Шамоили Муҳаммадиййя

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

БУ БОБДА МУҲРИ НУБУВВАТ ҲАҚИДА БАЁН ҚИЛИНАДИ

15. Соиб ибн Язид розияллоҳу анҳу дедилар: Холам мени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хизматларига олиб бордилар ва дедилар: Ё Расулаллоҳ, ҳамширамнинг ўғли бемор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг бошимга қўлларини суркаб қўйдилар ва менинг учун баракат дуосини ўқидилар, кейин таҳорат қилдилар. Мен таҳоратдан қолган сувларидан ичдим ва орқа тарафларига ўтиб турдим. Шу ҳолатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг икки елкаларининг ўртасида нубувват муҳрини кўрдим. Қарасам, у нарса пашшахонанинг тугмаси каби экан (Баъзилар бу маънони каклик тухумига ўхшаган бир нарса экан, деганлар).

16. Жобир ибн Самра розияллоҳу анҳу дедилар: Мен муҳри нубувватни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг икки елкаларининг ўртасида кўрдим, у кабутарнинг тухуми каби бир зиёда гўшт экан. Ранги қизилга мойил экан.

17. Румайса розияллоҳу анҳо дедилар: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга шундоқ яқин турдимки, ҳатто агар хоҳласам, икки елкаларининг ўртасидаги муҳри нубувватни ўпа олар эдим, Саъд ибн Маоз розияллоҳу анҳу ўлган кунлари дедиларки, бу зотнинг вафоти учун Аллоҳ Таолонинг арши харакатга келди.

18. Илбоъ ибн Аҳмар дедиларки, Амр ибн Аҳтаб Ансорий розияллоҳу анҳу менга хикоя килдилар: “Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни дедилар: эй Абу Зайд, менга яқин кел ва орқамни силаб қўй. Мен орқаларини силаб туриб, бармоқларим муҳри нубувватга тегди”. Шунда мен савол қилдим, эй Абу Зайд, муҳри нубувват нима? Абу Зайд дедилар: “Тўпланган бирмунча мўйлар, яъни ўша ўсиб кўтарилган гўшт атрофида ва устида мўйлар бор эди”. Саҳобанинг қўллари ўша тукларга тушгани сабабдан шундай дедилар.

19. Бурайда розияллоҳу анҳу дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинаи мунавварага ташриф қилганларида, Салмон Форсий розияллоҳу анҳу у кишига бир дастурхон келтирдилар. Унда янги пишган хурмолар бор эди. Уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига қўйдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: Эй Салмон, бу нима? Салмон дедилар: Бу ўзларига ва саҳобаларига садақадур. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: Буни бу ердан ол, биз садақа емасмиз Салмон уни олдилар. Эртасига яна шунча хурмо келтирдилар. Уни ҳам ҳузурларига қўйдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: Бу нима, эй Салмон? Салмон дедилар: Ё Расулаллоҳ, бу ўзлари учун ҳадядур. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳобларига дедилар: Қўл узатинглар. Кейин Салмон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг орқаларидаги муҳри нубувватга назар солдилар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтирдилар. Салмон розияллоҳу анҳу ўзлари Бани Қурайза яҳудларининг ғуломи эдилар. У кишини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сотиб олдилар, яъни хўжаларидан озод этилишларига сабаб бўлдилар ва озодликларига кўп дирҳамлар сарфланди, ва Салмон ҳожалари учун уч юз хурмо дарахтини кўчат ўтказиб беришлари ҳам шарт қилинган эди. Улар мева қилгунча хабар олиб турсинлар. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз қўллари билан ўша хурмо дарахтлари кўчатларини ўтқаздилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъжизаларидан тамоми дарахтлар ўша йил мева берди. Лекин бир дарахт гул ҳам очмади. Текширилгач, маълум бўлдики, уни Умар розияллоҳу анҳу ўтқизган эканлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кўчатни олиб ташлаб, ўзлари бошқа ўтқизган эдилар, кейин мева берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъжизаларидан тамоми дарахтлар бемавсум ўтқизилса ҳам ҳаммаси хосилга кирди. Салмон Форсий розияллоҳу анҳу қадим уламолардан эдилар. Ёшлари икки юз элликка борган эди. Бир ривоятда уч юз эллик дейилади. Бу зот қадим китобларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарлик аломатларини ўқиган эдилар. Ўша аломатлардан бири садақа қабул қилмасликлари ва яна бири муҳри-нубувватлари эди. Бу икки аломатни кўриб билганларидан кейин иймон келтирдилар. Бу зотнинг озодликлари учун берилган нақд маблағ қирқ уқя (1 уқя - 33.44 гр) тилло эди. Ўзларини Исломга мушарраф бўлганликларининг воқеасини ўзлари муфассал баён қилганлар. Ҳадис китобларида зикр этилган.

20. Абу Назра дедилар: Мен Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳри нубувватлари ҳақида савол қилдим. Дедиларки, муҳри нубувватлари орқаларида бир бўлак кўтарилган гўшт эди.

21. Абдуллоҳ ибн Саржис розияллоҳу анҳу дедилар: Мен бир кун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хизматларига келдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалардан бир жамоат ўрталарида ўтирган эканлар. Мен орқаларидан шундоқ айландимки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг нима учун айланганлигимни билиб, муборак ёпинчиқларини орқаларидан туширдилар. Мен муҳри нубувват ўрнини икки елкаларининг ўртасида кўрдим. У гуё бир муштдек бўлиб, атрофида баданга тошадиган нўхатдек доналар каби ҳоллар бор экан. Кейин мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўғриларига ўтдим ва дедим: Ё Расулаллоҳ, Аллоҳ Таоло ўзларини мағфират килсин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: Сенга ҳам мағфират насиб этсин. Ўтирганлар дедилар: Расулуллоҳ сенинг учун дуои мағфират қилдиларми? Мен дедим: Ҳа, менинг учун ҳам ва сизлар учун ҳам деб бу оятни ўқидим (Ва мағфират талаб қилинг, ўзингиз учун ва мўмин эрлар ҳам, мўмина аёллар учун ҳам. – Муҳаммад сураси:19-оят).

 


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио