Шамоили Муҳаммадиййя

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

БУ БОБДА РАСУЛУЛЛОҲ САЛЛОЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ ҚИЛИЧЛАРИ, ЗИРРА ВА ҚАЛҚОНЛАРИ ҲАҚИДАГИ ҲАДИСЛАР БАЁН ҚИЛИНАДИ

Уламолар деганларки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг етти дона қиличлари бор эди. Баъзилар ўн бир дона эди, деганлар. Ҳар бирининг алоҳида номи бўлиб, ҳаммадан машҳурроғи “Зулфиқор” эди, уни ўзларидан узоқ қилмас эдилар ва зирралари, яъни урушда киядиган темир халқалардан тўқилган кийимлари етти дона бўлиб, ҳаммасининг алоҳида-алоҳида номи бор эди. Ҳаммадан машҳуррори «Зотул-фузул» (“Фазилат соҳиби”) эди. Қалқонлари, яъни урушда бошқа имома (салла) остидан киядиган дўппилари ҳам бор эди. Унинг адади ёки номи ҳақида қўлимизда мавжуд китобларда ҳеч нарса ёзилмаган.

82. Анас розияллоҳу анҳу дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қиличларининг (Зул-фиқорнинг) дастасининг дупписи кумушдан эди.

83. Мазийда розияллоҳу анҳу дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка фатҳ этилган куни Маккага кирганларида, қиличларининг юзида тилла ва кумуш кўринди.

И з о ҳ. Аллома Тур Пуштий дедиларки: Бу ҳадисни қиличга тилло истеъмол қилишнинг дурустлигига далил қилиб бўлмайди, чунки бу ҳадиснинг санади қобил эътимод эмасдир. Кумуш истеъмоли юқоридаги ҳадис каби хадисларда мубоҳдир. Тилла истеъмоли эса ножоиздир.

84. Самура розияллоҳу анҳу дедилар: Мен ўз қиличимни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қиличларига ўхшатиб қилдирдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қиличлари ханафий эди, яъни Бану Ханафи арабларига қилдирган эди, улар бу санъатда комил эдилар.

85. Зубайр розияллоҳу анҳу дедилар: Уҳуд ғазотида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бадани муборакларида икки зирра бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир баланд тош тепасига чиқиб, ўзларини саҳобаларга ё кофирларга кўрсатишни хоҳладилар, лекин чиқа олмадилар. Кейин Талҳа розияллоҳу анҳуни пастга ўтирғизиб, ўзлари тош тепасига чиқиб, тикка турдилар ва ҳамма у зотни кўриб кела бошлади. Ўша соатда мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Талҳа ўзига вожиб килди”, деган сўзларини эшитдим. (Яъни жаннатни ё шафоатимни ўзига собит қилди деган бўладилар).

И з о ҳ. Ухуд уруши хижратнинг учинчи йилида бўлиб, нихоятда хатарли уруш эди. Устунлик душман тарафида эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак юзлари ва муқаддас бошларига жароҳат етиб, муборак тишлари шаҳид бўлган эди. Душманлар Муҳаммадни ўлдирдик, дея овоза қилишди. Бу овозадан саҳобалар саросимага тушиб, ҳар тарафга тарқалиб кетдилар. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг борликларини дўстларга ҳам, душманларга ҳам маълум қилиш мақсадида бир баланд тошга чиқиб кўриндилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳар икки тараф кўрди. Мусулмонлар атрофларига жам бўлдилар.

Ўша куни Талҳа розияллоҳу анҳу баҳодирлик жавҳарини кўрсатдилар. Расулуллоҳ саллоллаху алайҳи васаллам учун вужудларини қалқон килдилар. Душман ҳамласидан тўсиб қолдилар. Муборак жисмларига саксондан зиёд заҳм пайдо бўлди. Лекин бир лаҳза ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ёлғиз қолдирмадилар. Оқибат муборак қўллари шол бўлиб қолди. Саҳобаи киром ҳаммалари бул зотга тан берардилар ҳамда “Уҳуд ғазоти ҳақиқатда Талҳанинг кунидир” дер эдилар. Бу кун тамомила ул зот хисобларига ўтгандир. Розияллоҳу анҳум ажмаъин. Ваҳшурно маъаҳум. Омин.

86. Соиб бин Язид розияллоҳу анҳу дедирлар: Уҳуд ғазоти бўлган кунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак баданларида икки зирра бор эди. Ҳар иккисини устма-уст кийиб олган эдилар.

И з о ҳ. Бу тариқа зиёда қўш-қўш зирра кийишдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Худога таваккулларининг камлиги келиб чиқмайди, балки, аксинча, Худога шу қадар яқин бир зот шунчалик эҳтиётда бўлган эканлар, бошқалар кофирлардан бундан-да зиёда эхтиётда бўлсинлар, деган уммат учун таълимдир. Раббил-оламийн жалла жалолуҳу Ўзи марҳамат қилади: “Йа аййуҳаллазина аману хузуу хизрокум фанфируу субатин ав-инфируу жамиъан” («Нисо» сураси).

Маъноси: “Эй, мусулмонлар, кофирлар муқобилларида ўз эхтиётларингизни кўринглар, яъни уларнинг ҳамла ва хужумларидин хабардор туринг. Ва мудофаалари учун етарли ҳарбий асбобларингизни хозирлаб туринглар. Кейин уларга муқобала учун алоҳида-алоҳида бўлиб ёки ҳаммаларингиз бир жамъ бўлиб чиқинглар”.

Мана шу ояти карима маъноларидан маълум бўладики, душман муқобилида вазият тақозосига кўра хозирлик кўриш Аллоҳнинг амрига итоат қилишдир. Бундай хукмларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ортиқроқ яхши амал қилувчи ким бор? У зотнинг зирра, қалқон, қилич ва бошқа асбобларни истеъмол этишлари илоҳий ҳукмга амал қилишдир. Таваккулга хилоф эмас, балки айни таваккулдир.

И з о ҳ. Бу масала устида мусаннифнинг кичик бир рисоласи «Ислом назаринда Силоҳ»ни кўрилсин. Иншоаллоҳ фойдадан ҳоли бўлмас.

87. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фатҳ куни Маккаи мукаррамага кирганларида, бошларида қалқонлари бор эди. Қалқонларини олиб қўйиб, хотиржам турган эдилар, бир киши келиб деди: «Ё Расулаллоҳ, ибни Хатал Каъба ғилофига ёпишиб турибди». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Уни ўлдиринглар” деб хукм қилдилар. Ибни Шихоб Зухрий дедилар, менга яна шу маълум бўлдики, ўша куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эҳромда эмасдилар.

И з о ҳ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккага фотиҳона кирган кунларида, тамоми аҳли Макка хуш ва ҳавасдин маҳрум бўлдилар. Қочишга жой, юришга оёқ топмадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам камоли раҳм-шафқатларидан эълон қилдиларки, ҳар ким Байтуллоҳ шарифра кириб олса, унга омонлик берилур ва ҳар ким ўз ўйига кириб олса, унга ҳам омонлик берилур. Ҳар ким қуролини ташласа, унга ҳам омонлик берилур. Лекин эркаклардан ўн бир кишига ва аёллардан олти аёлга бунақа омонлик бермадилар, қонлари ҳалол этилди. Шундай бўлиб туриб ҳам ўша эркаклардан етти киши ва аёллардан икки аёл мусулмон бўлдилар, уларни озод этилди. Тўрт эркак, тўрт аёл қолдилар, улар қатл қилинди.

Мана шу саккиз кишининг бири Ибн Хатал эди. Бу одам аввал мусулмон бўлиш учун Мадинаи мунавварага кириб, мусулмон бўлиб, номини Абдуллоҳ қўйганди. Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алаихи васаллам уни закот йиғиб келиш учун бир қабилага юборадилар.У ўша қабилада турган вақтида ўзининг бир мусулмон ғуломини “таомни тез ҳозирламадинг”, деб уриб ўлдириб қўяди. Кейин қасосдан қўрқиб, Мадинага қайтмай муртадликка юз тутганча, Маккага қочиб келади. Маккада туриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни хажв қила бошлайди. Икки нафар нағмачи, ашулачи чўриларни сотиб олиб, уларга хажвий шеърларини ёд олдиради. Чўрилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайхи васалламга ёзган ҳажвий шеърларини нағма қилиб, ўқиб берар эдилар, у бадбахт эса бундан қувонар эди. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайхи васаллам унинг ҳам хунин хадар қилдилар. Шу сабабдан уни Байтуллоҳ-ал-ҳаром ичида бўлса ҳам ўлдирилди.

И з о ҳ. Бу ҳадис устида фиқҳга тааллуқли икки масала вужудга келади. Биринчиси, Ҳарам шариф ичида ҳадд ва қасос жорий қилинадими ёки йўқми? Иккинчиси, Маккаи мукаррамага мийқот ҳоржидин беихром кириш мумкинмми ё йўқми?

Биринчи масала тахқиқга мухтож бўлганлигидан ўз ўрнида кўрилсин. Иккинчи масала бўлса Ханафий уламолар наздида мийқотдан беихром ўтмоқ жоиз эмас, яъни Маккага беихром кирмоқ манъ этилгандир, чунки, ҳадиси шарифда мийқотдан беихром ўтмиш мамнуъдир. Имом Шофиъий наздида ушбу ҳадисга мувофиқ жоиздир. Бу ҳадис устида Ханафийя уламолари дейдиларки, ўша кун беиҳром кирмоқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайхи васалламга хос эди. Бошқани ул кишига қиёс этиб бўлмайди.

 


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио