Риёзус-солиҳийн

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

282-боб. Хизматкорини, ҳайвонларни, хотинини ва боласини шаръий сабабсиз ёки одоб чегарасидан чиқиш даражасида қийнамоқдан қайтарилгани ҳақида

Аллоҳ таоло: «Ота-онангизга ҳамда қариндош-уруғ, етим ва мискинларга, қариндош қўшни ва бегона қўшнига, ёнингиздаги ҳамроҳингизга, йўловчи мусофирга ва қўлларингиздаги қулларингизга яхшилик қилингиз! Албатта Аллоҳ ўзлари бахиллик қиладиган ва ўзга одамларни ҳам бахилликка чақирадиган ҳамда Аллоҳ фазлу карамидан берган неъматларни яширадиган мутакаббир ва мақтанчоқ бўлган кимсаларни севмайди» (Нисо сураси, 36-оят), деб айтган.

 

1599/1. Ибн Умардан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Бир хотин мушук сабабли азобга мустаҳиқ бўлди. Яъни, уни қафасга қамаб ўлдиргани сабаб дўзахга дохил бўлди. У хотин мушукни қафасга солиб овқат ҳам, ичимлик ҳам бермади. Агар қамамасдан қўйиб юборганда эди, ердаги (ўз насибаси бўлган) ҳашаротларни еб (ҳаётини сақлар) эди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

1600/2. Ибн Умардан р.а. ривоят қилинади. Бу зот бир куни қурайшлик йигитлар олдидан ўтдилар. Улар бир тирик қушни нишон қилиб унга (найза) отишаётган эди. Йигитлар Ибн Умарни кўриб қолиб тарқалиб кетишди. Ибн Умар р.а.: «Буни ким қилди? Аллоҳ лаънатлагур, қайси киши қилди? Расулуллоҳ  с.а.в.  ҳам тирик жонни нишон қилган кишини лаънатлаганлар», деб айтдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

1601/3. Анасдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в.  ҳайвонларни (найза отиб ўлдириш ниятида) нишон қилишдан ман қилдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

1602/4. Абу Али Сувайд ибн Муқриндан р.а. ривоят қилинади: «Мен Муқриннинг еттита болаларидан биридирман. Бизнинг бир хизматкоримиз бор эди. Кичик укам унга шапалоқ тортиб юборибди. Расулуллоҳ  с.а.в.  бизга ана шу хизматкорни озод қилишни буюрдилар». Имом Муслим ривояти.

 

1603/5. Абу Масъуд ал-Бадрийдан р.а. ривоят қилинади: «Мен бир хизматкоримни қамчи билан ураётган эдим, ногаҳон орқамдан «Билгин, эй Абу Масъуд», деган овозни эшитдим. Жаҳлим чиқиб тургани сабабли кимнинг овозилигини англамадим. Гапираётган киши Расулуллоҳ  с.а.в.  эканлар. У зот: «Билгинки, эй Абу Масъуд, сен бу болага азоб беришингдан кўра, Аллоҳ сени азоблашга қодирроқдир», дедилар. Буни эшитгандан кейин бундан сўнг бирорта қулни асло урмайман, деб айтдим».

 

Бошқа ривоятда «У зотнинг ҳайбатларидан қўлимдаги қамчи тушиб кетди» бўлиб келган.

 

Яна бошқа ривоятда: «(Мен): «Эй Аллоҳнинг расули, Аллоҳнинг розилиги учун бу озоддир», десам, у зот: «Агар шундай қилмаганингда ҳам дўзах сени куйдирар ёки ўзига олар эди», деб айтдилар», дейилади. Буларнинг ҳаммасини Имом Муслим ривоят қилганлар.

 

1604/6. Ибн Умардан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Ким қилмаган ишига хизматкорини жазоласа ёки шапалоқ урса, унинг каффорати қулни озод қилишдир», деб айтдилар. Имом Муслим ривояти.

 

1605/7. Ҳишом ибн Ҳаким ибн Ҳизомдан р.а. ривоят қилинади. Бу зот Шом шаҳрида бир неча деҳқоннинг олдидан ўтдилар. Ўша деҳқонларни қуёш тагига қўйиб, устиларидан ёғ қуйилаётган экан. Ҳишом р.а.: «Бу нимаси?» дедилар. «Хирож (солиғи) беришмагани сабабли азобланишмоқда», дейилди. (Бошқа ривоятда: «Жизя беришмагани сабабли ҳибс қилинган», дейилган.) Ҳишом р.а.: «Гувоҳлик бериб айтаманки, Расулуллоҳ  с.а.в. : «Албатта Аллоҳ ҳаёти дунёда одамларни азоблайдиганларга азоб беради», деб айтганларини эшитганман», дедилар. Ва бошлиқнинг олдига кириб унга ҳам бу сўзларни айтгандилар, бошлиқ уларни бўшатишни буюрди. Имом Муслим ривояти.

 

1606/8. Ибн Аббосдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в.  юзига тамға урилган эшакни кўриб бу ҳолатдан ранжидилар. Ибн Аббос р.а.: «Аллоҳга қасамки, юзига ҳеч тамға урмайман. Фақатгина юзидан пастга тамға ураман», дедилар. Эшакларини олиб келиш буюрилди. Ва икки сони юқори тарафидаги думи атрофига тамға урилди. Ибн Аббос эшагини  ана шу ерига тамға урдирганларнинг биринчисидирлар. Имом Муслим ривояти.

 

1607/9. Ибн Аббосдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в.  юзига тамға урилган эшакнинг олдидан ўта туриб: «Аллоҳ мана шунақа тамға қилувчиларни лаънатлаган», деб айтдилар. Имом Муслим ривояти.

 

Имом Муслимнинг бошқа ривоятларида «Расулуллоҳ  с.а.в.  юзга уришдан ва юзга тамға туширишдан ман этдилар» бўлиб келган.

 


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио