Шамоили Муҳаммадиййя

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

БУ БОБДА РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ ИБОДАТЛАРИ ҲАҚИДА БАЁН ҚИЛИНАДИ

 200. Муғийра ибн Шуъба розияллоҳу анҳу дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нафл намозда шу қадар узун қиём қилар эдиларки, муборак икки қадамлари шишиб кетар эди. Савол қилинди: Аллоҳ таоло у зотнинг аввалу охир тамом гуноҳларини мағфират қилган бўлса-ю, бу қадар машаққатни ўзларига ихтиёр қиладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: Мен Парвардигоримнинг шукрлик бандаларидан бўлмайми?

201. Асвад ибн Язид дедилар: Мен Оиша розияллоҳу анҳодан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кечқурундаги намозлари ҳақида савол қилдим. Оиша розияллоҳу анҳо дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хуфтон намозини ўқиганларидан кейин, кечанинг аввалги ярмида ором олар эдилар. Ундан кейин туриб, таҳажжуд намозига машғул бўлар, кечанинг охирида витр намозини ўқир, ундан кейин жойларига келиб ётар эдилар. Агар кўнгиллари хохласа, ахлиялари билан шаръи суҳбат қилар ҳам эдилар. Кейин бомдод азонини эшитсалар, ирғиб турар эдилар. Агар ғусл лозим бўлган бўлса, ғусл қилар, бўлмаса таҳорат қилиб, намозга чиқиб кетар эдилар.

И з о ҳ. Фан ва тиббда ҳам суҳбат учун ниҳоятда муносиб вақт кечанинг охиридир, чунки бир ухлаб тургандан кейин ҳар икки тарафнинг нашоти янги бўлади. Кечанинг аввалида одам таом еб, оғирлашган бўлади, у ҳолда суҳбат ҳам зарар қилади, агар очлик ҳолда сухбат қилинса ҳам зарар қилади. Булар тиб маслаҳатига боғлиқ масалалардир.

Шариатда ўз жуфти-ҳалоли билан суҳбат ҳар вақтда жоиздир, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кечанинг аввалида ва кундузнинг турли вақтларида суҳбат қилганликлари собит бўлган. Баъзи ривоятларда дейилганки, айни намоз вақтида суҳбат қилинган бўлса, вужудга келган фарзанд ота-онасига нофармон бўларкан.

202. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо дедилар: Мен болалик вақтимда бир кеча ҳолам Маймуна розияллоҳу анҳо ҳузурларида ётиб қолдим. Мен ёстиқнинг энига ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва аҳлиялари ёстиқнинг узунида бош қўйиб ётдилар. Менинг бошим ва уларнинг юзлари қиблага бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ухладилар, ярим кеча бўлганда, уйғондилар. Кўзларидан уйқуни қочирмоқ учун қўлларини юзларига тортдилар ва ишқадилар. Кейин сураи Оли Имроннинг охирги оятлари «ИННАФИЙ ХОЛҚИС-САМОВОТИ ВАЛ-АРЗ» оятларини тиловат қилдилар. Сўнг туриб, осиғлик бир мешикчани олиб, ундаги сув билан таҳорат қилдилар, ниҳоятда чиройли таҳорат қилдилар. Кейин намозга турдилар. Мен ҳам таҳорат қилиб келиб чап тарафларида туриб, иктидо қилдим. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўнг қўлларини менинг бошимга қўйдилар, ва ўнг қулоғимни бурадилар (Чунки муқтади имомнинг ўнг тарафида туриши лозим эди). Кейин икки ракаъат ўқидилар, яна икки ракаъат ўқидилар, икки ракаъатдан олти марта ўқидилар.

Бу ҳадиснинг ровийси Маън дедилар: Икки ракаъатдан олти бор ўқидилар. Гуё ўн икки ракаъат бўлибди. Кейин витрни ўқидилар ва ёнбошладилар. Кейин муаззин намоз учун чақириб келдилар. Кейин у зот туриб, икки ракаъат суннатни мухтасар қироат билан ўқиб чиқиб, жамоат билан бомдод фарзини адо қилдилар.

И з о ҳ. Али Қорий дедиларки, имом Абу Ҳанифа розияллоҳу анҳу таҳажжуд намозини ўн икки ракаъат дедилар. Набийи карим соллаллоҳу алайҳи васалламдан таҳажжуд ҳақида мухталиф - ракаъатлар ривоят қилинган. Муқаррар ва муайян бир миқдорга чекланмаган, демак, ундан зиёда ё ками ҳам жоиз бўлади.

203. Оиша розияллоҳу анҳо дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон уйқу ғалаба қилиб, ё ухлаб қолиб, тунги намозларини, яъни таҳажжудларини ўқиёлмай қолсалар, кундуз чошит вақтида ўн икки ракаъат ўқир эдилар.

И з о ҳ. Бу таҳажжуднинг қазоси у зотнинг хос ўзларига фарз бўлганлигидан, ёки умматга фазилатини таълим бериш учун бўлгандир.

204. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: Қачон сизлардан бирларингиз кечқурун таҳажжуд учун турса, аввал икки ракаъат енгил намоз ўқиб олсин, кейин таҳажжуд ўқисин.

И з о ҳ. Бунинг сабаби, бирдан узун намоз бошласа, табиат чўчиб қолиш мумкин, чарчаб қолишнинг эҳтимоли ҳам бор. Баъзилар деганларки, бу намоз шукри вудуъдир (яъни таҳорат шукри). Шукри вудуъни мухтасар ўқимоқ афзалдир, шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам енгил ўқимоққа буюрдилар, ўзлари ҳам енгил ўқир эдилар.

Хофиз ибн Ҳажар «Саҳиҳ Бухорий» шархида дейдилар: ҳадисда келганки, инсон ухлаганда, шайтон унинг сочига жодугарлар каби уч тугун боғлаб қўяди. Унинг таъсирида, қачон уйғонса, ҳозир вақт эрта экан, деб тургиси келмайди. Агар инсон ўрнидан туриб, Аллоҳ номини ёд қилса, ё бирор дуо ва зикр ўқиса, ўша захоти бир тугун ечилади. Туриб тахорат қилса, иккинчи тугун ечилади. Намозга шуруъ қилса, учинчи тугун ҳам ечилиб кетади. Энди бу ҳадисдан маълум бўладики, учинчи тугун намоз билангина ечилар экан, шунинг учун икки ракаъат енгил бир намоз ўқиб олинса, тамом тугунлар ечилиб кетиб, шайтоннинг жодуси бекор кетган бўлади. Қолган таҳажжуд намозлари ҳаммаси шайтон таъсиридан пок бўлган ҳолда адо қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам АЛҲАМДУЛИЛЛОҲ шайтон таъсиридан Худо паноҳидаги зот бўлсалар ҳам умматларига таълим учун шундай ўқир эдилар.

205. Зайд ибн Холид розияллоҳу анҳу дедилар: Мен бир кун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозларини ниҳоятда эхтимом билан кўрмоқчи бўлдим. Мен у зотнинг макон ё хаймаларининг остонасига бошимни қўйиб ётдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аввал мухтасар икки ракаъат намоз ўқидилар. Ундан сўнг узун-узун икки ракаъат намоз ўқидилар. Кейин икки ракаъат аввалгиларидан енгилроқ ўқидилар. Кейин яна икки ракаъат ундан мухтасарроқ ўқидилар. Кейин яна икки ракаъат ундан ҳам мухтасарроқ ўқидилар. Кейин яна икки ракаъат ундан ҳам енгилроқ ўқидилар. Кейин витр ўқидилар. Мана бу намоз мажмуи ўн уч ракаъат бўлди.

И з о ҳ. Баъзилар витр намозини бир ракаъат дейдилар. Уларнинг наздида олти бор икки ракаъатлик нафл бўлиб, бир ракаъат витр билан ҳаммаси ўн уч ракаъат бўлади. Витрни уч ракаъат дегувчиларнинг наздида ҳаммаси ўн беш ракаъат бўлади. Бу тариқадаги хисобда аввалги шукри вудуъ саналмаган. Бир ривоятда нафл намозларининг мажмуи узун ва қисқалари бўлиб, ўн ракаъат деб келган. Унда ҳам шукри вудуъдан бошқа нафлар ўн уч ракаъат бўлди, дейилган. У суратда эса витр уч ракаъат бўлмай, имкони йўқ.

206. Абу Салама ибн Абдураҳмон розияллоҳу анҳудан ривоятки, Оиша розияллоҳу анҳодан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Рамазони муборакдаги таҳажжуд намозлари неча ракаъат бўлгани ҳақида сўрадилар. Онамиз марҳамат қилдиларки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рамазонда ҳам бошқа ойларда ҳам ўн бир ракаъатдан зиёда таҳажжуд ўқимас эдилар (Саккиз ракаъат таҳажжуд ва уч ракаъат витр). Аввал тўрт ракаъат ўқир эдиларки, унинг ҳусни ва узунлигидан сўрамагил (яъни ниҳоятда узун ва ғоятда бохушуъ бўлар эди). Кейин яна тўрт ракаъат ўқир эдиларки, унинг ҳам хусни ва узунлигидан сўрамагил. Кейин уч ракаъат ўқир эдилар. Мен дедим: Ё Расулаллоҳ, витр ўқимай туриб ухлайсизми? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: Эй, Оиша, менинг икки кўзим ухласа ҳам, қалбим ҳаргиз ухламайди.

И з о ҳ. Баъзи инсонлар юқоридаги ҳадисдан таровиҳ намозини саккиз ракаъат деб тушунадилар. Ҳолбуки, бу ривоятдан таҳажжуднинг ўзини ҳам саккиз ракаъат қилиб ўқишлик тушунилмайди. Бу ҳадиснинг тарових намозига хеч тааллуқи йўқдир. Чунки "солатул-лайл" маъноси, тунги намоз, деганидир. Лекин қарина билан таҳажжуд намози эканлиги маълум бўлади. Сўровчининг мақсуди ҳам таҳажжуд намозининг рамазони муборакдаги ададини билиш эди. Шунинг учун Оиша розияллоҳу анҳо рамазонда бошқа ойлардан зиёда ва кам бўлишини нафи этдилар. Хулоса шуки, ҳадиси шарифларда таҳажжудни солатул-лайл дейилади ва таровиҳни эса қиёми рамазон дейилади. Бу икки намоз бир-биридан тамоман алоҳидадир.

207. Оиша розияллоҳу анҳо дедилар: Набийи карим соллаллоҳу алайҳи васаллам кечқурун ўн бир ракаъат намоз ўқир эдилар. Ундан бир ракаъати витр бўлар эди. Қачон бу намоздан фориғ бўлсалар, ўнг ёнбошлари билан ётар эдилар.

И з о ҳ. Бу ҳадис юқоридаги ҳадисга мухолиф кўринса-да, ҳақиқатда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзи вақтда ундай ва баъзи вақтда бундай ўқир эдилар.

И з о ҳ. Бу ҳадисда витр намозини бир ракаъат эканлиги ривоят қилингандир. Бу борада тахқиқ шуки, витр намози устида бир неча ихтилофлар бор. Биринчи ихтилоф - унинг ҳукмида. Ханафий мазҳабида витр намози вожиб саналади. Баъзи бошқа имомлар наздида эса мустаҳаб. Иккинчи ихтилоф - унинг ракаъатларининг ададида. Ханафийлар витрни уч ракаъат, бир салом билан ўқилади дейдилар. Бошқа баъзи имомлар уни бир ракаъат дейдилар, ва баъзилари витр бир ракаъат бўлса ҳам ундан илгари икки ракаъат бир салом билан ўқилиши вожиб дейдилар. Ҳадисларда бу намоз ҳақида турли ривоятлар келганлиги сабабидан имомлар ўртасида таржиҳ турлича бўлган.

Ханафийлар ўз мазҳабларининг ҳақлигини бир неча ҳадисдан далил келтириб, исбот қиладилар.

1) Оиша розияллоҳу анҳо Абдуллоҳ ибн Абу Қайс розияллоҳу анҳунинг саволлари устида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кечқурундаги намозларини бу тариқа баён қилганлар: тўрт ракаъат ва уч ракаъат, олти ракаъат ва уч ракаъат, саккиз ракаъат ва уч ракаъат, ўн ракаъат ва уч ракаъат. Мана бу ривоятда, охирги уч ракаъат деган калимани тўрт бор алоҳида келтиришларидан ҳам маълум бўладики, бу намознинг адади уч ракаъатдан зиёда ҳам кам ҳам бўлмайди. Акс ҳолда, Оиша розияллоҳу анҳо ҳар бор уч ракаъат калимасини ифода қилмай, етти ракаъат, тўққиз ракаъат, ўн бир ракаъат, ўн уч ракаъат деб қўя қолар эдилар.

2) Али Қорий раҳимаҳуллоҳнинг сўзларича, ханафийларнинг далиллари шуки, витр намозининг уч ракаъат ўқилишини жоиз ва мустаҳсин эканлигига саҳобаи киромлар розияллоҳу анҳум қарор қилгандилар, ва уч ракаъатдан кам бўлишида баъзилари жоиз ва баъзилари ножоиз деб, ихтилоф қилгандилар. Саҳобаларнинг иттифоқ қилган масалаларига амал қилмоқ зиёда матлубдир.

3) Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳга дедилар: Витр намозининг уч ракаъат эканлигига бутун мусулмонлар иттифоқ қилганлар. Бу зотга бир киши деди: Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо уч ракаъат витрнинг икки ракаъатига салом бериб, қолган бир ракаъатини алоҳида ўқир эдилар. Унга Ҳасан Басрий оталари Умар розияллоҳу анҳу уч ракаъатни бир салом билан ўқир эдилар, ва оталари у кишидан олимроқ эдилар, деб жавоб берганлар.

4) Ҳадиси шарифларда танҳо бир ракаъатлик намоз ўқиш манъ қилинган. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан бир киши савол қилиб дедики, Саъд розияллоҳу анҳу витрни бир ракаъат ўқийдилар. Абдуллоҳ ибн Масъуд дедилар: бир ракаъатлик намоз йўқ. Булардан бошқа ҳам ҳанафийларда далиллар кўп.

208. Оиша розияллоҳу анҳо дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кечқурун тўққиз ракаъат намоз ўқир эдилар.

И з о ҳ. Бу ҳадисдан ҳанафийлар олти ракаъат таҳажжуд ва уч ракаъат витр эди, дейдилар.

209. Хузайфа розияллоҳу анҳу дедилар: Мен бир кеча Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга намоз ўқидим. Жаноб намозга киришгач, аввал бу дуони ўқидилар (таржимаси): Аллоҳ Таоло ҳаммадан буюк зотдир. Подшохлиги нихоятда улуғдир, ҳаммага ғолибдир. Катталик ва ҳақиқий улуғлик Унинг сифатидир. Кейин сураи фотихани ўқигандан кейин зам сурага сураи Бақарани ўқидилар. Кейин рукуъ қилдилар. Бу рукуълари қиёмларига ўхшаган эди (Яъни, узунликда қиём билан баробар эди, ёки ўша қиёмга муносиб рукуъ эди), ва рукуъларининг аввалидан то охиригача СУБҲОНА РАББИЙ АЛ-ЪАЗИМ деб турдилар. Кейин рукуъдан бошларини кўтардилар ва тикка турдилар. Яъни, қовма қилдилар. Бу қовмалари ҳам рукуъларига ўхшаган эди. Қовмаларида аввалдан охиригача ЛИРАББИЛ-ҲАМДУ деб турдилар. Кейин сажда қилдилар. Саждалари ҳам қиёмлари каби эди, ва саждаларида аввалидан охиригача СУБҲОНА РАББИЯЛ-АЪЛО деб турдилар. Кейин саждадан бошларини кўтардилар. Икки саждаларининг ўртаси ҳам саждалари каби эди. Бу ўтиришда тамом РАББИҒФИРЛИЙ деб турдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу намозларида сураи БАҚАРА, сураи ОЛИ ИМРОН, сураи НИСО, сураи МОИДА ёки сураи АНЪОМни тўрт ракаъатга ўқидилар.

Бу ҳадис ровийларидан имом Шуъба охирги икки сурани қайси бирини тиловат қилганларида шак қиладилар.

И з о ҳ. Баъзи ривоятларда юқоридаги аввалги уч сурани бир ракаъатда ўқиганликлари ҳам собитдир.

210. Оиша розияллоҳу анҳо дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кеча таҳажжудларида аввалдан охиригача биргина ояти шарифани қайтариб-қайтариб ўқиб турдилар.

И з о ҳ. Мазкур оят шарифа ушбудир: ИН ТУЪАЗЗИБҲУМ ФАИННАҲУМ ИБОДУКА ВА ИН ТАҒФИРЛАҲУМ ФАИННАКА АНТА-Л-ЪАЗИЙЗУ-Л-ҲАКИЙМ (Сураи Моида).

Таржимаси: (Эй худо, агар Сен буларнинг ҳаммаларини азобласанг, ўз бандаларингдир, ва агар Сен буларни мағфират қилсанг, ҳаммага ғолиб ва улуғ, хикматли зотдирсан. Яъни, хеч ким Сенинг ирода ва ҳукмингга дахл беролмас. Ҳар нарса қилсанг ярашур, чунки сен Моликдирсан, улар бандаларингдир).

211. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу дедилар: Бир кеча мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан намоз ўқидим. Жаноб қиёмда шу қадар узоқ турдиларки, мен чидаб тура олмай, бир ёмон ишни қилмоқчи бўлдим (лекин қилмадим). Бир киши савол қилди: нима қилмоқчи эдилар? Абдуллоҳ ибн Масъуд дедилар: ўзим ўтириб олиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ўзларини танхо қўймоқчи бўлиб эдим.

212. Оиша розияллоҳу анҳо дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (охирги вақтларида) нафл намозларини ўтириб ўқир эдилар. Ўтирган ҳолларида Қуръони шарифни одатларига мутобиқ узун ўқиб борар эдилар. Қачонки бир ракаъатнинг хиссасидан ўттиз ё қирқ оят миқдори қолса, уни туриб ўқир эдилар. Кейин рукуъ ва сажда қилар, кейин иккинчи ракаъат яна шундай қилар эдилар.

И з о ҳ. Жумҳур уламолар ислом ва тўрт мазхаб имомларининг наздида ўтириб намоз ўқигувчига рукуъга яқин етганда туриб рукуъ ва сужуд қилмоқ жоиздир ва туриб намоз ўқигувчига чарчаб қолса, ўтириб намоз ўқимоқ ҳам нафл намозида жоиз.

213. Абдуллоҳ ибн Шақиқ розияллоҳу анҳу дедилар: Мен Оиша розияллоҳу анҳодан Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нафл намозларининг кайфиятларидан савол қилдим. Оиша розияллоҳу анҳо дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кечанинг узун ҳиссасида нафл намозларини туриб ўқир эдилар ва баъзи кечанинг узун хиссасида ўтириб ўқир эдилар. Лекин одати шарифалари шу эдики, қачон туриб Қуръон ўқисалар, рукуъ ва саждаларини ҳам туриб қилар эдилар, ва қачон ўтириб Қуръон ўқисалар, рукуъ ва саждаларини ўтириб қилар эдилар.

И з о ҳ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтириб намоз ўкисалар ҳам, туриб ўқилган намоз савобини мукаммал олгайлар. Чунки Жанобнинг асл мақсадлари умматга шу тариқа ўқимоқнинг жоизлигини таълим беришдир.

214. Хафса розияллоҳу анҳо дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нафл намозларини ўтириб ҳам ўқир эдилар, ва унда бир сурани ўқисалар, шундай тартил билан ўқир эдиларки, у сура ўзидан узун сурадан ҳам узун бўлиб кетарди.

И з о ҳ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозлари ҳам, қироатлари ҳам бошқа бир олам бўлар эди. Оҳиста-оҳиста ва тажвид ва тартил билан, маъноларида тадаббур ва такаммуллар қилиб ўқир эди. Шундай ўқилган суратдагина Куръони карим ҳаққи адо этилган бўлади ва уни ўқувчи фойда ва баҳра олади.

215. Оиша розияллоҳу анҳо дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан муқаддам аксар нафл намозларини ўтириб ўқийдиган бўлдилар.

216. Ибн Умар розияллоҳу анҳумо дедилар: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан пешиндан аввал икки ракаъат ва пешиндан кейин икки ракаъат масжидда ва мағрибдан кейин икки ракаъат ва хуфтондан кейин ккки ракаъат уйларида ўқидим.

И з о ҳ. Бу ҳадисда намознинг суннатлари баён қилинган. Суннати муаккада ҳанафийлар қошида ҳам шундай, лекин пешиннинг суннати уларда тўрт ракаъатдир. Набийи карим соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўп ҳадислар ворид бўлганки, уларда ҳар ким бир кечада ва кундузда ўн икки ракаъат намозга мудовамат қилса, Аллоҳ таоло унинг учун жаннатда бир уй бино қилур, дейилган. Бу ўн икки ракаъатнинг тафсили Оиша ва Умму Хабиба розияллоҳу анҳумо ривоятларида юқоридаги Ибн Умар ривоятларидагидек келган. Магар, улар ривоятларида пешин намозининг аввалги суннати тўрт ракаъат деб кўрсатилган. Яна бир хадисда келганки, пешиндан аввал тўрт ракаъатни бир салом билан ўқилса, унинг учун осмоннинг дарвозалари очилур. (Яъни тез қабул қилинур). Имом Бухорий ва имом Муслим рахимахумаллоҳнинг бир ривоятларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пешиндан аввалги тўрт ракаъатни ҳаргиз тарк қилмас эдилар, дейилган. Имом Ахмад, Абу Давуд ва бошқалар Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пешин намози учун масжидга чиқар вақтларида уйда тўрт ракаъатни ўкиб, кейин чиқар эдилар. Бундан маълум бўладики, Жаноб соллаллоҳу алайҳи васаллам кўпинча суннатларни уйда ўқиб, кейин масжидга чиқар эдилар, ва ғолибан масжидда икки ракаъат таҳиятул-масжид ўқир эдилар. Эҳтимол, Ибн Умар розияллоҳу анҳумо шуни кўрган бўлишлари мумкин.

217. Хафса розияллоҳу анҳо дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам субҳи содиқ тулуъ қилиб, муаззин азон айтиши билан, икки ракаъат енгил намоз ўқир эдилар.

И з о ҳ. Бу намоз бомдод намозининг суннатидир. Буни Набийи карим соллаллоҳу алайҳи васаллам енгил ўқир эдилар, ва зам сураси учун сураи «Кофирун» билан сураи «Ихлос»ни ўқир эдилар.

218. Осим ибн Замра дедилар: бизлар Али розияллоҳу анҳудан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кундузда ўқийдиган намозларининг кайфиятидан савол қилдик. Али розияллоҳу анҳу дедилар: Сизлар у кайфиятда ўқий олмайсизлар. Биз дедик: Сиз баён қилинг, ҳар ким ўқиёлса ўқир. Кейин Али дедилар: Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам субҳ вақтида офтоб осмоннинг шарқ тарафида, гўё аср вақтида ғарб тарафида кўтарилган баландликда кўтарилганда, икки ракаъат намоз ўқир эдилар. Қачонки шарқ тарафида, гўё пешин вақтида ғарб тарафида кўтарилган баландликда кўтарилса, тўрт ракаъат намоз ўқир эдилар. Пешин намозидан аввал тўрт ракаъат ўқир эдилар. Пешин намозидан кейин икки ракаъат ўқир эдилар. Асрдан аввал тўрт ракаъат ўқир эдилар. Бу тўрт ракаъатни ҳар икки ракаъатидан кейин муқаррабин малоикалар ва анбиё ва уларга тобеъ бўлган мўминлар ва мусулмонларга салом берар эдилар.

И з о ҳ. Бу ривоятдаги аввалги икки ракаъат ишроқ намозидир. Кейинги тўрт ракаъат чошт намозидир. Пешин намозидан аввалги суннати тўрт ракаъат эканлиги собит бўлди. Пешин намозидан аввалги тўрт ракаъати ва кейинги икки ракаъати суннати муаккададир.

219. Муоз розияллоҳу анҳу дедилар: Мен Оиша розияллоҳу анҳодан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чошт намозини ўқир эдиларми, деб савол қилдим. Оиша дедилар: Ҳа, тўрт ракаъат ўқир эдилар. Хохласалар, зиёда ҳам ўқир эдилар.

220. Анас розияллоҳу анҳу дедилар: Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам чошт намозини олти ракаъат ўқир эдилар.

221. Абдурахмон Тобиъий дедилар: Менга Умму Хоний розияллоҳу анҳодан бошқа ҳеч ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг чошт намозларидан хабар бермади. У зот айтдиларки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккаи мукаррама фатҳ қилинган кунда менинг уйимга кирдилар, ғусл қилдилар. Кейин саккиз ракаъат намоз ўқидилар. Мен бу намоздан енгилроқ намоз ўқиганларини кўрмаган эдим. Лекин рукуъ ва сужудларини тамом қилар эдилар.

222. Абдуллоҳ ибн Шақиқ дедилар: Мен Оиша розияллоҳу анҳога дедим: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чошт намозини ўқир эдиларми? Оиша розияллоҳу анҳо дедилар: Йўқ. Магар сафардан келсалар ўқир эдилар.

И з о ҳ. Юқорида Муоз розияллоҳу анҳунинг ривоятларида Оиша розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васалламнинг чошт намозини ўқиганликларини исбот этдилар. Абдуллоҳ ибн Шақиқ ривоятларида эса сафардан келганларидагина ўқиб, бошқа вақт ўқимаганликлари баён этилди. Бунинг тадбиқи шуки, чошт намозини масжидда ўқишлари сафардан келганларидагина бўлар эди. Аммо уйларида ҳамиша ўқир эдилар.

223. Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳу дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзи вақт чошт намозига шундай эҳтимом қилар эдиларки, биз энди бу намозни ҳаргиз тарк қилмасалар керак, дер эдик. Баъзи вақт эса шундай ташлаб қўяр эдиларки, биз энди бу намозни ҳаргиз ўқимасалар керак, дер эдик.

И з о ҳ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзи ишларни умматларига енгиллик бўлсин, деб қасддан тарк қилар эдилар. Бу воқеа ҳам шу жумладандир.

224. Абу Айюб ал-Ансорий розияллоҳу анҳу дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамиша завол (қиём) вақтида тўрт ракаъат намоз ўқир эдилар. Мен савол қилдим: Ё, Расулаллоҳ, ўзлари завол вақтида бу тўрт ракаъатни хеч қўймайдилар. У зот марҳамат қилдилар: “Осмонларнинг эшиклари завол вақтида тамом очилгай то пешин намози ўқилиб бўлмасдан ёпилмас. Мен шу соатда мендан бирор яхши амал осмонга чиқишини дўст тутаман. Мен савол килдим: Бу тўрт ракаъатнинг ҳаммасида зам сура қилинадими? Жаноб дедилар: “Ҳа, қилинади”. Мен дедим: Бунда икки ракаъатда салом ҳам бериладими? Жаноб дедилар: Йўқ. Тўрт ракаъатнинг ҳаммасини бир салом билан ўқилади”.

И з о ҳ. Бу намозни суфийлар солатуз-зувол дейдилар. Улар наздида мустаҳаб намозларидан бири шудир. Лекин муҳаддислар қошида бу намоз пешин намозининг суннатидир. Чунки заволдин кейин пешин суннатидан бошқа бир намозга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мудоваматлари собит эмас.

225. Абдуллоҳ ибн Саъд розияллоҳу анҳу дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан савол қилдим, нафл намозларини масжидда ўқимоқ афзалми ё уйда ўқимоқ афзалми? Жаноб дедилар: “Сен менинг уйим масжидга нақадар яқинлигини кўриб турибсан. Шундай бўлса ҳам, мен фарздан бошқа намозларни уйда ўқилишини яхши кўраман”. (Яъни, ёлғиз ўқиладиган намозларни уйда ўқимоқ афзалдир).

226. Абдуллоҳ ибн Шақиқ дедилар: Мен Оиша розияллоҳу анҳодан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рўзалари ҳақида савол қилдим. Оиша дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзи ойларда шундай рўза тутар эдиларки, биз энди бу ойда оғиз очмасалар керак, дер эдик. Баъзи ойларда шундай оғиз очиқ юрар эдиларки, биз энди бу ойда рўза тутмасалар керак, дер эдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларидан кейин ҳеч бир ойни бутун рўза билан ўтказмадилар. Магар танҳо Рамазон ойини тўлиқ тутар эдилар.

227. Анас розияллоҳу анҳудан бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рўзалари ҳақида савол қилди. Жавобига дедиларки: Жаноб соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзи ойларда шундай кўп рўза тутар эдиларки, бизлар бу ой бирор кун ҳам оғиз очишга иродалари йўқ, деб гумон қилар эдик. Баъзи ойларда шундай очиқ юрар эдиларки, бизлар бу ой рўзага иродалари йўқ, деб гумон қилар эдик. Одати шарифалари шундай ҳам эдики, агар кечқурун у зотни оромда ётганларини кўрмоқчи бўлсак, шу ҳолда кўра олар эдим. Агар намозга машғул бир ҳолда кўрмоқчи булсак, у ҳолда ҳам кўра олар эдик. (Яъни, одати муборакалари ва бутун кечани ибодат билан ўтказмас ва на бутун кечани оромда ўтказмас эди. Балки ибодат ҳам қилар эдилар ва жон, бадан ҳақларини ҳам адо қилар эдилар).

228. Умму Салама розияллоҳу анҳо дедилар: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Шаъбон ва Рамазондан бошқа, икки ой рўзасини пайдар-пай тутганликларини кўрмадим.

И з о ҳ. Бу ҳадисдан маълум бўладики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу икки ой рўзасини мукаммал ҳам тутган эканлар. Бу воқеа Уммулуминийн Умму Салама розияллоҳу анҳога маълум бўлибди. Ёки Шаъбон рўзаси ярмидан зиёда тутилган бўлса, муболаға йўли мукаммал деганлар.

229. Оиша розияллоҳу анҳо дедилар: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хеч бир ой рўзасини Шаъбон каби кўп тутганларини кўрмадим. Шаъбонда шундай рўза тутар эдиларки, озгина кун тутолмай қолар эдилар. Балки баъзи вақтларда бутун Шаъбонни рўза билан ўткизар эдилар.

230. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар ойнинг аввалидан уч кунида рўза тутар эдилар. Жума куни рўза бўлар эдилар. Магар баъзи жумаларда оғиз очиқ бўлар эдилар.

231. Оиша розияллоҳу анҳо дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аксари душанба ва пайшанба кунларининг рўзасига эхтимом қилар эдилар.

232. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдиларки, бандаларнинг қилган амаллари ҳар душанба куни ва ҳар пайшанба куни Аллоҳ Таоло даргоҳига кўндаланг қилинади. Мен амалларимнинг рўзалик ҳолимда арз этилишини дўст тутаман, токи мақбулиятга зиёда яқин бўлсин.

И з о ҳ. Имом Муслим раҳимаҳуллоҳнинг бир ривоятларида амалларнинг ҳар кун эрта ва кеч икки бор арз этилиши собит бўлган. Юқоридаги ҳадисдан ҳар ҳафта икки кун арз этилиши маълум бўлади. Булар ҳақида тадбиқ шуки, амаллар муфассал бир кайфиятда ҳар кун кеча ва кундуз Аллоҳга арз этилади, ва ҳар ҳафта икки бор душанба ва пайшанба кунларида бироз тафсил билан ҳам арз этилади. Бундан бошқа ҳар Шаъбон ойида ва Қадр кечасида ҳам йиғилган ҳолатда арз этилади, токи Бани Одам тоифасининг шараф ва фазилати фаришталарга маълум бўлсин.

233. Оиша розияллоҳу анҳо дедилар: Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзи ойда шанба, якшанба ва душанба кунларида рўза тутар эдилар. Баъзи ойда сешанба, чоршанба кунларида рўза тутар эдилар.

234. Маоз розияллоҳу анҳу дедилар: Мен Оиша розияллоҳу анҳодан сўрадим: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар ойда уч кун рўза тутар эдиларми?” Дедилар: “Ҳа”. Мен дедим: “Қайси кунлари тутар эдилар?” Дедилар: “Қайси кунлар бўлишида парво қилмас эдилар”. (Яъни, тўғри келган кунларда тутаверар эдилар).

235. Оиша розияллоҳу анҳо дедилар: Ошура куни, (яъни, муҳаррамнинг ўнинчи куни), Қурайш жамоаси рўза тутар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳижратдан илгари ўша куни нафл рўза тутар эдилар. Мадинаи мунавварара ҳижрат қилиб келганларидан кейин ҳам тута бошладилар. Умматга ҳам тутишларини вожиб эканлигини эълон этдилар. Кейин Рамазон муборак рўзаси фарз қилингач, Ошура рўзасининг вожиблиги мансух қилинди, ва мустаҳаблиги боқий қолди. Энди ким хохласа тутиб, ким хохламаса тутмайдиган бўлди.

236. Алқама розияллоҳу анҳу дедилар: Мен Оиша розияллоҳу анҳодан савол қилдим: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кунлардан бирон бирини бирон бир ибодат учун хос қилиб олар эдиларми?” Дедилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амаллари доимий бўлар эди. Қайси бир ибодатга берилсалар, унга эхтимом билан давом этар эдилар. Сизлардан ким ҳам у зотнинг тоқатлари етган ибодатга тоқати етади?”

И з о ҳ. Бу ҳадисдаги давомдан мурод, ғолиби вақтдир.

237. Оиша розияллоҳу анҳо дедилар: Бир кун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг ҳузуримга кириб келдилар. Менинг хузуримда бир аёл ўтирган эди. Жаноб сўрадилар: Бу аёл ким? Мен дедим: Бу ўша кечалар ухламай, нафл намозлар ўқийдиган ва ибодатлар билан машғул бўладиган аёл”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: Нафл ибодатларни шунчалик миқдорда қилсинки, уни қилмоқ мумкин ва тоқат ичида бўлсин. Аллоҳга қасамки, Аллоҳ Таоло бандаси ибодатдан чарчамаса ва малол келмаса, савоб беришдан ҳаргиз чарчамайди ва малол олмайди”. Оиша дедилар: “Ибодатлар ичида Жаноби Расулуллоҳга ҳаммадан зиёда махбуб ибодат – қилгувчи унда давомий бўлган ибодат эди”.

238. Абу Солиҳ дедилар: Мен Оиша ва Умму Салама розияллоҳу анҳумодан сўрадим: “Қайси бир ибодат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга зиёда махбуб эди?” Улар ҳар иккилари дедилар: “Қайси бир ибодат оз бўлсин ё кўп бўлсин, қилгувчи унда давомий бўлса, ўша ибодат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга махбуб эди”.

И з о ҳ. Бу ривоятлардан аниқ-равшан маълум бўладики, рўза бўлсин, намоз бўлсин, қайси бир нафл ибодат бўлсин, уни қилгувчи одам уни эхтимом билан қилсин ва унда бардавом бўлсин. Хох оз бўлсин, хох кўп бўлсин, қилолмас эканман деб, бутун ташлаб кўймасин. Чунки фарз ибодатлардаги камчиликларни нафллар билан тўлдирилади. Қайси бир нафлга амал қилса, тарк қилинмасин.

239. Авф ибн Молик розияллоҳу анҳу дедилар: Бир кеча мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлдим. Жаноб аввал мисвок истеъмол қилдилар. Кейин тахорат қилдилар. Мен ҳам Жанобга иқтидо килиб, намозга шуруъ қилдим. Жаноб сураи ФОТИҲАдан кейин зам сурага сураи БАҚАРАни бошладилар. Қачон бир рахмат оятини ўқисалар, тўхтаб олиб, уни Аллоҳдан сўрар эдилар. Қачон бир азоб оятини ўқисалар, тўхтаб туриб, ундан паноҳ тилар эдилар. Кейин рукуъ қилдилар. Рукуъларида қиёмда турган миқдорларича турдилар ва бу дуони ўқидилар: СУБҲОНА ЗИ-Л ЖАБАРУТИ ВА-Л МАЛАКУТИ ВА-Л КИБРИЁИ ВА-Л ЪАЗАМАТИ. (Таржимаси: Ҳукумат ва салтанат сохиби бўлмиш Зот покдир, ва улуғлик ва буюклик сохибидир). Кейин сажда қилдилар ва саждада ҳам рукуъда турган миқдорда турдилар ва унда ҳам юқоридаги дуони ўқиб турдилар. Кейин иккинчи ракаъатга турдилар. Унда сураи ОЛИ ИМРОНни зам қилдилар. Бу ракаъатда ҳам аввалги ракаъатда қилинган тарзда давом этдилар. Бу намоз ўзи тўрт ракаъатлик намоз эди. Учинчи ракаъатда сураи НИСОни ва тўртинчи ракаъатда сураи МОИДАни ўша кайфиятда ўқидилар.

И з о ҳ. Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ бу бобда аввалда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ибодатларини ниҳоятда осон ва енгилларини баён этиб келиб, охирида муборак ҳадис билан Жанобнинг ибодатдаги шавқ ва тоқатларини ҳаммадан зиёда бўлиб, инсоний тоқат ташқарисида эканлигини исбот этдилар. Токи итбоъларига хирси баланд бўлиб, муваффақ бўла олган химматлик умматлар қила олсалар, бу ҳадис ифодасича ҳам амал қилсинлар.

 


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио