Шамоили Муҳаммадиййя

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ АХЛОҚ ВА ОДАТИ ШАРИФАЛАРИ ҲАҚИДАГИ ҲАҚИҚАТЛАР

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқ жамила ва одат шарифалари тамоми оламга машҳурдир. Дўст ҳам, душман ҳам эътироф этади. Ҳаммадан зиёда таъриф Қуръони каримнинг «Нун» сурасида Яратувчи Холиқ тарафидан билан Қиёматгача ислом меҳробларида тиловат этилади. Ҳақ жалла ва ъало марҳамат килади: ВА ИННАКА ЛАЪАЛО ХУЛУҚИН АЗИЙМ”. Яъни, эй Муҳамад, шубҳасиз, сиз албатта, ниҳоятда буюк бир хулқ соҳибидирсиз.

Ҳадис китобларидаги мазмунларнинг зиёда хислати шу муборак хулқу азиз таърифидир. Соллаллоҳу ало соҳибиҳи васаллам.

267. Хорижа ибн Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу дедилар: Бир жамоа Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу ҳузурларига келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳволи шарифларидан бизларга баён беришини сўрадилар. Зайд дедилар: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ахволларидан сизларга нимани баён қилай? Мен Жанобга ҳамсоя эдим. Қачон вахий нозил бўлса, менга одам юборар эдилар. Мен бориб, ёзиб берар эдим. Жанобнинг одатлари биз сахобалар қачон дунёдан сўз қилсак, дунёдан сўз қилар эдилар ва қачон охиратдан сўз қилсак, охиратдан сўз қилар эдилар. Қачон таомдан сўз қилсак, таомдан сўз қилар эдилар. Мана шу баён қилган нарсаларим Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ахволларидир. (Яъни, хулқларининг олийлигидан асҳоблари билан ҳар қандай суҳбатда ҳамроҳ бўлар эдилар. Лекин Жаноб баёнлари ва ширкатлари тамоми бефойда нарсалардан пок бўлиб, қайси бобда сўзласалар, ҳамнишинлари учун фойда ва манфаатнинг ўзи бўлар эди).

И з о ҳ. Зайд розияллоҳу анҳу пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ваҳий котибларидан бирлари эдилар. Бу зотдан бошқа яна саккиз саҳоба бу давлатга мушарраф эдилар. Усмон, Али, Убба, Муъовийа, Холид ибн Саъид, Ханзала, Ало Хазрамий, Абон ибн Саъид розияллоҳу анҳум ажмаъийн.

268. Амр ибн ал-Ос розияллоҳу дедилар: Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одати шарифалари гоҳо мажлисларида бор зотларнинг ичида холис, соф дилни улфатлантирмоқ қасдида қавмнинг энг ёмонига юзларини қилиб хусусий сўзлашар эдилар. Ундан аввал одам ўзини хос ҳамсуҳбатлардан хаёл қилар эди. Чунончи, менга ҳам юзланиб, хусусий суратда гуфтагу қилар эдилар. Мен Жаноб хузурларида қавмнинг яхшиси мен бўлсам керак деб хаёл қилдим. Шу хаёл устида бир куни мен Жанобга савол қилдим. “Ё Расулуллоҳ, мен афзалманми ё Абу Бакрми?” Жаноб дедилар: “Абу Бакр афзал”. Кейин дедим: “Мен афзалманми, ё Умарми?” Жаноб дедилар: “Умар афзал”. Кейин мен дедим: “Мен афзалманми ё Усмонми?” Жаноб дедилар: “Усмон афзал”. Мен Жанобдан очиқ-равшан сўроқ қилган эдим, Жаноб тамоми сароҳат билан ҳақиқатни сўзладилар. Менинг хотирим учун мадорат учун мени афзал демадилар. Ростнинг ўзини сўзладилар. Кейин мен дедим: Мен бундай саволлар қилмоғим муносиб эмас эди. Кошки бу саволни қилмаган бўлсам. Арзи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламда рост муомала ва рост сўздан бошқа нарса йўқ эди. Дунёда бу сифатдан ҳам улуғ сифат бўла олурми?

269. Анас розияллоҳу анҳу дедилар: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўн йил хизмат қилдим. Жаноб бу узун муддатда менга бирор марта «уф» демадилар. (Яъни, ранжиган одам дейдиган сўзни қилмадилар ва мен бир нарсани қилиб қўйган бўлсам, «нима учун бундай қилдинг?» демадилар. Бир нарсани қилмай қўйган бўлсам, «Нима учун буни қилмадинг?» демадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тамоми инсонларнинг хуш хулқи эдилар. Ва пок жисмлари ҳам шундай эди. Мен ҳеч бир ипак парчани ё ҳолис ипакни ўзини ё бирор мулойим нарсани ушламадимки, Жанобнинг муборак кафтларидан юмшоқроқ бўлса ва хеч бир мушкни ё атрни искамадимки, Жанобнинг муқаддас баданларидан томган тердан хушбўйроқ бўлса.

И з о ҳ. Бу ҳадис муборакда муболаға ёки ғалат ҳеч йўқдир. Ҳақиқат ўзи шудир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак терларини жам қилиб хушбўй ўрнида истеъмол этмиш саҳобаи киром ўрталарида машҳур бўлган. Бу борада ажиб бир хикоя ҳам бор. Бир кун Анас розияллоҳу анҳу мажлисда ўтириб, нихоятда хурсанд бўлиб туриб, дедилар: Мен ушбу қўлларим билан Расулуллох соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларига мусофаха қилганман. Умримда мен Жаноб қўлларидан мулойим ипак парча ё ҳолис ҳарирни ушламадим ва кўрмадим. Бу сўзни эшитиб, ўтирган шогирдлари савол қилдиларки, мен ҳам ушбу қўлларим билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларига мусофаха килган қўлга мусофаха қилишни орзу қиламан. Бахтиёр шогирднинг таманноси сабаб бўлиб, дунёда бу одат бу кунгача яъни, минг тўрт юз йилдан зиёда муддат жорий бўлиб келди, ва муҳаддислар ўрталарида мусофаха ҳадиси номи билан машҳурдир. Шу ҳадисни ривоят этишга мусалсил мусофаҳа қилиниб келингандир.

270. Анас розияллоҳу анҳу дедилар: Бир кун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қошларида бир одам ўтирган эди. Устида сариқ рангли либос бор эди. Жанобнинг одат шарифалари бир кишида номуносиб нарсани кўрсалар, ўз юзига демас эдилар. Шунинг учун хомуш ўтирдилар. Кейин сариқ либослик одам туриб кетгандан кейин мажлисда ўтирганларга дедилар: Сизлар бу бечорани сариқ либос киймакдан ман қилсангизлар яхши бўлар эди.

271. Оиша розияллоҳу анҳо дедилар: Расули акрам соллаллоҳу алайхи васаллам мизожи мубораклари шундай эдики, табъларида хулқи бехаёлик ўзи йўқ эди. Такаллуф билан ҳамма бехаёлик сўзларни мажлисларда қилмас эдилар. Бозорларда баланд овоз билан сўз қилиш одатлари йўқ эди. Бир киши Жанобга ёмонлик қилса, Жаноб эса унга ёмонлик қилмас эдилар. Балки афв этар эдилар ва гуноҳидан ўтар эдилар.

И з о ҳ. Ёмонга ёмон жазо бермай ва ундан интиқом олмай афв этмоқ воқеаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бутун ҳаётларининг ҳар лаҳзасида жилва қилиб турган дурахшон сифатларидир. Бу сифат тавзиҳи устида бир ажиб ҳикоя бордир. Зайд ибн Саъна деган бир яҳудий бор эди. Ўз тили билан баён қиладики, мен нубувват, яъни, пайғамбарлик аломатларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак вужудларида тўлиқ топдим. Магар икки аломат қолган эди. Бири Набийнинг ҳилмлари ғазабларига ғолиб келур, иккинчиси, бир киши набий хузурларида нақадар нодонлик ва ахмоқлик қилса, Жанобнинг таҳаммул ва бардошлари шу қадар зиёда бўлур. Мен бу икки сифатни ҳам Жанобда топилармикан деб, бир неча кун текшириб турдим. Жаноб билан алоқа ва дўстлик рафти ва омадин кўпроқ қилиб турдим. Бир кун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳужраи саодатдан ташқарига чиқдилар. Али бирга эдилар. Рубарўларига бадавийга ўхшаган бир одам келиб савол қилди: “Ё, Расулаллоҳ, менинг қавмим мусулмон бўлгандилар. Мен уларга деган эдимки, мусулмон бўлинглар, агар сизлар мусулмон бўлсангизлар ризқларингиз фаровон бўлур. Энди бугун аҳвол шундайки, уларнинг устиларига очарчилик келди. Ҳаммалари қийналган. Бу ҳол сабаб бўлиб, улар Ислом динидан чиқиб кетмасалар эди. Шунинг учун сиздан умид қиламанки, шуларга бирор ёрдам еткизсалар”. Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Али розиёллоҳу анҳуга қарадилар. У зот арз килдиларки, ё, Расулаллоҳ хозир қошимизда хеч бир нарса йуқ. Зайд ибн Саъна айтади: Мен бу ҳолатни томоша қилиб турар эдим. Мен айтдим: Ё, Муҳаммад, сиз агар фалон кишининг боғидан бу қадар хурмони муайян вақтда менга бера олсангиз, мен сизга ҳозирдан ўша миқдор хурмонинг пулини аввалдан бераман. Ва ўша муайян вақтда сиздан хурмони тўлиқ оламан. Жаноб дедилар: Мен бу муомалани қила олмайман. Магар, боғнинг номини олмай, тайин қилмай пул берсанг, мен муомала қилай. Мен дедим: Қабул қилдим. Кейин ўша миқдор хурмонинг қиймати учун саксон мисқол накд тилла бердим. Жаноб мендан тиллани олиб, сўз қилган бадавийга бердилар ва дедилар: “Биродар, инсоф билан иш қил. Ҳаммаларининг хожатларини раво қил”. Зайд бин Саъна деди: Энди, Хурмони Жанобдан қабул қилиб олишга бир-икки кун қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар билан бир жанозадан фориғ бўлиб, бир тарафда турган эканлар. У ерда Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумо иккилари ҳам бор эканлар. Мен у жамоага бордим ва Жанобнинг куйлак чодраларини тутиб, туриб ниҳоятда аччиқ ва қўполлик билан дедим: Муҳаммад, сен менинг қарзимни бермайсанми? Худо номига қасам ичиб дейманки, мен сенларни - авлоди Абдулмуталлибни ҳаммаларингни яхши биламан. Сенлар бировнинг ҳаққини оласизлар, лекин бермайсизлар. Умар розияллоҳу анҳу ғазаблари келиб, мени туртдилар ва дедилар: “Эй, Худонинг душмани, нималарни айтиб алжираб турубсан? Агар мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қўрқмасам, валлоҳи бошингни узиб ташлар эдим”. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам табассум билан менга боқиб турар эдилар. Умар розияллоҳу анҳуга ниҳоятда яхши бир илтифот билан боқиб дедилар: “Эй, Умар, мен бир нарсага ва бу ҳақдор яна бир нарсага зиёда муҳтож эдик. У нарса шу эди-ки: Менга яхшилик билан хақни адо этишга ва бунга яхшилик билан хақни талаб қилишга насихат қилсанг бўлар эди. Энди, эй Умар, бу одамни олиб бор, ҳаққи қанча бўлса топшир, ва озор берганлигинг учун йигирма соъ ортиқ бергин”. Кейин Умар мени олиб кетдилар ва ҳаққимни тамом топширдилар. Устига яна йигирма соъ зиёда бердилар. Мен дедим: Бу йигирма соъ нима учун бериляпти? Умар дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай ҳукм бердилар. Кейин мен дедим: Ё, Умар, сен мени танийсанми? Умар дедилар: Мен сени танимайман. Мен дедим: Зайд бин Саънаман. Умар дедилар: Шу номда яҳудларнинг бир катта алломаси бор, деб эшитар эдим, ўша одам сенмисан? Мен дедим: ўша одам менман. Кейин Умар дедилар: Сен агар ўша буюк аллома бўлсанг, не учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга шундай одобсизлик қилдинг? Мен дедим: Нубувват аломатларининг ҳаммасини Жанобда мавжуд топдим. Магар икки аломатни тополганим йўқ эди, ва уларни ҳам имтихон қилмоққа навбат келган йўқ эди. Энди ҳар иккисини ҳам имтиҳон қилдим. Жанобда мукаммал бор экан. Бири – ҳилмларининг ғазабларига ғолиб келиши, иккинчиси – нодоннинг жаҳолатидан таҳаммулларининг зиёда бўлиши. Бугунги муомала буларни исбот қилди. Энди, эй, Умар, мен мусулмон бўлганлигимга сени гувоҳ қиламан, ва дейманки, менинг ярим молим уммати Муҳаммадийяга садақадир.

Бу сўзни деб Зайд ибн Саъна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига қайтиб келди. Қўлларида мусулмон бўлди. Кейинги барча ғазотларда иштирок этди. Табук ғазотида шаҳид бўлди. Розияллоҳу анҳу (манбаа: “Жамъу-л фавоиди жамъу-л васоил”).

272. Оиша розияллоҳу анҳо дедилар: Жаноби Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ йўлидаги жиҳоддан бошқа мақомда муборак қўллари билан хеч кимни урмадилар. На бир ходимни ва на бир хотинни.

273. Оиша розияллоҳу анҳо дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бир киши зулм қилган бўлса, шу золимдан ўчларини олганликларини бирор марта ҳам кўрмадим. Магар, бир киши Аллоҳ Таоло ҳаром қилган нарсалардан бирини поймол этган бўлса, унинг учун хаммадан зиёда ғазаблари келар эди, ва Жанобга қачон икки ишдан бирини қилмоққа ихтиёр берилган бўлса, у ҳолда қайси бири осонроқ бўлса (агар маъсият бўлмаса), шуни ихтиёр этар эдилар.

274. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Бир кун бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига кирмоқ учун изн сўради. Жаноб аввал дедилар: Бу одам ўз жамоасининг нақадар ёмон ўғлидир, ё нақадар ёмон биродаридир. Кейин у одамга ижозат бердилар. Кирди, ва унга мулойим сўзлар қилдилар. Мен Жаноб қошларида эдим. Ҳалиги киши чиқиб кетгандан кейин савол қилдим: Ё, Расулаллоҳ, бу одам ҳақида баъзи сўзларни қилдингиз, кейин унга мулойим сўзлар қилдингиз. Жаноб дедилар: Эй, Оиша, унинг ёмон сўзлигидан одамлар уни ташлаб қўядиган киши инсонларнинг ниҳоятда ёмонларидан ҳисобланади. Мен бу одамга мулойим сўз қилишим унинг беҳаёлик ва ёмон сўзлигидан сақланмоқ ва қавмини бунинг фитнасидан асраб қолмоқ учун эди.

275. Ҳасан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Ҳусайн розияллоҳу анҳу дедилар: Мен отамдан бобомиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаммажлислари билан бўлган сийратларини сўрадим. Отам дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамиша чеҳралари кулиб турган хушмижоз бир зот эдилар. Бир маслаҳатга қўшилишлари осон, юмшоқ табиат эдилар. На қаттиқ сўзлик, на тошдиллик, на ҳаёсиз, на айблагувчи, на манман ва на адоватлик бир зот эдилар. Номуносиб сўз ва феъл бўлиб қолса, ундан бепарво бўлар эдилар. Лекин ўзлари муваффақат этмас эдилар ва ўзларидан бирор одам бирор нарсага умидвор бўлса, маъюс ўтмас эдилар. Уч нарсадан ўзларини алоҳида қилиб олган эдилар: биринчи, ношаръий жанжалдан, иккинчи, ўзларини улуғлашдан ёки сўзни кўп қилишдан, учинчиси, бекор сўз, бекор ишдан. Уч нарсадан хулқини ҳам алоҳида қилиб қўйган эдилар: биринчи, ҳеч кимни юзига ёмонламас эдилар, иккинчи, хеч кимни ортидан ҳам айбламас эдилар, учинчи, ҳеч кимнинг айбини топмоқ учун тажассус этмас эдилар. Ва қачон сўз қилсалар, савоби умид этилган нарса учун сўз қилар эдилар. Ва қачон сўз гавҳарларини мажлисда сочсалар, ҳузурларида ҳозир зотлар ҳаммалари бошида гўё қуш ўтирган одамдек, одоб ва эҳтиёт билан ўтирар эдилар. Қачон Жаноб сўздан тўхтасалар, кейин улар сўз қилар эдилар. Лекин Жаноб ҳузурларида сўз устида жанжал қилмас эдилар. Ва кимки қошларида сўз бошласа, унинг сўзи тамом бўлгунча ҳаммалари хомуш туриб, сўзига қулоқ солар эдилар. Ҳаммаларининг сўзлари Жаноб қошларида биринчилари сўз бошлаганда қандай эҳтимом билан эшитилса, шундай эшитилар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳоблари нимага кулсалар, унга кулар эдилар. Ва нимадан таажжуб қилсалар, ундин таажжуб қилар эдилар. Ва қачон бир ғариб ва мусофир келиб, сўзлаб қолса, унинг сўзини бирга эшитар эдилар. Қўполликларини кўтарар эдилар. Сўзида ва саволида бўлган оғир азиятларига сабр қилар эдилар. Шунинг учун саҳобаи киром ғариб ва мусофирларни Жанобнинг суҳбатларидан истифода қилишлари учун хузури муборакларига олиб келар эдилар.

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дер эдиларки, агар бирор хожатманд инсонни кўрсангизлар, мадад ва мусоъада этинглар. Ва бир кишининг сано ва таърифини қабул этмас эдилар. Магар ҳақиқатда бир киши кўрган эхсонга ташаккур мақомида бир нарса сўзласа, сукут қилар эдилар. Ҳеч кимнинг сўзини банд қилиб, тўхтатмас эдилар. Магар сўзда хаддан тажовуз қилса, у ҳолда сўздан ман қилар эдилар, ё туриб кетар эдилар.

276. Жобир розияллоҳу анҳу дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам агар бир киши бир нарса сўраган бўлса, у нарса ўзларида бор бўла туриб ҳаргиз йўқ демаганлар. Балки берганлар. Агар йўқ бўлса, ваъда қилар, ёки ҳаққига яхши дуо қилардилар. ВАЛЛОҲИ ТАОЛО у одамни бениёз қилгандир.

277. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо дедилар: Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эҳсонда ва карамда башар жинси қила олмаган саховатни қилар эдилар. Ўзлари дарвешона хаёт кечирар эдилар. Лекин эхсонда шоханшохларни шармисор этар эдилар. Бутун йил ахволлари шу бўлди. Лекин рамазони муборакда карамлари хаддан ташқари бўлар эди. Хусусан, Жаброил алайҳис-салом келиб Қуръони каримни эшитдирар вақтларида, ёмғир келтирадиган шамолдан ҳам зиёда сахий бўлар эдилар. Дўст ва аҳли ва ноахил ҳамма баробар наф олар эди.

278. Анас розияллоҳу анҳу дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эртанги кун учун хеч бир нарсани захира қилиб олиб қўймас эдилар. Балки Аллоҳ Таолога таваккул қилар эдилар. Яъни, шу бугун нима мавжуд бўлса, еб-едириб тамом қилар эдилар. Эртага зарурат бўлиб қолур деган хаёл билан олиб қўймас эдилар. Бу ҳол ўз хусусларида эди. Аммо волидаларимиз нафақаларини ўз-ўзларига топшириб берар эдилар. Ўз ҳақларига ўзлари озод ва ўзлари мухтор эдилар. Хохлаганларидек тасарруф қила олар эдилар, хохласалар сақлаб қўяр эдилар, хохласалар тақсим қилиб халос қилар эдилар. Лекин Жанобнинг хонадонлари ҳар бир ҳолатда Жанобга эргашар эдилар.

279. Умар ибн ал-Хаттоб розияллоҳу анҳу дедилар: Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига ҳожат талаб қилиб келди. Жаноб дедилар: Бу соатда менинг қошимда хеч бир нарса йўқки, сенга берсам. Энди сен менинг номимдан керакли нарсангни сотиб ол. Қачон менга бирор нарса пайдо бўлиб қолса, қарзни мен узаман. Умар дедиларки: Ё, Расулаллоҳ қўлларида давлат бор замонда бердилар, энди қудратлари етмаган нарсани бермакка мукаллиф эмаслар-ку. Жанобга Умар розияллоҳу анҳунинг сўзлари номуносиб кўрилди. Шу соатда мадиналик бир саҳоба дедилар: Ё, Расулаллоҳ, ҳар йўл билан бўлса ҳам берсинлар. Арш Молики тарафидан келадиган атоларни кам бўлишидан қўрқмасинлар. Жаноб у зот сўзларидан табассум қилдилар ва дедиларки: “Шу нарсага буюрилганман”.

280. Оиша розияллоҳу анҳо дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хадяни қабул қилар эдилар. Ва унга мукофот ҳам берар эдилар. Ва мукофотлари олган хадяларидан яхшироқ нарса бўлар эди.

281. Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳу дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пардада ўтирган қиз боладан ҳам зиёда ҳаёли эдилар. Қачон бир нарсани ёмон кўрсалар ёмон кўрганликларини бизлар чехраларидан билар эдик. (Яъни, тиллари билан баён қилмас эдилар).

282. Оиша розияллоҳу анҳо дедилар: Мен Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ниҳоятда хаёли бир инсон бўлганликларидан бирор бор уят ерларига боқа олмадим ва боқмадим.

И з о ҳ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ниҳоятда шармли уятчан бир инсон бўлганликларидан уят ерларини шу қадар эхтиёт билан беркитар эдиларки, хатто волидаларимиздан ҳам махфий тутар эдилар. Ҳаммадан махбуб, ҳаммадан бемалол эрка хотинлари модомики кўра олмаган бўлсалар, бошқа волидаларимиз хеч кўра олмаган бўладилар. Энди ўз ҳамхоналаридан шу даражада эхтиёт қилиб уят ерларини кўрсатмаган зоти ақдас бошқанинг авратини қандай кўра олурлар. Онамиз Умму Салама розияллоҳу анҳо дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон аҳлияларидан бирлари билан сухбат қилмоқчи бўлсалар, кўзларини беркитиб, бошларини паст қилиб олар эдилар. Ва ахлияларига ҳам оғир мижоз ва шармлик туришга амр берар эдилар.

 


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио