Риёзус-солиҳийн

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

256-боб. Рухсат этилган ғийбат баёни

Билингки, ғийбат ҳаром бўлса-да, баъзи ҳолатларда ислоҳ учун рухсат этилган. Ана шу ислоҳ саҳиҳ, шаръий мақсадда бўлиб, ундан бошқа йўл билан етишиш мумкин бўлмаса, ўшанда рухсат этилган. У қуйидаги олтита сабабларнинг бирида бўлади:

Биринчиси – шикоят. Мазлум султонга ё қозига ёки золимни инсофга чақиришга қурби етадиган шунга ўхшаш бирор бошлиққа шикоят қилиб: «Фалон киши менга зулм қилди» ёки «Мендан буни тортиб олди» каби сўзларни айтмоғи жоиз.

Иккинчиси – мункар нарсани ўзгартиришга ва осийни тўғри йўлга қайтаришга ёрдам сўрамоқ. Бас, у ана шу мункар нарсани кетказишга қудрати етадиган кишига «Фалон киши бундай ишларни қилиб юрибди, уни бундан тўхтатиб қўйинг» каби сўзларни айтади. Ана шу пайтда унинг мақсади мункар нарсани кетказишга қаратилмоғи керак. Унинг мақсади бундай бўлмаса, ҳаром бўлади.

Учинчиси – фикр-мулоҳаза сўраш. Масалан, муфтийга «Отам ё иним ёки фалончи менга зулм қилди, ундан халос бўлиш, ҳаққимни олиш ва зулмни ўзимдан даф этиш йўли қанақа?» деб айтмоғи жоиз. Ва шу сингари «Хотиним мени ундай қилди» ёки «Эрим бундай қилди», деб ҳожати учун айтмоғи жоиз. Яна ҳам тўғрироғи, «Бир кишининг ана бу ишида нима дейсиз?» ёки «Эр ёки хотин бундай қилди», деб тайин қилмасдан мақсадини ҳосил қилмоғи ҳам дуруст.

Кейинги бобда зикр этиладиган Ҳинддан р.а. қилинган ривоят тайин қилишнинг жоизлигини кўрсатади. У эри Абу Суфённинг бахил-зиқна эканини айтганида, Расулуллоҳ  с.а.в.  уни бу ғийбатидан қайтармадилар.

Тўртинчиси – мусулмонларни ёмонликдан огоҳ этиб, уларга насиҳат қилиш. У бир нечта кўринишда бўлади. Улардан ҳадис ривоят қилувчи ровийларнинг гувоҳлик кўрсатмаларини мажруҳлиги учун рад этмоқ. Мана шу мусулмонлар ижмоъи билан жоиздир. Балки эҳтиёж бўлгани учун вожибдир. Айтадилар: «Бир киши ё никоҳ йўли билан қариндошлик муносабатларига киришини, ё ишда шерик бўлишини, ё омонат олишини, ё унинг ҳузурига омонат қўйишни, ё бундан бошқа нарсаларда муомала қилишни сендан маслаҳат сўраса, насиҳат юзасидан у ҳақда билган нарсангни айтмоғинг вожиб бўлади. Агар сен унга «Муомала қилиш ёки никоҳ ила қариндош бўлиш дуруст бўлмайди» ё «Бундай қилмагин», деб айтиш билан мақсад ҳосил бўлса, ёмонлигини ортиқча зикр қилиш жоиз эмас. Энди борди-ю, мақсад ҳосил бўлмаса, унда очиқчасига зикр қилавергин». Ва яна айтадилар: «Ўғрилиги, зинокорлиги, ичувчилиги ила машҳур бўлган қулни сотиб олаётган кишини кўрсанг, уни сотиб олувчи киши билмайдиган бўлса, баён қилмоғинг лозим бўлади. Нафақат бу қул сотиб олишда, балки ҳар бир сотиб олинаётган нарсанинг айбини билсанг, агар сотиб олувчи билмаса, баён этмоғинг вожиб бўлади». Яна айтадилар: «Агар бир фиқҳ ўрганувчи бидъатчи ёки фосиқ ҳузурига бориб, ундан илм ўрганаётган бўлса ва сен у фиқҳ ўрганувчи зарар топмоғидан қўрқсанг, унга насиҳат қилмоғинг ва ҳолини баён қилмоғинг лозим бўлади. Шу шарт биланки, сен бунда насиҳатни қасд қилмоғинг керак. Мана шу нарсада кўпинча хатога йўл қўйилади. Гоҳида бу ҳасадга олиб келади ёки шайтон алдаб қўяди. У эса бу қилган ишини насиҳат ва шафқат, деб хаёл қилади. Сен буни идрок этиб, фаросатли бўл». Яна айтадилар: «Бир киши бошлиқ бўлса-ю, солиҳ бўлмагани ёки фосиқ ва муғаффал бўлгани сабабли ишни яхши кўринишда бажармаса, ундан ҳам каттароқ бўлган бошлиққа унинг айбини зикр қилмоғинг вожиб бўлади. Ана шу катта бошлиқ уни ишдан четлатиб, ундан-да салоҳиятлисини тайинлайди. Ёки унинг ҳолатини билса, уни тўғри йўлда бўлишга ундайди».

Бешинчиси – фосиқлиги, бидъатчилиги ошкора бўлган кишиларни ғийбат қилиш жоиз. Масалан, ароқни ошкора ичувчи, кишиларнинг молини солиқ солиб, мусодара қилиб, зулм билан тортиб олувчи ҳамда ботил ишларни юргизувчилар шулар жумласидандир. Мана шу ишларни ошкора қилувчини ғийбат қилиш жоиз. Аммо бундан бошқаларида, юқоридаги зикр қилганларимиздан ташқари ҳолатларда жоиз эмас.

Олтинчиси – танишлик учун. Агар киши кўзи хира, оқсоқ, кар, кўр, ғилай, бурни пачоқ ва шунга ўхшаш нуқсонли лақаб билан танилган бўлса, танитиш ниятида танитмоқлик жоиз. Аммо ноқислик томонини бундан бошқа мақсадда айтиш ҳаром. Агар айбини айтмасдан бошқа йўл билан бўлса, жуда ҳам яхши. Мана шу зикр қилинган олтита сабабларда уламолар ғийбат қилиш жоиз, деб айтишган. Бунинг далили саҳиҳ ҳадисларда зоҳирий ҳолда келтирилган.

 

1530/1. Оишадан р.а. ривоят қилинади. Бир киши Расулуллоҳ  с.а.в.  ҳузурларига кириш учун изн сўради. Расулуллоҳ  с.а.в.  унинг киришига изн беринглар, деб кейин: «Бу одам ўз жамоасининг ёмон кишисидир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

Имом Бухорий ёмон ва ишончсиз кишиларни ғийбат қилиш жоиз эканига бу ҳадисни ҳужжат қилганлар.

 

1531/2. Оишадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Фалон ва фалон кишиларни динимиздан бирор нарса билишади, деб гумон қилмайман», дедилар. Имом Бухорий ривояти.

Ушбу ҳадис ровийларидан бири Лайс ибн Саъд бу икки киши мунофиқлардан эди, дедилар.

 

1523/3. Фотима бинти Қайсдан р.а. ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ  с.а.в.  ҳузурларига бориб: «Абулжаҳм ва Муовиялар совчи юборишяпти, нима қилайин?» десам, у зот: «Муовия камбағал, унинг мол-дунёси йўқ. Абулжаҳм эса елкасидан ҳассасини ташламайди (яъни, хотинларига қаттиққўл)», дедилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

Имом Муслим ривоятларида «Абулжаҳм хотинларини урувчидир» бўлиб келган.

«Елкасидан ҳассасини ташламайди», деганларини баъзилар кўп сафар қилувчи, деб ҳам шарҳлашган.

 

1533/4. Зайд ибн Арқамдан р.а. ривоят қилинади: «Биз Расулуллоҳ  с.а.в.  билан бирга сафарга чиққанимизда кишиларга қийинчилик етди. (Мунофиқ) Абдуллоҳ ибн Убай: «Расулуллоҳ  с.а.в.  ҳузурларидаги кишиларга (саҳобаларга) ҳеч нарса берманглар. Шунда атрофидаги кишилар тарқалиб кетади. Агар Мадинага қайтсак, кучли бўлганлар кучсизларни у ердан чиқариб юборади» (яъни, ўзини кучли, Расулуллоҳни эса кучсиз, деб айтмоқчи), деганида, мен бунинг хабарини Расулуллоҳга  с.а.в.  етказдим. У зот Абдуллоҳ ибн Убайни олиб келиш учун одам юбордилар. У (мунофиқ) келиб бу сўзларни айтмадим, деб қасам ичди. Шунда одамлар: «Зайд ибн Арқам Расулуллоҳга  с.а.в.  нисбатан ёлғон ишлатибди», дейишди. Бу сўзлар мени ранжитди. Ҳатто Аллоҳ таоло менинг сўзимни тасдиқлаб «Қачон мунофиқлар сизнинг олдингизга келсалар... » оятини нозил қилди. Кейин Расулуллоҳ уларни қилган гуноҳларига истиғфор айтиш учун чақиртирдилар. Лекин улар бошларини эгиб келмадилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

1534/5. Оишадан р.а. ривоят қилинади. Абу Суфённинг хотини Ҳинд Расулуллоҳ  с.а.в.  ҳузурларига келиб: «Эрим Абу Суфён зиқна киши. Менга ва болаларига кифоя қилгудек нарса бермайди. Шунинг учун унга билдирмасдан баъзи нарсаларни оламан. Бунинг ҳукми қандай бўлади?» деганида, у зот: «Ўзингга ва болаларингга кифоя қилгудегини яхшилик билан олавергин», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио