Риёзус-солиҳийн

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

Истиғфор китоби. 371-боб Истиғфор хусусида

Аллоҳ таоло: «Аллоҳдан мағфират қилишини сўранг» (Нисо сураси, 106-оят);

 

«Дарҳол Парвардигорингизга ҳамд айтиш билан (У зотни ҳар қандай «шерик»лардан) покланг ва У зотдан мағфират сўранг! Зеро, У тавбаларни қабул қилгувчи бўлган Зотдир» (Наср сураси, 3-оят);

 

«Тақводор кишилар учун Парвардигорлари ҳузурида улар абадий қоладиган, тагларидан дарёлар оқиб тургувчи жаннатлар, покиза жуфтлар ва Аллоҳнинг Ризолиги бор. Аллоҳ бандаларини кўриб тургувчидир. Улар: «Парвардигоро, бизлар Сенга иймон келтирганмиз, энди Ўзинг гуноҳларимизни мағфират айла ва бизни жаҳаннам азобидан асра!» дейдилар. Улар сабр-қаноатли, иймонларида содиқ, ибодат-итоатли, инфоқ-эҳсонли бўлган ва саҳарларда Аллоҳдан мағфират тилайдиган кишилардир» (Оли Имрон сураси, 15–17-оятлар);

 

«Ким бирон ёмон иш қилса ёки (Аллоҳнинг буйруқларига итоат этмасдан) ўз жонига жабр қилса, сўнгра Аллоҳдан мағфират сўраса, Аллоҳни мағфират қилгувчи ва меҳрибон эканини топар-кўрар» (Нисо сураси, 110-оят);

 

«Модомики, сиз уларнинг ораларида экансиз, Аллоҳ уларни ҳаргиз азобламас ва улар мағфират сўраб турган ҳолларида ҳам Аллоҳ уларни азоблагувчи эмасдир» (Анфол сураси, 33-оят);

 

«(У тақводор зотлар) қачон бирон-бир фаҳш-гуноҳ қилиб қўйсалар ёки (қандайдир нолойиқ иш қилиш билан) ўзларига зулм қилсалар, дарҳол Аллоҳни эслаб, гуноҳлари учун мағфират – кечирим сўрайдиган, – ҳар қандай гуноҳни ёлғиз Аллоҳгина мағфират қилур, – билган ҳолларида қилган гуноҳларида давом этмайдиган кишилардир» (Оли Имрон сураси, 135-оят), деб айтган. Бу бобга тегишли оятлар кўпдир.

 

1868/1. Ағаррул Музанийдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Менинг қалбим ҳам (зикрдан тўхтаб) тўсилиб туради. Албатта мен ҳам ҳар куни Аллоҳ таолога юз марта истиғфор айтаман», дедилар. Имом Муслим ривояти.

 

1869/2. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Аллоҳга қасамки, албатта мен Аллоҳ таолога бир кунда етмиш мартадан кўп истиғфор айтиб тавба қиламан», дедилар. Имом Бухорий ривояти.

 

1870/3. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Аллоҳга қасамки, агар сизлар гуноҳ қилмасангизлар, Аллоҳ сизларни кетказиб, (ўрнингизга бошқа) гуноҳ қиладиган қавмни олиб келади. Бас, улар (гуноҳларига) истиғфор айтишади, Аллоҳ эса уларнинг гуноҳларини кечиради», дедилар. Имом Муслим ривояти.

 

1871/4. Ибн Умардан р.а. ривоят қилинади: «Расулуллоҳнинг  с.а.в.  бир мажлисда юз марта «Роббиғфирлий ва туб ъалаййа иннака анта таввобур роҳийм», деб айтганларини ҳисобладик». Абу Довуд ва Термизий ривоятлари.

 

1872/5. Ибн Аббосдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Ким истиғфорни лозим тутса, Аллоҳ таоло ҳар бир тангликдан чиқувчи йўл ва ҳар турли ғамдан енгиллик ҳамда уни ҳеч бир ўйламаган томонидан ризқлантириб қўяди», дедилар. Абу Довуд ривояти.

 

1873/6. Ибн Масъуддан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Астағфируллоҳ аллазий ла илаҳа илла ҳувал ҳаййул қаййум ва атубу илайҳи, деб айтса, (Аллоҳ) урушдан қочгандаги гуноҳини ҳам кечириб юборади», дедилар. (Маъноси: «Барҳаёт, тирик Аллоҳдан авф этишини сўрайман ва Унга тавба қиламан».) Абу Довуд ва Термизий ривоятлари. Имом Ҳоким бу ҳадис Бухорий ва Муслимнинг шартларига биноан саҳиҳдир, деганлар.

 

1874/7.  Шаддод ибн Авсдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Ким саййидул истиғфор – «Аллоҳумма анта роббий ла илаҳа илла анта холақтаний ва ана ъабдука ва ана ъала ъаҳдика ва ваъдика мастатоъту аъузу бика мин шарри ма сонаъту, абу‘у лака биниъматика ъалаййа ва абу‘у бизамбий фағфирлий фаиннаҳу ла йағфируз зунуба илла анта»ни кечки пайт айтиб, шу куни вафот этса, жаннатга киради. Ким тонгда айтиб, шу куни вафот этса, унда ҳам жаннатга киради», дедилар. (Маъноси: «Аллоҳим, Сен Парвардигоримсан, Сендан бошқа илоҳ йўқ. Мени халқ қилдинг ва мен Сенинг қулингман. Мен Сенга берган ваъдамда ва Сенга берган аҳдимда қодир бўлганимча турибман. Қилган нарсаларимнинг ёмонидан Сенинг номинг билан паноҳ тилайман. Менга ато қилган неъматларингга иқрор бўлдим. Ва яна гуноҳларимга ҳам иқрор бўлдим. Менинг гуноҳларимни кечир. Чунки Сендан бошқаси гуноҳларимни кечира олмайди».) Имом Бухорий ривояти.

 

1875/8. Савбондан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в.  намозни тугатсалар, уч марта «Астағфируллоҳ», деб сўнгра: «Аллоҳумма антас салом ва минкас салом, таборакта йа зал жалали вал икром», деб айтардилар. (Маъноси: «Эй Аллоҳим, Сен саломсан ва салом Сендандир. Эй улуғ ва ҳурматли Зот, Сен баракотлисан».) Мана шу ҳадис ровийларидан бири Авзоъийга: «Истиғфор нечук бўлади?» дейилганида, у зот: «(Бунда): «Астағфируллоҳа, астағфируллоҳа», дейилади», деб айтдилар. Имом Муслим ривояти.

 

1876/9. Оишадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в.  ўлишларидан олдин: «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи астағфируллоҳа ва атубу илайҳи», яъни «Аллоҳга ҳамд айтиш ила Уни поклаб ёд этаман. Аллоҳга истиғфор айтиб тавба қиламан», деб кўп айтардилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

1877/10. Анасдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в.  айтадилар: «Аллоҳ таоло: «Эй Одам боласи, сен Менга дуо қилдинг ва Мендан умид қилдинг. Мен эса сенинг гуноҳингни аҳамият бермасдан кечириб юбордим. Эй Одам боласи, агар гуноҳинг осмон булутича бўлса ҳам, Менга истиғфор айтсанг, гуноҳингни кечираман. Эй Одам боласи, агар Менга ерни тўлдирадиган гуноҳ билан келиб, сўнгра бирор нарса билан Менга ширк келтирмасанг, гуноҳинг тўлалигича мағфират билан сенга бораман», деди». Имом Термизий ривояти.

 

1878/11. Ибн Умардан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Эй аёллар жамоаси, садақа беринглар ва истиғфор айтишни кўпайтиринглар, чунки дўзах аҳлининг кўпчилигини сиз аёллардан ташкил топганини кўрдим», деганларида, бир аёл: «Нима учун дўзах аҳлининг аксарияти биз аёллардан ташкил топган?» деганида, Расулуллоҳ  с.а.в. : «Лаънатни кўп айтасизлар ва эрларингизга кўп ношукрлик қиласизлар. Мен ўзи ақл ва динда ноқис бўлиб, ақллилар устидан ғолиб келувчиларни сизлардан бошқаларда кўрмадим», дедилар. Ҳалиги аёл: «Ақли ва дини ноқис, деганингиз нима?» деб сўраган эди, Расулуллоҳ  с.а.в. : «Иккита аёлнинг гувоҳлиги битта эркак гувоҳлигига тенг бўлиши ақли ноқислигидир. Ҳайз ва нифос қони кўрганда намоз ўқимаслиги дини ноқислигидир», дедилар. Имом Муслим ривояти.

 


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио