Риёзус-солиҳийн

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

260-боб. Ёлғоннинг ҳаромлиги ҳақида

Аллоҳ таоло: «(Эй инсон), ўзинг аниқ билмаган нарсага эргашма» (Исро сураси, 36-оят);

 

«У (инсон) бирон сўзни талаффуз қилмас, магар (талаффуз қилса) унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (фаришта у сўзни ёзиб олур)» (Қоф сураси, 18-оят), деб айтган.

 

1541/1. Ибн Масъуддан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Ростгўйлик яхшиликка олиб боради. Яхшилик эса жаннатга олиб боради. Киши рост сўзлаб юради. Оқибатда Аллоҳ ҳузурида сиддиқ (ростгўй), деб ёзилади. Ёлғончилик ёмонликка олиб боради. Ёмонлик эса дўзахга олиб боради. Киши ёлғон сўзлаб юради. Ва Аллоҳ ҳузурида каззоб (ёлғончи), деб ёзилади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

1542/2. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оссдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Сизларда тўрт тоифа киши борки, уларда аниқ мунофиқлик бор. Кимда ана шу хислат бўлса, то уни тарк қилмагунича ундаги нифоқлик хислати кетмайди. Агар омонат берилса, хиёнат қилади. Агар гапирса, ёлғон сўзлайди. Агар аҳдлашса (шартнома тузилса), бузади. Агар хусуматлашилса, номуссизлик қилади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

1543/3. Ибн Аббосдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Ким кўрмаган тушини кўрдим, деб айтса, қиёмат куни қўлига иккита арпа бериб, уни бир-бирига боғлаш буюрилади. У эса бу ишни ҳаргиз қила олмайди. Ким бир жамоанинг (ўзаро) суҳбатига қулоқ солса, улар эса бунинг тарқалишини кариҳ кўришса, қиёмат куни эшитган кишининг икки қулоғига қалайи қуйилади. Ким бирор сурат чизса, чизган кишини қиёмат кунида азоблаб, унга жон киритишга буюрилади. У эса бунинг уддасидан чиқа олмайди», дедилар. Имом Бухорий ривояти.

 

1544/4. Ибн Умардан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Киши кўрмаган нарсасини кўзим билан кўрдим, деса, ўша ёлғончиларнинг энг ёлғончисидир», дедилар. Имом Бухорий ривояти.

 

1545/5. Самура ибн Жундубдан р.а. ривоят қилинади: «Расулуллоҳ  с.а.в.  кўпинча саҳобаларидан «Сизлардан бирортангиз туш кўрдими?» деб сўрардилар. Агар саҳобалар орасида туш кўргани бўлса, Аллоҳ хоҳлаганича сўзлаб берар эди. Кунларнинг бирида Расулуллоҳ  с.а.в.  тонгда ҳузуримизга чиқиб кўрган тушларини қуйидагича сўзлаб бердилар: «Тунда икки киши келиб, биз билан юргин, дейишди. Мен улар билан бирга кетдим. Юриб ётган бир кишининг олдига бордик. Қарасак, унинг олдида тош кўтариб бошқа бир киши турибди. Ўша турган киши ётганнинг бошига тош билан урар, унинг боши эса майдаланиб кетарди. Тош эса узоққа думалаб кетарди. Урган киши тошнинг орқасидан бориб олиб келгунича, ётган кишининг боши яна аввалги ҳолига айланиб қолар эди. Турган киши аввалги урганидек яна қайтадан ураверар эди. Мен ўзим билан келган икки кишига: «Субҳаналлоҳ (ажабланганда шундай дейилади), бу қанақаси?» десам, улар: «Юр-юр», дейишди. Мен улар билан бирга кетдим. Юриб чалқанча ётган бир кишининг олдига бордик. Қарасак, унинг олдида темир омбур ушлаб бошқа бир киши турарди. У ётган кишининг юз томонига келиб, жағи, бурни, кўзининг орқасига омбур билан тортиб (гўшти ва терисини тортгандек) иккинчи томонини ҳам тортар эди. Бир томондан фориғ бўлмай туриб, аввалги томони асли ҳолатига қайтиб қолар эди. У бу ишини қайта-қайта қилар эди. Мен: «Субҳаналлоҳ, булар нима қилишмоқда?» десам, мен билан келган икки киши: «Юр-юр», дейишди. Юриб тандирга ўхшаш нарсанинг олдига бордик. (Ровий Расулуллоҳ  с.а.в.  қуйидагича сўзладилар, деб ўйлайман, дедилар.) Ўша тандирга ўхшаган нарса ичида шовқин-сурон ва ҳар хил овозлар эшитилар эди. Қарасак, яланғоч эркак ва аёллар туришибди. Уларнинг остиларидан олов ёқилар эди. Олов уларга етиб келган пайтда улар дод-вой қилишар эди. Мен: «Булар ким?» десам, ҳамроҳларим: «Юр-юр», дейишди. Юриб бир анҳорнинг олдига бордик. (Ровий айтадилар: «Ўша анҳорнинг рангини Расулуллоҳ  с.а.в.  қон рангидек, дедилар».) Ўша анҳорда бир киши сузиб юрар эди. Анҳорнинг қирғоғида эса бошқа бир киши бир қанча тошларни тўплаб ўтирар эди. Бояги одам хоҳлаганича сузиб, кейин тош тўплаган кишининг олдига келарди.  У эса сузиб келган кишининг оғзини очиб, йиғиб қўйган тошларини тиқиб юборар эди. У эса яна сузиб кетар ва қайтиб келар эди. Ҳар гал қайтиб келганида оғзини очиб, тошни тиқиб юборар эди. Мен: «Булар ким?» десам, у икковлари: «Юр-юр», дейишар эди. Юриб бир бадбашара кишининг олдига бордик. Сен ундай кишини кўрмагансан. Унинг олдида олов турибди. Ўша оловни ёқиб атрофида айланиб турибди. Ҳамроҳларимдан «Бу нима?» деб сўрасам, улар: «Юр-юр», дейишар эди. Юриб кўкаламзор боққа бордик. У ерда ҳар турли баҳор гуллари бор экан. Ўша боғнинг ўртасида узун бўйли бир киши турибди. У киши бўйининг узунлигидан боши осмонда эди. Уни кўра олмас эдим. Бу кишининг атрофида кўпгина ёш болалар туришибди. Мен ҳеч бундай болаларни кўрмаганман. Шунда мен ҳамроҳларимдан: «Булар ким? Анавилар-чи?» деб сўрасам, улар: «Юр-юр», дейишар эди. Юриб катта бир дарахтнинг олдига бордик. Мен бу каби улкан ва чиройли дарахтни кўрмаганман. Ҳамроҳларим: «Бу дарахтнинг устига чиқинг», дейишди. Унинг устига чиқсак, тилла ва кумуш ғиштлардан қурилган шаҳар бор экан. Шаҳар дарвозаси олдига бориб, уни очишларини сўрадик. Очишган эди, ичига кирдик. У ерда одамлар бор экан. Таналарининг ярми жуда чиройли суратда. Сен бундай хушсурат кишиларни кўрмагансан. Ярмилари эса жуда хунук. Сен бундай хунук кишиларни кўрмагансан. Ҳамроҳларим уларга: «Мана бу анҳорга бориб тушинглар», дедилар. У анҳор оқиб турган бўлиб, оқлиги сутга ўхшар эди. Улар бориб ўша анҳорга тушишди-да, кейин олдимизга қайтиб келишди. Келишганида улардан ҳалиги хунуклик кетиб, хушсурат бўлиб қолишган эди. Ҳамроҳларим: «Бу Адн жаннатидир. Мана бу эса сизнинг манзилингиз», дейишди. Кўзимни юқорига қаратиб боқсам, у оқ булут каби қаср экан. Улар яна: «Бу сизнинг манзилингиздир», дейишди. Мен уларга: «Аллоҳ сизларга барака берсин. Қўйинглар, бу ерга кирайин», десам, улар: «Ҳозирча йўқ. Лекин албатта киражаксиз», дейишди. Мен: «Унда бу кеча кўрган ажойиб нарсаларимнинг хабарини беринглар», десам, улар: «Албатта хабар берамиз», дейишди. «Аввалги боши тош билан майдаланаётган киши (ҳаётлик вақтида) Қуръони каримни ёд олиб, кейин ташлаб қўйган киши ва фарз намозларини ўқимасдан ухловчи кишидир. Иккинчиси, жағи, бурни, кўзининг орқасига омбур билан тортиб (гўшти ва терисини айлантириб) кесилаётган киши (ҳаётлик вақтида) эрта билан уйидан чиқиб бир ёлғон сўзни гапирардики, ўша ёлғон бутун оламга ёйилар эди. Учинчиси, тандирга ўхшаган жойдаги яланғоч эркак ва аёллар ҳаётлик вақтларидаги зинокор эркак ва аёллардир. Тўртинчиси, анҳорда сузиб юрганда оғзига тош солинадиган киши (ҳаётлик вақтида) рибо (судхўрлик билан) еювчидир. Бешинчиси, кўриниши хунук бўлган, олов ёқиб унинг атрофида айланиб юрувчи кимса дўзах хазинабони Молик исмли фариштадир. Олтинчиси, боғдаги узун бўйли киши Иброҳим алайҳиссаломдирлар. Атрофларидаги ёш болалар эса (Ислом) фитратида вафот этган ёш гўдаклардир», дейишди». (Имом Барқоний ривоятларида эса «(Ислом) фитратида туғилган болалардир» бўлиб келган.) Бу сўзни эшитиб турган баъзи мусулмонлар: «Эй Аллоҳнинг расули, мушрикларнинг болалари-чи?» дейишган эди, Расулуллоҳ  с.а.в. : «Мушрикларнинг ҳам болалари шундоқ», дедилар. Яна: «Ҳамроҳларим: «Ҳалиги ярим қисми чиройли ва ярим қисми хунук бўлган кишилар (ҳаётлик вақтларида) яхши амаллар билан ёмон амалларни аралаштириб юборганлардир. Аллоҳ эса уларнинг гуноҳларини кечириб юборди», дейишди», дедилар». Имом Бухорий ривояти.

 

Бошқа ривоятда қуйидагича келтирилади: «Бу кеча (тушимда) икки киши келиб мени муқаддас ерга олиб чиқишди. Кейин биз тандир каби ғорга бордик. Унинг юқориси тор ва ости кенг эди. Остидан олов ёқилар эди. Агар олов баландласа, улар ҳам кўтарилиб чиқиб кетишларига оз қолар эди. Агар олов сўнса, яна пастлашар эди. Унинг ичида яланғоч эркагу аёллар бор эди. Ҳатто биз қондан бўлган анҳор олдига келдик. Бунинг қон эканига шак-шубҳа йўқ. Анҳорнинг ўртасида бир киши, қирғоғида эса олдига тошларни тўплаб бошқа киши турар эди. Агар анҳор ўртасидаги киши қирғоққа чиқишни хоҳласа, қирғоқдаги киши унинг оғзига тош отиб, уни аввалги жойига қайтариб қўяр эди. Ҳар гал сувдан чиқиш учун қирғоққа келса, оғзига тош билан уриб, аввалги жойига қайтариб қўяр эди». Шу ривоятда яна айтилади: «Икковлари мен билан дарахтга кўтарилишди. Ва бир ҳовлига олиб киришди. Мен бундай чиройли уйни ҳеч кўрмаганман. У ерда кекса ва кичик ёшли кишилар бор экан». Яна келтирилади: «Жағи иккига бўлинаётган киши (ҳаётлик вақтида) каззоб эди. У ёлғонни гапирарди. Ўша ёлғон бутун оламга ёйилар эди. Бунга азоб то қиёмат кунигача берилади». Шу ривоятда яна: «Боши янчилаётган киши (ҳаётлик вақтида) Аллоҳ унга Қуръонни ўргатган эди-ю, лекин у кечаларини уйқу билан ўтказиб, кундузи у Қуръон ичидаги нарсаларга амал қилмас эди. Юқоридаги азоб билан қиёмат кунигача жазоланади. Аввалги кирган ҳовли умумий мўминлар ҳовлисидир. Мана буниси эса шаҳидлар ҳовлисидир. Мен Жаброилман. Бу эса Микоилдир. Энди бошингни кўтаргин, дейишди. Бошимни кўтариб қарасам, устимда булут каби нарса турибди. Икковлари: «Бу сенинг манзилингдир», дейишди. Мен: «Қўйиб юборинглар, ўз манзилимга кирайин», десам, икковлари: «Ҳали тугамаган умринг қолди. Агар умринг охирига етса (яъни, вафот этсанг), ўз манзилингга албатта борасан», дейишди», дейилади. Имом Бухорий ривояти.

 


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио