Шамоили Муҳаммадиййя

Кейинги >  

БИСМИЛЛАҲИР РАҲМОНИР РАҲИМ

1. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам на кўп узун қоматлик ва на паст қадлик, балки ўрта бўйлик, қоматлари ниҳоятда мавзун зот эдилар. Ранглари на ниҳоятда оқ ва на тўқ буғдойранг эди, балки оқ қизилликка мойил, кўркамликда ўн тўрт кечалик ой каби нурлик эди. Муборак сочлари на ниҳоятда буралган ва на ниҳоятда ёзилган эди, балки ўрта бир ҳолда ўзларига ярашган эди. Аллоҳ Таоло ул кишини қирқ ёшида пайғамбарлик мақомига мушарраф этди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўн йил Маккаи мукаррамада ва ўн йил Мадинаи мунавварада турдилар, ва олтмиш ёшда дунёдан риҳлат қилдилар. Муборак бошларида ва соқолларида йигирма адад ҳам оқарган мўй йўқ эди.

И з о ҳ: Бу ривоятда Маккадаги истиқоматларини ўн йил дейилган ва бутун умрларини олтмиш ёш кўрсатилган. Бунинг сабаби шуки, араблар гоҳо каср ададни зикр қилмайдилар. Ҳақиқатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккаи мукаррамада ўн уч йил турганлар. Ва вафот топганларида, муборак ёшлари олтмиш учда эди.

2. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўрта қадлик бир зот эдилар. На узун ва на паст бўйли эдилар. Жисмлари чиройли, келишган, сочлари на буралган ва на ёзилган эди. Чеҳралари буғдойранг, қачон юрсалар, олдиларига мойил бўлиброқ юрар эдилар.

3. Бароъ ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўрта буйли (бироз узунга мойил) бир киши эдилар. Икки елкаларининг ўртаси кенг бўлиб, муборак сочлари кўп ва икки қулоқларининг юмшоқларига тушиб турарди. Эгниларида қизил либос (яъни ридоъ ва изорлари) бор эди. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳуснлироқ бир нарсани ҳаргиз кўрмадим.

4. Бароъ ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят: Мен ҳеч бир зулфлик маҳбубни қизил либос ичида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан зиёда ҳуснлик кўрмадим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак сочлари икки елкаларига тушиб турар эди. Икки елкаларининг ораси кенг эди. Қад-қоматлари на паст ва на зиёда узун эди.

5. Али розияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам на узун ва на паст бўйли эдилар. Икки кафтлари ва икки қадамлари тўла ва гўштлик эди. Муборак бошлари катта ва аъзоларининг бўғимлари, хар икки суякларининг қўшилган ери йўғон эди. Сийналаридан киндикларига қадар узун ва ингичка мўйлари бор эди. Қачон юрсалар, гўё баландликдан пастликка тушиб бораётган каби юрар эдилар. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан аввал ҳам, кейин ҳам, у кишига ўхшаган бирон зотни ҳаргиз кўрмадим.

6. Али розияллоҳу анҳунинг набиралари Иброҳим ибн Муҳаммад дедилар: Али розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг васфларини баён қилсалар, дер эдилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам на узун ва на паст бўйлик эдилар, балки ўрта қадлик одамлардан эдилар, ва муборак сочлари на зиёда буралган ва на зиёда ёзилган эди, балки иккисининг ўртасида эди. Муборак баданлари на семиз ва муборак чеҳралари на юмалоқ, балки озроқ мудаввар (юмалоққа мойил) эди, чеҳралари қизилга мойил оқ эди. Икки кўзлари ниҳоятда қора ва киприклари ниҳоятда узун эди. Икки суякларининг қўшилган бошлари йўғон ва икки елкалари жам бўладиган жойлари ҳам йўғон гўштлик эди. Баданларида тук йўқ эди, магар сийналаридан киндикларига қадар нозик мўйдан бир чизиқ тортилгандай эди. Икки кафтлари ва икки қадамлари тўла ва гўштлик эди. Қачон йўл юрсалар, қадамларини ердан қувват-ла узиб олар, гуёки пастликка кетиб бораётган каби кўринар эдилар. Қачон бир тарафга бурилсалар, бутун баданлари билан бурилар эдилар. Танҳо бўйинларини буриб қўймас эдилар.

Икки елкаларининг ўртасида муҳри-нубувват, яъни пайғамбарлик муҳри бор эди, ва ўзлари барча пайғамбарларнинг охири эдилар. Ҳаммадан зиёда сахий зот эдилар, ва ҳаммадан зиёда рост сўзлагувчи ва мулойим табиатли ва шарафли хонадонлик бир зот эдилар. Кимки у кишини бирдан кўриб қолса, ҳайбатлари босар эди, кимки яхши таниб, суҳбатларига мушарраф бўлса, дийдорларига ва суҳбатларига ошиқ бўлиб қолар эди. Маддоҳлари Мен бу га ўхшаган зотни на ўзларидан аввал кўрдим ва на ўзларидан кейин кўрдим, деганди.

7. Имом Ҳасан розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Мен ўзимнинг тоғам Ҳинд ибн Аби Ҳоладан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида савол қилдим. У киши нинг васфи муборакларини ҳаммадан зиёда равшан ва яхши баён қилар эди ва тоғам менга пайғамбарликнинг юксак сифатларини баён килишини ва уни мен ёд қилиб олишни хохлар эдим. Тоғам дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақиқатда ўзлари ниҳоятда улуғ бир зот бўлиб, одамлар назарида ҳам ниҳоятда улуғ, ҳурматли зот эдилар. Муқаддас чеҳралари ўн тўрт кечалик ой каби кўркам эди. Ўрта қадлик инсондан узунроқ ва ниҳоятда узун бўйлик одамдан пастроқ эдилар. Муборак бошлари катта, сочлари озроқ буралган эди.

Агар сочлари ўзича осонлик билан очилса, фарқ очар эдилар, агар тароқ ва бошқа нарсага зарурат тушадиган бўлса, фарқларини очмай қўйиб қўярдилар. Сочларини зиёда ўстирсалар, қулоқларининг юмшоғидан тушиб турар эди. Муборак ранглари ялтираб турган оқ эди. Пешоналари кенг ва очиқ эди. Қошлари эгилган бўлиб, ингичка ва қалин ва бир-биридан алоҳида ва қўшилмаган эди. Икки кошлари ўртасида бир томирлари бор эди, ғазаблари келганда ҳаракатга келиб кўринар эди. Муборак бурунлари бироз баланд ва қирралик ва унда бироз нури дурахшон (кўркам) эдики, унга яхши диққат қилиб кўрмаган одам бурунларини катта ва баланд гумон қилар эди. Муборак соқоллари катта ва қалин, муборак икки ёноқлари на озғин ва сергўшт, балки ниҳоятда марғуб эди. Маъсум (покиза, гуноҳсиз) оғизлари мўътадил кенг эди (фасоҳатли ва балоғатли инсонларнинг оғизлари шунақа бўлади). Муборак тишлари майда ва ялтираб турган эди. Олдинги тишлари бир-биридан алоҳида кўринарди. Муборак сийналаридан киндикларига қадар нозик мўйдан бир чизиқ тортилган бўлиб, муборак буйинлари шундоқ ярашган, чиройли эдики, гуё оқ мармар тошдин, ё ож(фил суяги)дан тарашланган хайкалнинг бўйни каби эди, оқликда кумуш каби соф эди.

Баданларининг аъзолари ҳаммаси бир-бирига муносиб яратилган, ўрта даражада гўштлик эди. Гўштлари осилиб турган эмас, қоринлари ва сийналари текис ва баробар эди. Сийналари кенг эди. Икки елкаларининг ўртаси кенг эди. Бўғимлари йўғон эди. Либосдан ташқари турган аъзолари нурлик, ниҳоятда кўркам кўринур эди. (Бундан маълум буладики, либос ичида маҳфуз турган аъзолари нақадар нурлик бўлур). Сийналарининг ва киндикларининг ўртасида хат каби чўзилган бир мўй тушган эди. Кўкраклари ва қоринлари мўйдин ҳоли эди. Лекин икки билаклари ва икки елкалари ва сийналарининг юқори томонларида мўйлари бор эди. Икки билаклари узун эди, кафтлари кушода, икки кафтлари ва икки қадамлари гўштлик эди. Қўлларининг ва оёқларининг бармоқлари мўътадил узун эди.

Қадамлари силлиқ эди, унда сув тўхтамас эди. Қачон юрсалар, қувват ила қадам кўтарар эдилар. Олдиларига эгилиброқ юрар ва оҳиста қадам қўяр эдилар. Юришлари тез-тез бўлиб, кенг қадам қўяр эдилар. Қачон юрсалар, бир баландликдан тушиб тургандек юрардилар. Ва бир тарафга бурилсалар, бутун қоматлари билан бурилардилар. Назарлари тубанга бўлар эди. Осмондан кўпроқ ерга боқар эдилар. Кўпинча кўз қирраси билан боқар эдилар. Саҳобаларининг ўзларидан илгари юргизиб, ўзлари орқаларидан юрар эдилар. Ҳар кимса йулиқсалар, ундан илгари салом берардилар.

8. Жобир ибн Самра розияллоҳу анҳу дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оғизлари мўътадил катта эди (Араблар эрлар учун катта оғиз бўлишни яхши кўрадилар, чунки фасоҳатли бўлади). Маъсум кўзларининг оқида қизиллик бор эди. Қадамларининг орқасида гўшт кам эди.

9. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят: Мен бир ойдин кечада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдимки, баданларида қизил либос бор эди. Мен гоҳо Расулуллоҳга боқар эдим, гоҳо ойга боқар эдим. Боқа-боқа шу натижага етдимки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳуснда, жамолда ва нурда ойдан зиёда ва ортиқ эдилар.

10. Абу Исҳоқ дедилар: Бир киши Бароъ розияллоҳу анҳудан савол қилди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак чеҳралари қилич каби ялтираган эдими? Бароъ дедилар: Йўқ. Ой каби нуроний, яъни ниҳоятда нурли, ниҳоятда кўркам эди. Узун эмас ва юмалоқ ҳам эмас эди.

И з о ҳ. Бу ўхшатишлар ҳаммаси тахминийдур, ҳақиқат эмасдур. Бир ой нима (бўлибди), минг ой бир бўлса ҳам нурониятда чехраи набавийяга ўхшай олмас.

11. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жисми мубораклари шул қадар марғуб, чиройли ва зебо эдики, инсон кўриб, вужудларини Аллоҳ Таоло кумушдан қуйганмикан деб қолар эди. Муборак сочларида бироз буралганлик бор эди.

12. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдиларки, менга барча пайғамбарлар кўрсатилди. Қарасам, Мусо алайҳис-салом бироз ингичка ва ориқ одам эканлар. Ямандаги Шануа кабиласининг одамларига ўхшар эканлар. Исо алайҳис-саломни кўрдим, у зотга мен кўрган одамлардан Урва ибн Масъуд ниҳоятда ўхшайдир. Иброҳим алайҳис-саломни ҳам кўрдим, мен кўрган одамлар ичларинда у зотга ниҳоятда ўхшаган одам сизларнинг пайғамбарларингиздур (яъни ўзларини айтдилар). Жибрийл алайҳис-саломни ҳам кўрдим, у зот мен кўрган зотлардан Диҳйат-ал-Калбийга ниҳоятда ўхшар эканлар.

13. Саъид Журайрий дебдилар: Мен Абу Туфайл розияллоҳу анҳудан бу сўзни айтиб турганини эшитдим: Мен Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламни кўрганман. Ер юзида ул ни кўрганлардан мендан бошқа бир киши ҳам қолмади. Саъид Журайрий дедилар: Мен у киши менга васф қилиб беришларини сўрадим. Абу Туфайл дедилар: Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам оқ юзли, малоҳатлик, жисмлари мўътадил бир зот эдилар, яъни тамоми аъзолари ўзларига ярашган бир маҳбуб эдилар.

14. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо дедилар: Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг олди тарафларидаги тишларидан иккиси ниҳоятда ялтираб турарди. Қачон сўз қилсалар, тишларининг ораларидан нур каби бир нарса чиқарди.

 


Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио