Шамоили Муҳаммадиййя

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

БУ БОБДА РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ КЕЧҚУРУНДА ҚИЛГАН ҲИКОЯЛАРИ ҲАҚИДА БАЁН ҚИЛИНАДИ

192. Оиша розияллоҳу анҳо дедилар: Бир кеча Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз уйларида хотинларига бир қисса баён қилдилар. Аёлларидан бирлари дедилар: бу қисса хайратда ва таажжубда тамом Хурофанинг воқеаларига ўхшар экан.  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: Биласизларми, Хурофа нима? Хурофа Бани Узра жамоасидан бўлган бир киши эди. Жоҳилият замонасида уни жинлар асир қилиб олиб кетган эдилар. У жинлар билан бир неча муддат бирга турди, кейин улар ўзлари уни олиб келиб, қўйиб кетдилар. Кейин у киши жинлар орасида кўрган қизиқ воқеаларни сўзлаб берар эди. Кейин одамлар унинг сўзини эшитганларида, бу сўз «Хурофа сўзи» дер эдилар. Шундан кейин, араблар орасида ҳар бир қизиқ сўзни Хурофа сўзи дейиладиган бўлди.

 УММУ ЗАРЪ ҲИКОЯСИ 

193. Оиша розияллоҳу анҳо дедилар: Кунларнинг бирида ўн бир нафар хотин бир ерга жам бўлдилар ва ҳаммалари ўз эрларининг аҳволини тўлалигича баён қилишни ва ҳеч бир сўзни яширмасликка аҳд қилдилар. Бу хотинлар ҳаммалари Яман хотинлари ё Ҳижоз хотинлари эдилар. Номлари аниқ маълум эмасдир.

Биринчилари деди: Менинг эрим ишдан чиққан, ориқ туянинг гўштидир. Яна ўзи чиқиши қийин бир тоғнинг устидадир. Тоғ йўли осон эмаски, унга чиқилса. Гўшт ҳам семиз мол гўшти эмасдирки, уни ихтиёр қилинса, ва олиб тушилса, яъни, бутун фойдасиз бекор бир нарсадур.

Иккинчилари деди: Мен эрим розиларини баён қилмасман. Қўрқурманки, агар унинг айбларини беркитмай сўзлаб қолсам, "зоҳирий" ва "ботиний" айбларининг ҳеч бирини қўймай сўзлаб ташларман, яъни менинг эримда бор айбларни санаб бўлмас, қайси бирини ҳам сўзлаб ўтирай.

Учинчилари деди: Менинг эрим бадхулқ, бедаво узундки, ундан шикоят қилсам, ё ўзига бир сўз қилиб қолсам, талоқ қилинурман. Агар сўз қилмай кетаверсам, бутун умрим муаллақа ҳолда кетурман, яъни, эрликлар қаторларида ҳам эмасман, бевалар қаторида ҳам эмасман.

Тўртинчилари деди: Менинг эрим Таҳома иқлимининг кечқурунига ўхшайди. На иссиқ ва на совуқ. На ундан қурқилур ва на ундин зерикилур. Яъни, ниҳоятда мижози мўътадилдир. Иссиқда салқиндир ва совуқда иссиқдир. Афв марҳамати кўпдир. Ҳеч бир ҳолда одамга малол келмас.

И з о ҳ. Таҳома деб, Маккаи мукаррамани ва атрофларини айтилади.

Бешинчилари деди: Менинг эрим уйга кирса, қоплон бўлиб кирур, уйдан чиқса шер бўлиб чиқур. Уйдаги ўзига маълум нарсалар хасида тафтиш қилиб ўтирмас, яъни кўчадан келса, қоплон каби ўз аҳлини соғиниб келади ва кўчага чиқса йўлбарсдек олижаноб юради. Ўзи у қадар ҳимматлик, карим инсондирки, бўлар-бўлмас нарсалар устида оиласи билан жанжал қилиб, пастлик қилиб ўтирмайди.

Олтинчилари деди: Менинг эрим таом еса, дастурхонда бор нарсани ҳаммасин еб тугатади ва сув ичса, идиш остида қолган сувни ҳам ичиб халос қилур, ва ётса, ўзи танҳо бир кўрпага ўралиб ётади. Ёнида ётган одамни қўйнига қўлини узатиб ҳам кўрмаски, дардини билсин, ё соғ, ё бемор эканлигини фахмласин, яъни, таомга тўймас ва сувга қонмас ва ҳамхонаси ҳолини сезмас, бир бемурувват инсондир.

Еттинчилари деди: Менинг эрим ўзи номард, сўздан ожиз. Ҳамиша бемор бир инсонки, дунёда бор беморликдан намуна унда бор. У қадар беахлоқки, суз қилсанг, бошингни ёради, ё баданингни захм қилади, ё хохласа ҳар иккисини бирга қилур.

Саккизинчилари деди: Менинг эрим бадани қуён каби мулойим ва иси заъфарон каби ҳаммани хушбўй қилиб туради, яъни унинг вужуди ниҳоятда маҳбубдир. Нозик бадан ва хушбўйлигидан жисмоний ва рухоний лаззат ҳар иккиси унда мавжуддир.

Тўққизинчилари деди: Менинг эрим, уйи баланд, мехмони кўп, қомати расо ва давлат хонаси жамоат хонага яқин бир зотдир, яъни шарафлик, саҳолатлик ва шижоатлик бир додходирки, ҳамма инсонга махбуб ва маржиъдир.

Ўнинчилари деди: Менинг эрим, моликдир. Биласизларми, молик ким? Таъриф қилинган зотларнинг ҳаммаларидан зиёда, яхшидир. Чунки ҳар-ҳар ерга чўкиб ётадиган туялари кўпдир. Туялари ўтлагани кам боришади. Қачон сурнайнинг овозини эшитсалар билурларки, уларни сўйилур, яъни молик давлатманд ва карамлик бир инсондир. Ҳамиша молларини ўз олдида боқади, яйловга кам юборади. Моллари ҳам унинг мижозини яхши биладилар. Қачон сурнай чалинса, билурларки, шу соатда меҳмон таоми учун забх этилурлар.

Ўн биринчилари деди: Менинг эрим Абу Заръдур. Биласизларми, Абу Заръ ким? У шундай мехрибон эрки, икки кулоғимни қиммати юқори тақинчоқлардан ҳам қилгандир, ва икки билагимни кўп едириб, чарвидан тўлдиргандир. Мени шундай хуш ва хуррам сақлаганки, ундан мен кибр ва ғурурга берилиб, ўзимни унута бошладим. Бу эр мени олганда, мен бир нечта эчки билан кун ўтказадиган ниҳоятда бир ғариб хонадонда эдим Мени шундай бир давлатманд хонадонга олиб келдики, уларда отлар, туялар, қўш ҳўкизлар ва деҳқонлар бор эди. Отлари кишнар, туялари бўкирар, ҳўкиз, сигирлари хирмон хайдар, ходимлари донларни сомонлардан алоҳида қилиб тозалар эдилар. Мен бўлсам у эр қошида эрка эдим, ҳар қандай сўз айтсам ҳам, сўзинг ёмон демас эди. Ётсам тонг отгунча ётар эдим, ҳеч ким мени уйғота олмас эди. Емак ва ичмакда шундай мўл-кўлчилик эдики, мен еб-ичиб туриб кетардим, таом ва шароб шундай қолар эди. Бу сифат эримнинг сифати эди.

Унинг бир онаси ҳам бор эди. Биласизларми, у қандай хотун эди. У ниҳоятда олижаноб хотин эдики, идишлари ҳаммаси катта-катта ва нарсалари тўла-тўла турар эди. Уйи ниҳоятда кенг ва унда ҳамиша меҳмонлар бўлар эди. Абу Зарънинг ўғли ҳам бор эди. Биласизларми, ўғли ким? Шундай йигитки, бадани нозик ва озғин, ёнбоши гўё пўстлоғи арчилган хурмо новдасига ёки ғилофидан чиқарилган қиличга ўхшар ва ёш эчкининг қўли уни тўйғизади (яъни, ниҳоятда бетакаллуф, баҳодирмижоз йигитдир).

Абу Зарънинг қизи ҳам бор. У қизни нима десам бўлади. Отасига итоатли ва онасига фармонбардор, сихат ва жамоли, ақлу-камоли шундай эдики, хотинлик кишига тушиб қолса, кундоши куйиб ўтади. Абу Зарънинг чўриси ҳам бор. Уни қандай таъриф қилай? У чўри диндорлигидан уйдаги сўзларни бошқа ерларга тарқатмайди ва аминлигидан уйидаги таомни ҳам беижозат ҳарж қилмайди, ва тозалигидан уйни ниҳоятда соф ва покиза сақлайди. Ахлатхона қилиб қўймайди. Умму Заръ деди: бизнинг Абу Заръ билан муҳаббатимиз ва ўртадаги алоқамиз мен юқорида айтгандек эди. Иттифоқо, бир кун Абу Заръ кўчага чиқди. Баҳор фасли эди. Сут, ёғ мешкачаларда олиниб турган вақт эди. Кетиб туриб, олдида икки ўғли ҳам бор бир хотинни кўриб колди. Қоплондек ирғишиб, оналарининг бели атрофида икки анор билан уйнашиб турибдилар. Бу ҳолни кўргач, мени талоқ қилиб ўз никоҳига ўша хотинни олди. Уни девона қилган хотиннинг хуснлик шўх ўғилларини кўриб, шояд менга ҳам шундай ўғилларни туғиб берса, деб умид қилган эди. Мен ҳам кейин бир олижаноб, сахий эрга тегдимки, унинг учқур зотдор бир оти бор эди. Уни минар эди. Хат деган бир мақомда ишланган найза тақарди. Ўша эр мени олгач, кеч кирмай туриб, келиб молларини ҳайдатиб, менинг хузуримга келтирди, ва ҳар қайтган намунадан бир жуфтдан менга бериб, деди: Эй, Умму Заръ, ол, егин ва ахлларингга ҳам бергин. Лекин мен бу иккинчи эрнинг менга берган нарсаларин ҳаммасини тўпласам, қиммати ва баҳоси Абу Зарънинг менга берган бир кичкина идишининг қимматига ҳам баробар келмайди.

Оиша розияллоҳу анҳо дедилар: Бу хикояни тамом эшитиб бўлгач,  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга дедилар: Эй, Оиша, мен ҳам сенга Абу Заръ Умму Заръга меҳрибон бўлган каби мехрибондирман. Лекин биз ажралмасмиз.

И з о ҳ. Бу ҳадис муборакдан  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқи жамилаларининг ва хонадон ҳаётларининг нақадар улуғлиги маълум бўлади. Соллаллоҳу алайҳи васаллам.

 


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио