Риёзус-солиҳийн

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

Турли малоҳатли (гўзал, чиройли) ҳадислар китоби. 370-боб Дажжол, Исонинг (алайҳиссалом) тушишлари, Яъжуж-Маъжуж ва ер ҳайвони ҳақида

1807/1. Наввос ибн Самъондан р.а. ривоят қилинади: «Бир куни Расулуллоҳ  с.а.в.  Дажжолни зикр қилдилар. У зот бу ҳақда гоҳ овозларини пасайтириб, гоҳ баландлатиб гапирганларидан биз ўша Дажжол (яқин орадаги) хурмозорларнинг бирида бўлса керак, деб гумон қилдик. Қачонки, (эртасига) у зот ҳузурларига борсак, биздаги (ваҳимани) кўриб: «Сизларга нима бўлди?» дедилар. Биз: «Эй Аллоҳнинг расули! Кеча овозингизни гоҳ пасайтириб, гоҳ баландлатиб Дажжол ҳақида гапирдингиз. Биз бу оҳангда гапирганингиздан ўша Дажжол (яқин орадаги) хурмозорларнинг бирида бўлса керак, деб гумон қилдик», десак, у зот: «Дажжолдан бошқа нарса мени қўрқитмоқда. Агар у Дажжол мен сизларнинг орангизда эканимда пайдо бўлса, ўзим унинг чорасини кўраман. Борди-ю, мен сизларнинг орангизда бўлмаганимда пайдо бўлса, ҳар бир киши чорасини ўзи кўради. Аллоҳ Ўзи ҳар бир мусулмонга мададкордир. Албатта у Дажжолнинг сочи жингалак, қўнғироқдир. Кўзи эса бўртиб чиққан. Худди Абдулуззо ибн Қатонга ўхшайди. Ким уни учратиб қолса, Каҳф сурасининг аввалги оятларидан (ўн оят) ўқисин. Албатта Дажжол Шом билан Ироқ оралиғида чиқиб, ўнг ва чап тарафига фасод тарқатади. Эй Аллоҳнинг бандалари, динларингизда мустаҳкам бўлинглар», дедилар. Биз: «Эй Аллоҳнинг расули! У ер юзида қанча туради?» десак, у зот: «Қирқ кун туради. Биринчи куни бир йил каби. Иккинчи куни бир ой каби. Учинчи куни ҳафта каби. Қолган кунлари сизларнинг кунларингиз кабидир», дедилар. Биз: «Эй Аллоҳнинг расули! Унинг бир йиллик кунида бизнинг бир кунлик намозимиз кифоя қиладими?» дедик. У зот: «Йўқ! Кифоя қилмайди. Сизлар ўз кунларингизга тенг келадиган бир муддатни тахмин қилиб беш вақт намозни ўқийсизлар», дедилар. Биз: «У Дажжол юришининг тезлиги қай даражада?» дедик. У зот: «Шамол учириб юрган булут каби юради. У бир қавмга келиб, уларни ўз йўлига даъват этади. У қавм Дажжолга иймон келтириб, унинг сўзларини ижобат қилишади. Дажжол кейин осмонга ҳукм қилади. Осмон уларга ёмғир ёғдиради. Ерга ҳукм қилади. Ер ўзида гиёҳларни ўстиради. Жониворлар гиёҳлардан еб кечқурун қайтганида, таналари баланд, елинлари сутга тўлган ва ёнлари семирган ҳолда бўлади. Кейин Дажжол бошқа бир қавм ҳузурига келиб, уларни ҳам ўз йўлига даъват қилади. Улар Дажжолнинг даъватини қабул этишмайди. Қабул этишмаганидан кейин улардан ёмғир узилиб, қаҳатчилик етади. Қўлларида ҳеч қанақа бойлик қолмайди. Сўнгра у бир хароба ерга боради. Ва у ерга: «Эй ер ичингдаги хазиналарни чиқар», деса, хазиналар чиқиб, худди асалари подшоси орқасидан эргашгани каби Дажжолга эргашади. Кейин ёш бир йигитни чақириб, уни қилич билан уриб иккига ажратиб ташлайди. Кейин ўлган йигитни чақирса, у чеҳраси очиқ, кулимсираб чиқади. Дажжол шундай ишларни қилиб турганида, Аллоҳ таоло Масиҳ ибн Марям (Исо алайҳиссалом)ни юборади. У зот Димашқ шарқидаги оқ минорага либос кийиб, икки фаришта қанотига кафтларини қўйиб тушадилар. Агар бошларини энгаштирсалар, сув (тер) оқади. Агар бошларини кўтарсалар ҳам, марварид доналари каби сув оқади. Қачонки, бирор кофирга у зотнинг нафаслари етса, у дарҳол ўлади. Энди нафаслари назарлари етган жойгача етади. Исо алайҳиссалом Дажжолни Байтулмақдис яқинидаги Лудди номли шаҳардан ахтариб-топиб қатл қиладилар. Кейин Исо алайҳиссалом Дажжол фитнасидан омонда қолган бир қавм ҳузурига бориб, (ҳориган) юзларига шафқат қўлини суртадилар. Ва уларнинг жаннатдаги ўринларининг хабарларини берадилар. Исо алайҳиссалом шундай турганларида Аллоҳ таоло у зотга ваҳий қилиб: «Мен шундай бир жамоани ер юзида пайдо қиламанки, улар билан урушишга бирор кишининг кучи етмайди. Шунинг учун сиз мусулмон бандаларимни олиб Тур тоғига боринг», дейди. Кейин Аллоҳ Яъжуж ва Маъжуж тоифасини юборади. Улар ҳар баландликдан (сел каби) тезлик билан ер юзига тарқалишади. Уларнинг аввалгилари Табариййа номли кўлмак олдидан ўтиб, сувнинг (ҳаммасини) ичиб кетишади. Уларнинг охиргилари (у кўлмакда сув қолмаганини кўриб): «Ўзи бу ерда бирор марта сув бўлганми?» дейишади. Бу пайтда Исо алайҳиссалом ва у зотнинг асҳоблари бир томонда ётишади. Қийналиб кетишганидан бирорталарига битта ҳўкиз боши топилиши юз динордан яхшидир. Аллоҳнинг набийси Исо алайҳиссалом ва у зотнинг асҳоблари Аллоҳга ёлвориб (бу фожеадан халос этишни) сўрашади. Аллоҳ таоло уларнинг дуоларини ижобат қилиб, ёмон қавмга қурт балосини юборади. Барчалари бир дафъада ҳалок бўлишади. Кейин Аллоҳнинг набийси Исо алайҳиссалом ва у зотнинг асҳоблари (тоғлардан) ерга тушишади. Ва у ерда улар бадбўй ҳид тарқалмаган бирор қарич жой топа олишмайди. Яна Аллоҳнинг набийси Исо алайҳиссалом ва у зотнинг асҳоблари Аллоҳга ёлвбориб (бу ҳидлар бартараф бўлишини сўраб) дуо қилишади. Аллоҳ таоло уларнинг дуоларини ижобат қилиб, туянинг бўйнидек қушларни юборади. У қушлар қуртларни олиб Аллоҳ хоҳлаган томонга элтиб ташлайди. Кейин Аллоҳ таоло бир ёмғирни юборади. У ёмғир бирор уй ёки чайла қолдирмай оқизиб кетади. Ҳатто ер тозаланганидан сирпанчиқ бўлиб силлиқланади. Кейин ерга «Меваларингни ҳосилга киргизиб, баракаларингни ато эт», дейилади. Ана ўша кунларда бир дона анорга катта бир жамоа тўйиб, пўстлоқларини соябон қилишади. Аллоҳ сутларга ҳам шу даражада барака берадики, битта сутли туя одамларнинг катта бир жамоасига кифоя қилади. Ва яна битта сутли мол катта бир қабилага кифоя қилади. Сутли бир эчки катта бир оилага кифоя этади. Улар шунақа тўкинчилик билан туришганида, Аллоҳ таоло бир хушбўй ҳаво юборади. Ҳаво уларнинг қўлтиғи остига жойлашиб, унинг асаридан барча мўмин ва мусулмонлар вафот этишади. Ер юзида фақат ёмон кишилар қолишади. Уларнинг эркаклари аёллар билан худди эшаклар бир-бири билан жинсий алоқа қилишгани каби хотиржам иш бажараверишади. Улар шу ҳолатда туришганида қиёмат қоим бўлади», дедилар». Имом Муслим ривояти.

 

1808/2. Рибъий ибн Ҳирошдан р.а. ривоят қилинади: «Абу Масъуд ал-Ансорий билан бирга Ҳузайфа ибн Ямоннинг р.а. ҳузурларига бордик. Абу Масъуд р.а. Ҳузайфага р.а.: «Расулуллоҳдан  с.а.в.  Дажжол ҳақида эшитган нарсангизни гапириб беринг», дедилар. Ҳузайфа р.а.: «Дажжол ҳақиқатда чиқади. У билан бирга сув ва олов бўлади. Одамлар унда сув, деб кўрган нарсалари аслида куйдирадиган олов бўлади. Одамлар унда олов, деб кўрган нарсалари аслида ширин, муздек сув бўлади. Ким Дажжол замонида яшаса, олов, деб кўринган нарсага тушаверсин. Чунки аслида у пок, ширин сувдир», дедилар. Абу Масъуд р.а.: «Мен ҳам Расулуллоҳдан  с.а.в.  худди шуни эшитганман», дедилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

1809/3. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оссдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Дажжол (бир кун келиб) умматимда зоҳир бўлади. Ва қирқ (кун, ой, йил) туради. (Ровий: «Кунми, ойми, йилми, аниқ билмайман», дедилар.) Кейин Аллоҳ таоло Исо ибн Марямни юборади. У зот Дажжолни ахтариб топиб, уни ҳалок этадилар. Кейин одамлар етти йил осойишта яшашади. Шу даражада тинч яшашганидан икки киши орасида адовати борлари учратилмайди. Сўнгра Аллоҳ таоло Шом томонидан совуқ бир шамолни юборади. Унинг асоратидан ер юзида қалбида зарра миқдорича яхшилик ёки иймон бор киши тирик қолмайди. Агар ўша яхши ёки иймонли киши тоғ бағрига кириб кетса ҳам, ҳалиги шамол унинг ортидан кириб ўлдириб чиқади. Ер юзида фақат енгил қушлар ва беақл йиртқичлар каби ёмонга шошувчи разил кишилар қолади. Улар на яхшиликни танийди ва на ёмонликни инкор этади. Шайтон уларга бир суратда кўриниб: «Сизлар менинг сўзимга қулоқ солмаяпсизлар», дейди. Улар: «Нимани бажаришимизни буюрасан?» дейишади. У бутларга ибодат қилишни буюради. Улар шайтоннинг айтганини қилишганидан кейин ризқлари мўл-кўл бўлиб, ҳаётлари яхшиланади. Кейин сур чалинади. Уни эшитган кимса бўйнининг бир томони мойил бўлиб, иккинчи томони кўтарилиб қолади. Бу сурнинг овозини биринчи бўлиб туяси (сув ичадиган) ҳавзани ислоҳ қилиб турган киши эшитади. Аввал ўша киши ўлади. Кейин атрофидаги кишилар ўла бошлайди. Сўнгра Аллоҳ таоло шудринг каби (майда) ёмғир туширади. У ёмғир уларнинг жасадларини етилтиради. Кейин иккинчи дафъа сур чалинганида, барча халойиқ тирилиб (маҳшаргоҳни) кўради. Сўнгра: «Эй одамлар, Раббиларингиз томон келинглар», деган овоз бўлади. Ва фаришталарга: «Уларни тўхтатинглар, чунки улар (дунё ҳаётида қилган амалларидан) сўроқ қилинади», деб буйруқ этилади. Кейин яна: «Дўзахга борадиганларини ажратинглар», деб буйруқ қилинади. Фаришталар: «Қанча кишидан нечтасини ажратиб олайлик?» дейишади. Шунда: «Ҳар мингтадан тўққиз юз тўқсон тўққизтасини», деб жавоб қилинади. Ана ўша кунда (қиёмат даҳшатидан) ёш болаларнинг сочи оқариб кетади. Ана ўша кунда ишларнинг ҳаққиқати очилади», дедилар. Имом Муслим ривояти.

 

1810/4. Анасдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Дажжол барча шаҳарларга киради. Фақатгина Макка билан Мадинага кира олмайди. Чунки бу икки шаҳарнинг тешикларида фаришталар саф бўлиб қўриқлаб туришади. Қачонки, Дажжол Мадина ташқарисидаги шўр ерларга етганида, Мадинада уч бора ер силкинади. У сабабли Аллоҳ таоло барча кофир ва мунофиқларни у ердан чиқариб юборади», дедилар. Имом Муслим ривояти.

 

1811/5. Анасдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Дажжолга Исфаҳон яҳудийларидан етмиш мингтаси эргашади. Уларнинг устиларида аъёнлар киядиган яшил рангли махсус кийим бўлади», дедилар. Имом Муслим ривояти.

 

1812/6. Умму Шарикдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Одамлар Дажжол фитнасидан хавфсираб тоғларга қочиб кетишади», дедилар. Имом Муслим ривояти.

 

1813/7. Имрон ибн Ҳусайндан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Одам (алайҳиссалом) яратилишлари билан қиёмат куни оралиғида Дажжолдан кўра каттароқ фитна бўлмайди», дедилар. Имом Муслим ривояти.

 

 

1814/8. Абу Саид ал-Худрийдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Дажжол пайдо бўлганида мўминлардан бир киши у билан кўришиш мақсадида йўлга чиқади. Унга етмасдан Дажжолнинг жосуслари билан учрашиб қолади. Улар мўминга: «Қаёққа кетишни қасд қиляпсан?» дейишади. Мўмин: «Янги пайдо бўлган Дажжолнинг ҳузурига», дейди. Улар: «Ўша сен Дажжол, деб айтаётганинг бизнинг раббимиздир. Сен бизнинг раббимизга иймон келтирмадингми?» дейишади. Мўмин: «Бизнинг Раббимиз махфий эмасдир», дейди. Улар: «Ўлдиринглар», дейишади. Шунда уларнинг баъзилари баъзиларига: «Раббиларингиз ўзининг изнисиз бирор кишини ўлдиришидан ман этмаганми?» дейишади-да, мўминни Дажжол ҳузурига олиб боришади. Қачонки, мўмин Дажжолни кўрганда: «Эй одамлар! Расулуллоҳ  с.а.в.  зикр этган Дажжол мана шудир», деб хабар беради. Дажжол: «Буни ушлаб, бошини ёринглар», дейди. Мўмин орқаси ва қорнига қаттиқ зарб ила калтакланади. Дажжол: «Менга иймон келтирмайсанми?» деса, мўмин: «Сен ўша ёлғончи Дажжолдирсан», дейди. Кейин у мўминни арралаб юборишни амр қилади. Ва ўртасидан арра тортиб бўлиб ташланади. Ҳатто оёғини ҳам иккига бўлиб юборишади. Сўнгра Дажжол иккига бўлинган қисм орасидан юриб: «Ўрнингдан тур», дейди. У мўмин ўрнидан туради. Дажжол: «Энди менга иймон келтирасанми?» деса, мўмин: «Менга шубҳасиз маълум бўлдики, сен ўша Дажжолсан. Эй одамлар! Дажжол менга қилган қилиғини бошқа ҳеч кимга қила олмайди», дейди. Дажжол мўминни сўйиш мақсадида ушлаганида, Аллоҳ таоло мўминнинг гардани билан бўйни орасини (сўя олмаслиги учун) мислаб қўяди. Дажжол уни сўйишга йўл топа олмайди. Йўл топа олмаганидан кейин оёқ-қўлидан ушлаб оловга улоқтириб юборади. Одамлар уни оловга ташланди, деб гумон қилишади. Аслида у жаннатга ташлангандир. Мана шу  киши оламлар Рабби ҳузуридаги шаҳидларнинг энг улуғ мақомидагисидир», дедилар. Имом Муслим ривояти. Имом Бухорий мана шу маънодаги ҳадиснинг баъзи қисмини ривоят қилганлар.

 

1815/9. Муғийра ибн Шуъбадан р.а. ривоят қилинади: «Бирор киши Расулуллоҳдан  с.а.в.  Дажжол ҳақида менчалик сўрамаган. У зот: «Сенга Дажжол зарар бера олмайди», деганлар. Мен: «Одамлар Дажжол ихтиёрида тоғдек нони ва анҳорда суви бор, дейишади», десам, у зот: «Дажжол Аллоҳ қошида бу қадар нарсага лойиқ эмасдир», дедилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

1816/10. Анасдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Бирор пайғамбар келган бўлса, албатта умматларини бир кўзли ёлғончи (Дажжол)дан қўрқитганлар. Огоҳ бўлинглар, Дажжол бир кўзлидир. Раббиларингиз азза ва жалла бир кўзли эмасдир. Дажжолнинг икки кўзи орасига к, ф, р ҳарфлари, яъни «кофир бўлди», деб ёзиб қўйилгандир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

1817/11. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Мен сизларга Дажжол ҳақида бирор пайғамбар ўз қавмига айтмаган нарсанинг хабарини бераман. У Дажжол бир кўзлидир. У ўзи билан бирга жаннат ва дўзах мисолидаги нарсани олиб келади. Дажжол жаннат, деб кўрсатган нарсаси аслида ҳақиқий дўзахдир», деб айтдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

1818/12. Ибн Умардан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в.  бир куни одамлар орасида туриб: «Албатта Аллоҳ таоло бир кўзли эмасдир. Масиҳ-ад-Дажжол эса бир кўзлидир. Ўнг кўзи йўқдир. Бор кўзи эса сувда балқиб турган узум донаси кабидир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

1819/13. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Мусулмонлар билан яҳудийлар урушмагунча қиёмат қоим бўлмайди. Ўша пайтда яҳудийлар тош ва дарахтлар орқасига яшириниб олишади. Тош ва дарахтлар тилга кириб: «Эй мусулмон, мана орқамда яҳудий турибди, келиб уни ўлдиргин», дейди. Фақатгина ўарқад номли тиконли дарахт чақирмайди. Чунки у яҳудийлар дарахтидир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

1820/14. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Менинг жоним Унинг қўлида бўлган Зотга қасамки, киши қабр олдидан ўтиб, у қабрга юзларини суртиб: «Кошкийди, мана шу қабр ичида мен бўлсам», деб айтмагунича дунё тамом бўлмайди. У киши бу сўзларни диндорлигидан эмас, балки турли мусибатларга дучор бўлганидан айтади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

1821/15. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «(Ироқдаги) Фурот дарёси остидан тилла тоғ топилмагунча қиёмат қоим бўлмайди. Уни деб одамлар уришишади. Ва ҳар юзтадан тўқсон тўққизтаси ҳалок бўлади. Уларнинг ҳар бири «Кошки, мен унга эришсам», деб умид қилади», дедилар.

 

Бошқа ривоятда айтилишича, Расулуллоҳ  с.а.в. : «Яқин кунларда Фурот дарёси остидан тилла кони топилади. Ким ўша пайтда ҳозир бўлса, ундан бирор нарса олмасин», деб айтганлар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

1822/16. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Мадиналиклар бир кун келиб у ер ниҳоятда яхши бўлганида ташлаб кетишади. У вақтда Мадинада йиртқичлар ва қушларгина қолади. Мадинада охирги йиғиладиганлар Музайна қабиласидан бўлган икки чўпон бўладики, улар Мадинани кўзлаб кетишаётган эди. Яқинига боришганида қўйлари овоз чиқариб юборади. Улар Мадинани ваҳший ҳайвонлар билан тўлган ҳолда топишади. Қачонки, Саниятул вадоъга етишганида юзлари билан йиқилиб (жон беришади)», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

1823/17. Абу Саид ал-Худрийдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Замон охирлаганда халифаларингиздан шундай бир киши бўладики, мол улашса, ҳовучлаб беради, санаб ўтирмайди», дедилар. Имом Муслим ривояти.

 

1824/18. Абу Мусо ал-Ашъарийдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Одамларга шундай замон келадики, унда бир одам тилладан бўлган закотни олиб айланиб юради, аммо уни оладиган бирор киши топа олмайди. Ва яна бир эркак қарамоғида қирқта хотин бўлади. Ҳаммалари унга тобеъ бўлишади. Бу нарса ўша пайтда хотинлар кўп бўлиб, эркаклар озайиб кетганлигидан содир бўлади», дедилар. Имом Муслим ривояти.

 

1825/19. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Бир киши бошқа бир кишидан ер сотиб олади. Сотиб олган киши ўша ердан бир хум тилла топиб олади. Кейин у киши аввалги эгасига бориб: «Тиллангни олгин. Мен сендан ер сотиб олганман, тилла эмас», дейди. Аввалги эгаси эса: «Ўзинг ол. Чунки мен сенга ер ва ундаги нарсаларни сотганман», дейди. Икковлари келиша олмасдан бир кишини ҳакам қилишади. У ҳакам: «Икковингизда фарзанд борми?» деб сўрайди. Бири: «Ўғлим бор», дейди. Иккинчиси: «Қизим бор», дейди. Ҳакам: «Уларнинг икковини никоҳлаб, тиллани ўшаларга ишлатинглар», дейди. Икковлари ҳакамнинг айтганини қилишади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Фойда: бу аввалги умматлар шариатидаги нарса бўлиб, бизнинг шариатимизга мувофиқ эмас. Бизнинг шариатимизда топиб олинган нарсалар ҳақидаги маълумот фиқҳ китобларида батафсил сўзланган.

 

1826/20. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «(Ўтган замонда) иккита хотин бор эди. Икковининг ёш гўдаги турганида, бўри келиб боланинг биттасини олиб кетди. Бири: «Бўри сенинг болангни олиб кетди», дейди. Иккинчиси: «Сенинг болангни олиб кетди», дейди. Икковлари келиша олмасдан Довуд алайҳиссаломни ҳакам қилишади. Довуд алайҳиссалом каттасининг фойдасига ҳал қилиб берадилар. Яъни, қолган болани унга берадилар. Улар ташқарига чиқишганда, Довуднинг ўғиллари Сулаймон алайҳимссаломни учратиб, бўлиб ўтган воқеанинг хабарини беришади. Сулаймон алайҳиссалом: «Пичоқ олиб келинглар, мен уни иккига бўлиб, икковингизга тақсимлаб бераман», дейдилар. Бу сўзни эшитиб кичиги: «Аллоҳ сизга раҳм қилсин. Бу бола уникидир, энди даъво қилмайман. Бола қаерда бўлса ҳам, соғ-саломат юрса бўлди», дейди. Сулаймон алайҳиссалом ҳаққиқатни англаб: «Қолган бола шу кичик хотинга тегишли», деб ҳукм қиладилар», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

1827/21. Мирдос ал-Асламийдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Солиҳ ва тақводор зотлар орқама-орқа ўтиб кетишади. Хурмо ёки арпа сарқитлари каби одамларнинг қолдиқ (ёмон)лари қолишади. Аллоҳ таоло уларга парво қилмайди ва аҳамият бермайди», дедилар. Имом Бухорий ривояти.

Фойда: солиҳ зотларнинг вафот этиб, камайиб боришлари ҳам қиёмат аломатларидан биридир.

 

1828/22. Рифоъа ибн Рофеъ аз-Зурақийдан р.а. ривоят қилинади. Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ  с.а.в.  ҳузурларига келиб: «Сизлар Бадр ғазотида қатнашганларни қандай мавқеъда, деб биласизлар?» деганларида, Расулуллоҳ  с.а.в. : «Биз уларни мусулмонларнинг энг афзали, деб биламиз», дедилар. (Ёки шунга ўхшаш бир сўз айтдилар.) Шунда Жаброил алайҳиссалом: «Биз ҳам Бадр жангида иштирок этган фаришталарни энг афзалимиз, деб биламиз», дедилар. Имом Бухорий ривояти.

 

1829/23. Ибн Умардан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Агар Аллоҳ таоло бирор қавмга азоб юборса, у азоб ўша қавмнинг яхшиси-ю ёмонига бирдек етади. Лекин қиёматда амалларига қараб қайта тирилишади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Фойда: азоб тушса, яхши-ю ёмонни ҳалок қилади. Лекин қиёматда ниятларига қараб, яъни яхши бўлса, яхшилар қаторида, ёмон бўлса, ёмонлар қаторида тирилади. Шунинг учун ёмонлар билан аралашиб юришдан огоҳлантирилади.

 

1830/24. Жобирдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в.  хурмо тўнкаси устига чиқиб хутба айтдилар. Қачонки, минбар қўйиб берилганида, у тўнкадан овоз чиққанини эшитдик. Овоз қорнида ҳомиласи  ўн ойлик бўлган туянинг овозига ўхшарди. Расулуллоҳ  с.а.в.  у тўнка хафа бўлганини кўриб, ҳалиги янги қуриб берилган минбардан тушиб қўлларини ўша тўнка устига қўйгандилар, у овоз чиқаришдан тўхтади.

 

Бошқа ривоятда «Жума куни Расулуллоҳ  с.а.в.  (хутба айтиш учун янги ўрнатилган) минбар устига чиққан эдилар, аввал устига чиқиб хутба ўқийдиган хурмо тўнкаси қаттиқ овоз чиқарди. Ҳатто ёрилиб кетишига оз қолди» бўлиб келган.

 

Яна бошқа ривоятда келтирилишича, «... у тўнка худди ёш гўдак каби овоз чиқарди. Расулуллоҳ  с.а.в.  (янги қуриб берилган минбардан) тушиб, ҳалиги тўнкани ўз бағирларига босган эдилар, у худди ёш гўдак каби инграб турган жойида жим бўлиб тинчиб қолди. Расулуллоҳ  с.а.в. : «У авваллари эшитиб юрган зикрларни энди эшитмас эканман-да, деб йиғлаяпти», дедилар». Имом Бухорий ривояти.

 

1831/25. Абу Саълаба ал-Хушанийдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Албатта Аллоҳ таоло фарзларни фарз этди, уларни зое қилманглар. Ва ҳадларни чегара қилди, ундан ўтиб кетманглар. Ва нарсаларни ҳаром қилди, уни бузманглар. Ва унутмасдан сизларга раҳмат қилган ҳолда кўп нарсаларда сукут қилди, сизлар у ҳақда баҳс қилманглар», дедилар. Дориқутний ҳасан иснод билан ривоят қилганлар.

 

1832/26. Абдуллоҳ ибн Абу Авфодан р.а. ривоят қилинади. Бу зот: «Биз Расулуллоҳ  с.а.в.  билан еттита ғазотда бирга бўлдик. Ҳаммасида емишимиз чигиртка бўлди», дедилар.

Бошқа ривоятда «Биз у зот билан бирга чигиртка едик» бўлиб келган. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

1833/27. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Мўмин киши бир тешикдан икки марта чақилмайди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Фойда: мўмин киши эҳтиёткор ва фатонатли бўлгани учун икки марта қоқилмайди, худди ўзбек мақолидаги «Кўр ҳассасини бир марта йўқотади», дейилгани каби.

 

1834/28. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Уч тоифа кишилар борки, қиёмат куни Аллоҳ таоло улар билан гаплашмайди ва покламайди, уларга (раҳмат назари ила) қарамайди ҳам ҳамда улар учун аламли азоб бордир: 1. Бир киши саҳродалик пайтида ортиқча суви бўлса-ю, уни йўловчиларга бермаса. 2. Бир киши асрдан кейин бошқа бир кишига Аллоҳ номига қасам ичиб бир нарса сотса ва шунча-шунчага олганман, деса ва олувчи сотувчининг гапини тасдиқласа, ваҳоланки, унинг акси бўлиб чиқса. 3. Бир киши бир имомга мол-дунёга эришиш ниятида байъат қилса. Агар имом мол-дунёдан бериб турса, байъатига вафо қилиб, агар бермаса, вафо қилмайдиган бўлса», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

1835/29. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Исрофил алайҳиссаломнинг сурга икки марта пуфлашлари орасидаги фарқ қирқдир», деганларини эшитган саҳобалар: «Эй Абу Ҳурайра! Ўшанда Расулуллоҳ  с.а.в.  қирқ кун, дедиларми?» дейишди. Абу Ҳурайра р.а.: «Билмасам», дедилар. Улар: «Қирқ йилми?» дейишди. Абу Ҳурайра р.а.: «Билмасам», дедилар. Улар: «Қирқ ойми?» дейишди. Абу Ҳурайра р.а.: «Билмасам», деб, кейин яна: «Инсоннинг барча аъзоси йўқ бўлиб кетиб, фақат думғазаси чиримай қолади. Иккинчи бора қайта яралиш ана шу аъзо асосида бўлади. Кейин Аллоҳ таоло осмондан сув туширади. Инсонлар ана шу сув сабабли худди кўкатлар ўсгани каби униб чиқишади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

1836/30. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Бир куни Расулуллоҳ  с.а.в.  мажлисларнинг бирида гапириб турсалар, бир аъробий келди-да, «Қиёмат куни қачон?» деб сўраб қолди. Расулуллоҳ  с.а.в.  (унинг гапига парво қилмай) сўзлашда давом этавердилар. Баъзилар: «Расулуллоҳ  с.а.в.  унинг гапини эшитдилар-у, лекин маъқул кўрмадилар», дейишди. Баъзилар эса: «Эшитмадилар, шунинг учун сўзлашда давом этдилар», деб фикр билдиришди. Қачонки, Расулуллоҳ  с.а.в.  сўзлашдан тўхтаганларида: «Қиёмат ҳақида сўраётган қани?» дедилар. Ҳалиги сўраган киши: «Мен эдим, эй Аллоҳнинг расули», деди. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Агар омонат зое этилса, қиёматни кутавер», дедилар. У киши: «Нечук зое бўлади?» деган эди, Расулуллоҳ  с.а.в. : «Агар ишлар унинг аҳли бўлмаган кишилар қўлига топшириб қўйилса, қиёмат кунини кутавергин», дедилар. Имом Бухорий ривояти.

 

1837/31. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Имомлар сизларга намоз ўқиб беришади. Агар уни хатосиз тўғри ўқишса, сизларга (яъни, имомга эргашганларга) ва у имомларнинг ўзига савоб бўлади. Борди-ю, хатога йўл қўйишса, сиз эргашганларга савоб-у, гуноҳи имомларнинг ўзларига бўлади», деб айтдилар. Имом Бухорий ривояти.

 

1838/32. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Бу зот Аллоҳнинг китобидаги «(Эй уммати Муҳаммад), одамлар учун чиқарилган миллатларнинг энг яхшиси бўлдингиз» оятини қуйидагича тафсир қилдилар: «Одамларнинг одамлар учун хайрлиси Исломга киргизиш ниятида бўйинларига занжир солиб олиб келувчилардир».

 

1839/33. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в.  айтдилар: «Аллоҳ таоло жаннатга занжирда кирувчи жамоадан ажабланади. Яъни, асирга олиниб занжирбанд қилингандан кейин Исломга киришади-да, оқибатда жаннатга дохил бўлишади». Икковини Имом Бухорий ривоят қилдилар.

 

1840/34. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Аллоҳ таолога шаҳарларнинг маҳбуб (мақоми) масжидлардир. Шаҳарларнинг ёмон (мақоми) бозорлардир», дедилар. Имом Муслим ривояти.

Фойда: чунки масжидларда қалблар таскин топувчи ва Аллоҳнинг розилигига элтувчи зикрлар намоз ҳамда Қуръон тиловати каби амаллар бўлади. Бозорларда эса Аллоҳнинг зикридан тўсувчи ғафлат, алдов, ёлғон, фириб ва ёлғон қасам каби шайтоннинг буйруқлари амалга оширилади.

 

1841/35. Салмон Форсийдан р.а. ривоят қилинади. Бу зот: «Агар қодир бўлсанг, бозорга аввалгиларидан бўлиб кирувчи ва охиргиларидан бўлиб чиқувчи кимса бўлма. Чунки бозор шайтоннинг жанг маъракасидир. У бозорга байроғини тикади», дедилар. Имом Муслим ривояти.

 

Имом Барқоний «Саҳиҳ»ларида Салмондан р.а. қилган ривоятларида келтирилишича, Расулуллоҳ  с.а.в. : «Сен бозорга аввалгилардан бўлиб кирувчи ва охиргилардан бўлиб чиқувчи кимса бўлма! Чунки шайтон бозорга тухум қўйиб, ўша ерда жўжа очади», дедилар.

Фойда: «Шайтон бозорга тухум қўйиб, ўша ерда жўжа очади», деган сўз киноя бўлиб, бозорлар аслида гуноҳ, фисқу-фужур ва алдовлар маконидир. Шайтон мана шундай разолатга буюриб, васваса қилади ҳамда ана шундай ёмон ишларни болалатиб юборади.

 

1842/36. Осим ал-Аҳвал Абдуллоҳ ибн Саржисдан р.а. қилган ривоятларида Абдуллоҳ ибн Саржис Расулуллоҳга  с.а.в. : «Эй Аллоҳнинг расули! Аллоҳ гуноҳларингизни мағфират айласин», деганида, у зот: «Сенинг ҳам гуноҳингни кечирсин», дедилар. Осим р.а. Абдуллоҳга р.а.: «Расулуллоҳ  с.а.в.  сизнинг гуноҳингизни кечиришини сўрадиларми?» деганларида, Абдуллоҳ р.а.: «Ҳа, сизнинг ҳам гуноҳингизни кечиришини сўрадилар», деб қуйидаги оятни тиловат қилдилар: «(Эй Муҳаммад), ўз гуноҳингиз учун ҳамда мўмин-мўминалар (нинг гуноҳлари) учун мағфират сўранг!» Имом Муслим ривояти.

 

1843/37. Абу Масъуд ал-Ансорийдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Аввалги пайғамбарлар сўзидан одамлар ўртасида қолгани «Агар ҳаё қилмасанг, хоҳлаган ишингни бажаравер», деган жумладир», дедилар. Имом Бухорий ривояти.

 

1844/38. Ибн Масъуддан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Қиёмат куни одамлар орасида биринчи бўлиб ҳукм қилинадиганлар қон тўкиб, одам ўлдирганлар бўлади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

1845/39. Оишадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Фаришталар нурдан яратилган. Жинлар эса қизил, сариқ, кўк рангли аланга-оловдан яратилган. Одам эса сизларга (аввал) васф қилинганидек, (сопол каби қуриган қора лойдан) яратилган», дедилар. Имом Муслим ривояти.

 

1846/40. Оишадан р.а. ривоят қилинади. Бу онамиз: «Расулуллоҳнинг  с.а.в.  хулқлари Қуръон эди», дедилар. Имом Муслим ривояти.

 

1847/41. Оишадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Ким Аллоҳга йўлиқишни яхши кўрса, Аллоҳ ҳам унга йўлиқишни яхши кўради. Ким Аллоҳга йўлиқишни ёмон кўрса, Аллоҳ ҳам унга йўлиқишни ёмон кўради», деганларида, Оиша р.а.: «Эй Аллоҳнинг расули! (Аллоҳга йўлиқиш, деганда биз ўлимни тушунамиз.) Биз барчамиз ўлимни ёмон кўрамиз. Энди ўша ўлимни ёмон кўришимиз Аллоҳга йўлиқишни ёмон кўришни англатадими?» десалар, у зот: «Йўқ, ундай эмас. Чунки мўмин кишига агар Аллоҳнинг раҳмати, розилиги ва жаннати башорат этилса, у киши Аллоҳга йўлиқишни ҳамда Аллоҳ ҳам унга йўлиқишни яхши кўради. Агар кофир кимсага Аллоҳнинг азоби ва ғазабининг хабари берилса, у Аллоҳга йўлиқишни ҳамда Аллоҳ ҳам унга йўлиқишни ёмон кўради», дедилар. Имом Муслим ривояти.

 

1848/42. Сафиййа бинти Ҳуяйдан р.а. ривоят қилинади: «Расулуллоҳ  с.а.в.  эътикоф ўтирганларида, кечаси мен у зотни зиёрат қилгани бордим. Бироз гаплашгандан кейин уйга қайтиш ниятида ўрнимдан турсам, у зот ҳам мени кузатиш мақсадида ўринларидан турдилар. Шу пайт ансорийлардан икки киши олдиларидан ўтиб қолди. Расулуллоҳ  с.а.в.  икковларининг шошиб кетаётганларини кўриб: «Секин, охиста юраверинглар. Чунки бу аёл оналарингиз Сафиййа бинти Ҳуяйдир», дедилар. Улар: «Субҳаналлоҳ (таажжубланганда шундай дейилади), эй Аллоҳнинг расули, (биз сиз ҳақингизда нимани гумон қилардик?)», дейишди. Шунда Расулуллоҳ  с.а.в. : «Чунки шайтон одам болаларининг қон йўлларида юради. Мен ўша шайтон сизларнинг қалбларингизга ёмонликни, яъни шубҳали нарсаларни ёки бирор нарсани солиб (васваса) қилишидан қўрқаман», дедилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

1849/43. Абулфазл Аббос ибн Абдулмутталибдан р.а. ривоят қилинади: «Ҳунайн куни мен Расулуллоҳ  с.а.в.  билан бирга эдим. Абу Суфён ибн Ҳорис ибн Абдулмутталиб ва мен икковимиз Расулуллоҳдан  с.а.в.  ажрамай бирга юрдик. У зот эса оқ хачирларида эдилар. Қачонки, мусулмонлар билан мушриклар тўқнашганда, мусулмонлар орқага чекина бошлашди. Расулуллоҳ  с.а.в.  эса хачирларини душман томонга югуртира бошладилар. Мен тезлаб кетмаслиги учун у зотнинг хачирлари жиловидан ушлаб турардим. Абу Суфён эса узангидан ушлаб турар эди. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Эй Аббос! Самура асҳобларини (яъни, Ҳудайбия воқеасида Самура дарахти остида байъат қилган саҳобаларни) чақир», дедилар. (Ибн Аббос овози баланд киши эдилар.) Баланд овозда: «Самура дарахти остида байъат қилганлар қаерда?» десам, Аллоҳ номига қасамки, улар бу сўзни эшитгач, худди мол болалари овозини эшитганда бурилгани каби бурилиб, Расулуллоҳ  с.а.в.  тарафларига лаббай, лаббай, деб келиб, кофирлар билан уруша бошладилар. Ансорийларнинг чақириғи эса «Эй ансорийлар жамоаси, эй ансорийлар жамоаси» тарзида эди. Урушга чорлаш чақириғи охири Ҳорис ибн Хазраж қабиласига келиб тўхтади. Расулуллоҳ  с.а.в.  хачирлари устида туриб уруш бўлаётган томонга чўзилиб қараган ҳолда: «Мана уруш энг қизғин паллага кирди», дедилар. Кейин бир нечта майда тошларни олиб кофирлар юзига отдилар. Ва: «Муҳаммаднинг Рабби номига қасамки, кофирлар енгилишди», дедилар. Бориб, уруш бўлаётган томонга қарасам, у аввалги ҳолатидек давом этаётган эди. Аллоҳ номига қасамки, Расулуллоҳ  с.а.в.  майда тошларни отишлари билан, у душманнинг тиғи ўтмас бўлиб, ишлари орқага кета бошлади». Имом Муслим ривояти.

 

1850/44. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Эй инсонлар, албатта Аллоҳ таоло покдир. Ва пок нарсаларнигина қабул қилади. Албатта Аллоҳ таоло пайғамбарларига нимани буюрса, мўминларга ҳам ўша нарсани буюради. Аллоҳ таоло: «(Юборган барча пайғамбарларимизга шундай дедик): «Эй пайғамбарлар, ҳалол-пок таомлардан енглар ва яхши амаллар қилинглар», бошқа оятда: «Эй мўминлар, сизларга ризқ қилиб берганимиз – покиза нарсалардан енглар», деб айтган», дедилар. Кейин яна бир кишини зикр қилдилар: «У узоқ сафарларга чиқиб, сочи тўзиган, юзлари тупроқ, қўлини осмонга кўтариб: «Эй Раббим, эй Раббим», дейди. Ваҳоланки, унинг овқати ҳаром, ичимлиги ҳаром ва улғайиши ҳаром озуқа эвазига бўлган. Қандай қилиб бу одамнинг дуоси қабул бўлсин?!»

 

1851/45. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Уч тоифа киши борки, Аллоҳ таоло қиёмат куни улар билан гаплашмайди ва покламайди, уларга (раҳмат назари ила) қарамайди ҳам ҳамда улар учун аламли азоб бордир: 1) Зинокор қария. 2) Ёлғончи подшоҳ. 3) Камбағал мутакаббир», деб айтдилар. Имом Муслим ривояти.

 

1852/46. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Сайҳун, Жайҳун, Фурот, Нил – барчаси жаннат анҳорларидандир», дедилар. Имом Муслим ривояти.

Фойда: Сайҳун ва Жайҳун Амударё ва Сирдарё сувларидир. Жаннат анҳорлари, дейилишига сабаб унинг суви тоза ва атрофида Ислом кенг қулоч очишидир, дейишган. Имом Суютий: «Балки ҳақиқатда унда жаннат моддалари бордир», деб айтганлар. Лекин буларнинг барчасининг айнан ҳақиқатини якка Аллоҳгина билур.

 

1853/47. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади: «Расулуллоҳ  с.а.в.  менинг қўлимдан ушлаб: «Аллоҳ таоло тупроқни, яъни ерни шанба куни яратди. Тоғларни якшанба куни, дарахтни душанба куни, ёмон нарсаларни сешанба куни, нурни чоршанба куни, ўрмалаб юрувчи нарсаларни пайшанба куни, Одам алайҳиссаломни жума куни асрдан кейин, барча махлуқларни яратиб бўлиб, кундузининг охирида, аср билан кечқурун орасида яратгандир», дедилар». Имом Муслим ривояти.

 

1854/48. Абу Сулаймон Холид ибн Валиддан р.а. ривоят қилинади. Бу зот: «Мутъа уруши куни менинг қўлимда тўққизта қилич синди. Охири қўлимда яманча ишланган ханжар қолди», дедилар. Имом Бухорий ривояти.

 

1855/49. Амр ибн Оссдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Агар бирор ҳоким ҳукм қилса ва ана шу ҳукмида ҳақиқатга эришайин, деб кўп ҳаракат қилса, пировардида ҳақиқатга етишса, унга иккита ажр бўлади. Агар ҳукм қилиб, ўша ҳукмида ҳақиқатни топа олмай, хатога йўл қўйса, битта ажр бўлади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

1856/50. Оишадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Иситма касаллиги жаҳаннам ҳароратидандир. Сизлар уни сув билан совутинглар», деб айтдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

1857/51. Оишадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Ким вафот этса-ю, унинг зиммасида рўза қазоси бўлса, яқинлари ўша рўзани тутсин», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Фойда: бу ҳадисдан ўлган киши учун унинг яқинлари қазо рўзасини тутиб бериши жоизлиги тушунилади. Яқинлари – меросхўрлар ёки меросхўр бўлмаганлар ҳамдир.

 

1858/52. Авф ибн Молик ибн Туфайлдан р.а. ривоят қилинади. Бир киши Оиша онамизга: «(Жиянингиз) Абдуллоҳ ибн Зубайр сиз қилган бир олди-сотди ёки берган бир ҳадянгиз ҳақида агар холам эҳтиёткорлик билан иш қилмасалар, муомаладан ман этиб қўяман, дедилар», деб айтди. Оиша р.а.: «Ҳақиқатда жияним шу гапларни айтдими?» дегандилар, атрофдагилар: «Ҳа», дейишди. Оиша р.а.: «Аллоҳ учун Абдуллоҳ ибн Зубайр билан ҳеч гаплашмасликни назр қиламан», дедилар. Бу ҳолат, яъни аразлашиш узоқ давом этганидан кейин Абдуллоҳ ибн Зубайр ўртага (ислоҳга келтириш учун) одам қўйдилар. Оиша р.а.: «Йўқ, Аллоҳ номига қасамки, ҳеч бирор кишининг шафоатини (яъни, ўртага тушишини) қабул қилмайман ҳамда назримни бузмайман», дедилар. Аразлашиш яна давом этаверганидан кейин Абдуллоҳ ибн Зубайр Мисвар ибн Махрама ва Абдураҳмон ибн Асвадларни чақириб: «Аллоҳ номига қасам ичиб сизлардан илтимос қиламанки, мени Оишанинг р.а. олдиларига (ярашиш учун) олиб боринглар. Чунки мендан аразлаб назр қилиб юришлари ҳалол эмас», дегандилар, Мисвар ва Абдураҳмонлар қабул қилиб Оиша р.а. ҳузурларига боришди. «Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу, кираверайликми?» деб изн сўрашган эди, Оиша р.а.: «Кираверинглар», дедилар. «Ҳаммамизми?» дейишган эди, Оиша р.а.: «Барчангиз киринглар», дедилар. Чунки Оиша р.а. улар билан бирга Абдуллоҳ ибн Зубайр борлигини билмасдилар. Абдуллоҳ у ерга киргач, Оишага р.а. қучоқ очиб, розиликларини сўраб, йиғлай бошладилар. Бирга келган Мисвар ва Абдураҳмонлар ҳам Абдуллоҳ билан гаплашишларини ва узрларини қабул этишларини сўраб: «Албатта Расулуллоҳ  с.а.в.  бундай аразлашишдан ман этганлар. Мусулмон кишига биродари билан уч кундан кўп аразлашиш ҳалол эмас», деб айтишди. Қачонки, икковлари Оишага р.а. насиҳат қилиб мажбурлайверишгандан кейин Оиша р.а. уларга назр қилганларини эслатиб, йиғлаган ҳолда: «Мен назр қилганман. Назр оғир бир нарсадир, (қандай қилиб назримни бузаман?)» дедилар. Икковлари яна илтимос қилаверишганидан кейин Оиша р.а. Абдуллоҳ ибн Зубайр билан гаплаша бошладилар. Ва назрни бузганлари учун қирқта қулни озод этдилар. Мана шундан кейин қачон шу назр бузилган воқеани эсласалар, шу даражада йиғлардиларки, оққан ёш бош ва олдиларини тўсиб турган рўмолларини ҳўл қилиб юборар эди. Имом Бухорий ривояти.

 

1859/53. Уқба ибн Омирдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в.  Уҳуд ғазотидан саккиз йил ўтганидан кейин у ерда вафот этганлар ҳаққига шу даражада дуо қилдиларки, гўё у тирик ва ўликлар билан видолашишга ўхшарди. Кейин қайтиб масжид минбарига кўтарилиб: «Мен сизлардан олдин бориб кутиб олувчиларингиз ва гувоҳ бўлувчиларингиздирман. Сизлар билан ҳавз устида кўришишга ваъда қиламан. Мен ўша ўрнимни мана шу ердан кўряпман. Мени ўзимдан кейин сизларнинг мушрик бўлиб кетишингиз қўрқитмайди. Лекин дунё устида бир-бирларингиз билан кимўзарга мусобақа қилишларингиз қўрқитади», дедилар. Уқба р.а.: «Расулуллоҳни  с.а.в.  охирги кўришим шу бўлди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

Бошқа ривоятда келтирилишича, Расулуллоҳ  с.а.в. : «Лекин дунё устида мусобақалашишингиз ва олдинги умматлар каби уни деб урушиб ҳалок бўлишингиз қўрқитади», деганлар.

 

Яна бошқа ривоятда Расулуллоҳ  с.а.в. : «Мен сизларни кутиб олувчингиз ва гувоҳ бўлувчингиздирман. Аллоҳ номига қасамки, мен ҳозир ҳавзимни кўряпман. Менга ер хазиналари калити ёки ер калитлари берилди. Аллоҳ номига қасамки, мендан кейин сизларнинг мушрик бўлиб кетишингиз қўрқитмайди. Мени қўрқитадиган нарса дунё (матолари устида) мусобақалашишингиз», деб айтдилар.

 

1860/54. Абу Зайд Амр ибн Ахтаб ал-Ансорийдан р.а. ривоят қилинади: «Расулуллоҳ  с.а.в.  биз билан бомдод намозини ўқиб бўлиб минбарга кўтарилдилар ва пешин вақтигача хутба айтдилар. Кейин тушиб пешин намозини ўқидилар. Сўнгра минбарга кўтарилиб аср вақтигача яна хутба айтдилар. Кейин тушиб аср намозини ўқидилар. Яна минбарга кўтарилиб, қуёш ботгунча хутба айтдилар. У хутбаларининг барчасида бўлиб ўтган ва келажакда бўладиган воқеаларнинг хабарини бердилар. Ким ўша хутбадан кўп ёд олган бўлса, ичимизда билимдонроғимиздир». Имом Муслим ривояти.

 

1861/55. Оишадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Ким Аллоҳга итоат қилишга назр қилган бўлса, ўша назрга вафо қилиб итоатда бўлсин. Лекин ким Аллоҳга осий бўлишга назр қилган бўлса, (ўша назрини бузсин) Унга осийлик қилмасин», дедилар. Имом Бухорий ривояти.

 

1862/56. Умму Шарикдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в.  бу саҳобия аёлга калтакесакка ўхшаш зарарли ҳашаротни ўлдиришга буюрдилар. «Чунки бу ҳашарот Иброҳим алайҳиссаломни ёндириш учун ёқилган оловни пуркагандир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

1863/57. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Ким калтакесакка ўхшаш зарарли ҳашаротни бир зарбада ўлдирса, ўша кишига шунча ва шунча ҳасанот бўлади. Ким иккинчи зарбада ўлдирса, шунча ва шунча ҳасанот бўлади, яъни аввалгисидан озроқ. Ким учинчи зарбада ўлдирса, шунча ва шунча ҳасанот бўлади, яъни аввалги иккитадан озроқ бўлади», дедилар.

 

Бошқа ривоятда «Ким калтакесакка ўхшаш зарарли ҳашаротни ўлдирса, унга юзта ҳасанот ёзилади. Иккинчи зарбада ўлдирса, ундан озроқ ҳасанот ёзилади. Ким учинчи зарбада ўлдирса, икковидан озроқ ҳасанот ёзилади» бўлиб келган.

 

1864/58. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в.  айтдилар: «Бир киши садақа бериш ниятида кўчага чиқди-да, (билмаган ҳолда) бир ўғрининг қўлига топшириб қўйди. Одамлар: «Бир киши кечаси чиқиб бир ўғрига садақасини топширибди», деб гап тарқатишди. У киши: «Аллоҳга ҳамд бўлсин», деди-да, садақа бериш ниятида кўчага чиқиб, (билмаган ҳолда) бир зинокорнинг қўлига топшириб қўйди. Одамлар: «Бир киши кечаси чиқиб бир зинокорнинг қўлига садақасини топширибди», деб гап тарқатишди. У киши: «Аллоҳга ҳамд бўлсин», деди-да, садақа бериш ниятида яна кўчага чиқди ва (билмаган ҳолда) бир бой кишининг қўлига топшириб қўйди. Одамлар: «Бир киши кечаси чиқиб бир бойнинг қўлига садақасини топширибди», деб гап тарқатишди. У киши: «Ўғрига, зинокорга ва бойга садақани топширганим учун Аллоҳга ҳамд бўлсин», деди. Кейин бу киши туш кўрди. Тушида унга: «Ўғрига берган садақанг сабабли шояд ўғри у ишини тарк этса, зинокорга берган садақанг сабабли шояд зинокор у ишини тўхтатса ва бойга берган садақанг сабабли шояд у бой ибратланиб, Аллоҳ берган мол-дунёдан инфоқ қилса», дейилди». Имом Бухорий ривояти.

 

1865/59. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади: «Биз Расулуллоҳ  с.а.в.  билан бирга эдик. У зотни таомга чақириб бир қўйнинг қўлини пишириб олиб келишди. У зот унинг атрофидан тишлаб едилар. Ва айтдилар: «Қиёмат куни мен одамларнинг саййидидирман. Нима учун шундайлигини биласизларми? Ана шу кунда Аллоҳ таоло аввалидан то охирги халқ қилинган кишигача бўлган кишиларни бир тепаликка жамлайди. Қаралганда бир назар ила кўриш имкони бўлади. Барча халойиқ бир чақирувчининг овозини эшитади. Қуёш уларга яқинлаштирилади. Бунинг сабабидан одамлар тоқат қилиб кўтара олмайдиган даражада ғам ва хафалик етади. Одамларга: «Сизларга бўлаётган бу ҳодисаларга қарамайсизларми? Раббиларингизга бу тўғрида ким шафеъ (воситачи) бўлади, бунга ҳам қарамайсизларми?» дейишади. Шунда баъзилари баъзиларига: «Воситачи бўлувчи шахс оталарингиз Одам алайҳиссаломдирлар», дейишади. Кейин улар у зотнинг ҳузурларига бориб: «Эй Одам алайҳиссалом! Сиз бутун башариятнинг отасисиз. Аллоҳ таоло сизни Ўз қўли билан халқ қилиб, жон ато этган. Ҳамда фаришталарга буюрди, улар сизга сажда қилишди ва сизни жаннатда турғизди. Бизга шафеълик (воситачилик) қилинг. Бизга нима бўлаётганини кўрмаяпсизми?» дейишади. Одам алайҳиссалом: «Бугун Раббим шундай ғазаб қилдики, бундан олдин бундай ғазаб қилмаган. Бундан кейин ҳам бунақаси бўлмайди. Чунки у мени бир дарахтдан ман қилган эди. Мен Унга осийлик қилиб (еб қўйдим). Мен ўзимнинг ғамим билан овораман. Сизлар мендан бошқа киши ҳузурига боринглар. Нуҳ пайғамбарнинг ҳузурига бора қолинглар», дейдилар. Улар Нуҳ алайҳиссалом ҳузурларига бориб: «Эй Нуҳ, сиз ер юзида биринчи расулдирсиз. Аллоҳ сизни «Шукр қилувчи банда», деб номлади. Бизни бу кундаги аҳволимизга ва бизга бўлаётган мана бу нарсаларга қарамайсизми? Сиз бугун бизга Раббингиз ўртасида шафоатчи (воситачи) бўлинг», дейишади. Нуҳ алайҳиссалом: «Бугун Раббим шундай ғазаб қилдики, бундан аввал бу каби ғазаб қилмаган эди. Бундан кейин ҳам бу даражада ғазаб қилмайди. Мен сизларга воситачи бўла олмайман. Чунки мен қавмимни дуоибад қилиб (хатога йўл қўйганман). Мен ҳам ўзимнинг ғамим билан овораман. Сизлар мендан бошқа кишининг ҳузурига боринглар. Иброҳим алайҳиссаломнинг ҳузурига бора қолинглар», деб айтадилар. Улар Иброҳим алайҳиссалом ҳузурларига бориб: «Эй Иброҳим алайҳиссалом! Сиз ер юзидаги Аллоҳнинг набийси ва халилисиз. Сиз бугун бизга Раббингиз ўртасида шафоатчи (воситачи) бўлинг. Бизнинг бу кундаги ҳолатимизга қарамайсизми?» дейишади. Иброҳим алайҳиссалом уларга: «Бугун Раббим шундай ғазаб қилдики, бундан аввал бу каби ғазаб қилмаган эди. Бундан кейин ҳам бу даражада ғазаб қилмайди. Мен сизларга шафоатчи бўла олмайман. Чунки мен уч марта ёлғон гапирганман. Мен ҳам ўзимнинг ғамим билан овораман. Сизлар мендан бошқа кишининг ҳузурига боринглар. Мусо алайҳиссалом ҳузурларига бора қолинглар», деб айтадилар. Улар Мусо алайҳиссалом ҳузурларига бориб: «Эй Мусо! Аллоҳ сизни рисолати ва каломи билан бошқалардан афзал қилган. Сиз бугун бизга Раббингиз ўртасида шафоатчи (воситачи) бўлинг. Бизнинг бу кундаги ҳолатимизга қарамайсизми?» дейишганида, Мусо алайҳиссалом: «Бугун Раббим шундай ғазаб қилдики, бундан аввал бу каби ғазаб қилмаган эди. Бундан кейин ҳам бу даражада ғазаб қилмайди. Мен сизларга воситачи бўла олмайман. Чунки мен ўлдиришга буюрилмаган жонни ўлдириб қўйиб (хатога йўл қўйганман). Мен ҳам ўзимнинг ғамим билан овораман. Сизлар мендан бошқа кишининг ҳузурига боринглар. Исо алайҳиссаломнинг ҳузурларига бора қолинглар», деб айтадилар. Улар Исо алайҳиссалом ҳузурларига бориб: «Эй Исо! Сиз Аллоҳнинг расули ҳамда Марямга юборган калимаси ва руҳидирсиз. Ва бешикдалик чоғингизда одамлар билан гаплашгансиз. Сиз бугун бизга Раббингиз ўртасида шафоатчи (воситачи) бўлинг. Бизнинг бу кундаги ҳолатимизга қарамайсизми?» дейишади. Исо алайҳиссалом: «Бугун Раббим шундай ғазаб қилдики, бундан аввал бу каби ғазаб қилмаган эди. Бундан кейин ҳам бу даражада ғазаб қилмайди. Мен ҳам ўзимнинг ғамим билан овораман», дейдилар-да, лекин қилган гуноҳларини зикр этмайдилар. «Сизлар мендан бошқа кишининг ҳузурига боринглар. Муҳаммад  с.а.в.  ҳузурларига бора қолинглар», деб айтадилар».

 

Бошқа ривоятда шундай келтирилади: «Кейин одамлар Муҳаммад алайҳиссалом ҳузурларига келиб: «Эй Муҳаммад  с.а.в. , сиз Аллоҳнинг расули ва пайғамбарларнинг охиргисисиз. Аллоҳ таоло сизнинг аввалги-ю кейинги гуноҳларингизни мағфират қилган бўлса. Сиз бугун бизга Раббингиз ўртасида шафоатчи (воситачи) бўлинг. Сиз бизни қанақа ҳолатга тушиб қолганимизга қарамайсизми?» дейишади». Муҳаммад алайҳиссалом айтадилар: «Кейин мен юриб Аршнинг остига бораман. Ва Раббимга бўйин эгиб саждага йиқиламан. Аллоҳ таоло мен учун шундай ҳамд ва санолар (эшигини) очадики, бундан олдин бирор кишига очилмаган эди. Кейин менга: «Эй Муҳаммад  с.а.в. , бошингизни кўтаринг. Хоҳлаган нарсангизни сўранг, у берилади. Шафоат қилаверинг, қабул қилинади», дейилади. Мен бошимни кўтариб: «Умматим, эй Раббим, умматим, эй Раббим, умматим, эй Раббим», дейман. Кейин Аллоҳ таоло томонидан: «Эй Муҳаммад алайҳиссалом! Ҳисоб-китобсиз жаннатга кирувчи умматларингизни ўнг дарвозадан олиб киринг. Қолганлар эса бошқа эшиклардан киришда бошқа умматларга шерикдир», деган фармон бўлади. Менинг жоним Унинг қўлида бўлган Зотга қасамки, икки дарвоза оралиғи Макка билан Баҳрайндаги Ҳажар шаҳри ёки Макка билан Дамашқ жанубидаги Бусро шаҳри оралиғичадир». Имом  Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

1866/60. Ибн Аббосдан ривоят қилинади. Иброҳим алайҳиссалом хотинлари Ҳожар ва ўғиллари Исмоил алайҳиссаломни ҳали сутдан ажрамаган пайтларида Байтуллоҳ яқинидаги катта дарахт остига ташлаб кетдилар. У жой Зам-зам тепасидаги масжид юқорисидадир. Ўша пайтда Маккада бирор киши ҳам ва бирор ичимлик суви ҳам йўқ эди. Иброҳим алайҳиссалом икковларини битта халтада хурмо ва битта мешда сув билан ўша ерда қолдириб, энди орқаларига қайтиб кетаётган эдилар, Исмоил алайҳиссаломнинг оналари Ҳожар: «Эй Иброҳим! Бизни бу кимсасиз водийда қолдириб, ўзингиз қаерга кетмоқдасиз?» деб бир неча марта айтсалар ҳам, уларга ўгирилиб қарамадилар. Шунда Ҳожар: «Аллоҳ сизга  шундай қилишни буюрдими?» дегандилар, Иброҳим алайҳиссалом: «Ҳа», дедилар. Ҳожар: «Ундай бўлса, Аллоҳ бизни сарсон қилиб ташлаб қўймайди», дедилар-да, ўша жойга қайтиб кетдилар. Иброҳим алайҳиссалом ҳам йўлда давом этиб Хужунга етганларида, улар кўринмайдиган жойда Каъбага юзланиб, қўлларини кўтариб қуйидагича дуо қилдилар:

 

«Парвардигоро, албатта мен зурриётимдан (бир бўлагини – ўғлим Исмоил ва унинг онаси Ҳожарни) Сенинг ҳурматли Байтинг ҳузуридаги экин ўсмайдиган бир водийга жойлаштирдим. Парвардигоро, (улар) намозни тўкис адо қилсинлар, деб (шундай қилдим). Бас, Сен Ўзинг одамларнинг дилларини уларга мойил қилиб қўйгин ва уларни (барча) мевалардан баҳраманд этгил. Шояд, шукр қилсалар» (Иброҳим сураси, 37-оят).

Ҳожар ўғиллари Исмоилни эмизиб, ҳалиги сувдан ичиб юргандилар, мешдаги сувлари тугаб қолди. Ҳожар ҳам, ўғиллари Исмоил алайҳиссалом ҳам чанқаб қолишди. Ўғиллари чанқаганидан ерга қараб ётганини кўрган Ҳожар ўғлимни бу ҳолатда кўрмайин, деб йўлга равона бўлдилар. Қарасалар, Сафо тоғи тоғлар ичида улар турган жойга энг яқин экан. Сафо тепасига чиқиб: «Бирор киши кўринармикан?» деб водий томонга юзлангандилар, ҳеч кимни кўрмадилар. Кейин Сафодан тушиб водийга етганларида, кўйлакларининг бир томонини кўтариб, худди ҳолдан тойган одам югургани каби секин-аста югуриб, водийдан ўтиб кетдилар. Кейин Марвага кўтарилиб: «Бирор киши кўринармикан?» деб юзлангандилар, ҳеч кимни кўрмадилар. Сафо ва Марва тепалигида мана шу тарзда етти марта югурдилар. (Расулуллоҳ  с.а.в. : «Одамлар (ҳаж ва умрада) етти марта саъй қилиб югуришлари шунинг учундир», деганлар.)

Яна Марвага кўтарилгандилар, бир овоз эшитдилар: «Жим бўл!». Кейин: «Эй бу овоз эгаси! Агар сенда бирор ёрдам бўлса, ўша ёрдамингни бергин», дедилар. Қарасалар, бир фаришта Зам-зам чашмаси олдида товони ёки қаноти билан (ерни) ишқаган эди, сув пайдо бўлди. Ҳожар қўллари ила мана бундай кўтариб ҳавза қилдилар ҳамда сувни ҳовучлаб мешларига қуйдилар. Ҳар тўлдирганларидан кейин ҳам сув фаввора бўлиб отилиб чиқар эди. (Баъзи ривоятларда «Ҳовучлаб олганлари миқдорича отилиб чиқар эди» бўлиб келган.)

(Расулуллоҳ  с.а.в. : «Аллоҳ Исмоил алайҳиссаломни раҳматига олсин, агар Зам-зам сувини ҳавза қилмай, шундайлигича қолдирганларида ёки ҳовучламай олганларида эди, шу Зам-зам суви бир оқувчи булоқ-чашма бўлар эди», дедилар.)

Ҳожар сувдан ичдилар ва фарзандларини эмиздилар. Фаришта Ҳожарга: «Ҳалок бўлиб кетишдан қўрқманг! Чунки келажакда бу ерда Аллоҳ учун бир уйни бу бола ва унинг отаси бино қилади. Албатта Аллоҳ ўз аҳлини ҳалок қилмайди», деди. Илгари Байтуллоҳ тепаликда эди. Сел оқизгудек бўлса, ўнг ва чап тарафидан ўтиб кетар эди. Ана шу муддатда давом этди, ҳаттоки Журҳум жамоасидан ёки қабиласидан бир тоифа кишилар Кадо номли томондан келаётиб, Макканинг пастки томонига тушишган эди, қанот қоқиб турган қушларни кўришди. Ва: «Албатта қушлар сув бор жойларда айланишади. Бизлар кўпдан бери бу водийдан ўтар эдик, аммо сув бўлмас эди», дейишди. Кейин бир ёки икки элчини билиб келиш учун юборишди. Улар бориб қарашса, сув бор экан. Қайтиб келиб сув борлиги хабарини беришди. У қабила Зам-зам олдига боришса, Ҳожар турибдилар. Шунда улар: «Мана шу ердан манзил қилишга ижозат берасизми?» деб сўрашди. Ҳожар: «Ҳа, ижозат бераман. Лекин сув (хусусида мен хўжайинман). Сизларнинг бунда ҳаққингиз йўқдир», дедилар. Улар бу шартга кўниб «Хўп», дейишди. (Расулуллоҳ  с.а.в. : «Ҳожарнинг уларга яшашлари учун изн беришларига сабаб бу аёл танҳо яшаб ҳамроҳларга муҳтож бўлганлари учундир», дедилар.) Кейин улар аҳли-болаларини олиб келиш учун одам жўнатишди. Улар олиб келиниб ўша ерга жойлаштирилди. Шундай қилиб, у ерда хонадонлар пайдо бўлди. Исмоил алайҳиссалом йигит бўлиб, улардан чиройли тарзда араб тилини ўргандилар. Вояга етганларида ўша қабилага марғуб ва маҳбуб бўлдилар. Бу зотдаги етукликни билишганидан кейин ўзларидаги бир аёлга уйлантириб қўйишди.

Ҳожар вафот этиб, Исмоил алайҳиссалом уйланганларидан кейин Иброҳим алайҳиссалом қолдириб кетган хотинлари ва ўғилларидан хабар олгани келдилар. Лекин ўғиллари Исмоилни топа олмадилар. Келинларидан Исмоил алайҳиссалом ҳақида сўраган эдилар, келинлари: «Бизга ризқ ахтариб ёки ов қилиш учун чиқиб кетдилар», деди. Иброҳим алайҳиссалом келинларидан: «Яшашларингиз ва бошқа ҳолатларингиз қалай?» дегандилар, келинлари: «Биз ёмон ҳолатдамиз, жуда ҳам қийналиб яшамоқдамиз», деб шикоят қилди. Иброҳим алайҳиссалом: «Агар эринг келса, менинг номимдан салом етказ ва яна дарвозаси остонасини алмаштиришини ҳам айтгин», дедилар. Исмоил алайҳиссалом қайтганларида, кимдир келганини сездилар ва хотинларидан: «Бирор киши келдими?» дегандилар, хотинлари: «Ҳа, бундай сифатли бир қария келиб, сиз ҳақингизда сўради. Мен сиз ҳақингизда хабар бердим. Кейин яшашимиз ҳақида сўраган эди, мен қийналиб яшаётганимизнинг хабарини бердим», деди. Исмоил алайҳиссалом: «Бирор нарса дедиларми?» дегандилар, хотинлари: «Ҳа, сизга саломларини етказмоқни ва дарвозангиз остонасини алмаштиришингизни буюрдилар», деди. Шунда Исмоил алайҳиссалом: «Бу киши отам эди. Сендан ажрашишни буюрибдилар. Сен ота-онангникига бориб яшагин», деб унинг талоғини бердилар ва ўша қабиладаги бошқа бир аёлга уйландилар. Аллоҳ хоҳлаганича фурсатдан кейин Иброҳим алайҳиссалом яна ўғиллари ҳузурига келдилар. Лекин ўғилларини яна топа олмадилар. Келинларидан Исмоил алайҳиссаломнинг қаерга кетганликларини сўрадилар. Келинлари: «Ризқ ахтариб кетдилар», деди. Оталари: «Қандайсизлар?» деб уларнинг яшашлари ҳақида сўрадилар. Келинлари: «Аллоҳга (ҳамд) ва сано бўлсинки, яхши, мўл-кўл яшаяпмиз», деди. Иброҳим алайҳиссалом: «Таомларингиз нима?» деб сўраган эдилар, келинлари: «Гўшт», деди. «Ичимликларингиз нима?» деганларида, келинлари: «Сув», деди. Иброҳим алайҳиссалом: «Аллоҳим, уларнинг гўштлари-ю сувларига барака ато қил», деб дуо қилдилар. (Расулуллоҳ  с.а.в. : «Ўша куни уларда буғдой йўқ эди. Агар бўлганда, унга ҳам барака тилаб дуо қилардилар. Агар сув ва гўшт узлуксиз Маккадан бошқа жойда ейилса, соғлиқ учун зарарлидир (лекин дуо баракотидан Маккада ундай эмас)», деб айтдилар.)

Бошқа ривоятда келтирилишича, Иброҳим алайҳиссалом келиб: «Исмоил алайҳиссалом қаерда?» деб сўрадилар. Келинлари: «Овга кетдилар», деб қайноталарига: «Тушиб овқатланиб кетмайсизми?» деди. Иброҳим алайҳиссалом: «Емак ва ичмакларингиз нима?» деб сўрадилар. Келин: «Емагимиз гўшт, ичимлигимиз сув», деди. Иброҳим алайҳиссалом: «Аллоҳим, уларнинг емак ва ичмакларига барака ато эт», деб дуо қилдилар. (Расулуллоҳ  с.а.в. : «Бу мўл-кўлчиликлар Иброҳим алайҳиссалом дуолари баракотидандир», дедилар.) Кейин Иброҳим алайҳиссалом келинларига: «Агар эринг келса, менинг саломимни етказ. Ва у дарвоза остонасини мустаҳкам қилсин», дедилар. Исмоил алайҳиссалом қайтганларида хотинларидан: «Бирор киши келдими?» деб сўрадилар. Хотинлари: «Ҳа! Чиройли суратдаги бир қария келди», деб у зотни мақтади ва: «Сиз ҳақингизда сўраган эди, мен унинг хабарини бердим. Яна яшашимиз ҳақида ҳам сўраган эди, мен яхши ҳолатдамиз, деб айтдим», деди. Исмоил алайҳиссалом хотинларидан: «Отам бирор нарса айтдиларми?» деб сўрагандилар, хотинлари: «Ҳа, сизга салом йўлладилар ва дарвозангиз остонасини мустаҳкамлашингизни буюрдилар», деди. Исмоил алайҳиссалом: «Бу киши отам эди. Остона, деб сени айтганлар. Сени маҳкам ушлашимни буюрибдилар», дедилар. Кейин Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳ хоҳлаганича фурсатда улар олдига келмадилар. Қачонки, яна келганларида Исмоил алайҳиссалом Зам-зам яқинидаги катта дарахт остида камон ўқи тайёрлаётган эдилар. Исмоил алайҳиссалом Иброҳим алайҳиссаломни кўрганларида худди бола ота билан, ота бола билан кўришгани каби кўришишди. Иброҳим алайҳиссалом: «Эй Исмоил! Раббим менга бир ишни бажаришни буюрди», деганларида, Исмоил алайҳисалом: «Раббингиз буюрган нарсани бажаринг», дедилар. Иброҳим алайҳиссалом: «Бунда менга ёрдам берасанми?» дедилар. Ўғиллари: «Сизга ёрдам бераман», дедилар. Иброҳим алайҳиссалом: «Албатта Аллоҳ мана бу ерга уй қуришни буюрди», деб атрофдаги ерларга нисбатан баланд бўлган бир тепаликка ишора қилдилар.

Ва уйнинг асосини кўтардилар. Исмоил алайҳиссалом тошларни олиб келдилар. Иброҳим алайҳиссалом эса уни қурдилар. Ҳатто уйни кўтариб, ҳозирги мақоми Иброҳимдаги тошни олиб келиб ўрнатдилар. Иброҳим алайҳиссалом унинг устига чиқиб бино қилардилар. Исмоил алайҳиссалом эса тошни узатиб турардилар. Ва икковлари: «Эй Раббимиз, биздан буни қабул эт. Албатта Сен эшитгувчи ва билгувчи Зотсан», деб айтиб туришар эди.

 

Бошқа ривоятда айтилишича эса, бир куни Иброҳим алайҳиссалом хотинлари Ҳожар ва ўғиллари Исмоилни олиб, бир идишга сув тўлдириб, бирга йўлга чиқишди. Ҳожар у идишдаги сувдан ичар эдилар, сутлари ҳам ўғилларига кифоя қилар эди. Шу ҳолатда Маккага кириб боришди. Иброҳим алайҳиссалом уларни катта бир дарахт остига қўйиб, ўзлари нариги аҳлиялари ҳузурига қайтиб кетаётганларида, Ҳожар ҳам у зотнинг ортларидан эргашдилар. Кадо номли жойга етганларида, орқаларидан бир кимса: «Эй Иброҳим! Сиз бизни кимга ташлаб кетяпсиз?» деди. Иброҳим алайҳиссалом: «Аллоҳ таолога», дедилар. Ҳожар: «Аллоҳга бўлса, розиман», дедилар-да, қайтиб кетдилар ва ҳалиги идишдаги сувдан ичиб, болаларига ўз сутларидан эмизиб юравердилар. Қачонки, у сув ниҳоясига етганда «Қани, (нарироққа) бориб қарай-чи, шояд, бирор кишини учратсам», дедилар. Кейин бориб Сафога кўтарилдилар. «Бирор кишини учратармикинман?» деб қайта-қайта қарадилар. Бирор кишини учратмадилар. Кейин водийга тушиб, саъй қилдилар ва Марвага келиб ҳам ана шу тариқа бир неча марта бориб келдилар. Сўнгра: «Бориб қарай-чи, гўдак нима қиляпти экан?» деб бориб қарасалар, у аввалги ҳолатидек овозини паст-баланд қилиб ётибди. Нафслари яна хотиржам бўлмади. Ва: «Яна бориб қарай-чи, шоядки, бирор кишини учратсам», дедилар. Бориб Сафога кўтарилдилар ва қайта-қайта қараб бирор кишини учратмадилар. Ҳаммаси бўлиб мана шу тариқа етти марта айландилар. Кейин яна: «Бориб қарай-чи! Нима қиляпти экан?» деб боргандилар, бир овозни эшитдилар. Ва унга: «Агар сенда яхшилик бўлса, бизга ёрдам қил», дедилар. Қарасалар, Жаброил алайҳиссалом турибдилар. Жаброил алайҳиссалом товонлари билан ишора қилиб ерга ургандилар, ердан сув отилиб чиқди. Ҳожар эса бундан даҳшатга тушдилар ва ҳовучларини тўлдира бошладилар», деб ушбу ҳадис ровийи юқоридаги ҳадисни охиригача баён этдилар.

Буларнинг барчасини Имом Бухорий ривоят қилганлар.

 

1867/61. Саид ибн Зайддан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Қўзиқорин Бани Исроиллар еган ҳолваларидандир. Унинг суви кўз учун шифодир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио