Шамоили Муҳаммадиййя

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ ТАВОЗЕЪЛАРИ ҲАҚИДА ВОҚЕАЛАР

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тавозеъларининг воқеалари мингдан зиёдадир, ҳаммасини баён қилиб бўлмайди. Унинг учун мусанниф рахимаҳуллоҳ тарафидан бу китобида бир неча ҳадис табаррукан зикр қилинган.

256. Умар ибн ал-Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: Эй, мусулмонлар, сизлар мени мадҳ ва таъриф этишда насоролар Исо алайҳиссаломни мадҳ ва таъриф этгани каби ҳаддан ошманглар ва муболаға қилманглар. Ҳақиқат шуки, мен Аллоҳ Таолонинг бандасиман. Сизлар ҳам мени Аллоҳ Таолонинг бандаси ва Расули деб ёд қилинглар. (Яъни, ёд қилганда ундан ширк ё ғулув тушуниладиган лафзлар истеъмол қилинмасин).

257. Анас розияллоҳу анҳу дедилар: Бир аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келди ва деди: Ё Расулаллоҳ, менинг хос ўзларига бир хожатим бор, шуни арз қилмоқчиман. Жаноб дедилар: Мадина кўчаларидан қайси бир кўчани хоҳласанг, шунда ўтир, мен бирга ўтириб арзингни эшитай.

258. Анас розияллоҳу анҳу дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хасталарнинг ҳолини сўрамоқ учун ётган ерларига борар эдилар. Дилдорликлар қилар эдилар ва жанозаларга хозир бўлар эдилар. Ва эшакка ҳам минар эдилар ва қул зиёфат қилиб чақирса ҳам қабул қилиб борар эдилар. Бани Қурайза яҳудлари билан уруш бўлган кунларда шундай бир эшакка минган эдиларки, унинг югани ё тизгини хурмо дарахтининг пустлоғидан ишланган ип эди ва унинг эгар тўқими ҳам хурмо дарахтининг пўстлоғидан ишланган эди.

259. Анас розияллоҳу анҳу дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг арпа унидан бўлган нон ва туриб қолиб исланиб қолган ёғдан иборат бир зиёфатга чақирсалар ҳам, қабул этиб борар эдилар. Жанобнинг урушда киядиган бир зурралари бир яхудий қошида гаров эди. Вафот қиладиган замонларигача шу зуррани гаровдан бўшатиб оладиган бир нарса топа олмадилар, вафотларидан кейин Абу Бакр розияллоҳу анҳу ажратиб олдилар.

260. Анас розияллоҳу анҳу дедиларки: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир туяга миниб, хаж қилдилар, унинг тўқимлари эски эди ва унинг устида бир чодир бор эдики, қиммати тўрт тангага ҳам баҳоланмас эди. Жаноб шу ҳолда бу дуони ўқир эдилар (Таржимаси): “Эй, Аллоҳ, менинг бу ҳажимни риё ва сумъадан пок бир ҳаж қилгин!” (Риё ва сумъа деб одамлар кўрсин ва одамлар эшитсин деб ибодат қилишни айтилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳеч бир ибодатларида риё ва сўмъа бўла олмас эди. Бу дуони умматни огоҳ этмоқ ва уларга таъзим мақсадида дегандилар).

261. Анас розияллоҳу анҳу дедиларки: Саҳобаи киромлар ичида унинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан махбуброқ кишиси бўлган бирон киши йўқ эди. Барчаларига Жаноб ҳаммадан зиёд махбуб эдилар. Шундай бўлиб туриб ҳам хеч бирлари Жаноб келганларида ўринларидан турмас эдилар, чунки Жаноб ўзларининг таъзими учун бир кишининг туришини ёмон кўрар эдилар.

И з о ҳ. Бу хусусда уламолар ихтилоф килганлар. Хулосаси шуки, туриладиган одам аҳволига қаралади. Ҳақиқатда туришга муносиб бўлиб, ундан кибри зиёда бўлмайдиган бўлса, турилса жоиз, бундай бўлмаган суратда ножоиздир. ВАЛЛОҲУ АЪЛАМ.

262. Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳумо дедилар: Мен тоғам Хинд ибн Аби Хола розияллоҳу анҳудан савол қилдим. У зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак сифатларини кўп баён қилар эдилар. Мен у зотнинг шамоили шарифаларидан бироз баён қилиб беришларини сўрадим. Тоғам дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам зоти мақдаслари ниҳоятда улуғ, олий сифатлари ғоятда юксак бир зот эдилар. Муборак чеҳралари ун тўрт кечалик тўлган ой каби дурахшон эди, деб юқорида биринчи бобда баён бўлган узун ҳадисни тамом ўқидилар.

Ҳасан розияллоҳу анҳу дедилар: Мен бу ҳадисни бир муддатга қадар укам Хусайнга баён қилмай турдим. Кейин баён қилиб эдим, маълум бўлдики, у мендан аввал тоғамдан бу ҳадисни сўраб эшитиб олган экан. Балки отамиздан ҳам бобомиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйига киришлари ва ташқарига чиқишлари ва тарзу тариқаларини сўраб олибди. Хеч бир нарсани қўймабди. Укам Хусайн дейди: Мен отамдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйига киришлари ҳақида савол қилдим. Отам дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон уйларига кирсалар, уйдаги вақтларини учга тақсим қилар эдилар. Бир хиссасини Аллоҳнинг ибодатига ва шунга тааллуқли ишларга бағишлар эдилар, бир хиссасини уйдагилар ҳақларини адо қилмоқ ва улар билан ўтириб, сўзлашиб, ахволларини билмоқ каби ишларга бағишлар эдидар, бир хиссасини эса ўзларининг заруриятларига ва хусусий ишларига ажратар эдилар. Кейин шу ўзларига хос бўлган хиссани иккига бўлиб, ўзлари билан одамлар ўртасига тақсим қилар эдилар. Ўша хиссада хосларни сабаб қилиб туриб, авомга наф тегизар эдилар. (Яъни, хослар кириб сухбатларидан истифода қилар эдилар, ва улар воситалари билан оммага наф етар эди).

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз мажлисларига хозир бўлганлардан хеч бир нарсани аямас эдилар. Диний ва дунёвий манфаатларни улардан дариғ тутмас эдилар ва Жанобнинг одати карималаридан бири шу эдики, келгувчилардан аҳли илм ва ахли амалларни киришга ижозат беришда бошқаларга таржих берар эдилар. Ҳамда вақт беришда уларнинг дини фазлу шарафларига мувофиқ тақсим қилар эдилар. Келгувчиларнинг баъзиларини биргина хожати бўлар, баъзиларининг икки ҳожати бўлар, баъзиларида бир неча хожати бўлар эди. Жаноб ҳаммаларининг ҳожатларини раво қилар эдилар, ва уларни уларнинг ўзларига ҳам ва умматга манфаати бўладиган ишларга машғул қилар эдилар. Жумладан, диний мухим ишлар бўлса, Жанобдан савол қилардилар ва Жаноб уларга муносиб бўлган ишларни билдирардилар. Дердиларки, сизлардан бу мажлисда хозир бўлган зотлар ҳозир бўлмаганларга бу ерда бўлиб ўтган фойдали сўзларни етказсинлар. Ҳожатини менга етказа олмаганларнинг хожатларини сизлар менга етказинглар, чунки кимки подшохга ўзи уни етказа олмаётган бир одамнинг хожатини етказса, Аллоҳ Таоло қиёмат куни у одамни собит қадам қилади. Шунинг учун сизлар ҳамиша хайр иш учун восита бўлинглар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қошларида бундан бошқа сўзлар қилинмас эди. Мажлисда фойдаси ва манфаати бўлмаган сўзни хеч кимдан қабул ҳам қилмас эдилар. Саҳобалар қачон мажлиси набавийга кирсалар, диний ишларининг ислохига толиб бўлиб кирар эдилар, ва то бирор манфаат хосил қилмай чиқиб кетмас эдилар. Мажлиси муборакдан чиққанлар халқ учун рахнамо ва халқни хайр ишларга далолат этгувчи бўлиб чиқар эдилар.

Укам Хусайн дейдилар: Мен отамдан бобомиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ташқарига чиқишлари ҳақида савол қилдим. Отам дедилар: Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига зарурати бўлмаган сўзлардан муборак тилларини сақлар эдилар. Келгувчиларга дилбарлик қилиб, ўзларига ром қилар эдилар, ва уларни ўзларидан қочирмас эдилар. Ҳар қавмнинг буюги ва азизига хурмат-иззат кўргизар эдилар, ва уни ўзларига сардор қилар эдилар. Одамларни Аллоҳ Таолонинг азобидан қурқитар эдилар, ва ўзлари одамлардан эхтиётда бўлар эдилар. Лекин одамларни лутфу мархаматларидан яхши мижоз ё яхши хулқларидан махрум этмас эдилар, ва асҳобларнинг аҳволидан бохабар қилар эдилар ва одамлар ораларида нима ҳоллар бор, одамлардан сўраб турар эдилар. Яхши нарсани яхши дер эдилар ва унинг ўзини ва қилгувчисини мадх ва таъриф этар эдилар, ва ёмон нарсани ёмон дер эдилар ва қилгувчисини мазаммат ва ўзидан манъ этар эдилар. Барча ишлари мўътадил бўлиб, ҳар бирига мухолиф бўлмас эди. Ҳамиша сўзлари феълларига ва феъллари сўзларига мувофиқ бўлар эди. Асҳобларнинг насиҳат ва иршодларидан бепарво бўлмас эдилар. Чунки бепарво бўлсалар, улар ҳам бепарво бўладилар. Роҳат, ишратга берилиб кетадилар деб, қўрқар эдилар. Ҳар бир ҳолат учун етарли тайёрликлари бўлар эди. Ҳар бир ходисанинг иложини қилишдан аввал кўриб қўяр эдилар. Ҳақ бир ишни бажарганда камчилик қилмас эдилар, ва хаддан тажовуз ҳам қилмас эдилар. Суҳбатларига яқин бўлгувчилар саҳобаларнинг нихоятда мумтозлари бўлар эдилар. Жаноб соллаллоҳу алайҳи васаллам қошларида уларнинг афзалликлари оммаи халқ учун зиёда хайрихохлари бўлар эдилар, ва мартабалари баландлари одамлар билан муросаси ва ёрдами яхши бўлар эдилар. Ҳасан розияллоҳу анҳу дедилар: Мен отамдан бобомиз мажлислари ҳақида савол қилдим. Отам дедилар: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг ўтириш ва туришлари ҳамиша Аллоҳ Таолонинг зикри билан бўлар эди. Бир лахза ҳам Аллоҳнинг зикридан алоҳида бўлмас эдилар, қачон бир қавм тўпланган бир мажлисга борсалар, қайси жой ҳоли, бўш бўлса, ўша жойга ўтирар эдилар, ва бошқаларни ҳам шундай қилмоққа буюрар эдилар. Жаноб ҳамма ҳамнишинларининг ҳаққини адо қилар эдилар. Кулмоқ, сўзлашмоқ, илтифот қилмоқда ҳаммалари баҳра олар эдилар. Хеч бир ҳамнишинлари Жанобга ўзидан бошқани мухтарам билмас эди. Балки ҳаммадан мухтарам ва яқинман дер эдилар. Ҳар ким Жаноб мажлисларида бўлса, ё сузлашиб қолса, Жаноб мажлисда ҳам, сўзда ҳам ундан зиёда сабрлик бўлар эдилар. То у зот ўзи туриб кетмаса, Жаноб турмас эдилар. Ҳар ким Жанобдан бир хожат тиласа, ё ўша тилагини олиб кетар эди ё бирор ширин сўзларини ва узрларини эшитиб кетар эди. Хулқлари ва яхши мижозлари ҳар қандай бир инсонни сиғдира олар эди. Ҳаммага баробар ота эдилар. Ҳамма қошларида ҳақда баробар эди. Мажлислари ҳамиша ҳилм, ҳаё, имонат ва сабр мажлиси бўлар эди. Мажлисларда овозлар баланд кўтарилмас, ҳурматлар поймол этилмас, унда бўлиб ўтган хатолар ташқарига тарқатилмас эди. Мажлисдагилар ҳаммалари баробар бўлар эдилар. Балки тақвоси борлар афзал хисоб қилинар эдилар. Ҳаммалари тавозиълик бўлар эдилар. Улар мажлисда катталарга хурмат ва кичикларга раҳму шафқат қилар эдилар. Хожати бор одамни ўзларидан ҳақлироқ билиб, Жанобга яқин қўяр эдилар. Мусофир, ғариб келиб қолса, ҳурматлаб, ҳаққини адо қилар эдилар. Ғариб навозликларини исбот этар эдилар.

И з о ҳ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Худога махбуб бўлган яхши хулқларнинг барчаси учун тимсол мужассам эдилар. Тамоми камолат билан зийнатланган эдилар. Аллоҳ Таоло ҳаммамизга ҳар бир хулқда Жанобга эргашмоқ бахтини насиб этсин. Омийн.

263. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Агар менга қўйнинг почасини хадя қилинса ҳам қабул этаман ва уни пишириб, мени чақирилса ҳам бораман”. (Яъни, ҳадя нақадар одамлар назарида ҳақир бўлсин ва зиёфат нақадар содда ва бетакаллуф бўлсин, мен учун мақбулдир. Мен Аллоҳ Таолонинг ҳар қандай неъматини неъмат биламан ва чақирувчи ва хадя бергувчининг дилини овлайман).

264. Жобир розияллоҳу анҳу дедилар: Расулуллоҳ саллолоху алайҳи васаллам менинг беморлик ҳолимда сўрагани уйимга келдилар. На хачирга минган эдилар ва на ажами отга. Балки муборак оёқлари билан пиёда келдилар.

265. Юсуф ибн Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу розияллоҳу анҳумо дедилар: Менинг номимни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Юсуф қўйгандилар, ва мени қучоқларига ўтирғизиб, бошимга муборак қўлларини етказгандилар. (Яъни, шафқат билан бошимни силагандилар).

266. Амра розияллоҳу анҳо дедилар: “Оиша розияллоҳу анҳодан савол қилинди, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз уйларида нима ишлар билан машғул бўлар эдилар?” Онамиз жавоб бердилар: Жаноб соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларнинг бири эдилар. Либосларини ўзлари қарар эдилар. Жониворларнинг сутини ўзлари соғар эдилар, ва ўз хизматларини ўзлари қилар эдилар.

И з о ҳ. Либосларини боқишдан мурод Жанобнинг муборак вужудларига бит каби нарсалар пайдо бўлиши учун эмас, балки, бошқадан кирганмикин деб, ё умматга таълим учун боқар эдилар.

 


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио