Риёзус-солиҳийн

  < Олдинги Китоб бўлимлари

372-боб. Аллоҳ таоло жаннатда мўминлар учун таёрлаб қўйган нарсалар ҳақида

Аллоҳ таоло: «Тақводор – парҳезкор зотлар эса албатта боғлар ва чашмалар устидадирлар. (У зотларга: «Жаннатлар)га тинчлик билан соғ-омон киринглар», (дейилур). Биз (жаннатлардаги) сўриларда дўст-биродар бўлиб, бир-бирларига рўбарў ўтирган зотларнинг дилларидаги ҳар қандай гина-кудуратларни чиқариб ташладик. У жойда уларга бирон чарчоқ етмас ва улар у жойдан чиқарилгувчи ҳам эмаслар» (Ҳижр сураси, 45–48-оятлар);

 

«(У Кунда уларга айтилур): «Эй Бизнинг оятларимизга иймон келтирган ва мусулмон бўлиб ўтган бандаларим, бу Кун сизлар учун ҳеч хавфу-хатар йўқдир ва сизлар асло ғамгин бўлмайсизлар. Сизлар жуфти ҳалолларингиз билан бирга шод-хуррам бўлган ҳолларингизда жаннатга кирингиз!» Уларга олтиндан бўлган лаганлар (да таомлар) қадаҳлар (да шароблар) айлантирилур. У жойда кўнгиллар тилайдиган, кўзлар лаззатланадиган (барча) нарса бордир. Сизлар у жойда мангу қолурсизлар. Қилиб ўтган амалларингиз сабабли сизларга мерос қилиб берилган жаннат мана шудир. Сизлар учун у жойда кўплаб мева-чевалар бўлиб, сизлар улардан ерсизлар» (Зуҳруф сураси, 67–73-оятлар);

 

«Албатта тақводор зотлар (У кунда) осойишта жойда, боғлар ва чашмалар устида бўлурлар. Улар бир-бирларига рўбарў бўлган ҳолларида ипак-шойидан либослар кийиб (ўлтирурлар). Мана шундай! Яна Биз уларга оҳукўз ҳурларни жуфти ҳалол қилиб қўйгандирмиз. Улар у жойда тинч ва хотиржам бўлган ҳолларида (хизматкорлардан) барча мева-чеваларни чақирурлар. Улар (жаннатда) биринчи ўлимдан (яъни, ҳаёти дунёдан кўз юмганларидан) бошқа ўлимни тотмаслар. (Аллоҳ) уларни дўзах азобидан сақлагандир. (Бу) Парвардигорингиз томонидан бўлган фазлу марҳаматдир. Мана шу буюк саодатдир» (Духон сураси, 51–57-оятлар);

 

«Шак-шубҳасиз, яхшилар (яъни, мўминлар жаннат) неъматларидадирлар. Улар сўриларда (Аллоҳ таоло ўзларига ато этган неъматларга) боқиб (ўтирурлар). Сиз уларнинг юзларида неъматларнинг жилвасини танирсиз-кўрурсиз. Улар (жаннатда) муҳрланган майдан суғорилурларки, у (май)нинг муҳри мушк бўлур. Бас, баҳслашгувчи-мусобақа қилгувчи кишилар (мана шундай мангу неъматга етиш йўлида) баҳслашсинлар. У майнинг мижози-аралашмаси Таснимдандир. (Тасним Аллоҳнинг) яқин (банда)лари ичадиган бир чашмадир» (Мутаффифун сураси, 22–28-оятлар), деб айтган.

 

1879/1. Жобирдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Жаннат аҳллари у ерда еб-ичишади, лекин хожат қилишмайди, пешоб этишмайди ва бурунларини қоқишмайди. Уларнинг еган овқатлари мушк ҳиди каби хушбўй кекирик ила ҳазм бўлади. Нафас олишганда худди ҳаво ютишганидек, тасбеҳ ва такбирлар ила ҳаво ютишади», дедилар. Имом Муслим ривояти.

 

1880/2. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в.  айтдилар: «Аллоҳ таоло: «Солиҳ бандаларимга жаннатда шундай неъматларни тайёрлаб қўйдимки, уларни бирор кўз кўриб, қулоқ эшитиб, инсон қалби ҳис этмагандир», деди». Расулуллоҳ  с.а.в. : «Агар хоҳласангиз, Қуръондаги «Улар учун беркитиб қўйилган кўзлар қувончини (яъни, охират неъматларини) бирон жон билмас» оятини ўқинг», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

 

1881/3. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Биринчи жаннатга кирувчи жамоат тундаги тўлин ой кўринишида бўлади. Кейингилари эса нур сочиш жиҳатидан ялтироқ юлдуздан ҳам кучли бўлади. Улар пешоб ҳам, катта ҳожат ҳам, тупук ҳам, балғам ҳам чиқаришмайди. Уларнинг тароқлари тиллодан бўлади. Терлари мушк каби бўлади. Тутатадиган нарсалари хушбўй шохчалардан бўлади. Хотинлари шаҳло кўзли ҳурлар бўлади. Жаннатдагиларнинг шакллари худди оталари Одам осмонда олтмиш газ бўлгани кабидир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

Икковларининг бошқа ривоятларида шундай келтирилади: «Жаннатдагиларнинг идишлари тиллодан, терлари эса мушк каби бўлади. Ҳар бирларида иккитадан хотин бўлади. Уларнинг чиройлари шундайки, гўштлари орасидан оёқ иликлари кўриниб туради. Уларнинг ўртасида ихтилоф ҳам, адоват ҳам бўлмайди. Қалблари бир кишининг қалбига ўхшайди. Улар эртаю-кеч Аллоҳга тасбеҳ айтишади».

 

1882/4. Муғийра ибн Шўъбадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в.  айтдилар: «Мусо алайҳиссалом Раббиларидан жаннатдаги энг мартабаси паст киши ҳақида сўраганларида, Аллоҳ таоло: «У шундай бир кишики, жаннат аҳли жаннатга киритилгандан кейин келади. Ва унга: «Жаннатга кир», деб айтилади. У: «Эй Раббим! Қандай кираман, барча одамлар ўз жойларини эгаллаб, оладиган нарсаларига эришиб бўлишибди-ку?» дейди. Унга: «Дунёдаги подшоҳларнинг мулкидек нарса сенда бўлишига розимисан?» дейилса, у: «Розиман, эй Раббим», дейди. Аллоҳ: «Сенга ўша каби, ўша каби, ўша каби, ўша каби», деб бешинчисини айтганида, у киши бунга рози бўлади. Аллоҳ: «Бу айтилган нарсалар ўн баробар қилиб берилди», дейди. Ва яна: «Нафсинг тусаган ва кўзинг завқ оладиган нарсалар сенга берилди», дейди. У киши: «Рози бўлдим», дейди. Мусо алайҳиссалом: «Эй Раббим, жаннатдаги энг юқори мартабали кишилар ким?» деганларида, Аллоҳ таоло: «Улар шундай бир тоифа кишиларки, Ўзим уларни хоҳлаганман, уларга кўрсатиладиган карам-иззат Ўз қўлим билан экилгандир. У нарсага муҳр уриб қўйганман. У нарсаларни ҳам бирор кўз кўрмаган. Бирор қулоқ эшитмаган. Бирор кишининг дилига ҳам келмаган», деб айтди». Имом Муслим ривояти.

 

1883/5. Ибн Масъуддан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Мен дўзахдан чиқишда охири чиқувчи кишини ёки жаннатга кирувчилар ичида охирги бўлиб кирувчи кишини биламан. У киши дўзахдан эмаклаб чиқади. Аллоҳ таоло у кишига: «Бориб жаннатга киргин», дейди. У киши жаннатга бориб, у ер тўлиб қолган, деб хаёл қилиб қайтиб кетади. Ва: «Эй Раббим, у ер тўлган экан-ку?» дейди. Аллоҳ таоло: «Бориб жаннатга киргин», дейди. У киши бориб, у ер тўлиб қолган, деб хаёл қилиб қайтиб кетади. Ва: «Эй Раббим, у ер тўлган экан-ку?» дейди. Аллоҳ таоло: «Бориб жаннатга киргин. Чунки дунё баробарича ёки дунёга ўн баробар келувчи мақом берилади», дейди. У киши: «Мени масхара қиляпсанми ёки менинг устимдан куляпсанми? Сен Ўзинг бу нарсаларнинг эгасисан-ку», дейди», дедилар. Ибн Масъуд р.а. айтдилар: «Расулуллоҳ  с.а.в.  бу сўзларни айтиб кулгандилар, тишлари кўриниб қолди. Ва: «Мана шу киши жаннатнинг энг паст мақомидадир», дедилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

1884/6. Абу Мусодан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Мўмин учун жаннатда бир чайла бор. У битта марвариддан қилинган бўлиб, ичи ковакдир. Узунлиги осмонда олтмиш милдир. Мўминнинг у ерда аҳллари бўлади. Улар бир-бирларини кўришмайди. Соҳиби ҳаммаларини кўргани бориб туради», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

1885/7. Абу Саид ал-Худрийдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Жаннатда бир дарахт бор. Унинг остидан тез юрувчи чопар от устидаги киши юз йилда ҳам ўта олмайди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари. Икковлари Абу Ҳурайрадан қилган бошқа ривоятларида «Отлиқ у дарахт сояси остида юз йил юрса ҳам, уни кесиб ўта олмайди» бўлиб келган.

 

1886/8. Абу Саид ал-Худрийдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Жаннат аҳллари унинг устидаги болохонада турувчиларни машриқдан ёки мағрибдан келган уфқда учиб юрувчи ялтироқ юлдузни кўргандек кўришади. Уларнинг ораларида фарқ борлиги учун шундай кўринади», деганларида, саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг расули! Бу пайғамбарларнинг манзиллари бўлса керак-а, улардан бошқа кишилар у ерга етиша олмас-а?» дейишди. Шунда Расулуллоҳ  с.а.в. : «Ҳа! Жоним Унинг қўлида бўлган Зот – Аллоҳга қасамки, (булардан ташқари) Аллоҳга иймон келтириб, юборган пайғамбарларни тасдиқлаганлар ҳам бу мақомга эришишади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

1887/9. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Жаннатдаги камон ўқидек жой Қуёш чиқиб ботишидан, яъни дунёнинг ҳаммасидан яхшидир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

1888/10. Анасдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в.  айтдилар: «Жаннатда (худди бу дунёдагидек одамлар тўпланадиган) бозор бор. Жаннат аҳли ҳар жума у ерга келишади. Шимол томондан шамол эсиб, юзлари ва кийимларига хушбўй нарса сочиб, чирой ва ҳуснларини зиёда этади. Кейин улар чирой ва ҳуснлари зиёдалашган ҳолда ўз аҳлларига қайтишади. Аҳллари уларга: «Аллоҳга қасамки, чирой ва ҳуснларингиз зиёдалашибди», дейишса, улар: «Аллоҳга қасамки, сизларнинг ҳам биздан кейин ҳусн-жамолингиз зиёдалашибди!» деб айтишади». Имом Муслим ривояти.

 

1889/11. Саҳл ибн Саъддан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Жаннат аҳллари жаннат болохонасидаги (фазилатли) кишиларни худди осмондаги юлдузларни кўришгани каби кўришади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

1890/12. Саҳл ибн Саъддан р.а. ривоят қилинади: «Расулуллоҳ  с.а.в.  билан бирга мажлисларнинг бирида эдим. У зот жаннатни сифатлаб, сўзларининг охирида: «Жаннатда кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган ва инсон дили ҳис этмаган неъматлар бордир», деб қуйидаги оятни ўқидилар:

 

«Уларнинг ёнбошлари ўрин-жойларидан йироқ бўлур (яъни, тунларини ибодат билан ўтказишиб, оз ухлайдилар). Улар Парвардигорларига қўрқув ва умидворлик билан дуо-илтижо қилурлар ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилурлар. Бас, уларнинг қилиб ўтган амалларига мукофот қилиб, улар учун беркитиб қўйилган кўзлар қувончини (яъни, охират неъматларини) бирон жон билмас» (Сажда сураси, 16–17-оятлар)».

 

1891/13. Абу Саид ва Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Агар жаннат аҳли жаннатга киришса, бир нидо қилувчи нидо қилиб: «Сизлар тирик бўлиб, асло ўлмайсизлар. Соғ бўлиб, ҳеч касал бўлмайсизлар. Доим йигит бўлиб, ҳеч қаримайсизлар. Доим неъматда бўлиб, ҳаргиз ёмон ҳолатни кўрмайсизлар», деб айтади», дедилар. Имом Муслим ривояти.

 

1892/14. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Сизларнинг жаннатдаги энг паст ўрнингиз шундайки, бир кишига: «Орзу қил», дейилади. У орзу қилади ва яна орзу қилади. Унга яна: «Орзу қилдингми?» дейилса, у: «Ҳа», дейди. Шунда: «Сенга орзу қилган нарсанг ва яна ўшанча нарса берилди», деб айтилади», дедилар. Имом Муслим ривояти.

 

1893/14. Абу Саид ал-Худрийдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в.  айтдилар: «Аллоҳ таоло жаннат аҳлига: «Эй жаннат аҳли!» деса, улар: «Лаббай, эй Раббимиз! Яхшилик Сенинг қўлингдадир», дейишади. Аллоҳ таоло: «(Сизларга берган неъматларимиздан) розимисизлар», деса, улар: «Нимага рози бўлмас эканмиз? Сен бизга яратган махлуқотларингдан бирортасига бермаган нарсаларни ато этдинг-ку», дейишади. Аллоҳ: «Булардан ҳам афзал нарсани берайми?» деса, улар: «Бундан ҳам афзал нарса бор эканми?» дейишади. Шунда Аллоҳ таоло: «Сизларга розилигим тушди. Бундан кейин сизларга асло ғазаб қилмайман», деб айтади». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

1894/15. Жарир ибн Абдуллоҳдан р.а. ривоят қилинади: «Биз Расулуллоҳ  с.а.в.  ҳузурларида эдик. У зот кечаси тўлин ойга қарадилар-да: «Сизлар Раббингизни тез кунларда худди мана бу ойни (равшан) кўрганингиздек, заҳматсиз соф кўрасиз», дедилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

1895/6. Суҳайбдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Агар жаннат аҳли жаннатга кирса, Аллоҳ таоло уларга: «Бирор нарса хоҳлайсизларми? Мен уни (сизларга ато қилиб, неъматларимни) зиёда қилай», дейди. Улар: «Эй Аллоҳ, Сен бизнинг юзларимизни оппоқ қилдинг, жаннатингга киргиздинг ва дўзахингдан паноҳ бердинг, яна бошқа неъматларинг ҳам борми?» дейишади. Шунда Аллоҳ таоло жамолини кўрсатиш учун тўсиқ (парда)ни очади. Улар Аллоҳнинг жамолини кўришганидан кейин Унга назар солишдан маҳбуброқ неъмат йўқлигини билишади», дедилар. Имом Муслим ривояти.

Аллоҳ таоло: «Иймон келтириб, яхши амаллар қилган зотларни эса иймон-эътиқодлари сабабли Парвардигорлари ҳидоят қилур – ноз-неъмат боғларида остларидан дарёлар оқиб турур. У жойдаги дуолари: «Эй тангримиз, Ўзингни поклаймиз», дейиши, у жойдаги ўзаро саломлари (бир-бирларига) тинчлик тилашдир. Охирги тилаклари эса бутун оламлар Парвардигори – Аллоҳга ҳамду сано айтишидир», деб айтган (Юнус сураси, 9–10-оятлар).

Бизни (Исломга) ҳидоят қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Агар Аллоҳ бизни ҳидоят этмаганида, биз асло ҳидоят топмас эдик. Аллоҳим, қулинг, расулинг, набиййинг Муҳаммад алайҳиссаломни, аёллари ва зурриётларини раҳмат ва яхшиликда қил, худди Иброҳим алайҳиссаломни ва оилаларини раҳмат ва яхшиликда қилганингдек. Оми набий ва Муҳаммад алайҳиссаломни, у зотнинг аёллари ва  зурриётларини баракотли қил, худди Иброҳим алайҳиссаломни ва оилаларини оламларда баракотли қилганингдек. Албатта Сен мақтовга лойиқ улуғ Зотсан.

Муаллиф Имом Нававий (раҳматуллоҳи алайҳ): «Бу китобни 670 ҳижрий сана, тўртинчи рамазон, душанба куни ниҳоясига етказдим», деб айтдилар. Бу китоб таржимаси ҳам Аллоҳнинг ёрдами ила милодий 2005 санада, 28-зулҳижжа, душанба куни ниҳоясига етди.

 

Эй Аллоҳим! Ноқис ва ожизона уринишларимизни амалга оширишга муваффақ этиб, мақсадга етказганинг учун Сенга беҳисоб ҳамду саноларимиз бўлсин! Ихтиёрсиз қўйилган савҳу хатоларимизни кечиришингни сўраймиз! Аҳбоби олиймақом мухлислардан эса ғалат иборатларимиз устидан ислоҳ қаламини юргизиб, муаллиф ва мутаржим ҳаққига ғоибона дуои хайр қилишларини самимий қалб ва астойдил ўтинч ила сўраймиз. Парвардигоро, қалбларимизни иймон, ҳидоят нурлари ила зийнатлагин, куфр, фисқ, маъсиятни ёмон кўрувчи бандаларингдан қилгин, ризолигингга етишмоқ йўлларини бизларга осон ва нурафшон этгин, дунё ва охиратдаги хотимамизни хайрли қилгин! Омин, ё Роббал-оламийн! 

 

 


  < Олдинги


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио