. Мана шу тариқа ҳамма одамлар жаноза ўқийдилар.

Саҳобалар дедилар: Эй, Расулуллоҳнинг асҳоблари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ерга дафн этиладими? Абу Бакр дедилар: Ҳа. Ерга дафн этиладилар. Дедилар: Қайси ерга дафн этиладилар? Абу Бакр дедилар: Аллоҳ Таоло жонларини олган ерга дафн этиладилар. Чунки Аллоҳ Таоло бу Жанобнинг жонларини яхши бир ерда қабз қилди. Шу ер муносибдир. Саҳобалар билдиларки, Абу Бакр рост сўзладилар. Кейин Абу Бакр амр қилдиларки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнииг муборак жасадларини ўзларининг яқин хешлари ювсинлар. Ғусл қилдиргувчи зот Али розияллоҳу анҳу бўлдилар. Аббос ва ўғиллари Фазл иккилари ёрдам бериб турдилар. Қусай ва Усома шақрон парда орқасидан ва кўзларини боғлаган ҳолларида сув қуйиб бериб турдилар. Лахадларини Абу Талха қазидилар.

Кейин халифа тайин этиш ҳақида машварат қилмоқ учун мухожирлар жам бўлдилар. Абу Бакрга дедилар: Юринг, биродарларимиз Ансори киром хузурларига борайлик. Кейин уларнинг қошларига бордилар. Уларнинг катталари Суқайфа Бани Соъдада жам бўлган эканлар. Улардан Ҳаббоб ибн ал-Мунзир дедилар: Бизлардан бир амир, сизлардан бир амир бўлсин. Умар ибн ал-Хаттоб розияллоҳу анҳу дедилар: бу оятдаги уч фазилат жам бўлган зот ким: биринчи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ҳамиша бирга бўлган, хусусан, ғордаги иккининг бири, иккинчи, Куръони карим шаходати билан сохиблиги собит бўлган, бу сухбатга мункир албатта, кофир бўлади, учинчи, Аллоҳ Таолонинг иноятига нойил бўлган. Бу оятда зикр қилинган икки зот кимлар? Умар розияллоҳу анху бу сўзни айтгандан кейин байъат учун қўлларини узатдилар. Абу Бакр розияллоҳу анхуга байъат қилдилар. Кейин Суқайфага жам бўлган зотлар ҳаммалари байъат қилдилар. Ва ниҳоятда яхши бир байъат бўлди.

313. Анас розияллоҳу анҳу дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам маразул-мавт аламларини тортиб турган эдилар, Фотима розияллоҳу анҳо: «Хой, отамни таклиф қилинглар» дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Бу кундан кейин отангга таклиф йўқдир. Бу кун отангга шундай бир нарса келдики, қиёматгача хеч бир киши уни ўзидан узоқ қила олмас. Энди мулоқот қиёмат куни бўлур”.

314. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу дедилар: Мен Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу сўзни айтиб турганликларини эшитдим. Менинг умматларимдан кимнинг икки фарзанди ёш ва гўдаклигида ўлиб кетган бўлса, Аллоҳ Таоло у икки фарзанд туфайли уни жаннатга дохил қилади. Оиша розияллоҳу анҳо дедилар: Агар бир кишининг биргина фарзанди ўлган бўлса-чи? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: Кимнинг биргина фарзанди ўлган бўлса, унинг ҳам хукми шудир. Оиша дедилар: Умматларингиздан бир кишининг бирорта ҳам фарзанди ўлган бўлмаса, унинг ҳоли қандай бўлади? Жаноб дедилар: Улар учун мен захира бўламан. Умматим учун менинг жудолигимнинг ранжи ахлу-авлод жудолигининг ранжидан зиёдадир.

 


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио