Шамоили Муҳаммадиййя

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

БУ БОБДА РАСУЛУЛЛОҲ САЛЛОЛЛОХУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ ЛИБОСЛАРИ БАЁН ҚИЛИНАДИ

Уламолар деганларки, инсонлар киядиган либослар баъзиси вожиб, ва баъзиси мустаҳаб ва баъзиси макрух ва баъзиси ҳаром бўлади. Мусулмон учун муносиби, истеъмоли савоб бўлган либосларга эҳтимом этмоғидир, ҳамда истеъмоли гуноҳ бўлган либослардан тийилмоғидир. Вожиб бўлган либоснинг миқдори, унинг билан сатри (беркитиш) лозим бўлган бадан ёпилмоғи, мустаҳаб бўлгани эса уни киймоққа шариат тарғиб этганидир. Масалан, икки хайит кунларида янги ва яхши либос ва жума кунида намоз учун оқ либос кийиш. Макруҳ бўлган либос шариат уни киймасликка тарғиб этганидир, масалан, бой одамга ҳамиша йиртиқ ва эски либос киймоқ макруҳ. Ҳаром либос, уни кийишни Ислом дини қатъиян манъ этганидир. Масалан, эркакларга ипак либосини беузр киймоқ ҳаромдир.

47. Умму Салама розияллоҳу анҳо дедилар: Либослар ичида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўйлак кияр эдилар, либослар ичида маҳбуброғи ҳам кўйлак эди (чунки бошқа либослардан кўра кўйлакда зиёда мукаммал сатр хосил бўлади).

48. Асмо розияллоҳу анҳо дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўйлакларини енги билакларигача эди, яъни кафтларини ёпмас эди.

Бир ривоятда келганки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўйлак кияр эдилар. Кўйлакларининг этаги икки тўпиқларидан юқори ва икки енги бармоқларининг учлари ила баробар бўлар эди. Мана бу икки ривоят шарҳида баъзи уламолар деганларки, бири сафардаги ҳол, иккинчиси ҳозирдаги ҳолларидир, ё бири шимарилган вақти, иккинчиси эса қўйиб берилган вақтидир, ё бири, яъни қисқалиги, суннат бўлиб, узунлиги эса жоиздир.

49. Қурра ибн Иёс розияллоҳу анҳу дедилар: Мен Музайна кабиласидан бўлган бир жамоа билан бирга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига байъат бериш учун кирдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўйлакларининг тугмаси солинмаган ё тугмаси очиқ эди. Кейин мен қўлимни ёқаларига солдим ва табаррук мақсадида муҳри нубувватларини ушладим.

50. Анас розияллоҳу анҳу дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кун Усома розияллоҳу анҳуга суянган ҳолларида ҳужраи саодатдан бир кисм яманий нақшлик либосга тавашшуҳ тариқасида ўралиб чиқдилар. Кейин саҳобаларга имом бўлиб намозларини ўқиб бердилар. (Араблар бир чодрани ўнг қўлнинг остидан олиб, чап елкага солиб олишни тавашшуҳ дейдилар.)

И з о ҳ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу тариқада бир одамга суяниб чиқишлари, уламоларнинг баён қилишларича, беморлик вақтларида бўлган экан.

51. Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳу дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон бир янги либос киймоқчи бўлсалар, аввал унинг отини олар, кейин дер эдилар: Эй Аллоҳ, Ўзингга шукур, бу либосни ато қилганинг учун Сенга ҳамд айтаман. Эй Аллоҳ, мен Сендан бу либоснинг ўзидаги ва унга ато этилган яхшиликни талаб қилурман ва Сен бу либоснинг ўзидан ва унга ато этилган ёмонликдан паноҳ беришингни илтижо қиламан.

52. Анас розияллоҳу анҳу дедилар: Либослар ичида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ниҳоятда маҳбуби нақшалик, яъни қизил йўллик яманий чодар эди.

И з о ҳ: Ушбу ҳадис билан шу бобнинг биринчи ҳадисида ихтилоф йўқдир, чунки тикилган либослар ичида ҳаммадан маҳбуби кўйлак бўлса, чодарлар ичида ҳаммадан маҳбуби қизил йўллик чодар эди.

53. Абу Ҳужайфа розияллоҳу анҳу дедилар: Мен Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламни муборак баданларида қизил йўллик яманий чодарлари бор ҳолда кўрдим, ва ҳозир мен гуё у кишининг муборак икки почаларини ялтираб турганлигини кўриб тургандайман (яъни чодарлари тамом почаларини яширмаган, тўпиқларидан юқорида эди).

54. Абу Римса розияллоҳу анҳу дедилар: Мен Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламни кўрдим. Эгниларида яшил рангли икки либослари бор эди. (Араблар йўллик либосни бурд дерлар, агар йўли бўлмаса, бурд демайдилар).

55. Қайла розияллоҳу анҳо дедилар: Мен Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламни кўрдим, жисмларида заъфарга бўялиб, унда асари қолмаган эски икки чодарлари бор эди.

56. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят: Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам дедилар: Либоснинг оқини ихтиёр этинглар, уни тирикларингиз кийсинлар ва унда ўликларингизни кафанланглар, чунки оқ либос либосларингизнинг афзалидир.

57. Самура розияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: Либоснинг оқини кийинглар, чунки оқлари покизароқ ва яхшироқ бўлади. Ўликларингизга ундан кафан қилинглар.

58. Оиша розияллоҳу анҳо дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кун эрта билан уйларидан чиқдилар, баданларида қора қилдан тўқилган чодарлари бор эди.

59. Муғийра розияллоҳу анҳу дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир жубба кийдилар, ўзи румий бўлиб, енглари тор эди. (Жубба – кекса кишилар киядиган бўйи ва енги узун тўн)

 


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио