Шамоили Муҳаммадиййя

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

БУ БОБДА РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ СОҚОЛ ВА СОЧЛАРИГА ТУШГАН ОҚЛАР ҲАҚИДА БАЁН ҚИЛИНАДИ

31. Қатода дедилар: Мен Анас розияллоҳу анҳуга дедим: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам соч ва соқолларини бўяганмилар?” Анас дедилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг соч ва соқоллари бўяладиган бир миқдорга етмаган эди, фақат икки чеккаларидагина бироз оқ пайдо бўлган эди, лекин Абу Бакр розияллоҳу анҳу хино ва катм билан соч ва соқолларини бўяр эдилар”.

И з о ҳ. Хино маълум бир дарахт бўлиб, рангги тўқ қизил бўлади, катм бир қисм гиёҳ бўлиб, ранги қора бўлади. Ҳар иккисини аралаштириб бўялса, қорага мойил қизил бўлади. Агар иккиси билан бўялса, дуруст. Танҳо қора ранг билан бўямоқ эса ҳадисларда мамнуъдур.

32. Анас розиёллоҳу анҳу дедилар: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак бошларида ва муборак соқолларида ўн турт донадан кўп оқ санамадим.

33. Жобир розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг соч ва соқолларидаги оқлар ҳақида савол қилинганда, дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам агар бошларини ёғласалар оқи кўринмас эди, агар ёғламасалар, озроқ оқ кўринар эди.

34. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг соч ва соқолларидаги оқлар аввали ва охири йигирма адад эди.

35. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо дедилар: Абу Бакр розияллоҳу анҳу сўрадилар: “Ё Расулаллоҳ, ўзлари мижозлари муътадил ва ёшлари кам бўлиб туриб ҳам тез соч, соқоллари оқариб қолди. Нима учун бундай бўлди?” Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: “Менинг соч ва соқолимни «Ҳуд» ва «Воқиъа» ва «Мурасалот» ва «Амма йатасаъалун» ва «Изаш-шамсу куввирот» каби суралар оқартиб қўйди”, яъни умматим аҳволига иҳтимомим ва улар учун бу суралардаги оғир ҳоллардан қўрққанлигим мени бу ҳолга етказди.

36. Абу Ҳужайфа розияллоҳу анҳу дедилар: Саҳобалар хитоб қилдилар: “Ё Расулаллоҳ, ўзларида қарилик ва заифлик асарларини кўра бошладик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жавоб бердилар: “Мени «Ҳуд» сураси каби оғир мазмунлик суралар қаритиб қўйди”.

37. Абу Тимсата-т-Таййимий розияллоҳу анҳу дедилар: Мен ўз ўғлимни олиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келдим. Одамлар у кишини менга кўрсатдилар. Мен у кишини кўрибоқ “Бу зот – Аллоҳ таолонинг пайғамбаридир” дедим. У зотнинг эгниларида яшил рангда икки либос, яъни ридоъ ва изорлари бор эди, ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир оз сочларига оқлик ғолиб келган ва ўша сочлари қизил рангда эди.

38. Жобир розияллоҳу анҳудан бир киши савол қилди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак бошларига оқ соч пайдо бўлганмиди? Жобир розияллоҳу анҳу жавоб бердилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак бошларида оқ соч йўқ эди. Магар фарқларининг ўзида бир неча адад саноқлик оқ сочлар бор эди. Қачон бошларига ёғ истеъмол қилсалар, улар кўринмай қоларди.

39. Абу Римса розияллоҳу анҳу дедилар: Мен ўз ўғлим билан бирга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: Бу ўғлингми? Мен дедим: Ха ё Расулаллоҳ, бу менинг ўғлим. Ўзлари гувоҳ бўлиб қўйсинлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдиларки, “Бу сенинг зарарингга жиноят қилмас ва сен ҳам унинг зарарига жиноят қилмассан”, яъни Исломдан аввалги замонларда боланинг гуноҳига ота масъул ва отанинг гуноҳига бола масъул бўлар эди. Ислом динида бу сўз йўқдир. Ҳар киши ўз гуноҳига ўзи масъул бўлади. Абу Римса розияллоҳу анҳу айтадиларки, мен бу мулоқотимда кўрдимки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг баъзи сочлари қизил эди.

И з о ҳ. Ханафий уламолар наздида соч ва соқолни буямоқ мустаҳаб, лекин машҳур баёнларда қора ранг билан буямоқ макруҳ ва шофиъийлар наздида эса бўямоқ суннат ва қора ранг билан бўямоқ ҳаромдир.

40. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан савол қилиндики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам соч ва соқолларини бўягандиларми? Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу жавоб бердиларки: Ҳа, бўягандилар.

41. Башир ибн Хасосайянинг хотинлари Жаҳзама розияллоҳу анҳумо дедиларки: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдим, уйларидан чиқиб турган эдилар. Ғусл қилганлари учун бошларини артиб турган эдилар ва бошларида хинонинг асари бор эди.

42. Анас розияллоҳу анҳу дедилар: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак сочларини бўялганини кўрдим, яъни хино истеъмол қилган эканлар.

 


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио